Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:15

Халқаро янгиликлар

Россия ҳукумати Ироқда россиялик дипломатларни ўлдирган қотилларни топишга кўмаклашувчи ахборот учун 10 миллион доллар мукофот пули беради.

Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Николай Патрушев маълум қилди.
Россиянинг Ироқдаги элчихонаси тўрт ходими 3 июнь куни Бағдод шаҳрида ўғирлаб кетилган эди. Куни-кеча дипломатларни ўғирлаган гуруҳ улар ўлдирилгани ҳақида маълум қилди.
Россия президенти Владимир Путин мамлакат махсус хизматларига қотилларни топиш ва йўқ қилишнинг барча чораларини кўриш тўғрисида кўрсатма берди.

Қирғизистон Бош прокурори собиқ президент Асқар Акаев, унинг оила аъзолари ва яқинларига нисбатан юздан ортиқ жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Бош прокурор Қамбарали Конгантиевнинг таъкидлашича, собиқ президент ва унинг яқинлари 46 миллион АҚШ долларига яқин миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланмоқда.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг тасдиқлашича, ўзбекистонлик қочқин Габдурафиқ Темирбоев ҳозир Қозоғистонда ҳибсда сақланмоқда.

У қочқинлик мақомига эга бўлишига қарамай, 24 июнь куни Олмаота шаҳрида ҳибсга олинган. Ҳозир айнан қаерда сақланаётгани эса номаълум.
“Афсуски, бизда у ҳақда маълумот жуда кам. Биз Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига телефон орқали боғланиб, аниқлаган маълумотларимизга кўра, Темирбоев Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Ҳибсга олиш сабаби ҳақида эса бизда унинг хотини берган маълумотдан бошқа ҳеч қандай ахборот йўқ”, - деди олий комиссарликнинг Қозоғистондаги вакили Сезар Дюбон.
Г.Темирбоев ўз оиласи билан 1999 йилдан буён Қозоғистонда яшамоқда. Шу йил июнь ойи ўрталарида унга БМТ қочқин мақомини берган.

Украина президенти Виктор Юшченко “зарғалдоқ коалиция” етакчилари билан учрашди.

У “Бизнинг Украина” партияси, Юлия Тимошенко блоки ҳамда Социалистлар партиясининг мухолифатдаги Минтақалар партияси билан музокара бошлаш тўғрисидаги ташаббусини маъқуллади.
Музокаралар душанба кунга режалаштирилмоқда.
Минтақалар партиясига аъзо депутатлар тўрт кундирки Олий Рада фаолиятига тўсқинлик қилиб турибди. Улар коалиция томонидан ҳукумат ва парламентдаги бошқарув лавозимлари тақсимоти бўйича берилган таклифдан норози.
“Украинада ҳаёт нормал давом этишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бунгача ҳал қилишимиз мумкин эди. Бироқ Минтақалар партиясининг қонунлар ва конституцияга хилоф ҳаракати, мамлакат олий қонунчилик органи фаолиятини тўхтатаётгани туфайли биз ҳукуматни туза олмаяпмиз ва ишни бошлай олмаяпмиз”, - деди юзага келган вазият ҳақида фикр билдирган Юлия Тимошенко.

Афғонистон жанубида давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, бир жангари ўлдирилган ва 8 нафари қўлга олинган.

Кеча эса Ғазна вилоятида гуманитар ташкилотлардан бирининг ходими ўғирлаб кетилган. Забул вилоятида эса толиб жангчилари полиция маҳкамасига ҳужум қилган. Юз берган отишма чоғида ҳужум қилганлардан икки нафари ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Исроил ҳукумати ХАМАС ҳаракатининг тўрт аъзосини Шарқий Қуддусда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Бу тўрт шахсдан бири Фаластин мухториятида вазир, уч нафари эса парламент депутатидир. Улар кеча Иордан дарёси ғарбий соҳилида олиб борилган ҳарбий амалиётлар чоғида ХАМАСнинг яна бошқа ўнлаб таниқли вакиллари қатори Исроил ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.
Исроил билан Фаластин ўртасидаги низонинг кутилмаганда тез суръатлар билан ўсиши халқаро жамоатчиликни қаттиқ хавотирга солмоқда. Хусусан, БМТнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Алваро де Сото янги низоларга сабаб бўлган ҳодиса - исроиллик ҳарбийнинг Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан қўлга олинишини кескин танқид қилди.

Кекса фуқаролар сони бўйича Япония дунёда биринчи, 15 ёшгача болалар сони бўйича эса охирги ўринда туради.

Маълумотларга кўра, ҳар беш японияликдан бири 65 ёшдан катта ва аҳолининг фақат 13 фоизини болалар ташкил қилади.
Демографик инқироз Япония ҳукуматини зудлик билан оила ҳамда болалар сони кўпайишига доир тезкор чораларни ишлаб чиқишга мажбур қилмоқда.

Абхазиялик элликка яқин қочқин Батуми шаҳрига қайтиб келди.

Улар куни-кеча Батумидан пиёда ўз уйлари – Абхазияга йўл олган ва бу кўча юриши абхазиялик қочқинларнинг Батумидаги меҳмонхонадан куч билан чиқариб юборилишига норозилик тарзида уюштирилган эди.
Улар Батуми меҳмонхоналарида 14 йилдан буён яшаб келмоқда. Яқинда меҳмонхонани сотиб олган ишбилармонлар ҳар бир хона учун қочқинларга 7 минг доллардан товон тўлашини айтган.
Қочқинларнинг сўзларига кўра, бу пулга Батуми чеккасидаги энг кичкина квартирани сотиб олиш ҳам имконсиз.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов Москва Теҳронга ракета технологиялари бермаганини яна бир бор такрорлади.

Россиядан Эронга ракета технологиялари борган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги масала Россия-Америка музокараларида бир неча бор кўтарилган эди.
Айни вақтда Сергей Иванов Эрон жаҳон жамоатчилиги тақдим қилган таклифларга жавоб бериши ва бу ядровий дастур теграсидаги кескинликни юмшатишига умид билдирди.
АҚШ ҳукумати ядровий дастур бўйича тақдим этилган таклифлар бўйича Эроннинг расмий жавоби 5 июль куни берилишини кутаётганини маълум қилди.
Шу куни Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний Брюссел шаҳрида Европа Иттифоқи раҳбарлари билан учрашади.
Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Мутаққий халқаро жамоатчилик тақдим қилган таклифлар бўйича Теҳроннинг расмий жавоби август ойидан кейин берилишини яна бир бор таъкидлади.

Интернетда “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Лодинга тегишли экани айтилаётган аудиомурожаат пайдо бўлди.

Унда бин Лодин “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги етакчиси, июнда Америка ҳарбийлари томонидан ўлдирилган Абу Мусаб аз-Зарқавийни хотирлаган ва улуғлаган.
Ҳозир бу ёзувнинг асл ёки қалбаки экани текширилмоқда. Агар ёзув ҳақиқий чиқса, у ҳолда бу унинг шу йил Интернетда берган тўртинчи баёноти бўлади.

Россия ташқи ишлар вазири жаҳондаги саноати энг ривожланган саккиз давлат Теҳрондан ўзининг ядровий дастурига оид бўҳрондан чиқиш бўйича конкрет жавобни кутаётганини баён қилди.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу ҳақда Москвада бўлаётган катта саккизлик ташқи ишлар вазирларининг учрашувидан кейин маълум қилди. Лавров Теҳрон АҚШ илгари сураётган таклифга жавоб бериши лозимлигига ишора қилди.
Эълон қилинган баёнотда айтилишича, катта саккизлик давлатлари Эрон томони шу пайтгача унга қилинган таклифга аниқ расмий жавобни бермаганидан хафсаласи пир бўлган.
Бугун Хитой ҳам Эрон ҳукуматини халқаро ҳамжамият таклиф этган имтиёзлар пакети борасида тезроқ қарор қабул қилишга чақирди.

Бугун Исроил Ғазо минтақасида Исломий Жиҳод гуруҳи етакчиларидан бирини олиб кетаётгани айтилаётган машинага қарши ҳаво ҳужумини уюштирди.

Воқеа гувоҳларига кўра, жанггари гуруҳ етакчиси қочиб қутулиб қолган. Исроил армияси машинага қарата ракета отганини тасдиқлади, лекин тафсилотларни ошкор қилмади.
Айни пайтда, Исроил мудофаа вазири Амир Перетс Ғазода чоршанба куни бошланган ҳарбий ҳужумнинг иккинчи босқичини бошлашни маъқуллаган. Исроил ҳарбийлари фаластинликлар бир яҳудий аскарини асир олганидан сўнг Ғазога ҳужум бошлаган эди.
Кеча тунда амалга оширилган операция натижасида, Исроил кучлари Ҳамас етакчилигидаги ҳукуматнинг 64 вакилини ҳибсга олди. Ғарбий Соҳилда ҳибсга олинганлар орасида парламентнинг 20 вакили, 8 вазир, шаҳар ҳокими ва бошқа расмийлар бор.
Исроил ҳарбийлари қўмондани Фаластин бош вазир ўринбосари Носир Шоирнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Исроил ўз аскарининг асир олинишида Ҳамасни айбламоқда.
Катта саккизликка кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари ва Рим папаси икки томонни босиқликка чақирмоқда.

Қирғизистон парламенти ҳокимиятдан ағдарилган президент Асқар Ақаев оиласи ва унинг қариндошларига тегишли мол мулкларни давлатга қайтаришни тавсия этувчи резолюцияни қабул қилди.

Бугун қабул қилинган яна бир резолюцияда эса, Қирғизистон бош прокуратурасига яқинда ёпилган қатор жиноий ишларни қайтадан очиш тавсия этилади.
Кўпчилик фикрича, Асқар Ақаев ва унинг оиласи, жумладан ўғли Айдар ва куёви Одил Тўйғонбоев миллий иқтисоднинг каттагина қисмини назорат қилган.
Тўйғонбоевнинг инкор этишига қарамасдан, терговчилар унинг Кантдаги цемент ва асбест заводининг бир қисмига эгалик қилади.
Ақаев 2005 йилнинг мартида ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин тергов қилинаётган бошқа корхоналарга, Қирғизистондаги етакчи уяли алоқа ширкати “Бител”, “Қирғизгазмунайзат” нефт ва газ ширкати, олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни қазиб олувчи “Қирғизолтин” компанияси ҳамда “Шампанвинкомбинат” алкогол ичимликлари заводи киради.

Ўзбекистондан келган хабарларда айтилишчиа, Тошкентда таниқли режиссер ва телевизион продюссер Искандар Салимов ўлдириб кетилган.

Марҳум шунингдек, Искандар Аъзамов исми билан ҳам таниш бўлган.
Ҳукуматга тегишли Пресс-уз инфо интернет сайтида хабар қилинишича, 28 яшар Салимовнинг жасади 25 июн куни ўз уйида топилган. Маълум бўлишича, Искандар Салимовни бир неча марта пичоқлашган.
Тошкент шаҳар прокуратураси мазкур воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатган.
Бундан бир ой аввал режиссёр, Насриддин Афанди ҳақида тўлиқ метражли бадий фильмни суратга олишни якунлаган эди.
Салимов 1996 йилдан бери Ўзбекистон ва Россия телеканаллари билан ҳамкорлик қилиб келган.

АҚШ олий суди террорга қарши урушга алоқадор ишда президент Жорж Буш маъмурияти зарарига ҳукм чиқарди.

Америка олий суди, Буш маъмурияти Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида террорчиликда гумон қилинаётганларни ҳарбий судга топширишда ўз вазифасини суистеъмол қилган деб ҳукм чиқарди.
Олий суд қарорига кўра, мазкур шахсларни ҳарбий судга тортиш Қўшма Штатлар қонунлари ва Женева конвенциясига тўғри келмайди.
Олий суд кўриб чиққан ишда асосий диққат тўрт йилдан бери Гуантанамода суд қарорисиз сақланаётган Яман фуқароси масаласига қаратилди. Бу махбус Усама бин Ладеннинг ҳайдовчиси сифатида ишлаган.
Олий суд бугун қабул қилган қарор Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган 400 махбус масаласини савол остига қўяди.
Оқ Уй ҳукмни батафсил ўрганиб чиқмагунча, изоҳ беришдан бош тортди.

Украинанинг мухолифатдаги Минтақалар партияси бугун ҳам парламентдаги минбарни тўсиб қўйиб, мажлиснинг ўтказилишига тўсқинлик қилди.

Бугунги мажлисда депутатларнинг Юлия Тимошенкони бош вазир этиб сайлаш масаласини кўриб чиқишлари кутилмоқда эди. Шунингдек, президент Виктор Юшченко сафдошининг парламент раиси этиб тайинланиши ҳам кутилмоқда эди.
Минтақалар партиясининг парламентдаги вакиллари минбарни эгаллаб олиб, электрон овоз бериш тизимидаги симларни узиб ташладилар.
Минтақалар партияси илгари сурилган номзодлар, ҳамда уларни тайинлаш масаласи бирга овозга қўйилаётганига қарши чиқмоқда. Бундан ташқари мухолифатчилар парламентдаги асосий лавозимлардан мосуво бўлганига норозилик билдирмоқда.
Россия қўллаб-қувватлайдиган Минтақалар партияси Зарғалдоқ инқилобини ясаган партияларни бирлаштирган янги коалиция уларнинг талабларини қабул қилмагунча норозиликни давом эттириш билан таҳдид қилмоқда.

Қозоғистон мухолифат етакчиси Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилиши юзасидан ўтказилаётган суд маҳкамасида асосий айбланувчи сифатида қатнашаётган Эржон Утембоев, бугунги маҳкама мажлисида шу пайтгача берган кўрсатмаларидан воз кечди.

Қозоғистон сенати маъмуриятининг собиқ бошлиғи Утембоев мухолифатчининг ўлдирилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. У аввалги кўрсатмалари қаттиқ руҳий чарчоқ оқибатида берилганини айтди.

НАТОнинг Афғонистондаги янги вакили лавозимига голландиялик дипломат Даан Эвертс тайинланди.

Голландиянинг ЕХҲТдаги вакили лавозимини эгаллаб келган Эвертс август ойида янги лавозимни туркиялик дипломат Ҳикмат Четиндан қабул қилиб олади. Афғонистондаги НАТО вакили ташкилот ва маҳаллий ҳукумат ўртасидаги муносабатлар билан шуғулланади. НАТО Афғонистон жанубидаги хавфсизлик операциялари масъулиятини ўз зиммасига олиш арафасида турибди.

Айни пайтда, АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Афғонистон жанубидаги Урузғон вилоятида 12 жанггарини йўқ қилганини маълум қилди. Чоршанба куни, шунингдек, коалиция конвойи Ҳелманд вилоятида минага йўлиқиши оқибатида, бир аскар ҳалок бўлган ва уч нафари жароҳатланган.

Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзовнинг маъмурияти шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб, мамлакат адлия вазирлиги халқаро арбитраж бўйича мутахассисларни тайёрлай бошлашини маълум қилди.

Давлатга тегишли ахборот агентлиги интернет саҳифасида ёзилишича, Ниёзов ҳорижий ширкатлар билан мунозараларда Туркманистон иқтисодий манфаатларини муҳокама этиш мақсадида мазкур фармонга имзо чеккан.

Испания бош вазири Хосе Луис Родригес Запатеро ўз етакчилигидаги ҳукумат Баск айирмачиларининг ЭТА жанггари гуруҳи билан тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларни ўтказишни режалаётганини маълум қилди.

Запатеро музокаралар қачон бошланиши ҳақида аниқ маълумот бермади, лекин музокара жараёни “узоқ, кескин ва мушкул” кечишидан огоҳлантирди. ЭТА гуруҳи мустақиллик учун қарийб 40 йил давом этган қуролли курашдан кейин ўтган март ойида сулҳ эълон қилган эди. Бу кураш давомида 800га яқин одам ҳалок бўлган.

Грузия билан Абхазия ўртасидаги можаро оқибатида ўз жойларини ташлаб кетган ва 10 йилдан ортиқ Аджария пойтахти Батумидаги меҳмонхоналарда яшаб келган қочқинлар Абхазияга қайтарила бошлади.

2 мингга яқин абхазиялик қочқинлар 1990 йиллардаги Грузида фуқаровий уруш пайтларидан бери Қора денгиз бўйидаги Батуми меҳмонхоналарида яшаб келаётган эди.
Қочқинларнинг 100 га яқини хусусийлаштирилган икки меҳмонхонадан чиқариб юборилди. Уларга таклиф этилган товон пулидан қочқинлар бош тортди. Қочқинларни кўчириш Аджарияда туризм соҳасига сармоя ётқизиш лойиҳасининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда.
Грузия матбуотида ёзилишича, пайшанба куни ўнлаб қочқинлар Абхазия томон пиёда йўлга чиққан.
Қочқинлар Грузия ҳукумати уларнинг вазиятига эътибор беришини исташларини таъкидламоқда.

Россия Давлат Думаси Ироқда тўрт нафар рус дипломатининг қатл қилиниши юзасидан маъсулиятни коалиция кучлари зиммасига юклади.

Думанинг бугун эълон қилган баëнотида "Халқаро кучлар Ироқдаги вазият назоратини қўлдан бой бергани¸" таъкидланади.
27 июн куни Россия ТИВ Ироқдаги жанггарилар томонидан ўлдирилган рус дипломатлари рўйхатини эълон қилди. Булар Федор Зайцев¸ Ринат Аглиулин¸ Анатолий Смирнов ва Олег Федосеевлардир.
Расмий Москва¸ Ироқда ўлдирилган рус дипломатлари масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим қилди.

Ироқда "Ал-қайда" жанггариси қўлга олинди.

Қўлга олинган жанггари¸ феврал ойида Ироқнинг Самарра шахрида¸ шиалар масжидини портлатганликда гумон қилинмоқда.
Шиалар масжидидаги портлаш¸ мамлакатда мазҳаблараро адоватнинг янада кучайишига сабаб бўлган эди.
Ироқ расмийларига кўра¸ қўлга олинган жанггари Тунис фуқаросидир.

ЕХҲТ раҳбарияти ўз ходимининг Туркманистонда ноқонуний фаолият олиб борганлиги ҳақидаги расмий Ашхобод илгари сурган айбловни қатъий рад қилди.

ЕХҲТ раиси¸ Белгия ташқи ишлар вазири Карел Де Гюхт¸ ўзининг Туркманистондаги ходими Бенжамин Морога мутлақ ишонч билдиришини таъкидлади.
Расмий Ашхобод ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистондаги вакили Морони¸ ҳукуматга қарши фаолият олиб борган Туркманистон фуқароларини қўллаб қувватлаганликда айблади.

Фаластиннинг ўзаро рақобатлашаëтган "Хамас" ва "Фатх" гуруҳлари ўртасида келишув имзолангани халқаро доираларда олқишланди.

Европа комиссияси бу келишувни маъқуллади. Баъзи маълумотларга кўра¸ келишувда "Исроил билан ëнма-ëн мустақил Фаластин давлати қурилиши" ҳақида айтилади. Бу гап амалда Хамас тарафидан Исроилнинг тан олиниши ҳисобланади.
Айни пайтда АҚШ келишув матнини синчиклаб ўрганмасдан туриб бирор ҳулоса қилишга эрта эканлигини айтмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG