Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 23:06

Халқаро янгиликлар

Америка байроғини АҚШ ҳудуда ëқиш холатини қонунсиз¸ деб аташ юзасидан Сенатга киргизилган таклиф қабул қилинмади.

АҚШ конституциясига бу юзадан ўзгартиш киритиш таклифи билан Президент Жорж Буш қўлловидаги республикачилар чиққан эди.
Бу ўзгартиш фуқароларнинг фикрлаш ва ўзини ифода қилиш эркинлигига зиддир – дейишди бу таклифга қарши чиққан депутатлар.

Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида кенг кўламдаги ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Бугун тонгда энг камида икки кўприк ва электростанция портлатилганидан сўнг Исроил аскарлари Фаластин ҳудудига кирди.
Зирҳли техника ҳимоясида олиб борилаëтган бу кенг кўламли хужумдан мақсад – якшанба куни Фаластин жанггарилари асирга олган Исроил аскарини топишга қаратилган.
Исроил мудофаа вазирлиги вакили гапиради:
"Биз Фаластин мухториятига ва террорчи ташкилотларга жиддий ишора қилишга уринмоқдамиз. Биз ҳарбий амалиëтларни давом қилдиришимиз мумкин¸ аммо муаммо ечимидан умидвормиз. Исроил аскарининг эсон-омон уйига қайтарилишини истаймиз.
Акс ҳолда биз бугунги услублар билан ҳаракатни давом эттираверамиз."

Кобулда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашди.

Бундан олдин Райс Покистонга ташриф буюрган эди. Ташрифдан мақсад Афғонистон ва Покистоннинг толиблар ва Ал-Қайдага қарши курашини мувофиқлаштиришдан иборат.
АҚШ давлат котиби Райс гапиради.
"Бугун Афғонистон учун ва Покистон учун ҳам машаққатли кунлардир.
Толиблар ҳар иккала мамлакатга хужум қилишмоқда. Менимча ҳар иккала мамлакат бу тажовузларга қарши мужодала қилиш фикрида якдилдир."

Москва вилоятининг Калуга катта йўлида кетаëтган йўловчи автобуси ағдарилди.

Дастлабки маълумотларга кўра¸ автобус ҳалокати оқибатида олти киши ҳалок бўлган ва 16 киши жароҳатланган.
Москвадан Козелскка кетаëтган автобус ичида 46 йўловчи бўлган.
Ҳайдовчининг рулда ухлаб қолгани ҳалокат сабабларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Автобуснинг носоз бўлгани ҳақида ҳам тахминлар бор.

Россиянинг Брянск туманида СУ-25 қирувчи учқичи ҳалокатга учради.

Учувчи ҳалок бўлди.
Маълумотларга кўра¸ учқич ўрмон ҳудудига қулаган.
Бошқа тафсилотлар ҳозирча номаълум.

Фатҳ ва Ҳамас гуруҳлари расмийлари, икки рақиб партиянинг Исроил давлатини тан олвучи сиёсий келишувга эришганни маълум қилди.

Фатҳ расмийсининг маълум қилишича мазкур келишувнинг бугун расман эълон қилиниши кутилмоқда. Айтилаётган ҳужжатда Исроил билан чегарадош бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш кўзда тутилади.
Оқ уй матбуот вакили Тони Сноу Вашингтон мазкур янгликни, у ҳақда расмий баёнот эълон қилингандагина изоҳлашини маълум қилди.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бундан аввал эълон қилган таклифга кўра, Исроил икки томон ўртасида 1967 йилгача бўлган чегарани тан олса ва барча қочқинларга ўз жойларига қайтишга имкон берса, Исроил давлати тан олиниши айтилади.
Айни пайтда, Ғазода амалга оширилган портлашда бир киши ҳалок бўлгани ва икки одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.
Портлашга нима сабаб бўлгани ноаниқ қолмоқда. Исроил ҳарбийлари ўзларининг портлашга алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Кеча Ғазода бир яҳудий аскари ўғирлаб кетилганидан кейин Исроил Ғазога нисбатан ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилаётган эди.

Россия тўрт нафар дипломатининг Ироқда ўлдирилганини муҳокама қилиш мақсадида, БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисни ўтказишга чақирмоқда.

Россия ахборот агентликлари мазкур учрашув ўтказилиши ҳақида хабар қилмоқда.
БМТ дипломатларнинг ўлдирилишини қоралади. Ташкилот бош котиби Кофи Аннан мазкур қотиллик “қабих” ва уни оқлаб бўлмайди, деб баёнот берди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ироқдаги Россия элчихонаси 4 ходимининг ўлдирилиши “террорнинг қабихлигига” яна бир далил, деди. Қотилларни топиб жавобгарликка тортиш коалицион қўшинлар ва Ироқ ҳукуматининг вазифаси, дея қўшимча қилди Россиянинг бош дипломати.
Россия парламентининг ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Константин Косачёв Ироқдаги Россия элчихонаси ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча воситалар ишга солиндими йўқми савол остида қолмоқда, деди.
Давлат думасининг чоршанба куни мазкур масала юзасидан декларация қабул қилиши кутилмоқда.
3 июн куни Бағдодда ўғирлаб кетилган тўрт россияликнинг ўлдирилиши учун масъулиятини Ал-Қайдага алоқадор гуруҳ ўз зиммасига олди. Россия элчихонасининг яна бир ходими ўша кунги воқеада ҳалок бўлган эди.
Гаровгирлар Россия ҳукуматидан ўз армиясини Чеченистондан олиб чиқиш ва қамоқлардаги барча мусулмонларни озод этишни талаб қилган.

Европа Иттифоқининг адлия ва ички ишлар бўйича комиссари АҚШ марказий разведка бошқармасининг Европада аксил террор операцияларини яширинча амалга оширганига оид хабарлар юзасидан жиддийроқ текширув ўтказишга чақирди.

Европа Иттифоқи расмийси Франко Фраттини Европа кенгаши бу борада эълон қилган ҳисоботи буни тақазо этишини таъкидлади. Мазкур ҳисоботда айтилишича, Европанинг 14 мамлакати, халқаро қонунларга зид равишда, Қўшма Штатлар разведка хизматига ўз ҳудудлари орқали самолётларнинг яширин тарзда учиб ўтиши ва бу мамлакатларда яширин ҳибсхоналарни ташкил этишга имкон берган.
Ҳисоботнинг асосий муаллифи швейцариялик сенатор Дик Марти Европа келажакда бу ходисанинг қайтарилишига йўл қўймаслиги керак, деди.
“Бугун, асосий масала мазкур ҳолатни қоралашда эмас ва резолюция бунга қаратилмаган. Асосий масала, бу ходисанинг Европада бошқа қайтарилмаслигини исташимиз ва айниқса, террорчиликка қарши курашиш журъатидан қайтмаганимизни айтмоқчилигимизда. Бироқ бунинг учун, охир оқибатда, террорчилар ҳаракатларининг оқланишига сабаб бўлувчи воситалар эмас, қонуний воситалардан фойдаланишни истаймиз. Террорчилар қадриятларимиз ва жамиятларимизни йўқ қилишни мақсад қилган. Ўзимиз ҳам ўз қадряитларимизни оёқ ости қилмайлик”, - деди Европа парламенти депутати.
Қўшма Штатлар террорчиликда гумон қилинганларни қийнаганлик ёки уларга ноинсоний муносабатда бўлганлик айбловларини рад этди.

Россия Президенти Владимир Путин ўз мамлакатининг ядровий қуролларни тарқатмаслик муаммосига оид ультиматумларга қўшилмаслигини таъкидлади.

Қўшма Штатларнинг Эронга босим ўтказаётганига ишора қилиб, бундай ультиматумлар фақатгина вазиятни боши берк кўчага олиб кириб қўяди ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг обрўсига путур етказади, деди Путин.
Бугун Москвада дипломатлар билан ўтказган учршувида Путин Россиянинг халқаро сиёсатдаги ролини ошириш масаласида ҳам тўхталди.
Хусусан, Кремл раҳбари Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлик ва ўзаро ҳурматга асосланиши керак, деди.
Путин шунингдек, собиқ иттифоқ республикалари билан муносабатлар прагматик бўлиши ва бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланиши лозимлигини таъкидлади.
Минтақавий мунозаралар, Косово масаласими ёки Грузия ва Молдованинг айирмачи минтақалари бўладими, универсал тамойилларга кўра ҳал этилиши кераклигини ҳам қўшимча қилди Россия президенти.

Британия мудофаа вазирлиги бугун Афғонистонда икки инглиз аскари ҳалок бўлганини маълум қилди.

Вазирлик матбуот вакилига кўра, Британия аскарлари Ҳелманд вилоятининг Сангин водийсида рўй берган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган.
Кейинги пайтларда Сангин водийсида толибон жанггарилар фаоллашиб қолгани кузатилмоқда.
Жорий ой давомида Ҳелман вилоятида уч британия аскари ҳалок бўлди.
Афғонистонда 5 мингдан ортиқ Британия аскари бўлиб, уларнинг 2 мингга яқини Ҳелманд вилоятига ташланган.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ироққа ёрдам кўрсатиш бўйича агентлиги сўнгги пайтларда мамлакат бўйлаб зўравонликларнинг авжига чиқаётгани ҳамда ироқликларнинг ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётганидан хавотир билдирди.

БМТ агентлигига кўра, охирги тўрт ой мобайнида мазхаблар аро зўравонликлар оқибатида 150 мингга яқин аҳоли ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Ироқнинг қочқинлар ва миграция масалалари бўйича вазирлиги тўрт ой ичида мазхаблар аро зўравонлик оқибатида ўз жойларидан кетиб қолган кишилар сони 13 минг кишини ташкил этишини маълум қилди.
БМТнинг айтишича эса, Ироқнинг ичида, жаъми мамлакат аҳолисининг 5 фоизи, яъни 1,3 миллионга яқин одам ўз жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

ҲРУ ташкилоти Туркманистонда ҳибсга олинган Озодлик мухбири ва ҳуқуқ ҳимоячилари тақдири хусусида хавотир билдирди.

Ташкилотнинг Москва ваколатхонаси раҳбари Аллисон Гил бу одамларнинг ҳибсга олиниши Туркманистонда эпидемия тусини олган репрессияларнинг яна бир кўриниши ва ҳукуматнинг ўзгача фикрловчилар овозини ўчиришга уриниш, дея баҳолади.
“Бу хақларо қонунларнинг бузилишидир. Ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналист ҳамда уларнинг яқинлари қийноқларга солиниши мумкинлигидан хавотирдамиз. Уларга ўз яқинлари ва адвокатлар билан учрашиш имкони берилмаяпти. Мазкур вазиятда улар қийноққа солинишлари мумкин, чунки улар милиция ходимларидан ташқари ҳеч кимни кўрмайди”, - деди ҲРУ вакили.
Ҳисбга олинганлар орасида Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси инсон ҳуқуқлари ташкилотининг аъзолари Аннақурбон Омонқиличев ва Елена Овезова ҳамда Озодлик мухбири Оғулсапар Муродова ва унинг уч нафар катта ёшдаги фарзандлари бор. Бундан ташқари, Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси раисининг қайноғаси Сапардурди Хожиев ҳам ҳибсга олинган.

Ҳюман райтс уотч ташкилоти расмий Теҳронни 10 нафар келиб чиқиши араб бўлган Эрон фуқароалри устидан қайтадан суд ўтказишга чақирди.

Айтилаётган 10 нафар Эрон араблари давлатга қарши фитна уюштирганликда айбдор деб топилган.
ҲРУ баёнотида айтилишича судланувчилар Хузистон вилоятида ўтказилган ёпиқ судларда ҳукм қилинган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг таъкидлашича, мазкур судловлар адолатсиз бўлган ва айбланувчилар қайтадан, халқаро меъёрларга мос келувчи маҳкамаларда судланиши лозим.
Ўтган бир йил давомида, Хузистон вилоятида эронлик араблар орасида норозиликлар ошиб бормоқда. Эрон жанубидаги бу вилоятда 2 миллионга яқин этник араблар истиқомат қилади.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс бугун Покистон пойтахти Исломободга борди.

Исломободдаги музокараларда Райснинг Покистон расмийларини Афғонистон билан террорчиликка қарши курашда ҳаморлик қилишга чақириши кутилмоқда. Райс чоршанба куни Афғонистонга боришини маълум қилди. Кобулдаги учрашувларда сўнгги кунларда авжига чиқаётган зўравонликни бартараф этиш масаласи муҳокама этилади.

Киев марказида 20 мингга яқин киши газ ва электр нархларииннг кўтарилишига қарши норозилик намойиши ўтказди.

Касаба уюшмалари томонидан уюштирилган намойиш иштирокчилари ҳукуматдан нархларнинг ошишини тўхтатишни талаб қилди. Намойишчилар тинч тарзда тарқалиб кетдилар.
Украина ҳукумати газ ва электр нарҳлари йилнинг охиригача яна ошиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ироқ парламентида шу ҳафта ичида бош вазир Нурий ал-Маликий томонидан тақдим этилган миллий сулҳ режаси муҳокамаси бошланиши кутилмоқда.

Сулҳ сиёсий жараёнлар ва мамлакатда барқарорлик ўрнатишга тайёр бўлган кучларнинг барчасига таклиф қилинмоқда. Исёнчиларга эса амнистия қўллаш кўзланяпти. Бироқ қотиллик ва террорчилик ҳаракати содир этганлар бундан мустаснодир.
АҚШнинг Ироқдаги элчиси Залмай Халилзод ҳам исёнчиларни қуролни ташлаш ва демократик жараёнларга қўшилишга чақирди.

Mercer Human Resources Consulting тадқиқотлар маркази Москва дунёдаги қиммат шаҳар, деган тўхтамга келди.

Москва бу борада Токио ва Лондондан ҳам илгарилаб кетди. Парагвай пойтахти Асунсьон эса яшаш энг арзон шаҳар, деб топилди.
Кундалик турмуш учун сарф-харажатлар даражаси ҳар йили дунёнинг 144 йирик шаҳрида ўрганиб борилади. Бундан эса, энг аввало, йирик корпорацияларга дунёнинг турли мамлакатларидаги бўлимлари ходимлари маошини ҳисоблашда ёрдам бериш мақсад қилинган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ироқдаги жангари гуруҳлар томонидан Интернетга қўйилган, россиялик дипломатларнинг қатл қилиниши тасвирлангани айтилаётган видеоёзувнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдирди.

У бу видеоёзувга таяниб, дипломатларнинг ўлдирилишига ишонишга ҳали эрта эканини таъкидлади.
Айни пайтда видеоёзув экспертлар томонидан ўрганилмоқда.
Россиянинг Ироқдаги элчихонаси тўрт ходими 3 июнь куни Бағдод шаҳрида ўғирлаб кетилган эди. Уларни ўғирлаган террорчи гуруҳ гаровга олинганларнинг озод этилиши эвазига Россиядан Чеченистондаги қўшинларини олиб чиқиш ва қамоқдаги мусулмон маҳбусларни озод қилишни сўраган.

Покистонда толибларни қўлловчи қуролли гуруҳлар жанг ҳаракатларини бир ойга тўхтатиши тўғрисида баёнот берди.

Уларнинг етакчиси Абдулла Фарҳоднинг маълум қилишича, бу ҳаракат етакчиларига ҳукумат билан музокаралар бошлаш имконини беради.
Сўнгги йил давомида Покистон ҳарбийлари билан Шимолий Вазиристон вилоятида рўй берган тўқнашувлар туфайли қуролли гуруҳларнинг 300 аъзоси ўлдирилган. Улар орасида “Ал-Қоида”нинг бир неча жангчиси борлиги ҳам айтилмоқда.
Қўшни Афғонистонда эса коалиция қўшинлари толибларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда. Сўнгги кунлар ичида бу ерда 80 дан зиёд жангари ўлдирилди.

Исроил Ғазо минтақаси билан чегарада Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан ҳибсга олинган яҳудий аскарининг озод этилишини талаб қилди, акс ҳолда уларга кучли жавоб зарбаси берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Кеча Исроилнинг чегарадаги назорат пунктига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни расмий Тел-Авив Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати бошқараётган ҳукумати зиммасига юклади. Ҳужум пайтида юзага келган отишма чоғида исроиллик икки ҳарбий ва уч фаластинлик ўлдирилган.
Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос содир бўлган ҳодиса юзасидан афсус билдирди ва халқаро жамоатчиликни Исроилнинг жавоб ҳужуми уюштиришига йўл қўймасликка чақирди.

Россия юртига қайтишни истаган хориждаги ватандошлар харажатларини қоплашга тайёрлигини билдирди.

Президент Владимир Путин шу ҳақдаги фармонни имзолади.
Айни ҳужжатга кўра, бу йил мамлакат федерал бюджетидан хорижда яшаётган ватандошлар учун 320 миллион россия рубли миқдорида пул ажратилади. Бу маблағ илмий, бадиий адабиёт ва маълумотномаларни сотиб олиш ҳамда уларни хорижга жўнатишга сарфланади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, МДҲ ва Болтиқбўйида яшаётган рус диаспораси вакиллари сони 30 миллион кишига яқинлашади.

26 июнь - Наркотик моддаларга қарши кураш халқаро куни муносабати билан БМТ навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

БМТнинг гиёҳвандлик моддалари савдоси ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, саъй-ҳаракатларга қарамай, Европа ҳудудида кокаин моддасининг истеъмол қилиниши анча кўпайган.
“Европа давлатлари ҳукуматлари кокаин муаммосига етарли эътибор қаратмаяпти. Улар АҚШ фожеасидан керакли хулоса чиқармагани яққол кўриниб турибди. Кокаин истеъмол қилиш, айниқса, ёшлар ва ўрта синф вакиллари ўртасида кенгаяпти. Бу жамиятдаги деярли нормал ҳолатга айланган”, - деди бошқарма раҳбари Антонио Мариа Коста.
Унинг сўзларига кўра, наша етиштирилиши жиддий муаммолигича қолмоқда. Жиноий гуруҳлар бу гиёҳвандлик моддасини топиш ва Европа Иттифоқига олиб келишнинг янги йўлларини қидириб топмоқда.
Ўзбекистонда ҳам шу сана муносабати билан расмий тадбирлар ўтказилиб, 700 килограммга яқин наркотик модда йўқ қилинди.
“Франс-пресс” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақуловга таяниб хабар қилишича, бу гиёҳвандлик моддалари унинг савдоси билан шуғулланувчи жиноятчиларни қўлга олиш чоғида мусодара қилинган ва суд жараёнида ашёвий далил сифатида фойдаланилган.
Шунингдек, О.Тўрақуловнинг айтишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтган йил давомида 1222 килограмм гиёҳвандлик моддасини қўлга туширган. 1994 йилдан буён эса Ўзбекистонда жами 38 тонна наркотик йўқ қилинган.

БМТнинг Нью-Йоркда бошланган анжуманида беш йил муқаддам қабул қилинган енгил қуроллар, жумладан, пистолет ва автоматлар ноқонуний савдосига қарши кураш дастури натижаси муҳокама этилади.

Анжуманга Шри-Ланканинг БМТдаги вакили Прасад Кариявас раислик қилмоқда.
“Бу йилги анжуман, биринчи навбатда ва умуман, ноқонуний қуролланишни тўхтатиш масаласи билан шуғулланади. Бу кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Яхши маълумки, 1990 йилларда дунёда рўй берган 49 та йирик низонинг 47 тасида енгил қурол қўлланилган. Кўплаб можаролар ана шу қуролларни ноқонуний йўл билан осонгина қўлга киритиш эҳтимолини кучайтиради”, - деди П.Кариявас.
Хитой, Россия ва АҚШ енгил қурол ишлаб чиқарувчи йирик давлатлар бўлиб қолмоқда.

“Ал-Қоида” террорчилик ҳаракатининг Ироқдаги гуруҳи бир неча кун муқаддам ўғирлаб кетилган Россиянинг Бағдоддаги элчихонаси тўрт дипломати қатл қилингани ҳақида баёнот тарқатди.

Маълум бўлишича, бу баёнот қуролли гуруҳларнинг Интернетдаги сайтида суратлар билан чоп этилган.
Ҳозирча бу баёнот қанчалик рост, агар рост бўлса, дипломатлар қаерда ўлдирилган ва бошқа шу каби саволларга жавоб йўқ, яъни тафсилотлар номаълум.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий зўравонлик қилишни тўхтатишга тайёр исёнчиларга амнистия қўллашни таклиф қилди.

Парламентда миллий сулҳ режасини тақдим этган ал-Маликийнинг баён қилишича, бу таклиф исёнчиларни муросага чақириши мумкин.
“Бироқ, шунга қарамай, зўравонликни давом эттирадиганлар қонун олдида жавоб беради”, - деди Ироқ бош вазири.
Унинг айтишича, бу амнистия қотиллик ва террорчилик ҳаракати содир этганларга нисбатан қўлланмайди.
“Умид қиламанки, бу дастур, бир томондан, ҳозир мамлакатимиз ва унинг аҳли тушиб қолган оғир вазиятдан чиқиш имконини беради. Иккинчи томондан, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи яхшиланишига хизмат қилади”, - деди ал-Маликий.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG