Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 14:29

Халқаро янгиликлар

Ироқнинг Ҳадиса қишлоғида ўтган йили америкалик ҳарбийлар томонидан 24 тинч фуқаронинг ўлдирилиши юзасидан тергов натижалари ошкор этилади.

Оқ уй матбуот котиби Тони Сноунинг айтишича, Ҳадиса воқеаси юзасидан жиддий тергов ўтказилади.
“Президент (Жорж Буш) фақат Мудофаа вазирлиги доирасида қилиниши лозим бўлган терговга бошқа бошқарув идораларининг ҳам қўшилишига рухсат берди. Менга тергов тафсилотлари матбуот учун ошкор этилишини маълум қилишди”, - деди Т.Сноу.
Аввалроқ Ироқ бош вазири Нурий Комил Ал-Маликий ҳам ҳукумати АҚШ ҳарбийларига қарши иддаолар борасида текширув ўтказиши ҳақида айтган эди.
“Биз мазкур масала юзасидан, албатта, тергов ўтказамиз. Уни терговсиз қолдирмаймиз. Қолаверса, биз Ироқдаги барча ҳарбий амалиётлар юзасидан жавоб талаб қиламиз. Нафақат Ҳадисада содир бўлган воқеа, балки АҚШ ҳарбийларининг хатоси туфайли юз берган бошқа қотилликлар юзасидан ҳам жавобгарликни талаб этамиз”, - деди Ироқ бош вазири.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ўз мамлакати “Эроннинг тинч мақсадларига қаратилган ядровий дастурларини тан олиши”ни билдирди.

Унинг айтишича, Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиши билан АҚШ у билан мулоқотга тайёр.
“Масалани ҳал этишнинг дипломатик йўлига содиқлигимизни кўрсатиш ва муваффақият учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида Эрон уранни бойитиш ва қайта ишлаш ишларини тўхтатиши биланоқ АҚШ Европа Иттифоқининг бошқа аъзоларига қўшилиб, Эрон вакиллари билан музокаралар курсисига ўтиради”, - деди К.Райс.
ЕИнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича раҳбари Ҳавьер Солана расмий Теҳрон БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия томонидан илгари сурилган таклифларни қабул қилишига умид билдирди.
Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий ҳам расмий Теҳрон Буюк Британия, Франция ва Германия билан музокараларга тайёрлигини айтган эди.
1 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда Германия расмийлари Венада учрашиб, Эронни уранни бойитиш ишларини тўхтатишга мажбурлаш йўлларини муҳокама қилади.

29 май куни Кобулда тўполон кўтаришига сабаб бўлган АҚШ ҳарбийлари билан боғлиқ қонли тўқнашув юзасидан ўтказилган тергов натижаларига кўра, Америка қўшинлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўт очишга мажбур бўлган.

АҚШ армияси матбуот котиби Том Коллинз дастлабки тергов натижалари билан таништирар экан: “Ғазабнок исёнчилар АҚШ ҳарбийларига қарата ўт очганидан сўнг улар ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлди”, - деди.
Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийлари иштирокидаги автоҳалокатда камида 5 киши ўлган. Ундан сўнг бошланган исёнда эса яна 8 киши қурбон бўлган, 120 одам жароҳатланган.
Айни пайтда мазкур зўравонликлар ортида турган сиёсий гуруҳлар иштироки ҳам ўрганилмоқда.

Афғонистоннинг Урузғон вилояти полицияси бошлиғи Рози Хон 31 майга ўтар кечаси толибларга қарши жангларда 12 полициячи ўлдирилгани ва 40 нафари гаровга олингани ҳақидаги хабарларни рад этди.

У тўқнашувларда полиция кучлари орасида қурбон бўлмаганини билдирди.
“Менда мавжуд ахборотга кўра, толиблар кечқурун уч жойга ҳужум қилган. Улар Чордара тумани ҳокимлиги, туман полицияси идораси ҳамда мактабни ёқиб юборди”, - деди Рози Хон.
Бундан аввалроқ исми ошкор этилишини истамаган Кобул расмийларидан бири Урузғондаги тўқнашувларда 40 полициячи гаровга олингани ва 12 нафари ҳалок бўлганини айтганди. “Толибон” ҳаракати матбуот котиби ҳам шунга ўхшаш гапларни такрорлаганди.

Грузия Россияни тинчликпарвар кучларини қонунга хилоф равишда Жанубий Осетияга жойлаштиришда айблади.

Грузия мудофаа вазирининг айтишича, Россия ҳарбийлари виза расмийлаштирмасдан Шимолий ва Жанубий Осетияни бирлаштирувчи тоннел орқали олиб келинган.
Грузия Россия ҳарбийларини айирмачиларга мойилликда айблайди. Грузия парламенти эса Россиядан Жанубий Осетиядаги қўшинларини олиб чиқишни талаб қилиб келади.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов Россияга қарашли тинчликпарвар кучлар Молдованинг исёнчи Преднестровье минтақасидан чиқарилмаслигини билдирди.

МДҲга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирларининг Бокудаги учрашувида С.Иванов АҚШ ва НАТОни иккиюзламачиликда айблади. Унинг айтишича, АҚШ ва НАТО Россиянинг Преднестровьедаги 1800 кишилик қўшинини олиб чиқишни истаётган бир пайтда АҚШ Болгарияга 3000 ҳарбийсини жойлаштирмоқчи бўляпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 31 май - Чекишга қарши кураш куни муносабати билан эълон қилган баёнотида сигарет чекиш оқибатида йилига дунёда 5 миллион киши қурбон бўлаётгани таъкидланади.

“Улар қаторида бўлмаслик учун чекишни ташлаш керак”, - дея тафсия қилади ташкилот.

Тожикистонда ўтаётган суд жараёнида президент гвардиясининг собиқ раҳбари Ғаффор Мирзоев ва яна 14 айбланувчи кўрсатма олиш учун ўзларига нисбатан куч ишлатилганини билдирди.

Ғ.Мирзоев ва бошқа судланувчилар қотиллик ва президент Имомали Раҳмоновни ҳокимиятдан ағдаришга уринишда айбланмоқда. Улар устидан суд жараёни январдан буён давом этяпти.

Бишкекда АҚШ ва Қирғизистон мулозимлари ўртасида Ганси ҳарбий базасидан фойдаланиш борасида музокаралар бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон мудофаа вазири Исмоил Исоқов Қирғизистон томони ушбу музокалардан сўнг ҳарбий базадан фойдаланиш нархи юзасидан савдолашишга чек қўйилишига умид қилишини билдирди.
“Мутахассислар гуруҳи ишлаяпти. Айни пайтда музокаралар энг юқори даражада олиб борилмоқда. Президент (Қурмонбек Бақиев) 31 июнни келишувга эришишнинг сўнгги муддати сифатида белгилаган эди. Натижалар бугун маълум бўлиши керак”, - деди мудофаа вазири.
Қирғизистон Ганси авиабазаси ижара ҳақини аввалгидан 100 баробар оширишни талаб қиляпти. Қ.Бақиев 1 июнга қадар бу борада келишувга эришилмаса, АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Ушбу базадан Пентагон Афғонистонда ҳарбий амалиётлар ўтказиш мақсадида фойдаланади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар парламентлари раисларининг Москвада ўтган учрашувида ушбу минтақавий ташкилот доирасида парламентлараро ассамблея тузиш ва ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Россия парламентининг юқори палатаси раиси Сергей Миронов ўз чиқишида: “Гиëҳвандлик моддалари контрабандаси, ноқонуний муҳожирлик, одам савдоси ва қурол-яроқларнинг ноқонуний сотилиши бугунги учрашувимизнинг устивор масаласидир. Ҳаëт кўрсатаëтганидек¸ фақатгина коллектив ва қўшнилик алоқалари асосида табиий офатлар ва трансчегара табиий манбаларини муҳофаза қилса бўлади”, - деди.
Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов ўз ҳукумати МДҲ ҳудудида ШҲТга муқобил бўлган ҳар қандай ташкилотнинг тузилишига қарши эканини билдирди.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Теҳрон Европа Иттифоқи “учлиги” – Буюк Британия, Франция ва Германия билан ўз ядровий дастури юзасидан музокараларни қайта тиклашга тайëрлигини билдирди.

2005 йил августда Теҳрон уранни бойитиш ишларини қайта бошлагач, Европа Иттифоқи “учлиги” Эрон билан музокараларни тўхтатган эди.
БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо мамлакатлар ҳамда Германия расмийлари 1 июнь куни Венада Эрон ядровий дастури атрофидаги бўҳронни муҳокама қилади.
Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатди. Вазирлик, шунингдек, Теҳронни Атом энергияси халқаро агентлиги билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга чақирди.
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ҳомид Ризо расмий Теҳрон Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо мамлакатларнинг бу мазмундаги ҳар қандай чақириғини рад этишини таъкидлади.

Афғонистон расмийлари душанба кунги исёнларга алоқадорликда айбланаётган ўнлаб одам қўлга олинганини маълум қилди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Юсуф Станизай текширув ишлари олиб борилаëтгани ва ушбу тартибсизликларга сиëсий гуруҳларнинг ҳам алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар мавжудлигини айтди.
“Душанба куни Кобулда юз берган зўравонликларга алоқадорликда гумон қилинаëтган 140га яқин киши ҳибсга олинди. Улар сўроққа тутилмоқда. Қўлга олинганлардан айримлари юзага келган зўравонликдан фойдаланган ҳолда ўғирлик қилишни режалаштирганини тан олди. Биз сал кейинроқ уларнинг асл мақсади нима бўлганини аниқлашга ҳаракат қиламиз”, - деди Ю.Станизай.
Душанба кунги тўполонлар АҚШ ҳарбийларига тегишли зирҳли машина чорраҳада афғонистонликларнинг 12 автомобили билан тўқнашиб кетиши оқибатида келиб чиққан эди.
Афғонистон Ички ишлар вазирлиги бу ҳодисада 5 киши ҳалок бўлгани, тартибсизликлар пайтида эса камида 8 одам ўлганини билдирди.
Афғонистонга тегишли бошқа бир хабарда қуролли гуруҳ томонидан Ғарб гуманитар ташкилотларига ишловчи 4 маҳаллий фуқаро отиб ўлдирилгани айтилади. Ўлдирилганлардан уч нафари аëл, бири эркакдир.

Ғарб ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида “Исломий жиҳод” гуруҳининг уч аъзоси ва фаластинлик полициячини ўлдирган.

Ғарбий соҳилда ўтказилган бошқа операция давомида “Ал-Ақса мазлумлари” гуруҳига мансуб уч жангари ўлдирилган. “Исломий жиҳод” гуруҳи ушбу йўқотиш учун ўч олишга ваъда берган.

25 май куни Москва яқинида арманистонлик 19 ёшли Артур Сардарян ирқчилар қурбонига айланди.

У электр поездида калтаклаб ва пичоқлаб ўлдирилди.
Адвокат Симон Цатуряннинг ҳодиса гувоҳларига таяниб айтишича, ирқчилар “Россияга шон-шарафлар бўлсин!”, дея қичқирган.

Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн унинг устидан давом этаëтган суд жараёнида айблов томони учун қанча вақт ажратилган бўлса, ҳимоя учун ҳам шунча вақт берилишини талаб қилди.

Саддам Ҳусайн ва унинг етти сафдоши 1982 йилда Дужайл қишлоғида шиаларни оммавий қатл қилишда айбланмоқда.




Фаластин бош вазири Исмоил Хония ҳукумат маошини олмай қолган юз минглаб одамга пул беришини маълум қилди.

И.Хония бошчилигидаги “Хамас” гуруҳи ҳукумат тепасига келгач, дунë жамоатчилиги мухториятга кўрсатилаëтган молиявий ëрдамни тўхтатиб қўйган эди.
Ишчиларга тўланадиган пулнинг қаердан олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Пак Нам Сун Хитойга 7 кунлик сафарини бошлади.

Ушбу сафарда томонлар Пхеняннинг ядровий дастури бўйича музокараларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.
Хитойда Пак Сун Нам хитойлик ҳамкасби Лу Жаоксинг билан учрашди. Ушбу учрашувда Лу Жаконинг ўз мамлакати Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлашини билдирди.

БМТнинг инсонпарварлик ëрдам кўрсатиш идораси Индонезиядаги вазият назорат остидалигини маълум қилди.

27 май куни мамлакатнинг Ява оролида юз берган кучли зилзила оқибатида 5,5 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 200 мингга яқин одам бошпанасиз қолганди.


Расмий Тошкент АҚШга қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилотини ёпишга киришди.

Таълим соҳасида фаолият юритиб келаëтган ушбу ташкилот ўзбекистонлик талабаларга АҚШда таҳсил олиш учун алмашинув дастурларини тақдим этиб келаётган эди.
ACCELSнинг ҳукумат нишонига айлангани сабаблари ҳозирча номаълум.

Қозоғистон пойтахти Остонадаги энг баланд бинода юз берган ёнғин туфайли кўплаб одам хавфсиз жойга кўчирилди.

32 қаватли бу бинода мамлакатнинг бир нечта вазирликлари жойлашган. Айни пайтда ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ўғли Илҳом пул бирликларини қалбакилаштиришда айбланмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 22 май куни ҳибсга олинган Илҳом Зайнобиддинов қирғиз ва ўзбек пул бирликлари ҳамда яна бошқа ҳужжатларни қалбакилаштирган.
Вазирлик унинг ҳибсга олиниши ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Бироқ “Фарғона.ру” сайтида ёзилишича, И.Зайнобиддинов отасининг эски танишлари билан алоқада ўрнатгани ва унинг ишларини давом эттиргани учун ҳибсга олинган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Америкага қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилоти ваколатхонасини ёпмоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари судига мазкур ташкилот фаолиятини тўхтатиш тўғрисида тақдимнома киритилган.
Адлия вазирлиги таъкидига кўра, ташкилот фаолияти давомида ўз низомидан четга чиққан, шунингдек, тегишли назорат органларидан молиявий ҳисоботларини яширган. Бунга қадар ACCELS ходимларидан бири Труитт Натан Тиг Браун аккредитациядан маҳрум қилинган ва мамлакатдан чиқариб юборилган эди.
Бу ташкилот Ўзбекистонда 1995 йилдан буён фаолият юритиб келган.

АҚШ махсус делегацияси Қирғизистондаги ҳарбий база учун ижара ҳақининг оширилиши масаласини муҳокама қилиш учун Бишкекка келди.

Февраль ойида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев Бишкекдаги Ганси авиабазаси учун тўланадиган ҳақ АҚШ томони аввал тўлаб келаётган миқдордан 100 баробар оширилишини маълум қилган эди.
АҚШ ҳукумати бу базадан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун фойдаланади.

Беларусда мухолифат етакчиларидан бири Сергей Ляшкевич олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Озодлик” мухбирининг хабарига кўра, С.Ляшкевич одамларни оммавий тартибсизликка тайёрлашда айбланган. У мухолифатнинг президент сайловидаги ягона номзоди Александр Милинкевичнинг Шучинск туманидаги сайлов штабини бошқарган эди.
С.Ляшкевич 2 март куни – сайловолди кампанияси авж олиб турган бир вақтда ҳибсга олинган ҳамда тергов изоляторига ташланган.

Кобул шаҳрида Америка ҳарбийларига тегишли зирҳли техника автомобиль билан тўқнашиб кетиши оқибатида Афғонистоннинг беш фуқароси ҳалок бўлди.

Ҳодиса жойида дарҳол тартибсизлик юзага келиб, ғазабланган оломон ҳарбийларга қарата тош ота бошлади.
Ахборот агентликлари хабарига кўра, Америка ҳарбийлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари ходимлари оломонга қарата ўқ узишга мажбур бўлган. Натижада аҳоли ўртасида қурбонлар бўлган.
“Бундан буён Ҳомид Карзай бизнинг президентимиз бўлишига йўл қўймаймиз. Биз унга қарши норозилик билан чиқамиз”, - деди тартибсизликда қатнашганлардан бири.
Ўз ҳарбийларининг бу воқеага алоқадорлигини тасдиқлаган Америка ҳарбий қўмондонлиги эса ҳодисада қурбонлар берилгани ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатлангани учун узр сўради.
Мамлакат президенти Ҳомид Карзай ҳам кобулликларни тинчланишга чақирди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG