Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:42

Халқаро хабарлар

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс бугун яна бир бор Оқ уй маъмуриятининг Ироққа уруш бошлаш режасини оқлашга уринди ва маъмурият Ироқда фуқаролар уруши чиқиш эҳтимолига тайëр эмас¸ деган танқидларни инкор этди.

Райс Ироқдаги вазият ва аксил-террор уруши билан боғлиқ масалаларни Англиянинг Блакберн шаҳрида фуқаролик жамияти ва мусулмон оқсоқоллари билан учрашуви чоғида муҳокама қилди.
Савол-жавоб чоғида йиғилганлардан бири Райсдан Ироққа уруш бошланганидан бери АҚШ минглаб хатога йўл қўйгани ҳақидаги баëнотига изоҳ беришни сўради.
“Менинг саволчига бермоқчи жавобим шу - қандайки бўлмасин қарор қабул қилар экансиз¸ албатта хатога ҳам йўл қўясиз. Аммо муҳими¸ йирик стратегик қарорларни тўғри қабул қилишдир. Мен Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш ва Ироқ халқига тинчлик ва демократия имконини беришнинг тўғри қарор бўлганига ишонаман”¸ - деди АҚШ Давлат котиби.
Ўз сўзида Райс шунингдек¸ АҚШ бундан кейин ҳам ўз ҳудудлари¸ ҳам дунë бўйлаб адолат ва қонун устиворлиги қарор топиши йўлидаги қатъиятини бўшаштирмаслигини ҳам айтиб ўтди.
Айни пайтда¸ Райснинг Британия сафари норозилик намойишлари фонида ўтмоқда.
“Кондолиза Райс¸ уйингга кет! Ҳей¸ Конди¸ бугун яна нечта болани ўлдирдинг”¸ - деб қичқиришди Блакберн шаҳрида намойишга чиққан 200 кишилик гуруҳ.

Фаластин бош вазири Исмоил Ҳания¸ Ғазодаги қуролли гуруҳлар ўртасида юзага чиққан отишма минтақадаги вазиятни қалтислаштириб юборганини билдирди.

Кеча Ғазода жанггари гуруҳ раҳбарларидан бири машинасига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида нобуд бўлди. Шундан сўнг бошланиб кетган отишмалар оқибатида уч одам ўлдирилди¸ 30 дан ошиғи жароҳат олди.
Ҳамас гуруҳига алоқадор бўлган жанггарилар раҳбарининг ўлдирилишига¸ унинг тарафдорлари фикрича¸ президент Маҳмуд Аббоснинг сайловларда мағлубиятга учраган Фатаҳ гуруҳи алоқадор.
Бош вазир мазкур воқеадан сўнг Фаластин хавфсизлик кучлари фуқароларни қуролсизлантириш ҳаракатини бошлаяжагини билдирди.

Эрон расмийларининг айтишларича¸ жума куни мамлакат ғарбида содир бўлган ер қимирлаши оқибатида 70 дан ошиқ одам нобуд бўлган¸ 15 мингдан ошиқ оила уйсиз қолган.

Сўнгги расмий маълумотга кўра¸ зилзила туфайли 330 қишлоққа жиддий зиëн етган¸ улардан баъзилари ер билан яксон бўлган.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Бақир Зулфиқор фалокат ҳудудларидаги қутқарув ишлари тугагани ва вайроналар ортида жасадлар қолмаганини эълон қилди.
БМТ зилзиладан азият чеккан аҳоли эҳтиëжларини ўрганиш мақсадида Эронга ўз мутахассислар гуруҳини жўнатишга ҳозирланмоқда.
АҚШ ҳукумати Эронга инсонпарварлик ëрдами жўнатишни таклиф қилди.
Россия ҳукуматининг қутқарувчилар ва тиббий хизматчилар гуруҳини юбориш таклифи “эҳтиëж йўқ” деган асосда расмий Теҳрон томонидан рад этилди.

Мексиканинг Канкун шаҳрида АҚШ¸ Канада ва Мексика раҳбарларининг икки кунлик йиғини ниҳоясига етди.

Учала раҳбар чегара хавфсизлиги¸ парранда грипи ва ëнилғи муаммолари бўйича биргаликда ишлаш ҳақда келишиб олдилар.
Шимолий Америка саммитида муҳокама этилган бош масалалардан бири¸ айтилишича¸ шу кунларда АҚШ Конгресси кўриб чиқаëтган муҳожират масаласи бўлган.
АҚШ президенти Жорж Буш Канкунда¸ ўзининг мамлакатдаги 12 миллионга яқин ноқонуний муҳожирларга қонуний ишчига айланиш имконини берадиган “меҳмон ишчилар” деб аталаëтган дастур тарафдори эканини такрорлади. Америкадиги ноқонуний муҳожирларнинг ярмидан кўпроғини мексикаликлар ташкил этади.
Президентнинг ушбу таклифи ноқонуний муҳожирларга қарши кескин чоралар қўллашни талаб этаëтган республикачилар қаршилигига учрамоқда.

Бугун Бразилия тарихидаги биринчи космонавт Россия-АҚШ экипажи ҳамроҳлигида ер атрофида парвоз қилаëтган Халқаро фазо станциясига қўнди.

Экипаж ўтирган Союз кемаси пайшанба куни Қозоғистоннинг Боўқўнғир космодромидан космосга кўтарилган эди.
Уч кишилик янги экипажнинг бразилиялик вакилини фазо станциясидаги россиялик космонавт Валерий Токарев: “Люкни очамиз. Салом Маркос....” - дея қарши олди.
Бразилиялик космонавт Маркос Понтес (суратда) бир ҳафтадан сўнг Халқаро фазо станциясининг ўз миссиясини тугатаëтган гуруҳи билан ерга қайтиб тушади.
Келаси олти ой давомида фазо станциясида россиялик космонавт Павел Виноградов ўз америкалик ҳамкасби Жеффри Виллиамс билан бирга фаолият олиб боради.

Пайшанба куни Ироқдаги қарийб уч ойлик тутқунликдан озод этилган америкалик журналист Жилл Карол бугун Германиядаги Америка ҳарбий базасига олиб келинди.

“Крисчиан Сайнс Монитор” газетаси мухбири 30 март куни озод этилиб¸ Бағдоддаги сунний партияси идораси олдига ташлаб кетилган эди.
Ҳозирча америкалик журналистни ким ўғирлаганию¸ қайси шартлар билан озод қилганига оид маълумот йўқ. Каролни ўғирлаган гуруҳ Ироқ қамоқхоналаридаги барча аëл маҳбуслар озод этилиши¸ акс ҳолда журналистнинг қатл этилишидан пўписа қилаëтган эди.

Туркия жануб-шарқида курд намойишчилари ва полиция ўртасида юзага чиққан тўқнашув оқибатида бир одам нобуд бўлди.

Минтақада тўрт кун аввал зўравонликлар бошланганидан бери ҳозирга қадар тўрт киши ўлдирилди.
Қизилтепа шаҳрида юзага чиққан зўравонликлар пайтида оломон банк ва иқтидордаги Оқ партиянинг маҳаллий идораси биносига ўт қўйди.
Ироқ чегарасидаги Силопи шаҳарчасида ҳам зўравонликлар қайд этилди.
Туркиянинг асосан курдлар яшовчи жануб-шарқий минтақаси маркази Диëрбақирда бундан тўрт кун аввал йирик тўқнашув юзага чиқди. Кейинги маълумотларга кўра¸ ҳозирда шаҳар нормал ҳаëтга қайта бошлаган.
Турк ҳарбийлари билан отишма чоғида ўлдирилган курд жангарисининг дафн маросими минтақада зўравонликлар бошланишига туртки бўлди.

Франция касаба уюшмалари ва талабалар етакчилари президент Жак Ширакнинг ëшлар меҳнатига оид қонун устида юзага чиққан бўҳронни ҳал этишга қаратилган муросавий таклифини рад этдилар.

Радио орқали халққа қилган мурожаатида президент Ширак¸ янги қонунга муайян ўзгартишлардан сўнг қўл қўяжагини билдирди.
“Кескинликни юмшатиш¸ айни пайтда миллий манфаатларимизга нисбатан адолатли ва доно ëндашувда бўлиш фурсати келди. Конституция бизнинг зиммамизга ана шу вазифани юклаган”¸ - деди Ширак жумладан.
Янги қонун¸ 26 ëшга тўлмаганларнинг ширкатлар томонидан ишга олиниши ва ишдан бўшатилишини осонлаштиришга қаратилган. Ҳукумат янги қонуннинг ëшлар ўртасидаги ишсизликни камайтиришини таъкидламоқда¸ мухолифлар эса¸ қонуннинг ëшларни иш топиш ва ўз иш жойини сақлаб қолишини қийинлаштиришини айтмоқда.
Қонунга норозилик намойишлари бутун Франция бўйлаб қайд этилди¸ айрим жойларда бу норозиликлар зўравонликка айланиб кетди.
Ширак таклифини рад этган талабалар норозилик намойишлари аввал белгилангани каби 4 апрелдан бошлаб қайта давом этажагини билдирдилар.

Кейинги кунларда тинимсиз ëққан ëмғир ва қорларнинг эриши оқибатида Чехиядаги дарëлар тоша бошлади.

Тошқин хавфи остида қолган ҳудудлардаги ўн минглаб аҳоли эвакуация қилинмоқда.
Келаси 24 соат ичида Усти над Лабем шаҳрининг сув остида қолиш эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Айни пайтда¸ Германияда ҳам сув тошқини кузатилмоқда. Элба дарëси сатҳининг кўтарилиши оқибатида Дрездендаги дамба бузилиб кетди ва 300 дан ошиқ одам шошилинч суратда эвакуация қилинди.

АҚШ ва Австралия ҳукуматлари Индонезиядаги ўз фуқароларини ушбу мамлакатда яқин кунлар ичида жиддий террор ҳужумлари бўлиш хавфидан огоҳлантирди.

Жакартадаги Америка элчихонаси тарқатган огоҳлантирувга кўра¸ террор таҳдиди аниқ.
Кейинги йиллар ичи Индонезияда қатор террор ҳужумлари амалга оширилди ва бунинг учун исломий жанггарилар айбланмоқда. Чунончи¸ 2001 йили машҳур сайëҳлик маркази бўлган Бали оролида юз берган икки ҳужум оқибатида 202 одам ўлдирилган эди. Қурбонларнинг аксарияти Австралия сайëҳлари бўлиб чиқди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси¸ Белгия ташқи ишлар вазири Карел Де Гуҳт¸ Грузия қамоқхоналаридан бирида юзага чиққан зўравонлик бўйича мустақил текширув ўтказишга чақирди.

Гуҳтга кўра¸ 27 март куни айнан нималар бўлгани мавҳумлигича қолмоқда ва ҳукумат кучларининг маҳбусларга нисбатан керагидан ортиқ куч қўллагани ҳақидаги айбловлар¸ албатта¸ текшириб чиқилиши лозим.
Грузия расмийларининг айтишича¸ 5-рақамли қамоқхонада юз берган қўзғолон оқибатида етти маҳбус ўлдирилган¸ 22 маҳбус ва 12 хавфсизлик ходими жароҳат олган.
Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қўзғолон бўйича мустақил текширув ўтказишни талаб қилмоқда¸ ҳозирча Тбилиси бу талабни рад этмоқда.

Бугун Бағдод шимол-шарқидаги Балад Рўз шаҳарчасида шиа мусулмонлари ўтирган миниавтобусга қилинган ҳужум оқибатида олти одам нобуд бўлди¸ бир аëл жароҳатланди.

Ҳозирча ҳужум ижрочи ва мотивлари номаълум. Ҳужумнинг кейинги пайтда Ироқда кучайиб кетган мазҳаблараро тўқнашувлар давоми экани тахмин қилинмоқда.

АҚШ Қозоғистон ҳукумати ўзбекистонлик тўққиз фуқарони тутиб Ўзбекистонга топширгани борасида ташвиш билдирди.

Давлат департаменти вакили Адам Эрелига кўра, Хюмар райтс уотч ташкилоти Қозоғистон хавфсизлик кучлари бир неча шахсни тутиб Ўзбекистон ҳукуматига топширгани, улардан тўрт нафари Қочқинлар бўйича БМТ олий комиссарлиги ҳимоясида бўлганини хабар қилган.
Давлат департаменти вакили мазкур воқеа юзасидан АҚШ ҳукумати ҳавотирини билдирди: “Биз Қозоғистон ҳукумати билан бу масалани кўтарганимизда ўз ташвишимизни билдирдик, улардан воқеани пухта ўрганишни сўрадик. Нима бўлгани ҳақида тавсилий маълумот олмаганимиз бизни ташвишга соляпти. Бу инсон ҳуқуқлари борасидаги жиддий хавотир. Агар ўша одамлар, яъни, қочқинлар тутиб топширилган бўлса, яна қайтариб айтаман, бу халқаро қонунларга зид ”.
Ўзбекистон ҳукумати экстрадиция қилинган тўққиз нафар ўзбекистонликни диний экстримизм ва конституцион тузумга таҳдид солганликда айблаган.

Эроннинг Лористон вилоятида учта кучли ер силкиниши қайд этилди.

Оқибатда 66 одам нобуд бўлди мингга яқин одам жароҳатланди. Олинган хабарларга кўра, Доруд ва Боружерд шаҳарларидаги касалхоналар жарохатланган одамлар билан тўлган. Эроннинг фавқудда ҳолатлар вазирлиги расмийлари табиий офат юз берган минтақага дори-дармон ва бошқа зарурий ашъёлар жўнатмоқда. Айни пайтда, АҚШ табиий офатдан жабрланган эронликларга ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Теҳрон расмийлари Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳронни ҳал этишда нефтдан қурол сифатида фойдаланмайди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Манучехр Муттақий Женева шаҳрида шундай баёнот берди: “Бизнингча, дунёни энергия билан таъминлаш жуда муҳим иш. Шу боис ўз иқтисодиёти учун энергия импорт қилишни режалаган мамлакатлар талабини қондириш жуда муҳим”.
Айни пайтда, Муттақий Эроннинг ядровий дастури тинчлик мақсадларига қаратилганини айтди.

АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси Туркманистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият ва наркотиклар контрабандасига қарши курашни яхшилаш учун Туркманистонга 450 минг доллар бериши ҳақида баёнот эълон қилди.

Баёнотда билдирилишича, шу ҳақдаги келишувни АҚШнинг Туркманистондаги элчиси Женнифер Браш ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов жорий ҳафта бошида имзолаган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда уюштирилган намойиш тинч тугади.

Пайшанба куни Қирғизистон марказий сайлов комиссияси парламентда бўшаб қолган ўринлар учун ўтказиладиган сайловда Риспек Акматбаев қатнашишини таъқиқлаган эди. Жума куни Риспек тарафдорлари парламент олдига уни қўллаб-қувватлаш мақсадида йиғилдилар.
Ички ишлар вазирлиги ўз қўшинларига ҳукумат биносини ўраб олиш ҳақида буйруқ берганидан кейин ўқ ўтмас камзул кийган қуролланган милиция ходимлари бино олдига етиб келган. Ниҳоят президент Қурманбек Бакиев намойишчилар олдига чиқиб уларни тинчгина тарқалишга чақирди.
Акматабев Марказий сайлов комиссияси қарори устидан судга шикоят аризаси билан мурожаат қилишини айтган. Шанба куни суд шу ишни кўра бошлаши кутилмоқда.

Бахрайн қирғоғида яқин Форс кўрфазида туристлар кетаётган кема тўнкарилиб кетгани оқибатида 57 одам нобуд бўлди.

Пайшанба куни кечқурун сувга чўккан кема бортида тахминан 150 йўловчи бўлган. Улардан 60 нафари қутқариб олинган. Нобуд бўлганлар орасида 17 ҳиндистонлик ва 13 нафар Британия фуқаролари бор. Улардан ташқари фалокатда Филиппин, Жанубий Африка, Миср ва Бахрайн фуқаролари ҳам нобуд бўлган. Бахрайн расмийларига кўра кема бахтсиз тасодиф туфайли тўнкарилиб кетган.

Қандаҳор вилоятида бир худкуш ҳужумчи Афғонистон армиясига қарашли машиналар карвонига ҳужум қилди.

Генерал Раҳматулла Рауфийга кўра, ҳужумчи бомбани бир оз олдин портлатиб юборган.
Айни пайтда, Балх вилояти маркази Мазори Шарифда толиблар жанггариси эканликда гумон қилинаётган шахс ўзи олиб кетаётган бомба портлагани оқибатида нобуд бўлди. Афғонистон армияси қўмондони Тож Муҳаммадга кўра, жанггари Мазори Шарифда ҳужум уюштириш ниятида бўлган.

Афғонистон жанубида жойлашган Қандаҳор вилоятининг чегарани қўриқлаш хизмати бошлиғи қўлга олинди.

У Спинбулдак чегара туманида 16 нафар Покистон фуқаросини отиб ўлдириш ҳақида буйруқ берганликда айбланмоқда. Қандаҳор ҳокими Асадулла Ҳолидга кўра, тергов давом этаётгани боис қўмондон Абдул Раззоқ вазифасини бажариш бошқа одам зиммасига юклатилган. Раззоқ покистонликлар чегарани бузиб Афғонистон ҳудудига ноқонуний тарзда ўтганликлари учун ўлдирилганини даъво қилмоқда. Покистон расмийлари эса, нобуд бўлганлар байрам тантаналарида қатнашиш учун Афғонистонга борганликларини айтмоқда.

Россия ва Грузия расмийлари Россия қўшинларини Грузиядан олиб чиқиш ҳақидаги шартномани имзолади.

Келишувни Сочи шаҳрида Грузия Мудофаа вазири ўринбосари Мамука Кудава ва Россия қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал Алексей Маслов имзолади. Россия ўз қўшинларини Грузиядаги икки ҳарбий базадан 2008 йилга қадар олиб чиқиши керак.

Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакати 2005 йилда рекорт даражада, яъни, олти миллиард доллар ҳажмида қурол-аслаҳа экспорт қилганини билдирди.

Унга кўра, ўтган йили қурол экспорти кутилганидан 20 фоиз кўп бўлган. ИТАР ТАСС ахборот агентлигига кўра, 2005 йилда Россия 61 мамлакатга қурол сотган. Россиянинг асосий харидори Хитой ва Ҳиндистон бўлган. Россиядаги қурол экспорт қилувчи энг йирик “Рособоронэкспорт” ширкати раиси Сергей Чемезовга кўра, охирги уч ой ичида ширкат етти ярим миллиард долларлик шартнома имзолаган.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райснинг Англия шимолидаги Блэкберн шаҳрига сафари чоғида урушга қарши фаоллар норозилик намойиши ўтказди.

Намойишчилар Райсни уруш жиноятчиси, дея атади. АҚШ Давлат котиби бу хатти-ҳаракатдан хайратланмай уни соғлом демократия белгиси, деб атади. Намойишчилар халақит беришга уринганидан сўнг Райснинг масжидга бориш режаси амалга ошмади. Жума куни Блэкбернда журналистлар билан учрашган Кондолиза Райс: “Менимча, агар одамлар ўзгача фикрда бўлса, улар ўз қарашлари билан ўртоқлашишлари мумкин. Улар ўзга фикрда бўлишига менинг бу ерга келганим сабабчи эмас. Ўзгача фикрда бўлиш ва уни билдириш демократик жараённинг бир қисмидир”.
Айни пайтда, Ливерпул шаҳрида таниқли актриса АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс томошо қилиши режалаштирилган жума кунги концертда қатнашишдан бош тортди.

Фаластинлик худкуш Ғарбий соҳилда ҳужум уюштиргани оқибатида тўрт исроиллик нобуд бўлди.

Ҳужум учун масъулиятни Ал-Ақса гуруҳи ўз зиммасига олди. Шундан сўнг, Исроил жанговар учқичлари Ғазонинг айрим минтақаларига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳозирча талофат кўрилгани ҳақида маълумот олингани йўқ.
Қуддус шаҳрида Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Гидеон Меир Исроил ўч олиш ҳужумини давом этишини айтди: “Исроил ўз фуқароларини қандай ҳимоя қилишни билади. Исроил ҳукумати ўз халқини мудофаа қилиш учун зарурий чораларни кўради”.

Минск қамоқхонасида 10 кунлик жазо муддатини ўтаган саксонга яқин фуқаро озодликка чиқди.

Улар Александр Лукашенко учинчи муддатга Беларус президенти этиб сайланганига қарши уюштирилган норозилик намойишда қатнашганлари учун ҳибсга олинган эди. Беларус расмийларига кўра, 19 март кунги намойиш иштирокчиларидан тахминан 500 нафари қўлга олинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG