Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 22:37

Халқаро янгиликлар

Эронда келаси ой Ироқдаги хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуман ўтказилади.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий буни Ироқ шиалари раҳбари Абдул Азиз ал-Ҳаким билан Теҳронда учрашганидан кейин маълум қилди. 8-9 июл кунлари ўтказиладиган анжуманда Ироққа қўшни бўлган давлатлар, шунингдек, Миср, Араб Лигаси ва Ислом конференцияси ташкилоти вакиллари ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Ироқда содир этилган портлашлар оқибатида 28 одам нобуд бўлди.

Ахборот агентликлар улардан 23 нафари бағдодликлар эканини хабар қилди. Ироқ армияси ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларининг ўн минглаб аскари тўрт кун олдин Бағдодга жойлаштирилган эди. Шунга қарамай, портлашлар тўхтамаяпти. Бағдоддаги текширув пунктида худкуш кимса ўзини портлатиб юборгани оқибатида 11 одам, жумладан полиция ходимлари ҳам нобуд бўлди. Бошқалар Бағдоддаги бозорда минамёт снаряди ва бомба портлагани оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмди.
16 июн куни Ироқ пойтахтидаги шиалар масжидида худкуш кимса ўзини портлатгани оқибатида жума намозини ўқиш учун масжидга борган 11 одам нобуд бўлган эди.

Чеченистондаги партизанлар ҳаракати раҳбари Абдул Халим Саъдуллаев пойтахт Грозний яқинида Россия кучлари томонидан ўлдирилди.

Москва тарафдори бўлган Чеченистон ҳукумати Бош вазири Рамзан Қодиров хавфсизлик кучлари Саъдуллаевни у туғилиб ўсган Аргун шаҳрида ўлдирганини маълум қилди. Бу операция кимнингдир чақуви асосида амалга оширилгани айтилмоқда.
Чечен сепаратчилари тузган ва Москва тан олмайдиган ҳукуматнинг Ташқи ишлар вазири Аҳмад Закаев Саъдуллаев ўлдирилганини “сиёсий қотиллик” дея атади: “Бугун эрталаб Россия маҳсус кучлари яна бир сиёсий қотилликни амалга оширди. Кучлар тенг бўлмаган жангда Чеченистон Ичкерия республикаси президенти Абдул Халим Саъдуллаев нобуд бўлди. Аргун шаҳрига Саъдуллаев билан бирга борган унинг икки сафдоши ҳам нобуд бўлдилар. Бу операцияга уч мингдан ортиқ аскар жалб этилган. Улар иддаосига кўра, бу кучлар Абдул Халим Саъдуллаевни тирик ушламоқчи бўлган”, – деди Аҳмад Закаев.
Россия кучлари томонидан ўлдирилган Аслан Масхадов ўрнини Саъдуллаев ўтган йил эгаллаган эди.

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида хавфсизлик масаласига бағишланган халқаро форум ниҳоясига етди.

Анжуманда чиқиш қилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев терроризмга қарши кураш, энергетика, ижтимолий муаммолар, қашшоқлик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва бошқа муаммоларини ҳал қилишда халқаро ҳамжамият кучларни бирлаштириши керак, деди. Анжуманда Хиой, Россия, Покистон ва Афғонистон президентлари қатнашди. Индонезия, Япония, Украина, АҚШ ва БМТ вакиллари кузатувчи сифатида иштириок этдилар.

АҚШ ва Япония Шимолий Кореяни узоқ масофага учадиган ракета яратиш дастуридан воз кечишга чақирди.

Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Шимолий Корея якшанбага қадар АҚШ ҳудудигача учиш имкониятига эга бўлган ракета синовини ўтказишни режалаган.
16 июн куни АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Сийн Мак Кормак бундай синов ўтказилиши Шимолий Кореянинг 1999 йилда қабул қилган узоқ масофага учадиган ракета синовига мораторий эълон қилиш тўғрисидаги хужжатга зиддир, деди.
“Биз сўнгги кунлар ичида минтақа ҳамда бошқа жойлардаги иттифоқчиларимиз билан маслаҳатлашув ўтказдик. Бизнинг ва иттифоқчиларимиз дипломатияси ракета синовини ўтказиш провокация акти экани, бу улар манфаатига хизмат қилмаслиги ҳамда мамлакат кўпроқ яккалаб қўйилишига туртки бўлиши мумкинлигини Шимолий Кореяга аниқ ва равшан билдирдилар”, – деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.
Япониянинг “Киодо” ахборот агентлигидан олинган сўнгги хабарларга кўра, Шимолий Корея расмийлари ракета синови ўтказилиши мўлжалланаётгани ҳақидаги маълумотни рад этган.

АҚШ президенти Жорж Буш халқаро ҳамжамиятни ваъда қилинган 13 миллиард доллар маблағни янги Ироқ ҳукуматига беришга чақирди.

Президент Буш АҚШ халқига ўзининг одатдаги радиомурожаатида Бағдод расмийларига ҳозирга қадар атиги уч миллиард доллар берилганини айтди. Жорж Буш Ироқ Бош вазири Нурий Комил Ал-Маликий бошчилигидаги ҳукуматнинг жанггариларга қарши олиб бораётган кураши ва адлия тизими фаолиятини яхшилаш йўлидаги уринишларни Қўшма Штатлар қўллаб-қувватлайди, деди.

Фаластин раҳбарлари Европа Иттифоқини “Ҳамас” етакчилигидаги ҳукумат аралашувисиз фаластин халқига ёрдам бериш режасини танқид қилди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос янги молиялаш тизими олдинга ташланган қадам эканини айтиб, уни амалга оширишда ҳукуматга ҳеч қандай рол берилмагани “мақсадга мувофиқ эмас”, деди. 16 июн куни Европа Иттифоқи раҳбарлари Фаластиндаги камбағал оилаларга 100 миллион евро, яъни, 128 миллион АҚШ доллари ҳажмида ёрдам бериш тўғрисида қарор қабул қилган эди. “Ҳамас” етакчилигидаги ҳукумат Исроил давлатчилигини тан олишдан бош тортаётгани боис кўплаб халқаро ташкилотлар Фаластинга ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўйди.

Афғонистон расмийлари шанба куни содир бўлган қуролли тўқнашувларда 10 нафар толиблар жанггариси йўқ қилинганини билдирди.

Жума куни Урузгон вилоятида бўлиб ўтган отишмаларда толибларнинг 40 нафар жанггариси ўлдирилгани хабар қилинган эди. Толиблар қолдиқларини тугатишга қаратилган ҳарбий амалиётлар бошланганига уч кун бўлди. Афғонистон расмийларига кўра, ҳозирга қадар 100га яқин жанггари йўқ қилинган. Охирги тўқнашувлар Қандаҳор ва Хилманд вилоятларида бўлиб ўтган.

Германияда футбол бўйича жаҳон кубоги мусобақалари давом этмоқда.

17 июн куни Франкфурт шаҳридаги стадионда Португалия ва Эрон миллий жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди. Унда португалиялик чарм тўп усталари эронликлар дарвозасига иккита жавобсиз тўп киритиб кейинги босқич ўйинларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
16 июн куни Сербия-Черногория терма жамоаси Аргентина футболчиларига 6-0 ҳисобида юқтазган эди. Шанба куни жамоа мураббийси Илья Петкович йирик мағлубият сабабли Жаҳон кубоги мусобақаларидан кейин жамоа бош мураббийси лавозимидан истеъфога чиқишини билдирди.

Британияда қиролича Элизабет 80 ёшга тўлгани расман нишонланди.

Тантанали маросим замбараклар салюти ва миллий мадҳия ижроси билан бошланди. Лондонда ўтказилган ҳарбий парадни мингдаб одам томоша қилди.
Британия Қироличаси ўз туғилган кунини икки марта нишонлайди. Аслида у 21 апрелда туғилган. Аммо тантанали маросимни яхши об-ҳаво шароитида ўтказиш мақсадида расмий туғилган кун 17 июнда нишонланади.

АҚШ Шанҳай ҳамкорлик ташкилотини¸ ўз мажлисига Эрон президентини кузатувчи сифатида таклиф қилганлигини танқид қилди.

АҚШ давлат департаменти вакили Шон Мак Кормак гапиради:
”Халқаро теерроризм ҳомийси бўлган давлат Эроннинг саммитда кузатувчи сифатида қатнаштириш билан Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ўз-ўзи билан зиддиятга боради.
Зеро бу ташкилот ўзига бош мақсад қилиб минтақада терроризмга қарши кураш ғоясини олган.”

Тошкент шаҳар суди CAFE деб номланган АҚШ ноҳукумат ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ëпишга қарор қилди.

CAFE яъни Марказий Осиë бўйлаб эркин алмашинув дастури мусулмонларни насронийликка жалб қилганлиги айби билан ëпилди.
Бундан олдин бу ташкилотнинг Фарғона¸ Нукус ва Самарқанддаги ҳодимлари жаримага тортилган эди.
Бу ташкилотнинг бош қароргоҳи АҚШнинг Флорида шахрида жойлашган.
Ташкилот низомига кўра улар маданий алоқалар¸ қишлоқ хўжалиги¸ тиббиëт ва тадбиркорлик билан шуғулланишлари керак.

ЕИ лидерлари Европа Иттифоқи конституцияси масаласини кўриб чиқишни 2008 йилга қолдиришди.

Брюсселда бўлиб ўтган Европа кенгаши мажлисида конституция юзасидан вужудга келган муаммони босқичма –босқич ечишга қарор қилинди.
ЕИ раиси Жозе Мануел Баррозу гапиради:
“Ҳукумат ва давлатлар раҳбарлари ушбу лойиҳани амалга ошириш учун мулохазалардан аниқ қадамларга ўтиш керак деган фикрга қўшилишди.”
Британия бош вазири Тони Блернинг бу юзадан фикри мана бундай:
“Биз бу масалани очиқ қолдирдик. Европа ўз қонунларини ўзгартиришига шубҳа йўқ. Зеро биз ўнбеш давлат эмас балки йигирма беш давлатмиз¸ балки йигирма етти бўлармиз.
Агар бизга янги давлатлар масалан болқон давлатлари қўшилишни исташса, Европага янги қоидалар зарур бўлади.”

Бу қоидаларнинг қандай бўлиши хозирча очиқ қолмоқда.

Қозоғистон халқаро нефт етказиб бериш лойиҳасига қўшилди.

Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт етказиб бериш лойиҳасига қўшилиш бўйича келишувини бугун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев имзолади.

Франция президенти Туркия ЕИ билан имзолаган шартномаларига амал қилиши керак деб айтди.

Шартномага кўра расмий Анқара Қибриснинг юнонларга тегишли қисми учун ҳаво ва денгиз портларини очиши лозим.
Жак Ширакга кўра, расмий Анқара бу портларни очмаса Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши кун тартибидан олиб ташланади.
Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдоған ЕИнинг бу талаби бажарилмаслигини билдирди ва қарши таклиф билан чиқди.
Эрдоғонга кўра Қибриснинг туркларга тегишли қисми халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши керак.

Дунëнингнг энг бадавлат кишиси ҳисобланган "Майкрософт"ширкати асосчиси Билл Гейтс ишдан кетишини билдирди.

“Мен икки йилдан кейин яъни 2008 йилнинг июлида ишдан кетишга қарор қилдим.
Мен ўз шахсий қадриятларимни ўзгартирмоқчиман.
Хозир менинг барча вақтим Майкрософтга сарф бўлмоқда ва ҳайрия жамғармаси билан шуғулланишга фурсат қолмаяпти.
Икки йилдан кейин мен бутунлай ўз ҳайрия жамғармам ишлари билан банд бўламан.
Мен ишдан кетсам ҳам ширкатнинг фаҳрий президенти ва катта техник маслаҳатчиси бўлиб қолавераман.”

Бағдодда ҳудкуш жангари жума номози ўқилаëтган шиалар масжидида бомба портлатди.

Ўнлаб кишиларнинг нобуд бўлгани айтилмоқда. Ярадорлар сони ҳам ўндан ортиқ. Тажовуз айни масжид ëнида иккинчи бора амалга оширилмоқда.
Апрел ойида айни жойда юз берган портлаш оқибатида тўқсон киши ўлган эди.
Пайшанба куни БМТ ҳавфсизлик кенгаши Ироқдаги тинчликпарвар кучлар ваколатини йил охиригача узайтирди.
Ироқ ТИВ Хошиëр Зебарий гапиради.
”Ироқ ҳукумати кўпмиллатли коалиция кучларининг мамлакатда қолишини қўллаб қувватлайди. Биз бу кучлардан миннатдормиз ва коалицияга кирган давлатларнинг Ироқ ҳалқи ҳаëтий манфаатларига қўшган ҳиссасини қадрлаймиз.”

Москва ғарбида бир турар жой портлаши оқибатида икки киши ўлди, олти киши касалхонага ëтқизилди.

Бир кишининг тақдири номаълум қолмоқда. Бино деворлари ва унга туташ уйлар зарар кўрди.
Дастлабки тергов ҳулосаларига кўра портлаш газ сизиши оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкин.

Бугун Тожикистоннинг Қизилтумшуқ газ қувурида кучли портлаш юз берди.

Газопровод Душанба шахрига йигирма километр узоқликдан ўтади. Портлаш оқибатида чиққан ëнғин билан беш соат давомида курашилди.
Тожикистоннинг марказий қисмида газ таъминоти тўхтади.
Воқеа юзасидан текширувлар олиб борилмоқда террор тажовузи таҳмини ҳам ўрганиб чиқиляпти.
Ўтган сутка давомида Душанбада уч портлаш юз берган эди. Бу портлашлар Эрон элчихонаси¸ Ислом уйғониш партияси ҳайрия жамғармаси ва Конституция суди бинолари олдида юз берди.
Қурбонлар йўқ¸ биноларга зарар етган.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Теҳрон ядро дастурига атрофидаги низолар ечимига оид халқаро таклифлар пакетини илгарига ташланган қадам деб атади.

“Ҳа¸ бу илгарига ташланган қадамдир. Мен ўз ходимларимдан бу таклифни синчиклаб ўрганишни сўрадим. Оллоҳ иродасига кўра биз ўз нуқтаи назаримизни баëн қиламиз.Иккинчидан албатта бу хужжатларда бизнинг миллий манфатларимиз ҳисобга олинади. “Санкция” калимасига бизнинг сиëсий мулоқотимизда ўрин йўқ. Бу калимани таҳдид ва босим воситаси сифатида қўлланилиши ўринсиз”, - деди Аҳмадийнажот.

Агар хозир зарур чоралар кўрилмаса, 2020 йилга бориб ер куррасидаги бир ярим миллиард киши хароба кулбаларда яшашга маҳкум бўлади.

БМТ хисоботига кўра, катта шахарлардаги ҳароба кулбалар камбағалларнинг асосий турар жойига айланган.
Халқаро соғликнни сақлаш ташкилоти эълон қилган хисоботда йилига ўн уч миллион киши экологик мувозанат бузилганидан жабр кўриши айтилади.
Ҳисоботда одамлар асосан сув ва ҳавонинг ифлосланишидан азоб чекаëтгани таъкидланади.

Фаластиннинг Ғазо ҳудудида Исроил ҳарбийлари “Исломий жиҳод” гуруҳининг уч жангарисини ўлдиришди.

Исроил армиясига кўра жангарилар ерга фугас ўрнатишга уринганида отиб ўлдирилган.
Бундан сал олдин Фаластин ҳукуматининг Ҳамас томонидан шакллантирилган ҳукумати¸ агар фаластин ҳудудларига ўқ отиш тўхтатилса, Исроил билан сулх келишувига риоя қилишга хозир эканлигини айтган эди.
Вазият Ғазо соҳилида дам олаëтган фаластинликлар ўлдирилганидан кейин чигаллашди.
Исроил томони портлашга алоқодорлигини рад қилмоқда.

Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари 15 июн куни Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида учрашадилар.

Иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни яхшилашни асосий мақсад қилган бу ташкилот тузилганига беш йил тўлди. Саммит давомида хавфсизлик ва транспорт соҳасида келишувлар имзоланиши ҳамда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши курашда Афғонистон ҳукуматига қандай амалий ёрдам бериш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Саммитда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раислигини Қозоғистон қабул қилиб олади.
Ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Эрон, Мўғилистон ва Покистон президентлари ҳам саммитда қатнашади. Кузатувчи мақомига эга бўлган яна бир давлат Ҳиндистон эса саммитга юқори даражали ҳукумат делегациясини жўнатган. Афғонистон президенти Ҳамид Карзай учрашувда меҳмон сифатида иштирок этади.
Саммит арафасида Хитой Душанбе расмийлари билан Тожикистонда катта йўли қуриш ҳақидаги шартномани имзолади ва Қозоғистондаги гидро электр станцияси қурилишини молиялаштириш режасини эълон қилди. Шунингдек, Пекин расмийлари мусулмон уйғур сепаратчиларига қарши курашда Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашига ҳам эришди.

Ироқ полицияси ва армиясининг ўн минглаб аскари АҚШ етакчилигидаги коалиция мадади билан Бағдодга жойлаштирилди.

Мақсад Ироқ пойтахтида исёнларга чек қўйиш ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яхшилашдан иборат. Айни пайтда, Бош вазир Нурий Комил ал-Маликий бошчилигидаги ҳукумат Бағдодда тунги коммендантлик соати жорий қилди ва жума намози пайтида транспорт ҳаракатини таъқиқлади. Хавфсизлик амалиёти бошланганини телевизор орқали эълон қилган ал-Маликий Ироқда АҚШ қўллаб-қувватлаган тинчлик жараёнига қарши бўлган гуруҳлар билан музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди. Кенг кўламда хавфсизлик операциялари ўтказилаётганига қарамай, чоршанба куни Бағдодда портлаш содир этилди. Оқибатда камида икки одам нобуд бўлди, ўн фуқаро яраланди.
Ироққа кутилмаган сафаридан бир кун кейин АҚШ президенти Жорж Буш Оқ Уйда журналистлар билан учрашди. Савол-жавоб пайтида президент Буш Америка қўшинлари Ироқдан қачон олиб чиқилишини айтмади.

Германияда футбол бўйича жаҳон кубоги мусобақалари давом этмоқда.

Чоршанба кунги беллашувларда Испания терма жамоаси Украина миллий жамоаси дарвозасига тўртта жавобсиз тўп киритди. Тунис ва Саудия Арабистони футболчилари ўртасидаги ўйини 2-2 дуранг хисоби билан якунланди. Айни пайтда, майдон эгалари Германия футболчилари Польша терма жамоасини 1-0 хисобида доғда қолдирди. Бу иккала жамоанинг иккинчи ўйини эди. Мазкур ғалаба Германия жамоасининг кейинги босқич беллашувларда қатнашишини таъминлади. Биринчи ўйинни ҳам бой берган Польша футболчилари эса ўз ватанларига қайтишига тўғри келади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG