Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:29

Халқаро хабарлар

Ироқнинг Басра шаҳридаги бозор ташқарисида худкуш бошқарган машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, 30 одам яраланди.

Ироқ ҳукумати жангари гуруҳларни йўқ қилиш мақсадида уч кун олдин Басрада коммендантлик соати жорий қилган эди.
Бақуба шаҳрида полиция текширув пунктига қилинган ҳужум оқибатида полициянинг камида олти ходими нобуд бўлди, икки нафари яраланди.
Ироқ полицияси ходимлари Бағдоддан шимолда жойлашган шаҳарда одамнинг саккиз бошини топди. Улардан бир нечтаси шифохона соқчиларига тегишли экани айтилмоқда.

Бағдодда Россия элчихонасининг бир ходими отиб ўлдирилди, тўрттаси ўғирлаб кетилди.

Ироқ Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, қуролланган номаълум шахслар Бағдод туманларидан бирида Россия дипломатлари кетаётган машинанинг йўлини тўсиб, ўт очган.
Москвада Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда дипломатларни озодликка чиқариш учун Россия ҳукумати Ироқ раҳбарияти ва халқаро ҳамжамият билан бирга иш олиб бораётгани қайд этилади.
Шунингдек, ҳужжатда элчихонанинг ҳалок бўлган ходими жасади ўликхонага олиб борилгани билдирилган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли 86 амалдори ишдан олинди.

Улар орасида Кобул полицияси бошлиғи генерал Абдул Жамил Жумбеш ҳам бор.
Бу 2001 йилда толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Афғонистон Ички ишлар вазирлигида амалга оширилаётган энг катта ўзгаришдир.
Амалдорлар ишдан кетишига эса 29 май куни АҚШ ҳарбийларига қарашли юк машинаси аварияга учраганидан кейин хорижликларга қарши исён кўтарилгани сабаб бўлди. Кобулда рўй берган зўравонликларда ўнга яқин киши ҳалок бўлган эди.

Сингапурда хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманда иштирок этаётган АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Пекинда ўтказиладиган йиғилишида Эрон вакилларининг иштирок этаётганидан ҳайратда эканини айтди.

“Эрон террорчиликни қувватловчи давлат ҳисобланади. Эрон “Хамас”ни, “Ҳизбаллоҳ”ни қўллаб-қувватлаяпти. Бу давлат анча вақтдан бери террорчилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Терроризмга қарши курашда ҳисса қўшишига умид қилиб, улар Эронни ташкилотга олгани мени жуда ҳайратга солади”, – деди Пентагон раҳбари.
Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган ШҲТда Эрон кузатувчи мақомига эга.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Теҳрон расмийлари халқаро ҳамжамият таклифига жавоб беришдан олдин уни ўрганиб чиқишини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда Германия ташқи ишлар вазирларининг пайшанба кунги Вена учрашувида Эроннинг уранни бойитиш ишларидан воз кечиши эвазига иқтисодий манфаатли таклифлар ишлаб чиқилган эди. Шу ҳафта бошида АҚШ ҳам Эрон билан олиб борилаётган сўзлашувларга қўшилишини билдирганди.
М.Муттақий агар “яхши ният бўлса”, олдинга силжиш рўй бериши мумкинлигини, аммо музокаралардан олдин шарт қўйилмаслиги кераклигини айтди.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Ҳавьер Солананинг матбуот вакили халқаро ҳамжамият таклифини тақдим этиш учун бошлиғи зудлик билан Эронга боришга тайёрлигини, бироқ сафар муддати ҳозирча белгиланмаганини таъкидлади.

Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида полиция идорасига ҳужум уюштирилгани оқибатида рўй берган отишмада толибларнинг 12 жангариси ўлдирилди.

Қандаҳор ҳокими матбуот вакили Довуд Ҳамадийнинг айтишича, жума куни тунда рўй берган тўқнашувда 17 одам, жумладан, полициянинг тўрт ходими ҳам яраланган.
Шанба куни эрталаб Ҳилманд вилоятида жангарилар пистирмадан ҳужум уюштиргани оқибатида полициянинг тўрт ходими яраланди.
Расмийларнинг билдиришича, мазкур ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган 18 киши қўлга олинган.

Афғонистон парламенти мамлакатнинг биринчи бюджетини тасдиқлади.

Ҳужжатда давлат идоралари ходимлари маошлари оширилиши кўзда тутилган. Икки ҳафта олдин депутатлар давлат идоралари ходимлари ойлиги камлиги учун бюджет лойиҳасини қабул қилмаган эди.
Тасдиқланган бюджетда давлат идоралари ходимларининг энг кам ойлик маоши 60 АҚШ доллари этиб белгиланган. Бошқа соҳаларга ажратилиши кўзда тутилган маблағнинг қисқариши ҳисобига ойлик маош яна олти долларга ошиши мумкин.

Черногория парламенти йиғилишида мустақиллик декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Депутатлар 21 май куни ўтказилган референдумнинг расмий натижасини тасдиқлаши режаланган.
Мустақиллик референдумида қатнашган фуқароларнинг 55,5 фоизи Черногориянинг Сербиядан мустақил бўлишини ёқлаб овоз берган эди.

Чехия республикасида икки кунлик парламент сайловида овоз бериш тугади.

Дастлабки маълумотларга кўра, мухолифатдаги Фуқаролик демократик партияси сайловчиларнинг 38 фоиз овозини олиб, олдинда бормоқда.
Охирги саккиз йил давомида мамлакатни бошқариб келган бош вазир Йири Парубек етакчилигидаги Социал демократик партия 30 фоиз овоз олган. Чехия коммунистик партияси эса 12 фоиз овоз билан учинчи ўринда бормоқда.

Туркиянинг Мерсин порт шаҳридаги савдо марказида рўй берган портлашдан ўн беш киши яраланди.

Полиция маълумотига кўра, портловчи қурилма мобил телефони ёрдамида узоқдан туриб ишга туширилган. Портлаш учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Канада полицияси Онтарио штатининг турли жойларида террорчилик ҳаракатлари содир этишда гумон қилинган 17 кишини, жумладан, беш ўсмирни ҳибсга олди.

2 июнь куни Торонто минтақасида ўтказилган рейдда полициянинг 400 га яқин ходими қатнашди. Айтилишича, Канада полицияси гумонланувчилардан портловчи қурилма тайёрлашда ишлатиладиган уч тонна аммоний нитрат моддасини мусодара қилган.

Эроннинг жанубий вилоятларида Рихтер ўлчови бўйича 5,2 балл кучга эга зилзила рўй берди. Оқибатда бир қизча нобуд бўлди, камида икки киши жароҳатланди.

Эронда ер силкиниши тез-тез кузатилади. Эронда энг талофатли зилзила 2003 йил декабрда Бам шаҳрида рўй берган эди. Ўша табиий офат оқибатида 31 мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.

АҚШ Миллий разведка хизмати директори Жон Негропонте “Би-Би-Си” радиосига Эрон 2010 йилгача атом қуроли яратиши мумкинлигини айтди.

Ж.Негропонте БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирларининг Вена учрашувидан сўнг шундай баёнот берди.


Венада БМТ хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс “Эрон ўз келажаги хусусида қарор қабул қиладиган вақт келгани”ни айтди.

К.Райс уранни бойитишни тўхтатиш учун Эронга қанча муддат вақт берилганини маълум қилмади.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Вена учрашувида ишлаб чиқилган режа Теҳрон билан келишувга эришиш имкониятини яратишини таъкидлади.
“Биз Эрон томони бу чақириққа жавоб бериши ва музокара столига ўтиришига умидвормиз”, – деди С.Лавров.
У жавоб учун Эронга муҳлат белгиланмаганини билдирди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти суди Ўзбекистон фуқаросини жосусликда айблаб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Вилоят прокурори ёрдамчиси Фатҳиддин Зуҳуровнинг “Авеста” ахборот агентлигига маълум қилишича, келиб чиқиши тожикистонлик бўлган Иброҳим Йўлдошев мамлакат ҳудудига ноқонуний киргани учун 2005 йил декабрда қўлга олинган.
“Авеста” хабарига кўра, Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Абдужалол Қодиров ҳам Сўғд вилоятида жосуслик айби билан судланмоқда. У 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси Қирғизистон чегарачиларини Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, бир фуқарони оғир ярадор қилишда айблади.

www.press-uz.info сайти хабарига кўра, воқеа 1 июнь куни Наманган вилоятида рўй берган. Ўзбекистон расмийсининг билдиришича, тўрт қирғиз чегарачиси республика ҳудудига ноқонуний кирган. Улардан бири отган ўқ Қайроқи қишлоғилик 26 ёшли фуқарони оғир яралаган. Воқеа юзасидан жиноят иши очилган.
Қирғизистон томони ҳозирча мазкур воқеага расмий муносабат билдирмади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бир минг 300 километр узунликдаги чегарада бир неча мунозарали ҳудуд бор. Яқинда Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари Қирғистон томонини бир неча текширув пунктини амалдаги келишувга зид равишда ёпиб қўйишда айблаган.
Бошқа хабарларда Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари 9 июнь куни Наманган шаҳрида учрашиб, чегарани белгилаш масаласини муҳокама қилиши айтилади.

Эроннинг юқори мартабали руҳонийларидан бири оятулло Аҳмад Ҳотамий Теҳронда жума намозига йиғилганларни Ғарб давлатлари санкциялари ва ҳарбий ҳужумидан қўрқмасликка чақирди.

“Биз ўз ғояларимизни қаттиқ туриб ҳимоя қилишга тайёрмиз. Биз, мен сизларни, халқни назарда тутяпман, инқилобдан кейинги ўтган 27 йил мобайнида ўз ғояларингиз ва мамлакатингизни ҳимоя қилиш учун ортга чекинмаслигингизни кўрсатдик”, – деди оятулло.

Грузия бош вазири Зураб Ногаидели Остонага сафар қилмоқда.

У яқинда МДҲ раислигини қабул қилиб олган Қозоғистон тузилмани барча аъзолар талабларига жавоб бера оладиган ташкилотга айлантиришга ёрдам беришига умид билдирди.
Бош вазирнинг айтишича, Грузия ҳукумати МДҲдан чиқиш масаласини кўрмоқда. Ҳозирча бу борада узил-кесил қарор қабул қилинмаган.

Бишкекда ўттизга яқин аёл хавфсизлик тўсиғини ёриб ўтиб, ҳукумат ва президент идорасига бостириб кирди.

Улар президент Қурмонбек Бакиев билан учрашишни талаб қилмоқда. Улар 2002 йилда тинч намойиш қатнашчиларидан олти нафарини милиция ходимлари отиб ўлдирилган ахсилик аёллар экани айтилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Толехон Исмоилова “Озодлик” радиосига Қирғизистон Олий суди жума куни олти милиция ходими Ахси воқеаларида айбдор эмаслиги ҳақидаги аввалги суд қарорини ўз кучида қолдиргандан сўнг ана шу норозилик келиб чиққанини билдирди.
Ахси фожеаси рўй берган пайтда Қ.Бақиев Қирғизистон бош вазири бўлиб ишлаган.

Россия Бош прокурори Владимир Устинов лавозимидан бўшатилди.

Россия Федерация кенгаши раиси Сергей Миронов В.Устиновнинг Бош прокурорлик фаолияти президент Владимир Путин таклифига кўра муддатидан олдин тўхтатилганини айтди.
“Кеча президент мени ўз идорасига чақириб, Владимир Васильевични лавозимидан бўшатиш ҳақидаги ҳужжатни топширди. Суҳбатимиз мазмунидан мен, агар шундай дейиш мумкин бўлса, бу қарор техник сабабларга кўра қабул қилинганини тушундим. Бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ”, – деди С.Миронов.
Унинг айтишича, В.Устиновнинг ўзи лавозимидан бўшатишни сўраб ариза ёзган.
В.Устинов 2000 йилдан бери Россия Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган эди. Ҳозир Бош прокурор вазифасини унинг биринчи ўринбосари Юрий Бирюков вақтинча бажармоқда.

Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон вилоятида Покистон ҳарбийлари кетаётган машиналар карвонига худкуш ҳужум уюштирилди.

Оқибатда Покистон армиясининг камида тўрт ҳарбийси ва худкушнинг ўзи ҳалок бўлди, етти ҳарбий яраланди.
Шимолий Вазиристонда давом этаётган қуролли тўқнашувларда ҳозиргача толибларнинг юзлаб жангариси ва ҳарбийлар қурбон бўлди.

Хитойдаги оммавий ахборот агентликлари таниқли уйғур фаоли Робия Қодирнинг фарзандлари ҳибсга олинганини хабар қилди.

Ҳозир АҚШда яшаётган Робия Қодирнинг тўнғич ўғли ва қизи 31 май куни Шинжон-Уйғур мухтор туманининг Урумчи шаҳрида қўлга олинган. Улар бир миллион АҚШ долларини солиқдан яшириш ва давлатга солиқдан яна 2,7 миллион доллар қарздорликда айбланган.
Уйғур инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, Робия Қодирнинг фарзандлари АҚШ Конгресси аъзоларининг Шинжонга ташрифи арафасида, яъни 29 май куни ҳибсга олинган.
АҚШ Давлат департаменти ўз хавотирини билдириб, Хитой ҳукуматини Робия Қодирнинг фарзандларини озод этишга чақирди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, бортида 18 одам бўлган “Ми-8” русумли вертолёт Кемерово шаҳрида қўнаётган пайтда ерга қулаган.

Ҳалокат сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Россия ҳарбийлари 2007-2015 йилларда янги қуроллар сотиб олиш учун 186 миллиард доллар сарфлашни режаламоқда.

“Интерфакс” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Иванов баёнот берган. Аммо у режа тафсилотлари ҳақида гапирмаган.

Исроил ҳарбийлари фаластинлик яраланган жангарини Ғарбий соҳилда жойлашган Наблус шаҳри шифохонасида ҳибсга олди.

Фаластин озодлиги халқ фронти аъзоси Жавад ал-Каабий шу ҳафта бошида Исроил ҳарбийлари ўтказган рейдда яраланган.
Шифохона ходимларининг айтишича, Исроил ҳарбийлари ал-Каабийни унинг касаллик тарихига оид ҳужжатлар билан бирга реанимация хонасидан олиб кетган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG