Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 16:08

Халқаро янгиликлар

Россия Федерал Кенгаши президент Владимир Путинга мамлакат ташқарисида террорчиларга қарши ҳарбий куч қўллаш ва бу борада махсус ҳизматларни ишга солиш салоҳиятини берди.

Федерал Кенгаши Россия парламентининг юқори палатаси ҳисобланади. Аввалроқ Давлат Думаси ҳам бу борада қонунга ўзгартиш киритилишини қўллаб-қувватлаган эди. Россия президенти Владимир Путин ўтган хафтаёқ хавфсизлик ҳизматларига Ироқда россиялик дипломатларни ўлдирган қотилларни қидириш ва йўқ қилиш учун ҳар қандай чорани кўришни буюрган ва қотилларнинг қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган эди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ой беш нафар рус дипломати Ироқда қуролли исёнчилар тарафидан гаровга олинган ва кейинчалик ўлдирилган эди.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Хавьер Солана ва Эроннинг ядровий масалалар бўйича музокарачиси Али Ларижонийлар ўртасида Брюсселда ўтган сўзлашувлар Теҳрон билан ядровий тортишувни ҳал этишдаги "ижобий қадам"дир.

Бу ҳақда жаноб Солананинг мутбуот вакили Кристина Галлах хоним баёнот берди. Унга кўра, пайшанба кунги норасмий сўзлашувлар 11 июл куни бўладиган навбатдаги музокаралар учун замин ҳозирлаган ва жаноб Солана Эрон ядровий масаласи атрофидаги тарангликни юмшатишга қаратилган таклифга Теҳрон жавоб қилади деган умидда. Ушбу таклиф БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда Германия тарафидан илгари сурилган. Пайшанба куни Али Ларижоний ўз давлати таназзулнинг барҳам топишидан манфаатдор эканини айтган.

Лондон портлашларига бир йил тўлди.

2005 йилнинг 7 июл куни Лондон метрополитени ва автобусида содир этилган портлашлар оқибатида 52 киши нобуд бўлган, етти юздан ортиқ киши жароҳатланган эди. Ушбу мудхиш портлашларнинг бир йиллиги муносабати билан бугун "Кингс Кросс" метро бекатида портлаш қурбонлари хотирланди, гулчамбар қўйиш маросими бўлди. Лондон шаҳридаги "Биг Бен" соати қўнғироқлари кундуз 12да бонг уриши билан Британия бўйлаб икки дақиқа сукут сақланди.
Кеча "Ал Жазира" телеканали терактлардан олдин ёзиб олинган видеотасвирларни намоиш этган ва ўша тасвирларда портлашларни содир этган тўрт худкушдан бири зўравонлик давом этишини айтган.

Ўтган тунда Бишкекда Британия фуқароси Шон Дейлига қарши қуролли ҳужум уюштирилган.

Бишкек марказидаги уйи яқинида номаълум шахс уни ўқ отар қурол билан яралаган ва зудликда у реанимацияга ётқизилган. Олтин қазиб олиш билан шуғулланадиган "Oxus Gold PLC" ширкати вакили бўлган Шон Дейли ширкати номидан лицензия масаласида ҳукумат билан музокара олиб бораётган бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистон Адлия вазирлиги "Хьюман Райтс Уотч" ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасига ҳам мактуб йўллаб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиш холлатлари ҳақидаги даъволарини далилий ҳужжатлар билан исботлаб беришни талаб этган.

Вазирлик ушбу ташкилотни Ўзбекистондаги вазиятга бир томонлама баҳо берганлиги ҳақида иддао қилади. Аввалроқ, шундай айбловлар билан бир қатор чет эл ноҳукумат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари мухбирлик бўлимлари ёпилган эди.

АҚШнинг "Urban Institute", яъни "Шаҳар муаммоларини ўрганиш" институти фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судидан чақирув қоғози олинганини тасдиқлади.

Чоршанба куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги ташкилотни ўз низомига риоя этмаган холда фаолият юритганлик ва маҳаллий қонунчиликни бузганликда айблаб, унинг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш ҳақида Тошкент судига даъво аризаси киритган эди. Ташкилот вакилига кўра, Тошкент судида учрашув душанба кунига белгиланган.

Афғонистон президенти Хамид Карзай мамлакатида рўй берган сўнгги қуролли ҳужумларда чет эл террорчиларининг қўли бор деб айтди.

Унга кўра, ҳужумларни чет элда тайёргарликдан ўтган ва қурол билан таъминланган террорчилар уюштирган. Бу ҳақда Токиога сафари чоғи баёнот берар экан, жаноб Карзай террорчиликка қарши курашда Афғонистон, Покистон ва минтақанинг бошқа давлатлари самарали ҳамкорлик қилишлари кераклигини айтди.

Мексикада ўтган президентлик сайловида дастлабки маълумотларга кўра, мўтадил консерватор Фелиппе Калдерон ғолиб чиққан.

"Дўстлар, кураш ортда қолди. Миллатни бирлаштириш вақти келди. Мен сизларни Мексика учун ҳизмат қилишга чақираман. Яшасин Мексика", - деди Фелиппе Калдерон.
43 яшар Калдерон сайловчиларнинг 36 фоиз овоз, яъни рақиби, сўлчилар вакили Андреса Обрадорага қараганда ярим фоиз кўп овоз қозонди. Мексика собиқ хокими бўлган Обрадора овоз бериш натижаларини тан олмай ўз тарафдорларини норозилик намоишларини ўтказишга чақирмоқда.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти бугун Париждаги Туркманистон элчихонаси олдида пикет ўтказиб, икки туркман инсон ҳуқуқ ҳимоячиси ҳамда "Озодлик" мухбирининг қамоққа олинишига норозилик билдирди.

Ташкилот раҳбари Роберт Менардга кўра, Туркманистонда хибсда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари озод этилмас экан норозиликлар давом этаверади.
"Бу намоишлар биринчисидир. Ҳали бундай тадбирларни кўп ўтказамиз. Жим туришимиз жуда хавфлидир. Сабаби, туркман қамоқханаларида таҳқирлаш, қийноқ холлари ҳақида эшитганмиз", - деди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти раҳбари Роберт Менард.
Болгариядаги Туркман Хелсинки Федерацияси ходими Аннагурбан Аманкличев, "Озодлик" радиосининг Туркман ҳизмати мухбири Огулсапар Мурадова ва Сапардурди Хожиевлар 16-19 июн оралиғида хибсга олинган эди. Ҳозирча уларга нисбатан айбловлар расман эълон қилинманган.

Фаластиннинг "Хамас" гуруҳи Исроилнинг бугун Ғазода амалга оширган ҳужумларига жавоб қилажагини айтмоқда.

Фаластин ҳукуматини назорат қилувчи Ҳамас гуруҳи ўз баёнотида Исроилнинг бундай ҳужумлари 12 кун аввал хибсга олинган Исроил аскари тақдирини хавф остига қўйиши ҳақида билдирган. Шунингдек, Исроил тўкилган ҳар бир томчи қон учун жавоб беришини айтган.
Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Амир Перетз юзага келган бўхронга Хамас жавобгар деб айтди.
"Хамас" ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳозирги вазиятга у тўлалигича жавобгардир. Ҳарбий амалиётлар ҳам "Хамас" га қарши олиб борилмоқда", - деди Перетз.
Бугун Исроил Ғазода амалга оширган артиллерия ҳужумлари оқибатида уч одам нобуд бўлди. Исроил бу амалиётларни ўз ҳарбийсини озод этиш мақсадида амалга ошираётганини айтмоқда.

АҚШ ҳамда Япония Шимолий Корея халқаро жамоатчилик норозилигига қарамай, ракета синовларини амалга ошираётгани боис, унга нисбатан халқаро санкциялар қўлланилишини талаб қилмоқда.

Мазкур икки давлат раҳбарининг телефон суҳбати чоғида КХДРга қарши кескин санкциялар қўллаш устида ҳамкорлик қилишга келишилди.
“Ракета учириш билан Шимолий Корея ўзини дунё жамоатчилигидан янада яккалади, ўз халқи ҳаётини янада оғирлаштирди. Мен бу давлат тақдиридан жуда афсусдаман. Бироқ Шимолий Корея ҳукумати ниҳоят ўз ядровий дастурини тўхтатишга рози бўлишига умид қиламан”, - деди АҚШ президенти Жорж Буш Япония раҳбари билан суҳбатдан сўнг.

Ғазо шимолидаги Байт Лоҳия шаҳрида Исроил ҳарбийлари ва Фаластин қуролли гуруҳлари ўртасида қаттиқ отишмалар бўлди.

Отишма чоғида икки фаластинлик ўлдирилгани хабар қилинмоқда.
Бугун тонгдан Ғазонинг шимолий қисмига кириб борган Исроил танклари илгари яҳудийлар яшаган аҳоли пунктларига жойлаштирилган эди.
Исроил ҳарбийларининг асосий мақсади 25 июнь куни Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан ўғирлаб кетилган яҳудий аскарини топиш экани айтилмоқда.
Шунингдек, Исроил Бош штаби раҳбари Идо Нехуштан ҳарбий ҳаракатнинг умумий мақсади “ракетага қарши амалиёт” эканини таъкидлади.
“Мен сўнгги икки ой давомида Исроилнинг ракета ҳужумига учраган ҳудуд, туманларини назарда тутяпман. Биз ана шу ракеталарни учираётган террорчиларни, уларнинг инфратузилмаларини йўқ қилишимиз керак”,- деди Идо Нехуштан.

Украина Олий Радаси мухолифатдаги Минтақалар партияси вакилларининг давомли норозилик акциясидан сўнг яна ўз ишини бошлади.

Минтақалар партияси етакчиси Виктор Янукович янги ҳукумат коалицияси билан мухолифат талаблари борасида келишувга эришилгани ҳақида баёнот берганидан сўнггина Украина парламенти ўз ишини давом эттиришга муваффақ бўлди.
“Бугун шу соатдан эътиборан биз Украина Олий Радасининг ишига тўсқинлик қилишни тўхтатамиз. Олий Рада ялпи мажлисини бошлайди. Тамом”, - деди мухолифатдаги партия етакчиси В.Янукович.
Россияга мойил ҳисобланган мухолиф партия вакиллари бир неча кундан буён Олий Рада ишини тўхтатиб турган эди.

Ҳиндистон Россиядан умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган учта ҳарбий кема сотиб олмоқчи.

Ҳиндистон мудофаа вазири Прахаб Мукержи фрегатлар учун ускуна ва сув ости кемаларидан учириладиган 28 та қанотли ракета сотиб олиш режаси ҳам ҳукумат томонидан маъқулланганини маълум қилди.
Россия Ҳиндистонга қурол-яроғ етказувчи асосий давлат ҳисобланади.

Европа Иттифоқи ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Македонияда ўтган сайлов натижаларидан қониқиш билдирди.

“Айрим камчиликларга қарамай, овоз бериш жараёни демократик стандартларга мос равишда ўтказилди”, - дейилади ушбу ташкилотларнинг қўшма баёнотда.
Дастлабки маълумотларга қараганда, сайловда мухолифат ғолиб чиққан. Миллий коалиция - Македония ички инқилобий ташкилоти эса тахминан 33 фоиз овоз тўплади. Амалдаги социал-демократлар эса 23 фоиз овозга эга бўлган.
Македония бош вазири Владо Бучковский ҳозирданоқ ўз мағлубиятини тан олди.

Буюк Британия ҳукумати Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч жўнатиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Бу ҳақда Афғонистондаги Буюк Британия қўшинлари қўмондонлигидан сўровнома келган.
“Мен Афғонистонга қўшимча ҳарбий контигент жўнатиш тўғрисида кўрсатма олганимни тасдиқлашим мумкин ва ҳозирги вақтда шу кўрсатма устида ишлаяпман. Бу ишни зудлик билан ҳал этиш керак, деб ҳисоблайман. Шу боис, бу масалани олий қўмондонлик билан бирга муҳокама этяпман”, - деди бу борада Буюк Британия мудофаа вазири Дес Браун.

Россия президенти Владимир Путин Интернет орқали жонли мулоқот ўтказиб, келган саволларга шахсан жавоб берди.

Веб-мулоқот бошланишидан аввалги ҳисоб-китобларга қараганда, В.Путинга савол беришни истовчилар сони бир миллиондан ошган, унга бериладиган саволлар сони эса 140 мингтага етган эди. Мулоқот давомида эса саволлар сони 161 мингтадан ошди.
Саволларнинг кўпчилиги Россия ва АҚШ муносабатлари ҳақида бўлди. Ана шу мазмундаги саволларга жавоб бера туриб, Владимир Путин, жумладан: “Ҳозирга келиб Россиянинг халқаро майдондаги роли собиқ совет давридаги каби АҚШга қарши туришдан иборат эмас ва биров истаган тақдирда ҳам бизни бу позицияга торта олмайди”, - деди.

Ироқнинг Нажаф шаҳри яқинида худкуш бошқарган миналаштирилган автомобиль портлаши оқибатида тахминан 12 одам ҳалок бўлди, қирққа яқини жароҳатланди.

Портлаш шиалар учун муқаддас бўлган Куфа шаҳрида амалга оширилди. Ўлганлар орасида Эрондан келган зиёратчилар кўп экани айтилмоқда.

Япония Афғонистонни тиклаш ишларига ёрдам бериш давом этишини билдирди.

Ушбу муаммога бағишлаб Токиода ўтказилаётган халқаро анжуманда Япония ташқи ишлар вазири Таро Асо жумладан шундай деди:
"Афғонистон келажаги президент Ҳамид Карзай ва унинг халқи қўлида. Биз ишонамизки, афғон халқи бундан буён ҳам мустақиллик ва ривожланиш сари интилишни намоён этади", - деди Таро Асо.
Токиода ўтаётган халқаро анжуманда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳам қатнашмоқда.
Ҳамид Карзай Япон ҳамкорларининг ёрдам ваъдаларига жавобан шундай деди: "Ушбу ёрдамларингиз эвазига биз оёққа туриб олишимизга ва ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаб жаҳондаги турли халқлар оиласида тотув яшашга умид қиляпмиз. Албатта, бу йўлда бизни қийинчиликлар кутаётганини тушунамиз ва шунга қарамай танлаган йўлимиздан оғишмай олға қадам ташлаймиз. Жаҳон ҳамжамияти бизнинг позициямизни қўллаб қувватлашига ва бундан буён ҳам мақсадимизга эришишимиз учун ёрдамларни давом эттиришига ишонамиз".
Япония Афғонистон халқ ҳўжалигини қайта тиклаш юзасидан молиявий ëрдам кўрсатаëтган асосий мамлакатлардан бири хисобланади.

Кобулда бирданига икки портлаш рўй берди.

Афғонистон хавсизлик идоралари ходимлари ва давлат мулозимлари кетаётган автобус экстремистлар ҳужумига нишон бўлган. Хабарларга кўра, ушбу автобус бомба ўрнатилган автомобил билан тўқнашда портлаган. Оқибатда автобус ичида бўлган йўловчилардан бири ҳалок бўлган, камида уч нафари яраланган.
Воқеа гувоҳларидан бири гапиради: "Бирдан бангилдаган портлаш овози эшитилди. Ҳамма чор тарафга қочарди. Полиция ҳам одамларни, яраланганларни чеккароққа олиб ўтишга ҳаракат қиларди", - дейди Акмалжон исмли гувоҳ.
Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Савдо вазирлиги автобуси нишон бўлган иккинчи портлаш оқибатида тўрт киши яраланган.

Шимолий Корея бугун эрталаб еттинчи ракетасини синовдан ўтказди.

Ушбу маълумотни Жанубий Корея ҳарбийлари тасдиқлади. Уларга кўра, синалган ракета ўрта масофали "Родонг" ёки бўлмаса қисқа масофага учувчи "Скуд" ракетаси бўлиши мумкин ва у Анбион ҳаво базасидан учирилган. Кеча Пхенян бештаси ўрта радиусли, олтинчиси эса "Тепходон" деб аталувчи баллистик ракеталарни синаган, аммо уларнинг баъри белгиланган масофага учиб бораолмай Япон денгизига қулаган эди. Токио ва Сеул бу юзадан қатъий норозилик билдирди. АҚШ ва Россия ушбу ракета синовларини "провокация" деб атади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Михаил Каминин бу ҳақда шундай деди:
"Бундай қадамлар Корея ярим оролида ядровий муаммонинг ҳал этилишини яна ҳам чигаллаштиради. Биз Шимолий Корея ҳукуматини босиқ бўлишга ва бу соҳада олган мажбуриятларига содиқ бўлишга чақирамиз", - деди Каминин.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Япония илтимосига кўра, Шимолий Кореянинг ракета синовлари билан боғлиқ масалани мухокама этиш учун мажлисга тўпланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати расмийси ўзбекистонлик уламо Руҳидин Фаҳриддиновнинг қизи олти яшар Ойша Фаҳриддинова сиёсий сабабга кўра зўрлангани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Ўтган йил ноябрда Қозоғистонда қўлга олинган Фаҳриддиновнинг қизи олти яшар Ойша Фаҳриддинова зўрлангани ҳақида унинг онаси маълум қилган. Мухайё Исмоиловага кўра¸ қизи Ойшанинг зўрлангани факти тиббиëт ходимлари томонидан ўша куниëқ тасдиқланган. Зўрлашдан мақсад, устидан тергов кетаëтган Руҳиддинни айбига иқрор қилишдир¸ дея билдирган эди Исмоилова.
Аммо, Ўзбекистон МХҲ матбуот котиби Олимжон Тўрақулов "Озодлик" мухбирига Ойша Фаҳридинованинг зўрлангани ҳақида маълумотга эмаслигини айтди. Олти яшар Ойша Фаҳриддинова зўрланган куни унинг отаси Руҳиддин Фаҳриддинов устидан бораëтган тергов ниҳоясига етиб¸ иш судга оширилган эди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев журналистик фаолият устидан ҳукумат назоратини кучайтиришга қаратилган янги қонунга имзо чекди.

Ушбу қонун фаолияти тўхтатилган оммавий ахборот воситаларида мухраррир бўлиб ишлаган журналистларнинг уч йил давомида мухаррир сифатида ишлашини тақиқлайди. Шунингдек, янги ахборот воситаларининг рўйхатга олинишини ҳам мураккаблаштирган. ЕХҲТ ва бошқа ташкилотлар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ўтган хафта парламент қабул қилган ушбу қонунни вето қилишга чақирган эди.

Қирғизистонда яшовчи этник уйғурлар вакиллари бугун Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида пикет ўтказиб, Хитой қамоқхонасида хибсда сақланаётган уйғур фаоли Ҳусайн Жалил озод этилишини талаб этди.

Канада фуқароси бўлган Ҳусайн Жалилни Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари март ойида Тошкентда қўлга олиб, кейинчалик Хитойга топширган эди. Пекин ҳукумати уни олти йил аввал Синжонда Хитой ҳукумати делегациясига қарши уюштирилган ҳужумларга алоқадорликда айблаб келади. Синжон мустақиллиги учун курашаётган уйғурлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари эса Жалил сиёсий сабабларга кўра қўлга олинганини айтишади.

Германияда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Италия майдон эгалари устидан ғалаба қозониб финалга чиқди.

Кеча Дортмундда ўтган ярим финал ўйинининг қўшимча берилган вақтида Фабио Гроссо ва Алессандро Дел Пиеролар киритган голлар Италияни финал босқичига олиб чиқди ва италиялик футболчилар 9 июн куни Берлинда жаҳон чемпионати доирасида олтинчи бор майдонга тушишади. Италиянинг рақиби бугун Мюнхенда бўладиган Франция ва Португалия ўйинида маълум бўлади. Ютқизган жамоа учинчи ўрин учун 8 июн куни Германияга қарши майдонга тушади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG