Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 21:41

Халқаро янгиликлар

Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон сепаратчилари етакчиси Шомил Басаевнинг ўлдирилганини тасдиқлади.

Президент Путин Басаевнинг (суратда) ўлдирилиши Беслан ва Будёновскдаги террор ҳаракатлари учун “ҳақли қасос”, деди.
“Бу Бесландаги фарзандларимиз, Будёновск, Москва ва Россия Федерациясииннг бошқа ҳудудлари, жумладан Ингушетия ва Чеченистон Республикасида амалга оширган террор ҳаракатлари учун бандитлардан олинган ҳақли қасосдир”, - деди Путин.
Россия федерал хавфсизлик хизмати бошлиғи Николай Патрушевнинг маълум қилишича, Басаев якшанбадан душанбага ўтар кечаси Ингушетияда ўлдирилган.
Патрушевга кўра, Басаев катта саккизлик саммитидан олдин Россиянинг жанубий ҳудудларида терор ҳаракатларини режалаштирган.

Афғонистон ҳукумат ва АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинлари Урузгон вилоятида бўлиб ўтган жангларда Толибонга алоқаси борлиги айтилаётган 40 нафар жанггарини ўлдирган.

Коалиция қўшинлари матбуот котиби Крис Миллер тўқнашувларда бир афғон аскари ўлдирилгани ва коалициянинг уч жангчиси яраланганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Қандаҳорда якшанба куни ўтказилган амалиётларда ҳам 19 Толибон жанггариси ҳам йўқ қилинган, деди коалиция қўшинлари вакили. Қандаҳорда канадалик бир аскар нобуд бўлган.
Айни пайтда, Покита вилояти ҳокими Муҳаммад Акрам, кеча Афғонистон полициячилари уларга ҳужум қилган тўрт толиб жанггарисини йўқ қилганини маълум қилди.
Айни пайтда, Британия мудофаа вазирлиги Афғонистон жанубидаги қўшинларига ёрдам ўлароқ, 900 аскар ва қўшимча вертолётлар юборажагини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Тожикистон раҳбарияти билан хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун бугун Душанбега келди.

Душанбе аэропортида мухбирлар билан суҳбат чоғида Рамсфелд Афғонистонда жанггарилик ҳаракати фаоллашиб бораётганини айтди.
АҚШ Мудофаа вазири Афғонистондаги жанггарилар ўз фаолиятини наркотиклар савдосидан тушадиган даромаддан молиялаяпти, деди.
Пентагон раҳбарининг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов ва ҳамкасби Шерали Хайруллоев билан учрашиши кутилмоқда.
Афғонистонда ҳарбий амалиётларни олиб бораётган АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларининг бир қисми Тожикистонда жойлашган.

Ҳамас ҳаракатининг мухожиратдаги етакчиси Холид Машаал Ғазодаги фаластин жанггарилари асир олган Исроил аскарига нисбатан ҳарбий тутқин сифатида муносабатда бўлишларини маълум қилди.

Сурияда яшаётган Ҳамас етакчиси ўз баёнотида яҳудий аскари Исроил қамоқхоналарида қолаётган фаластинликларга алмаштирилишини айтди.
Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт асирларни алмашиш ғоясини рад этиб, Исроил ўз аскарини озод этиш мақсадида Ғазода ҳарбий ҳаракатларни давом эттиражагини таъкидлади.
Айни пайтда, Фаластин ҳукуматининг бош музокарачиси Соҳиб Эрекат Ғазо минтақаси гуманитар бўҳрон арафасида эканини айтди.
“Ғазо озиқ-овқатсиз, ёқилғисиз, сувсиз, электр энергиясиз қолди. Ғазо ўзининг 1 миллион 300 минг аҳолиси билан гуманитар инқироз сари юз тутмоқда. Касалликларнинг тарқалиш хавфи бор”, - деди Фаластин расмийси.
Шунингдек, бугун Исроил ҳаво кучлари Ғазонинг жанубий қисмида кетаётган машинага қарата отган ракетаси икки кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Япония ва Қўшма Штатлар халқаро ҳамжамиятини Шимолий Корея ўтказган ракета синовларини яна бир бор қоралашга чақирмоқда.

Бу чақириқни Японияга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби ёрдамичиси Кристофер Ҳилл баён қилди.
Айни пайтда, Хитой расмий делегацияси Шимолий Кореяга борди. Хитой бош вазир ўринбосари Ҳуи Лиангю етакчилигидаги делегация Пхеньянда олти кун бўлишни режаламоқда.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада айтилишича, Пекин расмийлари Пхеньянга икки мамлакат ўртасидаги дўстлик битимининг 45 йиллигини нишонлаш учун борган.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето қўйиш ваколатига эга бўлган Хитой ва Россия Пхеньянга нисбатан санкциялар жорий этилишига қарши овоз берган.

Жалолобод вилояти ҳуқуқ тартибот органлари якшанба куни бир милиционерни ўлдириб кетган уч кишини қидирмоқда.

Маълум бўлишича, милиция ходимини ўлдирганлар Ўзбекистоннинг Бекобод туманига ўтиб кетган бўлиши мумкин. Қирғизистон ҳукумати қидирув ишларига ёрдам бериш мақсадида махсус кучларни ҳам ташлаган.

Бугун Бағдодда қуролланган кишилар автобусга ҳужум қилиб етти кишини ўлдирди.

Ироқ хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, воқеа Бағдоднинг асосан суннийлар истиқомат қиладиган Амрия маҳалласида содир бўлган.
Ундан олдин, Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган ҳудудида иккита машина портлаши оқибатида етти киши ҳалок бўлган ва 17 киши жароҳатланган эди.
Ироқ пойтахтида мазҳаблараро зўравонлик авжига чиқмоқда.

Покистонда учқич ҳалокати рўй берди.

Покистон халқаро ҳаво йўллари ширкатига тегишли Фоккер русумли учқич бортида 41 йўловчи ва экипажнинг тўрт аъзоси бўлгани айтилмоқда. Хабар қилинишича, учқич бортидаги одамларнинг барчаси ҳалок бўлган. Мултан шаҳар аэропортидан Лаҳорга йўл олган учқич кўтарилишидан бир неча дақиқа ўтиб қулаган.
Покистнда Фоккер русумли учқич ҳалокати иккинчи марта рўй берди. 2003 йилда Покистон ҳаво кучларига тегишли Фоккер учқичи ҳалокатга учраган эди.

Россия ҳарбий флоти бошлиғини олиб кетаётган Ту-134 учқичи Қрим аэропортида қўнаётиб учиш майдончасидан чиқиб кетди.

Россия адмирали Владимир Масоринни Украинанинг Қрим минтақасига олиб келган учқич ҳалокатида талофотлар бўлмаган. Ҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳозирча ноаниқ қолмоқда.

Россиянинг Иркутск шаҳрида аэробус учқичининг ҳалокати сабаблари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни 200дан ортиқ киши олиб кетаётган ҳаво лайнери Иркутск аэропортига қўнаётиб, учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетгани ва аэропорт яқинидаги гаражларга бориб урилгани оқибатида, 130га яқин йўловчи ҳалок бўлган эди.
Воқеа сабабларини Россия транспорт вазири Игор Левитин етакчилигидаги махсус комиссия ўраганмоқда. Левитинга кўра, учқич вайроналари ичидан 122 кишининг жасади олиб чиқилган, олти кишининг тақдири ноаниқ қолмоқда. Ҳалокатдан омон қолган 57 кишига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Кеча “Сибирь” ҳаво ширкатига тегишли Аэробус 310 учқичи Москва-Иркутск йўналишидаги рейс якунида, Иркутск аэропортидаги ёмғирдан намиққан учиш йўлидан чиқиб, бетон тўсиқларга урилиб ёниб кетган.
Расмийларга кўра, учқичнинг иккита “қора қутиси” топилган ва ундаги ёзувларни ўрганиш учун Москвага юборилган.
Терговчиларга асосланиб тарқатилган хабарларга кўра, фалокатга учқичнинг тормоз тизимидаги носозликлар ёхуд одам фактори, яъни экипаж томонидан йўл қўйилган ҳатолик сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Йўловчилар ичида, 12 ёшгача бўлган 14 нафар бола ҳамда 12 ҳориж фуқароси, жумладан икки озарбайжонлик, икки беларуслик, уч хитойлик, уч немис ва икки поляк бўлган.

Улан-Баторда Мўғилистон давлатчилигинг 800 йиллиги нишонланиши муносабати билан Чингизхонга улкан ҳайкал ўрнатилди.

Бундан 800 йил аввал мўғил қабилалари қурултой ўтказиб саркарда Темучинни хон этиб кўтарган ва Чингизхон номини берган. Мўғилистонда мазкур сананинг бир ҳафта давомида байрам қилиниши кутилмоқда.

Россиялик қутқарувчилар Иркутск шаҳри аэропортига қўнганидан сўнг ҳалокатга учраган А-310 аэробуси бортидан 122 кишининг жасадини топди.

Самолёт йўловчиларидан 58 киши касалхонага ётқизилди.
Михаил Егерев ҳалокатни ўз кўзи билан кўрганлардан бири. Унинг гаражи аэропорт ҳудудига яқин ерда жойлашган.
- Эрталаб саккизларда пақиллаган овоз эшитдим, ер қимирлаб кетгандай бўлди. Ташқарига чиқиб буруқсаётган тутунни, самолётнинг қуйруғини кўрдим. Самолёт маркаларини биламан. Аэробус эди. Гаражим томонга югурдим. Тутундан қорайиб кетган, яраланган одамлар келаётганини кўрдим,- деди ҳалокат шоҳиди.
Хабарларга қараганда, аэробусда 204 киши бўлган.

Ироқ хавфсизлиги масалаларига бағишланиб, Теҳронда ўтказилган конференция иштирокчилари бу мамлакатдаги террорчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилишни ёқладилар.

Айни пайтда бир қатор мусулмон давлатлар вакиллари ҳорижий ҳарбийларни Ироқдан олиб чиқиб кетиш муддатларини белгилаш тўғрисидаги Эроннинг даъватига қўшилмади.
Анжуманда Ироқ, Миср, Баҳрайн, Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом анжумани ташкилоти вакиллари қатнашди.

Бағдоднинг суннийлар яшайдиган маҳаллаларида камида 14 киши шиа жанггарилар томонидан ўлдирилди.

Жанггарилар ғайриқонуний назорат-ўтказиш пунктлари ташкил қилиб, машиналарни тўхтатган ва йўловчиларни ўлдираверган. Баъзи маълумотларга кўра, 40 киши ўлдирилган.
Ғайриқонуний назорат-ўтказиш пунктлари ташкил қилинган ҳудудларни Америка ва Ироқ ҳарбийлари қуршовга олди.
Ироқ парламенти аъзоси бўлган сунний муслима ва унинг 7 соқчисини гаровга олган шиа экстремистлари 25 нафар шиа маҳбусни озодликка чиқаришни талаб қилаяпти.
Суннийлар фракцияси гаровдагилар озод этилмагунча парламент ишида иштирок этишдан бош тортди.

Яна уч америкалик аскар ироқлик қизни зўрлаганликда ва ўлдирганликда айбланди.

Ўтган ҳафтада худди шундай айблов бошқа бир АҚШ ҳарбийсига эълон қилинган эди.
АҚШ қўмондонлигининг маълум қилишича, мазкур жиноят билан боғлиқ равишда яна бир аскар хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Март ойида Ироқнинг Маҳмудия шаҳрида истиқомат қиладиган бир қиз зўрланган ва сўнгра оила аъзоларидан 3 кишига қўшиб ўлдирилган эди.

Афғонистон жанубидаги Қандахор вилоятида толиблар қуйқалари билан куни кеча бўлиб ўтган жангларда жароҳатланган аксилтеррор коалиция ҳарбийси вафот этди.

АҚШ ҳарбийлари қўмондонлиги маълумотларига қараганда, жанг бўлиб ўтган ҳудуддан 10 нафар жанггарининг жасади топилган.
Мамлакат ғарбидаги Фараҳ вилоятида мина портлаб, коалиция ҳарбийларидан бир киши нобуд бўлди, тўрт аскар яраланди.

Цхинвали шаҳрида Жанубий Осетия Хавфсизлик кенгаши котиби Олег Алборов ўлдирилди.

Ўзини мустақил, деб эълон қилиб олган республика раҳбарияти фикрича, юз берган портлаш террористик актдир ва у расмий Тбилиси томонидан грузин – осетин зиддияти зонасидаги вазиятни кескинлаштириш мақсадида амалга оширилган.
Грузия Ички ишлар вазирлигига кўра эса, Алборов кланлараро зиддиятлар қурбони бўлган бўлиши ҳам мумкин.

Польша президенти Лех Качинский эгиз укаси Ярославнинг ҳукумат раиси лавозимига тайинланишини сиёсий жиҳатдан мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

- Биз таваккал қилиб, шундай қарорга келдик: яъни мамлакат президенти ва бош вазир - бир туғишган ака-укалар. Биз бошқа номзодлар танлаш, улар орасида жуда яхши, талантли сиёсатчилар бўлишига қарамай, етарлича яхши қарор бўлмайди, деган хулосага келдик, - деди Польша президенти.

Исроил Ғазо минтақасидаги иншоотларга ҳаводан янги зарбалар берди.

Бир фаластинлик нобуд бўлди, бир неча киши яраланди.
Жанггарилар тушган машинага отилган ракета нишонга тегмади. Натижада бир ўткинчи ҳалок бўлди.
Исроил ҳарбийларининг деярли икки ҳафтадан буён давом этаётган амалиётлари чоғида 40 фаластинлик – жанггарилар ва тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлди.
БМТ Фаластиннинг тинч аҳолиси жабр кўраётганлиги учун Исроилни номутаносиб куч ишлатаётганликда айблади. БМТнинг бир қатор тузилмалари Ғазо минтақаси гуманитар ҳалокат ёқасига келиб қолганлигидан огоҳлантирди.
Исроил жанггарилар қўлидаги ўз аскари Гилад Шалитнинг озод қилинишини, Исроил ҳудуди ракеталардан ўққа тутилишининг тўхтатилишини талаб қилаяпти.

Мексика пойтахти Мехико шаҳрида юз мингдан зиёд киши президент сайлови натижаларидан норозилик билдириб намойишга чиқди.

Ўтган якшанба куни ўтказилган овоз бериш натижаларига қараганда, ҳарифидан бир фоиз кўпроқ овоз олиб, консерваторлар лидери Фелипе Кальдерон ғалаба қозонган эди.
Ютқазиб қўйган социалист Мануэль Лопес, сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилажаги тўғрисида баёнот берди.

Рим папаси Бенедикт XXYI Испаниянинг Валенсия шаҳрида ўтказган ибодатга миллион нафар диндор қатнашди.

Католик насронийлар раҳнамоси оилада анъанавий диний қадриятларнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
Бенедикт XXYI оила муаммоларига бағишланиб, Ватикан ҳомийлигида Валенсияда ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этди.

Ҳиндистон ядровий қалпоқча таший оладиган "Агни-3" ракетасини синовдан ўтказди.

Ракета синовдан яхши ўтди.
"Агни-3" Ҳиндистонда яратилган энг мураккаб ракета бўлиб, унинг парвоз радиуси уч минг километрдир.

Германияликлар футбол бўйича мамлакат терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги учинчи ўрин учун ўтказилган ўйиндаги ғалабасини байрам қилмоқда.

Берлин марказида ўтган тунда ярим миллионга яқин футбол ишқибози йиғилди.
Германия терма жамоаси 3:1 ҳисоб билан Португалия футболчилари устидан ғалаба қозонди.
Бугун Берлинда Франция ва Италия футболчилари ўртасида жаҳон чемпионатининг финал ўйини бўлиб ўтади.

Испаниянинг Валенсия шаҳрига Рим Папаси Бенедикт ўнолтинчи ташриф буюрди.

Рим папаси анъанавий оила қадриятлари тарафдорларининг халқаро анжуманида иштирок этиш учун келди.
Валенсия шаҳрига дунëнинг тўрт тарафидан бир ярим миллионга яқин католик динига сиғинувчилар келгани айтилмоқда.
Рим Папасининг 3 июл куни Валенсия метросидаги ҳалокатда нобуд бўлган 42 киши хотирасига бағишланган черков тадбирларида дуо ўқиши кутилмоқда.

Ироқнинг Анбар вилоятида уч нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ўлдирилди.

АҚШ қўмондонлиги хабарига кўра бу воқеа "душман билан тўқнашув" чоғида содир бўлган.
Қўмондонлик маълумотида тафсилотлар келтирилмаган.
Ой бошидан бери ўтган 8 кун давомида Ироқда беш АҚШ харбийси ўлдирилди.
Шанба куни Ироқ турмаларидан 370 нафар маҳбус озод қилинди.
Маҳбусларнинг озод қилиниши Ироқ Бош вазири Нурий Ал Маликий тақдим қилган миллий ярашув режасининг бир қисмидир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG