Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 23:57

Халқаро янгиликлар

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаолларидан икки нафарининг узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилиши ва қашқадарёлик 70 ёшли ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳибсга олиниши муносабати билан расмий Тошкентни кескин танқид қилди.

15 июнь куни Янгиер тумани суди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари Аъзамжон Фармонов ва Алишер Кароматовни шантаж қилиш айби билан 9 йилга озодликда маҳрум этди.
16 июнь куни эса Қаршида кекса инсон ҳуқуқлари фаоли Ёдгор Турлибеков ҳибсга олинди.
“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти маълумотига кўра, жорий йилда 11 ҳуқуқ ҳимоячисининг қамоққа олингани маълум.
Ташкилот “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қамаш орқали Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги норозиликни бостиришга ҳаракат қилаётгани”ни билдирди.

Саддам Ҳусайнинг асосий ҳимоячиларидан бири Ҳамиз ал-Убайдий Бағдодда полиция кийимидаги шахслар томонидан ўлдирилди.

Унинг жасади шаҳар кўчаларидан биридан топилди.
Ал-Убайдий судда Саддам Ҳусайн ва унинг акаси Барзан Иброҳимни ҳимоя қилаётган эди.
С.Ҳусайнинг бош авокати Халил ад-Дулаймий ал-Убайдийнинг қотилларини “дарғазаб жангарилар”, дея таърифлади.
“Ҳамкасбим Ҳамиз ал-Убайдийнинг ўлдирилиши ягона мисол эмас. Бу истило вақтида Эрондан келган жангариларнинг бир қанча қотилликларидан бири, холос. Ал-Убайдий ва яна беш ҳамкасбимнинг ўлдирилиши учун шу жангарилар жавобгардир. Қолаверса, бу қотилликлар ортида Ички ишлар вазирлиги ҳам турибти”, – деди ад-Дулаймий.
Аб-Убайдий Саддам Ҳусайн устидан ўтган йил октябрь ойида суд жараёни бошланганидан буён ўлдирилган учинчи адвокатдир.

21 июнь куни Венада Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозимлари билан учрашган АҚШ президенти Жорж Буш жаҳон жамоатчилигининг террорчиликда гумон қилинган маҳбуслар сақланадиган Гуантанамо қамоқхонаси борасидаги хавотирларини яхши англашини таъкидлади.

У бу ердаги маҳбусларни ўз ватанларига қайтариб, қамоқхонани ёпиш истагида эканини билдирди.
Бироқ, унинг фикрича, маҳбуслардан айримлари совуққон қотиллар бўлиб, улар жавобгарликка тортилиши керак.
Эрон масаласида ҳам гапирган Ж.Буш бу борада ягона жабҳадан туриб ҳаракат қилиш лозимлигини айтди.
“Эрон дунё давлатларига қараб, ЕИ, АҚШ, Россия ва Хитойнинг умумий нияти Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришдан тўхтатиб қолиш эканини кўриши керак”, – деди АҚШ президенти.
Ж.Буш Ироқ ҳукумати муваффақият қозонишини, аммо ҳозир Бағдод расмийлари АҚШ ва ЕИ ёрдамига муҳтож эканини таъкидлади.
“Ироқ масаласида биз турлича қарашларга эга эканимизни жуда яхши тушунаман. Бу масалада ҳар бир томон ўзининг кучли фикрига эга. Аммо ўтган ишга саловат дея келажакка боқишимиз керак. Умид қиламан, Яқин Шарқда бизни демократия орзиқиб кутмоқда”, – деди Ж.Буш.

Шимолий Корея ўзининг узоқ масофага учувчи ракеталарни синашга ҳақли эканини ҳамда таранг вазиятни юмшатиш борасида АҚШ билан бевосита музокара ўтказиш ниятини билдирди.

Шимолий Кореянинг БМТдаги вакили Хан Сонг Рйолнинг ушбу баёноти қўшни Жанубий Корея матбуотида пайдо бўлди.
Жанубий Корея Бирлаштириш вазирлигининг маълум қилишича, КХДР ракета синовини ўтказса, Жанубий Корея ҳукумати қўшни қашшоқ давлатни озиқ-овқат ёрдамидан маҳрум этади. Бугунги кунда Жанубий Корея Шимолия Кореяни инсонпарварлик ёрдами билан таъминловчи асосий давлат саналади.
АҚШнинг Япониядаги элчиси Томас Шиффер эса Шимолий Кореяни ракета синовини амалга оширишдан қайтириш учун барча чоралар кўриб чиқилаётганини билдирди.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот БМТнинг етакчи аъзолари уранни бойитишдан воз кечиш эвазига Теҳронга таклиф қилган имтиёзлар борасида 22 августга қадар жавоб беришини билдирди.

“Биз кўп бора ўзимизнинг мулоқот тарафдори эканимизни айтиб келамиз. Биз ҳамма билан ўзимизнинг ажралмас ҳуқуқимиз доирасида мулоқот қиламиз. Биз Ғарб таклифларини ўрганиб чиқамиз ва худо хоҳласа, 22 авгутга қадар ўз фикримизни билдирамиз”, – деди Эрон президенти.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Россия Ички ишлар вазирлигини Москвада яшайдиган таниқли тожик журналисти Додожон Атовуллоевнинг ҳимоясини таъминлашга чақирмоқда.

Ташкилот унга бўлаётган таҳдидлардан ҳам хавотирини изҳор этди.
Д.Атовуллоев номаълум шахслар унга ўлдириш билан таҳдид солганини билдирганди.
Д.Атовуллоев Тожикистон-Россия муносабатларига оид “Чароғи рўз” ойлик нашрнинг муҳарриридир.

Чеченистон айирмачиларининг эълон қилишича, таниқли дала қўмондони Доку Умаров 17 июнь куни Россия ҳарбийлари томонидан ўлдирилган Абдулҳалим Саъдуллаевнинг ўрнига исёнчи ҳукумат президенти этиб тайинланган.

Д.Умаров илгари Москва томонидан тан олинмаган Чеченистон ҳукуматининг вице-президенти ҳисобланган.

Туркманистон Россия газ етказишни тўхтатиш билан таҳдид қилди ва “Газпром”дан сотиб олинаётган туркман газининг баҳосини 2 баробар оширишни талаб қилди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Туркманистон томони минг куб метр газ нархини жорий 65 АҚШ долларидан 100 долларгача кўтаришни хоҳлайди.

Шимолий Корея ракета синови ўтказишга ҳақли эканини билдирди.

Япония оммавий ахборот агентликлари хабарига кўра, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ли Бийонг Док Пхенян расмийлари 2002 йилда Япония ва Шимолий Корея ўртасида эришилган ракета синовига мораторий эълон қилиш ҳақидаги келишувни бажаришга мажбур эмаслигини айтган.
Маълумотларга кўра, Шимолий Корея узоқ масофага учадиган ракетани синаш учун унга ёқилғи қуйиш ишларини тугатган.

Ироқда исёнчилар томонидан жума куни асирга олинган америкалик икки ҳарбийнинг жасади топилди.

АҚШ армияси генерали Уилям Калдвел жасадлар 19 июнь куни Юсуфия яқинида топилгани, улар америкалик ҳарбийлар эканини тасдиқлаш учун мурдалар АҚШга олиб бориб текширилишини маълум қилди.
Илгарироқ Ироқ Мудофаа вазирлиги вакили генерал Абдулазиз Муҳаммад АҚШ аскарлари аввал қийнаб, кейин ўлдирилганини айтган эди.
АҚШ ҳарбийлари тарқатган баёнотга кўра, “Ал-Қоида” гуруҳига алоқадор жангариларни қидириб топиш бўйича Бағдод шимолида 20 июнь куни ўтказилган рейдлар давомида 15 жангари ўлдирилган.
Шунингдек, сешанба куни Ироқнинг турли минтақаларида содир этилган портлашлар оқибатида камида 10 ироқлик ҳалок бўлди. 20 июнь куни Ироқ полицияси 12 кишининг жасадини топди. Айтилишича, улар ҳам олдин қийноққа солинган, кейин қатл этилган.

Япония бош вазири Жуничиро Коизуми Токио расмийлари Япония қўшинларини Ироқдан олиб чиқишни режалаштираётганини билдирди.

Япония Хавфсизлик кенгаши 20 июнь куни эълон қилган баёнотда Япониянинг Ироқдаги миссияси бажарилгани айтилади.
Ж.Коизуми Япония ҳукумати Ироқни қайта тиклаш ишларини тинч йўллар орқали қўллаб-қувватлашини айтиб: “Ҳатто қўшинларимиз Ироқдан олиб чиқилганидан кейин ҳам биз имкон қадар кўпроқ ёрдам бериш учун Ироқ ҳукумати, АҚШ ва БМТ расмийлари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз”, - деди.
Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий Япония қўшинлари жойлаштирилган Ал-Мутана вилоятида хавфсизликни таъминлаш вазифасини Ироқ кучлари ўз зиммасига олишини эълон қилганидан бир кун кейин Токио расмийлари япон ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.
2004 йил бошида Ироққа жойлаштирган 600 япон ҳарбийси, асосан, гуманитар ёрдам кўрсатиш ва Ироқни қайта тиклаш ишлари билан шуғулланиб келаётган эди.

21 июнь куни Вена шаҳрида Европа Иттифоқи раҳбарлари ва АҚШ президенти Жорж Буш ўртасида саммит бошланади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Халқаро амнистия” ташкилоти Европа раҳбарларини учрашув чоғида АҚШнинг махфий қамоқхоналарига қарши эканини билдириш ҳамда Жорж Бушни Гуантанамодаги ҳарбий қамоқхонани ёпишга чақиришга даъват қилди.
Ҳозир Европа Иттифоқига раҳбарлик қилаётган Австрия канцлери Волфганг Шюссел Ж.Буш билан учрашув чоғида бу масала, албатта, муҳокама этилишини билдирди.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов ўз мамлакатида янги стратегик қуроллар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, янги ракеталар “олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган траектория бўйича учиши боис”, у ҳар қандай ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўта олади.
Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган мудофаа вазири бу турдаги қурол яқин келажакда Россия армияси ихтиёрига берилишини билдирди. Шунингдек, Россия Қуролли кучлари 2009 йилда янги русумдаги жанговар самолётларга эга бўлади.

Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Суринамдаги учта компанияни учиш хавфли бўлган авиакомпанияларнинг қора рўйхатига киритди.

Энди Қирғизистондаги “Sky Gate International” ва “Star Jet” компанияларига қарашли самолётларнинг Европа Иттифоқи ҳудудларида жойлашган аэропортларга қўнишига рухсат берилмайди. Қора рўйхат йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чоралари доирасида март ойида тузилган эди. Рўйхатга киритилган 92 та авиакомпаниянинг аксарияти Африка давлатларига тегишли.

Индонезия пойтахти Жакартада 53 мамлакатнинг диний уламолари ва сиёсатчилари иштирокида йирик халқаро анжуман иш бошлади.

Уч кун давом этадиган йиғилиш қатнашчилари Ислом дунёси ва Ғарб дуч келаётган муаммоларни қандай ҳал этиш масаласини муҳокама қилмоқда.
Анжуманда сўзга чиққан Малайзия бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавий: “Мен дунёда рўй бераётган ёмонлик олдиндан белгиланган эмас, балки у одамлар томонидан содир этилаётганига ишонаман. Шунинг учун дунёдаги барча яхши ниятли одамларнинг биринчи вазифаси Ғарб ва Ислом дунёси ўртасида зиддият келиб чиқишининг олдини олишдан иборат. Икки буюк маданият ўртасидаги тўқнашув муқаррар эмас, унинг олди олиниши мумкин”, - деди.

Афғонистоннинг Фараҳ вилоятида жангарилар Туркияга қарашли қурилиш компанияси ишчиларига ҳужум қилди.

Бунинг оқибатида туркиялик бир ҳайдовчи, афғонистонлик уч қўриқчи ҳалок бўлди.
20 июнь куни Афғонистон жанубида жойлашган Қандаҳор аэропорти яқинида портлаш содир бўлди. Натижада АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари таркибида хизмат қилаётган руминиялик бир ҳарбий нобуд бўлди, тўрт нафари яраланди.

Туркманистон ҳукумати Франциянинг икки фуқаросини жосусликда айблади.

Ашхобод расмийлари иддаосига кўра, Франциянинг Туркманистондаги элчисининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Анри Томассини ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ашхободдаги ваколатхонаси ходими Бенямин Мор жосуслик билан шуғулланган.
Телевидение орқали чиқишида Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов “французлар режимга путур етказишга қаратилган фаолият билан шуғуллангани” ҳақида баёнот берди.
“Ходимлари жосуслик билан шуғулланганликда айбланган миссияларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилади”, - деди С.Ниёзов.

АҚШ жанубида жойлашган Луизиана штати ҳокими Кэтлин Бланко Нью-Орлеан шаҳрида тартибни сақлаш учун у ерга ҳарбий қўшин ва полиция кучлари жўнатаётганини билдирди.

Ҳокимнинг бундай қарор қабул қилишига ўтган ҳафта охирида шаҳарда зўравонликлар юз бериб, олти фуқаро ўлгани сабаб бўлди. “Катрина” довулидан вайрон бўлган Нью-Орлеан шаҳрида қонун устиворлигини таъминлаш учун биринчи марта ҳарбийлар ва полиция кучлари жалб этилмоқда.

Гонгконгда чиқадиган “Wen Wei Po” газетасининг ёзишича, Пекин расмийлари 2024 йилга қадар Ойга одам чиқаришни режалаштирган.

Хитойнинг Ойни ўрганиш дастури раҳбар ўринбосари Лонг Лехаонинг билдиришича, Хитой 2003 йилда фазога одам учирганидан кейин Ойни забт этишга қаратилган узоқ муддатли тайёргарлик ишлари бошланган. 2017 йилга қадар Ойга тадқиқотчи робот қўндирилиши мўлжалланган.

БМТ бош котиби Кофи Аннан янги тузилган Инсон ҳуқуқлари кенгашининг биринчи йиғилишини очди.

Женева шаҳрида икки ҳафта давом этадиган бу тадбирда юздан ортиқ давлат расмийлари қатнашди.
К.Аннан янги ташкилот аввал йўл қўйилган хатоларни қайтармаслиги кераклигини айтиб: “Олдимизда турган ҳафталар ва ойлар давомида бу ерга сизларни қандай мақсад олиб келганини ёддан чиқармаслигингизни сўрайман. Кенгаш сиёсий обрў орттириш ёки сиёсий ўйинлар воситасига айланишига ҳеч қачон йўл қўйманг”, – деди.

Япония бош вазири Жуничиро Коизуми агар Шимолий Корея узоқ масофага учадиган ракета синовини ўтказса, Пхенян расмийларига қарши қандай чора кўриш борасида дастлаб АҚШ билан маслаҳатлашув ўтказилишини билдирди.

Маълумотларга кўра, Шимолий Кореяда ракетага ёнилғи қуйиш ишлари тугаган. Ж.Коизуми ракета синови ўтказилса, КХДРга нисбатан қандай жазо чоралари кўрилиши режалаштирилаётгани ҳақида гапирмади.
Япония ҳукумати бош котиби Шинзо Абе Токио ва Вашингтон бу масалада якдил эканини билдирди.
“Япония ва АҚШ расмийлари Шимолий Кореянинг ракета синови ўтказиши минтақа хавфсизлигига таҳдид экани хусусида бир хил фикрда. Бу Шимолий Кореянинг ракета синовига жорий қилган мораторийсига ҳам зиддир”, – деди Шинзо Абе.
Австралия ва Янги Зелландия ҳам Шимолий Кореянинг ракета синови ўтказишига норозилик билдирди.

Қирғизистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган Ўзбекистоннинг тўрт фуқаросини ўз ватанига экстрадиция қилишни режалаштирмоқда.

Тошкент расмийлари уларни Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жиноятга алоқадорликда айблаган. Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот вакили ҳибсдагилар Ўзбекистонга қачон экстрадиция қилиниши ҳозирча белгиланмаганини билдирди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш борасидаги ҳаракатни икки ҳисса кўпайтириш ва судларнинг адолатли ҳукм чиқаришини таъминлашга чақирди.

Ҳозир ЕИ раҳбарлик қилаётган Австрия ҳукумати иқтисодий айблов билан судланган мухолифат аъзолари Санжар Умаров ва Нодира Ҳидоятова, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага нисбатан муносабатдан ташвиш билдирди.

Ироқда яна 500 маҳбус қамоқдан озод этилди.

Бу Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликийнинг миллий ярашув ташаббуси доирасида амалга оширилди.
Ўтган ой бошидан бери Ироқ қамоқхоналаридан салкам бир минг 800 маҳбус қўйиб юборилди. Америка ҳарбийларининг билдиришича, ҳозир Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари назоратида бўлган жазони ўташ муассасаларида 14 минг маҳбус сақланмоқда.

17 июнь куни АҚШнинг Халифакс шаҳрида ўзбекистонлик демократлар йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистонда 2007 йилда бўладиган президент сайловида бирлашган мухолифатнинг ягона номзодини кўрсатиш учун қурултой ўтказиш масаласи муҳокама этилди.
Демократик Ўзбекистон Конгресси раиси Жаҳонгир Маматов, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Муҳаммадбобур Маликов, “Бирлик” партияси раҳбари Абдураҳим Пўлатов ва бошқа гуруҳлар вакиллари қурултой ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG