Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 14:10

Халқаро янгиликлар

Дания газетасида Муҳаммад Пайғамбарни (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳажв қилувчи карикатуралар чоп этилгани хусусида кўтарилган жанжал кучайиб бормоқда.

Бугун Сурия пойтахти Дамашқда юзлаб мусулмонлар Дания элчихонасини ишғол қилиб бинога ўт қўйди. Оқибатда Даниядан ташқари Швеция ва Чили дипломатлари ҳам фаолият юритаётган бинога жиддий шикаст етди.
Дунёнинг бошқа мусулмон давлатларида ҳам кескин норозиликлар давом этмоқда. Эроннинг “ISNA” ахборот агентлиги хабарига кўра, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажод мусулмонлар Пайғамбарини ҳажв қилувчи суратлар чоп этилган барча давлатлар билан иқтисодий шартномаларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ҳақида буйруқ берган.

БМТ Халқаро атом энергияси агентлиги бошқарув кенгаши Эроннинг ядровий дастури масаласини БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйиш ҳақида қарор қабул қилди.

35 аъзодан иборат кенгашнинг фавқулодда йиғилишида Европа ташаббуси билан кун тартибига қўйилган резолюцияни 27 аъзо қўллаб, уч аъзо қарши овоз берди. Овоз беришда Кенгашнинг беш аъзоси бетараф қолди.
Халқаро атом энергияси агентлигидаги Британия вакили Петер Янкинс: “Бу Эрон исломий республикаси учун жиддий огоҳлантиришдир. Бу Эрондаги воқеалар хусусида январ ойидан бери айтиб келинаётган хавотирлар ва Эроннинг ядровий мақсадларига нисбатан ишончсизлик натижасидир ”, – деди Британия вакили.
Маълумотларга кўра, Халқаро атом энергияси агентлиги қабул қилган қарорга жавобан Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажод уранни бойитиш ишларини қайта бошлаш ҳақида буйруқ берган. Аммо Теҳрондаги президент идораси кейинроқ бу маълумотни рад этди.
Ундан олдин Халқаро атом энергияси агентлигидаги Эроннинг Бош музокарачиси Жавад Вайди, БМТ инспекторларига хоҳлаган пайтда текширув ўтказиш учун берилган рухсат бекор қилинишини айтган эди.

Афғонистоннинг Қандахор вилоятида содир бўлган қуролли тўқнашувларда 28 одам нобуд бўлди.

Афғонистон полицияси маълумотига кўра, 3 феврал куни рўй берган учта қуролли тўқнашувда толибларнинг 22 жанггариси, уч афғон полициячиси ва икки фуқаро нобуд бўлган.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишланган 42-халқаро йиллик анжуман очилди.

Йиғилишда сўзга чиққан АҚШ сенатори Жон Мак Кейн Россия президенти Владимир Путинни Россия ва унинг ташқарисида демократияга путур етказаётганлиги учун танқид қилди. Мак Кейнга кўра, Москва расмийлари газ ресурсларидан Украина ва Грузияни жазолаш воситаси сифатида фойдаланмоқда.
Мюнхен анжуманида дунёнинг 50 давлатидан 300га яқин делегат қатнашмоқда. Улар орасида 40 нафар Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари бор.

Мисрнинг Сафага порт шаҳрида Қизил денгизда чўкиб кетган кема йўловчиларининг қариндошлари ва полиция ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Фалокат оқибатида нобуд бўлганларнинг юзлаб қариндошлари порт киришга тўсқинлик қилган полиция кучларига тош отиб уларни хақорат қилди. Одамлар кема чўкиб кетишининг сабаблари айтилмаётгани ва бу ҳақда кам маълумот берилаётганидан норози бўлдилар. 3 феврал куни Қизил денгизда чўкиб кетган 36 йиллик кема бортида бир минг 400 йўловчи бўлган. Маълумотларга кўра, кема йўловчиларидан 378 нафари қутқарилган.

Ироқ пойтахти Бағдодда жума куни кечқурун ўн тўрт сунний мусулмон жасадлари топилди.

Ироқ суннийларининг етакчи ташкилоти Мусулмон уламолар уюшмасига кўра, отиб ўлдирилган мусулмонлар бир ҳафта олдин масжидда ибодат қилаётган пайтда полиция томонидан ҳибсга олган. Аммо Ироқ Ички ишлар вазирлиги улар ҳибсда сақланганини тасдиқлай олмаслигини билдирди. Ҳозирда қотиллик юзасидан текширув олиб бориляпти.

Беларус ҳукумати АҚШ ва Европа Иттифоқининг юқори лавозимли расмийларига виза бермади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Сийн Мак Кормакнинг маълум қилишича, Беларус ҳукумати халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот ўтказиш имкониятидан фойдаланмагани учун Вашингтон расмийлари афсусланиш билдирган.
Делегация аъзолари орасида Европа Иттифоқининг Ташқи ва сиёсий-ҳарбий масалалар бўйича мутасаддиси Роберт Купер ҳамда АҚШ Давлат котибининг Европа масалалари бўйича ёрдамчиси Дан Фрид бўлган. Улар март ойида Беларусда ўтказилладиган президентлик сайлови масаласини муҳокама қилиш ниятида бўлган.

Россия жанубида жойлашган Доғистон милицияси хавфсизлик кучларига қуролли ҳужум уюштиришга алоқадорликда гумон қилинган икки шахсни ушлади.

Сўнгги пайтларда Чеченистон билан чегарадош Доғистон республикасида чечен ва маҳаллий жанггарилар хавфсизлик кучларига тез-тез ҳужум қилмоқда. Ўтган йил амалга оширилган ҳужумлар оқибатида 40дан ортиқ хавфсизлик ходими нобуд бўлди.

Филиппин пойтахти Манила стадионда содир бўлган тиқилинчда 88 одам нобуд бўлди 280 одам жароҳатланди.

Полиция маълумоти кўра, машхур ўйинлар биринчи кўргазмасини уюштираётган ташкилотчилар бир неча кундан бери стадион ташқарисида чодирлар қуриб кутиб ётган одамларга чипталар тарқата бошлаганидан кейин тиқилинч содир бўлган. Қурбонларнинг аксарияти қариялар бўлган. Одамлар орасида кимдир бомба, деб бақирганидан кейин қариялар оёқ остида қолиб нобуд бўлган.

Пекинда Япония ва Шимолий Корея вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокара чоғида Япония ва Шимолий Корея ўртасидаги дипломатик муносабатни нормаллаштириш масаласи муҳокама этилди. Япония фуқароларини Шимолий Корея жосуслари ўғирлаб кетгани икки давлат муносабатлари совуқлашишига сабаб бўлган. Пхенян расмийлари ўз жосусларига япон тили ўргатиш мақсадида 70-йилларда Япония фуқаролари ўғирлаб келинганини тан олган. 2002 йилда икки давлат раҳбарлари саммитидан кейин ўғирланган японлардан беш нафари ўз ватанига қайтарилган. Шунга қарамай, Токио расмийлари яна камида саккиз япониялик тирик экани ва улар тутқунликда сақланаётганини даъво қилмоқда.

АҚШ ҳарбийлари Покистоннинг зилзилдан вайрон бўлган минтақасига 31 мартга қадар ёрдам кўрсатади.

АҚШ денгиз флоти контр-адмирали Майкл ЛеФевер Исломободда ўтказилган матбуот анжуманида шуни маълум қилди. АҚШнинг 750 ҳарбийси 2005 йил 8 октябрдан бери зилзиладан азият чеккан 87 минг аҳолига ёрдам кўрсатиш билан шуғулланмоқда. ЛеФеверга кўра, Америка учқичлари тўрт мингдан зиёд парвоз амалга ошириб, тўққиз минг тоннадан ортиқ юкни ёрдамга муҳтож аҳолига еткаазган.

Венада БМТ Халқаро атом энергияси агентлиги бошқарув кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

35 аъзодан иборат мазкур кенгаш Эроннинг ядровий дастури масаласини БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйиш-қўймаслик юзасидан қарор қабул қилишни кечиктирди. Йиғилиш шанба куни давом этади.
Жума куни эрталаб Хитой Ташқи ишлар вазири Ли Жаоксин Пекин расмийлари Эроннинг ядровий дастури муаммосини хал этишда халқаро ҳамжамият билан бирга ишлашини маълум қилди.
Ли билан музокара олиб борган Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсати мутасаддиси Хавиер Солана Эрон масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши ҳақидаги Европа Иттифоқи позициясини Хитой қўллаб-қувватлашини айтди.

Бортида бир минг 400 одам бўлган Мисрга қарашли йўловчи кема Қизил денгизда сувга ғарқ бўлди.

Расмийларга кўра, кема ўз манзили Мисрнинг Сафага шаҳридан тахминан 90 километр узоқликда сувга чўккан. Фалокатда омон қолган юз йўловчи қутқариб олинган, ўн тўрт одам жасади топилган. Қутқарувчи кемалар ва вертолётлар фалокат юз берган жойга борган. Аммо ёмон об-ҳаво қутқариш ишларига халал бермоқда.

Муҳаммад Пайғамбарни (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳажв қилувчи карикатуралар атрофида кўтарилган жанжал кучайиб бормоқда.

Бугун Ғарбий Соҳилнинг Наблус шаҳрида уюштирилган норозилик намойишида қатнашган 20 мингга яқин фаластинлик Дания, Норвегия ва Франция ва карикатура суратлар чоп этган бошқа давлатлар байроқларини ёқдилар.
Шунингдек, Покистон, Индонезия, Эрон, Бахрайн, Россиянинг Доғистон республикаси ва Ироқда ҳам мусулмонлар оммавий норозилик намойиши ўтказдилар.
Покистон президенти Парвез Мушарраф ва Иордания Қироли Абдуллоҳ карикатура суратлари чоп этилганини кескин қораладилар.
“Матбуот эркинлиги бошқа халқлар дини, эътиқоли ва маданиятларини ҳақорат қилиш ҳуқуқи, деган гап эмас. На Афғонистонда на Европада ва на бошқа жойда бундай ҳуқуқ йўқ. Матбуот эркинлиги бошқа халқлар дини, маънавияти ва маданиятини ҳурмат қилиш принцплари доирасида бўлиши керак”, – деди Афғонистон президенти Ҳамид Карзай.
Жума куни АҚШ Давлат департаменти Европа газеталарида Муҳаммад Пайғамбарни (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳажв қилувчи карикатуралар чоп этилганини қоралади.

Дания парламенти Афғонистонга бир минг 400 нафар қўшимча аскар жўнатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Мақсад Афғонистонга жойлаштирилган НАТО етакчилигидаги халқаро кучларни мустаҳкамлашдан иборат. Янги куч вазият барқарор бўлмаган Урузгон вилоятига жойлаштирилади.

Афғонистонда толиблар жанггарилари билан Афғонистон ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Юсуф Станизай Озодлик радиосига тўқнашув давом этаётганини айтди:
“Полиция кучлари ва душман ўртасида тўқнашув содир бўлди. Отишмалар ҳозиргача давом этмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, душманнинг 30 нафар жанггариси ўлдирилган ва уч нафари яраланган. Полиция ходимларидан уч нафари нобуд бўлди, саккиз ёки тўққиз нафари яраланди ”.
Хилманд вилояти ҳоким ўринбосари Мулла Мирга кўра, отишмада толибларнинг тахминан 200 жанггариси қатнашмоқда. Жангларда афғон ҳарбийларини АҚШга қарашли жанговар учқичлар қўллаб-қувватламоқда.

Президент Жорж Буш маъмурияти Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун қўшимча 120 миллиард доллар ажратилишини АҚШ конгрессидан сўрашни режаламоқда.

АҚШ расмийларига кўра, Оқ Уй жорий йилда икки мамлакатда олиб борилаётган ҳарбий амалиётларни молиялаштириш учун 70 миллиард ва 2007 молиявий йил учун 50 миллиард доллар конгресс томонидан ажратилишини хоҳлайди.

Чехия парламенти 120 аскардан иборат терроризмга қарши қисм Афғонистонга жойлаштиришни мақуллади.

Чехия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бу кучларни апрел ойигача белгиланган манзилга жойлаштириш учун беш миллион доллар маблағ сарфланиши керак. Ҳозир Афғонистонда Чехиянинг 60 нафар полиция ходими НАТО тинчликпарвар кучлари таркибида хизмат қилмоқда.

Сурия Ироқда янги ҳукумат тузилиши билан икки давлат ўртасида тўлиқ дипломатик алоқалар ўрнатади.

Суриянинг расмий “САНА” ахборот агентлиги хабарига кўра, буни Ташқи ишлар вазири Фаруқ ал-Шара эълон қилган. Эрон-Ироқ урушда Сурия Эрон тарафдори бўлганидан сўнг Ироқ ва Сурия ўртасидаги дипломатик алоқалар совуқлашиб кетган.

Жума куни Япониянинг шимолий минтақаларида Рихтер шкаласи бўйича 5,9 балл куч билан ер силкиниши қайд этилди.

Табиий офат оқибатида талафот ёки зарар кўрилгани тўғрисида маълумот эълон қилингани йўқ. Япония ҳукумати зилзила оқибатида цунами ҳосил бўлиши хавфи йўқлигини маълум қилди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Муҳаммад Ал Барадей Эроннинг ядровий масаласи атрофидаги жанжал хатарли нуқтага етгани, аммо ҳали ҳам вазиятдан чиқиш имконлари борлигини айтди.

"Вазият критик нуқтага етди, аммо таназзул даражасига етганича йўқ. Бу ерда гап ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳақида бораётир, муқаррар тахдид ҳақида эмас", - деди Ал Барадей.
Атом Энергияси бўйича халқаро агентлик бошқарув кенгаши айни дамда Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширишни мухокама этмоқда. Техронга санкциялар жорий этишни назарда тутувчи масала атрофидаги мухокамалар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида мухокама этиш таклифини Кенгашнинг барча беш доимий аъзоси – АҚШ, Британия, Франция, Хитой ва Россия мақуллаган. Айни пайтда Теҳрон масала Хавфсизлик Кенгашига оширилгудек бўлса, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ҳамкорликни бутунлай тўхтатиб, уранни бойитиш ишларини давом эттириш билан тахдид солмоқда.
Ғарб давлатлари Эроннинг ядровий дастури атом бомбаси яратишга қаратилган, деган шубхада. Аммо Теҳрон буни рад этиб, мамлакат электр эхтиёжини қондириш мақсадида уранни бойитиш ишларини амалга оширишга ҳақли эканини айтиб келмоқда.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбарига кўра, Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашига халқаро ҳамжамиятни ишонтириши керак ва масала БМТ Хавфсизлик кенгашига оширилган тақдирда ҳам узоғи билан март ойига қадар халқаро ҳамжамиятни ишонтириши учун Техронда имкон бор.
"Агентлик раҳбарияти қандай қарор беришидан қатъий назар, барча томон масаланинг ечими дипломатия йўли билан ҳал бўлиши керак ва музокара борасида якдил манфаатдор томонлар учун вазиятдан чиқишга ҳали ҳам имкон бор", - деди Ал Барадей.
Венадаги бугунги мухокамаларга келсак, ҳозирча Эрон масаласини Хавфсизлик кенгашига ошириш борасида тўла тўкис қарорга келинмаган. Бу юзадан мухокамалар жума куни ҳам давом этади.

Бугун Бағдодда Ироқ собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн устидан махкама қайта бошланди.

Бугунги суд мажлисида икки гувоҳ кўрсатмалари тингланди.Аммо, эшитувлар Саддам Хусайн ва у билан бирга судланаётган етти нафар собиқ Ироқ расмийси иштирокисиз бўлди. Улар 29 янавардан бери маҳкамани бойкот қилишаётган эди. Улар тарафдорлари судяни нохолисликда айблаб, унинг алмаштирилишини талаб этишган. Бугун маҳкама ҳайъати гувоҳлар кўрсатмаларини тинглаб бўлгач, 13 февралга қадар танаффус эълон қилди. Саддам Ҳусайн ва Ироқнинг етти нафар собиқ расмийси инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.
Айни пайтда Бағдоднинг шиалар яшовчи мавзесида бугун маҳаллий исёнчилар ва америкалик аскарлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Бир аёл ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинмоқда. Шунингдек, бугуннинг ўзида Бағдодда икки ироқлик журналист олиб қочилган. Бу ҳақда хозирча бошқа маълумот йўқ.

Муҳаммад Пайғамбар карикатураси Европанинг бошқа нашрларида қайта босилиши айрим мусулмон давлатларида норозиликларни янада кучайтирди.

Бугун Фаластинда қуролланган одамлар Ғазодаги Европа Иттифоқи идораси олдига тўпланиб, газеталарда босилаётган карикатуралар мусулмонлар учун ҳақорат, дея норозилик билдиришди.
"Бундай ҳақоратномус харакатлар Европа тузилмалари ва унинг Ғазодаги черковларини ҳужумларимиз нишонига айлантиради", - деди намоишчилардан бири.
Покистонда эса юзлаб талаба "Данияга ўлим", "Францияга ўлим" дея кўча юриши қилди. Аввалроқ Данияда чиқадиган икки газета Муҳаммад Пайғамбар карикатурасини ўз сахифасида босган. Бунинг ортидан Саудия Арабистони Копенгагендан ўз элчисини чақириб олди. Ливия эса умуман элчихонасини ёпди. Фаластинда Дания байроғи ёқилиб, бу мамлакат маҳсулотларини бойкот қилиш чақириқлари янграган. Бир кун ўтиб эса бу суратларни Франция, Норвегия, Германия, Италия ва Испания газеталари кўчириб босди.
Сўнгги маълумотларга кўра, карикатурани кўчириб босган Франциядаги "Франс суар" газетаси бош мухаррири лавозимидан четлатилган. "Франс суар" бош мухаррири матбуот эркинлиги тамоили нуқтаи назаридан карикатурани ўз газетаси сахифасида босганини айтган.

Афғонистон президенти Хамид Карзай Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевни расмий ташриф билан Кобулга таклиф этган.

Бу ҳақда Лондонда Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қатнашган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Аликбек Жекшенкулов "Озодлик" радиосига маълум қилди.
"Кеча Афғонистон президенти Хамид Карзай билан давлатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва инсонпарварлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини мухокама этдик. Учрашув чоғи Президент Карзай Курмонбек Солиевични Кобулга мехмонга таклиф этиш нияти борлигини айтди", - деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов.
Кечаги анжуманда Жекшенкулов нутқ сўзлаб, Қирғизистон Афғонистонга экстремизм ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашда ёрдам беришини таъкидлади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотлари ролини юқори баҳолади ва АҚШ хукуматига бу борадаги молиявий кўмаки учун миннатдорчилик билдирди.

Бир кун аввал Қирғизистондаги юздан ортиқ нохукумат ташкилоти Бакиевга мактуб йўллаб, мамлакат Адлия вазирлигининг хорижий нохукумат ташкилотлари устидан назорат ўрнатишга уриняпти, дея норозилик изхор этган эди. Эслатиб ўтамиз, 24 январ куни Қирғизистон Адлия вазири Марат Каипов чет эл нохукумат ташкилотлари мамлакат миллий хавфсизлигига тахдиди бор-йўқлигини тегишли идоралар билиши керак деб айтган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG