Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 21:03

Халқаро хабарлар

Ҳюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти 10 нафар ўзбек қочқини Ўзбекистонга экстрадиция қилингани учун Украина ҳукуматини танқид қилди.

Ташкилот чиқарган баёнотида экстрадиция халқаро қонунларга зид равишда амалга оширилгани айтилади. Ҳюман райтс уотчнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Холли Картнерга кўра, қийноққа солиниши ва қўпол муомала қилиниши мумкинлигига қарамай, Украина расмийлари ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилган.

Покистонда мусулмон уламолар ва тарафдорлари Муҳаммад Пайғамбарни (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳажв қилувчи карикатуралар чизган даниялик рассомни ўлдирган одамга бир миллион доллардан ортиқ мукофот берилишини эълон қилдилар.

Пешавор шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойиши қатнашчилари олдида чиқиш қилган уламо Мавлоно Юсуф Қурайши Ғарб давлатлари Усама Бин Ладин боши учун мукофот эълон қилган. Нима учун мусулмонлар ўз пайғамбарларини ҳақорат қилган одам боши учун мукофот эълон қила олмайди, деди. Жума куни Дания ҳукумати Покистондаги Дания элчихониси вақтинчалик ёпилаётгани ва элчи маслаҳат учун Копенгагенга чақирилаётгани-ни эълон қилди.
Айни пайтда, Теҳрондаги Дания элчихонаси олдида элликка яқин эронлик хочни ёқиб юборди.
Шунингдек, Гон Конг ва Бангладешда уюштирилган норозилик намойишларида минглаб одам қатнашди.

Британия ва Германия Эроннинг ядровий дастури масаласи дипломатик йўллар орқали хал этилиши кераклиги хусусида келишди.

Британия Бош вазири Тони Блэр ва Германия Канцлери Ангела Меркел Берлинда матбуот анжумани ўтказди.
“Биз Эроннинг ядровий дастури масаласини дипломатик йўллар орқали, қаттиқ позицияда туриб фақат тинч йўллар орқали хал этиш масаласини муҳокама қилдик”, – деди Тони Блэр.
Британия, Германия ва Франция Теҳрон расмийлари билан Европа Иттифоқи номидан музокара олиб бораётган эди. Аммо Эрон уранни бойитиш ишларини қайта бошлаганидан сўнг музокаралар боши берк кўчага кириб қолди.

Қозоғистон мухолифати раҳбарларидан бири Олтинбек Сарсенбаев (суратда) отиб ўлдирилгани юзасидан ўтказилаётган текширувда АҚШ Федерал тергов бюроси мутахассислари иштирок этади.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Бауржан Муҳамеджанов пайшанба куни кечқурун шуни маълум қилди. 11 февралда бедарак йўқолган Сарсенбаев шу ҳафта бошида Алмати ташқарисида ўлик ҳолда топилган эди. Ички ишлар вазирига кўра, АҚШ Федерал тергов идораси мутахассисларининг қидирув-тергов жараёнида иштирок этиши унинг ошкоралигини таъминлайди.

Бишкекнинг Свердловск туман судида Қирғизистон парламенти аъзоси Баяман Эркинбаев ўлдирилгани юзасидан маҳкама иккинчи кун давом этмоқда.

Суд қора курсисида ўтирган Бобирқул Ботиров ва Маҳмуджон Рўзиметов ўтган йил 21 сентябрда Эркинбаевни Бишкекдаги ўз уйи яқинида отиб ўлдирганликда айбланмоқда. Суиқасдга алоқадорликда гумон қилинаётган учинчи шахс Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари қидирувида. 2005 йил июн – октябр ойларида Қирғизистонда парламентнинг уч аъзоси ҳаётига суиқасд қилинди. Шундан сўнг, парламент аъзолари ҳимоя мақсадида ўзлари билан қурол олиб юриш ҳақида қарор қабул қилдилар.

Қочқинлар масалалари бўйича БМТ идораси Қирғизистон ҳукуматини Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган тўрт қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирди.

БМТ Қочқинлар идораси матбуот вакили Астрид ван Гендерен Сторт Озодлик радиосига бундай деди:
“Биз Қирғизистон ҳукуматини ўзбек қочқинларини экстрадиция қилмасликка чақирамиз. Қирғизистон расмийлари қўлида суд қарори бўлиши мумкин. Улар қарорни бажариш ҳуқуқига эгалар. Аммо биз қочқинлар экстрадиция қилинмаслигига умид қиламиз. Айни пайтда, биз Ўзбекистон расмийларини қайтариб берилганларга нисбатан халқаро қонунлар доирасида муомала қилинишига чақирамиз”.
Пайшанба куни Қирғизистон Олий суди тўрт ўзбекистонликнинг икки нафарига бошпана беришни рад этган эди. Маълумотларга кўра, улар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари қидирувида бўлган.

АҚШ президенти Жорж Буш Конгрессдан Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар ва дипломатик миссиялар фаолияти учун 72 миллиард 400 миллион доллар қўшимча маблағ ажратишни сўради.

Конгрессга йўлланган ҳужжатда, сўралаётган маблағнинг 65,3 миллиард доллари Мудофаа вазирлигига, қолган қисми Давлат Департаменти ва разведка идораларига берилиши кўзда тутилган.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Покистонга сафари чоғида “Толибон” ҳаракати раҳбари Мулла Умар Ислом дини ва Афғонистон обрўсига путур етказганини айтди.

Афғонистон раҳбарига кўра, терроризмга алоқадор бўлган Мулла Умар ва унинг тарафдорлари мамлакат бўйлаб таъқиб қилинишини айтди. Карзайга кўра, толибларнинг мингга яқин жанггарилари ва бошқа кучлар ҳукумат билан ярашган ва хатто уларнинг айримлари янги парламентга аъзо бўлган. Ҳамид Карзай Мулла Умар ва толибларнинг бошқа раҳбарларига тинчлик келишуви таклиф қилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Тожикистон-Афғонистон чегарасида 70 килограмм наркотик моддалар қўлга туширилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигига таяниб ИТАР ТАСС ахборот агентлигининг билдиришича, мусодара қилинган гиёҳванд моддаларнинг 60 килограмми героин бўлган. Вазирликнинг Наркотикларга қарши кураш бўлими бошлиғи Файзулло Гадоевга кўра, чоршанба куни ўтказилган бошқа махсус операция давомида бир контрабандачи қўлга олиниб, 32 килограмм наша мусодара қилинган.

АҚШ Украинага “бозор иқтисодиётига ўтган давлат” мақоми берди.

АҚШ Савдо вазири ўринбосари Дэвид Сэмпсон буни жума куни Киевга ташрифи чоғида эълон қилди. Бу Украинада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар АҚШ бозорига кириб боришини осонлаштиради. Айни пайтда, бу мақом Украинанинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Европа Иттифоқи 2005 йил декабрида Украинага “бозор иқтисодиётига ўтган давлат” мақоми берган эди.

Исроил Бош вазири вазифасини вақтинча бажараётган Эхуд Олмерт “Ҳамас” ҳукмронлик қилаётган Фаластин мухториятига нисбатан чоралар кўриш масаласини муҳокама этмоқда.

Ҳукумат расмийларига кўра, режалаштирилаётган чоралар орасида минглаб фаластинликларнинг Исроилда ишлашини таъқиқлаш ва Ғазо билан чегарани беркитиш каби чоралари ҳам бор. Исроил ҳукумати бу ҳақда 19 феврал куни узил-кесил қарор қабул қилади.

Филиппинда ер кўчиш рўй бергани оқибатида бир қишлоқ буткул тупроқ остида қолди.

Халқаро қизил хоч ташкилоти маълумотига кўра, табиий офатда тахминан 200 одам нобуд бўлган, бир ярим минг одам бедарак йўқолган.

Беларус Марказий сайлов комиссияси президентлик сайловида қатнашадиган тўрт номзодни рўйхатга олди.

Беларус президенти лавозимига мамлакатнинг ҳозирги президенти Александр Лукашенко, йирик мухолифат гуруҳлари қўллаб-қувватлаётган Аляксандр Милинкевич, Либерал демократик партия раҳбари Сергей Гайдукевич ва Социал демократик партия раҳбари Александр Казулик даъвогарлик қилмоқда.
Европа Иттфоқи ва АҚШ расмийлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 19 март куни ўтказиладиган президентлик сайлови демократик бўлмайди, деган фикрда. Чунки Лукашенко режими мустақил ахборот воситалари ва ўз сиёсий рақибларини таъқиб қилмоқда.

Россия Озарбайжондан парранда импорт қилишни таъқиқлади.

Москва расмийлари бундай қарор қабул қилишига Озарбайжонда парранда гриппининг одам ҳаёти учун ўта хавфли H5N1 вируси аниқлангани сабаб бўлди. Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги маълумотига кўра, Озарбайжондан фақат тирик парранда эмас балки тухум, парранда гўшти ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳам импорт қилиш таъқиқланган.

16 феврал Тошкент портлашларига етти йил тўлди.

1999 йилнинг 16 февралида пойтахт Тошкентнинг беш жойида 45 минут ичида кетма-кет портлашлар содир бўлган ва расмий маълумотларга кўра¸ 16 одам нобуд бўлган¸ 100 дан ошиғи жароҳатланган эди.
Ҳукумат мазкур портлашлар учун Ўзбекистон Исломий ҳаракати¸ шунингдек айрим демократик мухолифат етакчиларини айблаган эди. Портлашлардан сўнг юзлаб ўзбекистонликлар қамоққа олинган¸ халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан театрлаштирилган томоша дея баҳоланган судлар эса Тошкент портлашларини уюштирганлик айби билан 19 кишини ўлим жазосига¸ бир неча ўнлаб одамни узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилган эди.
Мазкур судларда Тошкент портлашларининг асосий ташкилотчиларидан бири деб айбланган Зайниддин Асқаров 2003 йилнинг 26 ноябрида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасидан туриб хориж мухбирларига портлашларни расмий Тошкент уюштирганини айтган эди. Асқаров¸ бу ишда хусусан ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокиржон Алматов номини алоҳида тилга олган эди.

“Халқаро ҳамжамият Марказий Осиëда беқарорлик чиқиш эҳтимолига ҳозир бўлиш учун янги стратегиялар ишлаб чиқиши лозим”.

Маркази Брюсселда жойлашган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи эълон қилган янги ҳисоботдан чиқадиган асосий хулоса ана шундай.
Ҳисоботга кўра¸ Ўзбекистонда зўравонликлар юзага чиқиш эҳтимоли жуда кучли ва бундай эҳтимол юзага чиққан тақдирда Ўзбекистон минтақадаги беқарорлик ўчоғига айланиши мумкин.
Ҳисобот хулосасида шунингдек¸ Ғарб ҳукуматларининг Марказий Осиëга сиëсий ва иқтисодий эркинликлар олиб киришга қаратилган сиëсатлари мағлубиятга учрагани ҳам алоҳида таъкидланилади.

13 май Андижон воқеаларидан сўнг қўшни Қирғизистонга ўтиб¸ ҳозиргача Ўш тергов изоляторида сақлаб келинган икки Ўзбекистон фуқаросининг қочқин мақоми берилиши ҳақидаги аризасига мамлакат Олий суди рад жавоби берди.

“Маъмурий ва иқтисодий масалалар бўйича Бишкек шаҳар суди коллегиясининг 2005 йил 13 декабр куни Жаҳонгир Мақсудовнинг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги миграция департаменти томонидан 2005 йилнинг 26 июл куни чиқарган қарорини бекор қилиш ҳақидаги аризаси юзасидан чиқарган ҳукми ўз кучида қолдирилди. Олий суд қарори эълон қилиниши билан кучга киради¸ у сўнгги ҳукм ва аппеляция қилинмайди”¸ - дея ҳукмни эълон қилди ҳакам Алмагул Алпиева.
Иккинчи Ўзбекистон фуқароси аризаси юзасидан айнан шундай ҳукм¸ сал кейинроқ ўқиб эшиттирилди.
Қирғизистондан қочқинлик мақомини сўраган Жаҳонгир Мақсудов ва Одилжон Раҳимовлар¸ Ўзбекистонга қайтарилса¸ ўзларининг ҳукумат таъқибига учрашларини айтиб келмоқдалар. Уларни Андижондаги қонли воқеаларга алоқадорликда айблаëтган расмий Тошкент Мақсудов ва Раҳимовнинг ўз ихтиëрига топширилишини кўпдан талаб қилиб келмоқда.
Гарчи бугунги суд ҳукми сўнгги ҳукм бўлса-да¸ Қирғизистон Бош прокурори БМТ қочқинлар идорасининг бу икки Ўзбекистон фуқаросига қочқин мақоми бергани асосида¸ Мақсудов ва Раҳимовга қочқинлик статуси бериш ҳуқуқига эга.

Қатор Европа нашрларининг Дания газетасида босилган Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи суратларни қайта босганига нисбатан кенг норозиликлар ҳамон давом этмоқда.

Покистоннинг Карачи шаҳрида тўрт кундан Шаҳар полициясининг билдиришича¸ намойишчилар юриш қилган уч километрлик йўл бўйлаб беш мингдан ошиқ қуролланган хавфсизлик кучлари жойлаштирилган.
бери давом этаëтган норозилик намойишларида бугун 40 мингдан ошиқ одам иштирок этди.

Покистон мусулмонларининг “Жамоат аҳли сунна” ташкилоти уюштирган бугунги норозиликда зўравонлик ҳоллари қайд этилмади.
Айни пайтда¸ Яман пойтахтида бўлиб ўтган шундай норозилик чиқишида 60 мингга яқин одам иштирок этди.

Филлипинда намойишчилар¸ Дания газетасида карикатураларни босган икки журналист боши танасидан жудо қилинган ҳолда акс этган суратларни кўтариб чиқишди. Уч мингдан ошиқ намойишчилар¸ шунингдек¸ Дания байроқларини ҳам ëқиб ташладилар.
Шундай намойишларнинг Эронда ҳам давом этгани хабар қилинди.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Бауржан Муҳамеджановнинг айтишича¸ мухолифат етакчиларидан бири Алтинбек Сарсенбаев (суратда) ўлими бўйича бошланган тергов-қидирув жараëнида АҚШнинг Федерал тергов бюроси мутахассислари ҳам иштирок этади.

Вазирнинг айтишича¸ мухолифат лидери ўлими бўйича бир неча хил версия мавжуд ва ҳар бир сценарий бўйича алоҳида тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.
Ички ишлар вазири шунингдек¸ Сарсенбаев қотилларини топишга ëрдам берувчи ахборот учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилди.
Мухолифатдаги “Негиз Ақ жўл” партияси раисдоши Алтинбек Сарсенбаев¸ унинг ҳайдовчиси ва тан қўриқчиси жасадлари 13 феврал куни Алмати ташқарисидан топилган эди.
Мухолифат фаоллари ҳукуматни мазкур қотилликка алоқадорликда айблашмоқда.
Ўтмишда Қозоғистон Ахборот вазири бўлиб ишлаган 44 яшар Сарсенбаев¸ айтилишича¸ келажакда президентлик учун даъво қилишга чоғланаëтган қозоқ сиëсатчиларидан бири бўлган.

Россия ҳаво қўшинлари қўмондони генерал Владимир Михайлов бугун Бишкекда Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев ва Мудофаа вазири Исмаил Исақовлар билан учрашди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш¸ хусусан Кант ҳаво базасини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди. Генерал Михайловнинг айтишича¸ Россия Кант базасига катта миқдорда сармоя ëтқизиб келмоқда ва ҳозирда уни доимий ўз базасига айлантиришни таклиф этмоқда.
Қирғизистон Мудофаа вазири Исақов учрашувдан сўнг Озодлик мухбирига¸ музокаралар мавзуи ҳақида қисқа ахборот берди.
“Кант ҳаво базасидаги ҳарбий кучлар Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг таркибий қисмидир ва шу сабаб бу кучлар кўпайтирилса¸ бизга яхши бўлади. Аммо ҳозирча¸ мазкур қўшинларни кўпайтириш масаласида гап бўлганича йўқ”¸ - деди Қирғизистон Мудофаа вазири.
Бугунги Бишкек музокараларида шунингдек Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа ва Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Юрий Зубаковлар ҳам иштирок этишди.

Айни пайтда¸ Россия жанубидаги Волгоград шаҳар маъмурияти пайғамбарларни ҳажв қилувчи суратларни босган маҳаллий газетани ëпишга қарор қилди.

“Городские вести” газетасининг 9 феврал кунги сонида Исо Масиҳ¸ Мусо¸ Будда ва Муҳаммад пайғамбарни бир-бири билан даҳанаки жангга киришган икки тўда урушини телевизордан томоша қилиб ўтирган ҳолда тасвирловчи карикатура босилган эди. Ирқчилик ва ўзга миллатлардан қўрқиш мавзуидаги мақолага илова қилнган мазкур сурат остига¸ “биз сизга буни ўргатганимиз йўқ”¸ деб ëзиб қўйилган.
Шаҳар прокуратураси кремлпараст ’Бирлашган Россия’ партияси аризаси асосида газетанинг бундай карикатура орқали диний адоватни қўзғаган-қўзғамаганини аниқлаш учун тергов жараëни олиб бормоқда.
Газета муҳаррири Татъяна Каминская¸ шаҳардаги бирор диний жамоа карикатуралар хусусида шикоят билдирмаганини айтмоқда ва сиëсатчиларни сиëсий очко олиш мақсадида сунъий можаро яратаëтганликда айбламоқда.

Грузия парламенти Россия ҳарбийларининг сепаратчи Жанубий Осетия минтақасидан чиқиб кетишини талаб қилганидан бир кун ўтиб¸ Грузия можароларни ҳал этиш вазири Георгий Хайндрава музокаралар учун Москвага келди.

Грузин депутатлари кеча Тбилиси ҳукуматидан Россия тинчлик ўрнатувчи қўшинларининг чиқиб кетиши¸ Тбилиси ва Жанубий Осетия ўртасидаги 18 ойлик урушни тўхтатиш ҳақида 1992 йили имзоланган Грузия-Россия келишувини қайта кўриб чиқишни талаб этувчи резолюцияни қабул қилдилар.
Хайндравага кўра¸ ҳукумат мазкур резолюцияни ҳурмат қилишга мажбурдир.
Россия Ташқи ишлар авзирлигида бўлиб ўтаëтган бугунги музоакаралар¸ Москва расмийларининг айтишича¸ мазкур масала юзасидан Тбилиси ҳукумати позициясини ойдинлаштиришга қаратилган.

Айни пайтда¸ бугун Россия қуролли қўшинлари бош штаби раиси Юрий Балуевский¸ минтақадан Россия ҳарбийлари чиқиб кетиши билан¸ фуқаролар уруши қайта бошланиши ҳақида пўписа қилди.
Грузия Россия тинчлик ўрнатиш кучларини сепаратчиларга ëн босаëтганликда айблаб келмоқда.

Бугун Қозоғистон Давлат статистикаси агентлиги мамлакатда ВИЧ вируси ва ОИТС касаллиги тарқалишига оид расмий маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра¸ 2005 йили Қозоғистонда ВИЧ вирусини юқтирган 960 та бемор қайд этилган. Бу эса¸ 2004 йилги кўрсаткичдан 700 тага кўпдир.
Айтилишича¸ ҳозирда Қозоғистонда ВИЧ вирусини юқтирган жами 5440 одам рўйхатга олинган¸ улардан 313 тасининг ОИТС касалига чалинганини аниқланган.

Озарбайжон ҳукумати мамлакатда қайд этилган парранда грипига қарши курашда ëрдам беришни сўраб¸ Европа Комиссиясига мурожаат қилди.

Айтилишича¸ мазкур сўров¸ Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамадияровнинг Европа иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутассаддиси Бенита Ферреро-Валднер билан Бакуда ўтказган учрашувида ўртага қўйилган.
Ўткан ҳафта пойтахт Бакунинг Каспий бўйи соҳилидаги қушлардан H5N1 вируси топилди. Ҳозирча Озарбайжонда вируснинг одамга юққан ҳоллари қайд этилмади.

Бағдод ҳукумати АҚШ назоратида бўлган Абу Ғрайб қамоқхонасидаги ироқлик маҳбусларнинг хўрлангани акс этган янги суратлар эълон қилинишини қоралади ва бу иш учун маъсул бўлганларнинг жазоланганини билдирди.

Бош вазир Иброҳим ал-Жаъфарий (суратда) томонидан эълон қилинган бугунги баëнотда шунингдек¸ Ироқ ҳукуматининг бундай ҳақоратли ҳаракатлар қайта такрорланмаслиги учун маъсулиятни ўз зиммасига олиши айтилади.
2003 йили Абу Ғрайб қамоқхонасида ироқлик тутқунларнинг Америка ҳарбийлари томонидан хўрлаб¸ қийноққа солингани акс этган янги суратлар 15 феврал куни Австралия телеканалларидан бирида намойиш этилди. Вашингтон янги суратларнинг кўрсатилиши Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига нисбатан душманлик қайфиятини кучайтиришидан хавотир билдирди. Аммо Бағдоддаги Америка генерали Рик Линч¸ ҳозирча бундай ҳолат кўрилмаëтганини билдирди.
“Янги суратлар намойиш этилганидан сўнг ироқликларнинг бизга нисбатан душманлиги ошганини кўрмадик. Ҳозирча бундай ҳолат кўрилмади. Бу суратларда акс этган жиноий ишларнинг бундан бир неча йил олдин юз бергани¸ ярамас аскарларнинг ўз қўмондонлари томонидан қўллаб-қувватланмаган ишларни қилгани ва бунинг учун жазосини олганини унутмайлик”¸ - деди Америка генерали мухбирларга қарата.
Қизил Хоч халқаро қўмитаси матбуот котиби Доротея Кримитсас¸ ўз ташкилоти ироқлик маҳбусларнинг суратларда акс этган шаклда хўрланганидан даҳшатга тушганини билдирди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG