Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 17:18

Халқаро янгиликлар

Ғарб ахборот агентликлари Ироқда элликка яқин одам ўғирлаб кетилганини хабар қилди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, одамларни олиб кетганлар Ироқ полицияси кийимида бўлган. Улар ҳақиқий полициячиларми ёки бошқаларми, маълум эмас.
Ахборот агентлигининг Ироқ Ички ишлар вазирлиги подполковниги Фалаҳ ал-Муҳаммадавийга таяниб маълум қилишича, одамлар кўчада автобус бекатидан ўғирлаб кетилган. Ўғирланганлар орасида хорижга бормоқчи бўлган автобус ҳайдовчилари ва йўловчилар бор.
Аммо “Франс пресс” ахборот агентлиги Ички ишлар вазирлигининг бошқа бир расмийсига таяниб хабар беришича, одамлар қурол контрабандачиларини қўлга тушириш мақсадида ўтказилган расмий рейд давомида олиб кетилган.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солананинг Теҳронга бориши кутилмоқда.

Сафардан мақсад Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳронни ҳал этиш учун ЕИ ишлаб чиққан иқтисодий дастурни Теҳрон расмийларига тақдим этишдан иборат.
Ўтган ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирлари Венада учрашиб, Эроннинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиши эвазига иқтисодий манфаатли таклифлар ишлаб чиққан эди.
Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот таклифлар пухта ўрганиб чиқилишини, аммо Эрон ядро ёқилғиси тайёрлаш ҳуқуқидан воз кечмаслигини билдирган.

Бухарестда Қора денгиз соҳилида жойлашган давлатлар раҳбарлари саммити бошланди.

Учрашувда Арманистон, Грузия, Молдова, Озарбойжон, Украина ва Руминия президентлари, шунингдек, Туркия ва Болгария вакиллари иштирок этмоқда.
Учрашувда Руминия ташқи ишлар вазири Михай Разван Унгурену минтақанинг янги стратегиясини ишлаб чиқишга чақирди.
“Биз биргаликда Қора денгиз минтақаси ҳақидаги янги қарашни шакллантиришимиз керак. Бу қараш ҳозирги воқеликни акс эттириши ва минтақа ривожини таъминлаши керак”, – деди у.
Учрашув қатнашчилари тобора кучайиб бораётган наркотик моддалар ва қуроллар контрабандаси ҳамда одам савдосига қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишди.

Токиода Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди.

Сўзлашув чоғида терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни яхшилаш ва минтақа нефть қувурлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Япония ташқи ишлар вазири Таро Асо ва унинг марказий осиёлик ҳамкасблари минтақада наркотик моддалар контрабандасига қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашга доир ҳаракат дастурини ҳам тасдиқлади. Учрашувда Афғонистон вакиллари кузатувчи сифатида қатнашди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Буюк Британияга қарашли “Partnership for development organization” ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпишга ҳаракат қила бошлади.

www.press-uz.info сайти хабарига кўра, вазирлик ташкилотни Ўзбекистон қонунларига риоя қилишга чақирган, акс ҳолда идора фаолияти тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган. Адлия вазирлигининг билдиришича, бу ташкилот ўз белгисини вазирликдан рўйхатдан ўтказмаган, адлия идораларига маълумот бермасдан бир неча тадбирлар ўтказган.
“Partnership for development organization” ноҳукумат ташкилоти 2004 йилдан бери Ўзбекистонда маориф ва иқтисод соҳаларида бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Қирғизистон мудофаа вазири Исмоил Исоқов афғонистонлик ҳамкасби Абдул Раҳим Вардак билан телефон орқали суҳбатлашди.

Мулоқот чоғида И.Исоқов ҳамкасбини Ганси авиабазаси ижара ҳақи борасида АҚШ вакиллари билан ўтказилган музокара тафсилотлари билан таништирди.
31 май ва 1 июнь кунлари Бишкекда ўтказилган сўзлашувлардан кейин АҚШ делегацияси маслаҳатлашув учун Вашингтонга жўнаб кетган эди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев Хавфсизлик кенгаши котиби Мирослав Ниёзовга мамлакат чегараларини мустаҳкамлаш чораларини ишлаб чиқиш ҳақида кўрсатма берди.

Президент маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорлари олдида чиқиш қилган Қ.Бақиев Қирғизистон ҳудудига қурол олиб киришга уринган ҳар қандай шахсни ўлим кутиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, у терроризм, гиёҳвандлик моддалари контрабандаси ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти Тошкент вақти билан 22.30да одам савдоси бўйича ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилиши кутилмоқда.

Мазкур ҳисобот 1 июнь куни эълон қилиниши режалаштирилган эди. Аммо давлат котиби Кондолиза Райс Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳронни ҳал этиш масаласида Вена учрашувига жўнаб кетгани сабабли ҳисобот тақдимоти 5 июнга қолдирилган эди.

АҚШнинг Афғонистондаги элчиси мамлакат жануби-ғарбий қисми НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар назоратига топширилганидан сўнг Афғонистонда Американинг 20 минг ҳарбийси қолишини билдирди.

Аввал бу кучлар сони 23 минг киши бўлиши айтилган эди. АҚШ ҳарбийлари Афғонистон жанубида ўтказиладиган амалиётларда фаол қатнашади.


Туркия жанубида курд айирмачилари пистирмадан уюштирган ҳужум оқибатида Туркия армиясининг бир ҳарбийси ҳалок бўлди, саккиз нафари яраланди.

Туркия ҳарбийларининг билдиришича, воқеа Бингол вилоятида рўй берган. Ҳозир ҳужум уюштирган жиноятчилар қидирилмоқда. Мазкур ҳужум учун мустақил Курдистон давлатини қуришни ўзига мақсад қилган Курдистон ишчилар партияси жавобгар экани айтилмоқда.

БМТнинг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари 29 май куни пойтахт Кобулда содир бўлган исён мамлакат обрўсига путур етказганини айтди.

Том Коениг содир бўлган зўравонлик мамлакатга сармоя ётқизиш жараёнини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов президент Владимир Путин билан учрашув чоғида Россия армияси “Ми-28Н” русумидаги янги вертолёт билан қуроллантирилганини маълум қилди.

Сергей Ивановнинг айтишича, тунги операцияларни бемалол бажара оладиган янги вертолёт Россия армиясида ҳозир фойдаланилаётган “Ми-24”га нисбатан ҳарбий ва техник жиҳатдан қатор устунликларга эга.

Хитой ҳукумати мамлакатда атроф-муҳитни ифлослантириш давом этаётгани ва бу ҳар йили 200 миллиард доллар иқтисодий зарар келтираётганини билдирди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маъмурияти чиқарган янги ҳисоботга кўра, Хитойда меъёрдан ортиқ дарахт кесиш, ердан тинимсиз фойдаланиш ва нам ерлар майдони қисқариб бораётгани атроф-муҳит соҳасидаги энг долзарб муаммолар сифатида қайд этилган.

Жаҳон газеталар уюшмасининг 2006 йилги “Озодлик олтин қалами” мукофоти эронлик журналист Акбар Ганжига насиб этди.

Танқидий мақолалари учун олти йиллик қамоқ жазосини ўтаган А.Ганжига бу мукофот Москвада ўтказилган тантанали маросимда топширилди.
Йиғилишда 1700 журналист қатнашди.
Матбуот эркинлиги учун курашиб келаётган журналистларга мўлжалланган мазкур мукофот 1961 йилдан таъсис этилган бўлиб, у ўз ватанида матбуот эркинлиги учун курашаётган журналистларга ҳар йили берилади.

НАТОНинг Афғонистон жанубидаги тинчликпарвар кучлари сони яна кўпайтириладиган бўлди.

НАТО қўшинлари раҳбари Дэвид Ричардснинг мълум қилишича, сўнгги ойда 6 минг ҳарбий Афғонистон жанубига жўнатилади.
Тобора нотинчлашиб бораётган Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида бомба ўрнатилган автомобиль портлаши оқибатида тинч аҳолидан тўрт киши ҳалок бўлди, 12 нафари жароҳатланди. Худкуш Канада ҳарбийларининг икки автомобили ўртасида машинасини портлатди.
Айни ҳудудда содир бўлган тўқнашув чоғида эса тўрт афғон полициячиси ва толиблардан камида еттитаси ўлдирилган.

Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Миср президенти Ҳусни Муборак билан учрашди.

Мисрга кетишдан олдин Э.Олмерт ҳукумат йиғилиши ўтказиб, Ҳусни Муборак билан Исроил-Миср муносабатларини муҳокама қилишини маълум қилди.
“Хабарингиз бор, Миср президенти билан икки давлат ўртасида муҳим бўлиб турган кўплаб масалаларни муҳокама қиламиз. Бу араб мамлакатлари орасидаги етакчи давлат билан алоқаларни мустаҳкамлашга оид музокараларнинг бир қисми бўлади”, - деди Исроил бош вазири.

Ироқ ҳукумати Россия элчихонасининг гаровга олинган тўрт ходимини озод қилиш учун барча тезкор чораларни кўрмоқда.

Бу ҳақда Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Забарий маълум қилди.
Сал аввал Ироқ телевидениеси Россия элчихонасининг шанба куни гаровга олинган тўрт ходими озод этилганини хабар қилган эди. Бироқ бу ахборот тасдиқланмади.
Шанба куни россиялик дипломатларни ўғирлаш чоғида улардан бири Виталий Титов ўлдирилган эди.
Айни вақтда Ироқда террорчилик ҳужумлари давом этмоқда. Бугун содир этилган ҳужумлар оқибатида 30 га яқин одам қурбон бўлгани хабар қилинди.

Эроннинг олий диний раҳбари оятулло Али Ҳуманаий агар АҚШ ҳукумати Эронга зарба бермоқчи бўлса, жавоб тариқасида мамлакати бу ҳудуддан нефть ўтишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.

“Агар сиз Эронга нисбатан хатога йўл қўйсангиз, ундан сўнг бизнинг ҳудуддан нефт етказилиши ҳам хавф остида қолади”, - деди оятулло АҚШ ва бошқа мамлакатларга мурожаатида.
А.Ҳуманаийнинг сўзларига кўра, бу ҳолда глобал энергетик инқироз юзага келади. Чунки Эрон Форс кўрфазини Ҳинд океани билан боғлаб турувчи Ҳурмуз бўғозидан ўтадиган танкерлар йўлини тўсиши мумкин.

“Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, жума куни Москвада тожикистонлик фуқарога ёшларнинг бир гуруҳи ҳужум қилган.

Улар миллатчилик мазмунидаги шиорларни бақириб айтган ва хорижлик фуқарони металл таёқлар билан калтаклаган.
Жабрланувчи бош мия жароҳати ва бошқа жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
Ҳозир жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган 17 ёшли мактаб ўқувчиси қўлга олинган.

Чехияда шанба куни якунлаган парламент сайловидан сўнг мавҳум вазият юзага келди.

Сайлов натижаларига кўра, сўл ва ўнг марказчи кучларнинг ҳар бири парламентнинг қуйи палатасида юзтадан ўринга эга бўлди. Бу эса сиёсий кучларнинг ҳеч бири ҳукумат тузиш учун зарур миқдорда ўринга эга бўлмаганини кўрсатади.
Чехия президенти Вацлав Клаус коалиция ташкил этиш тўғрисида топшириқ беражагини маълум қилди. Унинг айтишича, 35 фоиз овоз тўплаган Фуқаровий демократик партия ва 32 фоиз овоз тўплаган ҳамда 8 йилдан буён амалда бўлган Социал демократлар партияси ҳамкорликда ишлаш бўйича музокара бошлаши лозим.
“Биз христиан демократлар ва яшиллар партияси билан қўшма сиёсий дастур тузишга уриниб кўрамиз. Бу, албатта, ислоҳотлар дастурида айрим ўзгаришлар бўлишидан далолат беради. Аммо тубдан ўзгаришлар бўлади, деб бўлмайди”, - деди Фуқаровий демократик партия лидери Мирослав Тополанек.

Канаданинг Торонто шаҳри теграсида аксилтеррор ҳаракатлари чоғида 17 киши ҳибсга олинди, катта миқдорда портловчи модда қўлга киритилди.

Полиция вакилининг маълум қилишича, ҳибсга олинганлар Онтарио штатида террорчилик ҳаракатларини режалаштиришда гумон қилинмоқда.
Канада бош вазири Стивен Ҳарпер мамлакат ҳануз террор хавфи остида турганидан огоҳлантирди.
“Биз террорчиларнинг асосий нишонимиз. Чунки улар биздан, турмуш тарзимиздан нафратланади. Улар жамиятимиз, маданий ва этник хилма-хиллигимиз, қадриятларимиздан нафратланади”, - деди Канада бош вазири.

Бугун Пекин шаҳрининг Тяньаньмэнь майдонида талабалар намойиши қонли тарзда бостирилганига 17 йил тўлди.

Сана муносабати билан Хитой пойтахтида хавфсизликни сақлаш чоралари кучайтирилган.
1989 йилнинг 4 июнида Хитой ҳукумати талабаларнинг демократик чиқишини бостириш учун ҳарбий қудратини ишга солган, танклар қўллаган эди. Маълумотларга кўра, юзлаб намойишчилар қурбон бўлган. Айрим манбаларда эса уларнинг сони мингдан ортиши мумкинлиги айтилади. Бироқ қурбонларнинг аниқ сони ҳозиргача маълум эмас.

Феодосия шаҳрида Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига қаршилар иштирокидаги норозилик намойиши давом этмоқда.

Намойишчилар Феодосия денгиз портини ўраб олган.
Шу портга “Си Бриз-2006” халқаро ҳарбий машқлари учун мўлжалланган техника ва жиҳозлар келтирилган эди.
Американинг 109 денгиз пиёдаси ҳозир Феодосия сиҳатгоҳларидан бирига кўчирилди. Сиҳатгоҳда АҚШ ҳарбийларидан яна 150 таси бор. Улар бир неча кун аввал Қримда ўтказилиши кўзланган ҳарбий машқларда қатнашиш учун келган эди.

Ироқнинг Басра шаҳридаги бозор ташқарисида худкуш бошқарган машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, 30 одам яраланди.

Ироқ ҳукумати жангари гуруҳларни йўқ қилиш мақсадида уч кун олдин Басрада коммендантлик соати жорий қилган эди.
Бақуба шаҳрида полиция текширув пунктига қилинган ҳужум оқибатида полициянинг камида олти ходими нобуд бўлди, икки нафари яраланди.
Ироқ полицияси ходимлари Бағдоддан шимолда жойлашган шаҳарда одамнинг саккиз бошини топди. Улардан бир нечтаси шифохона соқчиларига тегишли экани айтилмоқда.

Бағдодда Россия элчихонасининг бир ходими отиб ўлдирилди, тўрттаси ўғирлаб кетилди.

Ироқ Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, қуролланган номаълум шахслар Бағдод туманларидан бирида Россия дипломатлари кетаётган машинанинг йўлини тўсиб, ўт очган.
Москвада Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда дипломатларни озодликка чиқариш учун Россия ҳукумати Ироқ раҳбарияти ва халқаро ҳамжамият билан бирга иш олиб бораётгани қайд этилади.
Шунингдек, ҳужжатда элчихонанинг ҳалок бўлган ходими жасади ўликхонага олиб борилгани билдирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG