Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 21:56

Халқаро янгиликлар

Ғазо минтақасининг Исроил чегарасига яқин ерда жойлашган Бейт Лаҳия шаҳрига танклар ва артиллериядан Исроил берган зарбалар оқибатида 5 фаластинлик ўлди, 9 киши яраланди.

Умуман, 28 июнь куни бошланган Исроил ҳужумларидан Ғазода 112 нафар фаластинлик қурбон бўлди.

- Ливан жанубида ҳанузгача Россия ва МДҲга аъзо бошқа давлатлар фуқаролари бор, - деб хабар қилди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Лавровга кўра, Ливан ва Фаластиндан ҳаммаси бўлиб МДҲ давлатларининг, шу жумладан Россиянинг тахминан 1900 нафар фуқароси эвакуация қилинган.
Бугун Ливандан Туркияга Австралия, Канада ва Швециянинг қарийб 1800 нафар фуқароси денгиз орқали кўчирилди.
Кейинги кунларда 35 минг ҳорижлик Кипрга эвакуация қилинди.

Жаҳон ҳамжамияти Исроил – Ливан можаросини ҳал қилиш учун дипломатик ҳаракатларни кучайтирмоқда.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс бугун Байрутга сафар қилди. Бу ташриф тўғрисида аввалдан хабар қилинмаган эди.
Райс минтақадаги вазиятни изга солиш юзасидан Ливан бош вазири Фуад Синиора билан учрашиб, сўзлашувлар ўтказди.
Европа Иттифоқи раҳбарияти аъзоси Хавьер Солана эса Ливан парламентидаги етакчи фракция лидери Саад Ҳаририй билан Байрутда учрашди. Сўзлашувлардан сўнг у Исроил – Ливан можаросини ҳал қилиш мақсадида Европа Иттифоқи БМТ билан ҳамкорликда тинчлик ўрнатувчи кучлар концепциясини ишлаб чиқмоқда, деб баёнот берди.
- Бу осон иш эмас. БМТ Хавфсизлик кенгаши хомийлигида ҳаракат қиладиган бундай куч концепцияси устида ўтган чоршанбадан бери ишлаяпмиз. Европа Иттифоқнинг кўплаб мамлакатлари бу ишда бизга ёрдам беради, деб умид қиламан,- деди Солана.

Исроил армияси Ливаннинг ичкарисига қараб илгариламоқда.

Армия вакили бугун "Хизбуллоҳ" гуруҳи жанггариларини махв этиш амалиёти камида яна ўн кунга чўзилиши мумкин", деб баёнот берди.
Ҳарбий учоқлардан зарбалар берилмоқда. Эрталаб фаластинлик қочқинларнинг Ливан жанубида жойлашган лагери бомбардимон қилинди, 6 киши яраланди.
"Хизбуллоҳ" гуруҳи Исроил қўшинининг Ливан жанубига киритилиши бизни тўхтатолмайди, Исроил ракеталардан ўққа тутилаверади, деб баёнот берди.
Можаро бошланганидан буён Ливанда 400дан зиёд, Исроилда эса 37 киши нобуд бўлди.
Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Франция Ташқи ишлар вазири Филипп Дуст-Блази билан Қуддусда ўтказган учрашувидан кейин бундай баёнот берди:
- Ливаннинг "Хизбуллоҳ"га алоқадор бўлмаган фуқароларига зарар етиб қолмаслиги учун қўлимиздан келадиган ишни қиламиз. Айни пайтда мен Исроил ҳудудларининг ўққа тутилиши хавфини бартараф этиш учун Франция ҳукуматини Исроил билан ҳамкорлик қилишга чақираман.
Исроил Ташқи ишлар вазири Ципи Ливни эса мана бу гапни айтди:
- Биз "Хизбуллоҳ"ни тарқатиб юбориш ва гуруҳ жанггариларини Ливан жанубидан чиқариб юбориш тўғрисидаги БМТ резолюциясининг ҳамда бу масаладаги ўз ваъдасининг амалга оширилиши йўлида Ливан ҳукуматига кўмаклашиш масаласини халқаро ҳамжамият билан билан муҳокама қилмоқчимиз.

Бугун Венада Косовонинг келажакдаги мақоми юзасидан биринчи бор олий даражадаги сўзлашувлар бўлиб ўтди.

Музокараларда Сербия томонидан президент Борис Тадич ва ҳукумат раиси Воислав Коштуница, Косоводан эса президент Фатмир Сейдию ва бош вазир Ағим Секулар қатнашди.
Томонлар вакиллари, кузатувчиларга кўра, сўзлашувлар бошланиши олдидан бир-бирови билан қўл бериб кўришишди.
Косово аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи албанлар ўлкага мустақиллик берилишини талаб қилмоқда. Белград эса, Косовони Сербия таркибида олиб қолишга ҳаракат қилмоқда.
1999 йилдан буён Косово Халқаро кучлар назорати остида. Шу пайтгача Косово келажаги бўйича музокаралар БМТ воситачилигида ўтказилаётган эди.

Бугун Минскда Беларус ва Венесуэла президентлари Александр Лукашенка ва Уго Чавесларнинг сўзлашувлари бўлиб ўтди.

Минскка етиб келгач, Чавес Венесуэлада ҳам Беларусдагидай ижтимоий йўналишдаги давлат қурилаётгани тўғрисида баёнот берди.
Чавес капитализмга қарши туриш учун ҳаракатларни бирлаштиришга даъват қилди.
Венесуэла президенти Минскдан Москвага ўтади. Бу ерда у Россиядан ҳарбий учқичлар сотиб олиш тўғрисида шартнома имзоламоқчи.

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр Ироқ ҳукумати раиси Нури Комил ал-Моликий билан бугун Лондонда Ироқ хавфсизлигини таъминлаш муаммоларини муҳокама қилди.

Биргина якшанбанинг ўзида амалга оширилган террористик ҳужумлар оқибатида Ироқда 50 дан зиёд киши қурбон бўлди.
Ироқ бош вазири Лондондан Вашингтонга учади. Бу ерда у сешанба куни АҚШ президенти Жорж Буш билан сўзлашувлар ўтказади.

Афғонистон ғарбидаги Фараҳ вилоятида блокпостга қилинган ҳужум оқибатида Афғонистон полициясининг 3 ходими нобуд бўлди, 7 нафари яраланди.

Постга пулемётлар билан қуролланган юзлаб жанггари юк машиналарида келиб ҳужум қилди. Ҳужумдан сўнг улар қўшни Ҳилманд вилоятига ўтиб кетди. Кейинги ойларда толиблар бу вилоятда жонланиб қолди.
Мамлакат жанубидаги Қандахор вилоятида юз берган портлашдан канадалик икки аскар яраланди.

Қирғизистон республикаси бош вазири Феликс Қулов Асқар Ақаев президентлиги даврида ҳарбий мулкни сотиш пайтида йўл қўйилган турли фирибгарликлар юзасидан ўз вақтида бошланган терговни мантиқий якунига етказишни сўраб, бугун мамлакат бош прокуратурасига расман мурожаат қилди.

Бош вазирнинг прокуратурага мурожаат қилишига Қирғизистон армиясида ҳарбий анжомлар тақчиллиги, бу ҳолатга эса, ўз вақтида ҳарбий мулкни сотиш пайтида фирибгарликка йўл қўйилганлиги тўғрисидаги гап-сўзларнинг кўпайиб кетгани сабаб бўлган.

АҚШнинг ғарбий соҳилида ҳаво ҳарорати мисли кўрилмаган – 40 даражагача исиб кетди.

Хонадонлардаги кондиционерлар узлуксиз ишлатилиб, электр энергияси тақчиллиги хавфи пайдо бўлгани учун, Калифорния расмийлари икки кундан буён штатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Калифорния шимолида уч киши иссиқ уриб, нобуд бўлди.

Украина парламенти – Верховний Раданинг Юлия Тимошенко етакчилигидаги фракцияси аъзолари – 125 депутат президент В. Юшченконинг парламентни тарқатиб юбориши учун қўшимча асос бўлсин, деган ниятда ўз ваколатларидан муддатидан илгари воз кечишга тайёр.

- Украинада коммунистик-олигархик режимнинг қайта тикланиш хавфи бор. Шунинг учун биз муддатидан аввал парламент сайлови ўтказиш учун қўшимча конституциявий асос бўлсин деб, ўзимизнинг депутатлик ваколатларимиздан воз кечишга тайёрмиз, - деди Юлия Тимошенко.
Бундай қарор фракциянинг бугунги мажлисида қабул қилинди. Тимошенко тарафдорлари қўллаб-қувватлашларини сўраб президентга хайрихоҳ "Наша Украина" фракциясига мурожаат қилди. Чунки конституцияга биноан, Верховний Радани тарқатиб юбориш учун, депутатлик ваколатларидан парламентнинг камида 151 аъзоси воз кечиши керак.
Мухолифат янги парламент коалициясининг легитимлигини ва бош вазирликка Регионлар партияси лидери Виктор Янукович номзодини тан олишдан бош тортмоқда.

Ашхабоддан олинган хабарларга қараганда, Туркманистон Россияга газ етказиб беришни газ қувурида таъмирлаш ишлари ўтказилиши сабабли вақтинча тўхтатмоқчи.

Туркманистон Нефть ва газ вазирлигининг билдиришича, газ етказиб бериш 25 июлдан бошлаб 8 кунга тўхтатилади.

Тожикистон Транспорт вазири Абдураҳим Ашуровнинг бугун маълум қилишича, Хитой ҳукумати молиялаштираётган икки туннель қурилиши кейинги ойда бошланади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад пойтахт Душанбе билан шимолдаги Хўжанд шаҳри ўртасида транспорт алоқасини яхшилашдир.
Икки туннель қурилишининг умумий қиймати тахминан 110 миллион доллардир.

Қозоғистонда мухолифат лидерларидан бири Бўлат Абилов полиция ходимини ҳақорат қилганликда айбланиб, шартли равишда икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Тергов маълумотларига қараганда, мухолифатдаги "Нағиз Ақ-жўл" ҳамраиси полиция подполковниги Алексей Дмитриевни ўтган йили ёзда Қарағандада ҳақорат қилган.
Абилов ўшанда Қарағандага президентликка номзод Жармахан Туяқбайнинг сайловолди кампаниясида қатнашиш учун борган.
Абиловнинг адвокатлари фикрича, унга нисбатан жиноий иш ортида сиёсий сабаблар бор.

Яқин Шарқда “Ҳизбаллоҳ” ва Исроил армияси бир-бирига ҳужум қилишда давом этаётир.

Исроил ҳарбийлари отган бомбалар “Ҳизбаллоҳ” жангарилари яширингани гумон қилинган жойларга бориб тушди. Кишилар ўртасида қурбонлар бўлгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Ливан жанубига қилган ҳужуми оқибатида эса уч киши ҳалок бўлди.
Ўз навбатида, “Ҳизбаллоҳ” жангчилари отган икки ракетанинг Исроилнинг Ҳайфа шаҳрига тушиши оқибатида икки киши қурбон бўлди.
Айни пайтда Ливан жанубида БМТ ходимининг яралангани ҳам хабар қилинмоқда.
БМТнинг гуманитар ёрдам кўрсатиш ишлари бўйича мутасаддиси Ян Эгеланд Байрутнинг Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинган мавзеларига борди. У ҳужумлар оқибатида юзага келган вазиятни “инсониятга қарши жиноят”, дея таърифлади.
БМТ Ливан айни пайтда инсонпарварлик ëрдамига муҳтож экани ва ярим миллионга яқин одамнинг қочқинга айланганини маълум қилган эди.
Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасида юзага келган можаронинг ўн биринчи куни ўтиб бормоқда.
Исроил ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида 358 киши ҳалок бўлгани, уларнинг аксарияти тинч фуқаро экани айтилади.
“Ҳизбаллоҳ”нинг ракета ҳужумларидан эса исроиллик 34 киши ўлди.
Исроил мудофаа вазири Амир Перес НАТО кучларининг Ливан жанубига жойлаштирилишини маъқуллади.
Исроилнинг “Ҳаарец” газетаси А.Перес сўзидан иқтибос келтирар экан: “Ливан армиясининг сустлиги сабаб НАТО кучларининг мамлакатга жойлаштирилишини тўғри”, - деб ëзади.
А.Перес, шунингдек, Ливанга қарши бошланган ҳужумлар давом этишини билдирди. Унинг айтишича, асосий мақсад можарони имкони борича дипломатик йўл билан бартараф этишдир.
Айни пайтда Ливан ташқи ишлар вазири Фаузи Саллуҳ “Ҳизбаллоҳ” томонидан асирга олинган исроиллик ҳарбийларнинг аҳволи яхши эканини маълум қилди. У БМТ ëки учинчи мамлакатга мурожаат қилиб, маҳбуслар алмашинуви бўйича музокаралар бошлашга ëрдам беришни сўради.
“Ҳизбаллоҳ” асирга олинган исроиллик икки ҳарбийни қўйиб юбориш эвазига Исроил қамоқхоналаридан араб маҳбуслари озод этилишини талаб қилмоқда.

Ироқда юз берган учта портлаш оқибатида камида 56 киши ҳалок бўлди.

Биринчи портлаш Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган Садр мавзесидаги бозорда юз берди.
Машинага ўрнатилган портловчи модданинг ишга тушиши оқибатида 33 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳат олди.
Полициянинг билдиришича, Садрдаги портлаш эрталаб одамлар гавжум пайтда содир бўлган.
Бу портлашдан бир неча соат ўтиб шу мавзедаги маҳаллий маъмуриятга қарашли бино олдида иккинчи портлаш юз берди ва 8 киши ҳалок бўлди.
Яна бир портлаш эса Ироқнинг шимолидаги Қиркўк шаҳри суди биноси олдида содир бўлди. Бу портлашдан камида 15 киши ҳалок бўлгани, элликка яқин киши жароҳат олгани, улардан 30 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Сурия ташқи ишлар вазири ўринбосари Файсал ал-Мақтад Дамашқ Исроил ҳамда “Ҳизбаллоҳ” ўртасидаги можарони бартараф этиш мақсадида Вашингтон билан музокаралар ўтказишга тайëрлигини билдирди.

Бироқ АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон Дамашқнинг бу таклифини рад этди.
АҚШ ва Исроил Яқин Шарқда юзага келган можаро масъулияти Суриянинг зиммасида эканини айтиб келмоқда.
Бундан аввалроқ Сурия ҳукумати агар Исроил денгиз пиëдалари Ливан ҳудудига кирса ва Сурияга яқинлашса, у ҳолда Дамашқ ҳам можарога аралашиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Бу ҳақда Сурия алоқа вазири Муҳсин Билол Испаниянинг “ABC” газетасига билдирган. Вазирнинг айтишича, мамлакат ҳарбийлари жанговар тайëргарлик ҳолатига келтирилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил армиясининг ҳаво ҳужуми оқибатида Ливандаги журналлардан бирига ишловчи аëл ҳалок бўлган.
Хавфсизлик хизмати ходимларининг таъкидлашича, “Ал Жарас” журналининг 23 ёшли суратчиси Лайал Нажиб унинг олдида турган таксининг ҳаводан нишонга олиниши оқибатида ўлган.
Л.Нажиб Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасида можаро юзага келганидан буён ҳалок бўлган биринчи журналистдир.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон ҳамда Покистон ўртасидаги газ қувурини Ҳиндистонга қадар узатиш лойиҳаси тўхтаб қолганини маълум қилди.

Гарчи М.Муттақий бунинг сабабларига тўхталмаган бўлса-да, айрим ахборот агентликлари бундай қарор газ нархи билан боғлиқлигини тахмин қилмоқда.
Эрон Ҳиндистон унинг гази учун тўлаши мумкин бўлган нархдан икки баробар қиммат сўрамоқда.
Эрон ва Ҳиндистон ўртасидаги газ қувури 2011 йилда ишга тушиши мўлжалланаëтган эди.

АҚШ ҳарбийлари Ироқда маҳаллий фуқаролардан бирини ўлдирган аскарнинг ҳаракатини оқлади.

Ўтказилган текширувларга кўра, АҚШ ҳарбийси Натан Лин Ғани Аҳмад Забиннинг ëнида қуроли борлигини гумон қилиб, отиб ташлаган.
Натан Лин жорий йилнинг 15 февралида Ироқнинг Рамади шаҳрида ўтказилган рейд вақтида айни шу ҳаракатни содир этгани учун судга тортилган эди.
АҚШ ҳарбийлари матбуот котиби Натан Лин яна хизматга қайтарилганини маълум қилди.

“Ҳьюман Райтс Уотч” ташкилотининг хабар қилишича, 2004 йили Абу Ғрайб қамоқхонаси билан боғлиқ можаролардан сўнг ҳам АҚШ ҳарбийлари маҳбуслар билан қўпол муносабатда бўлишга давом этган.

Ташкилот эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, 2003-2005 йиллар давомида АҚШ ҳарбийлари маҳбусларга нисбатан жисмонан қўпол муносабатда бўлган.

Афғонистон полициясининг маълум қилишича, мамлакат разведка хизмати ходими 33 кг героинни олиб кетаëтган пайтда ушланган.

Полиция бошлиғи Абдул Ваҳоб бу жиноятни содир этган разведка хизмати офицери ўтган ҳафтада қўлга олинганини билдирди.

Ироқнинг собиқ диктатори Саддам Ҳусайн очлик эълон қилганидан 17 кун ўтиб шифохонага ëтқизилди.

Бош прокурор Жаъфар ал-Мусавий Саддамнинг аҳволи беқарорлиги ва у ҳозир махсус мослама ëрдамида озиқлантирилаётганини айтди.
Саддам Ҳусайннинг адвокатлари эса душанба куни ўз ишини давом эттириши кутилаëтган судни бойкот қилишини билдирди.
Бош адвокат Халил Дулаймий ҳимоячиларнинг барча талаблари рад этилгач, адвокатлар жамоаси судда қатнашмаслиги ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган.
Ироқнинг собиқ президенти ва унинг етти сафдоши устидан ўтган йил октябрь ойида суд бошланганидан бери уларнинг уч адвокати ўлдириб кетилди. Шу боис, адвокатлар ўзларининг ҳимояси таъминланишини ҳам талаб қилиб келмоқда.
Саддам Ҳусайн ва сафдошлари 1982 йилда Дужайл қишлоғида шиаларни оммавий қатл қилишда айбланмоқда.

Афғонистон расмийлари НАТО етакчилигидаги кучлар “Толибон” ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинган 19 кишини ўлдирганини маълум қилди.

Ҳилманд вилояти ҳокими ўринбосари Муҳаммад Охунзода Буюк Британия ва Афғонистон ҳарбийлари вилоятдаги толиблар яшириниб олгани гумон қилинаëтган жойларга ҳужумлар уюштирганини билдирди. Ушбу ҳужумлар вақтида покистонлик икки жангари ҳам қўлга олинган.
Афғонистонга оид бошқа хабарда Покистон полицияси расмийси Мунсиф Хон Кобулга 58 маҳбусни топширгани айтилади.
Бу иш Покистонда бир ҳафта муқаддам толибларга алоқадорликда гумон қилинган шахсларни қўлга олиш доирасида ўтказилган амалиëтдан сўнг амалга оширилди. Ушбу операция вақтида афғонистонлик 250 га яқин киши қўлга олинганди. Уларнинг эликка яқини сал ўтиб қўйиб юборилди.

Бугун Россия, Озарбайжон, Беларусия, Қирғизистон, Қозоғистон, Молодова, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилотини ислоҳ этиш масаласини муҳокама этиш учун Москвада учрашдилар.

Ташкилотни ислоҳ этиш режасини тақдим этаётган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, МДҲни ислоҳ этишдан кўзланган асосий мақсад ҳеч бир давлат манфаатига тажовуз қилинмаслигини таъминлаш эканини билдирди. Украина, Грузия ва Арманистон ушбу норасмий анжуманда қатнашмаяпти.

АҚШ президенти Буш радио орқали қилган чиқишида: “Ливандаги можарони ҳал этиш йўлларидан бири Ҳизбуллоҳ ва уни қўллаб қувватлаётган кучлар Сурия ва Эронга қарши чиқиш керак”, - деб айтди.

Унга кўра, Ҳизбуллоҳ Ливаннинг ютуқларини хавф остига қўйиб халқига хиёнат қилди.
АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Ливандаги бўҳронни ҳал этиш юзасидан музокараларни ўтказиш учун якшанба куни Яқин Шарқ бўйлаб сафарини бошлайди.
БМТ, Европа ҳамда Араб дунёси Исроил ва Ҳизбуллоҳни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда. Аммо Кондолиза Райс ўт очишнинг дарҳол тўхтатилиши Ҳизбуллоҳга келажакда АҚШнинг минтақадаги асосий иттифоқчиси бўлмиш Исроилга қарши ҳужумларни қайта бошлашга имкон бериши ҳақидаги фикрни илгари сурди.
Исроил армияси қўмондонининг айтишича, ўн кундан буён давом этаётган ҳарбий амалиётлар натижасида юзга яқин Ҳизбуллоҳ жангариси йўқ қилинди.
Ливан мудофаа вазири эса, Ливан армияси ҳар қандай босқинчилик ҳаракатларга қарши туришга таёр эканини билдирди.
Бугунга қадар Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги жанглар оқибатида асосан тинч аҳолидан иборат камида 345 киши ҳалок бўлди.
Исроил томони ҳозирча 19 аскари ва 15 нафар оддий фуқаросини йўқотди.

Исроил ҳарбий самолётлари Ливан шимоли ва марказида жойлашган икки телерадио узатувчи минорага зарба берди.

Оқибатда Ливандаги етакчи ҳусусий телеканалларнинг намойиши тўхтаб қолди ва телефон алоқаси узилди.
Исроил армияси асосан Ливаннинг жанубий қисмида ўзининг таъбирича, “чекланган ҳужумлар”ни давом эттирмоқда.
Жума кундан буён Исролнинг зирҳли техникаси хамда минглаб аскарлари Ливан билан чегараси яқинига жойлаштирилмоқда. Бир неча минг заҳирадаги аскар ҳарбий хизматга чақарилди.
Аммо Исроил армиясининг матбуот котиби Рейтерс ахборот агентлигига билдиришича, кенг кўламли ҳужумлар яқин вақтда бошланмайди.
Айни пайтда минглаб ливанликлар мамлакат жанубидан қочишга мажбур бўлмоқда.
Ҳизбуллоҳ 22 июл куни Исроил билан чегарасининг шимолий қисми бўйлаб 65 ракетани улоқтирди. Инсон талафотлари ҳақида хабарлар бор. Жума куни Ҳизбуллоҳнинг ракета зарбалари оқибатида 19 киши жароҳатланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG