Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 16:47

Халқаро янгиликлар

Санкт-Петербург шаҳрида “катта саккизлик” давлатлари саммити давом этди.

Унда асосий эътибор Яқин Шарқда юзага келган бўҳронга қаратилди. Шунингдек, глобал энергетик хавфсизлик, таълим ва инфекцион касалликлар эпидемиясига қарши кураш масалалари муҳокама этилди ва айрим ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, Россия, Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония давлат етакчилари, бугун, “ёшлар саккизлиги” деб номланаётган гуруҳ вакиллари билан ҳам учрашди.

Пхенян БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея ракета синовларини қораловчи резолюциясига ўзининг алоқадорлиги йўқ, деб ҳисобламоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири баёнотида айтилишича, бу резолюция АҚШ нинг “душманлиги” натижасида қабул қилинган ҳужжатдир. Пхенян яна бир бор, мамлакат мудофаасини кучайтириш учун ҳарбий дастурни ривожлантиришни давом эттиражагини таъкидлади.
БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияда яқинда Шимолий Корея томонидан баллистик ракеталарнинг учирилганини қораланган ва Шимолий Кореяга нисбатан оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқаришда зарур барча маҳсулотлар бўйича эмбарго жорий этган.

Россия ҳукумати Ливан билан боғлиқ ҳозирги низони фақатгина Яқин Шарқ бўйича мавжуд халқаро келишувлар доирасида ҳал қилиш мумкин, деб баёнот берди.

Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган “катта саккизлик” саммити давомида Россия Ташқи ишлар вазири баёнот берди.
“Ливандаги вазият фалокат ёқасида турибди. Бу ерда ечим битта – БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливан ва Исроил хавфсизлиги кафолатлари тўғрисида ва умуман, Яқин Шарқ низосига оид резолюцияси бор. Саммит иштирокчилари бу масалани муҳокама этиши аниқ, бироқ саммит якунида бу борада умумий мурожаатнома қабул қилинадими ёки йўқми – буни саммит раиси ҳал қилади”, - деди Россия Ташқи ишлар вазири.

АҚШ ҳамда Британия Яқин Шарқда авж олган ҳозирги зўравонлик учун бор айбни “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи зиммасига юкламоқда.

Петербург шаҳридаги катта саккизлик давлатлари саммитида қатнашаётган икки давлат етакчилари экстремистлар ортида Сурия ва Эрон турибди, деб таъкидлаб ўтди.
АҚШ президенти Жорж Буш, жумладан, шундай деди: “Ҳозирги низога дахлдор бўлган аҳамиятли жиҳатлардан бири – унинг Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асл илдизидан тутганидир. Мен “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ва унинг Сурия билан алоқадорлигини назарда тутаяпман. Шу боис, бу муаммони ҳал қилиш учун унинг илдизларига эътибор қаратиш керак”.
Британия Бош вазири Тони Блэр “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини Яқин Шарқда барқарорлик ўрнатиш жараёнини издан чиқаршига интилишда айблади.
“Низонинг бош сабаби шуки, бу ерда икки давлат хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган Исроил ҳамда, том маънода, мустақил бўлган Фаластин давлатининг тинч мавжудлигини истамайдиган экстремистлар бор. Уларнинг ортида Сурия ва Эрон турибди. Экстремистлар бу ерда таранг вазият ва душманлик кайфиятини қўзғатиш учун Ливаннинг тинчини бузмоқчи ”, - деди Британия Бош вазири Тони Блэр.

Ливан ҳукумати халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг Ливанга нисбатан ҳарбий ҳужумларини тўхтатишда ёрдамга чақирди.

Ливан Бош вазири Фуад Синиора, яна бир бор “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан яҳудий аскарларининг ўғирлангани учун Байрут жавобгар эмас, деб таъкидлади.
Шунингдек, Исроил ҳарбийлари бугун ҳам Ғазо шимолига кириб борди. Уч нафар фаластинлик ўлдирилди, 10 нафари жароҳатланди.

“Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг Исроилдаги Хайфа шаҳрига уюштирган янги ракета ҳужумлари оқибатида 9 одам ўлдирилди, 20 га яқини жароҳатланди.

Шунингдек, мамлакат жанубидаги Акко шаҳри ҳам ўққа тутилган. Исроил Бош вазири Эҳуд Олмерт “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ҳали бу ҳаракатларининг “узоқ давом этувчи” ёмон оқибатини кўражагини айтиб, огоҳлантирди.
Бунга жавобан эса, “Ҳизбуллоҳ”гуруҳи раҳбари, Хайфа шаҳрига уюштирган отишмалар билангина чекланмаслигини айтиб, баёнот берди.
Бугуннинг ўзида Исроил ҳарбий кучлари Байрут шаҳри яқинида ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Ҳужумлардан жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ. Хабарларга кўра, Исроил ҳарбийларининг тўрт кундан буён Ливан ҳудудида олиб бораётган ҳаракатлари чоғида тинч аҳолидан 35 нафари ўлдирилган. Уларнинг 15 нафари болалардир.

Саудия Арабистони ва Қувайт давлатлари бугун Ливаннинг Исроил ҳужумларига учраган аҳолиси учун 70 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам пули ажратди.

Бу ёрдамлар Ливан Бош вазири Фуад Синиоранинг мамлакати аҳли ҳарбий ҳаракатлардан сўнг ҳалокат ҳудудига айлангани тўғрисида баёнот берганидан сўнг ажратилди. Бу маблағнинг 50 миллиони Саудия Арабистони, 20 миллиони эса Қувайт томонидан ажратилди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича расмийси Хавер Солананинг яқин кунлар ичида Байрутга бориши хабар қилинди.

Маълумотларга кўра, у Яқин Шарқда юзага келган бўҳрон юзасидан Ливан расмийлари билан музокара юритади.
Европа Иттифоқи расмийсини Британиянинг Қибрисда жойлашган ҳарбийлари Байрутга етказадиган бўлди.
Хавер Солана айнан кимлар билан учрашиши эса ҳали номаълум.

Эрон ҳукумати Теҳрон Ливанга ҳарбий жўнатмаган ва “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини қувватламаган, деб баёнот берди.

Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси маълум қилди.
Исроил томонидан олинган маълумотларга кўра, Теҳрон тахминан 100 га яқин малакали ҳарбийни Ливан ҳудудига жойлаштирган ва жума куни Исроил патрул кемасига уюштирилган ракета ҳужумига техник ёрдам берган.
Шунингдек, бугун расмий Теҳрон Эрон ядровий дастури теграсидаги бўҳронни ҳал этиш юзасидан берилган халқаро таклифлар мажмуини музокаралар учун “асосли” деб ҳисоблашини билдирди.
Бу ҳақда катта саккизлик давлатлари саммитида иштирок этаётган Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмийси маълум қилди. Айни вақтда у саммит иштирокчиларини Эрон билан мулоқот йўлини танлашга чақирди.

Бугун эрталаб Санкт-Петербург шаҳрида Милиий Болшевик партиясининг 30 дан ортиқ аъзоси қўлга олинди.

Улар шаҳар марказидаги “Прибалтийская” ва “Рэдиссон” меҳмонхоналари олдида ҳукуматга қарши шиорлар билан намойишга чиққан эди. Мухолифатнинг яна бир гуруҳи эса Александр Невский кўпригида “Ўз ихтиёринг билан кет, Путин!” ёзувли шиорни кўтаришди.
Куни кеча “катта саккизлик” давлатлари саммити биринчи кунида Петербург шаҳрида 29 нафар антиглобалист қўлга олинди. Улардан беш нафари қўйиб юборилган, қолганларининг иши эса судга оширилган.

Айни вақтда АҚШ, Франция, Британия, Швеция, Полша, Белгия ва Руминия ҳукуматлари Ливандаги юзлаб фуқароларини зудлик билан мамлакатдан эвакуация қилиш ҳаракатида.

Хусусан, АҚШнинг 25 мингга яқин фуқароси ҳозирда Ливанда. Швеция фуқаролари эса 4 мингдан ортиқ экани айтилмоқда. Полша, Руминия ва Белгия эса ҳозирда ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун махсус парвозларга ҳозирлик кўрмоқда. Италия ва Испания эса ўз фуқароларини олиб чиқиб кетиб бўлди.

Санкт-Петербургда “Катта саккизлик” саммити очилди.

Саноати ривожланган саккиз давлат раҳбарларининг олий даражали учрашувига Россия биринчи бор мезбонлик қилмоқда.
Саммитнинг асосий тадбирлари 16 – 17 июль кунлари ўтказилади.

Исроил авиацияси ва артиллерияси Ливаннинг жануби ва шарқидаги ҳамда Ғазо минтақасидаги объектларга бугун янги зарбалар берди.

Натижада Ливаннинг Сурия билан чегарасига яқин қишлоқда 3 киши ўлди. Исроилнинг ҳарбий операцияси бошланганидан буён ўтган 4 кун давомида нобуд бўлганлар сони 70 кишига етди.
Исроил томонининг хабар қилишича, тунда Ливан ҳудудидан ракеталар отилган ва тинч аҳолидан 4 киши нобуд бўлган.
Шунингдек, ўтган кеча-кундузда Ливан соҳилида Исроил ҳарбий кемасига замбарак ўқи тегиб, исроиллик 4 ҳарбий хизматчи бедарак йўқолди.
Мазкур воқеа учун масъулиятни “Хизбуллоҳ” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Суриядаги етакчи Баас партияси раҳбарияти “Хизбуллоҳ” гуруҳининг Ливандан туриб Исроилга қарши амалга ошираётган ҳаракатларини мутлақ қўллаб-қувватлаяжаги тўғрисида бугун яна бир баёнот берди.

АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон кеча Сурия ва Эрондан "Хизбуллоҳ" гуруҳини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг жума куни ўтказилган фавқулодда мажлисида Ливандаги вазиятнинг кескинлашиб кетгани туфайли бу мамлакатга махсус делегация юборишга қарор қилди.

Санкт-Петербург яқинида Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жорж Буш ўртасида расмий сўзлашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувда бошқа масалалар қаторида Яқин Шарқдаги кескинлашиб кетган вазият муҳокама қилинди.
Буш зиддиятнинг авж олиб кетишида Фаластиндаги радикал "Хизбуллоҳ" гуруҳини айблади ва унинг жанггариларини "зудлик билан қуролсизланишга" чақирди.
- Зўравонликнинг тўхтатилишидан ҳаммамиз ҳам манфаатдор эканлигимизни тушунсангиз керак. Зўравонликни тўхтатиш учун, менимча, уни келтириб чиқарган сабабни аниқлаб олиш лозим. Сабаб эса, "Хизбуллоҳ"нинг Ливан ҳудудидан туриб Исроилни ракеталардан ўққа тутгани, исроиллик икки аскарни қўлга олгани бўлди. Мана зиддиятнинг сабаби. "Хизбуллоҳ" зудлик билан қуролни ташласа ва ўз ҳужумларини тўхтатса, куч ишлатиш тўхтатилади. Шу муносабат билан мен Сурияни "Хизбуллоҳ" гуруҳи раҳбариятига таъсир ўтказишга чақираман, - деди Жорж Буш.
Владимир Путин Бушнинг гапини маъқуллаб, Исроилнинг ҳарбий куч ишлатиши вазиятга “мутаносиб бўлиши лозим”, деб қўшиб қўйди.



Россия президентига кўра, икки давлат “ядровий терроризм” таҳдидига глобал миқёсда қарши ҳаракат қилиш тўғрисида келишувга эришди.
Мазкур келишув режасига кўра потенциал террорчилар ҳаракатлари ва ядровий материаллар ташилиши назорат қилинади ҳамда ядровий қуролни қўлга киритишга муваффақ бўлган террористик гуруҳларга қарши ҳамкорликда қарши турилади.
Сўзлашув натижаларини шарҳлар экан, Владимир Путин: - Россия томони учрашувнинг натижаларидан қониқиш ҳосил қилди. Бу учрашув Россия билан АҚШ ўзаро ишончли ҳамкорлар эканини яна бир бор намойиш қилди. Биз икки томонлама ва халқаро сиёсатнинг бир қатор ҳал қилувчи масалалари бўйича келишиб олдик, атом энергетикасини хавфсиз ривожлантириш бўйича параллель ташаббусларимиз – қабул қилганимиз қўшма баёнотга асос бўлди, - деди.
Жорж Буш Шимолий Корея ва Эронни ядровий соҳада ўтказаётган изланишларидан воз кечтириш учун Москва билан Вашингтон биргаликда ҳаракат қилажагини билдириб, жумладан мана бундай деди: - Биз Шимолий Корея ва Эронни муҳокама қилдик ва бу масалаларнинг кескинлиги бироз юмшагандай бўлди, чунки эндиликда бу мамлакатлар ҳукуматларига уларнинг ядровий иддаолари қабул қилиб бўлмаслигини биргаликда уқдириб қўйишга Россия ва АҚШ тайёр.
АҚШ президентининг маълум қилишича, Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласи ҳозирча узил-кесил ечимини топмади. Бу масала юзасидан сўзлашувлар давом эттирилади, деб қўшиб қўйди Жорж Буш.

Санкт-Петербургда “Катта саккизлик” саммитига қарши митинг бўлиб ўтди.

Коммунистлар уюштирган тадбирда мухолифатдаги партиялар ва жамоат ташкилотларининг 200 нафар атрофидаги вакили қатнашди.
Митинг уюштирувчиларидан бири, Ёш коммунистлар уюшмаси лидери Сергей Удальцов Рейтер ахборот агентлигига берган интервьюсида жумладан бундай деди:
- Саккизлик ғайриқонуний, нолегитимдир, деб ҳисоблаймиз. Дунёнинг тақдирини қандайдир элита эмас, балки барча мамлакатлар манфаатларини ҳимоя қиладиган демократик форум ҳал қилиши керак. Шунинг учун ҳам асосий шиоримиз “Саккизлик ғайриқонуний”, деган шиордир.
Жума куни Санкт-Петербургда ўзини “Глобализмга қаршиларнинг аксилсаммити” уюштирувчиларидан бири, деб таништирган Илья Пономарёв ҳамда “Қизил ёшлар авангарди” ҳаракатининг бир неча фаоли қўлга олинган эди.

Европа мамлакатлари ва АҚШ Ливандаги ўз фуқароларини оммавий равишда эвакуация қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Франция ҳукумати ҳарбий авиация ва денгиз флотига 6 минг нафар атрофидаги кишини Ливандан олиб чиқишга тайёр туриш тўғрисида буйруқ берди.
Италия ўз фуқароларини Ливандан Сурия орқали олиб чиқишни бошлаб юборди.
АҚШ минглаб америкаликни Ливандан Кипрга кўчириш режаси устида ишламоқда.

Араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари бугун Миср пойтахти Қоҳирада ўзларининг фавқулодда учрашувига йиғилдилар.

Йиғилишда Исроилнинг Фаластин ҳудудлари ва Ливанга қарши ҳужумларини тўхтатиш йўллари муҳокама қилинди.
Мазкур масала бўйича араб давлатлари бир қарорга кела олмади.
Ливаннинг Исроилни қоралаш талабини Сурия, Яман, Жазоир ва Марокаш қўллаб-қувватлади.
Миср, Саудия Арабистон ва Иордания Ливаннинг тинч аҳолиси қурбон бўлаётганидан норозилик билдирар экан, айни пайтда "Хизбуллоҳ"ни ўзининг масъулиятсизларча ҳаракатлари билан Исроилни куч ишлатишга мажбур қилганликда айблади.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий қўмондонлиги хабар қилишича, ўтган тунда мамлакат жанубида Толибон ҳаракатининг 40 аъзоси ўлдирилди.

Энг қақшатқич жанглар Ўрузгон, Ҳилманд вилоятларида бўлиб ўтди.
Афғонистон расмийларидан олинган маълумотларга қараганда, мамлакат армияси террорчилар ва толибларга қарши Ҳирот, Пактика ва Балх вилоятларида курашмоқда.

АҚШ ва Япония, Шимолий Кореянинг яқинда ўтказган ракета синовларига оид резолюция учун овоз беришини сўраб, БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилмоқчи.

Ҳужжатда ракета синовлари ўтказилгани қораланади. Резолюция лойиҳасида қурол-аслаҳалар соҳасида Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий этиш назарда тутилади.
Хитойнинг фикрича, резолюция лойиҳасидаги айрим жумлалар Шимолий Кореяга қарши куч ишлатиш учун йўл очиб бериши мумкин. Вашингтон Пекиннинг фикрини инобатга олиб, ҳужжатни қайта кўриб чиқиши мумкинлигига ишора қилди.

Европа Иттифоқи ва ЕХҲТ мухолифат лидери, президентликка собиқ номзод Александр Козулинни 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган Беларус судини бугун танқид қилди.

Суд Козулинни безориликда ҳамда жорий йилда ўтказилган президентлик сайлови натижаларидан норозилик билдириб ҳукуматга қарши намойиш уюштирганликда айбдор, деб топди.
Суд ҳукмига ЕХҲТ “шафқатсиз”, Европа Иттифоқи эса, “асосий эркинликларни топтовчи”, деб баҳо берди.
Профессор Козулиннинг озодликдан маҳрум қилинишига Канада кескин муносабат билдирди. Бу мамлакат Ташқи ишлар вазири Питер МакКи мухолифат лидерига нисбатан чиқарилган ҳукмни инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши, деб баҳолаб, Канаданинг Беларус билан савдо алоқаларига чекловлар жорий этилишини эълон қилди.

* * * * *

*14 июль хабарлари

Бағдодда Ироқ Олимпия қўмитаси раҳбари Маҳмуд Саид ал-Хижжия ва унинг 30га яқин ходими ўғирлаб кетилди.

Ироқ полициясининг маълум қилишича, номаълум қуролли гуруҳ Олимпия қўмитаси биносига бостириб кирган ва бу ерда ўтаётган мажлис иштирокчиларини ёппасига номаълум томонга олиб кетган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва Ливан ўртасидаги бўҳрон масаласини Санкт Петербургда эртага бошланадиган саммит кун тартибига киритилганини маълум қилди.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам Яқин Шарқ бўҳрони АҚШ Президенти Жорж Буш билан икки томонлама музокаралар ҳамда Катта саккизлик учрашувлари кун тартибида бўлишини айтди.
“Бу муаммони бугун кечқурун АҚШ Президенти билан учрашувда ҳамда эртага катта саккизликдаги ҳамкасбларимиз билан учрашганда албатта муҳокама қиламиз”, - деди Путин.
Мазкур баёнот Исроил Ливанга нисбатан ҳужумлар кўламини ошираётган пайтда қилинди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ва Ливан ўртасидаги тўқнашувлар йирикроқ минтақавий можарога айланиб кетиши хавфи мавжудлиги боис фавқулодда мажлис бошлади.

Фавқулодда мажлис Ливан ҳукумати сўровига кўра, ўтказилмоқда. Ливан ҳукумати Хавфсизлик кенгашини ўт очишни тўхтатиш ҳақида дарҳол резолюция қабул қилишга чақирмоқда.
БМТ бош котибининг сиёсий муносабатлар бўйича ўринбосари Иброҳим Қамбарий бўҳронни дипломатик усуллар билан ҳал этиш имкониятлари камайиб бораётганини айтди.
“Биз барча томонларга можарони авж олдириш ҳеч кимнинг манфаатида эмаслигини ва дипломатик ташаббуслар учун имкониятлар тугаб бораётганини айтмоқчимиз. Барча томонлар бундай имкониятларни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоғи лозим”, - деди БМТ расмийси.
Исроил бугун Ливандаги ҳужумлар кўламини кенгайтирди. Икки кундан бери Байрут халқаро аэропорти яҳудий ҳарбий учқичлари нишонига айланмоқда.
Исроил ҳарбий учқичлари Байрут жанубидаги Ҳизбуллоҳга тегишли экани айтилаётган биноларга ҳам ҳаводан ҳужум қилди.
Бунга жавобан Ҳизбуллоҳ жанггарилари Исроилнинг шимолий ҳудудларига қарата ракеталарни отди ва бунинг оқибатида олти яҳудий яраланди.
Ливан полициясига кўра, пайшанбадан бери Исроилнинг ҳужумларидан 61 киши, асосан тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Айни пайтда, Исроил Бош вазири Эҳуд Олмерт бугун БМТ Бош котиби Кофи Аннан билан телефон суҳбатида Яқин Шарқдаги бўҳронни муҳокама қилди. Олмерт Ҳизбуллоҳ жанггарилари қуролсизлантирилмагунча, Исроил Ливандаги ҳужумларни давом эттиражагини айтди.
Олмертнинг БМТ вакиллари бўҳронни ҳал этиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда қатнашишига розилик бергани хабар қилинмоқда.

Ироқдан келган хабарларда айтилишича, бугун иккита масжидда амамлга оширилган порталшларда етти киши ҳалок бўлган.

Бағдоддаги суннийлар масжиди ёнида рўй берган портлашда беш киши ҳалок бўлган. Бақуба яқинида жойлашган Балда Руз қишлоғидаги шиалар масжидига қарата отилган ракеталар эса, камида икки кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG