Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:28

Халқаро хабарлар

Ироқ парламентида шу ҳафта ичида бош вазир Нурий ал-Маликий томонидан тақдим этилган миллий сулҳ режаси муҳокамаси бошланиши кутилмоқда.

Сулҳ сиёсий жараёнлар ва мамлакатда барқарорлик ўрнатишга тайёр бўлган кучларнинг барчасига таклиф қилинмоқда. Исёнчиларга эса амнистия қўллаш кўзланяпти. Бироқ қотиллик ва террорчилик ҳаракати содир этганлар бундан мустаснодир.
АҚШнинг Ироқдаги элчиси Залмай Халилзод ҳам исёнчиларни қуролни ташлаш ва демократик жараёнларга қўшилишга чақирди.

Mercer Human Resources Consulting тадқиқотлар маркази Москва дунёдаги қиммат шаҳар, деган тўхтамга келди.

Москва бу борада Токио ва Лондондан ҳам илгарилаб кетди. Парагвай пойтахти Асунсьон эса яшаш энг арзон шаҳар, деб топилди.
Кундалик турмуш учун сарф-харажатлар даражаси ҳар йили дунёнинг 144 йирик шаҳрида ўрганиб борилади. Бундан эса, энг аввало, йирик корпорацияларга дунёнинг турли мамлакатларидаги бўлимлари ходимлари маошини ҳисоблашда ёрдам бериш мақсад қилинган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ироқдаги жангари гуруҳлар томонидан Интернетга қўйилган, россиялик дипломатларнинг қатл қилиниши тасвирлангани айтилаётган видеоёзувнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдирди.

У бу видеоёзувга таяниб, дипломатларнинг ўлдирилишига ишонишга ҳали эрта эканини таъкидлади.
Айни пайтда видеоёзув экспертлар томонидан ўрганилмоқда.
Россиянинг Ироқдаги элчихонаси тўрт ходими 3 июнь куни Бағдод шаҳрида ўғирлаб кетилган эди. Уларни ўғирлаган террорчи гуруҳ гаровга олинганларнинг озод этилиши эвазига Россиядан Чеченистондаги қўшинларини олиб чиқиш ва қамоқдаги мусулмон маҳбусларни озод қилишни сўраган.

Покистонда толибларни қўлловчи қуролли гуруҳлар жанг ҳаракатларини бир ойга тўхтатиши тўғрисида баёнот берди.

Уларнинг етакчиси Абдулла Фарҳоднинг маълум қилишича, бу ҳаракат етакчиларига ҳукумат билан музокаралар бошлаш имконини беради.
Сўнгги йил давомида Покистон ҳарбийлари билан Шимолий Вазиристон вилоятида рўй берган тўқнашувлар туфайли қуролли гуруҳларнинг 300 аъзоси ўлдирилган. Улар орасида “Ал-Қоида”нинг бир неча жангчиси борлиги ҳам айтилмоқда.
Қўшни Афғонистонда эса коалиция қўшинлари толибларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда. Сўнгги кунлар ичида бу ерда 80 дан зиёд жангари ўлдирилди.

Исроил Ғазо минтақаси билан чегарада Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан ҳибсга олинган яҳудий аскарининг озод этилишини талаб қилди, акс ҳолда уларга кучли жавоб зарбаси берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Кеча Исроилнинг чегарадаги назорат пунктига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни расмий Тел-Авив Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати бошқараётган ҳукумати зиммасига юклади. Ҳужум пайтида юзага келган отишма чоғида исроиллик икки ҳарбий ва уч фаластинлик ўлдирилган.
Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос содир бўлган ҳодиса юзасидан афсус билдирди ва халқаро жамоатчиликни Исроилнинг жавоб ҳужуми уюштиришига йўл қўймасликка чақирди.

Россия юртига қайтишни истаган хориждаги ватандошлар харажатларини қоплашга тайёрлигини билдирди.

Президент Владимир Путин шу ҳақдаги фармонни имзолади.
Айни ҳужжатга кўра, бу йил мамлакат федерал бюджетидан хорижда яшаётган ватандошлар учун 320 миллион россия рубли миқдорида пул ажратилади. Бу маблағ илмий, бадиий адабиёт ва маълумотномаларни сотиб олиш ҳамда уларни хорижга жўнатишга сарфланади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, МДҲ ва Болтиқбўйида яшаётган рус диаспораси вакиллари сони 30 миллион кишига яқинлашади.

26 июнь - Наркотик моддаларга қарши кураш халқаро куни муносабати билан БМТ навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

БМТнинг гиёҳвандлик моддалари савдоси ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, саъй-ҳаракатларга қарамай, Европа ҳудудида кокаин моддасининг истеъмол қилиниши анча кўпайган.
“Европа давлатлари ҳукуматлари кокаин муаммосига етарли эътибор қаратмаяпти. Улар АҚШ фожеасидан керакли хулоса чиқармагани яққол кўриниб турибди. Кокаин истеъмол қилиш, айниқса, ёшлар ва ўрта синф вакиллари ўртасида кенгаяпти. Бу жамиятдаги деярли нормал ҳолатга айланган”, - деди бошқарма раҳбари Антонио Мариа Коста.
Унинг сўзларига кўра, наша етиштирилиши жиддий муаммолигича қолмоқда. Жиноий гуруҳлар бу гиёҳвандлик моддасини топиш ва Европа Иттифоқига олиб келишнинг янги йўлларини қидириб топмоқда.
Ўзбекистонда ҳам шу сана муносабати билан расмий тадбирлар ўтказилиб, 700 килограммга яқин наркотик модда йўқ қилинди.
“Франс-пресс” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олим Тўрақуловга таяниб хабар қилишича, бу гиёҳвандлик моддалари унинг савдоси билан шуғулланувчи жиноятчиларни қўлга олиш чоғида мусодара қилинган ва суд жараёнида ашёвий далил сифатида фойдаланилган.
Шунингдек, О.Тўрақуловнинг айтишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтган йил давомида 1222 килограмм гиёҳвандлик моддасини қўлга туширган. 1994 йилдан буён эса Ўзбекистонда жами 38 тонна наркотик йўқ қилинган.

БМТнинг Нью-Йоркда бошланган анжуманида беш йил муқаддам қабул қилинган енгил қуроллар, жумладан, пистолет ва автоматлар ноқонуний савдосига қарши кураш дастури натижаси муҳокама этилади.

Анжуманга Шри-Ланканинг БМТдаги вакили Прасад Кариявас раислик қилмоқда.
“Бу йилги анжуман, биринчи навбатда ва умуман, ноқонуний қуролланишни тўхтатиш масаласи билан шуғулланади. Бу кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Яхши маълумки, 1990 йилларда дунёда рўй берган 49 та йирик низонинг 47 тасида енгил қурол қўлланилган. Кўплаб можаролар ана шу қуролларни ноқонуний йўл билан осонгина қўлга киритиш эҳтимолини кучайтиради”, - деди П.Кариявас.
Хитой, Россия ва АҚШ енгил қурол ишлаб чиқарувчи йирик давлатлар бўлиб қолмоқда.

“Ал-Қоида” террорчилик ҳаракатининг Ироқдаги гуруҳи бир неча кун муқаддам ўғирлаб кетилган Россиянинг Бағдоддаги элчихонаси тўрт дипломати қатл қилингани ҳақида баёнот тарқатди.

Маълум бўлишича, бу баёнот қуролли гуруҳларнинг Интернетдаги сайтида суратлар билан чоп этилган.
Ҳозирча бу баёнот қанчалик рост, агар рост бўлса, дипломатлар қаерда ўлдирилган ва бошқа шу каби саволларга жавоб йўқ, яъни тафсилотлар номаълум.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий зўравонлик қилишни тўхтатишга тайёр исёнчиларга амнистия қўллашни таклиф қилди.

Парламентда миллий сулҳ режасини тақдим этган ал-Маликийнинг баён қилишича, бу таклиф исёнчиларни муросага чақириши мумкин.
“Бироқ, шунга қарамай, зўравонликни давом эттирадиганлар қонун олдида жавоб беради”, - деди Ироқ бош вазири.
Унинг айтишича, бу амнистия қотиллик ва террорчилик ҳаракати содир этганларга нисбатан қўлланмайди.
“Умид қиламанки, бу дастур, бир томондан, ҳозир мамлакатимиз ва унинг аҳли тушиб қолган оғир вазиятдан чиқиш имконини беради. Иккинчи томондан, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи яхшиланишига хизмат қилади”, - деди ал-Маликий.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги тарқатган баёнотга кўра, Американинг ироқлик оддий фуқарони ўлдиришда айбланаётган икки ҳарбийсига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳарбийлардан бири Натан Линнга қасддан қотиллик содир этиш айби қўйилган. Тахмин қилинишича, у шу йилнинг февраль ойида Рамади шаҳри яқинида қуролсиз маҳаллий фуқарони отган.
Натан Линн ва сержант Митлон Ортизга, шунингдек, адолат қарор топишига тўсқинлик қилиш айби ҳам қўйилган. Чунки дастлабки тергов тахминича, улар ироқлик фуқарони отиб ўлдиргандан сўнг ёнига қурол ҳам қўйиб, уни исёнчига чиқармоқчи бўлган.

Туркия ташқи ишлар вазири Абдулла Гул Эроннинг яқин орада ҳал этилишига умид қилинаётган ядровий дастури муаммоси бораси музокаралар ўтказиш учун расмий сафар билан Теҳронга борди.

Абдулла Гул журналистларга берган интервьюсида Туркия Эроннинг ядровий дастури муаммоси дипломатик йўл билан ечилиши тарафдори эканини таъкидлади.
“Қўшни ва дўст мамлакат сифатида Туркия Эроннинг ядровий дастури муаммоси дипломатик йўл билан ечилиши мумкин, деб ҳисоблайди”, - деди Абдулла Гул.

Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида ҳарбий тўқнашувлар давом этмоқда.

Америка ҳарбийлари берган маълумотга кўра, отишмалар чоғида толибларнинг 45 жангчиси ва коалиция кучларидан икки аскар ўлдирилган.
Коалиция қўшинларидан қурбон берилган аскарлар қайси мамлакат ҳарбийлари экани ҳозирча айтилаётгани йўқ.
Афғонистон ҳарбийларининг билдиришича, толиблар жангарилари ўтган тунда коалиция қўшини қароргоҳига ҳужум қилган. Бунга жавобан уларга қарши ҳаво ҳужумлари уюштирилган.
Афғонистондан олинган яна бир хабарга кўра, мамлакатдаги швед гуманитар ташкилотининг беш ходими ўғирланган. Ўғирланганларнинг ҳаммаси афғонистонлик. Улардан икки нафари шифокор экани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, улар пайшанба куни ўғирланган, бироқ бу ҳақда бугун маълум бўлган. Ҳозир мамлакат полицияси ва ҳарбийлари ўғирланганларни топишга сафарбар қилинган.

Ўтган тунда Германиянинг Штутгарт шаҳрида полиция инглиз ва немис футбол ишқибозлари ўртасида юзага келган тўқнашув иштирокчиларидан юзга яқинини қўлга олди.

Катта тўпалонга айланган тўқнашувда жиддий тан жароҳати олганлар кузатилмади.





Ғазо минтақасида Исроил ҳарбийлари ва Фаластин қуролли гуруҳлари ўртасида яна тўқнашув рўй берди.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, Исроил-Фаластин чегарасидаги Исроил назорат пунктига ҳужум қилинган. Ҳужум чоғида Фаластин қуролли гуруҳининг уч аъзоси ва тўрт исроиллик ўлдирилган.
Бу ҳужум учун масъулиятни ХАМАС ҳаракатининг қуролли гуруҳи ва “Халқ қаршилиги қўмитаси” ўз зиммасига олди.
Тўқнашув борасида баёнот берган Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт бунда Фаластин ҳукуматини айблади.
“Исроил давлати содир бўлган ҳодиса учун жавобгарликни Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ва Фаластин ҳукуматига юклайди”, - деди Э.Олмерт.
Айни вақтда ХАМАС ҳаракати ҳам тўқнашув борасида баёнот берди.
“Бу ҳужум Исроил ҳарбийларининг фаластинлик тинч аҳоли – аёллар ва болаларни ўлдирганига жавобдир. Бу бизнинг икки етакчимиз ўлдирилгани учун қасосдир. Бу ХАМАС ҳаракати Фаластин халқига нисбатан ҳарбий ҳаракатларини давом эттираётган Исроилга ҳануз қарши туришга қодир эканига исботдир”, - деди ҳаракат вакили ал-Зуҳрий.
Сўнгги маълумотларга кўра, чегарада рўй берган ана шу тўқнашувдан сўнг Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ғазо минтақасига зарба берган.

“Вашингтон пост” газетасининг ёзишича, ҳали уруш бошланишидан олдин АҚШ Марказий разведка бошқармаси ходимларидан бири Ироқда биологик қурол яратиш дастурига оид берилган маълумотлар ишончли эмаслигидан огоҳлантирган.

2003 йил январь ойида МРБ офицери Тайлер Драмҳеллер ўша вақтдаги давлат котиби Колинн Пауэлл ҳисоботидан Ироқда биологик қурол ишлаб чиқариш бўйича улкан лабораториялар борлиги ҳақидаги жумлаларни ўчириб ташлаган. Чунки бу маълумотлар манбасини ишончсиз, деб ҳисоблаган.
Шунга қарамай, бундай лабораториялар борлиги ҳақидаги ахборот Колинн Пауэлл томонидан ўша йили 5 февраль куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида тасдиқланган маълумотлардан бири сифатида эълон қилинган эди. Бироқ кейинчалик бундай лаборатория Ироқда топилмаган.

Афғонистон ҳарбийлари ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари сўнгги 24 соат ичида Афғонистоннинг жанубий вилоятларида 80дан ортиқ жангарини ўлдирди.

АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, 23 июнь куни Урузғон вилояти жанубидаги Миробод қишлоғида беш соат давом этган қуролли тўқнашувда толибларга алоқадор бўлган қирқдан ортиқ жангари йўқ қилинган. Отишмада коалиция кучлари ва тинч аҳоли ўртасида талафот бўлмаган. Қандаҳор вилоятининг Жари туманида юз берган отишмада эса 25 жангари ўлдирилган.

Теҳрон расмийлари АҚШ генералининг Ироқдаги беқарор вазиятни таъминлаётган асосий омиллардан бири Эрон экани ҳақидаги айбловини рад этди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳомид Ризо Осифий АҚШ расмийлари Ироқда кучсиз экани ва ўз мағлубиятини яшириш учун шундай даъволар билан чиқаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Эрон Ироқнинг яхлит, кучли мамлакат бўлишини хоҳлайди.
Пайшанба куни Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси Эрон Ироқда вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири эканини, Теҳрон расмийлари Ироқдаги радикал шиа гуруҳларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб, уларни қуроллар билан таъминлаётганини айтган эди.

Ироқнинг Қиркўк шаҳрида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида мазкур шаҳарда разведка ва терроризмга қарши кураш ишларига масъул генерал Муса Ҳошим, унинг ўринбосари ва қўриқчиси ҳалок бўлди.

Бағдоддан 90 километр шимолда жойлашган Дулуяда эса худкуш содир этган портлаш натижасида Ироқ хавфсизлик кучларининг беш ходими ўлдирилди.
Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий парламентнинг якшанба кунги йиғилишида “Миллий ярашув дастури”ни тақдим этишни режалаштирган. Бош вазир дастурида йирик қуролли гуруҳларни шаҳар кўчаларидан олиб чиқиш, исёнчилар билан музокара бошлаш ва Саддам Ҳусайннинг Баас партияси аъзолари мақомини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилади.

Эрон Ташқи ишлар вазири Берлинда германиялик ҳамкасби билан учрашди

Эроннинг ядровий дастури масаласи муҳокама этилган музокарадан сўнг М.Муттақий учрашув конструктив бўлганини айтар экан, келгуси музокаралар аввалдан шарт қўйилмасдан ўтказилиши кераклигини таъкидлади. Штайнмайер эса томонлар “ҳал қилувчи босқичда” эканини қайд этди. Унинг билдиришича, қарама-қаршилик давом этаверади ёки томонлар ҳамкорликка асосланган келишувга эришади.
Теҳрон уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига халқаро ҳамжамият Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган. Ҳозир Теҳрон расмийлари мазкур таклифни ўрганмоқда. Бу таклифни ишлаб чиқишда Германия ҳам фаол қатнашган.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга тузатиш киритилишидан норози бўлган 200га яқин одам намойиш ўтказди.

Тинч ўтган намойишда мухолиф фикрли журналистлар ва уларнинг тарафдорлари қатнашди.
“Нағиз оқ жўл” партияси раҳбари Бўлат Абилов намойишчилар олдида қилган чиқишида: “Бугунги кунда биз ушбу тузатишсиз ҳам мамлакатда нималар бўлаётгани ҳақида объектив ва ҳаққоний маълумот ололамизми? Балки, йўқ. Бу жуда афсусланарли ҳол. Аммо ушбу тузатишлар Қозоғистондаги сўз эркинлигини буткул йўққа чиқаради”, – деди.
Мазкур қонун лойиҳасини президент Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлаган. Агар у кучга кирса, ахборот агентликларининг рўйхатдан ўтиши қийин бўлади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда АҚШ мазкур ҳужжат Қозоғистондаги сўз эркинлигига путур етказишини билдирган.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос “Хамас” етакчилигидаги ҳукумат вакиллари, жумладан, бош вазир Исмоил Хония билан Ғазода музокара ўтказади.

Сўзлашувда ҳокимиятни бўлишиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Бу масала М.Аббоснинг “Фатҳ” гуруҳи ва унинг рақиби “Хамас” ўртасида муносабатлар кескинлашишига сабаб бўлган эди.
Вашингтонда эса АҚШ Сенати “Хамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукуматига кўрсатилаётган ҳамма ёрдамни тўхтатиш ва бу гуруҳ билан алоқа ўрнатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. “Хамас” гуруҳи Исроил давлатини тан олмагунча ва зўравонликдан воз кечмагунча мазкур чекловлар ўз кучида қолади.

Шанба куни эрталаб Санкт-Петербург шаҳридаги Россия денгиз флоти академияси ётоқхонасида ёнғин содир бўлди.

Оқибатда олти курсант нобуд бўлди. Танаси куйган 18 курсант шифохонага ётқизилди.
Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг маълум қилишича, академия ётоқхонасида ёнғин йўлакдан бошланиб, кейин хоналарга ўтган. Ҳозир ёнғин сабабалари ўрганилмоқда.
Айтилишича, ёнғин оқибатида Россияда ҳар йили тахминан 18 минг киши ҳалок бўлмоқда.

Филиппин президенти Глория Макапагал Арройо мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Танқидчилар католик черкови қўллаб-қувватлашини қозониш мақсадида Г.Арройо ҳужжатни айнан Ватиканга сафаридан бир кун олдин имзолаганига эътибор қаратди. Янги қонун туфайли Филиппинда ўлим жазосига ҳукм қилинган 1200 маҳбуснинг ҳаёти сақлаб қолингани айтилмоқда.

Грецияга қарашли Кефалония оролида шанба куни зилзила содир бўлди.

Маълумотларга кўра, зилзила Рихтер ўлчови бўйича 4,9 баллни ташкил этган. Табиий офатдан талофат ва моддий зарар кўрилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG