Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 22:56

Халқаро янгиликлар

АҚШ президенти Жорж Буш сешанба куни кутилмаганда Ироққа борди.

Жорж Буш Бағдодда Ироқ Бош вазири Нурий Комил ал-Маликий билан учрашди. Сўзлашув чоғида Буш АҚШ ҳукумати Ироқнинг сайланган биринчи ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, Буш Бағдодда АҚШ ҳарбийлари билан учрашди. “Ишончим комилки, ҳозир сизлар амалга ошираётган ишлар келгуси авлодлар тинчлиги учун пойдевор яратади. Мен сизларга чин дилдан миннатдорлик билдираман”, – деди президент Буш.
Айни пайтда, исёнларга чек қўйиш мақсадида 14 июндан бошлаб Бағдодга Ироқ ва АҚШ етакчилигидаги коалициянинг тахминан 40 минг аскари жойлаштирилади. Бу 2003 йилда АҚШ ҳарбийлари Ироққа бостириб кирганидан бери амалга оширилаётган энг йирик ҳарбий операция экани айтилмоқда. Кеча «Ал-Қойда» Ироқдаги гуруҳ раҳбари Абу Мусаб ал-Зарқавий ўтган ҳафта ҳаво ҳужуми оқибатида ўлдирилганига жавобан кенг кўламли ҳужумлар уюштиришга тахдид қилган эди.

Исроил ўтган жума куни Ғазода денгиз соҳилида дам олаётган саккиз фаластинлик ўлдирилишига алоқадор эмаслигини билдирди.

Исроил расмийларига кўра, улар фаластинликлар ерга кўмган минанинг портлаши оқибатида нобуд бўлган. “Ҳюман Райтс Уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ҳарбий масалалар бўйича мутахассиси Марк Гарласко воқеа жойини бориб текширганидан сўнг Исроил расмийлари иддаосини жиддий шубҳа остига қўйди.

Германияда футбол бўйича жаҳон кубоги мусобақалари давом этмоқда.

Бешинчи кун беллашувларда Бразилия терма жамоаси хорватиялик футболчиларни 1–0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ундан олдин Франция ва Швецария жамоалари ўртасидаги ўйинда хисоб очилгани йўқ. Шунингдек, Жанубий Корея футболчилари Того терма жамоаси устидан 2-1 хисобида ғалабага эришди.
Чоршанба куни Украина ва Испания, Саудия Арабистони ва Тунис миллий жамоалари ўртасида ўйинлар бўлиб ўтади. Мусобақа мезбони Германия жамоаси полшалик футболчиларга қарши яшил майдонга тушади.

Россия президенти Владимир Путин сешанба куни Санкт Петербург шаҳрида Грузия президенти Михаил Саакашвили билан учрашди.

Музокара чоғида томонлар икки давлат ўртасида юзага келган келишмовчиликни ҳал этишга муваффақ бўлмади. Путин учрашувни “фойдали”, дея атади. Бироқ Саакашвили Россияни танқид қилди. Унга кўра, Кремл расмийлари Грузияга қарашли исёнкор Жанубий Осетия ва Абхазиянинг сепаратчи маъмуриятини қўллаб-қувватлаш орқали уларни Россияга қўшиб олишга уринмоқда. Путинга кўра, иккала ҳудудда яшовчи халқлар хоҳиш иродаси ҳисобга олиниши керак.

Иордания маликаси Рания дунё болалари саломатлиги ва уларга билим беришни яхшилаш учун олиб борилаётган кампанияга қўшилди.

"Болалар учун глобал аёллар ҳаракати" деб номланган кампания дунёнинг таниқли аёл раҳбарлари ташаббуси билан ўтказилмоқда. Мақсад дунё миқёсида оналар ва болалар ўлими юқорилиги ҳамда қиз болалар таълим олишдан четда қолиб кетаётгани муаммоларига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат. БМТ маълумотига кўра, ҳар бир дақиқада дунё бўйича бир хомиладор аёл кўзи ёриш пайтида оламдан ўтади ёки чақалоқ нобуд бўлади. Дунё бўйича йилига 22 минг гўдак нобуд бўлмоқда.

Россиянинг Калининград областида 10 нафар Қирғизистон фуқароси аёвсиз калтакланди.

Маълумотларга кўра, қурилишда ишчи бўлиб ишлаётган қирғизистонликлар хусусий детектив агентлик ходимлари томонидан бейсбол таёқлари билан калтакланган. Жароҳатланган беш нафар қирғизистонлик касалхонага ётқизилди. Милиция ходимлари ҳужум қилганларни ҳибсга олди. Улар қирғизистон фуқароларини калтаклаган пайтда маст бўлган.

Қирғизистон депутатлари 2003 йилда Қозоғистон билан имзоланган “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартномани тасдиқламади.

Қозоғистон аллақачон ратификация қилган мазкур шартнома қирғизистонлик қонун чиқарувчилар томонидан бешинчи марта рад этилди. Улар фикрича, мазкур шартнома қатор масалалар, жумладан миграция, сув ресурсларидан фойдаланиш, юкларнинг Қозоғистон ҳудуди орқали транзит ташилиши каби масалаларни ўз ичига олмаган.

Қозоғистон ҳукумати Хизбут-тахрир гуруҳи аъзоси эканлиги иддао қилинган Ўзбекистон фуқароси Номозбой Хусановни ўз ватанига экстрадиция қилади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Қўқон шаҳрида Хизбут-тахрир гуруҳи ячейкасини ташкил этганликда айбланган Хусанов жорий йил март ойида Таласда қўлга олинган. У Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирувда бўлган. Айтилишича, Хусанов жорий йил май ойида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши керак бўлган аммо техник сабабларга кўра бу жараён кечиктирилган.

14 июн куни Алмати шаҳри яқинида Қозоғистон мухолифати раҳбарларидан бири Олтинбек Сарсенбаевнинг ўлдирилиши юзасидан маҳкама жараёни бошланади.

Суд қора курсисида бир неча айбланувчи, жумладан собиқ хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам ўтириши кутилмоқда. “Нағиз Оқ Жўл” партияси раҳбари Олтинбек Сарсенбаев, унинг икки қўриқчиси ва ҳайдовчиси жорий йил феврал ойида Алмати ташқарисида отиб ўлдирилган эди. Сарсенбаевнинг яқинлари фикрича, у сиёсий суиқасд қурбони бўлган.

Россия президенти Владимир Путин Газпром ширкати газ қувурларига эгалик қилиш монополиясидан воз кечмаслигини билдирди.

Санк Петербург шаҳрида ўтказилаётган йирик халқаро иқтисодий форумда сўзлаган Путин Россия ҳукумати яқин келажакда бу соҳада ўзгариш қилиш ниятида эмас, деди. Россиянинг газ таъминотига қарам бўлган Европа давлатлари Москва расмийларини хорижлик компанияларга ҳам Россиянинг газ қувурларига эгалик қилиш ҳуқуқи беришга чақириб келмоқда.

15 июн куни Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланади.

Хитой расмийларига кўра, учрашувлар давомида Бизнес форум инагурацияси бўлиб ўтади. Хитойнинг Савдо ишлари бўйича вазир ўринбосари Йу Гуангжоуга кўра, саммитдан ташқари бўладиган учрашувларда қарийб икки миллиард долларлик шартномалар ва кредитлар ҳақидаги келишувлар имзоланади. Улар орасида Ўзбекистон ва Тожикистонни боғлайдиган катта йўл қурилиши, цемент заводи, шунингдек энергетика соҳасига оид бошқа лойиҳалар ҳам бор. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Россия, Қозоғистон, Қир-зистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

2002 йил октябрида Индонезиянинг Бали оролида 202 нафар одам нобуд бўлган портлашларга алоқадорлик айби билан қамалган таниқли исломий уламо Абу Бакир Башир Жакартадаги қамоқдан қўйиб юборилди.

Баширни “Жамоа Исломия” гуруҳининг юзлаб аъзолари катта хурсандчилик билан кутиб олдилар. Улар Баширни ўзларининг маънавий раҳбари деб биладилар.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳомид Ризо Осифий Теҳрон ядровий бўҳрондан чиқиш учун унга таклиф этилган имтиёзлар бўйича жавоб қайтаришни пайсалга солмаётганини айтди.

Унинг таъкидлашича, Эрон ҳукумати БМТнинг йирик аъзолари ишлаб чиққан таклифларни ҳужжат Теҳронга топширилган кунданоқ ўргана бошлаган.
“Таклиф этилган ҳужжатни ўрганишимиз керак. Уни тушуниб олмоғимиз лозим. Ундаги баъзи жиҳатларни қабул қилиб бўладиган, баъзиларини мавҳум, яна баъзиларини эса қабул қилиб бўлмайдиган, деб ҳисоблаймиз. Бу таклифга жавобан ўз фикримизни айтамиз”, - деди Осифий ва Теҳрон ҳам ўз таклифларини илгари суражагини қўшимча қилди.
У Эрон бу ҳужжатларни ўрганиб чиқиши учун қанча вақт керак бўлса, шунча вақт ўрганишини, бунинг учун Теҳронга муддат белгиланмаганини, шунга қарамай, жавоб пайсалга солинмаслигини маълум қилди.
АҚШ президенти Жорж Буш тақдим этилган таклиф устида ўйлаб кўриш учун Эроннинг бир неча ой эмас, бир неча ҳафта вақти борлигини билдирди ва акс ҳолда Эронга нисбатан чоралар кўрилишидан огоҳлантирди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия Теҳронга таклиф этган имтиёзлар пакети Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритмаслигини кафолатлашга қаратилган.

Эрон расмийлари “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги етакчиси Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг ўлдирилганидан мамнун эканини маълум қилди.

Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳомид Ризо Осифий Зарқавийни йўқ қилиш операцияси олдидан Эрон махсус хизмати Америка разведкасига маълумотлар тақдим этганига оид хабарларни инкор этди.
Зарқавий етакчилигидаги жангарилар гуруҳи Ироқдаги шиаларга қарши энг талофатли ҳужумлар уюштиришга масъул экани айтилади.
Эрон раҳбарларининг Зарқавий ағдаришни мақсад қилган Ироқдаги амалдаги ҳукуматда кўпчиликни ташкил этувчи шиа партиялари билан яқин алоқаси бор.

Ироқда ҳаракат қилаётган “Ал-Қоида” вакиллари гуруҳ етакчиси Абу Мусаб аз-Зарқавий ўлдирилганидан кейин Интернетда эълон қилган баёнотида “ғанимни ларзага солувчи” кенг қамровли ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилди.

Баёнотда айтилишича, ўтган чоршанба куни Зарқавий ўлдирилганидан кейин гуруҳ раҳбарлари кейинги ҳаракатлар стратегиясини муҳокама қилиш ва “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Лодинга содиқликни яна бир бор изҳор этиш мақсадида мажлис ўтказган.
“Ал-Қоида” баёнотида “ғанимни ларзага соладиган ва уйқусидан жудо қиладиган” кенг қамровли ҳужумлар режаланаётгани айтилади.

Ироқ бош вазири Нури Комил ал-Маликий эълон қилган миллий ярашиш ҳаракатлари давоми ўлароқ, мамлакат ҳибсхоналаридаги маҳбусларнинг навбатдаги гуруҳи озод этилди.

Ироқ Адлия вазирлиги матбуот вакили “Франс пресс” агентлигига берган интервьюсида АҚШ қўшинлари назоратидаги Абу-Ғрайб, Букка ва Сусе қамоқхоналаридан жаъми 230 маҳбус озод қилинганини айтди.
Маълум бўлишича, бу одамлар ҳеч қандай айбловсиз ҳибсда ушлаб турилган.
Ўтган ҳафта бош вазир Маликий миллий ярашиш уринишларини тарғиб этиш мақсадида икки минг киши озод этилишини эълон қилганидан кейин 594 маҳбус ҳибсдан бўшатилганди.

АҚШнинг Ироқдаги ҳарбийлари вакили Уилям Уилҳойте яқинда ўлдирилган Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг жасадини ёриш амалиёти якунланганини, айни пайтда текширув натижалари кутилаётганини маълум қилди.

Зарқавийнинг жасадини Ироққа чақирилган америкалик икки ҳарбий шифокор текширди.
Мурдани ёриш натижалари Зарқавий қайси ҳолатда жон таслим қилгани ҳақидаги саволларга жавоб бўлиши айтилмоқда. АҚШ ҳарбийлари амалга оширган ҳужум жойига етиб келган Ироқ аскарлари Зарқавийни топганларида у ҳали тирик бўлган ва сал ўтиб, олинган жароҳатлардан ўлган.

“Вашингтон пост” газетасида ёзилишича, Ироқнинг Ҳадиса шаҳарчасида тинч аҳоли вакилларидан 24 нафари ўлдирилишига алоқадорлиги айтилаётган Америка ҳарбийларига бошчилик қилган сержант ўз ҳаракатларида қонунбузарлик бўлганини инкор этмоқда.

“Вашингтон пост”да айтилишича, сержант Франк Уитериҳ ўз адвокатига ўтган йилнинг ноябрида Ҳадисада тинч аҳоли қасос олиш мақсадида қатлиом қилинмагани ҳамда у етакчилик қилган аскарлар уруш қоидаларига риоя қилаётгани ва ҳодиса изларини йўқотишга уринмаганини билдирган.
Адвокат Нил Паккетнинг таъкидлашича, сержант аскарлар уй ичига биқиниб олган жангарилар билан отишаётганда бир неча тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини гапириб берган.
Ҳадисада Америка аскари йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлганидан кейин унинг сафдошлари ироқлик тинч аҳолини қасддан ўлдирганми ёки йўқми, деган масалага ойдинлик киритиш учун тергов бошлаган.

АҚШ расмийлари Гуантанамо қамоқхонасида террорчиликда гумон қилинган уч маҳбус ўз жонига қасд қилганини маълум қилди.

Бу тўрт йил аввал Кубадаги Гуантанамо оролида ташкил этилган қамоқхона маҳбусларининг биринчи марта ўзини ўлдиришидир.
Америка ҳарбийларининг билдиришича, икки саудиялик ва бир яманликнинг жасади шанба куни топилган. Улар ўз кийими ва чойшабларга осилган ҳолда топилган.
Оқ уй тарқатган баёнотда президент Жорж Буш Гуантанамодаги ўлимлардан чуқур ташвиш билдиргани айтилади. Президент ўз жонига қасд қилган маҳбусларнинг жасадларига тегишли равишда муносабатда бўлишга чақирган.
Гуантанамо қамоқхонаси бошлиғи Ҳарри Ҳаррис маҳбусларнинг ўз жонига қасд қилишини “АҚШга қарши олиб борилаётган урушнинг бир кўриниши”, деб баҳолади.
“Улар жуда ақлли, топқир ва ўз ғояларига содиқ. Улар на ўз ҳаёти ва на бошқалар ҳаётига ачинади. Бу тушкунликка тушиш ҳаракати эмас, балки бизга қарши бошланган турфа урушнинг бир кўринишидир”, - деди Ҳ.Ҳаррис.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, хусусан, “Амнисти интернейшнл” Гуантанамодаги маҳбуслар ҳуқуқларининг бузилишини қораловчи ва АҚШ ҳукуматини қамоқхонани ёпишга чақирувчи баёнотлар эълон қилди.

Исроил армияси амалга оширган ҳаво ҳужуми натижасида Ғазо секторида бир машина йўқ қилинди, бошқасига жиддий зиён етди.

Хабарларга кўра, бундан аввал амалга оширилган ҳаво ҳужумларида “Хамас” радикал гуруҳининг камида бир жангариси ўлдирилган ва уч нафари ярадор қилинган.
Исроил ҳарбийлари ракета отишга уринган жангариларга ҳужум қилганини билдирди. Ғазодаги жангарилар Исроилга қарата 10та ракета отгани натижасида бир яҳудий жароҳатланганди.
Ўтган жума куни Исроил ҳарбийлари Ғазога ҳаво ҳужуми уюштиргани оқибатида етти киши, жумладан, болалар ўлдирилган эди.
Шундан сўнг “Хамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукумати президент Маҳмуд Аббос ўтказишни режалаштираётган референдумга қарши чиқишини маълум қилди.
Маҳмуд Аббос ва бош вазир Исмоил Хония ўртасида музокаралар давом этмоқда.
М.Аббос Фаластин давлатчилиги масаласи овозга қўйиладиган референдум 26 июлда ўтказилиши ҳақида фармон эълон қилди.
Референдумида Ғазо минтақаси ва Ғарбий соҳилда Фаластин давлатини қуриш масаласи овозга қўйилади.
Сўнгги хабарларга кўра, фаластинлик жангарилар Ғарбий соҳилдаги Наблус шаҳрида ўғирлаб кетган Америка фуқароси озод этилган.

Америка ҳарбийларининг маълум қилишича, Афғонистонда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари аскари ҳалок бўлган.

Аскар коалиция кучлари Ғазна вилоятидаги Ёқуб қишлоғида амалга ошираётган ҳужум пайтида портлаган бомбадан ўлган. Қурбон бўлган аскарнинг қайси мамлакат фуқароси эканини ошкор этилмади.
Афғонистон президенти Ҳомид Карзай мамлакат жанубида “Толибон” ҳаракатига қарши кураш мақсадида жангари кучларни ташкил этаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
У Афғонистон жанубидаги хавфсизлик кучлари маҳаллий аҳолидан ишга олинган ходимлар ҳисобидан кучайтилишини маълум қилди.
Унинг баёноти толиблар ҳаракати жиддий тарзда фаоллашиб қолган пайтга тўғри келди. Сўнгги уч ҳафта ичида мамлакатда 500 дан ортиқ одам, асосан, жангарилар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Покистон ҳарбийлари Афғонистон чегараси яқинида икки тоннадан ортиқ наркотик модда ва катта миқдорда қурол-аслаҳаларни қўлга киритди.

Бу ўлжа Болужистон вилоятининг Чоғи туманида махсус операция натижаси ўлароқ қўлга киритилди. Маълум бўлишича, Афғонистондан контрабанда йўли билан Покистонга олиб кирилган наркотиклар сақланган жой ҳақида маълумот олинган.
Покистон ҳарбийлари контрабандачилардан 2025 килограмм морфин, 10 килограмм героин, шунингдек, 50 та қўл гранатаси, 30 гранатомёт ва 5350 та Калашников автоматини тортиб олгани айтилмоқда.
Расмийларнинг билдиришича, контрабандачиларнинг бирортаси қўлга олинмаган.

Нюренбергда Эроннинг футбол терма жамоаси майдонга чиқишга тайёргарлик кўриб турган пайтда мингга яқин киши Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг Холокостни инкор этишига норозилик билдириб, намойиш ўтказди.

Германия полициясининг маълум қилишича, Нюренбергдаги намойишда немис яҳудийлари, сиёсатчилари ҳамда эронлик диссидентлар иштирок этган. Намойишчилар М.Аҳмадийнажотнинг футбол бўйича жаҳон чемпионатига келишига норози эканини айтган.
М.Аҳмадийнажот жаҳон чемпионатида қатнашаётган Эрон терма жамоаси ўйинига келиши мумкинлигини айтган, бироқ бу борадаги аниқ режаларни эълон қилмаган.
Холокостни инкор этиш жиноят саналган Германиядаги яҳудий гуруҳлар М.Аҳмадийнажотнинг бу ерда исталмаган шахс, деб эълон қилинишини талаб қилган. Германия ҳукумати Эрон раҳбарининг дипломатик дахлсизлиги борлигини айтмоқда.
Бундан аввалроқ Эрон терма жамоаси мураббийси Бранко Иванкович журналистларни ундан М.Аҳмадийнажотнинг Исроил ва Холокостга нисбатан муносабати ҳақида сўрамасдан, ўз диққатини футболга қаратишга чақирди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил билан ёнма ён Фаластин давлатини барпо этиш бўйича референдумни 26 июлда ўтказишга қарор қабул қилди.

Кўпчилик мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб қувватлаши кутилмоқда. Аммо, иқтидордаги "Хамас" ҳаракати бу юзадан эътироз билдирган. Аббос референдум кунини эълон қилишидан бир соат олдин "Ҳамас" Исроил билан норасмий тинчлик ахдлашуви бузилганини эълон қилди. Исроилнинг Ғазода амалга оширган ҳаво зарбаларига жавобан Фаластиннинг "Хамас" гуруҳи шундай қарорга келган. Бу гуруҳ 16 ойдан бери Исроил билан ахдлашувга тўла бўйсуниб келаётганди. Аммо Исроилнинг жума кунги ҳужумига жавобан, Ҳамас тонг саҳарда Ғазодан Исроил жанубига қараб бир неча ракеталар отганини маълум қилди. Исроил армияси камида учта ракета отилганини қайд қилгани, аммо уларнинг ҳеч бири Исроил ҳудудига тушиб, қандайдир зарар етказганидан хабари йўқлигини айтган. Исроилнинг жума кунги ракета зарбалари оқибатида Ғазо минтақасида етти киши, жумладан бир қанча ёш бола нобуд бўлган эди. Ушбу воқеадан сўнг Фластинда мотам эълон қилинди ва "Хамас" қуролли ҳаракати Исроил билан тинчлик ахдлашуви бузилганини эълон қилди. Фаластиннинг айрим шаҳарларида Исроилга қарши норозиликлар ҳам бўлиб ўтди.
"Ислом қаршилик ҳаракати уюштираётган бу намоишлар Фаластин халқи ўз тамоил ва ҳуқуқларига содиқ қолаётганини намаён этиш мақсадида ўтказилаётир. Қон тўкишлар давом этаётган, қонга беланган ёш болалар ва аёлларни кўриб биз жим тураолмаймиз", - деди "Хамас" вакили Абу Зухри.
Исроил томони эса жума кунги ҳужумлар Ғазодан Исроилга қарши кутилаётган ракета зарбалари олдини олиш мақсадида амалга оширилганини билдирди.
"Мана бир неча кундирки шаҳарларимиз, фуқароларимиз ракета ҳужумларига учрамоқда ва бу ҳужумларга "Хамас" жавобгар. Бунга чек қўйилиши керак", - деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги.

Айни пайтда 7 июн куни Америка ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Ал Қоиданинг Ироқдаги исёнкор етакчиси Абу Мусаб Ал Зарқавийнинг жасадини ёриб кўриш бошланган.

Зарқавий ҳаво хужумларидан кейин қисқа вақт жон сақлаб тургани ҳақидаги хабарлар шундай текширув ўтказишга туртки бўлган. Чоршанба куни АҚШ ҳарбий учқичлари ал-Зарқавий бўлган Бақуба шаҳри четидаги хонадонга иккита 230 килограммли бомба ташлаганларидан сўнг, бу жойга етиб келган Ироқ полициячилари ал-Зарқавийни оғир ярадор аҳволда топганлар. Ироқдаги Америка қуролли кучлари вакили генерал-майор Уильям Колдвел бу ҳақда шуларни айтган.
"Ўша ерда бўлган одамлардан бирининг айтишича, улар уни замбилга ётқизган, бироқ ал-Зарқавий замбилдан тушишга уринган. Яна замбилга ётқизганлар, шу заҳоти ҳаво ҳужуми пайти олган жароҳатлари туфайли жони узилган", - деди генерал Колдвелл.
Ал Зарқавий яширинаётган жойга бомба ташланиши оқибатида ушбу хонадонда бўлган икки эркак ва уч аёл ҳам ҳалок бўлганини хабар қилган АҚШ ҳарбийлари. Зарқавийнинг қаердалигини унинг гуруҳи аъзоларидан бўлган одам хабар қилгани айтилган. Қўшма Штатлар Зарқавийнинг боши учун 25 миллион доллар ваъда қилган эди. АҚШ президенти Жорж Буш ўтиб бораётган хафта Зарқавийнинг ўлдирилганини назарда тутиб муваффақиятли хафта бўлганини таъкидлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG