Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 21:36

Халқаро янгиликлар

АҚШ Миллий разведка хизмати директори Жон Негропонте “Би-Би-Си” радиосига Эрон 2010 йилгача атом қуроли яратиши мумкинлигини айтди.

Ж.Негропонте БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирларининг Вена учрашувидан сўнг шундай баёнот берди.


Венада БМТ хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс “Эрон ўз келажаги хусусида қарор қабул қиладиган вақт келгани”ни айтди.

К.Райс уранни бойитишни тўхтатиш учун Эронга қанча муддат вақт берилганини маълум қилмади.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Вена учрашувида ишлаб чиқилган режа Теҳрон билан келишувга эришиш имкониятини яратишини таъкидлади.
“Биз Эрон томони бу чақириққа жавоб бериши ва музокара столига ўтиришига умидвормиз”, – деди С.Лавров.
У жавоб учун Эронга муҳлат белгиланмаганини билдирди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти суди Ўзбекистон фуқаросини жосусликда айблаб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Вилоят прокурори ёрдамчиси Фатҳиддин Зуҳуровнинг “Авеста” ахборот агентлигига маълум қилишича, келиб чиқиши тожикистонлик бўлган Иброҳим Йўлдошев мамлакат ҳудудига ноқонуний киргани учун 2005 йил декабрда қўлга олинган.
“Авеста” хабарига кўра, Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Абдужалол Қодиров ҳам Сўғд вилоятида жосуслик айби билан судланмоқда. У 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси Қирғизистон чегарачиларини Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, бир фуқарони оғир ярадор қилишда айблади.

www.press-uz.info сайти хабарига кўра, воқеа 1 июнь куни Наманган вилоятида рўй берган. Ўзбекистон расмийсининг билдиришича, тўрт қирғиз чегарачиси республика ҳудудига ноқонуний кирган. Улардан бири отган ўқ Қайроқи қишлоғилик 26 ёшли фуқарони оғир яралаган. Воқеа юзасидан жиноят иши очилган.
Қирғизистон томони ҳозирча мазкур воқеага расмий муносабат билдирмади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бир минг 300 километр узунликдаги чегарада бир неча мунозарали ҳудуд бор. Яқинда Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари Қирғистон томонини бир неча текширув пунктини амалдаги келишувга зид равишда ёпиб қўйишда айблаган.
Бошқа хабарларда Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари 9 июнь куни Наманган шаҳрида учрашиб, чегарани белгилаш масаласини муҳокама қилиши айтилади.

Эроннинг юқори мартабали руҳонийларидан бири оятулло Аҳмад Ҳотамий Теҳронда жума намозига йиғилганларни Ғарб давлатлари санкциялари ва ҳарбий ҳужумидан қўрқмасликка чақирди.

“Биз ўз ғояларимизни қаттиқ туриб ҳимоя қилишга тайёрмиз. Биз, мен сизларни, халқни назарда тутяпман, инқилобдан кейинги ўтган 27 йил мобайнида ўз ғояларингиз ва мамлакатингизни ҳимоя қилиш учун ортга чекинмаслигингизни кўрсатдик”, – деди оятулло.

Грузия бош вазири Зураб Ногаидели Остонага сафар қилмоқда.

У яқинда МДҲ раислигини қабул қилиб олган Қозоғистон тузилмани барча аъзолар талабларига жавоб бера оладиган ташкилотга айлантиришга ёрдам беришига умид билдирди.
Бош вазирнинг айтишича, Грузия ҳукумати МДҲдан чиқиш масаласини кўрмоқда. Ҳозирча бу борада узил-кесил қарор қабул қилинмаган.

Бишкекда ўттизга яқин аёл хавфсизлик тўсиғини ёриб ўтиб, ҳукумат ва президент идорасига бостириб кирди.

Улар президент Қурмонбек Бакиев билан учрашишни талаб қилмоқда. Улар 2002 йилда тинч намойиш қатнашчиларидан олти нафарини милиция ходимлари отиб ўлдирилган ахсилик аёллар экани айтилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Толехон Исмоилова “Озодлик” радиосига Қирғизистон Олий суди жума куни олти милиция ходими Ахси воқеаларида айбдор эмаслиги ҳақидаги аввалги суд қарорини ўз кучида қолдиргандан сўнг ана шу норозилик келиб чиққанини билдирди.
Ахси фожеаси рўй берган пайтда Қ.Бақиев Қирғизистон бош вазири бўлиб ишлаган.

Россия Бош прокурори Владимир Устинов лавозимидан бўшатилди.

Россия Федерация кенгаши раиси Сергей Миронов В.Устиновнинг Бош прокурорлик фаолияти президент Владимир Путин таклифига кўра муддатидан олдин тўхтатилганини айтди.
“Кеча президент мени ўз идорасига чақириб, Владимир Васильевични лавозимидан бўшатиш ҳақидаги ҳужжатни топширди. Суҳбатимиз мазмунидан мен, агар шундай дейиш мумкин бўлса, бу қарор техник сабабларга кўра қабул қилинганини тушундим. Бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ”, – деди С.Миронов.
Унинг айтишича, В.Устиновнинг ўзи лавозимидан бўшатишни сўраб ариза ёзган.
В.Устинов 2000 йилдан бери Россия Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган эди. Ҳозир Бош прокурор вазифасини унинг биринчи ўринбосари Юрий Бирюков вақтинча бажармоқда.

Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Шимолий Вазиристон вилоятида Покистон ҳарбийлари кетаётган машиналар карвонига худкуш ҳужум уюштирилди.

Оқибатда Покистон армиясининг камида тўрт ҳарбийси ва худкушнинг ўзи ҳалок бўлди, етти ҳарбий яраланди.
Шимолий Вазиристонда давом этаётган қуролли тўқнашувларда ҳозиргача толибларнинг юзлаб жангариси ва ҳарбийлар қурбон бўлди.

Хитойдаги оммавий ахборот агентликлари таниқли уйғур фаоли Робия Қодирнинг фарзандлари ҳибсга олинганини хабар қилди.

Ҳозир АҚШда яшаётган Робия Қодирнинг тўнғич ўғли ва қизи 31 май куни Шинжон-Уйғур мухтор туманининг Урумчи шаҳрида қўлга олинган. Улар бир миллион АҚШ долларини солиқдан яшириш ва давлатга солиқдан яна 2,7 миллион доллар қарздорликда айбланган.
Уйғур инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, Робия Қодирнинг фарзандлари АҚШ Конгресси аъзоларининг Шинжонга ташрифи арафасида, яъни 29 май куни ҳибсга олинган.
АҚШ Давлат департаменти ўз хавотирини билдириб, Хитой ҳукуматини Робия Қодирнинг фарзандларини озод этишга чақирди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, бортида 18 одам бўлган “Ми-8” русумли вертолёт Кемерово шаҳрида қўнаётган пайтда ерга қулаган.

Ҳалокат сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Россия ҳарбийлари 2007-2015 йилларда янги қуроллар сотиб олиш учун 186 миллиард доллар сарфлашни режаламоқда.

“Интерфакс” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Иванов баёнот берган. Аммо у режа тафсилотлари ҳақида гапирмаган.

Исроил ҳарбийлари фаластинлик яраланган жангарини Ғарбий соҳилда жойлашган Наблус шаҳри шифохонасида ҳибсга олди.

Фаластин озодлиги халқ фронти аъзоси Жавад ал-Каабий шу ҳафта бошида Исроил ҳарбийлари ўтказган рейдда яраланган.
Шифохона ходимларининг айтишича, Исроил ҳарбийлари ал-Каабийни унинг касаллик тарихига оид ҳужжатлар билан бирга реанимация хонасидан олиб кетган.

Япониядаги суд АҚШ флотининг маҳаллий аёлни уриб ўлдирган ҳарбийсини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

“USS Kitty Hawk” авиабардори денгизчиси Уилям Рийз Япониядаги маҳаллий полиция ихтиёрига топширилган биринчи америкалик ҳарбийдир. Япониядаги АҚШ денгиз кучлари қўмондони қотиллик учун марҳумнинг оила аъзоларидан кечирим сўраган.

Хитойда болалар бўйи аввалги авлод болаларига нисбатан баланд бўлиб боряпти.

Бу эса Пекин расмийларини автобусда болаларнинг текин юриши учун белгиланган ўлчовни ўзгартиришга мажбур қилмоқда.
1949 йилда қабул қилинган қонунга кўра, етти ёшга тўлмаган ва бўйи 110 сантиметрдан паст бўлган болалар жамоа транспортида текин юради, парк ва кинотеатрларга чиптасиз киради ва мактабларда бепул тушлик қилади.
Ҳозир Хитойда беш ёшли боланинг ўртача бўйи 120 сантиметрни ташкил қилмоқда.

Тошкент шаҳри суди АҚШга қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги бўлимини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди.

“www.press-uz.info” сайти хабарига кўра, суд ACCELSни ўзбекистонлик юздан ортиқ мактаб ўқувчисини ҳукуматга маълумот бермасдан ўқувчилар айрбошлаш дастурлари доирасида Америкага жўнатишда айбдор топган. ACCELS 20 кун ичида суд қарори юзасидан юқори идораларга шикоят аризаси ёзиш ҳуқуқига эга.
Шунга қарамай, ACCELS вице-президенти Дэвид Паттен “Озодлик” радиосига суднинг якуний қарори бир неча кундан кейин маълум бўлишини билдирди.

Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий ҳукумат комиссиясига ҳибсга олиш ва рейдлар ўтказиш тўғрисида АҚШ кучлари билан келишиб олиш ҳақида буйруқ берди.

Бунга ўтган йил Ҳадиса қишлоғида қуролсиз одамларнинг АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилгани сабаб бўлди.
АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили генерал-майор Вилям Калдвей ўша машъум воқеа коалиция қўшинларининг маҳаллий аҳолига нисбатан ҳақиқий муносабатини акс эттирмаслигини билдирди.
“Ироқ фуқароларига нисбатан қилинган ҳар қандай одобсизлик ва жиноий хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги иддаолар пухта ўрганилади ва бунга масъул шахслар жавобгарликка тортилади”, - деди генерал.
Айни пайтда ал-Маликий 4 июнь куни ўтадиган парламент сессиясида мамлакат мудофаа ва ички ишлар вазирлари лавозимларига номзодлар кўрсатишини билдирди.

АҚШ президенти Жорж Буш Теҳрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмаса, унинг ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши мумкинлигини айтди.

У АҚШ Эрон ўз қарорини ўзгартириш ёки ўзгартирмаслигини кутиб туришини билдирди.
Ундан олдин Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон АҚШ билан музокара ўтказишга тайёр экани, аммо уранни бойитиш ишлари тўхтатилмаслигини таъкидлаган эди:
“Биз қонуний ҳуқуқларимиз бўйича музокара ўтказмаймиз. Эрон халқи ва Эрон Ислом Республикаси қандай ҳуқуқларга эга экани биз имзолаган халқаро келишувларда аниқ белгиланган. Биз бу ҳуқуқларимиз тўғрисида савдолашмаймиз. Биз икки томонни ташвишга солаётган муаммоларни муҳокама қиламиз”, – деди М.Муттақий.
Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия вакиллари Вена шаҳрида йиғилиб, Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни ҳал этиш масаласини муҳокама қилишга киришди.

Қозоғистон мухолифати раҳбарларидан бири Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилиши юзасидан бошланган тергов иши Олмаота вилояти судига оширилди.

Судья Абдурашид Жукенов сўзларига кўра, суд қачон бошланиши икки ҳафта ичида маълум бўлади.
“Нағиз Оқ Жўл” партияси ҳамраиси О.Сарсенбоев жорий йил февраль ойида икки қўриқчиси билан бирга Олмаота ташқарисида отиб кетилган эди.

АҚШ ва Қирғизистон расмийлари Бишкекда Ганси авиабазаси ижараси борасида музокара ўтказди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов “Озодлик” радиосига АҚШ делегацияси 2 июнь куни маслаҳатлашиш учун Вашингтонга жўнаб кетишини билдирди:
“Биз икки кун ишлаб, музокараларнинг биринчи даврасини тугатдик. Сўзлашув натижалари тўғрисида бирор нарса дейишга вақт ҳали эрта”, - деди А.Жекшенқулов.
Қирғизистон ҳукумати авиабаза ижараси учун тўланаётган пул миқдори юз баробар оширилишини талаб қилмоқда. Айтилишича, ҳозир Пентагон мазкур базадан фойдаланганлик учун йилига икки миллион доллар тўламоқда.
Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев АҚШ ҳарбийларини 1 июнга қадар ҳаво базасининг ижара нархи оширилиши ҳақидаги таклифни қабул қилиш ёки мамлакатни тарк этиш ҳақида огоҳлантирган эди. Маълум бўлишича, сўзлашувлар давом этаётгани учун белгиланган муддат узайтирилган.

Япония ташқи ишлар вазири Таро Асо ўз мамлакати Марказий Осиё давлатлари тараққиётини қўллаб-қувватлашини билдирди.

5 июнь куни Токиода Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлади.
Т.Асонинг айтишича, учрашув кун тартибида, асосан, Марказий Осиёнинг нефть ва газ захиралари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади.

Истанбул шаҳрида рўй берган портлаш оқибатида 14 киши жароҳатланди.

Полиция идораси бошлиғи Умар Йаникнинг айтишича, машқ пайтида залда отилган ўқ бехосдан электр симига теккан ва трансформаторда портлаш содир бўлган. Портлаш оқибатида ёнғин чиққан ва одамлар куйган. Жабрланганлар хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланувчи ширкат ишчилари бўлган.

Москвада саноати тараққий этган саккиз давлат маориф вазирлари учрашуви бошланди.

Йиғилишда камбағал давлатларда мутахассислар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш учун глобал миқёсда трейнинглар ўтказишнинг янгича усулларини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилмоқда.
АҚШ маориф вазири Маргарет Спеллинг глобал маориф тизимини ислоҳ қилишда “катта саккизлик” гуруҳи давлатлари бирга ишлаши кераклигини айтди.
Икки кунлик бу учрашувда Бразилия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Мексика, Жанубий Африка, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ҳамда Европа комиссияси вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Европа комиссияси Тожикистонга беш миллион евро ажратди.

Бу маблағ Тожикистондаги кам таъминланган фуқаролар саломатлиги ва турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат тизимини такомиллаштиришга сарфланиши кўзда тутилган.
Еврокомиссия расмийлари Тожикистонда вазият ижобий томонга ўзгаргани боис, бу комиссия томонидан республикага берилаётган охирги грант эканини билдирди.

Европа Итифоқига аъзо давлатлар август ойи охиригача ўз фуқароларига янги биометрик паспортлар бериши керак бўлади.

Замонавий паспортга компютер чипи ўрнатилган бўлиб, 2009 йил охиригача унга бармоқ излари ҳам киритилиши режалаштирилган.
ЕИнинг адлия ва ички ишлар бўйича мутасаддиси Франко Фраттинининг айтишича, ҳукуматлар 26 августга қадар чипларга паспорт эгаларининг юз тузилиши суратини киритиши лозим.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG