Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2019, Тошкент вақти: 17:31

Халқаро хабарлар

Афғонистон ҳарбийлари ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари сўнгги 24 соат ичида Афғонистоннинг жанубий вилоятларида 80дан ортиқ жангарини ўлдирди.

АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, 23 июнь куни Урузғон вилояти жанубидаги Миробод қишлоғида беш соат давом этган қуролли тўқнашувда толибларга алоқадор бўлган қирқдан ортиқ жангари йўқ қилинган. Отишмада коалиция кучлари ва тинч аҳоли ўртасида талафот бўлмаган. Қандаҳор вилоятининг Жари туманида юз берган отишмада эса 25 жангари ўлдирилган.

Теҳрон расмийлари АҚШ генералининг Ироқдаги беқарор вазиятни таъминлаётган асосий омиллардан бири Эрон экани ҳақидаги айбловини рад этди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳомид Ризо Осифий АҚШ расмийлари Ироқда кучсиз экани ва ўз мағлубиятини яшириш учун шундай даъволар билан чиқаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Эрон Ироқнинг яхлит, кучли мамлакат бўлишини хоҳлайди.
Пайшанба куни Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси Эрон Ироқда вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири эканини, Теҳрон расмийлари Ироқдаги радикал шиа гуруҳларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб, уларни қуроллар билан таъминлаётганини айтган эди.

Ироқнинг Қиркўк шаҳрида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида мазкур шаҳарда разведка ва терроризмга қарши кураш ишларига масъул генерал Муса Ҳошим, унинг ўринбосари ва қўриқчиси ҳалок бўлди.

Бағдоддан 90 километр шимолда жойлашган Дулуяда эса худкуш содир этган портлаш натижасида Ироқ хавфсизлик кучларининг беш ходими ўлдирилди.
Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий парламентнинг якшанба кунги йиғилишида “Миллий ярашув дастури”ни тақдим этишни режалаштирган. Бош вазир дастурида йирик қуролли гуруҳларни шаҳар кўчаларидан олиб чиқиш, исёнчилар билан музокара бошлаш ва Саддам Ҳусайннинг Баас партияси аъзолари мақомини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилади.

Эрон Ташқи ишлар вазири Берлинда германиялик ҳамкасби билан учрашди

Эроннинг ядровий дастури масаласи муҳокама этилган музокарадан сўнг М.Муттақий учрашув конструктив бўлганини айтар экан, келгуси музокаралар аввалдан шарт қўйилмасдан ўтказилиши кераклигини таъкидлади. Штайнмайер эса томонлар “ҳал қилувчи босқичда” эканини қайд этди. Унинг билдиришича, қарама-қаршилик давом этаверади ёки томонлар ҳамкорликка асосланган келишувга эришади.
Теҳрон уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига халқаро ҳамжамият Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган. Ҳозир Теҳрон расмийлари мазкур таклифни ўрганмоқда. Бу таклифни ишлаб чиқишда Германия ҳам фаол қатнашган.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунга тузатиш киритилишидан норози бўлган 200га яқин одам намойиш ўтказди.

Тинч ўтган намойишда мухолиф фикрли журналистлар ва уларнинг тарафдорлари қатнашди.
“Нағиз оқ жўл” партияси раҳбари Бўлат Абилов намойишчилар олдида қилган чиқишида: “Бугунги кунда биз ушбу тузатишсиз ҳам мамлакатда нималар бўлаётгани ҳақида объектив ва ҳаққоний маълумот ололамизми? Балки, йўқ. Бу жуда афсусланарли ҳол. Аммо ушбу тузатишлар Қозоғистондаги сўз эркинлигини буткул йўққа чиқаради”, – деди.
Мазкур қонун лойиҳасини президент Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлаган. Агар у кучга кирса, ахборот агентликларининг рўйхатдан ўтиши қийин бўлади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда АҚШ мазкур ҳужжат Қозоғистондаги сўз эркинлигига путур етказишини билдирган.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос “Хамас” етакчилигидаги ҳукумат вакиллари, жумладан, бош вазир Исмоил Хония билан Ғазода музокара ўтказади.

Сўзлашувда ҳокимиятни бўлишиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Бу масала М.Аббоснинг “Фатҳ” гуруҳи ва унинг рақиби “Хамас” ўртасида муносабатлар кескинлашишига сабаб бўлган эди.
Вашингтонда эса АҚШ Сенати “Хамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукуматига кўрсатилаётган ҳамма ёрдамни тўхтатиш ва бу гуруҳ билан алоқа ўрнатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. “Хамас” гуруҳи Исроил давлатини тан олмагунча ва зўравонликдан воз кечмагунча мазкур чекловлар ўз кучида қолади.

Шанба куни эрталаб Санкт-Петербург шаҳридаги Россия денгиз флоти академияси ётоқхонасида ёнғин содир бўлди.

Оқибатда олти курсант нобуд бўлди. Танаси куйган 18 курсант шифохонага ётқизилди.
Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг маълум қилишича, академия ётоқхонасида ёнғин йўлакдан бошланиб, кейин хоналарга ўтган. Ҳозир ёнғин сабабалари ўрганилмоқда.
Айтилишича, ёнғин оқибатида Россияда ҳар йили тахминан 18 минг киши ҳалок бўлмоқда.

Филиппин президенти Глория Макапагал Арройо мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Танқидчилар католик черкови қўллаб-қувватлашини қозониш мақсадида Г.Арройо ҳужжатни айнан Ватиканга сафаридан бир кун олдин имзолаганига эътибор қаратди. Янги қонун туфайли Филиппинда ўлим жазосига ҳукм қилинган 1200 маҳбуснинг ҳаёти сақлаб қолингани айтилмоқда.

Грецияга қарашли Кефалония оролида шанба куни зилзила содир бўлди.

Маълумотларга кўра, зилзила Рихтер ўлчови бўйича 4,9 баллни ташкил этган. Табиий офатдан талофат ва моддий зарар кўрилмаган.

АҚШда террорчилик ҳаракати тайёрлашда гумон қилинган етти шахс қўлга олинди.

АҚШ адлия вазири Алберто Гонсалеснинг айтишича, улар “Ал-Қоида” билан бирга АҚШда террор ҳужумлари уюштиришни режалаштиришда айбланмоқда. АҚШнинг беш фуқароси, бир гаитилик ва яна бир хориж фуқароси Чикаго шаҳридаги баландлиги 442 метр бўлган осмонўпар минора ва Майами шаҳридаги биноларга ҳужум қилишни режалаштирган. Улар пайшанба куни Майамида ушланди.

Ироқ ҳукумати Бағдодда янги хавфсизлик чораларини кўрмоқда.

Ироқ бош вазир идораси жума куни маҳаллий вақт билан 14 дан шанба эрталабки олтига қадар коммендантлик соати жорий қилди. Бунга ўтган ҳафта жума намози ўқиш учун масжидга борган одамларга худкуш ҳужум уюштиргани сабаб бўлди. Ўша ҳужум оқибатида 11 киши ўлган эди.
23 июнь куни Басра шаҳридаги одамлар билан гавжум бозор ва ёқилғи қуйиш шахобчаси яқинида худкуш уюштирган ҳужумда камида 10 киши ҳалок бўлди. Бақубадаги суннийлар масжиди яқинида содир этилган портлашда ҳам шунча одам қурбон бўлди.
АҚШ ҳарбийлари Бағдодда ўтказган рейдлар давомида эса “Ал-Қоида”нинг юқори лавозимли аъзоси ва террорчиликка алоқадорликда гумон қилинган уч шахс ушланди. Анбар вилоятида содир бўлган отишмада америкалик бир ҳарбий нобуд бўлди.

АҚШ президенти Жорж Буш Венгрия пойтахти Будапештга сафар қилмоқда.

Ташрифдан мақсад Венгрияда советлар ҳукмронлигига қарши 1956 йилда уюштирилган қўзғалоннинг 50 йиллигини хотирлаш маросимида қатнашишдан иборат. Буш Венгрия президенти Ласло Шойом билан учрашди. Шундан сўнг улар қўзғалон қурбонлари хотираси учун бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйдилар.
Венгрия президенти Ласло Шойом венгрияликлар муносабатини шундай изоҳлади: “Биз 1956 йилда венгрияликлар ва венгрлар курашган озодлик, демократия, миллий ўзлик ва инсон ҳуқуқлари каби ўзаро қадриятларни ифода этяпмиз”, – деди Венгрия президенти.
Ўша қўзғалонда икки ярим минг венгрлар ва 750 нафар совет аскарлари нобуд бўлган.

Ироқнинг Анбар вилоятида тўрт нафар Америка аскари нобуд бўлди.

АҚШ ҳарбийлари баёнотига кўра, улардан уч нафари 20 июн куни йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида халок бўлган. Яна бири ўша куни ҳарбий амалиёт пайтида нобуд бўлган.
Айни пайтда, Бағдоддан шимол томонда бир гуруҳ қуролли шахслар автобусларда ишдан уйларига қайтаётган саксонга яқин завод ишчиларини ўғирлаб кетган.

Украинада зарғалдоқ инқилобини амалга оширган учта сиёсий партия янги коалицион ҳукумат тузиш ҳақида келишувга эришди.

Буни собиқ Бош вазир Юлия Тимошенко парламентда эълон қилди: “Мен, афсуски, бутун мамлакат уч ойдан бери кутиб келаётган янгиликни эълон қилиш бахтига муяссар бўлдим. Мен Бизнинг Украина, Юлия Тимошенко Блоки ва Социалистик партия ҳозирдан бошлаб демократик кучлар коалициясини тузганини эълон қилмоқчиман”, – деди собиқ Украина Бош вазири.
Учта партия ўртасида эришилган келишувга кўра, Юлия Тимошенко Украинанинг янги Бош вазири лавозмига номзод қилиб кўрсатилади. Бир йил олдин президент Виктор Юшенко Тимошенкони шу лавозимдан бўшатган эди.

Қозоғистон чегара хизмати маъмурияти Мангистау вилоятида ўзбекистонлик 43 нафар ноқонуний ишчи ушланганини билдирди.

Улар 21 июн куни юк машинасида Қозоғистондан чиқиб кетишга уринган пайтда қўлга олинган. Шу ой бошида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари Тожикистон, Қирғизистон ва ўзбекистонлик 90 нафар ноқонуний мигрантни Алмати шаҳрида қўлга олган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари яқинда Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида Муродулло Жўраев исмли шахсни қўлга олган.

www.press-uz.info Интернет сайти хабарига кўра, Тожикистонда унга Ўзбекистонда террор ҳужумлари уюштириш ҳақида буйруқ берилган. Ҳозирда у сўроқ қилинмоқда. Ўзбекистон хавфсизлик хизмати расмийларига асосланиб Интернет сайтининг билдиришича, наркотиклар савдоси билан шуғулланганлик учун ушланган Жўраев пул эвазига ҳамда қўшимча қамоқ жазоси берилмаслиги ваъдаси эвазига Ўзбекистонда қўпорувчилик билан шуғулланишга рози бўлганини тан олган.

Ҳюман Райттс Уотч инсон ҳуқуқлари гуруҳи Германиянинг янги федерал прокурорини собиқ Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматовга нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик бўйича жиноий иш очмаслик ҳақидаги қарорни бекор қилишга чақирди.

Ўзбекистонда қийноққа солинганлар ва 2005 йил май ойида Андижон воқеаларида тирик қолган фуқаролар 2005 йил декабрида Германия прокуратурасига бу жиноятларга Алматовнинг масъул экани юзасидан шикоят аризаси ёзган. Аммо Германиянинг ўша пайтдаги прокурори Ўзбекистон ҳукумати бу борада ҳамкорлик қилмайди, деган фикрда Алматовга қарши жиноий иш очиш ҳақида буйруқ бермаган.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай халқаро ҳамжамиятни терроризмга қарши курашга бўлган ёндошувни қайта кўриб чиқишга чақирди.

Карзай сўнгги ҳафталар ичида Афғонистонда 600га яқин одам нобуд бўлганидан ташвиш билдирди:
“Биз хавфсизлик билан боғлиқ вазият, мамлакатимизда ҳужумлар кучайиб бораётганидан ташвишдамиз. Биз бунинг ортида турган баъзи омилларни биламиз. Улардан бири мамлакат ичкарисида бизнинг кучли эмаслигимиздир. Бироқ асосий сабаб ташқи омил ва терроризмдир”, – деди Афғонистон раҳбари.
Ҳамид Карзай фикрича, терроризмга қарши курашда эътибор унинг келиб чиқиш манъбалари ва сабабларига қаратилиши лозим.

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Туркманистон ҳукуматини Озодлик радиоси Туркман бўлими мухбири Ўғилсапар Мурадова ва унинг болаларини ҳибсдан дарҳол озод қилишга чақирди.

Мурадова ўтган ҳафта икки нафар ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга ҳибсга олинган эди. Мухбирнинг уч нафар фарзанди ҳам 19 июн куни орган ходимлари томонидан олиб кетилган. Туркманистон расмийлари Ўғилсапар Муродова ва унинг фарзандлари ҳибсга олиниши сабабларини ҳозиргача маълум қилмади.

Москва шаҳар ҳокими Юрий Лужков Қирғизистонга сафарини якунлади.

Икки кун давомида Қирғизистон расмийлари жумладан президент Қурманбек Бакиев ва Бош вазир Феликс Қулов билан ҳам музокара олиб борган Юрий Лужков Бишкекдан Мўғилистонга жўнаб кетди. Қирғизистон матбуоти хабарларига кўра, Москва ҳокими Қирғизистонга сармоя ётқизиш имкониятлари, хусусан республиканинг асосий дам олиш маскани саналган Иссиқ кўлга сармоя ётқизиш масаласини муҳокама қилган.

Собиқ Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ва у билан бирга судланаётган Ироқ ҳукуматининг етти нафар собиқ юқори лавозимли расмийлари 21 июн куни очлик эълон қилди.

Бунга Саддам Ҳусайннинг адвокатларидан бири Ҳамис ал-Обейди ўлдириб кетилгани сабаб бўлди. Собиқ Ироқ президенти ва собиқ ҳукумат амалдорлари устидан ўтган йил октябр ойида маҳкама бошланганидан бери уларнинг учинчи адвокати ўлдириб кетилди. Бош адвокат Халил ал-Дулаймига кўра, адвокатлар ҳимояси таъминланмагунча очлик давом этишини билдирди.

Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбари Жак Рог Россиянинг Сочи, Австриянинг Салзбург ва Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳарларини 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари учун мезбонликка номзод шаҳарлар, дея эълон қилди.

“Биз номзод шаҳарларни табриклаймиз. Мазкур учта шаҳар келажак авлодлар орзусини амалга оширяпти. Сиз ўз мамлакатингиз ва дунёда Олимпиада ғоялари ва қадриятларини тарғиб қиляпсиз”, – деди Жак Рог.
Швецариянинг Лўзан шаҳрида ўтган Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида Болгария пойтахти София, Испаниянинг Йака, Қозоғистоннинг Алмати ва Грузиянинг Баржоми шаҳарлари Қишки Олимпия ўйинлари учун мезбонликка даъвогар шаҳарлар рўйхатидан ўрин эгаллай олмади. 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари дунёнинг қайси шаҳарида ўтиши ҳақидаги қарор 2007 йил июл ойида қабул қилинади.

Афғонистоннинг шимоли-шарқий минтақасида америкалик тўрт ҳарбий нобуд бўлди яна бири яраланди.

АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари тарқатган баёнотга кўра, америкалик аскарлар 21 июн куни Нуристон вилоятида душман кучлари ҳаракатини тўхтатишга ҳаракат қилган. Тарафлар ўртасида содир бўлган отишмада АҚШ аскарлари нобуд бўлган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаолларидан икки нафарининг узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилиши ва қашқадарёлик 70 ёшли ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳибсга олиниши муносабати билан расмий Тошкентни кескин танқид қилди.

15 июнь куни Янгиер тумани суди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари Аъзамжон Фармонов ва Алишер Кароматовни шантаж қилиш айби билан 9 йилга озодликда маҳрум этди.
16 июнь куни эса Қаршида кекса инсон ҳуқуқлари фаоли Ёдгор Турлибеков ҳибсга олинди.
“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти маълумотига кўра, жорий йилда 11 ҳуқуқ ҳимоячисининг қамоққа олингани маълум.
Ташкилот “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қамаш орқали Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги норозиликни бостиришга ҳаракат қилаётгани”ни билдирди.

Саддам Ҳусайнинг асосий ҳимоячиларидан бири Ҳамиз ал-Убайдий Бағдодда полиция кийимидаги шахслар томонидан ўлдирилди.

Унинг жасади шаҳар кўчаларидан биридан топилди.
Ал-Убайдий судда Саддам Ҳусайн ва унинг акаси Барзан Иброҳимни ҳимоя қилаётган эди.
С.Ҳусайнинг бош авокати Халил ад-Дулаймий ал-Убайдийнинг қотилларини “дарғазаб жангарилар”, дея таърифлади.
“Ҳамкасбим Ҳамиз ал-Убайдийнинг ўлдирилиши ягона мисол эмас. Бу истило вақтида Эрондан келган жангариларнинг бир қанча қотилликларидан бири, холос. Ал-Убайдий ва яна беш ҳамкасбимнинг ўлдирилиши учун шу жангарилар жавобгардир. Қолаверса, бу қотилликлар ортида Ички ишлар вазирлиги ҳам турибти”, – деди ад-Дулаймий.
Аб-Убайдий Саддам Ҳусайн устидан ўтган йил октябрь ойида суд жараёни бошланганидан буён ўлдирилган учинчи адвокатдир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG