Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 16:16

Халқаро янгиликлар

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар парламентлари раисларининг Москвада ўтган учрашувида ушбу минтақавий ташкилот доирасида парламентлараро ассамблея тузиш ва ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Россия парламентининг юқори палатаси раиси Сергей Миронов ўз чиқишида: “Гиëҳвандлик моддалари контрабандаси, ноқонуний муҳожирлик, одам савдоси ва қурол-яроқларнинг ноқонуний сотилиши бугунги учрашувимизнинг устивор масаласидир. Ҳаëт кўрсатаëтганидек¸ фақатгина коллектив ва қўшнилик алоқалари асосида табиий офатлар ва трансчегара табиий манбаларини муҳофаза қилса бўлади”, - деди.
Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов ўз ҳукумати МДҲ ҳудудида ШҲТга муқобил бўлган ҳар қандай ташкилотнинг тузилишига қарши эканини билдирди.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Теҳрон Европа Иттифоқи “учлиги” – Буюк Британия, Франция ва Германия билан ўз ядровий дастури юзасидан музокараларни қайта тиклашга тайëрлигини билдирди.

2005 йил августда Теҳрон уранни бойитиш ишларини қайта бошлагач, Европа Иттифоқи “учлиги” Эрон билан музокараларни тўхтатган эди.
БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо мамлакатлар ҳамда Германия расмийлари 1 июнь куни Венада Эрон ядровий дастури атрофидаги бўҳронни муҳокама қилади.
Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатди. Вазирлик, шунингдек, Теҳронни Атом энергияси халқаро агентлиги билан тўлақонли ҳамкорлик қилишга чақирди.
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ҳомид Ризо расмий Теҳрон Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо мамлакатларнинг бу мазмундаги ҳар қандай чақириғини рад этишини таъкидлади.

Афғонистон расмийлари душанба кунги исёнларга алоқадорликда айбланаётган ўнлаб одам қўлга олинганини маълум қилди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Юсуф Станизай текширув ишлари олиб борилаëтгани ва ушбу тартибсизликларга сиëсий гуруҳларнинг ҳам алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар мавжудлигини айтди.
“Душанба куни Кобулда юз берган зўравонликларга алоқадорликда гумон қилинаëтган 140га яқин киши ҳибсга олинди. Улар сўроққа тутилмоқда. Қўлга олинганлардан айримлари юзага келган зўравонликдан фойдаланган ҳолда ўғирлик қилишни режалаштирганини тан олди. Биз сал кейинроқ уларнинг асл мақсади нима бўлганини аниқлашга ҳаракат қиламиз”, - деди Ю.Станизай.
Душанба кунги тўполонлар АҚШ ҳарбийларига тегишли зирҳли машина чорраҳада афғонистонликларнинг 12 автомобили билан тўқнашиб кетиши оқибатида келиб чиққан эди.
Афғонистон Ички ишлар вазирлиги бу ҳодисада 5 киши ҳалок бўлгани, тартибсизликлар пайтида эса камида 8 одам ўлганини билдирди.
Афғонистонга тегишли бошқа бир хабарда қуролли гуруҳ томонидан Ғарб гуманитар ташкилотларига ишловчи 4 маҳаллий фуқаро отиб ўлдирилгани айтилади. Ўлдирилганлардан уч нафари аëл, бири эркакдир.

Ғарб ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида “Исломий жиҳод” гуруҳининг уч аъзоси ва фаластинлик полициячини ўлдирган.

Ғарбий соҳилда ўтказилган бошқа операция давомида “Ал-Ақса мазлумлари” гуруҳига мансуб уч жангари ўлдирилган. “Исломий жиҳод” гуруҳи ушбу йўқотиш учун ўч олишга ваъда берган.

25 май куни Москва яқинида арманистонлик 19 ёшли Артур Сардарян ирқчилар қурбонига айланди.

У электр поездида калтаклаб ва пичоқлаб ўлдирилди.
Адвокат Симон Цатуряннинг ҳодиса гувоҳларига таяниб айтишича, ирқчилар “Россияга шон-шарафлар бўлсин!”, дея қичқирган.

Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн унинг устидан давом этаëтган суд жараёнида айблов томони учун қанча вақт ажратилган бўлса, ҳимоя учун ҳам шунча вақт берилишини талаб қилди.

Саддам Ҳусайн ва унинг етти сафдоши 1982 йилда Дужайл қишлоғида шиаларни оммавий қатл қилишда айбланмоқда.




Фаластин бош вазири Исмоил Хония ҳукумат маошини олмай қолган юз минглаб одамга пул беришини маълум қилди.

И.Хония бошчилигидаги “Хамас” гуруҳи ҳукумат тепасига келгач, дунë жамоатчилиги мухториятга кўрсатилаëтган молиявий ëрдамни тўхтатиб қўйган эди.
Ишчиларга тўланадиган пулнинг қаердан олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Пак Нам Сун Хитойга 7 кунлик сафарини бошлади.

Ушбу сафарда томонлар Пхеняннинг ядровий дастури бўйича музокараларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.
Хитойда Пак Сун Нам хитойлик ҳамкасби Лу Жаоксинг билан учрашди. Ушбу учрашувда Лу Жаконинг ўз мамлакати Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлашини билдирди.

БМТнинг инсонпарварлик ëрдам кўрсатиш идораси Индонезиядаги вазият назорат остидалигини маълум қилди.

27 май куни мамлакатнинг Ява оролида юз берган кучли зилзила оқибатида 5,5 мингга яқин киши ҳалок бўлган, 200 мингга яқин одам бошпанасиз қолганди.


Расмий Тошкент АҚШга қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилотини ёпишга киришди.

Таълим соҳасида фаолият юритиб келаëтган ушбу ташкилот ўзбекистонлик талабаларга АҚШда таҳсил олиш учун алмашинув дастурларини тақдим этиб келаётган эди.
ACCELSнинг ҳукумат нишонига айлангани сабаблари ҳозирча номаълум.

Қозоғистон пойтахти Остонадаги энг баланд бинода юз берган ёнғин туфайли кўплаб одам хавфсиз жойга кўчирилди.

32 қаватли бу бинода мамлакатнинг бир нечта вазирликлари жойлашган. Айни пайтда ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ўғли Илҳом пул бирликларини қалбакилаштиришда айбланмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 22 май куни ҳибсга олинган Илҳом Зайнобиддинов қирғиз ва ўзбек пул бирликлари ҳамда яна бошқа ҳужжатларни қалбакилаштирган.
Вазирлик унинг ҳибсга олиниши ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Бироқ “Фарғона.ру” сайтида ёзилишича, И.Зайнобиддинов отасининг эски танишлари билан алоқада ўрнатгани ва унинг ишларини давом эттиргани учун ҳибсга олинган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Америкага қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилоти ваколатхонасини ёпмоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари судига мазкур ташкилот фаолиятини тўхтатиш тўғрисида тақдимнома киритилган.
Адлия вазирлиги таъкидига кўра, ташкилот фаолияти давомида ўз низомидан четга чиққан, шунингдек, тегишли назорат органларидан молиявий ҳисоботларини яширган. Бунга қадар ACCELS ходимларидан бири Труитт Натан Тиг Браун аккредитациядан маҳрум қилинган ва мамлакатдан чиқариб юборилган эди.
Бу ташкилот Ўзбекистонда 1995 йилдан буён фаолият юритиб келган.

АҚШ махсус делегацияси Қирғизистондаги ҳарбий база учун ижара ҳақининг оширилиши масаласини муҳокама қилиш учун Бишкекка келди.

Февраль ойида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев Бишкекдаги Ганси авиабазаси учун тўланадиган ҳақ АҚШ томони аввал тўлаб келаётган миқдордан 100 баробар оширилишини маълум қилган эди.
АҚШ ҳукумати бу базадан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун фойдаланади.

Беларусда мухолифат етакчиларидан бири Сергей Ляшкевич олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Озодлик” мухбирининг хабарига кўра, С.Ляшкевич одамларни оммавий тартибсизликка тайёрлашда айбланган. У мухолифатнинг президент сайловидаги ягона номзоди Александр Милинкевичнинг Шучинск туманидаги сайлов штабини бошқарган эди.
С.Ляшкевич 2 март куни – сайловолди кампанияси авж олиб турган бир вақтда ҳибсга олинган ҳамда тергов изоляторига ташланган.

Кобул шаҳрида Америка ҳарбийларига тегишли зирҳли техника автомобиль билан тўқнашиб кетиши оқибатида Афғонистоннинг беш фуқароси ҳалок бўлди.

Ҳодиса жойида дарҳол тартибсизлик юзага келиб, ғазабланган оломон ҳарбийларга қарата тош ота бошлади.
Ахборот агентликлари хабарига кўра, Америка ҳарбийлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари ходимлари оломонга қарата ўқ узишга мажбур бўлган. Натижада аҳоли ўртасида қурбонлар бўлган.
“Бундан буён Ҳомид Карзай бизнинг президентимиз бўлишига йўл қўймаймиз. Биз унга қарши норозилик билан чиқамиз”, - деди тартибсизликда қатнашганлардан бири.
Ўз ҳарбийларининг бу воқеага алоқадорлигини тасдиқлаган Америка ҳарбий қўмондонлиги эса ҳодисада қурбонлар берилгани ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатлангани учун узр сўради.
Мамлакат президенти Ҳомид Карзай ҳам кобулликларни тинчланишга чақирди.

Бағдодда Саддам Ҳусайн устидан суд ўз ишини давом эттирди.

Судда айбланувчилар курсисида собиқ диктатордан ташқари унинг етти сафдоши ҳам ўтирибди.
Уларнинг барчаси 1982 йилда Ироқ президентига уюштирилган суиқасддан кейин Дужайл қишлоғида шиаларнинг оммавий қирғин қилинишида айбланмоқда.
Навбатдаги суд йиғилишида гувоҳларни эшитиш давом эттирилди.

Ироқда рўй берган навбатдаги портлашлар оқибатида 35 дан ортиқ киши қурбон бўлди.

Бағдод шимолидаги Холис шаҳрида ишчилар бораётган автобус минага учраб, 11 одам ҳалок бўлди. Бағдоднинг, асосан, суннийлар яшайдиган ҳудудидаги мактаб ёнида ҳам мина ўрнатилган машина портлаб, 8 киши ўлди. Худди шу ҳудуддаги масжидлардан бири ёнида ҳам автомобиль портлади ва 9 одам нобуд бўлди.
Ироқда нотинчлик ҳукм суриб турган бир шароитда мамлакат сиёсатчилари ҳануз мудофаа ва ички ишлар вазирларини тайинлай олмаяпти.
Тахмин қилинишича, шу ҳафта охиригача бу масала бўйича якдил қарорга келиниши мумкин.

Индонезиянинг Ява оролига БМТнинг гуманитар ёрдам ортилган самолёти етиб келди.

27 май куни содир бўлган кучли ер силкиниши оқибатида беш мингга яқин киши нобуд бўлди. Омон қолганларга эса биринчи навбатда тоза ичимлик сув, озиқ-овқат ва чодирлар етказилмоқда. Бироқ бу ёрдам ҳали жуда оз.
“Вакилларимиз Индонезия ҳукумати билан бирга дастлабки эҳтиёж кўламини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бундай вазиятларда, аввало, одамларни озиқ-овқат ва жароҳатланганларни эса биринчи ёрдам билан таъминлаш керак. Айнан қандай ёрдам кучлари зарурлиги эса сал кечроқ маълум бўлади”, - деди оролдаги вазиятни шарҳлаган Жаҳон банки раҳбари Пол Вулфовец.
Ҳозир оролда кўплаб кўнгиллилар ишламоқда. Ява аҳолиси эса тунни очиқ осмон остида ўтказяпти. Чунки яна кучли ер силкиниши бўлишидан қаттиқ хавотир бор. Шу боис, Ява оролида уч ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Европа Кенгаши парламент ассамблеяси раиси Рене ван дер Линден Бесландаги мактабга қилинган ҳужумда қатнашишда айбланган Нурпошшо Кулаевга берилган жазодан қониқиш билдирди.

Европа Кенгашининг Москва шаҳрида ўтказилаётган кичик сессиясида Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов мамлакат ҳукумати Россияда эртами-кечми ўлим жазосини бекор қилиш ниятида эканини билдирди.
Ўтган ҳафтада прокурор ўлим жазосини сўраганига қарамай, Шимолий Осетия Олий суди Н.Кулаевни умрбод қамоққа ҳукм қилганди.

Россияда икки йилдан кейин ўқувчилар сони чорак қисмга қисқариши мумкин.

Бу ҳақда Россия таълим ва фан вазири Андрей Фурсенко маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россиядаги ўқувчиларнинг умумий сони охирги бир неча йил ичида беш миллионга қисқарган.
Вазир бу ҳолатни “демографик емирилиш”, деб атади.

Канн кинофестивалининг асосий мукофоти – “Олтин пальма навдаси”га “Арчагулни тебратаётган шамол” фильми сазовор бўлди.

“Биз учун Канн фестивалида шунчаки қатнашиш ҳам катта шараф. Бу фестиваль жаҳон киноси учун энг ажойиб байрам. Бу фестиваль жаҳон кинематографиясининг юрагидир”, - деди фильм режиссери британиялик Кен Лоуч тақдимот маросимида.
Фестиваль гран-приси француз режиссёри Брюно Дюмоннинг “Фландрия” фильмига берилди. Энг яхши режиссура учун мукофот эса мексикалик ижодкор Александр Гонсалес Инарритуга “Вавилон” фильми учун топширилди.

Индонезиянинг Ява оролидаги зилзиладан азият чекканларга ёрдам олиб келган БМТнинг дастлабки самолёти етиб келди.

Самолёт тоза ичимлик суви, чодирлар ва газ плиталарини олиб келди.
Айни пайтда, зилзиладан омон қолганлар икки кундан бери ташқарида кун кечирмоқда. Қаттиқ ёққан ёмғир уларни базиларини ўз уйлари вайроналарига қайтишга мажбурлади.
Индонезия ҳукумати Ява оролларида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Фалокат қурбонларининг сони тўрт минг олти юздан ошгани хабар қилинмоқда.
Мамлакат вице президенти Юсуф Калла фавқулодда ҳолат уч ой давом этиши маълум қилди. Ҳукумат келаси бир йил ичида зилзиладан зарар кўрган жойларни тиклашини, қўшимча қилди Индонезия расмийси.
Бироқ воқеа жойидан хабар қилинишича, зилзиладан азият чекканларга озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва чодирлар етишмаяпти.
Зилзила рўй берган Йогякарта шаҳар касалхонасининг шифокорларидан бири Доктор Буди дори-дармон ва тиббий восиатлар ҳам етишмаётганини айтади.
“Ҳозир энг кераклиси дори дармон ва тиббий анжомлардир. Кўпчилик жароҳат олган, шунинг учун катта миқдорда оғриқсизлантирувчи дори воситалари ҳамда антибиотиклар керак”, - дейди шифокор.
Шанба кунги зилзила кучи 6,3 балл бўлиб, Индонезиянинг тарихий обидалари, жумладан Йогякартадаги қирол қасрига зарар етказди.

Россия ва Эрон ўртасида Теҳроннинг муноазарали ядровий дастурига оид навбатдаги музокаралар раунди бўлиб ўтди.

Учрашувдан сўнг Теҳрон расмийлари, икки томон мавжуд бўҳронни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ишлашда давом этишга келишиб олганини маълум қилди.
Россия хавфсизлик кенгаши котиби Игор Иванов эронлик ҳамкасби Али Ларижоний билан беш соат давомида музокара олиб борди.
Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши эълон қилган баёнотда, икки томон Эрон ядровий масаласини дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори экани ва бу борада ишлашда давом этажаги айтилади.
Россия БМТнинг Эронга нисбатан санкциялар жорий этишига қарши чиқмоқда.
Келаси чоршанба куни Ислом конференцияси ташкилоти раиси Акмалиддин Эҳсон ўғлининг Эронга бориши ҳамда Теҳрон ва Ғарб ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишни таклиф этиши кутилмоқда.
Якшанба куни Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хаменейи Теҳрон ўз ядровий дастуридан воз кечмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Якшанба куни Рамаллоҳда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Ҳамас гуруҳи ва бошқа партиялар билан Исроил давлатини тан олишга чақирувчи режани қабул қилиш бўйича музокараларни бошлади.

Аббос Фаластин парламентидаги партия вакиллари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашди. Учрашувда Исроил турмаларида ўтирган Фаластин етакчилари ишлаб чиққан ҳужжатлар муҳокама этилди.
Учрашувда иштирок этган Ҳамас расмийси мазкур масала бўйича маълум силжишлар кўринаётганини айтган.
Фаластин ҳукуматига бошчилиқ қилаётган Ҳамас гуруҳининг низоми Исроил давлатини йўқ қилишга чақиради.
Шунга қарамасдан, Фаластиннинг яна бир радикал гуруҳи – Фаластинни озод этиш халқ фронти якшанба куни Ҳамас билан коалиция тузишга тайёрлигини маълум қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG