Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:32

Халқаро хабарлар

Айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг ўғли Илҳом пул бирликларини қалбакилаштиришда айбланмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 22 май куни ҳибсга олинган Илҳом Зайнобиддинов қирғиз ва ўзбек пул бирликлари ҳамда яна бошқа ҳужжатларни қалбакилаштирган.
Вазирлик унинг ҳибсга олиниши ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Бироқ “Фарғона.ру” сайтида ёзилишича, И.Зайнобиддинов отасининг эски танишлари билан алоқада ўрнатгани ва унинг ишларини давом эттиргани учун ҳибсга олинган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Америкага қарашли ACCELS ноҳукумат ташкилоти ваколатхонасини ёпмоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари судига мазкур ташкилот фаолиятини тўхтатиш тўғрисида тақдимнома киритилган.
Адлия вазирлиги таъкидига кўра, ташкилот фаолияти давомида ўз низомидан четга чиққан, шунингдек, тегишли назорат органларидан молиявий ҳисоботларини яширган. Бунга қадар ACCELS ходимларидан бири Труитт Натан Тиг Браун аккредитациядан маҳрум қилинган ва мамлакатдан чиқариб юборилган эди.
Бу ташкилот Ўзбекистонда 1995 йилдан буён фаолият юритиб келган.

АҚШ махсус делегацияси Қирғизистондаги ҳарбий база учун ижара ҳақининг оширилиши масаласини муҳокама қилиш учун Бишкекка келди.

Февраль ойида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев Бишкекдаги Ганси авиабазаси учун тўланадиган ҳақ АҚШ томони аввал тўлаб келаётган миқдордан 100 баробар оширилишини маълум қилган эди.
АҚШ ҳукумати бу базадан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун фойдаланади.

Беларусда мухолифат етакчиларидан бири Сергей Ляшкевич олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

“Озодлик” мухбирининг хабарига кўра, С.Ляшкевич одамларни оммавий тартибсизликка тайёрлашда айбланган. У мухолифатнинг президент сайловидаги ягона номзоди Александр Милинкевичнинг Шучинск туманидаги сайлов штабини бошқарган эди.
С.Ляшкевич 2 март куни – сайловолди кампанияси авж олиб турган бир вақтда ҳибсга олинган ҳамда тергов изоляторига ташланган.

Кобул шаҳрида Америка ҳарбийларига тегишли зирҳли техника автомобиль билан тўқнашиб кетиши оқибатида Афғонистоннинг беш фуқароси ҳалок бўлди.

Ҳодиса жойида дарҳол тартибсизлик юзага келиб, ғазабланган оломон ҳарбийларга қарата тош ота бошлади.
Ахборот агентликлари хабарига кўра, Америка ҳарбийлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари ходимлари оломонга қарата ўқ узишга мажбур бўлган. Натижада аҳоли ўртасида қурбонлар бўлган.
“Бундан буён Ҳомид Карзай бизнинг президентимиз бўлишига йўл қўймаймиз. Биз унга қарши норозилик билан чиқамиз”, - деди тартибсизликда қатнашганлардан бири.
Ўз ҳарбийларининг бу воқеага алоқадорлигини тасдиқлаган Америка ҳарбий қўмондонлиги эса ҳодисада қурбонлар берилгани ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатлангани учун узр сўради.
Мамлакат президенти Ҳомид Карзай ҳам кобулликларни тинчланишга чақирди.

Бағдодда Саддам Ҳусайн устидан суд ўз ишини давом эттирди.

Судда айбланувчилар курсисида собиқ диктатордан ташқари унинг етти сафдоши ҳам ўтирибди.
Уларнинг барчаси 1982 йилда Ироқ президентига уюштирилган суиқасддан кейин Дужайл қишлоғида шиаларнинг оммавий қирғин қилинишида айбланмоқда.
Навбатдаги суд йиғилишида гувоҳларни эшитиш давом эттирилди.

Ироқда рўй берган навбатдаги портлашлар оқибатида 35 дан ортиқ киши қурбон бўлди.

Бағдод шимолидаги Холис шаҳрида ишчилар бораётган автобус минага учраб, 11 одам ҳалок бўлди. Бағдоднинг, асосан, суннийлар яшайдиган ҳудудидаги мактаб ёнида ҳам мина ўрнатилган машина портлаб, 8 киши ўлди. Худди шу ҳудуддаги масжидлардан бири ёнида ҳам автомобиль портлади ва 9 одам нобуд бўлди.
Ироқда нотинчлик ҳукм суриб турган бир шароитда мамлакат сиёсатчилари ҳануз мудофаа ва ички ишлар вазирларини тайинлай олмаяпти.
Тахмин қилинишича, шу ҳафта охиригача бу масала бўйича якдил қарорга келиниши мумкин.

Индонезиянинг Ява оролига БМТнинг гуманитар ёрдам ортилган самолёти етиб келди.

27 май куни содир бўлган кучли ер силкиниши оқибатида беш мингга яқин киши нобуд бўлди. Омон қолганларга эса биринчи навбатда тоза ичимлик сув, озиқ-овқат ва чодирлар етказилмоқда. Бироқ бу ёрдам ҳали жуда оз.
“Вакилларимиз Индонезия ҳукумати билан бирга дастлабки эҳтиёж кўламини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бундай вазиятларда, аввало, одамларни озиқ-овқат ва жароҳатланганларни эса биринчи ёрдам билан таъминлаш керак. Айнан қандай ёрдам кучлари зарурлиги эса сал кечроқ маълум бўлади”, - деди оролдаги вазиятни шарҳлаган Жаҳон банки раҳбари Пол Вулфовец.
Ҳозир оролда кўплаб кўнгиллилар ишламоқда. Ява аҳолиси эса тунни очиқ осмон остида ўтказяпти. Чунки яна кучли ер силкиниши бўлишидан қаттиқ хавотир бор. Шу боис, Ява оролида уч ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Европа Кенгаши парламент ассамблеяси раиси Рене ван дер Линден Бесландаги мактабга қилинган ҳужумда қатнашишда айбланган Нурпошшо Кулаевга берилган жазодан қониқиш билдирди.

Европа Кенгашининг Москва шаҳрида ўтказилаётган кичик сессиясида Россия Давлат думаси раиси Борис Гризлов мамлакат ҳукумати Россияда эртами-кечми ўлим жазосини бекор қилиш ниятида эканини билдирди.
Ўтган ҳафтада прокурор ўлим жазосини сўраганига қарамай, Шимолий Осетия Олий суди Н.Кулаевни умрбод қамоққа ҳукм қилганди.

Россияда икки йилдан кейин ўқувчилар сони чорак қисмга қисқариши мумкин.

Бу ҳақда Россия таълим ва фан вазири Андрей Фурсенко маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россиядаги ўқувчиларнинг умумий сони охирги бир неча йил ичида беш миллионга қисқарган.
Вазир бу ҳолатни “демографик емирилиш”, деб атади.

Канн кинофестивалининг асосий мукофоти – “Олтин пальма навдаси”га “Арчагулни тебратаётган шамол” фильми сазовор бўлди.

“Биз учун Канн фестивалида шунчаки қатнашиш ҳам катта шараф. Бу фестиваль жаҳон киноси учун энг ажойиб байрам. Бу фестиваль жаҳон кинематографиясининг юрагидир”, - деди фильм режиссери британиялик Кен Лоуч тақдимот маросимида.
Фестиваль гран-приси француз режиссёри Брюно Дюмоннинг “Фландрия” фильмига берилди. Энг яхши режиссура учун мукофот эса мексикалик ижодкор Александр Гонсалес Инарритуга “Вавилон” фильми учун топширилди.

Индонезиянинг Ява оролидаги зилзиладан азият чекканларга ёрдам олиб келган БМТнинг дастлабки самолёти етиб келди.

Самолёт тоза ичимлик суви, чодирлар ва газ плиталарини олиб келди.
Айни пайтда, зилзиладан омон қолганлар икки кундан бери ташқарида кун кечирмоқда. Қаттиқ ёққан ёмғир уларни базиларини ўз уйлари вайроналарига қайтишга мажбурлади.
Индонезия ҳукумати Ява оролларида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Фалокат қурбонларининг сони тўрт минг олти юздан ошгани хабар қилинмоқда.
Мамлакат вице президенти Юсуф Калла фавқулодда ҳолат уч ой давом этиши маълум қилди. Ҳукумат келаси бир йил ичида зилзиладан зарар кўрган жойларни тиклашини, қўшимча қилди Индонезия расмийси.
Бироқ воқеа жойидан хабар қилинишича, зилзиладан азият чекканларга озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва чодирлар етишмаяпти.
Зилзила рўй берган Йогякарта шаҳар касалхонасининг шифокорларидан бири Доктор Буди дори-дармон ва тиббий восиатлар ҳам етишмаётганини айтади.
“Ҳозир энг кераклиси дори дармон ва тиббий анжомлардир. Кўпчилик жароҳат олган, шунинг учун катта миқдорда оғриқсизлантирувчи дори воситалари ҳамда антибиотиклар керак”, - дейди шифокор.
Шанба кунги зилзила кучи 6,3 балл бўлиб, Индонезиянинг тарихий обидалари, жумладан Йогякартадаги қирол қасрига зарар етказди.

Россия ва Эрон ўртасида Теҳроннинг муноазарали ядровий дастурига оид навбатдаги музокаралар раунди бўлиб ўтди.

Учрашувдан сўнг Теҳрон расмийлари, икки томон мавжуд бўҳронни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ишлашда давом этишга келишиб олганини маълум қилди.
Россия хавфсизлик кенгаши котиби Игор Иванов эронлик ҳамкасби Али Ларижоний билан беш соат давомида музокара олиб борди.
Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши эълон қилган баёнотда, икки томон Эрон ядровий масаласини дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори экани ва бу борада ишлашда давом этажаги айтилади.
Россия БМТнинг Эронга нисбатан санкциялар жорий этишига қарши чиқмоқда.
Келаси чоршанба куни Ислом конференцияси ташкилоти раиси Акмалиддин Эҳсон ўғлининг Эронга бориши ҳамда Теҳрон ва Ғарб ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишни таклиф этиши кутилмоқда.
Якшанба куни Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хаменейи Теҳрон ўз ядровий дастуридан воз кечмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Якшанба куни Рамаллоҳда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Ҳамас гуруҳи ва бошқа партиялар билан Исроил давлатини тан олишга чақирувчи режани қабул қилиш бўйича музокараларни бошлади.

Аббос Фаластин парламентидаги партия вакиллари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашди. Учрашувда Исроил турмаларида ўтирган Фаластин етакчилари ишлаб чиққан ҳужжатлар муҳокама этилди.
Учрашувда иштирок этган Ҳамас расмийси мазкур масала бўйича маълум силжишлар кўринаётганини айтган.
Фаластин ҳукуматига бошчилиқ қилаётган Ҳамас гуруҳининг низоми Исроил давлатини йўқ қилишга чақиради.
Шунга қарамасдан, Фаластиннинг яна бир радикал гуруҳи – Фаластинни озод этиш халқ фронти якшанба куни Ҳамас билан коалиция тузишга тайёрлигини маълум қилди.

БМТнинг Ливандаги ваколатхонаси, Ливан-Исроил чегарасида Исроил хавфсизлик кучлари ва жанггарилар ўртасида рўй берган тўқнашувларни тўхтатишга муваффақ бўлганини маълум қилди.

Ливандаги БМТ муваққат ҳарбий кучларининг маслаҳтчиси Милош Штругар музокарачилар икки томон билан мулоқот қилаётгани ва сулҳ тузишга эришилганини маълум қилди.
БМТ вакили сулҳ келишуви амал қилишига умид билдирди.
Кеча кечқурун, Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт Ливандаги Ҳизбуллоҳ жанггарилари чегара ҳудудларига ҳужум қилишни тўхтатмаса, бунга “аниқ ва кескин” жавоб берилишини ваъда қилди.
Олмертнинг бу баёнотидан олдин Исроил ҳарбий учқичлари Ҳизбуллоҳ ҳужумларига жавобан Ливан чегара ҳудудларини бомбардимон қилди. ундан олдин эса, Исроил ҳарбий самолётлари Ливан ҳудудидаги иккита жанггарилар базасини бомбардимон қилди. базаларининг бири пойтаҳт Байрут яқинида жойлашгани айтилмоқда.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг Теҳронга ташрифи чоғида Эрон ва Афғонистон икки томонлама муносабатларни яхшилаш ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича келишиб олдилар.

Икки томон вакиллари урушдан азият кўрган Афғонистонни тиклаш, мамлакат иқтисодига сармоя ётқизиш ҳамда маданият ва фан соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича еттита ҳужжатни имзоладилар.
Карзай Эрон олий руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Хаменейи, президент Маҳмуд Аҳмадинажот ва бошқа ҳукумат расмийлари билан учрашди.
Теҳрон ва Кобул шунингдек, қочқинларни ўз юртларига қайтариш бўйича ҳам келишиб олдилар.

Францияда Канн кинофестивали ниҳоясига етди.

Кинофестивалнинг “Олтин палма бутоғи” мукофоти Британиялик кинорежиссер ижодига мансуб “Арпани тебратувчи шамол” фильмига берилди.
“Олтин пальма бутоғи” учун 19 фильм курашди. Унга сазовор бўлган “Арпани тебратувчи шамол” фильми 1920 йилларда Ирландия мустақиллиги учун кураш ҳақида ҳикоя қилади.
Канн кинофестивалининг гран-приси франциялик режиссер Бруно Думон суратга олган “Фландрия” фильмига берилди.
Энг зўр актер танловидаги мукофотга, одатга зид равишда, бирданига беш актер, “Шаҳрат кунлари” фильми суратга тушган Жамил Дебуз, Сами Насери, Рушдий Зем, Сами Буажила ва Бернар Бланкан сазовор бўлди.
Энг зўр актриса номинациясидаги мукофот ҳам, испаниялик режиссер Педро Алмоварнинг “Қайтиш” фильмида ўйнаган актрисалар Пенелопа Круз, Кармен Маура, Лола Дуенас, Бланка Портилло, Йоҳана Кобо ва Чус Лампреавега берилди.
Педро Алмовар ўзининг “Қайтиш” фильми билан энг зўр сценарий учун мукофотини ҳам қўлга киритди.

Якшанба куни Ироқ расмийлари ички ишлар ҳамда мудофаа вазирларини белгиланган муддатда тайинлай олмаганларини маълум қилди.

Ҳукумат расймиларининг айтишича, вазирлар келаси ҳафта ичида тайинланади. Шанба куни ўтказилган музокараларда барча томонларни рози қилувчи номзодлар аниқланмади.
Ироқ бош вазири Нури Комил ал-Маликий 20 май куни шиалар, суннийлар ва курдлардан иборат коалиция тузилганини маълум қилган эди.
Якшанба куни мамлакат бўйлаб амалга оширилган зўравонликларда уч киши ҳалок бўлгани ва 30га яқин одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.
Айни пайтда, Иқронинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн устидан суд душанба куни давом этиши айтилмоқда. Собиқ диктатор Саддам Ҳусайн ва унинг етти ёрдамчиси инсониятга қарши жиноят содир этганликда, хусусан 1982 йилда Дужайл шаҳарчасида собиқ диктаторга нисбатан суиқасд уюштирилганидан кейин 143 шиани ўлдирганликда айбланмоқда.

Европа парламент ассамблеяси кенгашининг президенти Рене ван дер Линден бугун Россияга боради.

Европа расмийсининг Россия президенти Владимир Путин билан учрашиши кутилмоқда. Музокаралар Россиянинг Европа Кенгашига раислик даврида амалга оширилажак режалар муҳокамасига бағишланиши айтилмоқда.
19 май куни Россияга Европа Кенгашининг олти ойлик раислиги берилди. Россия 1996 йилда Европанинг инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланувчи муассаси ҳиобланмиш кенгашига аъзо бўлганидан бери, биринчи марта унга раислик қилмоқда.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолганда, мусобақа иштирокчилари бўлмиш терма жамоалар ўртоқлик учрашувларида кучларини синаб кўрмоқда.

Кеча, жаҳон биринчилигида биринчи марта мустақил давлат шаънини ҳимоя қилаётган Украина терма жамоаси Коста Рика командаси билан яшил майдонга чиқди. Ўртоқлик учрашуви тўрту нол натижаси, украиналиклар ғалабаси билан якуналнди. Бу беллашувда украиналиклар ҳужумчиси Андрей Шевченко иштирок этмади. Италиянинг Милан жамоасида тўп сурувчи Шевченко лат еган тизаси тўла даволанмагани айтилмоқда.
Якшанба куни шунингдек, Эрон ва Хорватия терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган учрашув 2:2 дурранг натижаси билан якунланди. Эронлик футболчилар беллашув давомида икки марта олдинга чиқди, бироқ матч якунидаги пеналти, хорватияликларни мағлубиятдан қутқарди.
Кеча ўтказилган бошқа ўртоқлик ўйинларида АҚШ терма жамоаси Латвия устидан 1:0 ҳисоби билан ғалаба қозонди, эквадорликлар эса жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаган Македонияга 2:1га ютқазиб қўйди.

Кеча Рим папаси Бенедикт Иккинчи жаҳон уруши пайтида нацистларга тегишли бўлган Польшадаги Освенцим-Биркенау концлагерида бўлиб, даҳшатдан лол қолганини айтди.

Немис халқи фарзанди сифатида, концларгерда Худо ва инсонга қарши мисли кўрилмаган оммавий жиноятнинг амалга оширилганини қоралайман, деди Рим Папаси Бенедикт 16чи.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Освенцим концлагерида бир ярим миллион одам, асосан яҳудийлар ўлдирилган. Освенцим қурбонлари орасида руслар, поляклар ва немислар ҳам бўлган.
Бенедикт лагернинг минглаб махбуслар отиб ўлдирилган қатл девори бўйлаб сукут сақлаб юрди.
Краковда Рим Папаси ўтказган ибодатга 900 минг одам йиғилди.
Освенцим зиёрати понтификнинг Польша сафаридаги якуний нуқтаси бўлди.

Индонезиядаги зилзила қурбонлари сони 4600 кишига етди. Жароҳатланганлар эса 20 мингдан ортиқ.

Вайроналар остида ҳам анча одам қолиб кетгани тахмин қилинмоқда. 100 мингдан ортиқ фуқаро бошпанасиз қолди.
Табиий офат рўй берган ҳудудга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берила бошлади. Зилзила маркази Ёгякарта шаҳри шифохоналари ходимлари дори-дармон ва тиббий асбоблар етишмаётганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, 25 май куни Тошкентда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг уйига бир гуруҳ номаълум кимсалар бостириб кириб, бу уйда бўлган унинг сафдошлари Абдулло Тожибой ўғли, Аҳтам Шоймардонов ва Шоҳида Йўлдошевани калтаклаб, уларга тан жароҳати етказган.

Шундан кейин қашқадарёлик Ш.Йўлдошева номаълум манзилга олиб кетилган. Кейинчалик у Китоб шаҳридаги сил касаллиги диспансерига мажбуран ётқизилгани маълум бўлган.

Россия ҳукумати Эронга қарши куч ишлатилишига қатъий қарши.

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Игор Иванов эронлик ҳамкасби Али Ларижоний билан учрашувда шундай баёнот берди.
Эрон телевидениеси хабарига кўра, И.Иванов Россия АҚШдан фарқли равишда Эроннинг ядровий дастури теграсидаги зиддият мулоқот йўли билан ечилиши мумкинлигини таъкидлаган. У куч ишлатишнинг барча кўриниши фақат муаммонинг чигаллашиши, минтақадаги вазиятнинг эса кескинлашишига олиб келишини айтган.
Эроннинг олий раҳбари оятулло Али Ҳуманаий И.Иванов билан учрашув чоғида ўз мамлакати ядровий дастур бўйича тадқиқотларни тўхтатмаслиги, бу Эроннинг келажаги учун улкан энергетик имконият манбаи бўлиб қолажагини алоҳида таъкидлади.

Исроилнинг собиқ бош вазири Ариэл Шарон Қуддусдаги шифохонадан Тел-Авивдаги тиббиёт марказларидан бирига олиб келинди.

78 ёшли А.Шарон 5,5 ой олдин миясига қон қуюлиб, кома ҳолатига тушган эди. У ҳануз ҳушига келмади. Шифокорлар тахминича, бундан буёғига ҳам унинг ҳушига келиши амри маҳол.




Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG