Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 10:16

Халқаро янгиликлар

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана Эроннинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиши эвазига иқтисодий манфаатли ҳамкорлик таклифларини Теҳрон расмийларига топширди.

Эроннинг ядровий дастур масаласидаги бош музокарачаси Али Ларижоний Ҳ.Солана билан учрашувдан сўнг: “Биз конструктив мулоқот ўтказдик. Олти давлат вакиллари томонидан ишлаб чиқилган таклифлар тақдим этилди. Мазкур таклифлар орасида, бизнинг назаримизда, бир неча ижобий фикрлар бор. Аммо таклифлар орасида икки маъноли сўзлар ҳам борки, улар олиб ташланиши керак”, - деди.
Бу таклифлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирларининг ўтган ҳафта Вена шаҳридаги учрашувида ишлаб чиқилган эди.
Ҳ.Солана Теҳронга музокара олиб бориш учун эмас, балки фақат таклифни топшириш учун борган.

Германия канцлери Ангела Меркел ва Франция президенти Жак Ширак Эронни уранни бойитиш ишларини тўхтатиш эвазига халқаро ҳамжамият тақдим этган таклифларни қабул қилишга чақирди.

А.Меркел Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана Теҳрон расмийларига қандай таклифлар тақдим этгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди. Аммо у юзага келган бўҳрон дипломатик йўллар орқали ҳал этилиши мумкинлигини айтди.
“Масала Эроннинг атом энергиясидан тинч мақсадларда узоқ муддат фойдаланмаслиги ҳақида эмас. Масала очиқ фаолият юритиш ва Атом энергияси халқаро агентлиги қоидаларига риоя қилишда. Халқаро ҳамжамият бугун ўз таклифларини Теҳрон расмийларига етказди. Биз Эрон бу масалага ижобий ёндашиши ва муаммони дипломатик йўллар орқали ҳал этишдан манфаатдор эканига умид қиламиз”, – деди Германия канцлери.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий жиноятга алоқадор эканини исботловчи аниқ далиллар бўлмаган 2,5 минг маҳбус қўйиб юборилишини билдирди.

Ал-Маликийнинг айтишича, маҳбуслар АҚШ назоратида бўлган вақтинчалик ҳибсда сақлаш марказлари ва Ироқ қамоқхоналаридан озод этилади.
Бош вазир бу қарор “миллий ярашиш”га эришиш мақсадида қабул қилинганини билдирди.
Ироқда эса зўравонликлар давом этмоқда. Бағдодда содир этилган портлаш оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, бир эркак яраланди. Пойтахтдан шимолда полиция ходимлари йўл четига ўрнатилган реклама тахтасига осиб қўйилган катта қора елим халта ичидан саккизта одам бошини топди. 3 июнь куни ҳам бир неча одам боши топилган эди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқаев Теҳронда Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий ва президент Маҳмуд Аҳмадийнажот билан учрашди.

Қ.Тоқаев Қозоғистон ҳукумати Эроннинг шимолий вилоятларига нефть экспорти ҳажмини ошириш масаласини кўриб чиқишини билдирди.
Теҳронга икки кунлик ташрифи чоғида Қ.Тўқаевнинг Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

Қозоғистон Олий суди мухолифатдаги “Олға” партиясини рўйхатга олмаслик тўғрисидаги дастлабки суд қарорини ўз кучида қолдирди.

Партия раҳбари Асилбек Кожаҳмедов бу хабарни тасдиқлади, аммо бу ҳақда бошқа маълумот бермади.
Олий суд ҳаками Мусабек Алимбеков маҳкама қарорини “Олға” аъзолари рўйхатига фуқаролиги бўлмаган ва йўқ одамлар исмлари киритилгани билан изоҳлади.
Сешанба куни эрталаб “Олға”нинг икки юзга яқин тарафдори Қозоғистон Адлия вазирлиги олдида рухсат этилмаган норозилик пикети ўтказган пайтда милиция ходимлари билан тўқнашув рўй берди. Ўнлаб одам ҳибсга олинди. “Озодлик” мухбирлари хабарига кўра, улар сўроқ қилингандан кейин қўйиб юборилган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда йўналишли таксилар ҳайдовчилари дизел ёқилғиси нархи арзонлаштирилиши ёки йўл ҳақи оширилишига рухсат берилишини талаб қилиб, иш ташлади.

Норози ҳайдовчиларнинг билдиришича, ўтган ҳафтада ёқилғи нархи 20 фоиз ошган ва бир литрининг баҳоси 21 сомга етган. Шу боис, йўловчи ташишдан ҳайдовчиларга даромад қолмаяпти.

Озарбойжон пойтахти Бокуда нефть ва газ масалаларига бағишланган анжуман ўтказилмоқда.

Йиғилишда АҚШ президенти Жорж Бушнинг Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга йўллаган мактуби ўқиб этиттирилди. Унда АҚШ раҳбари Қозоғистон ва Озарбойжон Қозоғистон нефтини Боку-Тбилиси-Жайҳон қувури орқали чет элга экспорт қилиш шартларига рози бўлишига умид билдирган.
Қиймати тўрт миллиард доллар бўлган мазкур қувур Россияни четлаб, Грузия ва Туркия ҳудудлари орқали нефть экспорт қилиш имконини беради.

Афғонистоннинг Хост вилоятида АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига қарашли машиналар карвонига худкуш ҳужум уюштирди.

Портлаш оқибатида уч ҳарбий яраланди. Улардан икки нафари шифохонага ётқизилди. Учинчи аскар енгил яраланган.

Афғонистоннинг Ғазна вилоятидаги мадрасада юз берган портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлди, камида етти одам яраланди.

Расмийларнинг билдиришича, бошқа жойда ҳужум уюштириш учун мотоциклга портловчи моддалар ўрнатилаётган пайтда портлаш рўй берган. Воқеадан сўнг мадраса раҳбари ҳибсга олинган.

Қрим парламенти Қрим ярим оролини “НАТОдан холи зона”, деб эълон қилди.

Россияпараст сиёсий партиялар тарафдорлари жорий йил ёзда Украина ва НАТО кучларининг қўшма ҳарбий машқлар ўтказишига кўп марта норозилик билдирди. Улар Украина Мудофаа вазирлигига қарашли америкалик 200 ҳарбий жойлаштирилган санаторий ташқарисида ҳам пикет ўтказган.
Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини устивор мақсад қилиб белгилаган президент Виктор Юшченко Қрим парламенти қарорини сиёсий ўйин, деб баҳолади ва у ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини айтди.
“Бу сиёсий қарор Украина ва НАТО муносабатларини тартибга солувчи принципларни ўзгартирмайди. Украинада НАТОга тегишли ҳатто бир квадрат метр ер йўқ”, – деди Украина президенти.

Буюк Британияда суд Россияда давлат тўнтариши амалга оширишни режалаштиришда айбланган йирик тадбиркор Борис Березовскийни экстрадиция қилиш ҳақидаги Россия сўровига рад жавоби берди.

Суднинг маълум қилишича, Б.Березовскийга сиёсий бошпана берилгани сабабли уни экстрадиция қилиш йўлидаги уринишлар фойдасиз.
2000 йилда Россиядан қочиб кетган Б.Березовский президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчисига айланган. Буюк Британия Россия томонидан Б.Березовскийга қўйилган товламачилик айбловларини рад этган.

АҚШнинг ахборот технологиялари бўйича энг йирик IBM ширкати Ҳиндистонга ётқизаётган сармояси ҳажмини кескин оширишини эълон қилди.

IBM Ҳиндистонга ётқизаётган икки миллиард доллар маблағини келаси уч йил ичида олти миллиард долларга етказади. Ҳозир IBM ширкатининг Ҳиндистонда 40 минг ишчиси бор. Ахборот технологияси соҳаси ширкатлари учун Ҳиндистон муҳим марказга айланиб бормоқда.

Хитойнинг Шанхай шаҳрида шифокорлар икки ойлик чақалоқнинг учинчи қўлини жарроҳлик йўли билан олиб ташлади.

Чақалоқнинг иккала чап қўли яхши ишламагани учун жарроҳлар кўкракка яқин жойлашган ва яхшироқ ривожланган қўлни қолдириб, яхши ривожланмаган иккинчи чап қўлни муваффақиятли олиб ташлади.

Ғарб ахборот агентликлари Ироқда элликка яқин одам ўғирлаб кетилганини хабар қилди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, одамларни олиб кетганлар Ироқ полицияси кийимида бўлган. Улар ҳақиқий полициячиларми ёки бошқаларми, маълум эмас.
Ахборот агентлигининг Ироқ Ички ишлар вазирлиги подполковниги Фалаҳ ал-Муҳаммадавийга таяниб маълум қилишича, одамлар кўчада автобус бекатидан ўғирлаб кетилган. Ўғирланганлар орасида хорижга бормоқчи бўлган автобус ҳайдовчилари ва йўловчилар бор.
Аммо “Франс пресс” ахборот агентлиги Ички ишлар вазирлигининг бошқа бир расмийсига таяниб хабар беришича, одамлар қурол контрабандачиларини қўлга тушириш мақсадида ўтказилган расмий рейд давомида олиб кетилган.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солананинг Теҳронга бориши кутилмоқда.

Сафардан мақсад Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳронни ҳал этиш учун ЕИ ишлаб чиққан иқтисодий дастурни Теҳрон расмийларига тақдим этишдан иборат.
Ўтган ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирлари Венада учрашиб, Эроннинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиши эвазига иқтисодий манфаатли таклифлар ишлаб чиққан эди.
Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот таклифлар пухта ўрганиб чиқилишини, аммо Эрон ядро ёқилғиси тайёрлаш ҳуқуқидан воз кечмаслигини билдирган.

Бухарестда Қора денгиз соҳилида жойлашган давлатлар раҳбарлари саммити бошланди.

Учрашувда Арманистон, Грузия, Молдова, Озарбойжон, Украина ва Руминия президентлари, шунингдек, Туркия ва Болгария вакиллари иштирок этмоқда.
Учрашувда Руминия ташқи ишлар вазири Михай Разван Унгурену минтақанинг янги стратегиясини ишлаб чиқишга чақирди.
“Биз биргаликда Қора денгиз минтақаси ҳақидаги янги қарашни шакллантиришимиз керак. Бу қараш ҳозирги воқеликни акс эттириши ва минтақа ривожини таъминлаши керак”, – деди у.
Учрашув қатнашчилари тобора кучайиб бораётган наркотик моддалар ва қуроллар контрабандаси ҳамда одам савдосига қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишди.

Токиода Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди.

Сўзлашув чоғида терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни яхшилаш ва минтақа нефть қувурлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Япония ташқи ишлар вазири Таро Асо ва унинг марказий осиёлик ҳамкасблари минтақада наркотик моддалар контрабандасига қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашга доир ҳаракат дастурини ҳам тасдиқлади. Учрашувда Афғонистон вакиллари кузатувчи сифатида қатнашди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Буюк Британияга қарашли “Partnership for development organization” ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпишга ҳаракат қила бошлади.

www.press-uz.info сайти хабарига кўра, вазирлик ташкилотни Ўзбекистон қонунларига риоя қилишга чақирган, акс ҳолда идора фаолияти тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган. Адлия вазирлигининг билдиришича, бу ташкилот ўз белгисини вазирликдан рўйхатдан ўтказмаган, адлия идораларига маълумот бермасдан бир неча тадбирлар ўтказган.
“Partnership for development organization” ноҳукумат ташкилоти 2004 йилдан бери Ўзбекистонда маориф ва иқтисод соҳаларида бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Қирғизистон мудофаа вазири Исмоил Исоқов афғонистонлик ҳамкасби Абдул Раҳим Вардак билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот чоғида И.Исоқов ҳамкасбини Ганси авиабазаси ижара ҳақи борасида АҚШ вакиллари билан ўтказилган музокара тафсилотлари билан таништирди.
31 май ва 1 июнь кунлари Бишкекда ўтказилган сўзлашувлардан кейин АҚШ делегацияси маслаҳатлашув учун Вашингтонга жўнаб кетган эди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев Хавфсизлик кенгаши котиби Мирослав Ниёзовга мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш чораларини ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берди.

Президент маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорлари олдида чиқиш қилган Қ.Бақиев Қирғизистон ҳудудига қурол олиб киришга уринган ҳар қандай шахсни ўлим кутиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, у терроризм, гиёҳвандлик моддалари контрабандаси ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти Тошкент вақти билан 22.30да одам савдоси бўйича ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилиши кутилмоқда.

Мазкур ҳисобот 1 июнь куни эълон қилиниши режалаштирилган эди. Аммо давлат котиби Кондолиза Райс Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳронни ҳал этиш масаласида Вена учрашувига жўнаб кетгани сабабли ҳисобот тақдимоти 5 июнга қолдирилган эди.

АҚШнинг Афғонистондаги элчиси мамлакат жануби-ғарбий қисми НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар назоратига топширилганидан сўнг Афғонистонда Американинг 20 минг ҳарбийси қолишини билдирди.

Аввал бу кучлар сони 23 минг киши бўлиши айтилган эди. АҚШ ҳарбийлари Афғонистон жанубида ўтказиладиган амалиётларда фаол қатнашади.


Туркия жанубида курд айирмачилари пистирмадан уюштирган ҳужум оқибатида Туркия армиясининг бир ҳарбийси ҳалок бўлди, саккиз нафари яраланди.

Туркия ҳарбийларининг билдиришича, воқеа Бингол вилоятида рўй берган. Ҳозир ҳужум уюштирган жиноятчилар қидирилмоқда. Мазкур ҳужум учун мустақил Курдистон давлатини қуришни ўзига мақсад қилган Курдистон ишчилар партияси жавобгар экани айтилмоқда.

БМТнинг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари 29 май куни пойтахт Кобулда содир бўлган исён мамлакат обрўсига путур етказганини айтди.

Том Коениг содир бўлган зўравонлик мамлакатга сармоя ётқизиш жараёнини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов президент Владимир Путин билан учрашув чоғида Россия армияси “Ми-28Н” русумидаги янги вертолёт билан қуроллантирилганини маълум қилди.

Сергей Ивановнинг айтишича, тунги операцияларни бемалол бажара оладиган янги вертолёт Россия армиясида ҳозир фойдаланилаётган “Ми-24”га нисбатан ҳарбий ва техник жиҳатдан қатор устунликларга эга.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG