Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:33

Халқаро хабарлар

Эрон атом энергияси вазири Ғулом Ризо Оғазода Россия таклиф этган уранни бойитиш дастури бўйича Теҳрон ва Москва деярли келишиб олганини маълум қилди.

Оғазода бу ҳақда Эроннинг Бушеҳр шаҳрида Россиялик ҳамкасби Сергей Кириенко билан бўлиб ўтган музокаралардн кейин маълум қилди.
Россиянинг таклифига кўра, Москва Эроннинг тинч мақсадлардаги ядровий дастури учун уранни бойитиб бериши кўзда тутилган. Бундан мақсад Эрон ўзи бойитган уранни ядровий қурол ясаш учун ишлатиши мумкинлигига оид Ғарб мамалкатлари хавотирларига барҳам беришдан иборатдир.
Икки томонлама музокараларнинг яқин кунларда Москвада давом этиши кутилмоқда.

Кобул яқинидаги қамоқхонада махбуслар қўзғолон кўтарди. Махбуслар хавфсизлик чоралари юқори бўлган қамоқхонанинг бир қисмини назорат қилмоқда.

Афғонистон жазони ижро этиш муассасалар бошқармаси бошлиғи Абдул Салом Бахшининг маълум қилишича, кечаси Пули Чарки қамоқхонасининг баракалридан бирида кўтарилган қўзғолонда соқчилар чекинишга мажбур бўлган.
Бу баракда 1300 га яқин махбус, жумладан Ал-Қайда ва Толибон ҳаракатига аъзоликда айбланганлар сақланади.
Афғонистон адлия вазири ўринбосари Муҳаммад Қосим Хошимзаийга кўра, қўзғолон, соқчилар махбусларга янги қамоқхона кийимларини тарқата бошлагнида, баъзи махбуслар уларни кийишдан бош тортганидан чиққан.
Афғонистон расмийсининг маъул қилишича, қўзғолонда камида тўрт махбус жароҳатланган, лекин махбуслар уларга таклиф этилган тиббий ёрдамни рад этган. Соқчилар жароҳатлангани йўқ.

Ироқда мазхаблараро зўравонликлар давом этмоқда.

Бугун Бағдоддаги маҳаллалардан бирига уюштирилган ракета ҳужумида камида 6 киши ўлдирилди ва 32 киши жароҳатланди. Ракеталарни ким отгани номаълум қолмоқда.
Бақуба шаҳрида эса қуролланган шахслар футбол ўйнаётган ўсмирларга қарата ўт очгани оқибатида икки болакай ҳалок бўлди ва беш нафари жароҳатланди.
Айни пайтда, радикал қарашдаги шиа руҳонийси Муқтада ас-Садр барча ироқликларни бирлашишга чақирди.
“Барча мўминларни, сунний ва шиаларни Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) айтганидек биродар бўлишга чақираман”, - деди ас-Садр.
У шунингдек барча ироқликларни бирлашиб, АҚШ қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилишига қаратилган уринишларга ҳисса қўшишга чақирди.
Ўтган чоршанба куни Самаррадаги шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳида содир бўлган портлашдан кейин шиа ва суннийлар ўртасида бошланган тўқнашувлар давом этмоқда.
Полицияга кўра, бугун Басрдаги шиалар масжидида портлаш рўй берган ва камида икки киши жароҳатланган. Шунингдек, асосан шиалар яшайдиган Ҳилла шаҳарчасида автобус бекатида рўй берган портлаш оқибатида беш киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ўтган чоршанба куни бошланган мазхаблараро зўравонликларда 200га яқин одам қурбон бўлди.

Айни пайтда, Ироқ Бош вазири Иброҳим Ал Жаъфарий мазхаблараро бўхронни муҳокама қилиш учун келаси сешанба куни Туркияга бориши айтилмоқда.

Бу ҳақда Туркия Бош вазири Ражап Тойип Эрдўған маълум қилди.
Эрдўғаннинг баёнотида шунингдек айтилишича, яқин кунларда Муқтада ас-Садрнинг ҳам Анқарага бориши режалаштирилган.
Бўлажак музокараларда, дейилади Эрдўған баёнотида, Ироқдаги бўхронни ҳал этишда Туркия қандай ёрдам бериши мумкинлиги муҳокама этилади.
Теҳронда юзлаб эронликлар Британия элчихонасига қарата қўлбола бомба ва тошларни отди. Намойишчилар қўшни Ироқдаги шиалар зиёратгоҳининг бомбардимон қилинишига норозиликларини ана шунда изҳор этди.
Намойишда хавфсизликни таъминлашга жалб этилган ўнлаб полициячилар оловни пайдар-пай ўчириб туришди.
Эрон 22 феврал куни Ироқнинг Самарра шаҳридаги шиалар зиёратгоҳида рўй берган портлаш муносабати билан етти кунлик мотам эъолн қилди. Эрон бу портлашни ташкил этганликда ғарб кучларини айбламоқда.

25 февраль куни Санкт Петербургнинг Невск туманидаги гўштни қайта ишлаш корхонасида 19 яшар ўзбекистонлик йигит ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Санкт Петербургдаги "Фонтанка " ахборот агентлиги хабар қилди. Маълум бўлишича, корхонада ишлаган 19 яшар ўзбекистонлик йигит хавфсизлик қоидаларига риоя қилмагани боис қорнидан жароҳат олган ва кўп қон йўқотиши оқибатида ҳалок бўлган.
Воқеа Санкт Петербургдаги, Колонтай кўчаси, 7/2 уйда жойлашган "Альфа Нева" Очиқ турдаги хиссадорлик жамиятига қарашли корхонанинг гўштни майдалаш цехида содир бўлган.
Воқеа қурбони Санкт-Петербургда рўйхатдан ўтмасдан яшаганлиги айтилмоқда.

Покистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Карачида 25 мингга яқин одам иштирокида Муҳаммад Пайғамбар карикатураларига қарши тинч намойиш бўлиб ўтди.

Намойишчилар Европа мамалкатлари билан дипломатик алоқаларни тўхтатишга чақирди ва аксил америка руҳидаги шиорларни айтишди.
Покистон шарқидаги Лаҳор вилоятида полиция режалаштирилган намойиш олдидан 70 кишини ҳибсга олди.
Айни пайтда, Қатарда Ислом ва Ғарб ўртасида ўзаро муроса мавзусига бағишланган конференция бошланди. Анжуманда Муҳаммад Пайғамбар карикатуралари туфайли келиб чиққан халқаро можаро муҳокама этилади.
Дастлаб Дания газеталаридан бирида чоп этилиб, кейин Европадаги бошқа газеталардан ҳам эълон қилинган карикатуралар мусулмон дунёсида кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Цивилизациялар уюшмаси ташкил этган анжуманда сўзга чиққан Қатар Амири Шайх Ҳамад бин Халифа ал-Таний ҳар бир эркинлик қадриятлар ва эътиқодларга ҳурмат доирасида бўлиши лозимлигини айтди.

Россия Давлат Думаси аксил террор операцияларига оид янги қонунни қабул қилди.

Янги қонун террорчлар томонидан гаровга олинган йўловчи самолётларни уриб тушириш, электрон почта ва телефон сўзлашувларни назорат қилиш ҳамда Россия ҳудудидан ташқарида опреацияларни амалга оширишга имкон беради.
Қонун лойиҳасида кўрсатилган аксил террор операцияларини матуботда ёртишини тақиқловчи банди қонуннинг якуний кўринишидан олиб ташланди.
Парламент қуйи палатаси қабул қилган ҳужжатни энди Федерал Кенгаш, ундан сўнг эса Президент Владимир Путин тасдиқлаши керак бўлади.
Мазкур қонун лойиҳаси 2004 йилда Россияда амалга оширилган террор ҳужумларидан сўнг ишлаб чиқилган эди.

Россия матбуотида эълон қилинган маълумотларда айтилишича, Чеченистонда 1999 йилда иккинчи ҳарбий кампания бошланганидан бери 3501 аскар ҳалок бўлган.

Интерфакс агентлигининг мудофаа вазирлигига таяниб хабар қилишича, бу рақамларга ички ишлар, Федерал хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқ тартибот идоралари тасаруфидаги қўшинларининг талофотлари кирмайди.
Чеченистонда жангу жадаллар тугаганига анча бўлганига қарамай, жанггарилар федерал кучлар ва улар билан ҳамкорлик қилаётган маҳаллий ҳукуматга қарши ҳужумлар уюштириб туради.

Олматада мингга яқин одам иштирокида расмийлар томонидан тақиқланган намойиш бўлиб ўтди.

Намойишчилар 13 феврал куни ўлдирилган Негиз Ақ Жол партияси ҳамраиси Олтинбек Сарсенбаевни хотирладилар.
Намойишчилар расмийларнинг овоз кучайтиргичлар орқали намойиш ноқонуний эканига оид огоҳлантирувларига қарамсдан, йўлни тўсиб олган полициячиларни бир неча марта ёриб ўтдилар.
Мухолифат тарафдорлари Сарсенбаевнинг ўлимига алоқадрлар жавобгарликка тортилиши талаб қилди. Намойишда президент Нурсултон Назрбоевнинг истеъфога кетишини талаб қилганлар ҳам бўлди.
Мухолифатчининг ўлимида гумон этилиб беш нафар хавфсизлик хизмати ходими ва сенат маъмурияти бошлиғи Эржон утембаев ҳибсга олинди. Ҳибсга олинган хавфсизлик хизмати ходимлари штатдагими ё штатдан ташқарими номаълум қолмоқда.

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос агар Ҳамас гуруҳи Исроил билан тинчлик ўрнатиш уринишларига тўғаноқ бўладиган тақдирда истеъфога кетиши мумкинлигига ишора қилувчи баёнот берди.

Британиянинг АйТиВи1 телеканалига берган интервьюсида Аббос Ҳамас гуруҳининг сиёсати халқаро меъёрларга тўғри келиши лозимлигини таъкидлади.
Ўтган ойдаги парламент сайловларида ғолиб чиқчан Ҳамас Ғарбнинг зўравонликдан воз кечиш ва Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш ҳамда Исроил ва Фаластин ўртасида шу пайтгача имзоланган келишувларга амал қилиш чақириқларини рад этиб келмоқда.
Айни пайтда, Ҳамас гуруҳи етакчиларидан бири Холид Машъал Дамашқда берган баёнотида, ўз гараҳининг Маҳмуд Аббос билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги, бироқ Фаластин раҳбари шарт қўймаслиги лозимлигини таъкидлади.

Туриндаги қишки олимпия ўйинларида немис спортчилари энг кўп медаллар соҳиби бўлишди.

Италиянинг Турин шаҳрида бугун якун топган қишки олимпия ўйинларида Германия спортчилари жамоаси 29 медал, жумладан 11 олтин медални қўлга киритди. Медалларнинг норасмий рейтингида Германиядан кейин иккинчи ўринни АҚШ, учинчи ўринни эса Австрия эгаллади.
Германия 2002 йилда Солт Лэйк Ситидаги олимпия ўйинларида ҳам энг кўп медал соҳиби бўлган эди.
Туриндаги Олимпиада бугун хоккей бўйича Финляндия ва Швеция ўртасида бўлиб ўтган финал беллашувида шведлар қўли устун келди. Бронза медали учун курашган Чехия ва Россия урашувида чехлар ғалаба қозонди.
Айни дамларда давом этаётган Олимпиаданинг ёпилиш маросимида Италия бош вазири Силвио Берлускони ва бошқа давлат раҳбарларининг қатнашмоқда.

Ироқ ҳукумати автомашиналарнинг Бағдодга рухсатсиз кириш ва чиқиши учун жорий этилган таъқиқ муддатини душанба кунигача узайтирди.

Бундан мақсад, мазхабий тўқнашувлар олдини олишдир. Ироқ Ички ишлар вазирлиги Бағдод атрофидаги учта вилоятда жорий этилган кундузги комендантлик соати бекор қилинганини билдирди.
Айни пайтда, Ироқда зўравонликлар давом этмоқда. Шанбага ўтар кечаси отишмалар рўй берган пойтахтнинг жанубий қисмида 14 нафар полиция ходими жасадлари топилди.
Ироқнинг бошқа жойларида портлашлар содир этилди. Карбало шаҳридаги портлаш оқибатида бир неча одам нобуд бўлди, ўнлаб одам яраланди. Воқеа гувоҳларидан бири Ройтер ахборот агентлиги мухбирига портлаш ҳақида бундай деди:
“Полиция ходими йўл четига тўхтатиб қўйилган машина багажини очмоқчи бўлганида, портлаш рўй берди. Ўшанда соат эрталабки саккизлар эди”.

Россия Атом энергияси агентлиги раҳбари Сергей Кириенко шанба куни Теҳронда Эрон расмийлари билан музокара ўтказди.

Сўзлашувдан кейин у Эроннинг ядровий дастури хусусида юзага келган бўҳронни хал этиш мумкин, деган фикр билдирди. Москва расмийлари Эроннинг атом станцияси учун уранни Россия ҳудудида бойитишни таклиф қилган. Шунингдек, Сергей Кириенко Эроннинг Бушеҳр шаҳридаги атом станцияси қурилишини Россия имкон қадар тез тугатиш истагида эканини билдирди.

Хитой ҳукумати яна икки одам парранда гриппининг одам ҳаёти учун ўта хавфли H5N1 вируси билан касалланганини билдирди.

Бу билан ўтган йил октябр ойидан бери Хитойда шу касалликка чалинганлар сони 14тага етда. Парранда гриппига чалинган одамлар қандай фаолият билан шуғуллангани маълум эмас.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги вакили Дэвид Велх Рамаллоҳ шаҳрида Фаластин расмийлари билан учрашди.

Бу ўтган ой Фаластинда ўтказилган парламент сайловида “Ҳамас” гуруҳи ғалабага эришганидан бери Фаластин ва АҚШ расмийлари ўртасидаги биринчи юқори даражали учрашувдир.
Фаластин музокарачиси Саэб Эрекатга кўра, Велх унга АҚШ фаластинликларга ёрдам кўрсатишни давом эттиришини аммо бу ёрдан бошқа томондан кўрсатилишини айтган:
“АҚШ анча вақтдан бери Фаластин халқини қўллаб-қувватлаб келяпти. Бу ёрдам АҚШнинг хорижий давлатларга кўрсатадиган жамғармаси орқали берилади. Бир неча кун олдин Давлат котиби Кондолиза Райс АҚШ Конгрессига фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатилиши давом этишига ишора қилди”.
Шанба куни Фаластин президенти Маҳмуд Аббос халқаро ҳамжамиятни “Ҳамас”га мухлат беришга чақирди. Айни пайтда, Аббос агар “Ҳамас” қаттиққўллик сиёсатини юмшатмаса, истеъфога чиқиши мумкинлигини айтди.

Афғонистондаги суд коммунистлар даврида разведка хизмати бошлиғи бўлган Асадулла Сарварийни олий жазога ҳукм қилди.

Суд қарорини Бош ҳакам Абдул Босит Бахтиёр ўқиб эшиттирди:
“Сиз, Асадулла Сарварий, ҳукуматга хизмат қилган пайтингизда юзлаб бегуноҳ мусулмон ва мужоҳидларнинг ўлдирилишида айбдор, деб топилдингиз. Конституциямизнинг 136-бандига мувофиқ, мазкур суд сизни ўлим жазосига ҳукм қилди”.
Асадулла Сарварий Афғонистоннинг биринчи коммунист президенти Нур Муҳаммад Таракий даврида, яъни, 1978 йилда мамлакат разведка хизматини бошқарган. Асадулла Сарварий суд ҳукми юзасидан юқори органларга шикоят аризаси ёзишини билдирди.

Афғонистон Покистонга Толибон ҳаракати бошлиғи Мулла Муҳаммад Умар ва унинг яқинлари Покистон ҳудудида яшириниб юргани тўғрисидаги разведка маълумотларни тақдим этди.

Афғонистон расмийларига асосланиб Ассошиэйтед пресс ахборот агентлигининг билдиришича, Афғонистон президенти Ҳамид Карзай яқинда Исломободга сафари чоғида шу ҳақдаги разведка маълумотларини Покистон расмийларига топширган.
Покистон Ички ишлар вазири Офтоб Хон Шерпао жорий ҳафта бошида шу маълумотни тасдиқлаб, агар толиблар Покистон ҳудудида бўлса, улар қўлга олинишини айтган.

Пайшанба куни Москвадаги Бауман бозори томи босиб қолгани оқибатида нобуд бўлганлар сони 65га етди.

Қурбонларнинг аксарияти Озарбайжон, Грузия ва бошқа собиқ совет республикаларидан келган савдогарлар бўлган. “ДПА” ахборот агентлиги хабарига кўра, Москва ҳокими Юрий Лужков фалокатда жарохатланган ва қурбон бўлганлар, жумладан хориж фуқаролари оила аъзоларига ҳам дарҳол 100 минг рублдан товон пули тўлаш ҳақида буйруқ берган.

Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича мутасаддиси Алваро Жил-Роблес Чеченистонга икки кунлик ташрифини бошлади.

Сафари давомида у Чернокозов қамоқхонасини ҳам бориб кўради. Жил-Роблес сўнгги бор беш йил олдин Чернокозов қамоқхонасидаги вазият билан яқиндан танишганидан кейин уни дарҳол ёпишга чақирган эди. Мазкур қамоқхонада маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани 2000 йилда халқаро миқёсда жанжалга сабаб бўлган эди.

Бангладеш пойтахти Даккадаги кийимбош тикадиган олти қаватли фабрика биноси қулаб тушди.

Оқибатда камида 15 одам нобуд бўлди. “Phoеnix textile” биноси қулаган пайтда цехларда тахминан 150 нафар тикувчи ишлаётган бўлган. Кўпчилик бино деворлари остида қолгани тахмин қилинмоқда. Бино қулаши сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Хаагадаги уруш жиноятлари бўйича БМТ трибунали Югославия собиқ президенти Слободан Милошевичнинг даволаниш учун Москвага боришига рухсат бермаганига афсусланиш билдирди.

Тиббий муолажалар тугаши билан Милошевич яна Хаагага қайтарилиши тўғрисида Россия ҳукумати берган кафолатга трибунал эътибор бермаган кўринади, дейилади вазирлик баёнотида.
90-йилларда Босния, Косово ва Хорватияда содир этилган кўплаб жиноятлар бўйича 66та айблов қўйилаётган Милошевич юрак хасталиги ва қон босим касалликларидан азият чекяпти.

Ироқ ҳукумати мазхабий тўқнашувлар олдини олиш учун янги хавфсизлик чораларини кўрмоқда.

Бош вазир Иброҳим Жаафари автомобилларнинг Бағдод шаҳрига рухсатсиз кириш ва чиқиш таъқиқлангани ҳамда Бағдодда кундузги комендантлик соати жорий қилинганини билдирди.
22 феврал куни Самарра шаҳридаги шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бирига бомба ҳужуми уюштирилганига қарамай, ироқлик шиалар раҳбари Абдул Азиз ал-Ҳаким сунни ва шаи мусулмонларни бирлашишга чақирди. Ўша ҳужумдан кейин юз берган мазҳабий тўқнашувларда Ироқ бўйича 130га яқин одам нобуд бўлди.

Саудия Арабистони хавфсизлик кучлари мамлакат шарқидаги нефт захираларига ҳужум уюштирилишининг олдини олди.

Саудиядаги Ғарб ахборот агентликлари мухбирларига кўра, худкуш ҳужумчилар камида иккита автомашинада Абқаиқ нефт заҳирасини штурм қилишга уринган. Объект яқинида портлаш ва ўқ овозлари эшитилган.
Воқеадан кейин дунё бозорида бир баррел нефт нархи икки долларга кўтарилди. Саудия Нефт вазири Али Ал-Нуайми бу воқеа Саудияда нефт қазиб чиқаришга таъсир этмаганини билдирди.

Пайшанба куни Москвадаги Бауман бозори томи босиб қолгани оқибатида нобуд бўлганлар сони кўпаймоқда.

Интерфакс, ИТАР-ТАСС ахборот агентликлари хабарига кўра, фалокат оқибатида нобуд бўлганлар сони жума куни 58га етган, жароҳатланган 20 одам касалхонада даволанмоқда. Қурбонларнинг аксарияти озарбайжонлик ва бошқа собиқ совет республикаларидан келган савдогарлар бўлган.
24 феврал куни фалокат рўй берган бозорни бориб кўрган Москва ҳокими Юрий Лужков қидириш ишлари тўхтатилганини айтди:
“Бозорнинг ертўла хоналарида хали топилмаган одамлар бор, дейишга ҳеч қандай асос ва сабаб йўқ. Биз ертўла хоналаридаги вазиятдан жуда яхши хабардормиз”.
Сўнгги маълумотларга кўра, Бауман бозори бошлиғи Марк Мешиев вазифасига совуққонлик туфайли одамлар ўлимига сабаб бўлгани гумони билан ҳибсга олинган.

Афғонистоннинг “Ариана” телевизион тармоғи сунъий йўлдош орқали АҚШга ўз кўрсатувларини узата бошлади.

“Ариана” эълон қилган баёнотга кўра, бундан мақсад Америкада истиқомат қиладиган афғонистонликларни она ватанларида бўлаётган сўнгги воқеалар билан таништирш, уларга кўнгилочар ва маданий дастурларни тақдим этишдан иборат.

Давомини ўқинг

OzodTa'sir

XS
SM
MD
LG