Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 15:56

Халқаро хабарлар

Ироқ ҳукуматининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубаий қидирувда бўлган жиноятчилар рўйхатини эълон қилди.

Энг қидирилаётган жиноятчилар рўйхатида Саддам Ҳусайннинг хотини ва қизи ҳам бор.
Саддамнинг рафиқаси Сожида ва қизи Раҳд террорчиликка алоқадорликда айбланиб қидирилмоқда.
Рўйхатда Саддамнинг ўринбосарларидан бири Иззат Иброҳим ал-Дурий номи ҳам бор. Ал-Дурий Ироқдаги жангариларни молиялашда кўмак беришда гумон қилинмоқда.
Бундан ташқари, энг қидирилаётган жиноятчилар қаторида Ироқдаги “Ал-Қоида” гуруҳининг янги етакчиси Абу Аюб ал-Масрий ҳам бор. Ал-Масрий ўтган ойнинг бошида ўлдирилган Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг ўрнини эгаллаган.
Шунингдек, Ироқ ҳукумати расмийси аз-Зарқавий Ислом удумларига кўра дафн этилганини маълум қилди. Аз-Зарқавийнинг қабри қаердалиги ошкор этилмайди.

Ироқ суди 11 жангарини 15 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм этди.

Улар лицензиясиз қурол сақлаганлик ҳамда ноқонуний тарзда мамлакатга киришда айбдор топилди. АҚШ эълон қилган баёнотда қамоққа ҳукм қилинганлар орасида бир саудиялик ва бир суриялик борлиги таъкидланади.
Баёнотда айтилишича, Ироқ суди шу пайтгача ҳукуматга ва коалиция кучларига қарши ҳаракат қилишда айбланган 1263 кишини судга тортган, уларнинг 1087 нафари турли муддатга қамоққа маҳкум этилган.

Фаластин ҳукуматини бошқараётган ХАМАС гуруҳининг қуролланган қаноти Исроил Ғазо минтақасига ҳужумларини давом эттирадиган бўлса, яҳудий давлати ичкарисида ҳужумларни амалга ошириш ва уни “қон денгизга” чўктириш билан таҳдид қилди.

Мазкур баёнот Фаластин бош вазири Исмоил Хониянинг идораси Исроил ҳарбий вертолётлари томонидан ўққа тутилганидан кейин эълон қилинди. Бу пайтда ўз идорасида бўлмаган бош вазир мазкур ҳужумни қоралади.
Исроил ҳарбийлари фаластинликлар асир олган яҳудий аскарини озод этишга қаратилган ҳужумларни давом эттирмоқда.
Айни пайтда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ХАМАС етакчилари билан бўлиб ўтган музокаралардан кейин бўҳронни ҳал этиш бўйича уринишлар боши берк кўчага кириб қолганини билдирди.
“Биз рўй бераётган воқеаларни тўхтатиш учун барча воситаларни ишга соляпмиз. Бу уринишларни давом эттирмоқдамиз ва унда араб давлатлари, жумладан, мисрликлар иштирок этмоқда. Улар бу кўргуликларни бартараф этиш устида қаттиқ ишламоқда”, - деди М.Аббос.
Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт асир олинган яҳудий аскарини озод этиш учун “фаластинлик террорчиларга” қарши Исроил армиясининг “бор қудратини” сафарбар этишни буюрганини маълум қилди.
Исроил ички ишлар вазири Бар Он Фаластин ҳукумати биносига ҳужум қилинганини тасдиқлади ва яҳудий аскар озод этилмас экан, янги ҳужумлар уюштирилишини таъкидлади.
19 ёшли яҳудий аскари бундан бир ҳафта олдин Фаластин жангарилари Исроил армияси постига ҳужум уюштирган пайтда асир олинган эди.

Россиядан олинган хабарларга кўра, кеча Москвада икки ўзбекистонлик, икки армани ва бир қозоқ талабасига ҳужум қилинган.

Кеча кечқурун икки ўзбек йигитини олти киши калтаклаб, пичоқлаб кетган. Қаттиқ тан жароҳатларини олган ўзбеклар шифохонага ётқизилган. Улардан бирининг аҳволи жиддий қолмоқда.
Москва метроси бекатларидан бирида эса икки арман йигити ҳам пичоқлаб кетилгани айтилмоқда.
Шунингдек, Москва ҳарбий инженерлик институти талабаси бўлмиш қозоғистонлик бир йигитни ўн кишидан иборат ёшлар гуруҳи калтаклаб кетган. Қозоғистонлик талабанинг аҳволи қониқарли экани хабар қилинмоқда.

Эрон ҳукумати қамоққа олинган академик олим Рамин Жаҳонбеглуни АҚШ фойдасига жосуслик қилишда айблаяпти.

Эроннинг ИСНА агентлиги хабарига кўра, Эрон разведкаси бошлиғи Ғулом Ҳусайн Муҳсиний академик шу йилнинг 27 апрелида АҚШнинг Эронда инқилоб ясашга уринишларига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинганини билдирган.
Эронда чиқадиган “Хуросон” газетасида маълум қилинишича, Эрон жанубидаги Шероз шаҳри яқинида қуролли босқинчилик ва одам ўғирлашда айбдор топилган киши қатл этилган.
Қатл қилинган кишининг шахси ҳақида фақатгина унинг исми Ҳусайн экани айтилади. У 51 та қуролли босқинчиликни амалга оширишда айбдор топилган.
Шу йил бошидан бери Эронда камида 61 киши қатл этилган.

АҚШ расмийларининг маълум қилишича, разведка идоралари “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Лодиннинг овози ёзилгани айтилаётган аудиомурожаатни текширмоқда.

Оқ уй вакиллари мазкур мурожаат ҳақиқийлиги тасдиқланса, бин Лодин ва у етакчилик қилаётган гуруҳ одамзотга бошбошдоқлик, уруш ва азоблардан бошқа ҳеч нарса таклиф этмаслигига яна бир далил бўлишини баён қилди.
Интернет орқали тарқатилган овоз эгаси Ироқдаги шиа мусулмонларини АҚШ ва унинг иттифоқдошлари билан бирлашиб, суннийларга қарши ҳаракат қилаётганларни қасос кутаётганидан огоҳлантиради.
Мазкур мурожаат эгаси, шунингдек, хориж мамлакатларини пойтахтини исломий жангарилар эгаллаб олган Сомалига ўз аскарларини юбормасликдан огоҳлантиради.

Ироқ парламентидаги шиалар вакили Ияд Жамолиддин унга уюштирилган суиқасддан омон қолди.

Жамолиддин ўз соқчилари назоратида машинада парламент мажлисига кетаётганида бомба портлади. Собиқ бош вазир Ияд Алавий ҳукуматида ишлаган Ияд Жамоллидин ўз соқчилари орасида талофотлар бўлмаганини, бироқ тинч аҳолидан йўқотишлар борлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Бағдод маҳаллаларидан бирида содир бўлган портлашда камида икки киши ҳалок бўлди ва етти одам жароҳатланди. Воқеадан икки соат ўтиб, шу маҳаллада портловчи мосламалар ўрнатилган яна икки машина портлади. Кейинги портлашлардан бўлган талофотлар ҳақида хабарлар ҳозирча йўқ.
Бағдодда шанба куни амалга оширилган бомба портлашида камида 66 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Парламентдаги сунний араблар блоки яқинда ўғирлаб кетилган сафдошлари Тайсир ал-Машҳадоний озод этилмагунча парламент мажлисларида вақтинча қатнашмаслигини маълум қилди.

Покистон ички ишлар вазири Офтоб Шерпао ўзи раҳбарлик қилаётган идора расмийлари ва мутахассислари Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган покистонликлар ҳақида маълумот йиғиш учун ўша ерга боришини айтди.

Покистон расмийсининг маълум қилишича, Гуантанамода “Ал-Қоида” ёки “Толибон” ҳаракатига алоқадорликда гумон этилган покистонлик 29 маҳбус сақланмоқда.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Афғонистонда икки инглиз аскари ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Вазирликнинг билдиришича, британиялик аскарлар Хилманд вилоятида бўлиб ўтган жангда ҳалок бўлган.
Хилманд вилояти полицияси бошлиғи Муҳаммад Набий коалиция кучлари афғон полицияси билан биргаликда толибларга алоқадорлиги айтилаётган жангариларга қарши жанг олиб борганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, жангда толибларнинг 12 жангариси ўлдирилган.

Руминия телеканалининг хабар қилишича, жума кундан бери мамлакат бўйлаб рўй бераётан бўронлар оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган ва яна шунча одам бедарак кетган.

Руминия Ички ишлар вазирлиги бўрондан энг катта зарар кўрган Суцеава вилоятида 535 киши эвакуация қилинганини билдирди. Қидирув-қутқарув ишларига ҳарбийлар ҳам жалб этилмоқда.

Франциялик футбол ишқибозлари ўз терма жамоаларининг жаҳон биринчилигининг чорак финалида Бразилия устидан қозонган ғалабасини байрам қилмоқда.

Франциялик ҳужумчи Тьери Анрининг 57 дақиқада киритган тўпи бразилияликларни баҳслардан чиқариб юборди.
18-жаҳон чемпионати амалда Европа биринчилигига айланди. Чунки ярим финал баҳсларига фақат Европа давлатлари терма жамоалари йўлланма олди.
Энди ярим финалда Франция Португалия билан, Германия эса Италия билан куч синашади.
Португалияликлар шанба куни бўлиб ўтган матчда Англия терма жамоаси устидан пеналтилар сериясида 3-1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бу мағлубиятдан сўнг англиялик ярим ҳимоячи Дэвид Бэкҳам 6 йилдан бери эгаллаб келган терма жамоа сардорлигидан воз кечишини эълон қилди. Аммо у терма жамоа сафида ўйнашни давом эттиришини билдирди.

Тожикистон ҳукумати мамлакат ҳудудидаги советча ном берилган икки тоғнинг аталишини ўзгартиришга қарор қилди.

Бу икки тоғ 1917 йилдаги инқилоб ва унинг етакчиси Владимир Ленин шарафига номланган. Президент маъмурияти эълон қилган хабарномада айтилишича, шу пайтгача Ленин номи билан юритилган чўққи энди Мустақиллик, Инқилоб чўққиси эса Абу Али ибн Сино деб юритилади.

Вашингтон ҳайвонот боғи ходимлари Кужа лақабли 23 ёшли горилла юраги операция қилинаётган пайтда ўлганини маълум қилди.

Ғарбий ва Марказий Африканинг тропик ўрмонларида яшовчи гориллаларнинг бу тури йўқолиб кетиш хавфи бор.
Тутқунликда яшайдиган гориллалар ўлимига асосий сабаблардан бири юрак хасталикларидир.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроилнинг Ғазо минтақасидаги ҳарбий операциялари муҳокамасига бағишланган фавқулодда мажлиси бўлиб ўтди.

БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Анжела Кейн мажлисда қилган чиқишида жумладан бундай деди:
- Кишиларни гаровга олишни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Капрал Гилад Шалит озод қилиниши лозим. Исроил ҳудудларига ракеталардан зарба беришни ҳам ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Фаластин мухторияти ҳокимияти бунга барҳам бериши керак. Бироқ мухторият аҳолиси экстремистларнинг ҳаракатлари учун азият чекмаслиги лозим. Исроил Фаластиндаги иншоотларни вайрон қилишни тўхтатиши, тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаши ва гуманитар ёрдамни етказишга рухсат бериши даркор.
АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон Исроил-Фаластин зиддиятининг кучайиб кетиши учун масъулиятнинг бир қисмини Сурия ҳукумати зиммасига юклади. Унинг фикрича, Сурия террорчиларни яшириб келаётир.

Европа Иттифоқининг янги раиси – Финляндиянинг раис сифатидаги биринчи баёноти Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашувига бағишланди.

Финляндия Бош вазири Марти Ванханен Фаластин экстремистлари Исроил аскарини, Исроил эса куни кеча қўлга олган Фаластин мухторияти раҳбарияти вакилларини зудлик билан қўйиб юбориши керак, деб баёнот берди.
Германияда чиқадиган "Вельт" газетасига берган интервьюсида Финляндия Бош вазири "музокаралар – зиддиятга барҳам беришнинг ягона йўли", деди.
Европа Иттифоқида қабул қилинган тартибга биноан аъзо давлатлар Иттифоқни навбатма-навбат бошқаради. Иттифоққа раҳбарлик қилиш навбати Финляндияга келди ва 1 июлдан бошлаб Хельсинки раислик ваколатларини қабул қилиб олди.

АҚШ Сурияни Дамашқда истиқомат қилаётган Хамас гуруҳи етакчиси Холид Мишални топширишга чақирди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроилнинг Ғазо минтақасидаги ҳарбий операциялари муҳокамасига бағишланган фавқулодда мажлиси чиқиш қилар экан, АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон бундай деди:
- Агар Сурия террорчиларни яшириб, уларни қўллаб-қувватламаганда, вазият бу қадар таранглашиб кетмаган бўлар эди. Биз президент Башар Асадни вазиятни изга солиш учун халқаро ҳамжамият уринишларига қўшилишга чақирамиз. Бу йўналишдаги биринчи қадам таниқли халқаро террорчи, Хамас аъзоси Холид Мишалнинг ҳибсга олиниши ҳамда террористик ташкилотларнинг Дамашқдаги қароргоҳларини ёпиш бўлган бўлур эди.

Туркия президенти Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсмен лавозимини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига вето қўйди.

Қонун лойиҳасига кўра, Омбудсмен парламент билан ҳамкорликда фаолият юритиши керак.
Бироқ президент Аҳмад Нажот Сезар бундай лавозим Туркия конституциясига зид, чунки парламент билан омбудсмен асосий қонунда назарда тутилмаган ваколатларга эга бўлиб қолади, деб баёнот берди.
Омбудсмен тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишини Европа Иттифоқи талаб қилаётган эди.

Исроил Фаластин экстремистларининг талабларини қатъиян рад этди.

Исроил ҳарбийси, капрал Гилад Шалитни гаровга олганлар Исроил турмаларида сақланаётган минглаб фаластинликларнинг озод қилиниши ҳамда Ғазода бошланган ҳарбий операциянинг тўхтатилишини талаб қилмоқда.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги вакили аскарни гаровга олганлар билан ҳеч қандай музокара ўтказилмайди, улар ё гаровдаги исроилликни ўзлари озод қилади, ёки бу ишни ҳарбийлар амалга оширади, деб баёнот берди.

Япония собиқ Бош вазири Рютаро Хасимото вафот этди.

Хасимото Япония ҳукуматига 1996 – 1998 йиллари раислик қилган ва касаллиги туфайли давлат ишларидан ўзи чекинган эди.
Ёши 68 га чиққан собиқ Бош вазир Токиодаги касалхоналардан бирида бугун вафот этди.

Аксилтеррор кучлар коалициясининг Афғонистоннинг Қандахор шаҳри яқинидаги ҳарбий базасига ракеталардан зарба берилиши оқибатида 10 киши яраланди.

Коалиция қўмондонлигининг хабарига қараганда, жароҳат олганларнинг икки нафари Канада, беш нафари АҚШ ҳарбий хизматчисидир.



Бағдодда амалга оширилган портлаш қурбонлари сони ортиб бормоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, 66 атрофида одам нобуд бўлди, қарийб 98 киши жароҳатланди.
Мина ўрнатилган машина шаҳарнинг шиалар яшайдиган маҳалласидаги бозорда портлаб кетди.
Бу воқеа билан бир пайтда Ироқ парламентига суннийлар жамоасидан сайланган депутат 7 нафар соқчиси билан ўғирлаб кетилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди.
Воқеа тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Украина Минтақалар партияси лидери Виктор Янукович ўз тарафдорларини фуқаровий бўйсунмаслик акциялари ўтказишга тайёр туришга чақирди.

Унинг фикрича, "зарғалдоқ коалиция" қонунларни бузмоқда ва шундай бошқарув тизими яратилсинки, токи ҳокимиятнинг ҳаракатларини назорат қила олиши учун мухолифатга шароит пайдо бўлсин.

Бундай баёнотлар билан Янукович барча босқичлардаги вакиллик органларига Минтақалар партиясидан сайланган депутатларнинг Днепропетровскда бўлиб ўтган Умумукраина йиғилишида чиқиш қилди.
Януковичнинг тарафдорлари Украина парламенти – Верховний Рада фаолиятини тўхтатиб қўйган. Уларнинг фикрича, парламент ва ҳукуматдаги раҳбарлик лавозимлари адолатли тақсимланмаган.

Ерга йирик астероид яқинлашиб келмоқда.

Мунажжимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, кўндалангига 800 метрли астероид Ер куррасидан 433 минг км узоқликдан (Ойдан сал нарироқ) ўтади.
Астероидни душанба куни кузатиш мумкин. Мунажжимларга кўра, Ер учун унинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Хитойда Тибетни мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи янги темир йўл фойдаланишга топширилди.

Темир йўл тоғли ҳудудларда қурилган бўлиб, унинг денгиз сатҳидан энг баланд қисми 5 минг метрдан зиёд баландликда ётқизилган. Бу дунё бўйлаб рекорд кўрсаткичдир.
Темир йўлни очар экан, Хитой давлати раҳбари Ху Цзиньтао уни "дунёнинг энг буюк мўъжизаси", деб атади.

Франция парламентининг юқори палатаси иммиграция тўғрисидаги янги қонунни маъқуллади.

Иммигрантлар олдига қўйиладиган талаблар кучайтирилган мазкур ҳужжатга биноан, бундан буён Францияга юқори малакали мутахассислар биринчи навбатда қабул қилинади. Потенциал иммигрантларнинг юқори малакага эга бўлмаган қатлами учун Францияда яшаш ҳуқуқини олиш анча қийинлашади.
Қонунни Франция президенти имзолагач. у кучга киради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG