Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 09:41

Халқаро янгиликлар

“Ал-Қоида” террорчилик ҳаракатининг Ироқдаги гуруҳи бир неча кун муқаддам ўғирлаб кетилган Россиянинг Бағдоддаги элчихонаси тўрт дипломати қатл қилингани ҳақида баёнот тарқатди.

Маълум бўлишича, бу баёнот қуролли гуруҳларнинг Интернетдаги сайтида суратлар билан чоп этилган.
Ҳозирча бу баёнот қанчалик рост, агар рост бўлса, дипломатлар қаерда ўлдирилган ва бошқа шу каби саволларга жавоб йўқ, яъни тафсилотлар номаълум.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий зўравонлик қилишни тўхтатишга тайёр исёнчиларга амнистия қўллашни таклиф қилди.

Парламентда миллий сулҳ режасини тақдим этган ал-Маликийнинг баён қилишича, бу таклиф исёнчиларни муросага чақириши мумкин.
“Бироқ, шунга қарамай, зўравонликни давом эттирадиганлар қонун олдида жавоб беради”, - деди Ироқ бош вазири.
Унинг айтишича, бу амнистия қотиллик ва террорчилик ҳаракати содир этганларга нисбатан қўлланмайди.
“Умид қиламанки, бу дастур, бир томондан, ҳозир мамлакатимиз ва унинг аҳли тушиб қолган оғир вазиятдан чиқиш имконини беради. Иккинчи томондан, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи яхшиланишига хизмат қилади”, - деди ал-Маликий.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги тарқатган баёнотга кўра, Американинг ироқлик оддий фуқарони ўлдиришда айбланаётган икки ҳарбийсига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳарбийлардан бири Натан Линнга қасддан қотиллик содир этиш айби қўйилган. Тахмин қилинишича, у шу йилнинг февраль ойида Рамади шаҳри яқинида қуролсиз маҳаллий фуқарони отган.
Натан Линн ва сержант Митлон Ортизга, шунингдек, адолат қарор топишига тўсқинлик қилиш айби ҳам қўйилган. Чунки дастлабки тергов тахминича, улар ироқлик фуқарони отиб ўлдиргандан сўнг ёнига қурол ҳам қўйиб, уни исёнчига чиқармоқчи бўлган.

Туркия ташқи ишлар вазири Абдулла Гул Эроннинг яқин орада ҳал этилишига умид қилинаётган ядровий дастури муаммоси бораси музокаралар ўтказиш учун расмий сафар билан Теҳронга борди.

Абдулла Гул журналистларга берган интервьюсида Туркия Эроннинг ядровий дастури муаммоси дипломатик йўл билан ечилиши тарафдори эканини таъкидлади.
“Қўшни ва дўст мамлакат сифатида Туркия Эроннинг ядровий дастури муаммоси дипломатик йўл билан ечилиши мумкин, деб ҳисоблайди”, - деди Абдулла Гул.

Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида ҳарбий тўқнашувлар давом этмоқда.

Америка ҳарбийлари берган маълумотга кўра, отишмалар чоғида толибларнинг 45 жангчиси ва коалиция кучларидан икки аскар ўлдирилган.
Коалиция қўшинларидан қурбон берилган аскарлар қайси мамлакат ҳарбийлари экани ҳозирча айтилаётгани йўқ.
Афғонистон ҳарбийларининг билдиришича, толиблар жангарилари ўтган тунда коалиция қўшини қароргоҳига ҳужум қилган. Бунга жавобан уларга қарши ҳаво ҳужумлари уюштирилган.
Афғонистондан олинган яна бир хабарга кўра, мамлакатдаги швед гуманитар ташкилотининг беш ходими ўғирланган. Ўғирланганларнинг ҳаммаси афғонистонлик. Улардан икки нафари шифокор экани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, улар пайшанба куни ўғирланган, бироқ бу ҳақда бугун маълум бўлган. Ҳозир мамлакат полицияси ва ҳарбийлари ўғирланганларни топишга сафарбар қилинган.

Ўтган тунда Германиянинг Штутгарт шаҳрида полиция инглиз ва немис футбол ишқибозлари ўртасида юзага келган тўқнашув иштирокчиларидан юзга яқинини қўлга олди.

Катта тўпалонга айланган тўқнашувда жиддий тан жароҳати олганлар кузатилмади.





Ғазо минтақасида Исроил ҳарбийлари ва Фаластин қуролли гуруҳлари ўртасида яна тўқнашув рўй берди.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, Исроил-Фаластин чегарасидаги Исроил назорат пунктига ҳужум қилинган. Ҳужум чоғида Фаластин қуролли гуруҳининг уч аъзоси ва тўрт исроиллик ўлдирилган.
Бу ҳужум учун масъулиятни ХАМАС ҳаракатининг қуролли гуруҳи ва “Халқ қаршилиги қўмитаси” ўз зиммасига олди.
Тўқнашув борасида баёнот берган Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт бунда Фаластин ҳукуматини айблади.
“Исроил давлати содир бўлган ҳодиса учун жавобгарликни Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ва Фаластин ҳукуматига юклайди”, - деди Э.Олмерт.
Айни вақтда ХАМАС ҳаракати ҳам тўқнашув борасида баёнот берди.
“Бу ҳужум Исроил ҳарбийларининг фаластинлик тинч аҳоли – аёллар ва болаларни ўлдирганига жавобдир. Бу бизнинг икки етакчимиз ўлдирилгани учун қасосдир. Бу ХАМАС ҳаракати Фаластин халқига нисбатан ҳарбий ҳаракатларини давом эттираётган Исроилга ҳануз қарши туришга қодир эканига исботдир”, - деди ҳаракат вакили ал-Зуҳрий.
Сўнгги маълумотларга кўра, чегарада рўй берган ана шу тўқнашувдан сўнг Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ғазо минтақасига зарба берган.

“Вашингтон пост” газетасининг ёзишича, ҳали уруш бошланишидан олдин АҚШ Марказий разведка бошқармаси ходимларидан бири Ироқда биологик қурол яратиш дастурига оид берилган маълумотлар ишончли эмаслигидан огоҳлантирган.

2003 йил январь ойида МРБ офицери Тайлер Драмҳеллер ўша вақтдаги давлат котиби Колинн Пауэлл ҳисоботидан Ироқда биологик қурол ишлаб чиқариш бўйича улкан лабораториялар борлиги ҳақидаги жумлаларни ўчириб ташлаган. Чунки бу маълумотлар манбасини ишончсиз, деб ҳисоблаган.
Шунга қарамай, бундай лабораториялар борлиги ҳақидаги ахборот Колинн Пауэлл томонидан ўша йили 5 февраль куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида тасдиқланган маълумотлардан бири сифатида эълон қилинган эди. Бироқ кейинчалик бундай лаборатория Ироқда топилмаган.

Афғонистон ҳарбийлари ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари сўнгги 24 соат ичида Афғонистоннинг жанубий вилоятларида 80дан ортиқ жангарини ўлдирди.

АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, 23 июнь куни Урузғон вилояти жанубидаги Миробод қишлоғида беш соат давом этган қуролли тўқнашувда толибларга алоқадор бўлган қирқдан ортиқ жангари йўқ қилинган. Отишмада коалиция кучлари ва тинч аҳоли ўртасида талафот бўлмаган. Қандаҳор вилоятининг Жари туманида юз берган отишмада эса 25 жангари ўлдирилган.

Теҳрон расмийлари АҚШ генералининг Ироқдаги беқарор вазиятни таъминлаётган асосий омиллардан бири Эрон экани ҳақидаги айбловини рад этди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳомид Ризо Осифий АҚШ расмийлари Ироқда кучсиз экани ва ўз мағлубиятини яшириш учун шундай даъволар билан чиқаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Эрон Ироқнинг яхлит, кучли мамлакат бўлишини хоҳлайди.
Пайшанба куни Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси Эрон Ироқда вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири эканини, Теҳрон расмийлари Ироқдаги радикал шиа гуруҳларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб, уларни қуроллар билан таъминлаётганини айтган эди.

Ироқнинг Қиркўк шаҳрида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида мазкур шаҳарда разведка ва терроризмга қарши кураш ишларига масъул генерал Муса Ҳошим, унинг ўринбосари ва қўриқчиси ҳалок бўлди.

Бағдоддан 90 километр шимолда жойлашган Дулуяда эса худкуш содир этган портлаш натижасида Ироқ хавфсизлик кучларининг беш ходими ўлдирилди.
Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий парламентнинг якшанба кунги йиғилишида “Миллий ярашув дастури”ни тақдим этишни режалаштирган. Бош вазир дастурида йирик қуролли гуруҳларни шаҳар кўчаларидан олиб чиқиш, исёнчилар билан музокара бошлаш ва Саддам Ҳусайннинг Баас партияси аъзолари мақомини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилади.

Эрон Ташқи ишлар вазири Берлинда германиялик ҳамкасби билан учрашди

Эроннинг ядровий дастури масаласи муҳокама этилган музокарадан сўнг М.Муттақий учрашув конструктив бўлганини айтар экан, келгуси музокаралар аввалдан шарт қўйилмасдан ўтказилиши кераклигини таъкидлади. Штайнмайер эса томонлар “ҳал қилувчи босқичда” эканини қайд этди. Унинг билдиришича, қарама-қаршилик давом этаверади ёки томонлар ҳамкорликка асосланган келишувга эришади.
Теҳрон уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига халқаро ҳамжамият Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган. Ҳозир Теҳрон расмийлари мазкур таклифни ўрганмоқда. Бу таклифни ишлаб чиқишда Германия ҳам фаол қатнашган.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга тузатиш киритилишидан норози бўлган 200га яқин одам намойиш ўтказди.

Тинч ўтган намойишда мухолиф фикрли журналистлар ва уларнинг тарафдорлари қатнашди.
“Нағиз оқ жўл” партияси раҳбари Бўлат Абилов намойишчилар олдида қилган чиқишида: “Бугунги кунда биз ушбу тузатишсиз ҳам мамлакатда нималар бўлаётгани ҳақида объектив ва ҳаққоний маълумот ололамизми? Балки, йўқ. Бу жуда афсусланарли ҳол. Аммо ушбу тузатишлар Қозоғистондаги сўз эркинлигини буткул йўққа чиқаради”, – деди.
Мазкур қонун лойиҳасини президент Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлаган. Агар у кучга кирса, ахборот агентликларининг рўйхатдан ўтиши қийин бўлади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда АҚШ мазкур ҳужжат Қозоғистондаги сўз эркинлигига путур етказишини билдирган.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос “Хамас” етакчилигидаги ҳукумат вакиллари, жумладан, бош вазир Исмоил Хония билан Ғазода музокара ўтказади.

Сўзлашувда ҳокимиятни бўлишиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Бу масала М.Аббоснинг “Фатҳ” гуруҳи ва унинг рақиби “Хамас” ўртасида муносабатлар кескинлашишига сабаб бўлган эди.
Вашингтонда эса АҚШ Сенати “Хамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукуматига кўрсатилаётган ҳамма ёрдамни тўхтатиш ва бу гуруҳ билан алоқа ўрнатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. “Хамас” гуруҳи Исроил давлатини тан олмагунча ва зўравонликдан воз кечмагунча мазкур чекловлар ўз кучида қолади.

Шанба куни эрталаб Санкт-Петербург шаҳридаги Россия денгиз флоти академияси ётоқхонасида ёнғин содир бўлди.

Оқибатда олти курсант нобуд бўлди. Танаси куйган 18 курсант шифохонага ётқизилди.
Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг маълум қилишича, академия ётоқхонасида ёнғин йўлакдан бошланиб, кейин хоналарга ўтган. Ҳозир ёнғин сабабалари ўрганилмоқда.
Айтилишича, ёнғин оқибатида Россияда ҳар йили тахминан 18 минг киши ҳалок бўлмоқда.

Филиппин президенти Глория Макапагал Арройо мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Танқидчилар католик черкови қўллаб-қувватлашини қозониш мақсадида Г.Арройо ҳужжатни айнан Ватиканга сафаридан бир кун олдин имзолаганига эътибор қаратди. Янги қонун туфайли Филиппинда ўлим жазосига ҳукм қилинган 1200 маҳбуснинг ҳаёти сақлаб қолингани айтилмоқда.

Грецияга қарашли Кефалония оролида шанба куни зилзила содир бўлди.

Маълумотларга кўра, зилзила Рихтер ўлчови бўйича 4,9 баллни ташкил этган. Табиий офатдан талофат ва моддий зарар кўрилмаган.

АҚШда террорчилик ҳаракати тайёрлашда гумон қилинган етти шахс қўлга олинди.

АҚШ адлия вазири Алберто Гонсалеснинг айтишича, улар “Ал-Қоида” билан бирга АҚШда террор ҳужумлари уюштиришни режалаштиришда айбланмоқда. АҚШнинг беш фуқароси, бир гаитилик ва яна бир хориж фуқароси Чикаго шаҳридаги баландлиги 442 метр бўлган осмонўпар минора ва Майами шаҳридаги биноларга ҳужум қилишни режалаштирган. Улар пайшанба куни Майамида ушланди.

Ироқ ҳукумати Бағдодда янги хавфсизлик чораларини кўрмоқда.

Ироқ бош вазир идораси жума куни маҳаллий вақт билан 14 дан шанба эрталабки олтига қадар коммендантлик соати жорий қилди. Бунга ўтган ҳафта жума намози ўқиш учун масжидга борган одамларга худкуш ҳужум уюштиргани сабаб бўлди. Ўша ҳужум оқибатида 11 киши ўлган эди.
23 июнь куни Басра шаҳридаги одамлар билан гавжум бозор ва ёқилғи қуйиш шахобчаси яқинида худкуш уюштирган ҳужумда камида 10 киши ҳалок бўлди. Бақубадаги суннийлар масжиди яқинида содир этилган портлашда ҳам шунча одам қурбон бўлди.
АҚШ ҳарбийлари Бағдодда ўтказган рейдлар давомида эса “Ал-Қоида”нинг юқори лавозимли аъзоси ва террорчиликка алоқадорликда гумон қилинган уч шахс ушланди. Анбар вилоятида содир бўлган отишмада америкалик бир ҳарбий нобуд бўлди.

АҚШ президенти Жорж Буш Венгрия пойтахти Будапештга сафар қилмоқда.

Ташрифдан мақсад Венгрияда советлар ҳукмронлигига қарши 1956 йилда уюштирилган қўзғалоннинг 50 йиллигини хотирлаш маросимида қатнашишдан иборат. Буш Венгрия президенти Ласло Шойом билан учрашди. Шундан сўнг улар қўзғалон қурбонлари хотираси учун бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйдилар.
Венгрия президенти Ласло Шойом венгрияликлар муносабатини шундай изоҳлади: “Биз 1956 йилда венгрияликлар ва венгрлар курашган озодлик, демократия, миллий ўзлик ва инсон ҳуқуқлари каби ўзаро қадриятларни ифода этяпмиз”, – деди Венгрия президенти.
Ўша қўзғалонда икки ярим минг венгрлар ва 750 нафар совет аскарлари нобуд бўлган.

Ироқнинг Анбар вилоятида тўрт нафар Америка аскари нобуд бўлди.

АҚШ ҳарбийлари баёнотига кўра, улардан уч нафари 20 июн куни йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида халок бўлган. Яна бири ўша куни ҳарбий амалиёт пайтида нобуд бўлган.
Айни пайтда, Бағдоддан шимол томонда бир гуруҳ қуролли шахслар автобусларда ишдан уйларига қайтаётган саксонга яқин завод ишчиларини ўғирлаб кетган.

Украинада зарғалдоқ инқилобини амалга оширган учта сиёсий партия янги коалицион ҳукумат тузиш ҳақида келишувга эришди.

Буни собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко парламентда эълон қилди: “Мен, афсуски, бутун мамлакат уч ойдан бери кутиб келаётган янгиликни эълон қилиш бахтига муяссар бўлдим. Мен Бизнинг Украина, Юлия Тимошенко Блоки ва Социалистик партия ҳозирдан бошлаб демократик кучлар коалициясини тузганини эълон қилмоқчиман”, – деди собиқ Украина Бош вазири.
Учта партия ўртасида эришилган келишувга кўра, Юлия Тимошенко Украинанинг янги Бош вазири лавозмига номзод қилиб кўрсатилади. Бир йил олдин президент Виктор Юшенко Тимошенкони шу лавозимдан бўшатган эди.

Қозоғистон чегара хизмати маъмурияти Мангистау вилоятида ўзбекистонлик 43 нафар ноқонуний ишчи ушланганини билдирди.

Улар 21 июн куни юк машинасида Қозоғистондан чиқиб кетишга уринган пайтда қўлга олинган. Шу ой бошида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Тожикистон, Қирғизистон ва ўзбекистонлик 90 нафар ноқонуний мигрантни Алмати шаҳрида қўлга олган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари яқинда Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида Муродулло Жўраев исмли шахсни қўлга олган.

www.press-uz.info Интернет сайти хабарига кўра, Тожикистонда унга Ўзбекистонда террор ҳужумлари уюштириш ҳақида буйруқ берилган. Ҳозирда у сўроқ қилинмоқда. Ўзбекистон хавфсизлик хизмати расмийларига асосланиб Интернет сайтининг билдиришича, наркотиклар савдоси билан шуғулланганлик учун ушланган Жўраев пул эвазига ҳамда қўшимча қамоқ жазоси берилмаслиги ваъдаси эвазига Ўзбекистонда қўпорувчилик билан шуғулланишга рози бўлганини тан олган.

Ҳюман Райттс Уотч инсон ҳуқуқлари гуруҳи Германиянинг янги федерал прокурорини собиқ Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматовга нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик бўйича жиноий иш очмаслик ҳақидаги қарорни бекор қилишга чақирди.

Ўзбекистонда қийноққа солинганлар ва 2005 йил май ойида Андижон воқеаларида тирик қолган фуқаролар 2005 йил декабрида Германия прокуратурасига бу жиноятларга Алматовнинг масъул экани юзасидан шикоят аризаси ёзган. Аммо Германиянинг ўша пайтдаги прокурори Ўзбекистон ҳукумати бу борада ҳамкорлик қилмайди, деган фикрда Алматовга қарши жиноий иш очиш ҳақида буйруқ бермаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG