Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 09:28

Халқаро янгиликлар

Россия ташқи ишлар вазири жаҳондаги саноати энг ривожланган саккиз давлат Теҳрондан ўзининг ядровий дастурига оид бўҳрондан чиқиш бўйича конкрет жавобни кутаётганини баён қилди.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу ҳақда Москвада бўлаётган катта саккизлик ташқи ишлар вазирларининг учрашувидан кейин маълум қилди. Лавров Теҳрон АҚШ илгари сураётган таклифга жавоб бериши лозимлигига ишора қилди.
Эълон қилинган баёнотда айтилишича, катта саккизлик давлатлари Эрон томони шу пайтгача унга қилинган таклифга аниқ расмий жавобни бермаганидан хафсаласи пир бўлган.
Бугун Хитой ҳам Эрон ҳукуматини халқаро ҳамжамият таклиф этган имтиёзлар пакети борасида тезроқ қарор қабул қилишга чақирди.

Бугун Исроил Ғазо минтақасида Исломий Жиҳод гуруҳи етакчиларидан бирини олиб кетаётгани айтилаётган машинага қарши ҳаво ҳужумини уюштирди.

Воқеа гувоҳларига кўра, жанггари гуруҳ етакчиси қочиб қутулиб қолган. Исроил армияси машинага қарата ракета отганини тасдиқлади, лекин тафсилотларни ошкор қилмади.
Айни пайтда, Исроил мудофаа вазири Амир Перетс Ғазода чоршанба куни бошланган ҳарбий ҳужумнинг иккинчи босқичини бошлашни маъқуллаган. Исроил ҳарбийлари фаластинликлар бир яҳудий аскарини асир олганидан сўнг Ғазога ҳужум бошлаган эди.
Кеча тунда амалга оширилган операция натижасида, Исроил кучлари Ҳамас етакчилигидаги ҳукуматнинг 64 вакилини ҳибсга олди. Ғарбий Соҳилда ҳибсга олинганлар орасида парламентнинг 20 вакили, 8 вазир, шаҳар ҳокими ва бошқа расмийлар бор.
Исроил ҳарбийлари қўмондани Фаластин бош вазир ўринбосари Носир Шоирнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Исроил ўз аскарининг асир олинишида Ҳамасни айбламоқда.
Катта саккизликка кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари ва Рим папаси икки томонни босиқликка чақирмоқда.

Қирғизистон парламенти ҳокимиятдан ағдарилган президент Асқар Ақаев оиласи ва унинг қариндошларига тегишли мол мулкларни давлатга қайтаришни тавсия этувчи резолюцияни қабул қилди.

Бугун қабул қилинган яна бир резолюцияда эса, Қирғизистон бош прокуратурасига яқинда ёпилган қатор жиноий ишларни қайтадан очиш тавсия этилади.
Кўпчилик фикрича, Асқар Ақаев ва унинг оиласи, жумладан ўғли Айдар ва куёви Одил Тўйғонбоев миллий иқтисоднинг каттагина қисмини назорат қилган.
Тўйғонбоевнинг инкор этишига қарамасдан, терговчилар унинг Кантдаги цемент ва асбест заводининг бир қисмига эгалик қилади.
Ақаев 2005 йилнинг мартида ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин тергов қилинаётган бошқа корхоналарга, Қирғизистондаги етакчи уяли алоқа ширкати “Бител”, “Қирғизгазмунайзат” нефт ва газ ширкати, олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни қазиб олувчи “Қирғизолтин” компанияси ҳамда “Шампанвинкомбинат” алкогол ичимликлари заводи киради.

Ўзбекистондан келган хабарларда айтилишчиа, Тошкентда таниқли режиссер ва телевизион продюссер Искандар Салимов ўлдириб кетилган.

Марҳум шунингдек, Искандар Аъзамов исми билан ҳам таниш бўлган.
Ҳукуматга тегишли Пресс-уз инфо интернет сайтида хабар қилинишича, 28 яшар Салимовнинг жасади 25 июн куни ўз уйида топилган. Маълум бўлишича, Искандар Салимовни бир неча марта пичоқлашган.
Тошкент шаҳар прокуратураси мазкур воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатган.
Бундан бир ой аввал режиссёр, Насриддин Афанди ҳақида тўлиқ метражли бадий фильмни суратга олишни якунлаган эди.
Салимов 1996 йилдан бери Ўзбекистон ва Россия телеканаллари билан ҳамкорлик қилиб келган.

АҚШ олий суди террорга қарши урушга алоқадор ишда президент Жорж Буш маъмурияти зарарига ҳукм чиқарди.

Америка олий суди, Буш маъмурияти Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида террорчиликда гумон қилинаётганларни ҳарбий судга топширишда ўз вазифасини суистеъмол қилган деб ҳукм чиқарди.
Олий суд қарорига кўра, мазкур шахсларни ҳарбий судга тортиш Қўшма Штатлар қонунлари ва Женева конвенциясига тўғри келмайди.
Олий суд кўриб чиққан ишда асосий диққат тўрт йилдан бери Гуантанамода суд қарорисиз сақланаётган Яман фуқароси масаласига қаратилди. Бу махбус Усама бин Ладеннинг ҳайдовчиси сифатида ишлаган.
Олий суд бугун қабул қилган қарор Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган 400 махбус масаласини савол остига қўяди.
Оқ Уй ҳукмни батафсил ўрганиб чиқмагунча, изоҳ беришдан бош тортди.

Украинанинг мухолифатдаги Минтақалар партияси бугун ҳам парламентдаги минбарни тўсиб қўйиб, мажлиснинг ўтказилишига тўсқинлик қилди.

Бугунги мажлисда депутатларнинг Юлия Тимошенкони бош вазир этиб сайлаш масаласини кўриб чиқишлари кутилмоқда эди. Шунингдек, президент Виктор Юшченко сафдошининг парламент раиси этиб тайинланиши ҳам кутилмоқда эди.
Минтақалар партиясининг парламентдаги вакиллари минбарни эгаллаб олиб, электрон овоз бериш тизимидаги симларни узиб ташладилар.
Минтақалар партияси илгари сурилган номзодлар, ҳамда уларни тайинлаш масаласи бирга овозга қўйилаётганига қарши чиқмоқда. Бундан ташқари мухолифатчилар парламентдаги асосий лавозимлардан мосуво бўлганига норозилик билдирмоқда.
Россия қўллаб-қувватлайдиган Минтақалар партияси Зарғалдоқ инқилобини ясаган партияларни бирлаштирган янги коалиция уларнинг талабларини қабул қилмагунча норозиликни давом эттириш билан таҳдид қилмоқда.

Қозоғистон мухолифат етакчиси Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилиши юзасидан ўтказилаётган суд маҳкамасида асосий айбланувчи сифатида қатнашаётган Эржон Утембоев, бугунги маҳкама мажлисида шу пайтгача берган кўрсатмаларидан воз кечди.

Қозоғистон сенати маъмуриятининг собиқ бошлиғи Утембоев мухолифатчининг ўлдирилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. У аввалги кўрсатмалари қаттиқ руҳий чарчоқ оқибатида берилганини айтди.

НАТОнинг Афғонистондаги янги вакили лавозимига голландиялик дипломат Даан Эвертс тайинланди.

Голландиянинг ЕХҲТдаги вакили лавозимини эгаллаб келган Эвертс август ойида янги лавозимни туркиялик дипломат Ҳикмат Четиндан қабул қилиб олади. Афғонистондаги НАТО вакили ташкилот ва маҳаллий ҳукумат ўртасидаги муносабатлар билан шуғулланади. НАТО Афғонистон жанубидаги хавфсизлик операциялари масъулиятини ўз зиммасига олиш арафасида турибди.

Айни пайтда, АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Афғонистон жанубидаги Урузғон вилоятида 12 жанггарини йўқ қилганини маълум қилди. Чоршанба куни, шунингдек, коалиция конвойи Ҳелманд вилоятида минага йўлиқиши оқибатида, бир аскар ҳалок бўлган ва уч нафари жароҳатланган.

Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзовнинг маъмурияти шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб, мамлакат адлия вазирлиги халқаро арбитраж бўйича мутахассисларни тайёрлай бошлашини маълум қилди.

Давлатга тегишли ахборот агентлиги интернет саҳифасида ёзилишича, Ниёзов ҳорижий ширкатлар билан мунозараларда Туркманистон иқтисодий манфаатларини муҳокама этиш мақсадида мазкур фармонга имзо чеккан.

Испания бош вазири Хосе Луис Родригес Запатеро ўз етакчилигидаги ҳукумат Баск айирмачиларининг ЭТА жанггари гуруҳи билан тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларни ўтказишни режалаётганини маълум қилди.

Запатеро музокаралар қачон бошланиши ҳақида аниқ маълумот бермади, лекин музокара жараёни “узоқ, кескин ва мушкул” кечишидан огоҳлантирди. ЭТА гуруҳи мустақиллик учун қарийб 40 йил давом этган қуролли курашдан кейин ўтган март ойида сулҳ эълон қилган эди. Бу кураш давомида 800га яқин одам ҳалок бўлган.

Грузия билан Абхазия ўртасидаги можаро оқибатида ўз жойларини ташлаб кетган ва 10 йилдан ортиқ Аджария пойтахти Батумидаги меҳмонхоналарда яшаб келган қочқинлар Абхазияга қайтарила бошлади.

2 мингга яқин абхазиялик қочқинлар 1990 йиллардаги Грузида фуқаровий уруш пайтларидан бери Қора денгиз бўйидаги Батуми меҳмонхоналарида яшаб келаётган эди.
Қочқинларнинг 100 га яқини хусусийлаштирилган икки меҳмонхонадан чиқариб юборилди. Уларга таклиф этилган товон пулидан қочқинлар бош тортди. Қочқинларни кўчириш Аджарияда туризм соҳасига сармоя ётқизиш лойиҳасининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда.
Грузия матбуотида ёзилишича, пайшанба куни ўнлаб қочқинлар Абхазия томон пиёда йўлга чиққан.
Қочқинлар Грузия ҳукумати уларнинг вазиятига эътибор беришини исташларини таъкидламоқда.

Россия Давлат Думаси Ироқда тўрт нафар рус дипломатининг қатл қилиниши юзасидан маъсулиятни коалиция кучлари зиммасига юклади.

Думанинг бугун эълон қилган баëнотида "Халқаро кучлар Ироқдаги вазият назоратини қўлдан бой бергани¸" таъкидланади.
27 июн куни Россия ТИВ Ироқдаги жанггарилар томонидан ўлдирилган рус дипломатлари рўйхатини эълон қилди. Булар Федор Зайцев¸ Ринат Аглиулин¸ Анатолий Смирнов ва Олег Федосеевлардир.
Расмий Москва¸ Ироқда ўлдирилган рус дипломатлари масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим қилди.

Ироқда "Ал-қайда" жанггариси қўлга олинди.

Қўлга олинган жанггари¸ феврал ойида Ироқнинг Самарра шахрида¸ шиалар масжидини портлатганликда гумон қилинмоқда.
Шиалар масжидидаги портлаш¸ мамлакатда мазҳаблараро адоватнинг янада кучайишига сабаб бўлган эди.
Ироқ расмийларига кўра¸ қўлга олинган жанггари Тунис фуқаросидир.

ЕХҲТ раҳбарияти ўз ходимининг Туркманистонда ноқонуний фаолият олиб борганлиги ҳақидаги расмий Ашхобод илгари сурган айбловни қатъий рад қилди.

ЕХҲТ раиси¸ Белгия ташқи ишлар вазири Карел Де Гюхт¸ ўзининг Туркманистондаги ходими Бенжамин Морога мутлақ ишонч билдиришини таъкидлади.
Расмий Ашхобод ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистондаги вакили Морони¸ ҳукуматга қарши фаолият олиб борган Туркманистон фуқароларини қўллаб қувватлаганликда айблади.

Фаластиннинг ўзаро рақобатлашаëтган "Хамас" ва "Фатх" гуруҳлари ўртасида келишув имзолангани халқаро доираларда олқишланди.

Европа комиссияси бу келишувни маъқуллади. Баъзи маълумотларга кўра¸ келишувда "Исроил билан ëнма-ëн мустақил Фаластин давлати қурилиши" ҳақида айтилади. Бу гап амалда Хамас тарафидан Исроилнинг тан олиниши ҳисобланади.
Айни пайтда АҚШ келишув матнини синчиклаб ўрганмасдан туриб бирор ҳулоса қилишга эрта эканлигини айтмоқда.

Америка байроғини АҚШ ҳудуда ëқиш холатини қонунсиз¸ деб аташ юзасидан Сенатга киргизилган таклиф қабул қилинмади.

АҚШ конституциясига бу юзадан ўзгартиш киритиш таклифи билан Президент Жорж Буш қўлловидаги республикачилар чиққан эди.
Бу ўзгартиш фуқароларнинг фикрлаш ва ўзини ифода қилиш эркинлигига зиддир – дейишди бу таклифга қарши чиққан депутатлар.

Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида кенг кўламдаги ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Бугун тонгда энг камида икки кўприк ва электростанция портлатилганидан сўнг Исроил аскарлари Фаластин ҳудудига кирди.
Зирҳли техника ҳимоясида олиб борилаëтган бу кенг кўламли хужумдан мақсад – якшанба куни Фаластин жанггарилари асирга олган Исроил аскарини топишга қаратилган.
Исроил мудофаа вазирлиги вакили гапиради:
"Биз Фаластин мухториятига ва террорчи ташкилотларга жиддий ишора қилишга уринмоқдамиз. Биз ҳарбий амалиëтларни давом қилдиришимиз мумкин¸ аммо муаммо ечимидан умидвормиз. Исроил аскарининг эсон-омон уйига қайтарилишини истаймиз.
Акс ҳолда биз бугунги услублар билан ҳаракатни давом эттираверамиз."

Кобулда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашди.

Бундан олдин Райс Покистонга ташриф буюрган эди. Ташрифдан мақсад Афғонистон ва Покистоннинг толиблар ва Ал-Қайдага қарши курашини мувофиқлаштиришдан иборат.
АҚШ давлат котиби Райс гапиради.
"Бугун Афғонистон учун ва Покистон учун ҳам машаққатли кунлардир.
Толиблар ҳар иккала мамлакатга хужум қилишмоқда. Менимча ҳар иккала мамлакат бу тажовузларга қарши мужодала қилиш фикрида якдилдир."

Москва вилоятининг Калуга катта йўлида кетаëтган йўловчи автобуси ағдарилди.

Дастлабки маълумотларга кўра¸ автобус ҳалокати оқибатида олти киши ҳалок бўлган ва 16 киши жароҳатланган.
Москвадан Козелскка кетаëтган автобус ичида 46 йўловчи бўлган.
Ҳайдовчининг рулда ухлаб қолгани ҳалокат сабабларидан бири сифатида кўрилмоқда.
Автобуснинг носоз бўлгани ҳақида ҳам тахминлар бор.

Россиянинг Брянск туманида СУ-25 қирувчи учқичи ҳалокатга учради.

Учувчи ҳалок бўлди.
Маълумотларга кўра¸ учқич ўрмон ҳудудига қулаган.
Бошқа тафсилотлар ҳозирча номаълум.

Фатҳ ва Ҳамас гуруҳлари расмийлари, икки рақиб партиянинг Исроил давлатини тан олвучи сиёсий келишувга эришганни маълум қилди.

Фатҳ расмийсининг маълум қилишича мазкур келишувнинг бугун расман эълон қилиниши кутилмоқда. Айтилаётган ҳужжатда Исроил билан чегарадош бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш кўзда тутилади.
Оқ уй матбуот вакили Тони Сноу Вашингтон мазкур янгликни, у ҳақда расмий баёнот эълон қилингандагина изоҳлашини маълум қилди.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бундан аввал эълон қилган таклифга кўра, Исроил икки томон ўртасида 1967 йилгача бўлган чегарани тан олса ва барча қочқинларга ўз жойларига қайтишга имкон берса, Исроил давлати тан олиниши айтилади.
Айни пайтда, Ғазода амалга оширилган портлашда бир киши ҳалок бўлгани ва икки одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.
Портлашга нима сабаб бўлгани ноаниқ қолмоқда. Исроил ҳарбийлари ўзларининг портлашга алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Кеча Ғазода бир яҳудий аскари ўғирлаб кетилганидан кейин Исроил Ғазога нисбатан ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилаётган эди.

Россия тўрт нафар дипломатининг Ироқда ўлдирилганини муҳокама қилиш мақсадида, БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисни ўтказишга чақирмоқда.

Россия ахборот агентликлари мазкур учрашув ўтказилиши ҳақида хабар қилмоқда.
БМТ дипломатларнинг ўлдирилишини қоралади. Ташкилот бош котиби Кофи Аннан мазкур қотиллик “қабих” ва уни оқлаб бўлмайди, деб баёнот берди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ироқдаги Россия элчихонаси 4 ходимининг ўлдирилиши “террорнинг қабихлигига” яна бир далил, деди. Қотилларни топиб жавобгарликка тортиш коалицион қўшинлар ва Ироқ ҳукуматининг вазифаси, дея қўшимча қилди Россиянинг бош дипломати.
Россия парламентининг ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Константин Косачёв Ироқдаги Россия элчихонаси ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча воситалар ишга солиндими йўқми савол остида қолмоқда, деди.
Давлат думасининг чоршанба куни мазкур масала юзасидан декларация қабул қилиши кутилмоқда.
3 июн куни Бағдодда ўғирлаб кетилган тўрт россияликнинг ўлдирилиши учун масъулиятини Ал-Қайдага алоқадор гуруҳ ўз зиммасига олди. Россия элчихонасининг яна бир ходими ўша кунги воқеада ҳалок бўлган эди.
Гаровгирлар Россия ҳукуматидан ўз армиясини Чеченистондан олиб чиқиш ва қамоқлардаги барча мусулмонларни озод этишни талаб қилган.

Европа Иттифоқининг адлия ва ички ишлар бўйича комиссари АҚШ марказий разведка бошқармасининг Европада аксил террор операцияларини яширинча амалга оширганига оид хабарлар юзасидан жиддийроқ текширув ўтказишга чақирди.

Европа Иттифоқи расмийси Франко Фраттини Европа кенгаши бу борада эълон қилган ҳисоботи буни тақазо этишини таъкидлади. Мазкур ҳисоботда айтилишича, Европанинг 14 мамлакати, халқаро қонунларга зид равишда, Қўшма Штатлар разведка хизматига ўз ҳудудлари орқали самолётларнинг яширин тарзда учиб ўтиши ва бу мамлакатларда яширин ҳибсхоналарни ташкил этишга имкон берган.
Ҳисоботнинг асосий муаллифи швейцариялик сенатор Дик Марти Европа келажакда бу ходисанинг қайтарилишига йўл қўймаслиги керак, деди.
“Бугун, асосий масала мазкур ҳолатни қоралашда эмас ва резолюция бунга қаратилмаган. Асосий масала, бу ходисанинг Европада бошқа қайтарилмаслигини исташимиз ва айниқса, террорчиликка қарши курашиш журъатидан қайтмаганимизни айтмоқчилигимизда. Бироқ бунинг учун, охир оқибатда, террорчилар ҳаракатларининг оқланишига сабаб бўлувчи воситалар эмас, қонуний воситалардан фойдаланишни истаймиз. Террорчилар қадриятларимиз ва жамиятларимизни йўқ қилишни мақсад қилган. Ўзимиз ҳам ўз қадряитларимизни оёқ ости қилмайлик”, - деди Европа парламенти депутати.
Қўшма Штатлар террорчиликда гумон қилинганларни қийнаганлик ёки уларга ноинсоний муносабатда бўлганлик айбловларини рад этди.

Россия Президенти Владимир Путин ўз мамлакатининг ядровий қуролларни тарқатмаслик муаммосига оид ультиматумларга қўшилмаслигини таъкидлади.

Қўшма Штатларнинг Эронга босим ўтказаётганига ишора қилиб, бундай ультиматумлар фақатгина вазиятни боши берк кўчага олиб кириб қўяди ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг обрўсига путур етказади, деди Путин.
Бугун Москвада дипломатлар билан ўтказган учршувида Путин Россиянинг халқаро сиёсатдаги ролини ошириш масаласида ҳам тўхталди.
Хусусан, Кремл раҳбари Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлик ва ўзаро ҳурматга асосланиши керак, деди.
Путин шунингдек, собиқ иттифоқ республикалари билан муносабатлар прагматик бўлиши ва бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланиши лозимлигини таъкидлади.
Минтақавий мунозаралар, Косово масаласими ёки Грузия ва Молдованинг айирмачи минтақалари бўладими, универсал тамойилларга кўра ҳал этилиши кераклигини ҳам қўшимча қилди Россия президенти.

Британия мудофаа вазирлиги бугун Афғонистонда икки инглиз аскари ҳалок бўлганини маълум қилди.

Вазирлик матбуот вакилига кўра, Британия аскарлари Ҳелманд вилоятининг Сангин водийсида рўй берган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган.
Кейинги пайтларда Сангин водийсида толибон жанггарилар фаоллашиб қолгани кузатилмоқда.
Жорий ой давомида Ҳелман вилоятида уч британия аскари ҳалок бўлди.
Афғонистонда 5 мингдан ортиқ Британия аскари бўлиб, уларнинг 2 мингга яқини Ҳелманд вилоятига ташланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG