Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 22:11

Халқаро янгиликлар

Қуддус шаҳридаги шифокорлар Исроил Бош вазири Ариел Шаронни операция қилиб, йўғон ичагининг бир қисмини олиб ташлади.

“Хадасса” касалхонаси раҳбари Шломо Мор-Ёсеф мухбирларга, тўрт соат давом этган жарроҳлик операцияси Шароннинг аҳволини барқарорлаштиришга ёрдам берганини айтди.
“Бош вазир Шароннинг аҳволи барқарор, аммо оғир. Эрталаб унинг хаёти хавф остида эди. Бироқ ҳозир, айтишим мумкинки, Бош вазир Шароннинг аҳволи оғир, барқарор ва ҳаёти хавф остида эмас ”, – деди Шломо Мор-Ёсеф. 4 январ куни мияга қон қуюлиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган Исроил Бош вазири Ариел Шарон ҳозирга қадар хушига келмаган.

АҚШ ўтган ой Покистоннинг Бажур минтақасига уюштирган ракета ҳужуми оқибатида Ал-Қайда раҳбари ўринбосари Айман Аз-Завоҳирийнинг яқин қариндоши ўлдирилган.

Покистон президенти Парвез Мушарраф Пешавор шаҳрида қабила бошлиқлари билан учрашув пайтида шуни маълум қилди. Мушарраф уларнинг исмини айтмади. Покистон раҳбарига кўра, ҳужум оқибатида яна тўрт нафар хорижлик нобуд бўлган.

Парранда гриппининг одам ҳаёти учун ўта хавфли H5N1 кўриниши Европа Иттифоқига аъзо Италия, Греция ва Болгарияда ҳам борлиги аниқланди.

Брюссел шаҳридаги Европа комиссиясига кўра, Италия ҳукумати хавфли вирус мамлакатнинг Пуглия, Калабрия вилоятлари, шунингдек Сицилия оролида ҳам борлиги аниқлангани тўғрисида комиссияга маълумот берган. Айни пайтда, Греция қишлоқ хўжалик вазирлиги мамлакат шимолий ҳудудларида топилган учта оқ қуш айнан парранда гриппининг H5N1 вирусидан ўлганини тасдиқлади.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод агар Эроннинг ядровий дастури борасида босим кучаяверса, Эрон Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик келишувидан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Эронда амалга оширилган Исломий инқилобнинг 27 йиллиги муносабати билан Теҳронда минглаб одамлар олдида қилган чиқишида:
“Эрон Исломий республикаси ўзининг ядровий дастурини Халқаро атом энергияси агентлиги ва Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик келишуви доирасида амалга оширишга ҳаракат қилиб келди. Агар улар ана шу қоидалардан фойдаланиб Эрон халқининг ҳуқуқини бузишга ҳаракат қилсалар, билингки, Эрон ўз сиёсатини қайта кўриб чиқади”, – дея баёнот берди Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон президенти “Холокост” қатлиомини эртак, дея атаб ҳозирда ҳақиқий “Холокост” Фаластин ва Ироқ ҳудудларида содир бўлаётганини айтди. Аҳмадийнажод фаластинликлар ва бошқа давлатлар охир-оқибат яхудий давлатини йўқ қилишини айтди. Европа Иттифоқи Эрон президентининг охирги баёнотларини қоралади.

Париж ташқарисидаги “Рамбуе” саройида Арманистон ва Озарбайжон президентлари Роберт Кочарян ва Илҳом Алиев ўртасидаги учрашув ниҳоясига етди.

Кочарян ва Алиев икки кун давомида 18 йилдан буён ўз ечимини топмай келаётган Тоғли Қорабоғ можаросини муҳокама қилдилар. Музокарадан сўнг икки томон сўзлашув ҳақида шарх бермади. Озодлик радиоси мухбирининг Париждан берган хабарига кўра, Арманистон президенти “Рамбуе” саройидан жўнаб кетган.

Ғазода қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган мисрлик дипломат қўйиб юборилди.

Миср расмийларига кўра, Фаластиндаги Миср элчихонасининг ҳарбий масалалар бўйича мутасаддиси Хуссам ал-Мусли ўғирлангани учун масъулиятни номи ҳеч кимга таниш бўлмаган “Ал-аҳрор” гуруҳи ўз зиммасига олган. Шунингдек, Миср расмийлари ал-Мусли озод этилиши тафсилоти ҳақида маълумот бермади.

Ўтган ой Ироқда америкалик журналист Жилл Кэрролни ўғирлаб кетган шахслар агар талаблари 26 февралгача бажарилмаса Кэрролни қатл этишга тахдид қилмоқда.

Кувайт телевидениеси хабарига кўра, улар Ироқ қамоқхоналаридаги барча аёл маҳбуслар озод этилишини талаб қилмоқда.
Журналистни ўғирлаганларга яқин манбага таяниб “Al-Rai” канали раҳбари Яссим Будайнинг билдиришича, Кэррол Бағдод марказида бир гуруҳ аёллар томонидан тутқунликда сақланмоқда. 9 феврал куни Кувайтдаги телеканал орқали кўрсатилган видеолавҳада Жилл Кэррол ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, озод этилиши учун уни ўғирлаганлар қўйган талабларни бажаришни сўраган.

Жума куни Италиянинг Турин шаҳрида 20-Қишки Олимпиада очилган эди.

Шанба куни германиялик Майкл Грейс Олимпия ўйинларининг биринчи олтин медалини қўлга киритди. Грейс 20 километрлик биатлон беллашувида норвегиялик Оле Эйнар Бжорн-да-лен-ни мағлубиятга учратди.

Сурия президенти Башар ал-Асад 1984 йилдан буён Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган Фаруқ ал-Шарани Вице президент этиб тайинлади.

Айни пайтда, Ал-Шара Ташқи ишлар ва Ахборот тарқатиш соҳаларига ҳам масъул бўлади.
БМТ терговчилари бир йил олдин Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Харирий ҳаётига суиқасд уюштирилгани юзасидан ал-Шарани сўроқ қилиш ниятида.

Россиянинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Фаластиннинг “Ҳамас” исломий ҳаракати вакиллари музокара олиб бориш учун феврал охиригача Москвага келишини маълум қилди.

Александр Калугин айтганига асосланиб Интерфакс ахборот агентлигининг хабар қилишича, “Ҳамас” вакилларининг Россия пойтахтига ташрифи тўғрисида ташкилот мутасаддилари билан келишилган.
Исроил “Ҳамас” вакиллари Москвага таклиф қилинганига норозилик билдирган.
Айни пайтда, шанба куни Италияда Россия ва Исроил Мудофаа вазирлари ўртасида музокара ўтказилиши режалаштирилган.

Италия ҳукумати 9 – 10 апрел кунлари парламент сайлови бўлиб ўтишини эълон қилди.

Бош вазир Силвио Берлусконининг идораси матбуот хизматига кўра, Италия президенти Карло Азеглио Сиампи ҳукуматни тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан бир оз кейин сайлов муддати белгиланган. Бу қарор билан Италиянинг ҳозирги парламенти беш йиллик фаолиятига якун ясайди ва сайловолди кампанияси бошланади.

Покистон пойтахти Исломобод ва унга туташ минтақаларда Рихтер шкаласи бўйича 5,2 балл куч билан ер силкиниши рўй берди.

Олимлар фикрича, бу 2005 йил 8 октябрда Кашмирнинг Покистонга қарашли қисмида содир бўлган кучли зилзиланинг қайтишидир. Залзиладан талафот ёки моддий зарар кўрилгани тўғрисида ҳозирча маълумот олингани йўқ. Ўтган йил 8 октябрги зилзиладан кейин Покистонда бир минг 700 марта ер силкиниши қайд этилган.

Москва шаҳрининг ғарбий қисмидаги бинода содир бўлган ёнғин оқибатида етти одам нобуд бўлди.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, тўрт қаватли бинонинг биринчи қаватида ёнғин чиқиб юқори қаватларга ҳам ўтган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда.

Чеченистондан 40 километр шимолда жойлашган Ставропол ўлкасининг Тукуй-Мектеб қишлоғида Россия Ички ишлар вазирлигининг 300 аскардан иборат махсус кучлари ва қуролли жанггарилар ўртасида шиддатли отишмалар бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, отишма пайтида вазирликнинг саккиз ходими нобуд бўлган, 11 жанггари ўлдирилган. Озодлик радиосининг Ставрополдаги мухбири Лада Деденёва отишма ҳақида бундай деди:
“Ўн бир жанггари ўлдирилган. Бироқ вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари фикрича, бир неча жанггари қочишга муваффақ бўлган. Операция қишлоқдаги ташландиқ ҳаммом биносида қурол-аслаҳа яширилгани тўғрисидаги маълумотни текшириш пайтида пайшанба куни маҳаллий вақт билан тахминан 16да бошланган. Текширувга борган милиция ходимлари ҳеч нарса топмай ортга қайтаётган пайтда улар жанггарилар томонидан ўққа тутилган”.
Қуролли жанггарилар қишлоқдаги икки уйни эгаллаб олган. Аммо хавфсизлик кучлари танклар ёрдамида уйларни бузиб ташлаган. Федерал Хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, улар 1990 йилдан бери Чеченистонда Россия кучларига қарши курашиб келаётган нўғайлар бўлган.

Илк бор Дания матбуотида чиққан Муҳаммад Пайғамбарни (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳажв қилувчи карикатураларни биринчилардан бўлиб қайта чоп этган Норвегиядаги “Magazinet” журнали муҳаррири жума куни мусулмонлардан расман кечирим сўради.

Карикатуралар қайта босилганини ёқлаб чиққан Вебёрн Селбек ўз хатти-ҳаракати орқали мусулмонлар қалбини оғритганини аввал тушуниб етмаганини айтди. Ослода ўтказилган матбуот анжуманида Селбек Норвегия Мусулмонлар кенгаши раҳбари Муҳаммад Ҳамдан билан қўл бериб кўришди. Ҳамдан Вебёрн Селбекнинг узрини қабул қилганини айтди.
Айни пайтда, карикатура масаласида кўтарилган жанжал дунёнинг бошқа давлатларида давом этмоқда.
Жума куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда уч мингга яқин мусулмон Дания элчихонаси биноси олдида норозилик намойиши ўтказди.
Покистон пойтахти Исломободда уюштирилган норозилик намойишида тахминан беш минг, Бангладеш пойтахти Дака шаҳридаги норозиликда беш мингдан ортиқ одам қатнашди.
Шу муносабат билан Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Франция элчихонаси биноси олдида элликка яқин одам ўз норозилигини билдирди.

Франция президенти Жак Ширак Озарбайжон ва Арманистон президентлари Илҳом Алиев ва Роберт Кочерян билан алоҳида-алоҳида учрашув ўтказди.

Парижда бўлиб ўтган музокаралар чоғида 18 йилдан буён ўз ечимини топмай келаётган Тоғли Қорабоғ можароси муҳокама этилди. Жак Ширак фурсатдан фойдаланиб икки президентнинг Тоғли Қорабоғ муаммосини ижобий ҳал қилишига умид билдирди. Озодлик радиоси мухбирининг Париждан хабар қилишича, Ширак билан музокарадан сўнг Алиев ва Кочарян Париж ташқарисида жойлашган Рамбулет саройига етиб борган. Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг юзма-юз сўзлашуви Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ҳомийлигида уюштирилди.

10 феврал куни Ироқ марказий сайлов комиссияси декабр ойида ўтказилган парламент сайловлари якуний натижасини эълон қилди.

Сайлов натижаларига кўра, ҳукмрон Шиалар иттифоқи ва Бирлашган Ироқ иттифоқи 275 ўринли янги парламентдаги 128та жойни эгаллаган. Курдлар вакиллари 53 ўринни ва сунний партиялари вакиллари парламентда 55 ўринни эгаллаган.

Косово парламенти аъзолари юридик фанлари доктори Фатмир Сейдиюни минтақанинг янги президенти этиб сайладилар.

Демократик Косова Иттифоқи номзоди Сейдию ўтган ой ўпка саратонидан вафот этган Косованинг биринчи президенти Иброҳим Ругова ўрнини эгаллайди.



Андижон воқеалари гувоҳи бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов етти йилга қамалгани яна бир бор тасдиғини топди.

Бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Хьюман райтс уотч ташкмлоти бу ҳақдаги маълумотни Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасидан олган. Суд Зайнобиддинов устидан қачон ҳукм чиқаргани аниқ эмас.


Афғонистонда уюштирилган икки ҳужум оқибатида саккиз афғон ҳарбийси нобуд бўлди.

Афғонистон расмийларига кўра, Кунар вилоятида уюштирилган биринчи портлашда икки аскар нобуд бўлган. Афғон ҳарбийлари ўтирган автомашина минада портлаб кетгани оқибатида яна олти ҳарбий ўлган. Ҳар иккала ҳужумни толиблар жанггарилари уюштиргани тахмин қилинмоқда.

Франция ҳукумати Фаластиндаги радикал “Ҳамас” гуруҳи раҳбарларини Москвага таклиф этиш тўғрисидаги Россия қарорини расман қўллаб-қувватлади.

Жума куни Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов учрашув чоғида Россия “Ҳамас” вакилларини Исроилни тан олиш ва Яқин Шарқ тинчлик жараёнинни қўллаб-қувватлашга чақиришини билдирди.
Исроил томони “Ҳамас” раҳбарлари Москвага таклиф этилганига салбий муносабат билдирди. Айни пайтда, АҚШ Россиядан бу ҳақда тушунтириш беришни сўраётганини маълум қилди.

Британиядаги лаборатория Озорбайжондан олиб келинган ўлик мигрант қуш танасида парранда гриппининг “Н5N1” вируси борлигини аниқлади.

Ҳозирда бу вируснинг одам ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланган "H5N1" ёки бошқа вирус эканини аниқ билиш учун лаборатория текширувлари давом этяпти.
Жума куни эрталаб Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бакуда мамлакатда "H5N1" вируси борлигини ва у Каспийбўйи мамлакатларидан келганини маълум қилган эди.

Европадаги энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи “Volkswagen” ширкати 2009 йилгача ўз ишчилари сонини йигирма мингга қисқартиришини эълон қилди.

Бу жараён ширкатни қайта структуралаш режаси доирасида амалга оширилади. Маълумотларга кўра, 2005 йилда “Volkswagen” бир миллиард 100 миллион евро ҳажмида даромад кўрган.
Европадаги иккинчи энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи ширкати Франциянинг “Renault” компанияси ҳам шу ҳафта ўз ислоҳотлар дастурини эълон қилган эди.

Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида суннийлар ва шиалар ўртасида бўлиб ўтган қуролли тўқнашувда камида беш одам нобуд бўлди.

Шиаларнинг ашура маросимида рўй берган отишмада яраланган 27 одам касалхонага ётқизилди. Ҳирот вилояти ҳокими Саид Ҳуссайн Анварийга кўра, бир гуруҳ суннийлар шиаларга қарашли масжидга кириб гранаталар отганидан кейин отишма бошланган:
“Афсуски, бугун бир гуруҳ одам “Жоме” масжидига кирди. Улар масжидга кирган заҳоти хиротлик айрим шиалар Хазрати Умар Фаруқга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни айтганлар, деб бақирдилар. Аслида бу провокация”, – дейди Хирот ҳокими.
Анварийга кўра, зўравонлик хориждан ёрдам олган бир гуруҳ хиротликлар томонидан уюштирган. Воқеалардан сўнг шиалар дарҳол ўч олишга киришган. Зўравонликлар авж олишига йўл қўймаслик мақсадида Кобул ҳукумати Хирот вилоятига хавфсизлик кучларининг юзлаб аскарларини жойлаштирди.

Покистоннинг Хангу шаҳрида шиаларга қарши уюштирилган ҳужум ва ундан кейин рўй берган тўқнашувларда камида 30 одам нобуд бўлди.

Худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани натижасида ўнлаб одам жароҳатланди. Бу воқеа бошқа тўқнашувларга ҳам туртки бўлди. Қуролли гуруҳ бошлиғи Азиз Раҳмонга кўра, Хангуда йўловчи автобуси номаълум шахслар томонидан ўққа тутилгани оқибатида тўрт одам ўлган, иккиси яраланган.
Покистон хавфсизлик кучлари Хангу шаҳрига олиб борувчи йўлларни тўсиб қўйган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG