Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 16:12

Халқаро янгиликлар

Хитойда Билис довули қурбонлари сони 190га етган.

120 киши бедарак йўқолган. Хитойнинг расмий "Ксинхуа" ахборот агентлигига кўра, табиий офат мамлакатнинг жунуб шарқий худудларига зиён келтирган.

Индонезиянинг Ява оролида рўй берган цунами қурбонлари сони юздан ортди.

Табиий офат оқибатида жароҳат олганлар сони эса 150га етган. Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакилига кўра, 120 одам, жумладан хорижликлар табиий офат рўй берган худудда бедарак йўқолган. Минглаб одам уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Цунами кўпгина мехмонхоналарни ювиб кетган. Хабарларга кўра, икки-уч метр баландликдаги тўлқин Ҳинд уммонида рўй берган зилзила оқибатида кўтарилган. Зилзила эпимарказида унинг кучи Рихтер шкаласи бўйича 7.7 баллни ташкил этган.

Исроилнинг Ливанда амалга оширган бомбалашлари ортидан минглаб хорижлик ушбу давлатни тарк эта бошлаган.

Душанба куни Франция кемаси Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ фуқаролари бўлган жами 1250 кишини бортига олиб, Байрутдан Қибрис томон суза бошлади. Британия эса ўз фуқароларини вертолетларда эвакуация қилмоқда. Сўнгги беш кун ичида 100 мингдан зиёд одам Ливандан Сурияга ўтган. Дамашқ ҳукуматининг маълум қилишича, уларнинг учдан бир қисми хориж фуқароларидир ва Сурия ҳукумати уларга, жумладан улар орасида бўлган АҚШ фуқароларига ҳам қўлдан келган ёрдамни беради.
Душанба куни Исроил ҳарбий учқичлари шундоқ ҳам ҳужумлардан талафот кўрган Байрут халқаро аэропорти ҳамда кўприк, йўлларни ҳамда Ливаннинг иккинчи йирик шаҳри Триполи яқинидаги объектларни ҳаводан нишонга олган эди. Кечаги Исроил ҳаво зарбалари оқибатида Ливанда 50 киши ҳалок бўлган. Сўнгги олти кун давомида Ливанда ҳаммаси бўлиб 200дан зиёд одам Исроил зарбалари оқибатида ҳаётдан кўз юмди.
Айни пайтда Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи сешанбага ўтар кечаси Исроилга қарата яна жавобий ракета зарбалари берган. Ракеталардан бири Цефет шаҳридаги касалхонага келиб тушган ва оқибатда беш одамнинг яралангани хабар қилинмоқда. Бу воқеалар Исроилнинг икки аскари Ҳизбуллоҳ жангарилари томонидан олиб қочиб кетилиши ортидан бошланиб кетган. Исроил ўз ҳарбийларининг олиб қочилишини уруш холати деб билиб, Ливан жанубида кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаб юборган эди. Исроил томони Ливанга қарши зарбалар Ҳизбуллоҳ олиб қочган икки исроиллик қўйиб юборилгани тақдирда тўхтатилишини маълум қилди. Ливан Бош вазири Фоуад Синиорага кўра, Исроил ҳаво зарбалари оқибатида унинг давлати миллиардлаб доллар миқдорида зиён кўрган.
“Сўнгги бир неча кун ичида Исроил мамлакатимизни яксон этди. Аҳоли пунктлари орасида алоқа узилган, айрим худудларда аҳоли умуман ташқи дунёдан узилиб қолган”, - деди Ливан Бош вазири.
Исроил ва Ливан ўртасида можаро кўлами ортаётган ва унинг бутун минтақа бўйлаб ёйилиши хавфи кучаяр экан, дунё ҳамжамияти низога дипломатик барҳам бериш йўлларини ахтармоқда. Айни мақсадда Франция Ташқи ишлар вазири Доминик де Вилпен бугун Байрутга ташриф буюрди. Жаноб Вилпеннинг Ливан Бош вазири билан учрашиши кутилмоқда. Ливан билан узоқ йиллик тарихий алоқаларга эга Франция Исроил ҳужумларини қоралаб чиққан. Франция Ташқи ишлар вазири келишидан олдин кеча Хавьер Солана бошлиқ Европа Иттифоқи делегацияси Байрутда сўзлашувлар олиб борган эди.
Айни пайтда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Яқин Шарқдаги вазиятни ёпиқ эшиклар ортида мухокама этмоқда.

АҚШнинг Аризона штатидан қайтиб келган ўзбек қочқинлари сони 9 эмас балки 12 нафар экани айтилмоқда.

Бу ҳақда шу ҳудудда яшовчи ишончли манба телефон орқали Озодлик радиоси мухбирига айтди. Ўзини танитишни истамаган, Аризона штатида яшовчи андижонлик қочқиннинг айтишига кўра, уйга қайтиш имконияти ҳақидаги гап Ўзбекистондан келган.
Аризонадаги ўзбеклар уйларига телефон қилишганида, уларнинг қариндошлари, “Уйга келаверинглар, сизларга ҳеч бир тазйиқ бўлмайди,” деб айтишган ва йўл кўрсатишган. Ўзбекистондан кўрсатилган йўл ва кўрсатмалар бўйича Аризонадаги андижонлик қочқинлар Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасига боришган. Улар элчихона ходимларининг муносабати илиқ бўлганини таъкидлашади. Уларга билет берилиб 2006 йил 13 июл куни Ўзбекистонга жўнатилган. Ўзбекистонга етиб боришганларидан сўнг, Аризонадаги шерикларига яхши етиб келганликларини билдириб телефон қилишган. Шунингдек, бошқа давлатларда яшаётган андижонлик қочқинларга ҳам Ўзбекистонга қайтиш имконияти ҳақида маълум қилинган.
Ўтган йил 13 май куни Андижонда рўй берган қирғиндан сўнг юзлаб андижонлик қўшни Қирғизистонга қочган ва БМТ Қочқинлар идораси кўмагида улар бошқа давлатларга олиб ўтилган эдилар.

Бишкек суди икки кишини Қирғизистон парламенти депутати Баяман Эркинбоевни ўлдирганликда айбли деб топди.

Суд қарорига мувофиқ Махмуджон Рўзметов ва Сабирқул Ботировлар ўлимга махкум этилганлар. Аммо, Қирғизистонда ўлим жазосига мораторий эълон қилингани боис уларга қўйилган жазо умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, депутат Эркинбоев ўтган йил сентябр, уйи яқинида отиб кетилган эди.

Боснияда уруш жиноятларида айбланаётган собиқ вазир Момчило Мандичга нисбатан расмий айблов эълон қилинди.

Босниялик серблар етакчиси Радован Караджич ҳукуматида Адлия вазири ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган Мандич тўқсонинчи йилларда Сараевога қарши ҳужумлар ҳамда боснияликлар учун қамоқхоналар барпо этишда айбланмоқда.

Душанба куни Афғонистон жанубида толиблар билан кечган жангларда халқаро коалициянинг бир ҳарбийси ҳалок бўлган, 11 нафари яраланган.

Бу ҳақда Афғонистондаги АҚШ ҳарбий қўмондонлиги вакили маълум қилди. Унинг айтишича, коалиция ҳарбийлари Афғонистон жанубидаги Ўрузгон вилоятида толиблар ҳужумига дуч келишган. Толибон тарафидан кўрилган талафот ҳақида ҳозирча маълум қилинмаяпти.

Грузия парламенти бугун Россия тинчликпарвар кучларининг Абхазия ҳамда Жанубий Осетиянинг можароли худудларидан чиқарилишини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини мухокама этади.

Бу ҳужжатда Россия тинчликпарвар кучларини қисқа муддат ичида Абхазия ва Жанубий Осетиянинг можароли худудларидан чиқариш бўйича Грузия ҳукумати лозим бўлган чораларни кўриши айтилади.

Халқаро Матбуот институти "катта саккизлик" саммити пайти Россияда оммавий ахборот воситалари фаолияти чекланди, дея Москва ҳукуматини танқид қилди.

Ташкилот раҳбари Йоханн Фрицга кўра, россиялик журналистлар ўта қийин вазиятда ишламоқда. Ўз сўзининг тасдиғи сифатида жаноб Фриц Россияда яқинда қабул қилинган қонунни мисол қилиб келтиради. Ушбу қонунда ҳукуматни танқид қилиш тухмат, ҳақорат даражасига кўтарилган ва бунинг учун 10 йил қамоқ жазоси белгиланган.

Олтинчи кундирки Исроил Ливан узра ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда.

Душанба тонги Исроил ҳарбий учқичлари шундоқ ҳам ҳужумлардан талафот кўрган Байрут халқаро аэропорти ҳамда кўприк, йўлларни ҳамда Ливаннинг иккинчи йирик шаҳри Триполи яқинидаги ҳарбий объектларни ҳаводан нишонга олган. Ҳаво ҳужумлари оқибатида 15 киши, жумладан етти ливанлик аскар нобуд бўлгани хабар қилинмоқда. Исроил бу амалиётни икки аскари Ҳизбуллоҳ жангарилари томонидан олиб қочиб кетилиши ортидан бошлаб юборган эди. Ўтган тунда Исроил ҳаво зарбалари оқибатида Ливанда 36 киши ҳалок бўлди.
Канада Ташқи ишлар вазири Питер МакКайга кўра, ҳалок бўлганлар орасида саккиз Канада фуқароси ҳам бор. Шунингдек, бугун Исроил учқичлари Ғазода Фаластин мухторияти ташқи ишлар вазирлиги биносига ҳаводан зарбалар берган. Оқибатда уч кишининг яралангани хабар қилинмоқда. Фаластин ташқи ишлар вазирлигига қилинган аввалги ҳаво ҳужумлари оқибатида бинога жиддий шикаст етган эди.
Айни дамда Ливандаги жангари гуруҳ Ҳизбуллоҳ Исроилнинг Афулу ҳамда учинчи йирик шаҳри бўлмиш Хайфага ўнлаб ракеталар отган ва камида саккиз кишини ўлдирган. Илк ракеталар темир йул омбори атрофига эрталабги тиғиз пайтда отилган. Ракета келиб тушган маҳал қурбон бўлган саккиз киши темир йўл хизмати ишчилари деб айтилади. Бош вазир Эхуд Олмерт ҳужумларни даҳшатли деб таърифлаган ва ҳодисаларнинг жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган. Ҳизбуллоҳ Исроилга чоршанба кунидан бери 400та ракета отган. Беш кун давомида Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумларида эса аксари тинч фуқаролар бўлган камида 100 ливанлик ҳаётдан кўз юмган.
Айни дамда Ливандан хориж фуқаролари эвакуция қилинмоқда. Италия ва Греция ҳарбий учқичлари Австрия, Испания, Италия, Чехия, Ирландия фуқаролари бўлган жами 350 одам Қибрисга олиб ўтган. Бортида 400 одам билан Италия кемасининг бугун Қибрис портига келиши кутилмоқда. Шунингдек, Франция ҳам Ливандан ўз фуқароларини эвакуация этиш учун махсус кема жўнатган. Кеманинг бугун Ливан бандаргоҳига келиши кутилмоқда.

Ҳам Исроил ҳам Ливан томонида қурбонлар ва яраланганлар сони ортиб борар ва можаро кўламининг бутун минтақа бўйлаб ёйилиши хавфи кучаяр экан, Хавьер Солана бошлиқ Европа Иттифоқи делегацияси можарони дипломатик ҳал этиш ниятида Байрутга ташриф буюрган.
Жаноб Солананинг бугун Ливан Бош вазири билан учрашиши кутилмоқда. Шунингдек, БМТнинг махсус гуруҳи ҳам Ливанда, Байрут ҳукуматининг ўт очишни тўхтатиш чақириқларини қўллаб қувватлаган ва айни пайтда икки Исроил ҳарбийсининг қўйиб юборилишини Ливан ҳукуматидан талаб этган.

Кеча Минскда Россия элчихонаси олдида норозилик пикети ўтказган 30 киши хибсга олинди.

Норозилар қўлларида сиёсий махбуслар портретларини кўтариб, Москва ҳукумати Беларус раҳбари Александр Лукашенкони дастаклашни бас қилсин, деган талабда Россия элчихонаси олдида тўпланган эди. Хибсга олинганлар орасида Беларус мухолифати етакчиларидан бири Анатолий Лебедко ҳам бор. Полиция шунингдек, норозилар кўтариб олган портретларни ҳам мусодара этган.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида ўтаётган “катта саккизлик” саммитида ҳам Яқин Шарқда кечаётган воқеалар юзасидан баёнотлар янгради.

Германия Канцлери Ангела Меркел "катта саккизлик" етакчилари, шунингдек Россия раҳбарияти ҳам Ҳизбуллоҳ қўлга олган исроилликларни қўйиб юбориши ва Исроилга қарши ҳужумларни тўхтатишини талаб этаётганини билдирди. Шунингдек, "катта саккизлик" Исроилга ҳам Ливанга қарши ҳужумларни тўхтатиш талабини қўйган. Қўшма Штатлар эса Исроил ташқи ҳужумдан ўзини мудофаа этиш ҳаққига эгалигини айтиб келади. Жаноб Буш Яқин Шарқдаги бу воқеаларга жавобгарликни Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи зиммасига юклаган.
”Ҳозирги низога дахлдор бўлган аҳамиятли жиҳатлардан бири – унинг Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асл илдизидан тутганидир. Мен Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва унинг Сурия билан алоқадорлигини назарда тутаяпман. Шу боис, бу муаммони ҳал қилиш учун унинг илдизларига эътибор қаратиш керак”, - деди Буш.
Шунингдек, Британия Бош вазири Тони Блэр ҳам Ҳизбуллоҳ гуруҳини Яқин Шарқда барқарорлик ўрнатиш жараёнини издан чиқаршига уринаётганликда айблади.
Бугун “катта саккизлик” саммитининг иккинчи куни, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка Республикаси етакчилари ҳамда БМТ Бош Котиби Кофи Аннан, Халқаро Атом энергияси агентлиги бошлиғи Муҳаммад Ал Барадей, Жаҳон банки президенти Пол Вулфовицларнинг Санкт Петербургдаги олий даражадаги учрашувга қўшилиши кутилмоқда. Кеча “катта саккизлик” етакчилари саммитнинг қатор якуний ҳужжатлари, жумладан глобал энергетика хавфсизлиги, таълим, эпидемик бўхронларнинг олдини олиш, коррупция ҳамда ақлий мулк қароқчилигига қарши курашишга оид ҳужжатлар имзолади.

Хитойда тропик довул оқибатида камида 115 одам нобуд бўлган.

Мамлакат жануб шарқида рўй берган ушбу табиий офат юзлаб уйларни вайрон қилган. Минглаб одам бош панасиз қолган. Офат рўй берган қишлоқлардан аҳоли эвакуация этилмоқда.

Таниқли эронлик диссидент Акбар Ганжий Америка жамоатчилиги эътиборини мамлакатидаги инсон ҳуқуқлари холатига қаратиш мақсадида АҚШга сафар қилмоқда.

Ганжий бир неча йиллик қамоқ жазосидан сўнг яқинда озодликка чиқарилган эди. У АҚШга келишдан аввал қатор Европа давлатларида бўлди.

Афғонистон Мудофаа вазири жорий йил оҳирига қадар мамлакатда Толибон қаршилигига чек қўилишини билдирди.

Генерал Абдул Раҳим Вардак бу ҳақда "Файненшл Таймс" газетасига таъкидлаган. Жаноб Вардакга кўра, Толибон қўмондонлиги яксон этилган ва кўпгина толибон қўмондонлари Покистонга қочган. Бир кун аввал Афғонистондаги АҚШ ҳарбий қўмондонлиги мамлакатда афғон маъмурияти тўлиқ назоратни қўлга олмагунча аксил-толибон амалиётлари давом этишини айтган. Коалиция кучларининг даъво қилишича, Хелманд вилоятида олиб борилган кечаги амалиётларда 70дан ортиқ толибон жангариси ҳалок бўлган.

Ироқ шимолида рўй берган портлаш оқибатида камида 23 киши нобуд бўлди.

Киркук шаҳридан 75 чақирим узоқликдаги Туз Ҳурмати шаҳарчасида, гавжум қавоқхона яқинида худкуш машинага ўрнатилган портлаш мосламасини ҳаракатга келтирган. Айни пайтда кеча Бағдодда нефт ширкати раҳбарларидан бири ўғирлаб кетилган. Басрадаги отишмада эса Британия аскари ҳалок бўлган эди.

Михаил Шумахер саккизинчи бор "Формула 1" бўйича Францияда ўтган мусобақасининг Гран-при совринини қўлга киритди.

Бу рекорд натижадир. Ҳаммаси бўлиб "асфалт қироли" Шумахер 88 марта ғалаба қилган. Етти карра жаҳон чемпионидир.

Американинг "Дискавери" космик кемаси Ерга қайтмоқда.

Бортида олти астронавт бўлган ушбу кеманинг бугун кечга яқин Флорида штатидаги космодромга қўниши кутилмоқда.

Санкт-Петербург шаҳрида “катта саккизлик” давлатлари саммити давом этди.

Унда асосий эътибор Яқин Шарқда юзага келган бўҳронга қаратилди. Шунингдек, глобал энергетик хавфсизлик, таълим ва инфекцион касалликлар эпидемиясига қарши кураш масалалари муҳокама этилди ва айрим ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, Россия, Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония давлат етакчилари, бугун, “ёшлар саккизлиги” деб номланаётган гуруҳ вакиллари билан ҳам учрашди.

Пхенян БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея ракета синовларини қораловчи резолюциясига ўзининг алоқадорлиги йўқ, деб ҳисобламоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири баёнотида айтилишича, бу резолюция АҚШ нинг “душманлиги” натижасида қабул қилинган ҳужжатдир. Пхенян яна бир бор, мамлакат мудофаасини кучайтириш учун ҳарбий дастурни ривожлантиришни давом эттиражагини таъкидлади.
БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияда яқинда Шимолий Корея томонидан баллистик ракеталарнинг учирилганини қораланган ва Шимолий Кореяга нисбатан оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришда зарур барча маҳсулотлар бўйича эмбарго жорий этган.

Россия ҳукумати Ливан билан боғлиқ ҳозирги низони фақатгина Яқин Шарқ бўйича мавжуд халқаро келишувлар доирасида ҳал қилиш мумкин, деб баёнот берди.

Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган “катта саккизлик” саммити давомида Россия Ташқи ишлар вазири баёнот берди.
“Ливандаги вазият фалокат ёқасида турибди. Бу ерда ечим битта – БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливан ва Исроил хавфсизлиги кафолатлари тўғрисида ва умуман, Яқин Шарқ низосига оид резолюцияси бор. Саммит иштирокчилари бу масалани муҳокама этиши аниқ, бироқ саммит якунида бу борада умумий мурожаатнома қабул қилинадими ёки йўқми – буни саммит раиси ҳал қилади”, - деди Россия Ташқи ишлар вазири.

АҚШ ҳамда Британия Яқин Шарқда авж олган ҳозирги зўравонлик учун бор айбни “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи зиммасига юкламоқда.

Петербург шаҳридаги катта саккизлик давлатлари саммитида қатнашаётган икки давлат етакчилари экстремистлар ортида Сурия ва Эрон турибди, деб таъкидлаб ўтди.
АҚШ президенти Жорж Буш, жумладан, шундай деди: “Ҳозирги низога дахлдор бўлган аҳамиятли жиҳатлардан бири – унинг Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асл илдизидан тутганидир. Мен “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ва унинг Сурия билан алоқадорлигини назарда тутаяпман. Шу боис, бу муаммони ҳал қилиш учун унинг илдизларига эътибор қаратиш керак”.
Британия Бош вазири Тони Блэр “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини Яқин Шарқда барқарорлик ўрнатиш жараёнини издан чиқаршига интилишда айблади.
“Низонинг бош сабаби шуки, бу ерда икки давлат хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган Исроил ҳамда, том маънода, мустақил бўлган Фаластин давлатининг тинч мавжудлигини истамайдиган экстремистлар бор. Уларнинг ортида Сурия ва Эрон турибди. Экстремистлар бу ерда таранг вазият ва душманлик кайфиятини қўзғатиш учун Ливаннинг тинчини бузмоқчи ”, - деди Британия Бош вазири Тони Блэр.

Ливан ҳукумати халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг Ливанга нисбатан ҳарбий ҳужумларини тўхтатишда ёрдамга чақирди.

Ливан Бош вазири Фуад Синиора, яна бир бор “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан яҳудий аскарларининг ўғирлангани учун Байрут жавобгар эмас, деб таъкидлади.
Шунингдек, Исроил ҳарбийлари бугун ҳам Ғазо шимолига кириб борди. Уч нафар фаластинлик ўлдирилди, 10 нафари жароҳатланди.

“Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг Исроилдаги Хайфа шаҳрига уюштирган янги ракета ҳужумлари оқибатида 9 одам ўлдирилди, 20 га яқини жароҳатланди.

Шунингдек, мамлакат жанубидаги Акко шаҳри ҳам ўққа тутилган. Исроил Бош вазири Эҳуд Олмерт “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ҳали бу ҳаракатларининг “узоқ давом этувчи” ёмон оқибатини кўражагини айтиб, огоҳлантирди.
Бунга жавобан эса, “Ҳизбуллоҳ”гуруҳи раҳбари, Хайфа шаҳрига уюштирган отишмалар билангина чекланмаслигини айтиб, баёнот берди.
Бугуннинг ўзида Исроил ҳарбий кучлари Байрут шаҳри яқинида ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Ҳужумлардан жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ. Хабарларга кўра, Исроил ҳарбийларининг тўрт кундан буён Ливан ҳудудида олиб бораётган ҳаракатлари чоғида тинч аҳолидан 35 нафари ўлдирилган. Уларнинг 15 нафари болалардир.

Саудия Арабистони ва Қувайт давлатлари бугун Ливаннинг Исроил ҳужумларига учраган аҳолиси учун 70 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам пули ажратди.

Бу ёрдамлар Ливан Бош вазири Фуад Синиоранинг мамлакати аҳли ҳарбий ҳаракатлардан сўнг ҳалокат ҳудудига айлангани тўғрисида баёнот берганидан сўнг ажратилди. Бу маблағнинг 50 миллиони Саудия Арабистони, 20 миллиони эса Қувайт томонидан ажратилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG