Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 20:51

Халқаро янгиликлар

Ливан Бош вазири Фуад Синиора: “Хизболлоҳ” гуруҳи ва унинг сурияпараст иттифоқчилари оммавий намойиш ўтказиш орқали ҳукуматни ҳокимиятдан ағдара олмайди.

Пайшанба куни телевидение орқали қилган чиқишида Синиора Ливандаги демократик тизимни ағдаришга қаратилган эҳтимолий “давлат тўнтаришига” қарши туриши ҳақида баёнот берди. Сурия ва Эрон қўллаб-қувватлаган “Хизболлоҳ” гуруҳи Фуаднинг ҳукуматини “Америка қўғирчоғи” дея атаб 1 декабр куни норозилик намойиши уюштиришни режалаган.

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси – Сенат президент Ислом Каримов томонидан таклиф этилган амнистияни пайшанба куни тасдиқлади.

8 декабр куни Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганига 14 йил тўлади. Сана муносабати билан қабул қилинган амнистия оғир жиноятлар содир этмаган ва биринчи марта қамалган чет эл фуқароларига, аёллар ва 60 ёшдан ошган маҳбусларга таллуқли. Жиноят содир этилган пайтда 18 ёшга тўлмаган маҳбуслар ва оғир касал экани расман тан олинган маҳбуслар биринчи марта қамалган бўлса амнистия уларга ҳам тегишли бўлади. Бироқ Ўзбекистон президентининг амнистияси фаолияти таъқиқланган ташкилотларга аъзо бўлганлик учун қамалганларга ҳамда оғир жиноятлар содир этган ва миллий хавфсизликка таҳдид солган маҳбусларга таллуқли эмас. Хусусан Марказий Осиёда исломий халифалик қуришни мақсад қилган радикал “Хизбут Тахрир” ва “Ўзбекистон исломий ҳаракати” гуруҳлари аъзоси бўлган маҳбуслар амнистия қилинмайди.

1 декабр куни Рим Папаси Бенедиктнинг Туркияга тўрт кунлик сафари тугайди.

Туркияга ташрифдан мақсад мусулмонлар билан муносабатни яхшилашдан иборат. Пайшанба куни Бенедикт Истанбул шаҳридаги машхур “Султон Аҳмад” жоъмесини зиёрат қилди. Рим Папаси масжидга киришидан олдин пойафзалини ечиб, ичида дуо ўқиди.
“Султон Аҳмад” жоъмесида Папасини Истанбул шаҳар муфтийси Мустафо Чагричи қаршилади: “Бизнинг умумий маданий қадриятимиз ҳисобланган муҳташам “Ая София” музейидан кейин Папанинг “Султон Аҳмад” жоъмесини зиёрат этиши динларимиз ва динга эътиқод қилувчиларимиз ўртасидаги алоқалар ривожига янги туртки беради”, – деди Истанбул шаҳар муфтийси.
Бенедикт XVI ”Султон Аҳмад” масжидига борган иккинчи Рим Папаси бўлди.

Ироқ Бош вазири Нурий ал-Маликий Ироқ кучлари келаси йил июн ойида мамлакат хавфсизлигини таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олишга тайёр бўлишини айтди.

Ал-Маликий Американинг “АВС” телеканали мухбири билан суҳбатда шундай баёнот берди. 30 ноябр куни Ироқ Бош вазири Иорданияда АҚШ президенти Жорж Буш билан музокара олиб борган эди. Сўзлашув чоғида бошқа масалалар қатори Ироқ хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказишни жадаллаштириш масаласи муҳокама қилинди. Президент Жорж Буш ал-Маликийни “кучли раҳбар” дея атади.

Тожикистон президенти этиб қайта сайланган Имомали Рахмонов ҳукуматни учдан бирга қисқартириш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Президент Рахмоновнинг фармонига кўра, Тожикистонда 10та вазирлик ва 16та давлат қўмитаси тугатилади. Улар орасида Хавфсизлик, Алоқа, Савдо ва иқтисодиёт, Қишлоқ хўжалик, Фавқулодда ҳолатлар ва Энергетика вазирликлари ҳам бор. Бу вазирликлар Хавфсизлик вазирлиги каби ёки қўмитага айлантирилади ёки уларнинг вазифаси бошқа вазирликлар зиммасига юклатилади. Айни пайтда, президент фармонига кўра, Тожикистонда Коррупция ва Иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги тузилади. Айтилишича, бу ташкилот тўғридан-тўғри президент назоратида бўлади.

Сўнгги кунларда Тожикистонда электр тақчиллиги юзага келди.

Хабарларга кўра, фақат Тожикистон пойтахти Душанбе ва Хўжанд шаҳри электр қуввати билан нормал таъминланмоқда. Мамлакатнинг қолган қисмида электр йўқ. Тожикистон ҳукумати электр тақчиллигини Вахш дарёсига тўғон қурилаётгани билан изоҳламоқда. Тожикистондаги ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, электр таъминотида узилиш бўлгани учун Душанбе ва бошқа шаҳарларда нон тақчиллиги юзага келган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ўзбекистонни Тожикистонга электр қуввати етказиб беришга тўсқинлик қилаётганликда айблади.

Вазирликнинг Халқаро иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Жулдуз Сарибоева Озодлик радиосининг қирғиз хизматига жорий йил бошида эришилган келишувга кўра, Қирғизистон Тожикистонга электр қуввати етказиб бериши кераклигини бироқ Тошкент расмийлари бунга ҳозиргача рухсат бермаганини айтди: “Бу лойиҳада Қирғизистоннинг Тожикистонга бир миллиард киловатт электр экспорт қилиши назарда тутилган эди. Бироқ Ўзбекистон бизга ўз электр линияларидан фойдаланишимизга рухсат бермади. Шу боис келишув амалга ошмади. Имзоланган шартномада Қирғизистон 1 октябрдан бошлаб Тожикистонга электр қуввати етказиб кериши керак эди”, – деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Бугун Британиялик патологлар Россия Федерал хавфсизлик хизмати собиқ ходими Александр Литвиненконинг жасадини ёришлари кутилмоқда.

Литвиненко 23 ноябр куни Лондон касалхонасида вафот этган эди. Жасадини ёришдан мақсад Литвиненконинг “полоний-210” радиоактив моддаси билан қандай қилиб заҳарланганини аниқлашдан иборат.

Ирландия полицияси собиқ Россия Бош вазири вазифасини вақтинча бажарган Егор Гайдар мамлакатга ташрифи чоғида қандай қилиб касал бўлиб қолгани юзасидан жиноий иш очди.

Гайдар 24 ноябрда Дублин шаҳрида ўтказилган анжуманда оғир касал бўлиб қолган эди. Ирландия полицияси тарқатган баёнотга кўра, детективлар анжуман пайтида Егор Гайдарнинг қаерга боргани ва кимлар билан учрашганини синчковлик билан ўрганмоқда. Ҳозирда Гайдар Москвадаги касалхонада даволаняпти. 30 ноябр куни россиялик шифокорлар Гайдар табиий равишда заҳарланмаган, деган фикр билдирди.

1 декабр ОИТСга қарши кураш халқаро куни.

Сана муносабати билан чиқиш қилган БМТ Бош котиби Кофи Аннан ОИТСга қарши курашда муваффақиятга эришиш ҳар бир давлат раҳбарига, сиёсатчилар ва ОИТСга чалинган одамларнинг бу касалликни бошқаларга юқтирмаслик масъулиятини хис қилишига боғлиқ эканини айтди. Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 25 миллион одам ОИТСдан нобуд бўлган, 40 миллион одамга шу касаллик вируси юққан.

Президент Сапармурод Ниёзов Туркманистонга келиб-кетаётган хорижликлар ҳақида ҳар ойда ёзма ҳисобот бериш ҳақида Давлат регистрация агентлигига буйруқ берди.

Ниёзов хорижликларнинг мамлакатдаги ҳаракати, шунингдек, иммиграция ва транзит ҳақидаги қонун-қоидалар бузилаётган ёки бузилмаётганини кузатиш учун ойлик ёзма ҳисоботни кўришни хоҳлашини айтди. Президент Ниёзов Туркманистондаги хорижликларни назорат қилиш мақсадида 2003 йилда Регистрация агентлигини ташкил этган эди.

Амстердам шаҳар кенгаши “Қизил чироқлар” туманидаги фоҳишалар фойдаланидан уйларнинг учдан бир қисмини ёпиш ҳақида қарор чиқарди.

Мақсад минтақада содир этилаётган жиноятлар сонини камайтириш ва алдов йўли билан Голландияга олиб келинган хотин-қизларнинг фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинишининг олдини олишдан иборат. Голландияда фоҳишалик қонунийлаштирилган. Шу боис пойтахтнинг “Қизил чироқлар” тумани туристларни жалб этадиган жойлардан бири ҳисобланади.

1 декабр куни Қатар пойтахти Дохада 12-Осиё ўйинларининг тантанали очилиши бўлади.

Мазкур спорт мусобақаларида Осиё ва Яқин шарқ минтақаси давлатларидан келган 10 мингга яқин спортчилар, жумладан Ўзбекистон спортчилари ҳам қатнашмоқда. Осиё ўйинлари тўрт йилда бир марта ўтказилади. Бу йилги Осиё ўйинларига Олимпиада мусобақаларига кирмаган бир неча спорт ўйинлари жумладан шахмат, бильярд, кабади, вушу ва бошқа ўйинлар ҳам киритилган.

Рим Папаси Бенедикт Истанбулда дунё Православ насронийлари раҳбари Патриарх Варфоломей билан учрашди.

Ундан олдин Бенедикт Исо пайғамбарнинг онаси Биби Марям ҳаётининг охирги йилларида яшаган Эфес шаҳрида католиклар маросимини ўтказди. Бенедикт ва Варфоломей ўртасидаги учрашув Рим католиклари ва Православ насронийлари ўртасида минг йилдан бери давом этиб келаётган совуқ муносабатларни яхшилашда олдинга ташланган қадам дея бахоланмоқда. Истанбулда Православ насронийлар ўз идорасига эга. Рим Папаси Туркияга тўрт кунлик сафари давомида мусулмонлар билан муносабатни яхшилашни мақсад қилган. Пайшанба куни кечки пайт Рим Папаси Истанбулдаги масжидга бориши режаланган.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ироқ Бош вазири Нурий ал-Маликий билан олдиндан режалаштирилган учрашуви кечиктирилди.

Жорж Буш чоршанба куни кечқурун Аммонда Иордания қироли Абдуллоҳ билан ҳам учрашиши керак эди. Бироқ Оқ Уй расмийлари сўзлашув пайшанба куни эрталаб ўтказилишини билдирди. "The New York Times" газетаси Оқ Уй расмийлари Ироқ раҳбарига шубҳа билан қараётгани ҳақида хабар тарқатганидан бир неча соат ўтиб учрашув кечиктирилгани эълон қилинди. Бироқ Оқ Уй расмийси (Дэн Бартлетт) учрашув ал-Маликийни камситиш мақсадида кечиктирилгани ҳақидаги хабарни рад этди. Ундан олдин радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садрнинг сиёсий блоки агар Ал-Маликий президент Жорж Буш билан учрашса, Ироқ ҳукумати таркибидан чиқиши ҳақида огоҳлантирган эди.

АҚШнинг Ироқда юритаётган сиёсатини кўриб чиқаётган икки партия вакилларидан тузилган комиссия аъзолари келишувга эришди.

Бироқ Ироқни ўрганиш комиссияси раисдоши Ли Хамилтон унинг хулосалари 6 декабрга қадар оммага ошкор қилинмаслигини айтди. Хамилтон ва собиқ АҚШ Давлат котиби Жеймс Бейкер бошчилигидаги бу комиссия бир неча ойдан бери АҚШнинг Ироқдаги сиёсатни ўзгартириш масаласини муҳокама қилаётган эди. Айтилишича, комиссия аъзолари Ироқда барқарор вазиятни қайта тиклаш ишларига Сурия ва Эронни ҳам жалб этиш таклифни қўллаб-қувватлаган.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Америка халқига мактуб йўллади.

Унда Эрон раҳбари америкаликларни ўз ҳукуматлари Ироқда юритаётган сиёсатни ўзгартиришга чақирган. Аҳмадийнажод мактубида АҚШ қўшинларини Ироқдан олиб чиқишни ва улардан бўшаган маблағни АҚШнинг ичи эҳтиёжи учун ишлатишни таклиф қилган.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Том Кейси Эрон раҳбарининг мактубини рад этиб, бу оммага яхши кўриниш учун қилинган иш эканини айтди: “Бу мактубга менинг илк муносабатимни билмоқчи бўлсангиз, бу ерда кўп ҳам янгилик йўқ. Албатта бу Эрон ҳукумати томонидан халққа яхши кўриниш мақсадида қилинаётган иш”, – дея баёнот берди АҚШ Давлат департаменти вакили.
Эрон раҳбари жорий йил май ойида АҚШ президенти Жорж Бушга 18 бетлик мактуб йўллаган эди. Унда Эроннинг ядровий дастури борасида сўз юритилмаган. Америка халқига чоршанба куни йўлланган мактубда ҳам бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) собиқ ходими Александр Литвиненконинг ўлими юзасидан текширув ўтказаётган мутахассислар иккита йўловчи самолётида кам миқдорда радиация изларини топди.

Британия ҳаво йўллари” расмийларига кўра, самолётлар Европа давлатлари, жумладан Лондон-Москва йўналишида йўловчилар ташиган. Самолёт бортида айнан қандай радиация излари топилгани ҳозирча оммага ошкор қилинмади. “Полоний-210” моддаси билан заҳарланган Литвиненко ўтган ҳафта Лондондаги касалхонада вафот этган эди. “Британия ҳаво йўллари” охирги бир ой давомида радиация излари топилган самолётларда учган тахминан 30 минг йўловчини текширишга ҳаракат қилмоқда. Британия расмийлари “полоний-210” жамоатчиликка жиддий таҳдид солмаслигини айтмоқда.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов Мари вилояти ҳокими Хўжаберди Биашимовни ишдан бўшатди.

Туркманистондаги расмий “ТДН” ахборот агентлиги хабарига кўра, Биашимов ишда йўл қўйган “жиддий камчиликлари” ва жорий йилда қишки ғалла экиш ҳақидаги маълумотларни соҳталаштиргани учун лавозимидан бўшатилган. Хўжаберди Биашимов 25 октябрдан бери Туркманистонда ишдан олинган бешинчи вилоят ҳокими бўлди. Туркманбоши ундан олдин Балкан, Ахал, Дошховуз ва Лебоп вилоятлари ҳокимларини ишдан бўшатган эди. Мухолифатнинг “Gundogar” Интернет сайти хабарига кўра, Туркманистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери мамлакатнинг бешта вилоятда 52 марта ҳоким алмашган.

Тошкентда “Камолот” ёшлар ташкилотининг иккинчи қурултойи ўтказилди.

Йиғилишда қатнашган 600 нафар делегат ташкилотнинг янги дастури ва низомини қабул қилиш баробарида Акрам Алимовни ташкилотга янги раҳбар этиб сайладилар. 39 яшар Алимов парламент аъзоси. У август ойида ишдан олинган Ботир Убайдуллаевнинг ўрнини эгаллади. “Камолот” ёшлар ташкилоти 2001 йилда тузилган. Айтилишича, унинг тўрт миллион 600 минг аъзоси бор.

Беларус мухолифати рахбарларидан бири Александр Милинкевич Минск аэропортида бир неча соат ушлаб турилганидан кейин қўйиб юборилди.

Милинкевич НАТО саммитида қатнашган АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашганидан кейин Латвия пойтахти Ригадан ватанига қайтаётганида аэропортда ушланган. Милинкевичнинг матбуот вакили “зарурий ҳужжатсиз мамлакатни тарк этганлик”да айбланган Беларус мухолифати раҳбарига жарима солиниши мумкинлигини айтди.

Франция Ички ишлар вазири Николас Саркози келаси йил бахорда ўтказиладиган сайловда президентликка номзод сифатида қатнашишини расман эълон қилди.

Президент Жак Ширакнинг Халқ ҳаракати иттифоқига етакчилик қилаётган Саркозининг президентликка даъвогар бўлиши кутилаётган эди. Агар январ ойидаги сайловда Саркози партия номзоди бўлса, апрел ёки май ойларида ўтказиладиган президентлик сайловида унинг рақиби социалист Сеголин Роял бўлиши кутилмоқда.

Президент Илҳом Алиев Озарбайжонда мустақил ахборот воситалари ва мухолифатга нисбатан тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Телевидение орқали чиқиш қилган Алиев Озарбайжонда сўз эркинлиги борлигига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги кераклигини айтди. Яқинда Боку расмийлари Озарбайжондаги мустақил “ANS” ахборот агентлиги ва мухолифатнинг “Озодлик” партияси идораларини ёпиб қўйган эди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Германиянинг “Deutsche Welhungerhilfe” ташкилоти ваколатхонаси фаолиятини текширишга киришди.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг Адлия вазирлигидаги манбага асосланиб ёзишича, текширувдан мақсад ваколатхона фаолиятининг Ўзбекистон қонунларини мувофиқлигини ўрганишдир. “Deutsche Welhungerhilfe” Ўзбекистонда 1995 йилдан буён фаолият кўрсатади. Ташкилотнинг асосий мақсади Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Бағдоднинг Бақуба мавзеида “Ал-Қоида” жангарилари экани гумон қилинган саккиз киши ўлдирилди.

АҚШ қўмондонлиги хабарига кўра, ҳарбийлар ва жангарилар ўртасидаги отишмадан сўнг жанг майдонидан икки аёлнинг жасади ҳам топилган. Бағдод марказида эса полиция патрулига уюштирилган ҳужум натижасида икки полициячи ҳалок бўлди. Пойтахт шимолидаги зўравонликларда ҳам камида саккиз полициячи ўлдирилди. Шунингдек, Бағдоднинг турли мавзеларида 28 кишининг қийноқ излари бор жасади топилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG