Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 22:44

Халқаро янгиликлар

Арманистон президенти Роберт Кочарян агар Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласини куч билан ечишга уринса, Ереван ушбу энклав ҳимоясига отланади ва уни мустақиллигини эътироф этади, деб айтди.

"Агар Озарбайжон Армияни мустаҳкамлаб, Қора боғ масаласини куч билан ҳал этиш пайти келди деб қолса, биз Қорабоғни де-юре мустақиллигини тан оламиз", - деди Кочарян.
Аввалроқ Озарбайжон президенти Илхом Алиев ҳарбий харажатлар оширилиши ва мамлакат тоғли қорабоғ масаласининг ҳар қандай ечимига шай туриши керак, деб таъкидлаган эди.

Европа Иттифоқи Белорус президентлигига мухолиф номзод хибсга олингани юзасидан хавотир билдирди.

Ташкилот раҳбарияти бугун Венада баёнот тарқатиб, Минск ҳукуматидан 19 март кунги сайловда қатнашадиган барча номзодларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга чақирган. Белорус мухолифатидан президентликка номзод Александр Кажулин 2 март куни Минскда бўлаётган анжуманга киришга уринганида, хавсизлик ходимлари қўпол ҳаракатлар билан уни тўхтатиб, бир неча соат давомида хибсда ушлаб турган. Кейинчалик унга нисбатан безорилик бўйича жиноий иш қўзғотиб, қўйиб юборишган. Европа Иттифоқи Беларус ҳукуматидан 19 март кунига белгиланган президентлик сайловларини адолатли, эркин ва шаффоф ўтказишни талаб этмоқда.

Эроннинг ядровий дастури атрофида юзага келган вазиятни юмшатишга қаратилган Теҳрон расмийларининг Европа Иттифоқи учлиги билан музокаралари натижасиз якунланган.

Франция, Британия, Германия ва Эрон дипломатлари бугун Венада учрашган эдилар. Учрашув сўнггида Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Штайнмейер сўзлашувлар конструктив муҳитда ўтгани, аммо томонлар келиша олмаганини таъкидлади.
"Эрон ҳукумати ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва биз ҳаммамиз хоҳлаётган мулоқот жараёни сари муҳим қадамни ташлайди, деб умид қиламиз", - деди Германия ташқи ишлар вазири Штайнмейер.
Душанба куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига ошириш масаласини мухокама этади. Агар бу амалга ошса Эронга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкин. Ғарб Эроннинг ядровий дастури атом қурол яратишга қаратилган деган хавотирда. Техрон эса буни рад этиб, ядровий дастури фақат тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келмоқда.

Бугун Краснодар вилоятидан Ўзбекистон, Арманистон ва Украина фуқаролари – ҳаммаси бўлиб 15 киши ўз ватанларига депортация қилинди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бош котиби Марк Перрин де Бришамбо(суратда) бугун Бишкекда Қирғизистон ноҳукумат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди.

Қирғизистонда Конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари масаласи ҳамда ўзбек қочқинлари тақдири мухокамалар марказида бўлган. Кеча Бишкек суди яна икки нафар ўзбек фуқаросига қочқинлик мақомини рад этиб, аввалги суд қарорини ўз кучида қолдирган эди.
ЕХҲТ раиси Перрин де Бришамбо бугун кечроқ Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев билан учрашади. Айни пайтда Бакиев Қирғизистонда лола инқилоби рўй берган кун - 24 мартни миллий байрам деб эълон қилиш тўғрисида фармон чиқаражагини билдирди.

Афғонистон жанубида рўй берган портлаш оқибатида беш нафар канадалик аскар яраланган.

Портлаш бугун Қандахор чеккасидаги Канада ҳарбийлари ерлашган аэропорт яқинида рўй берди. Канадалик ҳарбийлар автомашиналарда кетаётган пайт худкуш ҳужумчи машинага ўрнатилган бомбани ҳаракатга келтирган.

Шимолий ва Жанубий Корея мудофаа расмийларининг икки кунлик музокаралари натижасиз якун топган.

Томонлар денгиз ва қуруқлик чегараларида юзага келган тарангликни юмшатиш, чегара назоратини юмшатиш кеби масалаларни мухокама этган. Пхеньян ва Сеул орасида сиёсий ва савдо алоқалар илиган бўлса-да, ҳарбий зиддиятлар сақланиб қолмоқда.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Исломободга сафари олдидан бугун Покистон бўйлаб намоишлар бўлиб ўтди.

Минглаб одам Муҳаммад Пайғамбар қарикатураларининг ғарб матбуотида босилиши ва Америка раҳбари ташрифига норозилик билдирган. Жорж Буш Афғонистон ва Ҳиндистон сафаридан сўнг бугун Покистонга келади. Кеча Оқ уй раҳбари Ҳиндистон билан ядровий энергетика соҳасига оид шартномани имзолади.

Рим Папаси Бенедикт Ватикан радиосига совуқ уруш даврида коммунист давлатларга эшиттришлар узатиб боргани учун миннатдорчилик билдирди.

Бу ҳақда Рим Папаси 75 йиллиги муносабати билан бугун радиога қилган ташрифи чоғи гапирди. Кеча Италия комиссияси саксонинчи йилларда Рим папаси Иоанн Павел иккинчига қилинган суиқасдда Совет Иттифоқи раҳбариятини айблаган эди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Фаластиннинг Хамас қуролли гуруҳи сиёсий институтга айланмас экан, унинг келажаги йўқ деб айтди.

Бу ҳақда Лавров бугун Москвада Хамаснинг сиёсий етакчиси Холид Машъал билан бўлган музокаралар сўнггида таъкидлади. Шунингдек Россия дипломатияси раҳбари Хамас раҳбариятини Фаластин ва Исроил ўртасида аввал имзоланган шартномаларга содиқ қолишга даъват этди. Аввалроқ Машъал ва унинг Хамас гуруҳи Исроилнинг Фаластин ерларини ишғол этгани Яқин Шарқ тинчлик жараёнидаги асосий тўсиқ эканини айтишганди.

Қирғизистон суди яна икки Ўзбекистон фуқаросининг қочқинлик ҳақидаги сўровини рад этди.

Қирғизистон суди бугун яна икки Ўзбекистон фуқаросининг қочқинлик мақоми бериш ҳақидаги сўровини рад этди. Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтган бу икки ўзбекистонлик мазкур қарор устидан юқори даражали судга шикоят қилиши мумкин.
Ўтган ой Қирғизистон Олий суди ҳам икки ўзбекистонликнинг қочқинлик ҳақидаги аризасини рад этган эди.
Андижон воқеаларидан бери Ўш тергов ҳибсхонасида сақланаëтган бу тўрт Ўзбекистон фуқароси эндиликда мажбуран экстрадиция қилиниши мумкин. Айни пайтда¸ халқаро қоидалар асосида улар Қирғизистондан учинчи давлатга жўнатилишлари ҳам мумкин.
Ўзбекистонга қайтариб берилган тақдирда бу маҳбусларнинг қийноққа солинишидан хавотирга тушган БМТ нинг қочқинлар бўйича олий идораси¸ тўртала Ўзбекистон фуқаросига қочқинлик мақомини берган.

Қирғизистон парламентига янги спикер сайланди.

Навбатдаги хабарлар ҳам Бишкекдан олинди. Бугун қирғиз депутатлари парламент янги раисини сайлашди. Мазкур лавозимга собиқ молия вазири Марат Султонов сайланди. Султонов номзодини қўллаб 45¸ қарши бўлиб эса¸ 14 депутат овоз берди.
Парламент аввалги раиси Омурбек Текебаев президент Бакиев билан юзага чиққан зиддият оқибатида 27 феврал куни истеъфога чиққан эди.
Айни шу куни президент Қурманбек Бакиевнинг укаси Жаниш Бакиев Қирғизистон миллий хавфсизлик хизматининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Бош вазир Фелик Қулов томонидан таклиф этилган Бакиев номзоди президент томонидан тасдиқланди.
Жаниш Бакиев узоқ йиллар Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ва бошқа куч ишлатар тизимларида ишлаган.

Бугун Қозоғистон Сенати ҳам мамлакат миллий хавфсизлик комитетига янги раҳбар сайлади.

Президент Нурсултон Назарбаев тавсияси билан Амангелди Шабдарбаев мазкур лавозимга тайинланди.
Таниқли мухолифатчи Алтинбек Сарсенбаев ўлдирилиши муносабати билан бошланган сиëсий жанжал оқибатида комитетнинг аввалги раиси Нартай Дутбаев истеъфога чиққан эди. Миллий хавфсизлик комитети қошидаги Арстан махсус гуруҳининг беш офицери Сарсенбаев ва унинг икки шеригини ўлдирганликда айбланмоқда.
Қотиллик буюртмачиларининг эса¸ Қозоғистон ҳукуматининг юқори идораларида ўтиргани тахмин этилмоқда.

Расмий Теҳрон АҚШ ни Россия билан бораëтган ядровий музокараларга халал бераëтганликда айблади.

Ядровий дастур борасидаги сўзлашувлардаги бош Эрон музокарачиси Али Ларижоний(суратда) АҚШ ни уранни бойитиш бўйича бораëтган Россия-Эрон сўзлашувларига халал беришга уринаëтганликда айблади.
Ларижонийга кўра¸ Вашингтоннинг нима қилиб бўлса-да¸ Эрон ядровий дастури масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашига олиб чиқиш ва Теҳронни жазолаш ҳаракатлари Россия билан музокараларда келишувга эришишга имкон бермаяпти.
“Агар АҚШ якка ҳоким сифатида музокараларимизга аралашмаса¸ у ҳолда мен бир натижага чиқишига умид қиламан. Менимча¸ америкаликлар Россия таклифини қўллагандек бўлиб бир гапни айтадилар¸ амалда эса¸ улар Россия режасини барбод қилишга уринмоқдалар¸ - деди Эрон музокарачилари раҳбари.
Ҳозирча Москва ва Теҳрон расмийлари ўртасида Эрон ядро дастурлари учун уранни Россия ҳудудларида бойитиш масаласида ўтказилган сўзлашувларда бирор келишувга эришилмади.
Айни пайтда¸ эртага Ларижонийнинг Венада Британия¸ Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб¸ Европа Иттифоқи билан ядровий дастур масаласида тўхтаб қолган музокараларни давом эттириш истиқболи ҳақида гаплашиши кутилмоқда.
6 март куни эса Венада жойлашган Халқаро атом энергияси агентлигининг махсус мажлисида Эрон масаласи кўриб чиқилади. Мажлисда¸ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эронга қарши жазо чоралари қўллаш таклиф этилиши мумкин.

Президент Бушнинг Покистон сафари арафасида Карачидаги АҚШ консулхонаси олдида худкушлик ҳужуми амалга оширилди.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ҳиндистон ташрифи давомида Вашингтон ва Деҳли раҳбарлари тинч мақсадлардаги ядровий технологиялар борасидаги ҳамкорликни кўзда тутувчи муҳим келишувга қўл қўйдилар.
Буш томонидан тарихий деб аталган мазкур келишувга кўра¸ АҚШ Ҳиндистоннинг фуқаровий ядро дастурлари учун зарур материал ва технология еткизиб беради.
Мутахассислар¸ ядровий қуролларни тарқатмаслик умумжаҳон келишувига қўл қўймаган Ҳиндистон билан бундай шартнома имзолашнинг баҳсталаб эканини таъкидлашмоқда. Мазкур келишув АҚШ Сенати томонидан маъқуллангач¸ кучга киради.
Бугун Деҳлида қилган баëнотида президент Буш¸ АҚШ демократик Ҳиндистоннинг ўсиб келаëтган стратегик ва иқтисодий аҳамиятини тан олишини айтди.
“Ҳиндистон ва Америка умумий қадриятларга асосланган стратегик шериклик барпо этди. Демократик давлатларимизнинг ҳар иккиси ҳам диний плюрализм ва қонун устиворлигини ҳурмат қилади. Биз савдо воситасида иқтисодий тараққиëт ва ҳар икки мамлакатдаги тадбиркорлик руҳини рағбатлантириш йўлларини изламоқдамиз”¸ - деди президент Буш жумладан.
Айни пайтда¸ Жорж Бушнинг 4 мартга белгиланган Покистон сафари арафасида бугун Карачидаги АҚШ консулхонаси олдида худкушлик ҳужуми амалга оширилди. Натижада¸ бир Америка дипломати ва яна уч киши нобуд бўлди¸ 50 дан ошиқ одам жароҳатланди.
Ҳозирча ҳужум учун ҳеч ким маъсулиятни зиммасига олмади.
Мазкур ҳужумга Деҳлидан туриб муносабат билдирган президент Буш¸ бундай террор ҳаракатлари Покистонга белгиланган сафарини тўхтата олмаслигини айтди.
“Террорчи ва қотиллар мени Покистонга боришдан тўхтата олмайдилар. Покистонга белгиланган сафарим жуда муҳим¸ хусусан президент Мушарраф билан террорчиларга қарши курашимизни давом эттириш борасида гаплашиб олишимиз муҳим”¸ - деди АҚШ президенти.
Покистон АҚШ нинг аксил-террор урушидаги асосий шерикларидан бири ҳисобланади.

Собиқ СССРнинг сўнгги президенти Михаил Горбачëв бугун 75 ëшга кирди.

Горбачëв мазкур санани Москвада ўз яқинлари билан нишонламоқда.
СССР тарқалиши ва Совуқ уруш интиҳоси кўплар учун Горбачëв номи билан боғланади. Хусусан¸ бугун Горбачëвни табриклаш учун Москвага келган Германия собиқ канцлери Ҳелмут Кол¸ унга икки Германиянинг 1990 йили бирлашувига замин ҳозирлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Чеченистон президенти Алу Алханов(суратда) бугун Рамзан Қодировни мамлакат бош вазири лавозимига тавсия этди.

29 яшар Рамзан Қодиров икки йил аввал ўлдирилган Чеченистон президенти Аҳмад Қодировнинг ўғлидир.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Рамзан Қодировнинг Чеченистонда одам ўғирлаш ва фуқароларга зўравонлик қилаëтган махфий гуруҳ раҳбари эканини айтишмоқда.
Эртага Чеченистон парламенти Қодиров номзодини муҳокама қилади.

Россия бош прокуратураси бугун Борис Березовскийни экстрадиция қилишни сўраб¸ яна бир бор Британия ҳукуматига расмий сўров юборди.

Прокуратура сўровида муҳожиратда яшаëтган Березовский Россия ҳукуматини ағдаришни режалаëтганлик ва конституцияни бузганликда айбланган.
Бир пайтлар Кремлга яқин олигархлардан бири ҳисобланган Березовский 2000 йили Путин билан юзага чиққан зиддиятдан сўнг¸ Британиядан бошпана топган.
Ўтган ой Березовский Путин режимини ағдариш устида ишлаëтгани ҳақида очиқ баëнот берган эди.

Белорус хавфсизлик кучлари президентлик сайловига ўз номзодини қўйган мухолифат намояндаси Александр Казулинни қўлга олди.

Айтилишича¸ президент Лукашенко раислик қилган анжуманга киришга уринганида ушланган Казулин калтакланган ҳолда¸ полиция участкасига олиб кетилган.
Айни пайтда¸ мухолифатнинг президентлик сайловларидаги етакчи номзоди Александр Милинкевич ўз тарафдорларини бугун кечқурун Минск марказида тўпланишга чақирди.
Милинкевичга кўра¸ агар полиция намойишчиларга қарши куч қўлласа¸ мухолифат бунга тегишли жавоб қайтаради.
“Агар ҳукуматдагилар куч қўллаб¸ бизнинг ўз сайловчиларимиз билан учрашишимизга халал берса¸ биз ҳам тегишли тарзда жавоб қайтаришга мажбур бўламиз”¸ - деди Белорус мухолифати етакчиси.
Марказий сайлов комиссияси бу намойишни провокация деб атаб¸ хавфсизлик кучларининг йиғилганларга қарши куч қўллашга ҳақли эканини таъкидлади.

Чоршанба куни Тошкент шаҳар суди ҳаками Зокиржон Исаев Серқуëш Ўзбекистоним коалицияси мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятовани 10 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмни ўқиб эшиттирди.

2005 йил апрели – 13 май Андижон воқеалари арафасида ташкил этилган Серқуëш Ўзбекистоним коалицияси вакили Нодира Ҳидоятова(суратда турган)¸ Ўзбекистон жиноят кодексининг етти банди бўйича¸ хусусан солиқ тўлашдан бош тортганлик¸ пул ювиш¸ уюшган жиноий гуруҳга аъзо бўлиш каби жиноятларда айбдор деб топилди. Ҳакам шунингдек¸ Ҳидоятова раҳбарлик қилиб келган Буюк сиймолар ширкатининг 230 минг АҚШ доллари қимматида солиқ тўлашга маҳкум экани¸ Ҳидоятованинг эса¸ қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг яна уч йил давомида маъсул вазифаларда ишлаши таъқиқланганини ҳам эълон қилди.
Ҳидоятова адвокати Олег Бабенко¸ қолаверса маҳкама жараëнини бевосита кузатган инсон ҳуқуқлари фаоллари¸ Ҳидоятовага қўйилган айбларнинг мутлақ ўз исботини топмагани ва маҳкаманинг сиëсий мақсадларда уюштирилганини таъкидлашмоқда.

Озарбайжон - Арманистон ўртасидаги ҳудудий низони бартараф қилишга қаратилган музокоралар боши берк кўчага кириб қолди¸ деб билдирди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Оғадом туманида қочқинлар билан учрашув чоғида Озарбайжон президенти мамлакат мудофааси учун сарфланадиган маблағлар оширилиши сабабини шу булан изоҳлади.
"Биз музокараларга ва муаммонинг бошқа ечимларига тайëр бўлиб туришимиз керак", - деди президент.
Расмий Боку Тоғли Қорабоғнинг ажралиб кетишини сира истамайди деди Алиев.

Қозоғистон мухолифати вакиллари ўз фаолларининг ҳибсга олиниши юзасидан норозилик билдириб¸ очлик элон қилишди.

26 феврал куни Олматада рухсат берилмаган митинг ўтказганлиги учун бир неча мухолифат фаоли бир неча кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Қамоққа олинганлар орасида мухолифатдаги Олға¸ Адолатли Қозоғистон учун ҳаракатлари фаоллари бор.

Ню-Йорк шаҳридаги африкаликлар дафн қилинган эски гўристон устида миллий хотира обидаси тикланадиган бўлди.

АҚШ ички ишлар вазири Гейлга кўра монумент ўрнатиш борасидаги кўрсатмани АҚШ президенти Буш берган.
Бундан 15 йил аввал археологлар Ню-Йорк шаҳрида 15 минг занжи дафн қилинган қадимий мозорларни топишган эди.Қабристон 18 асрга оидлиги тахмин қилинмоқда.

Украина расмийларига кўра¸ Украинадан Ўзбекистонга бадарға қилинган 11 Ўзбекистон фуқароси Украина қонунларини бузган¸ террорчилик ташкилотига аъзо бўлган ва экстремал ғоялар тарғиботи билан шуғулланган.

Бу ҳақда Украина ҳавфсизлик кенгаши матбуот котиби 5 телеканал орқали билдирди.
Украинадаги ўзбек сиëсий қочқинлари идораси вакили Ҳотам Ҳожиматовга кўра расмийларнинг бу иддаоси ҳақиқатдан йироқ.

Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн бугунги маҳкама жараëнида 1982 йилда шиаларни қатл қилиш учун буйруқ берганлигини тан олди.

Шунингдек Саддам қатл қилинганларга тегишли ерларнинг мусодара қилиниши ҳақида кўрсатма берганлигини ҳам айтди.
Собиқ президент бу ҳолатда жиноят унсурлари йўқлигини зеро шиалар унинг жонига қасд қилишга уринишганини айтди.
Саддам ва унинг етти нафар сафдоши 1982 йилда 148 нафар шиа мазҳабидаги мусулмонни қатл қилишда айбланмоқда.
Маҳкаманинг навбатдаги мажлиси 12 мартга белгиланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG