Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:15

Халқаро хабарлар

Тошкент шаҳри суди АҚШга қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги бўлимини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди.

“www.press-uz.info” сайти хабарига кўра, суд ACCELSни ўзбекистонлик юздан ортиқ мактаб ўқувчисини ҳукуматга маълумот бермасдан ўқувчилар айрбошлаш дастурлари доирасида Америкага жўнатишда айбдор топган. ACCELS 20 кун ичида суд қарори юзасидан юқори идораларга шикоят аризаси ёзиш ҳуқуқига эга.
Шунга қарамай, ACCELS вице-президенти Дэвид Паттен “Озодлик” радиосига суднинг якуний қарори бир неча кундан кейин маълум бўлишини билдирди.

Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий ҳукумат комиссиясига ҳибсга олиш ва рейдлар ўтказиш тўғрисида АҚШ кучлари билан келишиб олиш ҳақида буйруқ берди.

Бунга ўтган йил Ҳадиса қишлоғида қуролсиз одамларнинг АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилгани сабаб бўлди.
АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили генерал-майор Вилям Калдвей ўша машъум воқеа коалиция қўшинларининг маҳаллий аҳолига нисбатан ҳақиқий муносабатини акс эттирмаслигини билдирди.
“Ироқ фуқароларига нисбатан қилинган ҳар қандай одобсизлик ва жиноий хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги иддаолар пухта ўрганилади ва бунга масъул шахслар жавобгарликка тортилади”, - деди генерал.
Айни пайтда ал-Маликий 4 июнь куни ўтадиган парламент сессиясида мамлакат мудофаа ва ички ишлар вазирлари лавозимларига номзодлар кўрсатишини билдирди.

АҚШ президенти Жорж Буш Теҳрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмаса, унинг ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши мумкинлигини айтди.

У АҚШ Эрон ўз қарорини ўзгартириш ёки ўзгартирмаслигини кутиб туришини билдирди.
Ундан олдин Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон АҚШ билан музокара ўтказишга тайёр экани, аммо уранни бойитиш ишлари тўхтатилмаслигини таъкидлаган эди:
“Биз қонуний ҳуқуқларимиз бўйича музокара ўтказмаймиз. Эрон халқи ва Эрон Ислом Республикаси қандай ҳуқуқларга эга экани биз имзолаган халқаро келишувларда аниқ белгиланган. Биз бу ҳуқуқларимиз тўғрисида савдолашмаймиз. Биз икки томонни ташвишга солаётган муаммоларни муҳокама қиламиз”, – деди М.Муттақий.
Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия вакиллари Вена шаҳрида йиғилиб, Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни ҳал этиш масаласини муҳокама қилишга киришди.

Қозоғистон мухолифати раҳбарларидан бири Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилиши юзасидан бошланган тергов иши Олмаота вилояти судига оширилди.

Судья Абдурашид Жукенов сўзларига кўра, суд қачон бошланиши икки ҳафта ичида маълум бўлади.
“Нағиз Оқ Жўл” партияси ҳамраиси О.Сарсенбоев жорий йил февраль ойида икки қўриқчиси билан бирга Олмаота ташқарисида отиб кетилган эди.

АҚШ ва Қирғизистон расмийлари Бишкекда Ганси авиабазаси ижараси борасида музокара ўтказди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов “Озодлик” радиосига АҚШ делегацияси 2 июнь куни маслаҳатлашиш учун Вашингтонга жўнаб кетишини билдирди:
“Биз икки кун ишлаб, музокараларнинг биринчи даврасини тугатдик. Сўзлашув натижалари тўғрисида бирор нарса дейишга вақт ҳали эрта”, - деди А.Жекшенқулов.
Қирғизистон ҳукумати авиабаза ижараси учун тўланаётган пул миқдори юз баробар оширилишини талаб қилмоқда. Айтилишича, ҳозир Пентагон мазкур базадан фойдаланганлик учун йилига икки миллион доллар тўламоқда.
Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев АҚШ ҳарбийларини 1 июнга қадар ҳаво базасининг ижара нархи оширилиши ҳақидаги таклифни қабул қилиш ёки мамлакатни тарк этиш ҳақида огоҳлантирган эди. Маълум бўлишича, сўзлашувлар давом этаётгани учун белгиланган муддат узайтирилган.

Япония ташқи ишлар вазири Таро Асо ўз мамлакати Марказий Осиё давлатлари тараққиётини қўллаб-қувватлашини билдирди.

5 июнь куни Токиода Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлади.
Т.Асонинг айтишича, учрашув кун тартибида, асосан, Марказий Осиёнинг нефть ва газ захиралари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади.

Истанбул шаҳрида рўй берган портлаш оқибатида 14 киши жароҳатланди.

Полиция идораси бошлиғи Умар Йаникнинг айтишича, машқ пайтида залда отилган ўқ бехосдан электр симига теккан ва трансформаторда портлаш содир бўлган. Портлаш оқибатида ёнғин чиққан ва одамлар куйган. Жабрланганлар хавфсизликни таъминлаш билан шуғулланувчи ширкат ишчилари бўлган.

Москвада саноати тараққий этган саккиз давлат маориф вазирлари учрашуви бошланди.

Йиғилишда камбағал давлатларда мутахассислар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш учун глобал миқёсда трейнинглар ўтказишнинг янгича усулларини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилмоқда.
АҚШ маориф вазири Маргарет Спеллинг глобал маориф тизимини ислоҳ қилишда “катта саккизлик” гуруҳи давлатлари бирга ишлаши кераклигини айтди.
Икки кунлик бу учрашувда Бразилия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Мексика, Жанубий Африка, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ҳамда Европа комиссияси вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Европа комиссияси Тожикистонга беш миллион евро ажратди.

Бу маблағ Тожикистондаги кам таъминланган фуқаролар саломатлиги ва турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат тизимини такомиллаштиришга сарфланиши кўзда тутилган.
Еврокомиссия расмийлари Тожикистонда вазият ижобий томонга ўзгаргани боис, бу комиссия томонидан республикага берилаётган охирги грант эканини билдирди.

Европа Итифоқига аъзо давлатлар август ойи охиригача ўз фуқароларига янги биометрик паспортлар бериши керак бўлади.

Замонавий паспортга компютер чипи ўрнатилган бўлиб, 2009 йил охиригача унга бармоқ излари ҳам киритилиши режалаштирилган.
ЕИнинг адлия ва ички ишлар бўйича мутасаддиси Франко Фраттинининг айтишича, ҳукуматлар 26 августга қадар чипларга паспорт эгаларининг юз тузилиши суратини киритиши лозим.

Пекинда Хитой ва Араб лигаси аъзоси бўлган 22 давлат расмийлари ўртасида учрашув бошланди.

Вазирлар даражасидаги икки кунлик учрашувда келаси уч йил ичида Хитой ва араб давлатлари ўртасидаги савдо, айниқса, энергия ресурслари савдоси ҳажмини икки баробарга оширишга келишилди. Бу Хитой ва Араб лигаси ўртасидаги нефть масаласида уюштирилган биринчи учрашувдир.

Европа парламентининг бир гуруҳ депутатлари Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг Европага сафар қилишига виза чеклови жорий этишга уринмоқда.

Бунга М.Аҳмадийнажотнинг “Исроил йўқ қилиниши керак”лиги ҳақидаги баёноти ва Иккинчи жаҳон урушида яҳудийларга қарши қатағон ўтказилганини (Холокост) шубҳа остига олгани сабаб бўлди.
Депутатлар Европа давлатлари, айниқса, Германия ҳукуматини футбол бўйича жаҳон биринчилиги мусобақалари пайтида М.Аҳмадийнажотни мамлакатга киритмасликка чақирди.

Археологлар тахминан 11 минг 400 йил олдин ҳам одамлар анжир дарахти ўстирганини исботловчи далиллар топди.

Олимлар Иерихон шаҳридан шимолда жойлашган Иордан водийсида дастлабки хонакилаштирилган мевали дарахтлар қолдиқларини топди. Улар фикрича, одамлар ўша пайтдаёқ истеъмол учун анжирни қуритиб, қоқи тайёрлаган.

1 июнь куни АҚШда довуллар мавсуми бошланди.

Тўққиз ой илгари АҚШда рўй берган “Катрина” довули оқибатида бир ярим мингдан зиёд одам ўлган, Мексика кўрфазида жойлашган штатларда минглаб турар-жой бинолари вайрон бўлган эди. Бу йилги мавсумда 16 тагача тропик бўрон рўй бериши, улардан ўнга яқини довул бўлиши башорат қилинмоқда.

Ўзбекистон адлия вазирлиги Қўшма Штатлар молиялаган яна икки нодавлат ташкилотини ёпишни тавсия қилди.

Ҳукуматга тегишли Пресс-уз-инфо интернет саҳифасида айтилишича, адлия вазирлиги бу икки ташкилотдан бири, Global Involvement Through Education нодавлат ташкилотини ёшлар орасида миссионерлик фаолиятини олиб борганликда гумон қилмоқда.
Яна бир хабарда айтилишича эса, адлия вазирлиги Тошкент шаҳар судига АКСЕЛС нодавлат ташиклотини ҳам йўқ қилишни тавсия илган. АКСЕЛС ташкилоти Қўшма Штатларда таҳсил олмоқчи бўлган ўзбекистонлик талабаларга турли дастурларни таклиф қилган ва ҳуқуқий маслаҳатларни бериб келган.
Ўзбекистон ҳукумати АКСЕЛС ташкилотини мамлакат қонунларини бузганликда айбламоқда.
Кейинги бир неча ой ичида Ўзбекистонда фаолият юритган Американинг қатор нодавлат ташкилотларини ёпилди.

Қўшма Штатлар, Теҳрон уранни бойитиш ишларини тўхтатса, Европа Иттифоқи учлиги ва Эрон ўртасидаги музокараларга қўшилишни таклиф қилди.

Мазкур қадам Вашингтон сиёсатидаги кескин бурилиш сифатида кўриляпти.
Оқ уйнинг бу таклифи БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия бугун Венада Эрон масаласини муҳокама қилиш учун йиғилишидан олдин илгари сурилди.
АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс мазкур таклиф Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечишга кўндириш учун кўриб чиқилаётган имтиёз ва санкцияларнинг бир қисми эканини таъкидлади.
“Қўшма Штатлар Эрон режимидан келаётган ядровий таҳдид бўҳронини дипломатик йўллар билан ечиш тарафдоридир. Эрон тўғри қарор берса, унга таклиф этиладиган имтиёзлар ёки ундан воз кечса, кўриладиган чоралар борасида европалик ҳамкорларимиз билан ҳамфикрмиз. Яқин кунларда Эрон ҳукумати бу таклиф устида яхшилаб ўйлаб кўришига умид қиламиз”, - деди Райс.
Вашингтоннинг таклифига дастлабки жавоб ўлароқ, Эрон ҳукуматига қарашли ИРНА ахборот агентлиги уни пропаганда ўйини, деб атади.
Айни пайтда, Эрондаги яна бир ахборот агентликнинг хабар қилишича, Эрон парламентининг ташқи сиёсат ва милий хавфсизлик қўмитаси матбуот вакили Козим Жалилий Қўшма Штатларнинг Теҳрон билан тўғридан-тўғри музокара қилиш таклифи олдиндан қўйилган шартларсиз, ижобий кўриб чиқилиши мумкинлигини айтган.
Жалилий шунингдек, Эрон Россия билан музокараларни давом эттиришдан манфаатдор эканини, қўшимча қилган.

Бугун БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия Венада Эрон масаласини муҳокама қилиш учун йиғилади.

Вена мажлиси иштиркорчиларининг Хавфсизлик кенгашининг Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмаган тақдирда, унга нисбатан санкциялар жорий этиш резолюцияси шартларини кўриб чиқиши кутилмоқда.
Ғарб давлатлари резолюция матни кесқин бўлиши, жумладан Эронга нисбатан жазо чоралари кўрилиши эҳтимоли ҳам кўрсатилиши лозимлигини айтаётган бўлса, Россия ва Хитой бўҳроннинг дипломатик йўллар билан ҳал этилиши лозимлигини айтмоқда.

АҚШ Президенти Жорж Буш Америка аскарларининг ўтган йили Ироқда тинч аҳоли вакилларини ўлдирганига оид маълумотлардан ташвишда эканини билдирди.

Президент Буш ўтган йилнинг ноябрида Ҳадиса шаҳарчасида Америка пиёда қўшинлари 24 нафар тинч ироқликни, жумладан аёллар ва болаларни ўлдирганига оид айбловлар борасида биринчи марта очиқ баёнот берди.
“Денгиз пиёда қўшинлари уруш қоидаларини яхши тушунадиган ҳурматли эркак ва аёллардан иборатдир. Агар бу айбловлар ҳақиқат бўлса, Денгиз пиёда қўшинлари қўмондонлиги тартибга риоя қилинишини таъминлаш учун барча воситаларни ишга солади ва қонунни бузганлар, агар улар ҳақиқаттан ҳам қонунни бузган бўлса, жазоланади”, - деди Оқ уй раҳбари.
Дастлаб ҳарбийлар тинч ироқликларнинг йўл четига ўрнатилган бомба портлаши ва ундан кейин вужудга келган отишмада ҳалок бўлганини айтган эди. Ўтган сешанба куни АҚШ расмийлари олиб борилаётган тергов якунланганида, унинг натижаларини оммага эълон қилишни ваъда қилганди.

Ўтган шанба куни Индонезиянинг Ява оролида рўй берган зилзила қурбонларининг сони олти мингдан ошди.

Ҳалок бўлганларнинг ярмидан кўпи Бантул шаҳарчасидан эканлиги хабар қилинмоқда.
Индонезия ижтимоий таъминот вазирлиги фалокатда 45 мингдан зиёд одам жароҳатлангани ва ўн минглаб аҳоли бошпанасиз қолганини маълум қилди.

БМТ бош котиби Кофи Аннан жаҳон давлатлари, хусусан мусулмон мамлакатларини ОИТСга қарши кураш кампанияларига фохиша ва бесоқолбозларни жалб этишга чақирди.

“Эпидемияни тугатмоқчи ва эпидемияга қарши курашмоқчи бўлсак, бу касалликка энг мойил бўлганларни ҳимоя қила олишимиз зарур. Жамиятда бундай одамлар борлигини тан олмасдан, четда туриб олсак, мақсадга эриша олмаймиз. Уларга ёрдам беришимиз керак ва бу одамларга ёрдам бериш ва керакли чораларни кўришимизга ғов бўладиган ҳар қандай омилга қаршилик кўрсатишимиз зарур”, - деди Кофи Аннан ОИТСга қарши кураш мавзусидаги БМТ томонидан ташкил қилинган уч кунлик конференцияда қилган чиқишида.
Мусулмон ва баъзи католик давлатлар фохиша, бесоқолбоз ва гиёҳванд атамаларини ишлатмайди. Бунинг ўринга “касалликка мойил гуруҳ” атамаси ишлатилади.

Америка Президенти Жорж Буш афғонистонлик ҳамкасби Ҳамид Карзайга беш кишининг ҳаётига зомин бўлган автоҳалокат юзасидан батафсил текширув ўтказилишини ваъда қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган душанба куни Кобулда АҚШ ҳарбийларига тегишли зирҳли машина бир неча автомобилни уриб, пачоқ қилиши оқибатида беш афғонистонлик ҳалок бўлган эди.
АҚШ ҳарбийлари иштирокидаги автоҳалокат оқибатида келиб чиққан ғалаёнда яна камида саккиз киши ўлдирилган ва 120га яқин одам жароҳатланган.
АҚШ ҳарбийлари бугун эълон қилган баёнотда айтилишича, дастлабки терговда автоҳалокатдан кейин келиб чиққан тартибсизликда Америка аскарлари ўзларини ҳимоя қилиш учун ғалаёнчиларга қарата ўт очгани аниқланган.
Афғонистон расмийлари ғалаёнга алоқадорликда гумон қилиб, 140қа яқин одам ҳибсга олинганини маълум қилди. Тартибсизликларга муайан сиёсий гуруҳларнинг алоқадорлиги ҳам текширилмоқда.

Европа кенгаши парламентлараро ассамблеясининг раиси Рене ван дер Линден Беларус билан мулоқотни тиклашда Россиянинг ёрдами керак бўлади, деди.

Европа расмийси Эстония пойтахти Таллинда “Ассошиэйтед Пресс”га берган суҳбатида мазкур фикрни айтди. Линденнинг таъкидлашича, Беларус масаласида, Россиянинг ёрдамисиз, ечим топишнинг иложи йўқ.
Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенка шу йилнинг март ойида учинчи президентлик муддатига қайта сайланганидан кейин, Минск халқаро изоляцияга юз тутди.
Беларусга нисбатан Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар санкцияларни жорий қилган. Кўрилган чоралар жумласига Лукашенка ва Минскнинг бошқа мулозимлари банк рақамларининг музлатилиши ҳамда уларга нисбатан виза чеклови жорий этилиши киради.

Айни пайтда, Европа кенгашининг яна бир вакили Москванинг Европа инсон ҳуқуқлари суди Россияга нисбатан сиёсий ноҳолислик кўрсатаётгани борасидаги айбловларини рад этди.

Европа кенгаши парламентлараро ассамблеясининг вакили Эрик Юргенс бу айбловлар “эҳтимолдан жуда йироқ”, - деди ва Москвани Европа инсон ҳуқуқлари суди ваколатини камситмасликка чақирди.
Европанинг инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланадиган етакчи органи ҳисобланмиш Европа кенгаши Москвани Чеченистонда инсон ҳуқуқларини бузгани, ҳуқуқ тартибот органлари ўз вазифаларини суиистеъмол қилгани ҳамда матбуот, ижтимоий, диний ва миллий озчиликлар эркинликлари бузилаётгани борасида танқид қилган. Европа суди бир неча маҳкамада Россияга қарши ҳукм чиқарган.
Европа кенгаши вакили Юргенс кеча Россияга қилган сафари давомида Москвани Страсбург чиқарган ҳукмларни ижро этишга чақирди. Юргенс “аксил Россия” кайфиятлари ҳақидаги иддаоларни инкор этди.

Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиев Ганси ҳаво базасида АҚШ ҳарбийларининг қолиш ёки қолмаслик масаласини ҳал этиш учун белгилаган муддати бугун тугайди.

Кеча Қирғизистон мудофаа вазири Исмоил Исоқов мухбирлар билан суҳбатда Бишкекка музокарага келган Қўшма Штатлар делегацияси учун вақт тугаб бораётганидан огоҳлантирди.
”Бу масала бўйича экспертлар гуруҳи иш бошлаган. Олиб борилаётган ишларнинг натижасини улар якуний ҳисоботни тақдим этганида билиб оласиз. Музокаралар энг юқори даражада ўтмоқда, чунки вақт тугаб бормоқда. Бугун президент бизга берган муддатнинг оҳирги куни. Шунинг учун куннинг якунига қадар якуний келишувга эришишамиз даркор”, - деди Қирғизистон мудофаа вазири.
Президент Бакиев АҚШ Ҳарбийларининг Ганси ҳаво базасидан фойдаланишда давом этиши учун Вашингтон шу пайтгача тўлаб келаётган нарҳни юз баробарга оширишни таклиф қилиб, бу борада 1 июнгача келишилмаса, америкалик ҳарбийларни Қирғизистондан ҳайдаш билан огоҳлантирган.
Пентагон Ганси ҳаво базасидан Афғонистондаги ҳарбий операцияларда фойдаланади.

Душанбеда Тожикистон Президенти гвардиясининг собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоев ва унинг шериклари устидан давом этаётган судда айбланувчиларнинг адвокатлари ўз мижозларининг тергов давомида қийноққа солингани ҳақида баёнот берди.

Президент хавфсизлик хизматининг собиқ бошлиғи Мирзоев ва унга шерик деб кўрилаётган 15 судланувчи президент Эмомали Раҳмоновни ҳокимиятдан ағдаришга уринганликда айбланмоқда. Суд шу йилнинг январ ойида бошланган.
Судланувчилар адвакатларидан бири Бозормеҳр Яровнинг Озодлик радиосига айтишича, ҳимоячилар гуруҳи бу ишни олиб борган терговчиларга қарши жиноий иш очилишини талаб қилмоқда.
Адвокатларга кўра, терговчилар уларнинг мижозларидан кўрсатма олиш мақсадида қийноқ қўллаган. Ҳимоячи Яровнинг таъкидлашича, айблов хулосаларининг бир қисми, хусусан давлат тўнтаришига оид эпизоди соҳталаштирилган.
Тожикистон ҳарбий суди олиб бораётган маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG