Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:33

Халқаро хабарлар

Исроил жанубий Ливан аҳолисини ҳудуддан чиқиб кетишга чақирди.

Кузаутвчиларга кўра, яҳудий давлати Ливан жанубида ердан ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Исроил армияси бу ҳақда араб тилидаги матбуот ва маҳаллий расмийлар орқали маълум қилди.
Исроил армияси заҳирадаги юзлаб аскарларни ҳарбий хизматга чақирди.
Ал-Арабий телеканалининг хабар қилишича, Ливан мудофаа вазири Элиас ал-Мурр Ливан армияси ўз ҳудудини ҳар қандай босқинчиликдан ҳимоя қилишга тайёрлигини айтган.
Айни пайтда, Исроилнинг Хайфа шаҳрига учта ракета отгани оқибатида, олти киши жароҳатланди.
Исроил ҳаво қўшинлари ҳам Ливанга ҳужумларни давом эттирмоқда.
Ассошиэйтед Пресснинг хабар қилишича, Исроил учқичлари Ливанни Сурия билан боғловчи асосий йўлни вайрон қилган.
Исроил билан Ҳизбуллоҳ ўртаисдаги тўқнашувларда Исроил-Ливан чегараси яқинидаги БМТга тегишли назорат пунктига ҳам зарба берилган. Талофотлар ҳақида хабарлар йўқ.
Исроил армияси бу воқеада Ҳизбуллоҳни айбламоқда. Лекин, АПга кўра, БМТнинг ўз исмини ошкор этишни истамаган зобити назорат пунктига Исроил артилерияси ўт очганини маълум қилган.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Яқин Шарқда кескинлашиб бораётган вазиятдан ташвиш билдирди.

Райс бу ҳақда Яқин Шарқдан қайтиб келган БМТ музокарачилари билан учрашувда айтди.
БМТнинг музокарачилар гуруҳидаги Вижай Намибиар, Алваро де Сото ва Терье Лоед Ларсен билан Кондолиза Райс учрашувида, давлат котибининг Яқин шарқ масалалри бўйича ёрдамчиси Давид Уэлш ва АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон қатнашди.
АҚШ Давлат котиби Яқин Шарқда барча томонлар барқарорлик, деморкатия ва тинчлик ўрнатилиши тарафдори эканини айтди.
Кондолиза Райснинг яқин кунларда Яқин Шарққа сафар қилиб, бўҳроннинг сиёсий йўллар билан ҳал этилиши борасида музокараларда қатнашиши кутилмоқда.
Айни пайтда, Оқ уй вакилларининг маълум қилишича, келаси жума 28 июл куни Вашингтонда Британия Бош вазири Тони Блэйр ва АҚШ Президенти Жорж Буш ўртасида Яқин Шарқ бўҳрони бўйича учрашув бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ҳукумати Қўшма Штатлар молиялаган яна бир ташкилотни ёпмоқчи.

Ўзбекистон адлия вазирлиги Уинрок Интернейшнл ташкилотини аёллар учун ўқув машғулотларни ўтказиш мақсадида Украина ва Қирғизистондан мутахассисларни таклиф этиб, мамлакат қонунларини бузганликда айбламоқда.
Уинрок Интернейшнл низомига кўра, ушбу нодавлат ташкилоти ўзбекистонлик фермерларга ёрдам бериши кўзда тутилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб ғарб ташкилотларини мамлакатдан ҳайдаган.

Ўзбекистонлик таниқли имом Руҳиддин Фаҳруддинов устидан суд мажлиси 31 июлгача қолдирилди.

Тошкентдаги Хўжа Нуриддин масжидининг собиқ имоми Руҳиддин Фаҳруддинов террорчилик, экстремизм ва конституциявий тузумга тажоввуз қилганликда айбланмоқда.
1998 йилдан бери Ўзбекистон томонидан қидирувда бўлган Фаҳруддинов ўтган йилнинг ноябрида Қозоғистонда саккиз ўзбекистонлик қочқин билан бирга ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинганларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукуматига топширилган. Уларнинг тўрт нафари БМТ қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлигидан сиёсий бошпана истовчилар сифатида рўйҳатдан ўтган.
Шу йилнинг мартида Руҳиддин Фаҳруддиновнинг 6 яшар қизи Ойша Фаҳруддинова зўрланган эди. Фаҳруддиновнинг аёли Муҳайё Исмоилова бу турмуш ўртоғи ишини тергов қилаётган Ўзбекистон миллий хавсизлик хизмати томонидан махсус уюштирилганини таъкидлаган. Озодлик билан суҳбатда Муҳайё Исмоилова турмуш ўртоғини унга қўйилаётган айбларга иқрор бўлишга мажбурлаш учун қизлари Ойшани зўрлаб кетганларини айтган эди.
Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати бу таъкидларни инкор этган.
6 яшар Ойша Фаҳруддиновани зўрлаганликда айбланиб, 16 яшар Ниғматилла Қаландаров ҳибсга олинган ва тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган.

Франция ташқи ишлар вазири Филип Дусте Блази Ливандаги можаро гумманитар ҳалокатга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб, ўз мамлакати бу минтақага сув ва ҳаво орақали ёрдам юбориш ниятида эканини айтди.

Франция расмийси томонларни босиқликка чақирди.
“Биз тинч аҳоли орасида бошқа талофотлар бўлмаслиги ва фуқаровий инфратузилмаларнинг вайрон қилинишига йўл қўймаслик учун барча томонларни иложи борича босиқ бўлишга чақирдик”,
Айни пайтда, БМТ ва Қизил хоч ташкилоти ҳам минтақадаги гуманитар вазият кескинлашаётганидан огоҳлантирди. Бунга йўллар ва кўприкларнинг вайрон этилгани асосий сабаб деб кўрсатилмоқда.
Исроил ҳукумати матбуот вакили Мири Эйсин яҳудий давлати Ливанга сув орқали ёрдам келтирилишига имконият яратиб беришини маълум қилди.
“Ливан бошдан кечираётган қийинчиликларни Исроил эътироф этади. Биз Ливан халқи билан урушаётгаинмиз йўқ. Биз халқаро ҳамжамият томонидан инсонпарварлик ёрдамининг кўрсатилиши тарафдоримиз”, - деди яҳудий вазир.
БМТ ҳисобларига кўра, Исроил Ливанда ҳужумларни бошлагандан бери ярим миллион одам ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
АҚШнинг Анқарадги элчихонасига кўра, америкаликларни Ливандан кўчиришда Туркия ҳудудидан фойдаланилади.
Рейтерсга кўра, транзит ҳудуд сифатида яна бир мамлакат ўз ёрдамини таклиф қилса, бу минглаб қочқинлар оқимини назорат қила олмаётган Қибрисдаги вазиятнинг бироз юмшашига ёрдам бериши мумкин.

Грузия Президенти Михаил Саакашвили мамлакат бош вазири Зураб Ногаиделидан янги ҳукуматни тузишини сўради.

Президент маъмурияти раҳбари Георгий Арвеладзе, Саакашвилининг қарори мамлакат конституциясига тўғри келишини айтди. Конституцияга кўра ҳукумат таркибининг учдан икки қисми алмашса, янги ҳукумат тузилиши лозим.
Ҳозирча ошкор қилинган рўйҳатга кўра, янги ҳукуматда иккита янги вазир бўлади.
Мунозараларни ечиш бўйича давлат вазири Георгий Хаиндраванинг ўрнига ташқи ишлар вазирининг ўринбоасри лавозимини эгаллаб келган Мераб Антадзе тайинанадиган бўлди. Хаиндарава мухбирлар билан мулоқот чоғида истеъфога кетиши ҳақида бундай деди:
“Албатта, бу қарор сабабларини билиши мен учун қизиқ бўлади. Чунки, мен ҳеч қачон, ҳатто бир сония ҳам президент менга берган тинчлик сиёсати йўлидан оғганим йўқ деб ўйлайман, буни алоҳида таъкидламоқчиман”, - деди Грузиянинг собиқ давлат вазири.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазири Георгий Папуашвили ҳам ўз лавозимидан четлатилди.
Грузия матбуотида айтилишича, мамалкат парламенти 25 июл куни янги ҳукумат таркибини тасдиқлаш бўйича овоз беради.

Москвада мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг норасмий саммити бўлиб ўтмоқда.

Бироқ, норасмий саммитга ташкилотга аъзо барча мамлакат раҳбарларининг келиши кутилаётганига қарамасдан, йиғилиш бошланишидан бир неча соат аввал, унга аъзо давлатларнинг баъзилари қатнашмаслиги аниқ бўлди.
Грузия Президенти Михаил Саакашвили Москвадаги учрашувга бормаслигини маълум қилди. Айтилишича, бунга Кремл раҳбарининг Грузиялик ҳамкасби билан учрашишдан бош тортганлиги сабаб бўлган. Аввалроқ хабар қилинганидек, икки президентнинг икки томонлама алоқалардаги қийинчиликарни муҳокама этиш учун учрашиш кутилган эди.
Украина президенти Виктор Юшченко мамлакат ичидаги сиёсий вазият туфайли Москвадаги учрашувга бора олмаслигини айтди.
Арманистон Президенти Роберт Кочарян ҳам, касаллиги туфайли МДҲ саммитига келмади.
Туркманистон Президенти Сапармурат Ниёзовнинг эса, учрашувга келмаслиги аввалдан маълум эди.
МДҲга раислик қилувчи Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев тузилма қийин дамларни бошдан кечираётганини айтди. Қозоқ етакчиси ташкилотни жонлантириш ва аъзолар учун жозибадорлигини ошириш мақсадида МДҲнинг 15 йиллик тўйини Қозоғистонда нишонлашни таклиф қилди.
Москвадаги саммитда саккиз президент қаторида Ўзбекистон раҳабари Ислом Каримов ҳам қатнашмоқда. Президент Каримов саммитда қатнашиш истагини биринчилардан бўлиб билдирган эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг маълум қилишича, 2006 йилнинг биринчи ярмида мамлакатнинг ички ялпи маҳсулоти 6,6 фоизга ошган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, ички ялпи махсулотнинг ўсиши савдо айланмаси, сармоялар ҳамда саноат ишлаб чиқаришнинг ошиши ҳисобига бўлган.
Ўзбекистон ҳукумати берган расмий маълумотлар, одатда халқаро мутахассислар берган баҳолардан фарқ қилади.

Чеченистонда милиция конвойига жанггари деб гумон қилинаётган шахслар ҳужум қилиб икки милиционерни ўлдирган.

Ҳужум қилганлар қурол-яроқ, ҳужжатлар ва автомобилни олиб кетган.
Ички ишлар вазирлигига кўра, 10-15 кишидан иборат бўлган жанггарилар гуруҳи Даи қишлоғи яқинида милиция конвойини тўхтатган. Улар конвойдаги икки милиционерни қўйиб юборган, бироқ вазирликнинг тергов бўлимида ишлайдиаган иккисини ўлдирган.
Тергов-қидирув ишлари натижасида ўғирлаб кетилган автомашина топилган.

Расмий Берлин Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот 19 июл Германия Канцлери Ангела Меркелга йўллаган мактубидаги баъзи фикрларни қабул қилмаслигини таъкидламоқда.

Меркелга йўллаган мактубидаги баъзи фикрларни қабул қилмаслигини таъкидламоқда. Меркелнинг матбуот котиби Улрих Вилгелмнинг маълум қилишича, Исроил ва унинг мавжуд бўлиш ҳуқуқи ҳамда Холокостга оид фикрлар қабул қилинмайди.
Аҳмадийнажот Холокостни инкор этган ва Исроилни жахон харитасидан ўчиришга чақирган.
Вилгелм шунингдек, Эрон президентининг мактубида Теҳрон ядровий дастурига оид фикрлар йўқлигини ҳам қайд этди.
Айни пайтда, Эрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадийнажот 24-25 июл кунлари Туркманистонга сафар қилишни режаламоқда. Туркманистонга қилаётган биринчи сафари давомида Аҳмадийнажот туркманистонлик ҳамкасби билан икки томонлама иқтисодий муносабатларни муҳокама қилади.
Эрон Туркманистондан газ ва бошқа махсулотларни экспорт қилишда Россиядан кейин иккинчи ўрин эгаллаши айтилмоқда.
Теҳрон туркман гази экспортини оширишга қизиқиш билдирмоқда.

Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари бугун Бақубада ўтказилган ҳарбий амалиётларда беш нафар тинч аҳоли, жумладан икки аёл ва бир бола ҳалок бўлганини эътироф этди.

Америка ҳарбийлари тарқатган баёнотда, АҚШ қўшинлари Ал-Қайдага алоқадор террорчиларга қарши жанг қилаётганда, тинч аҳолидан қурбонлар бўлганидан афсусда эканликлари айтилади.
Шунингдек, амалиётда яна 23 киши, жумладан аёллар ва болалар жароҳатлангани айтилади.
Ироқ армиясининг маълум қилишича эса, Маҳмудия шаҳридаги тўқнашувларда 18 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари Ироқ аскари, уч нафари полициячи ва 11 нафари жанггарилар бўлгани айтилмоқда.
Айни пайтда, тугаётган ҳафтада зўравонликлар авж олгани боис, жума куни Бағдодда кундузги коммендантлик соатлари узайтирилди.
Ўтган ҳафтадаги зўравонликлар оқибатида Бағдодда 120 киши ҳалок бўлган.

Ҳиндистон полицияси Бомбейдаги поезд портлашаларига алоқадорликда гумон қилинган уч кишини ҳисбга олган.

Шу ойнинг бошида содир этилган портлашларда 180 киши ҳалок бўлган эди.
Полицияга кўра, ҳисбга олинганлар сўроқ қилинмоқда.
Айни пайтда, Ҳиндистон Покистоннинг портлашлар юзасидан тергов ишларида ёрдам бериш таклифини рад этган. Ҳиндистон расмийлари берган баёнотда айтилишича, Исломобод шу пайтгача ўз ҳудудидаги террорчи такшилотларига қарши ҳеч қандай чора кўрмагани айтилади.


* * * * * * * * * *




Исроил Ливан ичкарисида Ҳизбуллоҳ гуруҳи билан кечган жангда икки исроиллик аскар ҳалок бўлгани ва бир қанчаси жароҳатланганини тасдиқлади.

Шунингдек, бугун эрталаб Ливан чегарасида Исроилнинг "Апачи" русумидаги икки ҳарбий вертолети тўқнашган. Ушбу ходисада камида беш исроиллик яраланган. Ҳалокат Ливан чегарасидан 10 чақирим узоқликдаги Рамат-Нафтали шаҳри осмонида рўй берди. Ливан жанубидаги Маруан ар-Рас минтақасида Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида кечган шиддатли жангларда Ҳизбуллоҳ тарафидан қурбонлар бўлган.
Айни пайтда Ҳизбуллоҳ лидери Хасан Насруллоҳ Байрут яқинида Исроил амалга оширган кўламли бомбалаш оқибатида гуруҳ раҳбарияти талафот кўрмаганини билдирди. Чоршанба куни Исроил авиацияси Ҳизбуллоҳ етакчиси яширинган деб гумон қилинган Байрут яқинидаги бункерга 23 тонналик бомба ташлаган эди.

Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Москва хокими Юрий Лужков бошчилигидаги Россия делегациясининг Абхазияга ташрифини ноқонуний деб атади.

Грузия расмийларига кўра, делегация Тбилиси ҳукумати билан келишмасдан Абхазияга борган ва Лужков ҳамда Абхазия раҳбарияти ўртасида имзоланган барча ҳужжатлар юридик кучи йўқ. Москва хокимининг Сухумида қилган баёнотини ҳам Тбилиси расмийлари "провокация" деб атади. Жаноб Лужков тан олинмаган республика етакчиси Сергей Багапш билан учрашув пайти Москва Абхазия билан мустақил давлат билан сингари ҳамкорлик қилади, деб айтган.

Москвада бугун ва эртага Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммити бўлиб ўтади.

Россия президенти Владимир Путин ташаббусига кўра ўтказилаётган ушбу учрашувда МДҲни ислоҳ қилиш масаласи мухокамалар марказида бўлади. Шунингдек, ташкилотнинг куз ойларида бўладиган саммити билан боғлиқ айрим масалалар мухокама этилади. Россия ахборот агентликларига кўра, саммитда Владимир Путиннинг МДҲ етакчиларига "катта саккизлик"нинг Санкт Петербургда ўтган саммити якунлари бўйича ҳисобот бериши кутилмоқда.
Айни пайтда Москвада ўтажак ушбу саммит пайти Грузия президенти Михаил Саакашвилининг Россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан яккама-якка учрашиши ва Россия тинчликпарвар кучларининг Обхазия ва Осетиядан олиб чиқилишини мухокама этиши кутилмоқда. Ушбу хафта Грузия парламенти Россия кучларининг ушбу худуддан олиб чиқилишини ёқлаб овоз берган эди. Жаноб Саакашвили унинг ҳукумати бу борадаги тўла тўкис қарорни Путин билан маслаҳатлашувдан сўнг беришини айтган.

БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Ливанда бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлаётганини айтиб томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқишида жаноб Аннан муросага эришиш қийин, лекин низони дипломатик бартараф этишнинг шундан бошқа йўли йўқ, деб айтди. Исроилнинг БМТдаги вакили Дан Гиллерман Аннаннинг бу чақириқларини рад этди, аммо Ливанга гуманитар ёрдамлар етказилишига рухсат берди. Исроил матбуотига кўра, Ливанга гуманитар ёрдамларни олиб келишда Франция асосий ролни ўйнайди ва бу билан боғлиқ барча юклар Ливанга Қибрис орқали олиб ўтилади.

Жорий хафта бошида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ҳибсга олинган олти ўзбек орасида "Акромия" оқими асосчиси дейилаётган Акром Йўлдошевнинг қизи ҳам бўлган.

21 яшар Гулмира Мақсутова Ўшда эмизикли боласи ва синглиси билан бир неча ойдан буён яшаб келган. Мақсутованинг хибсга олингани ҳақида унинг Германияда, қочқинликда яшаётган эри Омонулло Мақсудов ҳам хабар топган ва Ўзбекистонга бориш ниятидан қайтган.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йил 13 май кунги Андижон воқеаларида Акрамия деб айтилаётган гуруҳ ва унинг йўлбошчиси Акрам Йўлдошевни айблаб келади. Акрам Йўлдошев 1999 йилда аксил конституциявий фаолиятда айбланиб, 17 йилга махкум этилган.

Халқаро коалиция кучларининг шу ой бошларида Афғонистоннинг Ўрузгон вилоятида амалга оширган ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли орасидан 10 киши нобуд бўлган.

Афғонистон ҳукуматининг ходиса юзасидан ўтказган текширувлари шуни кўрсатмоқда. Текширув давомида, шунингдек, бомбардимонлар оқибатида 30га яқин одамнинг жароҳат олгани ҳам маълум бўлди. Аввалроқ, коалиция кучлари Ўрузгонда амалга оширган ҳаво зарбалари оқибатида таҳминан 40 жанггари нобуд қилингани айтилган эди.

Қозоғистоннинг Актобе шаҳри ички ишлар идораси қулликда ушлаб турилган ўн уч нафар Ўзбекистон фуқароси озод этилганини маълум қилган.

Актобе ички ишлар идораси тарқатган хабарга кўра, олти эркак, олти аёл ва бир балоғатга етмаган қиз маҳаллий ҳаммом эгалари томонидан куч билан ушлаб турилган ва оғир меҳнатга мажбур этилганлар. Хабарда Ўзбекистон фуқароларининг доимий равишда калтакланганлари ва зўрлангани айтилади.

Ўзбекистонда Мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Толиб Ёқубов ғойиб бўлган.

Оила аъзолари ва яқинлари уни 16 июлдан бери кўришмаган. Шу йилнинг 15 июлида Толиб Ёқубов Жиззах шаҳар милиция бўлимига ўзи айбланувчи сифатида иштирок этаётган жиноий иш бўйича кўрсатмалар бериш учун келиши керак эди. Аммо, ҳуқуқ ҳимоячисининг қизи Наргиза Ёқубовага кўра, отаси хибсга олинишидан қўрқиб милиция бўлимига бормаган. Эртаси куни отаси унга қўнғироқ қилиб, Тошкентдаги хонадонида экани ва милиция уни хибсга олиш учун келганини билдирган.
Ўзбекистонда сўнгги бир йил ичида ўнлаб инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкент ҳукумати олиб бораётган кампания доирасида таъқиб-тазйиқларга учради.

Ўзбекистонда жосуслик билан шуғуллангани гумон этилаётган тожик фуқароси қўлга олинган.

Ўзбекистон Милли хавфсизлик ҳизмати тарафидан хибсга олинган Фурқат Туйгунов Тожикистон хавфсизлик вазирлиги уни Ўзбекистонда жосуслик билан шуғулланиш ва муаян шахсларни ўлдириш учун ёллаганини айтган. Ҳозирча бу ҳақда шундан ортиқ маълумот берилмаяпти. Ўтган ой Ўзбекистонда жосуслик билан шуғулланганлик ва суиқасд ҳамда террор ҳужумларини амалга оширишга уринганликда гумон этилиб бошқа бир тожик фуқароси қўлга олинган эди. Ўз навбатида Тожикистон суди ўтган ой икки ўзбек фуқаросини жосусликда айблаб ҳар бирини 13 йилга озодликдан махрум этган эди.

Халқаро футбол федерацияси Франция ва Италия терма жамоалари футболчилари ўртасида жаҳон чемпионатида чиққан низо юзасидан қарор қабул қилди.

Зайниддин Зидан ва Марко Матерацци финал ўйинида жанжаллашиб қолган эди. ФИФА қарорига кўра, Матераццига калла қўйган Зидан энди 6 минг доллар жарима тўлаши ва учта ўйинда иштирок этмаслиги керак.
Зиданни жанжалга тортган Матерацци эса 4 минг доллар жарима тўлаши ва иккита ўйинда ўйнамаслиги керак.
”Ҳар икки футболчи ўз баёнотларида финал ўйинида рўй берган холат юзасидан афсусланиш изхор этишди, ҳам Халқаро Футбол Федерацияси ҳам футбол жамоатчилигидан кечирим сўрашди”, - деди FIFA матбуот вакили Андреас Херрен.
Ҳар икки ўйинчи низога Матераццининг сўзлари сабаб бўлганини тан олди, бироқ, унинг сўзлари ирқчилик маъносида бўлмагани айтди.

АҚШ ҳукумати Саудия Арабистонига 6 миллиард долларлик қурол-аслаҳа етказиб бериш режасини тасдиқлаган.

Пентагон расмийларига кўра, бу ерда гап 24та "Блэк хок" русумидаги ҳарбий вертолет, еттиюздан зиёд зирхли машина, шунингдек, радиоалоқа, тунда кўриш ускуналари ҳамда бошқа ҳарбий анжомлар ҳақида бормоқда. Ушбу режани АҚШ Конгресси тасдиқлаши керак.

Исроил ҳарбийлари “Хизбуллоҳ” гуруҳи жанггарилари билан Ливан чегарасида кучли жанг ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Чоршанба куни Исроил қўшинлари Ливанга кириб борди. Улар Исроилга қарата ракета ҳужумини содир этаётган жанггари гуруҳ базасини топиш мақсадида. Ўтган тунда Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Байрут жанубига ҳужум қилди. У ерда “Хизбуллоҳ” етакчилари яширингани тахмин қилинган эди.
Гуруҳ вакилларидан бири эса ҳаво ҳужумидан сўнг шундай баёнот берди:
”Хизбуллоҳ гуруҳи ўз етакчиларидан бирортасига Исроил ҳаво ҳужуми чоғида талофот етгани ҳақида маълумотни мутлақо рад этади”.

Ливан бош вазири Фуад Синиора эса томонларни яна бир бор сулҳга чақирди. У берган маълумотга кўра, сўнгги саккиз кун ичида Ливанда 300 дан ортиқ одам қурбон бўлган. Ярим миллионга яқин аҳоли эса мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бугун маълум бўлишича, 18 июл куни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида ҳибсга олинган ўзбеклар орасида “Акромийлар” гуруҳи етакчиси деб айбланган, Акромжон Йўлдошевнинг қизи Гулмира Мақсудова ҳам бор.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўш шаҳрида паспорт режими жорий этилган ва дастлабки куниёқ Ўзбекистоннинг беш фуқароси қўлга олинган эди.
Ҳозир маълум бўлишча улар беш эмас, балки олти нафар бўлган ва улардан бири Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган Акромжон Йўлдошевнинг қизи бўлиб чиқди.
Ўшдаги мухбиримиз Абдуллоҳ Эргаш хабарига кўра, Гулмира Мақсудова ҳозир Ўшдаги вақтинчалик тергов изоляторида сақланмоқда.
Айрим манбаларда айтилишича, Ўшда қўлга олинган олти нафар ўзбекистонлик 2005 йил 13 май кунги Андижон исёнида иштирок этишда айбланиб, ўзбек махсус хизмати томонидан қидирилаётган фуқаролар бўлиб чиқди.
Қирғизистон ҳукумати уларни мамлакатда ноқонуний юрганлик, ноқонуний паспортлардан фойдаланганлик ва ўқ-дори сақлашда айбламоқда.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG