Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:31

Халқаро хабарлар

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда бўлиб ўтадиган фавқулодда мажлисида Исроил – Ливан можаросини бартараф этиш йўллари муҳокама қилинади.

Учрашувда, хусусан, ўт очишни иложи борича тезроқ тўхтатиш ва ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларда халқаро тинчлик сақловчи кучларни жойлаштириш муҳокама қилинади.
Ўзларининг тинчлик сақловчи кучларини Ливанга юборишга тайёр эканликларини Италия, Франция, Швеция ва Испания ҳукуматлари эълон қилди.
АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга жорий ҳафтадаёқ эришиш мумкин, деган фикрни билдирди.
Бироқ Исроил бош вазири Эхуд Олмерт яқин вақт ичида ярашувга эришилмайди, деб баёнот берди."Хизбуллоҳ"нинг Исроилга таҳдиди бартараф этилмагунча, уруш давом этаверади, деб таъкидлади Олмерт.

Европа ва араб давлатлари душанба куни яна бир бор Ливанда ўт очишни зудлик билан тўхтатишга даъват қилди.

Франция бош вазири Доминик де Вильпен ўт очишни тўхтатиш Исроил – Ливан можаросини бартараф этиш учун дастлабки қадам бўлиши лозим, деб баёнот берди.
”Зиддиятни бартараф этиш учун Исроилга ракета отиш, Ливанни бомбардимон қилишни тўхтатиш, қўлга олинган аскарларни озод қилиш юзасидан сўзлашувларни бошлаш ва Ливаннинг барча ҳудудларини марказий ҳокимият назоратига ўтказиш тўғрисидаги 1559 резолюцияни бажариш лозим”, - деди Франция бош вазири душанба куни Мант ля Жоли шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида.

Исроил ҳукумати армиянинг Ливанда, қуруқликда ўтказаётган ҳарбий амалиётларини кенгайтириш тўғрисидаги қарорни маъқуллади.

Ассошиэйтед пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳукумат мажлисида, шунингдек, "Хизбуллоҳ"нинг Ливан жанубидаги позицияларига ҳаводан зарбалар бериш кеча эълон қилинган 48 соатлик танаффусдан сўнг тўла қувват билан давом эттирилаверади, дейилган.
Ҳужумларнинг 48 соатга тўхтатиб турилиши тўғрисида баёнот берилганига қарамай, душанба куни Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан – Сурия чегарасидаги объектларга зарбалар берди.
Ливаннинг Тир шаҳри яқинида кеча Исроил ҳарбийлари ташлаган бомбалардан ҳалок бўлган 49 нафар фуқаро жасади топилди.
Тиббиёт ходимларининг айтишларича, жасадлар Исроил бомбаларидан бузилган биноларнинг вайроналаридан, мажақланган ёки ёниб кетган машиналардан топилган.
Уруш ҳаракатлари бошланганидан буён 550 ливанликнинг ўлгани расман тасдиқланди. Исроилликлардан ўлганлар сони эса 50 нафардан зиёд.
Душанба куни Ливаннинг жанубига инсонпарварлик ёрдами юкланган бир неча автокарвон етиб борди.

Исроил Фаластин парламенти раиси муовини Хасан Хрейшени қамоқдан озод қилди.

У бундан бир ой муқаддам Хамас гуруҳи билан боғлиқ бошқа ўнлаб сиёсатчи ва вазирлар билан бир қаторда қўлга олинган эди.
Фаластинлик сиёсатчиларни Исроил ўз аскарининг хамасчилар томонидан қўлга олинишига жавоб тариқасида ҳибсга олган эди.

Киевда “Миллий бирлик универсали”, деб аталаётган муроса ҳужжати лойиҳасини муҳокама қилаётган давра суҳбатининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади.

Украина президенти Виктор Юшченко, томонлар ўзаро келишмовчиликларини бартараф этади ва ҳужжатни имзолайди, деб умид билдирди.
Президент ё Верховний Рада таклиф қилган номзодни бош вазирликка тайинлаши, ёки парламентни тарқатиб юбориши керак. Бу икки йўлдан бирини танлаб, сўнгги қарорни қабул қилиши учун Конституцияга биноан белгиланган муддат 2 август куни тугайди.

Москва Тбилисини ўз ҳарбийларини Кодори дарасидан олиб чиқишга ва грузин – абхаз можаросини бартараф этиш бўйича сўзлашувларни давом эттиришга даъват қилади, - дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Абхазия расмийларининг хабар қилишича, Грузия кеча Кодори дарасининг юқори қисмига қўшимча қўшин ташлаган. Бу маълумотни Россия тинчлик сақловчи кучлари қўмондонлиги тасдиқлади.
Грузия Мудофаа вазири Ираклий Окруашвили Тбилисида ўтказилган матбуот анжуманида исёнчиларни қўлга олиш мақсадида Кодори дарасида бошланган махсус амалиёт яна бир неча кун давом эттирилажагини билдириб, Тбилиси ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бузаяпти, деган айбловни инкор этди.

Эрон раҳбарияти БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини ғайриқонуний, деб баҳолаб, уни рад этди ва ядровий тадқиқотлари давом эттирилавериши тўғрисида баёнот берди.

Кеча БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияда Теҳрондан жорий ой охирига қадар уранни бойитиш ишларидан воз кечиш талаби битилган эди. Акс ҳолда, Эронга нисбатан санкциялар қўлланилиши мумкин.

Шри-Ланкада душанба куни юз берган портлаш оқибатида камида 19 нафар ҳарбий хизматчи нобуд бўлди.

Ҳарбийлар тушган автобус "Тамил Илама озодлиги йўлбарслари", аталувчи экстремистик ташкилот жанггарилари ўрнатган минага учраб портлаб кетди.
Мазкур гуруҳ етакчилари ҳукумат қўшинлари билан тўқнашувлар пайтида камида 35 нафар жанггариси ўлгани туфайли душанба куни аввал эришилган муроса тўғрисидаги келишувдан воз кечиб, жанговар ҳаракатларни қайта тиклаганини эълон қилди.

Эълон этилган 48 соатлик оташкесинга қарамай Исроил авиацияси Ливанни бомбалашда давом эттирмоқда.

Бугун Исроил кучлари Ливан жанубидаги Ҳизбуллоҳ позициясига ҳаво зарбалари берди. У ердаги тинч аҳоли ҳужумлар ҳақидаги огоҳлантириш ортидан қишлоқни тарк этган.
Исроилнинг Ливанга қаратилган уч ҳафталик ҳужумларининг энг даҳшатлиси деб айтилган Кана қишлоғидаги кечаги бомбалашлар оқибатида 56 оддий фуқаро, жумладан 34 бола нобуд бўлган эди.
Исроил фожеада Ҳизбуллоҳни айблаб, қишлоқ аҳолисини бу ерни ташлаб чиқишга бир неча кун бурун даъват этганини билдирган. Ҳизбуллоҳ эса, даҳшатли қирғин учун қасос олишини айтган.
Айни пайтда Канадаги кечаги мудхиш бомбалашлар ортидан ўт очишни тўхтатиш ҳақида бир қатор баёнотлар айтилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Канада 56 нафар тинч фуқаронинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган Исроил ҳужумларини халқаро қонунларнинг бузилиши деб атади ва Исроил зудликда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини кераклигини баён қилди. Франция Бош вазири Доминик де Вилпен ҳам Исроил ва Ливан ўртасидаги можаронинг ҳал бўлиши Исроил бомбалашларининг тўхтатилишига боғлиқ эканини қайд этди..
“Можарони ҳал этиш учун Исроил ракета зарбаларини, Ливанни бомбардимон қилишини тўхтатиши, Исроил аскарини озод этиш учун сўзлашувларни бошлаши ва Ливаннинг барча худуди марказий хокимият назоратига ўтишини назарда тутувчи 1559 рақамли резолюцияни бажариши керак”, - деди Доминик де Вилпен.
Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазири Филип Дост-Блази Яқин Шарқ бўхронини ҳал этиш учун Эрон билан мулоқот зарурлигини айтди. Бугун Байрутда Ливан расмийлари билан сўзлашувлар олиб борган Дост-Блазига кўра, Яқин шарқ масаласида Эрон муҳим рол ўйнаши мумкин. Франция Ташқи ишлар вазирининг бугун Байрутда эронлик ҳамкасби Манучеҳр Моттаки билан учрашиши кутилмоқда. Исроил эса Эронни Ҳизбуллоҳни дастаклаётганликда айблаб келади. Исроил Мудофаа вазири Амир Перетз бу ҳақда яна бир бор айтди. Перетз таъбири билан айтганда Эрон Ҳихзбуллоҳнинг "қотиллик амалиётларини" қўллаб қувватламоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эрон уранни тўйинтириш ишларини 31 августга қадар тўхтатиши талаб этилган резолюцияни қабул қилди.

Агар Теҳрон бу талабни бажармаса унга нисбатан санкция қўлланилиши мумкин. 1696 рақамли ушбу резолюцияда Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани юзасидан "жиддий ташвиш" билдирилади.

Ўтган йили Руминияга олиб ўтилган 439 андижонлик қочқиннинг деярли бари бошқа давлатларга жойлаштириб бўлинган.

Бу ҳақда Халқаро Миграция ташкилотининг Руминиядаги идораси вакили Дениел Козак маълум қилди.
“439 ўзбекистонлик қочқин, жумладан қочқинлар лагерида туғилган бола ҳам учинчи давлатларга олиб ўтилди”, - деди жаноб Козак.
Андижондаги 13 май кунги зўравонлик пайти Қирғизистонга қочиб ўтган бу ўзбекистонликлар БМТ Қочқинлар идораси кўмагида Руминияга олиб келинган эди. Дениел Козакнинг айтишича, ҳозирда уларнинг кўпчилиги АҚШ, Австралия, Канада, Финляндия, Чехия Республикаси, Германия, Нидерландия, Швейцария ва Швецияда яшамоқда. Уч нафаригина Руминияда қолган. Бу икки андижонлик қочқиннинг соғлиги билан боғлиқ масала ҳал бўлгач улар ҳам бошқа давлатларга юборилади.
“Ҳозирда бу ерда уч ўзбек бор. Улардан бири ўпка касаллиги билан оғригани боис тиббий муолажадан ўтмоқда. Муолажа тугаши билан у ҳам Қўшма Штатларга юборилади. Қолган икки ўзбек қочқини индинга бошқа давлатга олиб ўтилади”, - деди Халқаро Миграция ташкилотининг Руминиядаги идораси вакили Дениел Козак. Аввалроқ 12 нафар ўзбек қочқини АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб борган эди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси улар ўз ихтиёри билан бу ҳақда мурожаат этганликлари ва қўлларига билет тутқазилиб ватанига қайтишларига ёрдам берилганини маълум қилган эди.

Афғонистоннинг Жалалобод шаҳрида ичига бомба ўрнатилган машина портлатилгани оқибатида камида саккиз киши нобуд бўлган.

Портлаш шаҳардаги масжитлардан бирида, ушбу ой ҳалок бўлган афғон дала қўмондони Юнус Холис маракаси ўтаётган бир пайтда содир этилди. Айни пайтда толибон ҳаракати сўнгги пайтларда анча фаоллашиб қолган Афғонистон жанубида ҳарбий амалиётларга қўмондонлик қилиш АҚШ ихтиёридан НАТО ваколатига ўтди.

Тошкент шаҳар судида таниқли имом Рухиддин Фахруддинов устидан маҳкама бошланиши керак эди.

Аммо, айрим манбааларга кўра, махкама номаълум муддатга кечиктирилган. Фахруддиновга террорчилик ва диний экстремизм билан боғлиқ айбловлар қўйилган. У 2004 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент ва Бухоро шаҳарларида содир этилган қатор портлашлар ортидан мамлакатдан қочган ва ўтган йили Қозоғистон жанубида ушланиб Тошкентга топширилган эди.

Тошкентда ўзбекистонлик диссидент хофиз ва шоир Дадахон Ҳасан устидан маҳкама бошланди.

66 яшар Дадаҳон Ҳасан Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик, конституцияга қарши фаолият ҳамда жамоатчилик хавфсизлигига тахдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатганликда айбланмоқда. Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари эса Дадахон Ҳасан Андижондаги қатлом ҳақида куйлагани учун жазоланаётганини айтишади. Хофизнинг ўзи озодлик мухбири билан суҳбатда қўшиқларини тарқатиш билан шуғулланмаганини айтди.
Дадаҳон Ҳасан Совет даврида ҳам Россия хукмронлигига қарши миллий рухдаги қўшиқлар куйлагани учун таъқибга учраган. 1992 йилдан бери Ўзбекистонда унинг концертлари тақиқлаб қўйилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мамалкат хавфсизлик кучлари тарафидан жорий йилда экстремист ҳамда ноқонуний қуролли гуруҳларнинг 70 зиёд аъзоси қўлга олинганини билдирди.

Вазирликка кўра, қўлга олинган 70 одамнинг 42 нафари фаолияти тақиқланган диний гуруҳ вакилларидир. Улар қўлга олинаётган пайтда ёнларидан динга оид ҳар хил ваарқалар, адабиётлар топилган.

Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳри божхона ходимлари Россияга наркотик моддаси олиб ўтишга уринган икки тожикистонликни тўхтатиб қолишган.

Улар ёнидан бир ярим килограм героин моддаси топилгани хабар қилинмоқда.

Эронда 1999 йилги талабаларнинг норозилик намоишларида қатнашган ва бунинг учун 15 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эронлик талаба Теҳроннинг Эвин қамоқхонасида оламдан ўтди.

Якшанба куни жон беришидан аввал Акбар Муҳаммаднинг 23 июлдан бери қамоқхонада очлик эълон қилгани айтилмоқда. Аммо, унинг ўлимига нима сабаб бўлгани номаълум.


* * * * * * * * * *




Бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари судида таниқли хофиз ва шоир Дадахон Хасан устидан суд бошланади.

Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов хабар берди. Унинг айтишича, Дадахон Хасан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича: Ўзбекистон республикаси президентига ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда, таркибида жамоат тартибини бузишга таҳдид мавжуд бўлган материалларни тайёрлаш ва тарқатганликда айбланмоқда.
Дадахон Хасан 1940 йилда туғилган, пенсионер, иккинчи гуруҳ ногирони, асл касби журналистлик, 4 фарзанди бор, партиясиз.
Дадахон Хасанни ўзбеклар хонанда сифатида 1960 йиллардан буён танийди. 1990 йилларнинг бошларигача унинг ижросидаги қўшиқ ва ашулалар радио ва телевидениеда берилар эди, ўзи республика ва минтақа мамлакатларида концертлар берар эди.
1976 йили Тошкентдаги Свердлов номидаги концерт залида Амир Темур мадҳ этилган "Ватаним" қўшиғини ижро этгани учун хофизни милиция ҳибсга олиб, 5 сутка қамоқда ушлаган.
1992 йилдан бошлаб Дадахон Хасан ижросидаги қўшиқларни Ўзбекистон радио ва тевидениесида берилмайди.
Бугун бошланиши кутилаётган судга хофизнинг Андижон фожиаси муносабати билан ёзиб ижро этган қўшиқлари сабаб бўлган.

Исроил Ливанга ҳаводан зарба беришни 48 соатга тўхтатиб туришга рози бўлди, деб хабар қилди якшанба куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти.

Маълумотларга қараганда, бу қарор Қана қишлоғида рўй берган фожиа бўйича тергов ишларини ўтказишга имкон яратиш мақсадида қабул қилинди. Мазкур қишлоққа Исроил ҳарбий учоқларидан зарбалар берилиши натижасида 60 нафар атрофида киши, шу жумладан 37 ёш бола ҳалок бўлди.
Қана қишлоғи якшанбага ўтар кечаси бомбардимон қилинди.
Исроил расмийлари юз берган фожиадан таассуфда эканликларини билдирди ва айни пайтда "Хизбуллоҳ" жанггарилари минтақани ташлаб чиқиб кетмагунича, Ливаннинг жанубидаги ҳарбий амалиётлар давом эттирилаверади, деб таъкидлади.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан Ливаннинг Исроил томонидан бомбардимон қилинишини қаттиқ қоралаб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Бош котиб бундай даъват билан Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги вазият муҳокамасига бағишланган фавқулодда мажлисида чиқиш қилди. Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатлар вакиллари Қана қишлоғига қилинган ҳужумни якдиллик билан қоралаб, уни "фавқулодда даҳшат ва фалокат", деб атади.
Исроилнинг БМТдаги вакили Дан Гиллерман Ливаннинг Кана қишлоғида тинч аҳолининг ҳалок бўлганидан афсус билдирар экан, "бу қишлоқ хизбуллоҳчилар уяси эди", деди.
Хавфсизлик кенгаши фавқулодда мажлисида сўзга чиққан Франция ва Буюк Британия вакиллари зудлик билан муросага келиш зарурлигини таъкидладилар.

Эрон ўзининг ядровий дастури бўйича ён бермайди, деб яна бир бор баёнот берди расмий Теҳрон.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Хамид Ризо Асафий агар БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга қарши резолюция қабул қилгудай бўлса, Теҳрон халқаро тавсия – таклифларни эътиборсиз қолдиражагидан огоҳлантирди.
Бугун Хавфсизлик кенгаши Эроннинг ядровий дастурига оид резолюция лойиҳасини муҳокама қилади. Ҳужжатда августнинг охиригача уранни бойитиш ишларидан воз кечиш талабини Теҳроннинг олдига қўйиш назарда тутилган. Акс ҳолда Эронга қарши санкциялар қўлланилиши мумкин.

Якшанба куни Ливаннинг бомбардимон қилинаётганидан норозилик билдириб кўчага чиққан фаластинликлар Ғазо шаҳрида БМТнинг ваколатхонасини ишғол қилиб олди.

Акция иштирокчиларини тарқатиш учун ваколатхона соқчилари ҳавога ўқ узди. Камида бир киши яраланди.
Шу куни БМТнинг Байрутдаги ваколатхонасига ҳам ҳужум қилинди.

Исроил ҳарбийлари Қана қишлоғини бомбардимон қилганидан сўнг Ливан бош вазири Фуад Синиора АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс билан учрашувни бекор қилди.

Олдинроқ у бундай деган эди: - Ушбу қайғули кунда уруш ҳаракатларини тўхтатишдан бошқа йўл йўқ. Халқаро жамоатчилик Исроилнинг Ливанда ўтказаётган хунрезлиги юзасидан текширув ўтказмас экан, музокараларни бошлаш тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас.

Афғонистондаги Халқаро кучлар устидан қўмондонлик қилиш вазифаси бугундан бошлаб NATOга ўтади.

2001 йилдан буён АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор кучлар Афғонистоннинг жанубий минтақаларида ҳаракат қилмоқда.
Халқаро кучлар жойлаштирилган вилоятларда кейинги пайтларда Ал-Қайда отрядлари ва толиблар анча жонланиб қолди. Сўнгги икки кун ичида бўлиб ўтган тўқнашувларда 30 яқин жанггари йўқ қилинди.

Венесуэла президенти Уго Чавес Эроннинг “Империализмга қарши буюк хизматлари учун” фахрий медали билан тақдирланди.

Медални Теҳронда бўлиб ўтган тантанали маросимда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот топширди. Шундан сўнг иккала президент аксиламерика ва аксилисроил руҳида нутқ сўзладилар.
Эрон Нефть саноати вазирининг Чавес билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг билдиришича, Эрон Венесуэланинг нефть саноатига 4 миллиард доллар миқдорида сармоя ётқизади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG