Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:34

Халқаро хабарлар

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Муҳаммад Ал Барадей Эроннинг ядровий масаласи атрофидаги жанжал хатарли нуқтага етгани, аммо ҳали ҳам вазиятдан чиқиш имконлари борлигини айтди.

"Вазият критик нуқтага етди, аммо таназзул даражасига етганича йўқ. Бу ерда гап ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳақида бораётир, муқаррар тахдид ҳақида эмас", - деди Ал Барадей.
Атом Энергияси бўйича халқаро агентлик бошқарув кенгаши айни дамда Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширишни мухокама этмоқда. Техронга санкциялар жорий этишни назарда тутувчи масала атрофидаги мухокамалар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда. Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида мухокама этиш таклифини Кенгашнинг барча беш доимий аъзоси – АҚШ, Британия, Франция, Хитой ва Россия мақуллаган. Айни пайтда Теҳрон масала Хавфсизлик Кенгашига оширилгудек бўлса, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ҳамкорликни бутунлай тўхтатиб, уранни бойитиш ишларини давом эттириш билан тахдид солмоқда.
Ғарб давлатлари Эроннинг ядровий дастури атом бомбаси яратишга қаратилган, деган шубхада. Аммо Теҳрон буни рад этиб, мамлакат электр эхтиёжини қондириш мақсадида уранни бойитиш ишларини амалга оширишга ҳақли эканини айтиб келмоқда.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбарига кўра, Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашига халқаро ҳамжамиятни ишонтириши керак ва масала БМТ Хавфсизлик кенгашига оширилган тақдирда ҳам узоғи билан март ойига қадар халқаро ҳамжамиятни ишонтириши учун Техронда имкон бор.
"Агентлик раҳбарияти қандай қарор беришидан қатъий назар, барча томон масаланинг ечими дипломатия йўли билан ҳал бўлиши керак ва музокара борасида якдил манфаатдор томонлар учун вазиятдан чиқишга ҳали ҳам имкон бор", - деди Ал Барадей.
Венадаги бугунги мухокамаларга келсак, ҳозирча Эрон масаласини Хавфсизлик кенгашига ошириш борасида тўла тўкис қарорга келинмаган. Бу юзадан мухокамалар жума куни ҳам давом этади.

Бугун Бағдодда Ироқ собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн устидан махкама қайта бошланди.

Бугунги суд мажлисида икки гувоҳ кўрсатмалари тингланди.Аммо, эшитувлар Саддам Хусайн ва у билан бирга судланаётган етти нафар собиқ Ироқ расмийси иштирокисиз бўлди. Улар 29 янавардан бери маҳкамани бойкот қилишаётган эди. Улар тарафдорлари судяни нохолисликда айблаб, унинг алмаштирилишини талаб этишган. Бугун маҳкама ҳайъати гувоҳлар кўрсатмаларини тинглаб бўлгач, 13 февралга қадар танаффус эълон қилди. Саддам Ҳусайн ва Ироқнинг етти нафар собиқ расмийси инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.
Айни пайтда Бағдоднинг шиалар яшовчи мавзесида бугун маҳаллий исёнчилар ва америкалик аскарлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Бир аёл ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинмоқда. Шунингдек, бугуннинг ўзида Бағдодда икки ироқлик журналист олиб қочилган. Бу ҳақда хозирча бошқа маълумот йўқ.

Муҳаммад Пайғамбар карикатураси Европанинг бошқа нашрларида қайта босилиши айрим мусулмон давлатларида норозиликларни янада кучайтирди.

Бугун Фаластинда қуролланган одамлар Ғазодаги Европа Иттифоқи идораси олдига тўпланиб, газеталарда босилаётган карикатуралар мусулмонлар учун ҳақорат, дея норозилик билдиришди.
"Бундай ҳақоратномус харакатлар Европа тузилмалари ва унинг Ғазодаги черковларини ҳужумларимиз нишонига айлантиради", - деди намоишчилардан бири.
Покистонда эса юзлаб талаба "Данияга ўлим", "Францияга ўлим" дея кўча юриши қилди. Аввалроқ Данияда чиқадиган икки газета Муҳаммад Пайғамбар карикатурасини ўз сахифасида босган. Бунинг ортидан Саудия Арабистони Копенгагендан ўз элчисини чақириб олди. Ливия эса умуман элчихонасини ёпди. Фаластинда Дания байроғи ёқилиб, бу мамлакат маҳсулотларини бойкот қилиш чақириқлари янграган. Бир кун ўтиб эса бу суратларни Франция, Норвегия, Германия, Италия ва Испания газеталари кўчириб босди.
Сўнгги маълумотларга кўра, карикатурани кўчириб босган Франциядаги "Франс суар" газетаси бош мухаррири лавозимидан четлатилган. "Франс суар" бош мухаррири матбуот эркинлиги тамоили нуқтаи назаридан карикатурани ўз газетаси сахифасида босганини айтган.

Афғонистон президенти Хамид Карзай Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевни расмий ташриф билан Кобулга таклиф этган.

Бу ҳақда Лондонда Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қатнашган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Аликбек Жекшенкулов "Озодлик" радиосига маълум қилди.
"Кеча Афғонистон президенти Хамид Карзай билан давлатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва инсонпарварлик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини мухокама этдик. Учрашув чоғи Президент Карзай Курмонбек Солиевични Кобулга мехмонга таклиф этиш нияти борлигини айтди", - деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов.
Кечаги анжуманда Жекшенкулов нутқ сўзлаб, Қирғизистон Афғонистонга экстремизм ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашда ёрдам беришини таъкидлади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотлари ролини юқори баҳолади ва АҚШ хукуматига бу борадаги молиявий кўмаки учун миннатдорчилик билдирди.

Бир кун аввал Қирғизистондаги юздан ортиқ нохукумат ташкилоти Бакиевга мактуб йўллаб, мамлакат Адлия вазирлигининг хорижий нохукумат ташкилотлари устидан назорат ўрнатишга уриняпти, дея норозилик изхор этган эди. Эслатиб ўтамиз, 24 январ куни Қирғизистон Адлия вазири Марат Каипов чет эл нохукумат ташкилотлари мамлакат миллий хавфсизлигига тахдиди бор-йўқлигини тегишли идоралар билиши керак деб айтган.

Россия прокуратураси ўтган ой Москвадаги яхудийлар ибодатхонасига ҳужум қилиниши билан боғлиқ холатни ўрганиб чиқди ва ишни судга оширди.

Прокуратура москвалик 20 яшар Александр Коптсевни яхудийлар ибодатхонасига бостириб кириб, пичоқ билан одамларга хамла қилганликда айбламоқда. Бунинг оқибатида саккиз киши тан жарохати олган эди. Москва прокурори Анатолий Зуевга кўра, Коптсев жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айбланмоқда.
"Айбланувчи ёнидан экстремизмга оид адабиётлар, миллатлараро низо қўзғотувчи бошқа материаллар топилди. Булар Коптсев жиноятларни диний ва миллий адоват қўзғотиш мақсадида амалга оширганини кўрсатмоқда", - деди Москва прокурори.
Агар Александр Коптсев айби исботланса, у умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Суд куни ҳозирча номаълум.

Афғонистон Ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло Нидерландия парламенти Афғонистонга қўшин юбориш режасини мақуллашига умид билдирди.

Бугун Нидерландия парламентида мамлакатнинг 1400 аскарлик қўшинини Афғонистон жанубига юбориш режаси овозга қўйилиши керак. Бу режа Афғонистонда НАТО миссиясини кенгайтириш режаси доирасида амалга ошмоқда.

Грузия президенти Михаил Саакашвили мамлакатининг НАТОга қабул қилиниши Тбилиси ва Москва ўртасидаги худудий можароларга нуқта қўйишини айтди.

Агар Шимолий Атлантика Ҳарбий Альянси Тбилисининг НАТОга қўшилиш таклифини рад этса, Абхазия ва Жанубий Осетия можароси ҳеч қачон ҳал бўлмайди, деди Саакашвили. Грузия раҳбари бу ҳақда бугун Берлинда матбуот анжуманида таъкидлади. Михаил Саакашвили Германияга расмий ташриф билан борган.

Британия Бош вазири Тони Блэйр халқаро ҳамжамиятни Эронни халқаро мажбуриятларни хурмат қилишга мажбурлар борасида бирдамлик курсатишга чақирди.

Блэйр: “Эрон қилаётган ишлардан келиб чиқсак, нафақат унинг ядровий қуроллар борасида олган мажбуриятларни бузиши, балки минтақа бўйлаб терроризмни экспорт қилиши, инсон ҳуқуқларига муносабати... буларнинг барчаси ҳаммамизни Эронга, “сизлар халқаро мажбуриятларни бажариш йулига қайтишингиз лозим”, - деб айтишга ундайди”
Британия ташқи вазири Жэк Строу эса, Эрон ҳукуматини зиддиятли ядровий дастурларни тугатиш борасида ёғилаётган талабларга совуққонлик билан қарамасликка ва халқаро ҳамжамият билан муносабатлар чоғида тахдид қилмасликка чақирмоқда.
Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу Лондонда ўтказилган музокаралар давомида бу борада эронлик ҳамкасбини огоҳлантирди.
Мулоқотлардан аввал эса Жэк Строу Эрон ўз ядровий мажбуриятларини бажариши очун халқаро ҳамжамият унга сўнгги имконият бераётганини айтди.
Блэйр: "Президент Маҳмуд Аҳмадинажоднинг айтишича, Эрон Ғарб босимига қарши туради ва ўз тинч мақсадга қаратилган ядровий дастурларини давом эттиради".

Аҳмадинажод: “Мен бу қалбаки ва ўзини суперқудратли давлатлар деб ҳисоблайдиганларга айтаяпман: Эрон 27 йил аввал мустақил бўлганини билишингиз керак. Биз атом энергияси Эрон халқининг қонуний ҳаққи деб хисоблаймиз. Биз ушбу халқ учун хизмат қилар эканмиз, унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш йулида қатъий қолаверамиз.”

Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строуга кўра, Афгонистоннинг 5 йиллик келажагини аниқлаш борасидаги Лондон конференцияси халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга ёрдам бериш амалиётини давом эттирилишини кўрсатди.

Строу: “Баҳсу мунозараларнинг кенг қамровлиги халқаро ҳамжамиятнинг афғон халқини қўллаб-қувватлаш борасида қатъий қолаётганини кўрсатмоқда”.
Америка Қўшма Штатлари ва Британия Афғонистон учун қўшимча 2 миллиард АҚШ доллари миқдорда молиявий ёрдам беришни ваъда қилди.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга кўра, 60 донор давлатининг умумий молиявий ёрдам ваъдаси 5 миллиард АҚШ долларига етиши мумкин. Лондондаги анжуман сўнггида Афғонистон ва халқаро жамоатчилик ўртасидаги муносабатларни белгилаб берадиган 15 саҳифалик Лондон Шартномасининг имзоланиши кутилмоқда.

Миср расмийсига кўра, қуролли Ҳамас гуруҳи зўравонликдан воз кечиб, Исроилни тан олган тақдирдагина, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос уларга ҳукумат тузишни таклиф қилиши мумкин.

Қоҳирада Маҳмуд Аббос билан учрушувдан сўнг Миср махсус хизмати раҳбари Умар Сулаймон ана шундай баёнот билан чиқди.
Маҳмуд Аббоснинг ўзи эса, бу борада ҳеч қандай баёнот бермади. Аббос Фаластинда янги ҳукумат ташкил этиш масаласини мухокама қилиш учун Ҳамас раҳбари билан 3 феврал куни учрашишни режалаштирган.
Исроил давлатини тан олишни истамаётган Ҳамас қуролли гуруҳи ўтган ҳафта мамлакатдаги демократик сайловларда ғалаба қозонди. Айни пайтда, гуруҳ ўз сиёсатини ўзгартиш ниятида эмаслигини билдирмоқда.
Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнининг асосий қатнашчилари АҚШ ва Европа Иттифоқи Ҳамас гуруҳи зўравонликдан воз кечиб, Исроил давлатини тан олмаса, Фаластинга бериладиган ёрдам пулини қисқартириш билан таҳдид солишмоқда.

Тожикистон фавқулотда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Тожикистон Ғарбида содир бўлган қор кўчкиси оқибатида 20 нафар фуқаро нобуд бўлди.

31 январ куни Жирғитол вилоятидаги қишлоқлардан бири қор қўчкиси остида қолди.

Россия жанубидаги Ингушетия республикасининг Олий суди икки йил аввал қонли босқинчилик амалиётини содир этганликда айбланган 4 нафар чечен миллатига мансуб фуқарони 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Тўртала судланувчи ҳам 2004 йилда Шамил Басаев бошчилигида қуролланган чечен бўлгинчилари таркибида, Ингушетия маъмурияти биносига, милиция бўлимига ҳужум қилганликда айбдор деб топилди. Мазкур босқинчилик амалиётлари оқибатида 79 кини ўлдирилган, 104 нафар фуқаро яраланган эди.

Россия президенти Владимир Путин бугун Кремлда катта матбуот анжумани ўтказди.

Журналистларнинг турли саволларига жавоб берар экан Путин жумладан Андижон ваоқелари юзасидан ҳам фикр билдирди.

“Биз Андижонда нима содир бўлганини сиздан кўра яхшироқ биламиз. Биз Андижонда юз берган ҳунрезликлар сабабчиларни ким¸ улар қачон¸ қаерда ва қай миқдорда тайëрлаганидан ҳам хабардормиз. Бу билан Ўзбекистонда муаммолар борлигини инкор этмаяпмиз. Лекин айни пайтда Россия Ўзбекистонда муаммолар кўплигидан ўзи учун фойдаланишни истисно қилади “, - деди Путин.

Бағдоднинг турли нуқталарида номаълум тарзда ўлдирилган 15 кишининг жасади топилди.

Ироқ полициясига кўра¸ ўлдирилганларнинг ўн бир нафари ëш йигитлар бўлган.
Улар танасида қийноқ ва ўқ излари борлиги маълум бўлди.
Полицияга кўра¸ жасадлар юк машинаси ичидан топилган.
Айни вақтда¸ Ироқ пойтахтида бир полициячи ҳам ўлдирилди.

АҚШ киноакадемиясининг Оскар мукофотига номзодлар аниқланди.

Энг яхши бадиий филм номинациясида "Букри тоғ"¸ "Капоте"¸ "Тўқнашув"¸ "Мюнҳен"¸ "Ҳайрли тун¸ омад сизга "филмлари рақобатлашади.
"Букри тоғ" филми бирданига саккиз номинация бўйича номзод бўлди.

Расмий Теҳрон ўз ядровий дастури ҳақидаги маълумотларни БМТ хавфсизлик кенгашига тақдим қилишга зарурат ва қонуний асос йўқ деб ҳисоблайди.

Эрон делегацияси раҳбари Али Ларижоний ЕИ билан мунозаралар пайтида мана буларни билдирди.
”Биз ЕИга аъзо давлатларга ¸ бу муаммони фақат жиддий ва конструктив мулоқот йўли билангина ечиш зарурлигини собитлик билан тавсия қиламиз. Ҳали-ҳам мулоқот учун эшиклар очиқ. Бу масалани БМТ ҳавфсизлик кенгашига ўтказиш дипломатияни боши берк кўчага тиқиб қўйган бўлар эди. Бундан бирор ҳайр чиқмайди."
Эрон ядровий дастури масаласини БМТ ҳавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши АҚШ¸ Британия¸ Франция¸ Россия ва Хитой Ташқи Ишлар Вазирлари маърузаларида таъкидланди. Айни пайтда улар бу масала муҳокамаси мартгача кечиктирилишини ҳам айтиб ўтдилар. Март ойида Халқаро атом энергияси агентлигининг мажлиси Эрон ядровий дастурига бағишланади.

Лондонда Афғонистонга ëрдам бериш бўйича халқаро анжуман ўтмоқда.

70 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокидаги бу конференцияда беш йилга мўлжалланган Афғонистонни қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинмоқда.
Бу режага кўра Афғонистон давлат бошқаруви ва хавфсизлик тизими ислоҳ қилинади.
Анжуманда Афғонистонга ëрдамнинг асосан иқтисодиëт ривожи ва наркотикларга қарши курашга қаратилиши зарурлиги қайд қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс мана буларни гапирди:
"Афғонистонга беражагимиз нақд бўлган олти миллиард доллар ëнига яна қўшимча қўшилишини хурсандлик билан маълум қиламан.
АҚШ президенти Жорж Буш мамлакат Конгрессидан Афғонистон ҳалқи учун яна бир миллиард юз миллион маблағ сўрамоқчи."

Анжуманда сўзга чиққан Британия Бош вазири Тони Блэр ҳам Афғонистонга бериладиган ëрдамдан гапирди.
"Бу анжумандан мақсад ¸ Афғонистонга ëрдам бериш юзасидан келишувни имзолашдир.
Менинг мамлакатим келаси уч йил мобайнида Афғонистонга беш юз миллион фунт миқдорида ëрдам бериш мажбуриятини олади. Ëрдам нафақат молиявий¸ балки ҳарбий соҳада ҳам бўлади."

Яқин шарқ тўртлиги деб ном олган БМТ, АҚШ¸ ЕИ ва Россия вакиллари Фаластин мухториятининг янги ҳукумати билан эҳтимолий ҳамкорлик юзасидан шартларни илгари сурди.

БМТ Бош котиби Кофи Аннанга кўра сайловларда ғалаба қозонган Ҳамас гуруҳи Исроил давлатининг мавжудлигини тан оладиган мулозимлардан таркиб топган ҳукумат тузиши зарур.
Айни пайтда улар зўравонликдан воз кечишлари ва илгариги фаластин ҳукумати зиммасига олган мажбуриятларга риоя қилишлари лозим.
Айни пайтда Хамас вакиллари бу талабларни рад қилишди. Тўртлик энг аввало Фаластин ҳудудларининг Исроил тарафидан қилинган ишғолига барҳам берса яхши бўлар эди¸ деб таъкидлашди Ҳамас вакиллари.

Нефт етказувчи давлатлар ташкилоти¸ нефт қазиб чиқариш учун эски квоталарни сақлаб туришга қарор қилди.

Бу меъëрга кўра бир суткада 28 миллион бочка нефт чиқариш мумкин.
Бу қарор бугун Венада бўлиб ўтган нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилотининг анжуманида қабул қилинди.
Айни пайтда нефт нархи юқори кўрсаткичда қолмоқда.
Ню-Йорк биржасида бир бочка нефт нархи 68 доллар миқдорида қайд қилинди.
Бундан 8 йил олдин бир бочка нефт нархи 19 доллар эди.

Исроил ҳарбийлари отишма чоғида "Исломий жиҳод" ташкилотининг икки жанггарисини ўлдирди.

Ўлдирилганлардан бирининг "Исломий жиҳод" раҳбарларидан экани айтилмоқда. Ўлдирилганлардан яна бири Нидал Абу Саад Нетания шаҳрида амалга оширилган портлаш ташкилотчиси деб гумон қилинмоқда.
Отишма бугун Иордан дарëсининг чап қирғоғидаги Женин шаҳрида юз берди.

Тбилиси шаҳар кенгаши депутатлари мажлис пайтида бир-бирларини дўппослашди.

Грузия раҳбариятининг мамлакатдаги энергетик бўҳрондан қутулишдаги ролига бағишланган мунозара даҳанаки жангдан муштлашувгача бориб етди.
Тбилиси шаҳар кенгашининг ўтган йил оҳирида ўтказилган мажлиси ҳам оммавий муштлашув билан тугаган эди.

Германия канцлери Ангела Меркел Рамаллоҳда Фаластин еткачиси Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Учрашув олдиданн Меркел Фаластин парламент сайловларида ғалаба қозонган Ҳамас гуруҳи Исроил давлатининг мажуд бўлиш ҳуқуқини тан олишини кафолатлаш масаласини Фаластин ҳукумати билан муҳокама қилишини билдирди.
Айни пайтда Ҳамас гуруҳи халқаро ҳамжамиятни Фаластинга берилаётган ёрдамни тўхтатмасликка чақирди.
Ҳамаснинг етакчиси Исмоил Ҳания берган баёнотда, адолатли ўтакзилаган сайловларда гуруҳнинг ғалаба қозонгани фаластинликларнинг демократик танлови экани ва бу танлов ҳурмат қилиниши лозимлиги айтилади. У берилажак ёрдам зўравонлик йўлида ишлатилиши мумкин, деган тахминларни инкор этди.
“Халқаро ҳамжамиятни Фаластин халқининг айни босқичдаги устивор мақсадларини тушунишга ҳамда минатқадаги кескин ва танг вазиятга эмас, балки барқарорликка ҳисса қўшиш учун маънавий ва молиявий кўмак беришда давом этишга чақирамиз”, - деди Ҳамас етакчиси.
Қўшма Штатлар Ҳамас етакчилигидаги Фаластин ҳукуматига ёрдам бермаслигини айтмоқда. Исроил ҳам Фаластинга бериладиган тўловларни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда ўтаётган ойлик мажлисида бу вазиятни муҳкама қилмоқда. Айтилишича, ЕИ Ҳамас етакчилигидаги ҳукумат Исроил билан тинчлик ўрнатиш ниятида эканини кўрсатган тақдирдагина, Фаластинга кўрсатилаётган ёрдамни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистонда мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоллари устидан судловлар давом этмоқда.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева устидан бошланган судга ҳуқуқ ҳимоячилари киритлмаган.
Айни пайтда Тошкентда “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси вакили Нодира Хидоятова устидан ҳам суд давом этди.
Шунингдек, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаров устидан судлов ўз ишини бошлади, лекин адвокатларга тайёрланиб олиш учун вақт бериш мақсадида жума кунгача танаффус эълон қилинди.
Ҳидоятова ҳам, Умаров ҳам пул ювганлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда.

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси вакиллари бу ишларнинг ортида сиёсий сабаблар борлигини таъкидламоқда.
Лекин Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот вакили Светлана Ортиқова Озодликка берган суҳбатида, бундай таъкидларни инкор этди.
“Санжар Умаров ва унинг жиноий гуруҳи сиёсатга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган иқтисодий жиноятни содир этган. Шунинг учун улар суд олдида жавоб берадилар. Жамиятга, давлатга ва одамларнинг хусусий манфаатларига келтирилган иқтисодий зиён учун улар албатта жавоб беридилар, деб ўйлайман. Яна бир марта таъкидлаб айтаманки, Санжар Умаров ва унинг жиноий гуруҳининг жиноий фаолияти сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Булар ғирт иқтисодий жиноятлардир”, - деди Ортиқова.
“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси 2005 йилнинг апрелида тузилган. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилиб келган.

Россия Президенти Владимир Путин мудофаа вазирлигидан мунозараларга сабаб бўлаётган аскарнинг калтакланишига оид тергов юзасидан ҳарбий прокурорлар билан ҳамкорлик қилишни талаб қилди.

Ҳарбий хизматга чақирилган 19 ёшли оддий аскар Андрей Сичёв янги йил кунлари калтакланиши натижасида бир умрга ногирон бўлиб қолди.
Ҳукумат мажлисида Путин Челябинскдаги Танк билим юртида рўй берган воқеани фожеа ва жиноят, деб атади.
“Мудофаа вазирлигидан бу жиноятни тўла тергов қилишда барча керакли ёрдамни беришини сўрайман. Иккинчидан, мудофаа вазиридан армия ва флотда тарбия ишларини яхшилаш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий таклифларни тайёрлашини сўрайман”, - деди Россия президенти.
Путин шунингдек, Сичевнинг оиласига молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича Мудофаа вазирлигига топшириқ берди.
Путин мазкур воқеа бўйича биринчи марта очиқ баёнот берди.
Ҳарбий прокурорларга кўра, аскарнинг калатакланишида айбланиб 12 ҳарбий ҳисбга олинганини айтмоқда.
Сичевнинг оиласи, жавобгарларни, жумладан Мудофаа вазирлигини судга беришини айтмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG