Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 17:01

Халқаро янгиликлар

Бағдод марказида машинага ўрнатилган бомба портлади ва миномёт ҳужуми уюштирилди.

Оқибатда камида 25 одам нобуд бўлди, 45 одам яраланди. Портлашлар шиа ва суннийлар яшайдиган шиа партиялари назоратида бўлган туманда содир бўлди. Ироқнинг бошқа минтақасида қуролли жанггарилар суннийлар масжиди ташқарисида турган тўрт нафар соқчини отиб ўлдирди.
26 июл куни АҚШ президенти Жорж Буш Бағдодда мазҳаблараро урушга барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган режани тасдиқлаган эди.

27 июл куни Исроил Кабинетининг йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ливан ва Ғазодаги ҳарбий операциялар масаласи муҳокама қилинди.
Кабинет аъзолари армия сафига қўшимча аскар сафарбар қилиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Исроил кучлари Ливан жанубидаги Хизбуллох жанггариларига қарашли нишонларни яна ҳаво ва тўплардан ўққа тутди.

26 июл куни содир бўлган тўқнашувларда исроиллик тўққиз ҳарбий нобуд бўлган эди. Бу Исроил ҳарбийларига бир кунда етказилган энг катта талафотдир.
Айни пайтда, Яқин Шарқда рўй бераётган зўравонликларга барҳам бериш йўлидаги дипломатик уринишлар давом этмоқда. Бу масала Малайзияда ўтаётган АСЕАН гуруҳига аъзо давлатлар вакиллари учрашувида ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай пойтахт Душанбеда Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов билан учрашди.

Музокарадан сўнг икки давлат раҳбарлари халқаро ҳамжамиятни ноқонуний гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши курашда ёрдам беришга чақирди. Карзай халқаро жамоатчиликни Афғонистондаги камбағал деҳқонлар кўкноридан бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ўстиришларида уларга ёрдам беришга чақирди.
Раҳмонов ва Карзай турли жиноятлар содир этиб жазо муддатини ўтаётган Тожикистон ва афғонистонлик маҳбусларни ўз ватанларига қайтариш ҳақидаги шартномани имзоладилар. Тожикистон қамоқхоналарида тахминан 150 нафар афғонистонлик маҳбус бор. Уларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлик учун қамалган.

Қирғизистонда “Урқун” деб аталган Чор Россиясига қарши қуролли исённинг 90 йиллигини хотирлаш учун Бишкек марказий майдонига ўнлаб одам йиғилди.

Айрим тарихчилар фикрича, Россия ҳарбийлари исёнлар жараёнида, шунингдек, Хитойга қочиб ўтишга уринган тахминан 150 минг қозоқлар ва қирғизларни отиб ўлдирган.

Ироқдаги Грузия ҳарбийлари қуролли жанггарилар томонидан ўққа тутилди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, ҳужум оқибатида беш нафар грузин аскари жароҳатланган. Тиббий ёрдам кўрсатилган тўрт ҳарбий яна ўз вазифасини бажаришга киришди. Воқеа Бағдоддан 65 километр нарида жойлашган Хайрнабатда содир бўлган.

Руминия президенти Траян Басеску Вашингтонга уч кунлик сафарини бошлади.

Басеску ва АҚШ президенти Жорж Буш ўртасида бўлажак музокара чоғида Руминияда АҚШ ҳарбий базаларини ташкил этиш, Марказий Осиёдан Қора денгиз орқали Европага нефт қувурини қуриш ва бошқа масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Афғонистоннинг Пактия вилоятида “Ми-8” русумидаги вертолёт ерга қулади.

Оқибатида 16 одам нобуд бўлди. АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари матбуот вакили полковник Том Коллинз: “Вертолёт кеча кун ярмида халокатга учради. Воқеа жойига Афғонистон хавфсизлик кучлари етиб борди. Сўнгги маълумотларга кўра, вертолёт бортида турли давлатларнинг 16 нафар фуқароси бўлган. Уларнинг ҳаммаси нобуд бўлган” – дея баёнот берди АҚШ ҳарбийси.
Вертолёт ҳалокатида икки нафар голландиялик ва бир америкалик ҳарбий нобуд бўлгани айтилмоқда. Афғонистон расмийлари халокат оқибатида яна қайси давлатлар фуқаролари нобуд бўлганини аниқлашга уринмоқда.

Европада об-ҳаво харорати меъёрдан ортиқ иссимоқда.

Британияда ҳаво рекорд даражада иссиб кетгани оқибатида 40 нафар одам, Польшада эса 20га яқин одам нобуд бўлди. Германия расмийларига кўра, иссиқ об-ҳаво мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотининг ярмига таҳдид солиши мумкин.

Бортида 18та ер сунъий йўлдоши бўлган Россияга қарашли “Днепр” ракетаси ерга қулади.

Қозоғистоннинг Байконур космодромидан 26 июл куни осмонга парвоз қилган ракета 73 сониядан кейин халокатга учради. Қозоғистон ва россиялик мутахассислар ракета парчаларини қидириб топиш ишларини бошлади.
Мазкур ракета Беларусга қарашли бўлган биринчи сунъий йўлдошни ҳам фазога олиб чиқиши керак эди. Беларус президенти Александр Лукашенко ракета парвозини кузатиш учун Байконурга борган. Аммо у воқеага шарҳ бермади.
Мутахассислар Россияга қарашли ракета халокати артоф-муҳитга салбий таъсир этиши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотир билдирди. Шу боис 27 июл куни Қозоғистон Бош вазири Даниал Аҳметов халокатининг эҳтимолий оқибатларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузди.

Венесуэла президенти Уго Чавез Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Музокара чоғида асосан нефт билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Чавез қиймати уч миллиард долларлик шартнома доирасида 24та учқич ва 53та ҳарбий вертолёт сотишга рози бўлгани учун Россияга миннатдорлик билдирди.
Сўзлашувдан кейин Владимир Путин: “Жаноб президент, Сизнинг ташрифингиз Россия Федерацияси ва Венесуэла ўртасидаги кўп томонлама алоқалар ривожига туртки бўлишига умид қиламан ва ишонаман”, – деди Владимир Путин.
26 июл куни Чавез Венесуэла, Россия ва нефт экспорт қилувчи бошқа давлатлар нефтга адолатли равишда нарх белгилашда ўзаро келишувга эришишларига умид билдирган эди. Венесуэла нефт экспорт қилиш бўйича дунёда олтинчи ўринда туради.

Швейцария пойтахти Цюрихдаги ҳайвонот боғида сақланаётган ҳайвонлар иссиқдан қийналмаслиги учун уларга музлатилган мевалар, гўшт ва суяклар бериляпти.

Ҳайвонот боғи ходимларига кўра, йирик турдаги мушуклар, маймунлар ҳамда бўрилар музлатилган таомни хуш кўриб истеъмол қилмоқда.

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларининг маълум қилишича, 25 июл куни коалиция кучларини пистирмага олишга ҳаракат қилган 7 нафар толибон жангариси ўлдирилди.

Тўқнашув Хелманд вилоятининг маъмурий маркази Гармсер шаҳри ёнида юз берди. Ўтган ҳафта толиблар Гармсер шаҳрини қисқа муддатга ишғол этган эди.




Исроил армиясининг Ғазо минтақасига ҳаводан ва ердан қилган ҳужумлари оқибатида камида 14 нафар фаластинлик ўлдирилди.

Ўлдирилганлар орасида кичкина қизча ҳам бор.
Эрталаб кун ёришмасдан Исроил билан чегарадош шимолий Ғазо минтақасида бошланган ҳужумларга Исроилнинг тахминан 50 дона танки ва булдозерлари ишга солинди.
Гувоҳларга кўра, Исроил танклари одамларга қарата ўт очган, дарахтлар ва бинолар яксон қилинган.
Ҳаводан исроил авиацияси “Ҳамас” ва “Исломий жиҳод” гуруҳи аъзоларига тегишли экани айтилаётган уйларга зарба берди.
Бугун эрталаб Ливанга дастлабки инсонпарварлик ёрдамлари келтирилди. БМТнинг инсонпарварлик ёрдамини олиб келган Иорданнинг харбий самолёти икки ҳафта аввал Исроил бомбардимонлари туфайли ёпиб қўйилган Байрут аэропортига қўнди.
Ливаннинг ривожланиш ва қайтақуриш кенгашининг раҳбари Фадл Ал-Шалакка кўра, ҳозирга қадар Исроил ҳужумлари Ливанга 2 миллиард АҚШ долларига тенг талофот етказган.
Икки ҳафта аввал Исроил икки нафар аскарининг асирга олинишига жавобан бошлаган ҳужумлари оқибатида аксари Ливан ва Фаластин тинч аҳолисидан иборат 400дан зиёд тинч фуқаро нобуд бўлди.

Яқин шарқдаги бўҳронни ҳал этиш мақсадида Римда йиғилган 15 давлатнинг юқори мартабали расмийлари ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришолмадилар.

Бироқ АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райсга кўра, томонлар Яқин Шарқ минтақасида БМТ назорати остидаги халқаро кучларни жойлаштириш зарур эканини қайд этдилар.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бош котиби Кофи Аннан Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида давом этаётган жангларни дарҳол тўхтатишга чақирди.
Яқин шарқдаги бўҳронни ҳал этишга қаратилган Рим анжуманида қилган чиқишида Аннан Ливандаги гуманитар вазиятни “даҳшатли ва таҳликали” деб атади.
Кофи Анан шунингдек, Ҳизбуллоҳ гуруҳини қуролсизлантиришни назарда тутувчи БМТ резолюциясининг ижросини таъминлашга чақирди. Кофи Аннан ушбу бўҳрон Эрон ва Сурия иштирокида ҳал этилиши лозимлигини ҳам таъкидлаб ўтди.
Айни пайтда Ливаннинг жанубий чегарасига яқин Бинт Жубайл шаҳри яқинида “Ҳизбуллоҳ” жангарилари ва Исроил қўшинлари ўртасида шиддатли жанглар давом этяпти.
Исроил томонидан бир неча одам қурбонлари борлиги айтилмоқда.
“Ҳизбуллоҳ” нинг етакчиси Хасан Насруллоҳ Исроилга қарши чиқишнинг янги босқичи бошлангани ҳақида эълон қилди.
У шунингдек “Ҳизбуллоҳ”нинг сиёсий мубоҳасалар учун очиқлигини билдирди.
Бугун “Ҳизбуллоҳ” жангчилари Исроилнинг Ҳайфа, Акре, Кармиел ва Сафид шаҳарларига тахминан 125 дона ракета улоқтирди.

АҚШ расмийлари Венесуэлага ҳарбий самолётларни сотишни режалаштираётган Россия бу борада яна бир бор ўйлаб кўради деган умидда.

АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби Том Кэйси Венесуэланинг қурол яроғ сотиб олиш режалари минтақа барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида айтди.
Сешанба куни Венесуэла раҳбари Уго Чавес уч кунлик ташриф билан Россияга келди.
Ушбу сафар давомида Венесуэланинг Россиядан 30 ҳарбий самолёт ва яна шунча ветолёт сотиб олиш тўғрисида бир миллиард АҚШ доллари миқдорига тенг шартномаларнинг имзоланиши кутиляпти.
Яқинда Венесуэла Россиядан 100 минг дона “Калашников” автоматларини сотиб олган эди.

Қозоғистон ва Россия ўртасида ядровий ишлаб чиқариш бўйича 3 қўшма корхона ташкил этилди.

Корхоналардан бири Қозоғистондаги “Будёновское” конида уран рудасини қазиб чиқариш ишларини амалга оширади. Бошқаси эса, қазиб чиқарилган уран рудасини Россия ҳудудида қайта ишлайди ва тўйинтиради.
Учинчи ширкат эса, бошқа давлатларга сотиш учун мўлжалланган кичик ва ўрта ҳажмдаги замонавий ядровий реакторларни яратиш билан шуғулланади.
Бу ҳақдаги шартномага Қозоғистон Бош вазири Даниал Ахметов ва Россия Атом агентлигининг раҳбари Серей Кириенко сешанба куни Актау шаҳридаги учрашуви давомида имзо қўйдилар.
Бугун эса, Қозоғистон Бош вазири: “Ядровий ишлаб чиқариш Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг энг ишончли йўналиши” , – деб айтди.

Саддам Ҳусайн устидан суд жараёни бугун давом этди.

Саддам Ҳусайн суд жараёнига мажбуран олиб келингани ҳақида даво қилди. Маҳкама жараёнининг адолатсиз ўтаётганига норозилик билдириб келаётган Ҳусайн 8 июлда очлик эълон қилган эди.


Япония томони сентябр ойи бошида разведка маълумотларини йиғувчи сунъий йўлдошни фазога чиқариш ниятида.

Мамлакатнинг фазо агентлигига кўра, сунъий йўлдош Япония жанубидаги Танегашима фазо станциясидан учирилади. Жосус сунъий йўлдошнинг орбитага чиқарилиши қўшни Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета дастурлари юзасидан хавотир сабабли 2003 йилда бошланган амалиётларнинг давомидир.

Жанубий Тайландда бир ўспирин парранда гриппи касаллигига чалиниб нобуд бўлди.

Бу сўнгги 7 ой давомида вирусдан биринчи ўлим ҳолатидир.
Бу ҳақда мамлакатнинг Бош вазири Таксин Шинаватра журналистларга маълум қилди.
Касалликдан нобуд бўлган 16 ёшли бола Фетчабун вилоятида яшаган эди. Бир муддат аввал Тайланд расмийлари парранда гриппининг H5N1 вируси қўшни Пичит вилоятида авж олгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Санкт Петербург суди ўтган йили сентябр ойида конголик талабани ўлдирганликда айбланиб маҳкамага тортилган 4 кишини айбсиз деб топди.

Суд ҳайъати айбланувчилари ушбу қотилликни содир этгани ёки қотиллик ирқчилик сабабли амалга оширлагани тўғрисидаги айблов томонининг даволарини етарли эмас деб топди.
Жорий ҳафтада Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакат бўйлаб хориж фуқароларга ҳужум қилиш ҳолатлари, ўтган йилнинг айни даври билан таққослаганда 33 фоизга ортгани ҳақида эълон қилди.

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Жон Абизаид 25 июл куни Бишкекда Қирғизистон Мудофаа вазири Исмоил Исоқов билан учрашди.

Музокара чоғида АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик масаласи муҳокама этилди. Матбуот хабарларига кўра, сўзлашув чоғида Қирғизистонда ҳарбий соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар ва Манас аэропорти масаласини муҳокама қилинган.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан “халқаро терроризм” ва “диний экстремизм”га қарши биргаликда курашишга келишиб олди.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати ўзининг Интернет сайтида шу ҳақда баёнот тарқатди. Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари МДҲ раҳбарларининг 22 июл куни Москвада норасмий саммит доирасида ўтказилган учрашувда шундай қарор қабул қилдилар.
25 июл куни Бишкекда ўтган учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон хавфсизлик идоралари бошлиқлари терроризмга қарши биргаликда операциялар ўтказиш ва диний-экстремистик гуруҳлар ҳақида маълумотлар алмашишга келишиб олдилар.
Ўтган ҳафта Қирғизистон расмийлари Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирилаётган беш нафар фуқарони Ўзбекистонга топширган. Қирғизистон расмийлари, Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси, Бекмурод Каримов Ўш вилоятида қўлга олинганини маълум қилди. У фаолияти таъқиқланган “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га аъзоликда айбланмоқда.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Ливан ва Исроилга сафаридан сўнг Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Райс хоним Ливандаги воқеалар Фаластин масаласини эътибордан четда қолдирмаслигини айтди: “Ливандаги вазият ҳал этилган тақдирда ҳам биз Фаластин ҳудудларидаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришимиз лозим. Биз Яқин Шарқ тинчлик жараёнини қайта изга туширишимиз керак. Бу президент Буш ва президент Маҳмуд Аббос белгилаган мақсад, яъни, икки давлатнинг ёнма-ён, тинч ва тотув яшаши мақсадига олиб борувчи йўлдир”, – деди Кондолиза Райс.

Исроил Бош вазири Эхуд Олмэрт Ливанга халқаро ёрдам етказиб берилишига Исроил ҳукумати қарши эмаслигини билдирди.

Сешанба куни эълон қилинган баёнотда Олмэрт гуманитар ёрдам юклари ортилган самолётлар Байрут аэропортига қўниши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, баёнотда Исроил ҳукумати гуманитар ёрдамлар Исроил ҳудудлари орқали Ливан аҳолисига етказилишига тўсқинлик қилмаслиги билдирилади. Исроил Бош вазирининг баёноти АҚШ Давлат котиби билан учрашганидан кейин эълон қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG