Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 16:35

Халқаро янгиликлар

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳомид Ризо Осифий Теҳрон ядровий бўҳрондан чиқиш учун унга таклиф этилган имтиёзлар бўйича жавоб қайтаришни пайсалга солмаётганини айтди.

Унинг таъкидлашича, Эрон ҳукумати БМТнинг йирик аъзолари ишлаб чиққан таклифларни ҳужжат Теҳронга топширилган кунданоқ ўргана бошлаган.
“Таклиф этилган ҳужжатни ўрганишимиз керак. Уни тушуниб олмоғимиз лозим. Ундаги баъзи жиҳатларни қабул қилиб бўладиган, баъзиларини мавҳум, яна баъзиларини эса қабул қилиб бўлмайдиган, деб ҳисоблаймиз. Бу таклифга жавобан ўз фикримизни айтамиз”, - деди Осифий ва Теҳрон ҳам ўз таклифларини илгари суражагини қўшимча қилди.
У Эрон бу ҳужжатларни ўрганиб чиқиши учун қанча вақт керак бўлса, шунча вақт ўрганишини, бунинг учун Теҳронга муддат белгиланмаганини, шунга қарамай, жавоб пайсалга солинмаслигини маълум қилди.
АҚШ президенти Жорж Буш тақдим этилган таклиф устида ўйлаб кўриш учун Эроннинг бир неча ой эмас, бир неча ҳафта вақти борлигини билдирди ва акс ҳолда Эронга нисбатан чоралар кўрилишидан огоҳлантирди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия Теҳронга таклиф этган имтиёзлар пакети Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритмаслигини кафолатлашга қаратилган.

Эрон расмийлари “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги етакчиси Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг ўлдирилганидан мамнун эканини маълум қилди.

Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳомид Ризо Осифий Зарқавийни йўқ қилиш операцияси олдидан Эрон махсус хизмати Америка разведкасига маълумотлар тақдим этганига оид хабарларни инкор этди.
Зарқавий етакчилигидаги жангарилар гуруҳи Ироқдаги шиаларга қарши энг талофатли ҳужумлар уюштиришга масъул экани айтилади.
Эрон раҳбарларининг Зарқавий ағдаришни мақсад қилган Ироқдаги амалдаги ҳукуматда кўпчиликни ташкил этувчи шиа партиялари билан яқин алоқаси бор.

Ироқда ҳаракат қилаётган “Ал-Қоида” вакиллари гуруҳ етакчиси Абу Мусаб аз-Зарқавий ўлдирилганидан кейин Интернетда эълон қилган баёнотида “ғанимни ларзага солувчи” кенг қамровли ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилди.

Баёнотда айтилишича, ўтган чоршанба куни Зарқавий ўлдирилганидан кейин гуруҳ раҳбарлари кейинги ҳаракатлар стратегиясини муҳокама қилиш ва “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Лодинга содиқликни яна бир бор изҳор этиш мақсадида мажлис ўтказган.
“Ал-Қоида” баёнотида “ғанимни ларзага соладиган ва уйқусидан жудо қиладиган” кенг қамровли ҳужумлар режаланаётгани айтилади.

Ироқ бош вазири Нури Комил ал-Маликий эълон қилган миллий ярашиш ҳаракатлари давоми ўлароқ, мамлакат ҳибсхоналаридаги маҳбусларнинг навбатдаги гуруҳи озод этилди.

Ироқ Адлия вазирлиги матбуот вакили “Франс пресс” агентлигига берган интервьюсида АҚШ қўшинлари назоратидаги Абу-Ғрайб, Букка ва Сусе қамоқхоналаридан жаъми 230 маҳбус озод қилинганини айтди.
Маълум бўлишича, бу одамлар ҳеч қандай айбловсиз ҳибсда ушлаб турилган.
Ўтган ҳафта бош вазир Маликий миллий ярашиш уринишларини тарғиб этиш мақсадида икки минг киши озод этилишини эълон қилганидан кейин 594 маҳбус ҳибсдан бўшатилганди.

АҚШнинг Ироқдаги ҳарбийлари вакили Уилям Уилҳойте яқинда ўлдирилган Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг жасадини ёриш амалиёти якунланганини, айни пайтда текширув натижалари кутилаётганини маълум қилди.

Зарқавийнинг жасадини Ироққа чақирилган америкалик икки ҳарбий шифокор текширди.
Мурдани ёриш натижалари Зарқавий қайси ҳолатда жон таслим қилгани ҳақидаги саволларга жавоб бўлиши айтилмоқда. АҚШ ҳарбийлари амалга оширган ҳужум жойига етиб келган Ироқ аскарлари Зарқавийни топганларида у ҳали тирик бўлган ва сал ўтиб, олинган жароҳатлардан ўлган.

“Вашингтон пост” газетасида ёзилишича, Ироқнинг Ҳадиса шаҳарчасида тинч аҳоли вакилларидан 24 нафари ўлдирилишига алоқадорлиги айтилаётган Америка ҳарбийларига бошчилик қилган сержант ўз ҳаракатларида қонунбузарлик бўлганини инкор этмоқда.

“Вашингтон пост”да айтилишича, сержант Франк Уитериҳ ўз адвокатига ўтган йилнинг ноябрида Ҳадисада тинч аҳоли қасос олиш мақсадида қатлиом қилинмагани ҳамда у етакчилик қилган аскарлар уруш қоидаларига риоя қилаётгани ва ҳодиса изларини йўқотишга уринмаганини билдирган.
Адвокат Нил Паккетнинг таъкидлашича, сержант аскарлар уй ичига биқиниб олган жангарилар билан отишаётганда бир неча тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини гапириб берган.
Ҳадисада Америка аскари йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлганидан кейин унинг сафдошлари ироқлик тинч аҳолини қасддан ўлдирганми ёки йўқми, деган масалага ойдинлик киритиш учун тергов бошлаган.

АҚШ расмийлари Гуантанамо қамоқхонасида террорчиликда гумон қилинган уч маҳбус ўз жонига қасд қилганини маълум қилди.

Бу тўрт йил аввал Кубадаги Гуантанамо оролида ташкил этилган қамоқхона маҳбусларининг биринчи марта ўзини ўлдиришидир.
Америка ҳарбийларининг билдиришича, икки саудиялик ва бир яманликнинг жасади шанба куни топилган. Улар ўз кийими ва чойшабларга осилган ҳолда топилган.
Оқ уй тарқатган баёнотда президент Жорж Буш Гуантанамодаги ўлимлардан чуқур ташвиш билдиргани айтилади. Президент ўз жонига қасд қилган маҳбусларнинг жасадларига тегишли равишда муносабатда бўлишга чақирган.
Гуантанамо қамоқхонаси бошлиғи Ҳарри Ҳаррис маҳбусларнинг ўз жонига қасд қилишини “АҚШга қарши олиб борилаётган урушнинг бир кўриниши”, деб баҳолади.
“Улар жуда ақлли, топқир ва ўз ғояларига содиқ. Улар на ўз ҳаёти ва на бошқалар ҳаётига ачинади. Бу тушкунликка тушиш ҳаракати эмас, балки бизга қарши бошланган турфа урушнинг бир кўринишидир”, - деди Ҳ.Ҳаррис.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, хусусан, “Амнисти интернейшнл” Гуантанамодаги маҳбуслар ҳуқуқларининг бузилишини қораловчи ва АҚШ ҳукуматини қамоқхонани ёпишга чақирувчи баёнотлар эълон қилди.

Исроил армияси амалга оширган ҳаво ҳужуми натижасида Ғазо секторида бир машина йўқ қилинди, бошқасига жиддий зиён етди.

Хабарларга кўра, бундан аввал амалга оширилган ҳаво ҳужумларида “Хамас” радикал гуруҳининг камида бир жангариси ўлдирилган ва уч нафари ярадор қилинган.
Исроил ҳарбийлари ракета отишга уринган жангариларга ҳужум қилганини билдирди. Ғазодаги жангарилар Исроилга қарата 10та ракета отгани натижасида бир яҳудий жароҳатланганди.
Ўтган жума куни Исроил ҳарбийлари Ғазога ҳаво ҳужуми уюштиргани оқибатида етти киши, жумладан, болалар ўлдирилган эди.
Шундан сўнг “Хамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукумати президент Маҳмуд Аббос ўтказишни режалаштираётган референдумга қарши чиқишини маълум қилди.
Маҳмуд Аббос ва бош вазир Исмоил Хония ўртасида музокаралар давом этмоқда.
М.Аббос Фаластин давлатчилиги масаласи овозга қўйиладиган референдум 26 июлда ўтказилиши ҳақида фармон эълон қилди.
Референдумида Ғазо минтақаси ва Ғарбий соҳилда Фаластин давлатини қуриш масаласи овозга қўйилади.
Сўнгги хабарларга кўра, фаластинлик жангарилар Ғарбий соҳилдаги Наблус шаҳрида ўғирлаб кетган Америка фуқароси озод этилган.

Америка ҳарбийларининг маълум қилишича, Афғонистонда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари аскари ҳалок бўлган.

Аскар коалиция кучлари Ғазна вилоятидаги Ёқуб қишлоғида амалга ошираётган ҳужум пайтида портлаган бомбадан ўлган. Қурбон бўлган аскарнинг қайси мамлакат фуқароси эканини ошкор этилмади.
Афғонистон президенти Ҳомид Карзай мамлакат жанубида “Толибон” ҳаракатига қарши кураш мақсадида жангари кучларни ташкил этаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
У Афғонистон жанубидаги хавфсизлик кучлари маҳаллий аҳолидан ишга олинган ходимлар ҳисобидан кучайтилишини маълум қилди.
Унинг баёноти толиблар ҳаракати жиддий тарзда фаоллашиб қолган пайтга тўғри келди. Сўнгги уч ҳафта ичида мамлакатда 500 дан ортиқ одам, асосан, жангарилар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Покистон ҳарбийлари Афғонистон чегараси яқинида икки тоннадан ортиқ наркотик модда ва катта миқдорда қурол-аслаҳаларни қўлга киритди.

Бу ўлжа Болужистон вилоятининг Чоғи туманида махсус операция натижаси ўлароқ қўлга киритилди. Маълум бўлишича, Афғонистондан контрабанда йўли билан Покистонга олиб кирилган наркотиклар сақланган жой ҳақида маълумот олинган.
Покистон ҳарбийлари контрабандачилардан 2025 килограмм морфин, 10 килограмм героин, шунингдек, 50 та қўл гранатаси, 30 гранатомёт ва 5350 та Калашников автоматини тортиб олгани айтилмоқда.
Расмийларнинг билдиришича, контрабандачиларнинг бирортаси қўлга олинмаган.

Нюренбергда Эроннинг футбол терма жамоаси майдонга чиқишга тайёргарлик кўриб турган пайтда мингга яқин киши Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг Холокостни инкор этишига норозилик билдириб, намойиш ўтказди.

Германия полициясининг маълум қилишича, Нюренбергдаги намойишда немис яҳудийлари, сиёсатчилари ҳамда эронлик диссидентлар иштирок этган. Намойишчилар М.Аҳмадийнажотнинг футбол бўйича жаҳон чемпионатига келишига норози эканини айтган.
М.Аҳмадийнажот жаҳон чемпионатида қатнашаётган Эрон терма жамоаси ўйинига келиши мумкинлигини айтган, бироқ бу борадаги аниқ режаларни эълон қилмаган.
Холокостни инкор этиш жиноят саналган Германиядаги яҳудий гуруҳлар М.Аҳмадийнажотнинг бу ерда исталмаган шахс, деб эълон қилинишини талаб қилган. Германия ҳукумати Эрон раҳбарининг дипломатик дахлсизлиги борлигини айтмоқда.
Бундан аввалроқ Эрон терма жамоаси мураббийси Бранко Иванкович журналистларни ундан М.Аҳмадийнажотнинг Исроил ва Холокостга нисбатан муносабати ҳақида сўрамасдан, ўз диққатини футболга қаратишга чақирди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил билан ёнма ён Фаластин давлатини барпо этиш бўйича референдумни 26 июлда ўтказишга қарор қабул қилди.

Кўпчилик мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб қувватлаши кутилмоқда. Аммо, иқтидордаги "Хамас" ҳаракати бу юзадан эътироз билдирган. Аббос референдум кунини эълон қилишидан бир соат олдин "Ҳамас" Исроил билан норасмий тинчлик ахдлашуви бузилганини эълон қилди. Исроилнинг Ғазода амалга оширган ҳаво зарбаларига жавобан Фаластиннинг "Хамас" гуруҳи шундай қарорга келган. Бу гуруҳ 16 ойдан бери Исроил билан ахдлашувга тўла бўйсуниб келаётганди. Аммо Исроилнинг жума кунги ҳужумига жавобан, Ҳамас тонг саҳарда Ғазодан Исроил жанубига қараб бир неча ракеталар отганини маълум қилди. Исроил армияси камида учта ракета отилганини қайд қилгани, аммо уларнинг ҳеч бири Исроил ҳудудига тушиб, қандайдир зарар етказганидан хабари йўқлигини айтган. Исроилнинг жума кунги ракета зарбалари оқибатида Ғазо минтақасида етти киши, жумладан бир қанча ёш бола нобуд бўлган эди. Ушбу воқеадан сўнг Фластинда мотам эълон қилинди ва "Хамас" қуролли ҳаракати Исроил билан тинчлик ахдлашуви бузилганини эълон қилди. Фаластиннинг айрим шаҳарларида Исроилга қарши норозиликлар ҳам бўлиб ўтди.
"Ислом қаршилик ҳаракати уюштираётган бу намоишлар Фаластин халқи ўз тамоил ва ҳуқуқларига содиқ қолаётганини намаён этиш мақсадида ўтказилаётир. Қон тўкишлар давом этаётган, қонга беланган ёш болалар ва аёлларни кўриб биз жим тураолмаймиз", - деди "Хамас" вакили Абу Зухри.
Исроил томони эса жума кунги ҳужумлар Ғазодан Исроилга қарши кутилаётган ракета зарбалари олдини олиш мақсадида амалга оширилганини билдирди.
"Мана бир неча кундирки шаҳарларимиз, фуқароларимиз ракета ҳужумларига учрамоқда ва бу ҳужумларга "Хамас" жавобгар. Бунга чек қўйилиши керак", - деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги.

Айни пайтда 7 июн куни Америка ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Ал Қоиданинг Ироқдаги исёнкор етакчиси Абу Мусаб Ал Зарқавийнинг жасадини ёриб кўриш бошланган.

Зарқавий ҳаво хужумларидан кейин қисқа вақт жон сақлаб тургани ҳақидаги хабарлар шундай текширув ўтказишга туртки бўлган. Чоршанба куни АҚШ ҳарбий учқичлари ал-Зарқавий бўлган Бақуба шаҳри четидаги хонадонга иккита 230 килограммли бомба ташлаганларидан сўнг, бу жойга етиб келган Ироқ полициячилари ал-Зарқавийни оғир ярадор аҳволда топганлар. Ироқдаги Америка қуролли кучлари вакили генерал-майор Уильям Колдвел бу ҳақда шуларни айтган.
"Ўша ерда бўлган одамлардан бирининг айтишича, улар уни замбилга ётқизган, бироқ ал-Зарқавий замбилдан тушишга уринган. Яна замбилга ётқизганлар, шу заҳоти ҳаво ҳужуми пайти олган жароҳатлари туфайли жони узилган", - деди генерал Колдвелл.
Ал Зарқавий яширинаётган жойга бомба ташланиши оқибатида ушбу хонадонда бўлган икки эркак ва уч аёл ҳам ҳалок бўлганини хабар қилган АҚШ ҳарбийлари. Зарқавийнинг қаердалигини унинг гуруҳи аъзоларидан бўлган одам хабар қилгани айтилган. Қўшма Штатлар Зарқавийнинг боши учун 25 миллион доллар ваъда қилган эди. АҚШ президенти Жорж Буш ўтиб бораётган хафта Зарқавийнинг ўлдирилганини назарда тутиб муваффақиятли хафта бўлганини таъкидлади.

Бугун Бағдодда полиция патрулига қарши содир этилган портлаш оқибатида камида беш тинч фуқаро нобуд бўлган, 14 киши яраланган.

Шахар бозорларидан бирида рўй берган бошқа портлашдан эса камида уч киши ҳалок бўлди. 30га яқин одам турли кўринишда жароҳат олди. Келаётган хабарларга кўра, ушбу ҳужумларга асосий нишон полиция патрули бўлган, аммо ҳалок бўлганларнинг бари тинч фуқаролардир. Ҳукумат Ал Қоиданинг Ироқдаги раҳбари Абу Мусаб Ал Зарқавий 7 июнда ўлдирилганидан кейин зўравонлик тўлқини кучайиб кетишидан хавотирда кечадан бошлаб Бағдодда комендантлик соати жорий этган эди.

Эрон ядровий дастури билан боғлиқ можарони ҳал этиш учун ўз таклифлари борлигини айтмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазири Манучехр Моттакига кўра, бу борада икки вариант кўриб чиқилмоқда. Булар халқаро ҳамжамиятнинг Теҳронга таклифларига қўшимча киритиш ва ўз таклифларини илгари суриш. Аммо, Моттаки Эрон таклифлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Германия илгари сурган таклифлардан нимаси билан фарқ қилиши борасида гапирмади. Жаҳон ҳамжамияти Эрондан уранни бойитиш ишларини бутунлай тўхтатишни талаб этмоқда. Аммо, расмий Теҳрон ҳозирча бу шартга кўнишни истамаяпти.

Москва прокуратураси милиция ходимини тожикистонлик талабани калтаклаганликда айблади.

Судни қароригача ўша милиция ходими хибсда ушлаб туриладиган бўлди. Тожикистонлик талабалар чоршанба куни Бошқарув университети ётоқхонасида калтакланган эди. Тожикистон Россия ҳукуматидан ушбу холат юзасидан холис тергов олиб борилишини талаб этмоқда.

Покистонда хавфсизлик кучлари мамлакатнинг Афғонистонга туташ худудларида макон топган жангари гуруҳларга қарши амалиётлар олиб борган.

Покистон Армияси матбуот вакили Шавкат Султонга кўра, артиллерия ва ҳарбий вертолётлар кўмагида олиб борилган амалиётлар пайти 20га яқин жангари ўлдирилган, уларнинг 70 фоиз яширин базалари яксон этилган. Ҳалок бўлган жангарилар покситонлик ва хорижликлар экани айтилмоқда.

Санкт Петербург шаҳрида учрашган "катта саккизлик" гуруҳига аъзо давлатлар молия вазирлари энегрия манбаалари, хусусан нефтнинг осмоний нархи глобал иқтисодий тараққиётига катта хавф эканини, шунга қарамай жорий йил ўсиш йили бўлишини таъкидлашган.

Санкт Петербургдаги учрашувга мезбонлик қилган Россия молия вазири Алексей Кудрин шуларни айтди.
"Молия вазирлари учрашувида биз жаҳон иқтисодининг долзарб масалалари, жумладан жаҳон энергетика бозорини ривожлантириш чораларини мухокама этдик", - деди Кудрин.
Учрашув арафасида Россия молия вазири Алексей Кудрин Москва бу йил камбағал давлатларнинг 700 миллион долларлик қарзидан воз кечишини маълум қилди. Молия вазирларининг бу учрашуви келаси ой ўрталарида Санкт Петербургда бўладиган "катта саккизлик" саммити олдидан ўтказилмоқда.

Германияда футбол бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи куни, Англия Парагвай терма жамоаси устидан 1-0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бир оздан сўнг Дортмундда ТринидадТобаго ҳамда Швеция футболчилари майдонга тушишади. Аргентина ва Фил суяги давлатлари ўртасидаги ўйин эса Хамбургда бошланади.
Чемпионатнинг биринчи куни Германия Коста Рика жамоасини 4-2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Эквадор ва Польша ўртасидаги ўйин эса 2-0 ҳисобида эквадор фойдасига ҳал бўлди. Футбол бўйича Жаҳон кубоги беллашувларини дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ томошабин томоша қилиши кутилаётир. Ғолиб эса 9 июль куни Берлинда аниқланади.

Афғонистонда халқаро коалиция кучлари ўтган хафта давомида 40дан зиёд жангарини йўқ қилган.

Зобул вилоятида душанба куни олиб борилган амалиётда 30дан ортиқ толибон жангариси, Ўрузгондаги пайшанба кунги амалиётларда эса 14 жангари ўлдирилган. Сўнгги пайтларда Афғонистон жанубида экстремист гуруҳларнинг ҳужумлари кучайган эди. Сўнгги бир ой мобайнида уларнинг ҳужумидан 400дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Европа Иттифоқи президентлиги вазифасини бажараётган Австрия канцлери Волфганг Шюссел Эрон халқаро ҳамжамият тақдим этган иқтисодий манфаатли таклифларга “катта саккизлик” саммити бошланишига қадар жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

“Катта саккизлик”ка аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви 15-17 июль кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилади.

Германияда футбол бўйича 18-жаҳон чемпионати бошланди.

Мюнхен шаҳрида янги қурилган стадионда уюштирилган тантанали маросимда Германия президенти Хорст Кохлер мусобақалар бошланганини эълон қилди.
Яшил майдонга биринчи бўлиб мусобақа мезбони Германия ва Коста-Рика терма жамоалари тушди.

9 июнь куни Тожикистон ташқи ишлар вазири Талбак Назаров Россиянинг Душанбедаги элчиси Рамазон Абдулатиповга норозилик нотаси топширди.

Унда 9 июнь куни Москвадаги Бошқарув университети ётоқхонасида тожикистонлик талабаларнинг ўзини милиция ходими, деб таништирган одамлар томонидан аёвсиз калтаклангани хусусида ташвиш билдирилган.
Тожикистон ҳукумати Россиядан воқеа юзасидан текширув ўтказишни талаб қилган.
9 июнь куни тожикистонлик талабаларни аёвсиз калтаклашда қатнашганликда гумон қилинган бир милиция ходими ҳибсга олинди.
“Яқин фурсатда унга нисбатан айблов эълон қилинади ва уни ҳибсда сақлаш масаласи ҳал этилади. Ҳозир жиноятнинг бошқа қатнашчиларини аниқлаш ва уларни қўлга олиш бўйича тергов-суриштирув ишлар давом этмоқда”, - деди Москва шаҳри прокуратураси вакили Сергей Марченко.

Марказий Осиё ва Тожикистон бош раввини Абе Давид Гуревичнинг ёрдамчиси ўлдирилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Карина-Ривка Лафер 8 июнь куни Тошкентдаги ўз уйида онаси билан бирга ўлик ҳолда топилган.
МДҲнинг яҳудий жамоалари федерацияси президенти Леви Леваев Ўзбекистон ҳукуматини мазкур қотиллик юзасидан пухта текширув ўтказишга чақирди.
Ўзбекистон ҳукуматининг диний ишлар бўйича қўмитаси вакили Азиз Обидов яҳудий жамоалари раҳбарларини бу воқеага сиёсий тус бермасликка чақирди.

Россияда суд москвалик 28 ёшли Павел Голенкони одам савдоси билан шуғуллангани учун етти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

П.Голенко, асосан, ўзбекистонлик ёш қизларни катта маош тўлашни ваъда қилиб, Бирлашган Араб Амирликларига алдаб олиб борган ва уларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. У ўтган йил декабрда қўлга олинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG