Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 20:36

Халқаро янгиликлар

Киевда 2000 йили мустақил журналист Георгий Гонгадзени ўлдиришда алоқадорликда айбланаëтган Украина ички ишлар вазирлигининг собиқ уч ходими устидан маҳкама жараëни бошланди.

Валерий Костенко¸ Микола Протасов ва Олександр Попових устидан жараëннинг кескин шароитда бошланганини билдирган суд раиси¸ кўп ўтмай 23 январга қадар танаффус эълон қилди. Бундай қарорга¸ Протасовнинг ҳушдан кетгани ҳам сабаб бўлган.
Гонгадзе ўлимидан сўнг АҚШ да бошпана топган унинг беваси Мирослава Гонгадзе¸ айбланувчилар курсисида эрининг қотиллари ўтиргани¸ аммо қотиллик буюртмачилари ҳамон озодликда қолаëтганини айтди.
“Кейинги қадам бу жиноят буюртмачиларини адолат олдида жавоб беришга олиб келишдир. Улар кимлигини ҳамма яхши билади ва ташкилотчилар ҳам бугун қора курсида ўтирганлар қатори жазосини олиши керак”¸ - деди Мирослава Гонгадзе мухбирларга.
Кўпчилик Гонгадзе ўлими ортида Украина собиқ ички ишлар вазири генерал Олексий Пукач турганига¸ бошқалар эса¸ собиқ президент Кучманинг асосий буюртмачи бўлганига ишонади.

Туркия расмийлари мамлакат бўйлаб парранда грипига чалинганлар сони ошиб бораëтганини билдирди.

Бу эса¸ парранда грипининг Европага ëйилиши эҳтимоли хусусидаги қўрқувларни кучайтириб юборди.
Соғлиқни сақлаш вазири Режеп Акдағнинг айтишича¸ лаборотория текширувлари мамлакат жануб-шарқидаги уч йирик минтақада 14 одамнинг парранда грипига чалинганини тасдиқлаган.
Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирча фақат тўрт ҳолатни тасдиқлади.
Истанбул ҳокими Муаммер Гулер эса¸ Истанбул касалхоналарига ëтқизилган 23 беморнинг парранда грипига чалингани эҳтимолидан ташвиш билдирди.
Ўтган ҳафта уч ўспирин парранда грипидан нобуд бўлган Ван минтақаси ҳокими эса¸ аҳолини паррандадан узоқ бўлишга чақирди.
Европа Иттифоқи Туркияга қўшни олти давлатдан ишлов берилмаган товуқ парлари импорт қилишни таъқиқлашни режаламоқда. Бу ҳам парранда грипининг Европа бўйлаб тарқалиши олдини олиш учун қилинаëтган эҳтиëт чораларидан биридир.
Европа комиссияси расмийси Майкл Маннинг айтишича¸ бу борадаги қарор иттифоқ ижроия бўғини томонидан сешанба куни қабул қилинади.
“Комиссия Туркияга қўшни бўлган Озарбайжон¸ Арманистон¸ Грузия¸ Сурия¸ Эрон ва Ироқдан товуқ парлари сотиб олишни тўхтатиш қарори устида ишламоқда. Бу қарор Туркияда H1N1 вируси тарқалгани билан боғлиқдир”¸ - деди Ман.
Иттифоқ ҳозирга қадар Туркиядан тирик парранда ва парранда маҳсулотлари¸ шунингдек пар сотиб олишни тўхтатди.

Айни пайтда¸ қўшни Грузия ҳукумати ҳам парранда грипининг ўз ҳудудларига ўтмаслиги учун айрим эҳтиëт чораларини қўлламоқда.
Хусусан¸ мамлакат бозорларида сотилаëтган парранда гўшти ва тухум санитария текширувидан ўтмасдан¸ сотилмайдиган бўлди¸ шунингдек Туркиядан парранда гўшти сотиб олиш ҳам таъқиқланди.
Россия ҳам Туркия¸ Арманистон ва Грузия билан чегаралардаги ўтиб-қайтиш текширувини кучайтиришга киришди.

19 мартга белгиланган Белорус президентлигига даъвогарлардан бири сайлов пойгасидан чиққанини билдирди.

Мустақил номзод сифатида майдонга чиққан Александр Войтовичнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Александр Лукашенко мамлакат конституциясига зид равишда учинчи бор президентликка даъво қилаëтгани боис¸ мартга белгиланган сайловлар ноқонуний бўлади.
“Мен бўлажак сайловларнинг сайлов бўлмаслиги учун уларда қатнашишдан бош тортаман. Бу иш учун куч сарфлашдан маъно йўқ. Менимча¸ сайловларда қатнашиш Лукашенконинг учинчи муддатини қонунийлаштириб беради¸ холос. Қолаверса¸ ҳамма нарса айнан 2004 йилги референдумдагидек бўлади¸ сайлов бўлмайди¸ фақат натижа эълон қилинади”¸ - деди Войтович.
Белорус фанлар академиясининг собиқ президенти Войтович¸ Лукашенкога қарши сайловолди пойгасига чиққан етти даъвогардан бири эди.
Қолган даъвогарлар ўз номлари сайлов блютенига киритилиши учун тарафдорларининг 100 минг имзосини йиғиб¸ Марказий сайлов комиссиясига топширишлари керак.

Европа Иттифоқи Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг ўлим жазосига эълон қилинган мораторий муддатини узайтирганини олқишлади.

Иттифоқнинг ҳозирги президенти Австрия ҳукумати эълон қилган баëнотда¸ Бишкекнинг мамлакатда ўлим жазосини бутунлай йўқ қилиш борасидаги ҳаракатлари юқори баҳоланади.
Ўлим жазосини бекор қилиш Европа иттифоқининг бошқа давлатлар билан муносабатларини белгиловчи муҳим мезонлардан биридир. Зотан иттифоқ жаҳон бўйлаб ўлим жазоси бекор этилишини тарғиб қилиб келмоқда.
Европа Иттифоқи Қирғизистон қонунчилигига тегишли ўзгартишлар киритишда Бишкек ҳукуматига ëрдам берилажагини ҳам маълум қилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов якшанба куни Душанбедаги интернатда юз берган ëнғинни вақтида тўхтатмагани учун уч юқори даражали расмийга ҳайфсан эълон қилди.

Ëнғин оқибатида етимхонадаги 13 бола нобуд бўлди.
Мамлакат меҳнат вазири Зокир Вазиров¸ бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Хайринисо Мавлонова ва президент маҳкамасининг ижтимоий масалалар бўлими раҳбари Бобохон Маҳмадовлар президент томонидан лоқайдликда айбланди. Ҳозирча бу расмийларга нисбатан жазо чоралари кўрилиш-кўрилмаслиги аниқ эмас.
Ҳозирда интернат хўжалик ишлари бўйича директори Илҳом Ашуровга нисбатан жиноий иш очилди. У ўт ўчирувчиларга ëнғин бошланганидан фақат бир соат ўтибгина қўнғироқ қилганликда айбланмоқда. Ички ишлар вазирига кўра¸ интернат бошқарувига ëнғин хавфи ҳақида 12 бор огоҳлантирув берилган¸ аммо уларнинг бари эътиборсиз қолдирилган.

Исроил бош вазири Ариэл Шаронни даволаëтган врачлар унинг мустақил нафас ола бошлаганини билдирдилар.

Врачлар эндиликда Шаронни сунъий кома ҳолатидан уйғотишга уринмоқдалар.
Шароннинг мустақил нафас ола бошлагани ўтган чоршанба куни юз берган мияга қон қуюлишидан сўнг бош вазир миясида кузатилган илк ижобий ҳаракатдир.
Аммо ҳозирча врачлар унинг аҳволи ҳамон ўта жиддий эканини таъкидламоқдалар.
“Шарон ҳамон ўта оғир¸ таҳликали вазиятда қолмоқда. Биз ҳозирда узоқ давом этадиган жараëн муқаддимасида турибмиз ва башорат қилишда ўта эҳтиëт бўлмоғимиз лозим”¸ -деди Ҳадасса касалхонаси нейрохирургия бўлими бошлиғи Феликс Умаский.
Бундан аввал Шарон врачлари унинг тузалган тақдирда ҳам¸ Исроил бош вазири лавозимида ишлай олмаслигини билдирдилар.

Ғарб ҳукуматларининг тинимсиз огоҳлантирувларига қарамай¸ Эрон ҳукумати бугун ядровий ëнилғи ишлаб чиқаришга қаратилган тадқиқотларнинг қайта давом эттирилишини эълон қилди.

Ҳукумат матбуот котиби Ғулом Ҳусейн Илҳомнинг айтишича¸ мазкур жараëн Халқаро атом энергияси агентлиги етакчилигида қайта йўлга қўйилади.
“Бу ядровий тадқиқот асло ноқонуний эмас. Уларни вақтинча тўхтатиш ҳақида кўнгилли равишда қарор берган эдик. Биз янги қароримизни Халқаро атом энергияси агентлигига вақтида билдирдик ва бу жараëнда агентлик вакиллари қатнашадилар”¸ - деди Теҳрон расмийси.
Европа Иттифоқи ядровий тадқиқотни қайта давом эттириш Эрон атом дастури устида юзага чиққан бўҳронга барҳам беришга қаратилган музокараларни хафв остида қолдиражагини билдирди.
Германия ташқи ишлар вазирлиги Теҳроннинг бу қарорини ҳалокатли дея баҳолади ва унинг оқибатлари ëмон бўлишидан огоҳлантирди.

Ироқ полицияси хабарига кўра¸ мамлакат ички ишлар вазирлигининг Бағдоддаги биносига қилинган кетма-кет ҳужумлар оқибатида камида 28 одам нобуд бўлган.

Вазирлик биноси яқинида аввалига портловчи модда тўлатилган машина портлатилди¸ сўнгра эса миномëтлардан ҳужум уюштирилди.
Абу Мусаб ал-Зарқавий бошчилигидаги Ироқ ал-Қайдаси интернет саҳифасида ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Айни пайтда¸ Киркук ва Бағдодда яна алоҳида ҳужумлар рўй берди ва оқибатда бир ҳакам¸ Ироқ махфий хизмати ходими ва бир врач ўлдирилди.
Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари эса¸ шанба куни юз берган вертолëт ҳалокати оқибатида саккиз Америка аскари ва тўрт мутахассисининг нобуд бўлганини тасдиқлади.

Саудия Арабистонига келган икки миллионга яқин ҳожилар бугун ҳаж зиëратининг иккинчи кун амалларини бажармоқдалар.

Ҳожилар бугун Арофат тоғи атрофида йиғилиб¸ ҳажнинг асосий амалини бажаришга ҳозирланадилар.
Бугун кечқурун ҳожилар Мино водийсига йўл оладилар¸ шайтонга тош отадилар. Эртага эса Ийд ал-Адҳа¸ Қурбон ҳайити нишонланади¸ ҳожилар¸ қолаверса жаҳон мусулмонлари Оллоҳ розилиги учун қурбонлик келтирадилар.
Ҳожилар¸ айтилишича¸ пайшанба куни қулаб тушган меҳмонхонада нобуд бўлган 76 зиëратчи руҳи учун ҳам дуо қилмоқдалар.

Ариэль Шаронни даволаётган шифокорлар эртага уни уйғотишни бошлашларини билдирди.

Чоршанба кундан бери икки марта жарроҳлик опрециясидан ўтган Исроил раҳбари Шарон шифокорлар томонидан кома, яъни оғир бехушлик ҳолатида ушлаб турилган эди.
Қуддусдаги Ҳадассаҳ шифохонаси директори Мор Ёсефнинг маълум қилишича, эртага Шароннинг бош мияси қанчалик зарар кўрганини аниқлаш мақсадида, унга берилган наркоз секин аста камайтирилиб, Исроил бош вазири уйғотилади.
Мор Ёсефнинг таъкиидлашича, 77 яшар Шароннинг мияси текшириб кўрилганда, унинг ҳолати яхшилангани аломатлари қайд этилган. Лекин аҳволи ҳали ҳам жиддий, деб қўшимча қилди шифокор.
Шарон ўтган чоршанба куни миясига қон қуйилиши оқибатида касалхонага ётқизилган эди.

Хабарларга кўра, Туркияда яна уч киши парранда гриппининг одам учун хавфли тури билан касалхонага ётқизилган.

Касалликнинг одам учун хавфли бўлган H5N1 кўринишидан аллақачон икки бола нобуд бўлди. Парранда гриппидан ўлган яна бир бола вируснинг айнан шу тури билан касалланганини аниқлаш учун текширув ўтказилмоқда.
Айни пайтда, соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Анқарада касалхонага ётқизилган уч беморнинг қонида вируснинг айнан H5N1 кўриниши қайд этилган.
Икки бола ва ёш катта бир киши Анқарадан 100 километр узоқликдаги Бейпазари шаҳарчасидан пойтахтга олиб келинган.
Туркия қишлоқларида уй паррандаларини қириш давом этмоқда. Мамлакат шарқидаги Ван вилоятида 4 кишида парранда гриппи қайд этилганидан кейин қушларни оммавий қириш бошланган эди.
Хабарларга кўра, қуш қирувчилари уй паррандалари эгаларининг қаршилигига учрамоқда.
Туркиянинг Ван вилояти Эрон ва Арманистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган.
Олинган сўнгги хабарларга кўра, Ван шаҳрида яна икки болада H5N1 вируси қайд этилган. Улар касалхонага ётқизилган.
Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги Туркия билан чегарадош ҳудудларда назорат кучайтирилганини маълум қилди.

Айни пайтда, Россиянинг бош эпидемиологи Сергей Онишченко россияликларни Туркияга сафар қилишдан тийилишга чақирди.
Россия соғлиқни сақлаш расмийси, шунингдек, парранда гриппи тарқалган мамлакатлардан Россияга келаётган одамларни тиббий назоратдан ўтказиш ҳақида кўрсатма берилганини маълум қилди.

Душанбедаги ақлан заиф болалар уйида ёнғин рўй бериши оқибатида 13 бола ҳалок бўлди.

Расмийларнинг маълум қилишича, ёнғиндан 79 бола қутқариб олинган, уларнинг бири касалхонага ётқизилган.
Тахмин қилинишича, электр иситгичлардан фойдаланиш натижасида, бинонинг электр тизимида қисқа туташув содир бўлган ва ёнғинни келтириб чиқарган.

Саудия Арабистонида миллионлаб мусулмонлар ҳаж ибодатига тайёргарлик кўрмоқда.

Ислом динидаги бешта фарздан бири ҳисобланмиш Ҳажни адо этгани Маккага бутун дунёдан икки миллиондан ортиқ мусулмон тўпланди.
Ҳожилар бугун Мино водийсига, Ҳаж зиёратини бошлаш учун йиғилдилар.
Саудия расмийларига кўра, Ҳаж давомида фавқулодда вазиятлар учун 60 мингга яқин хавфсизлик кучлари жалб қилинган.
Ўтган пайшанба куни Маккадаги кўп қаватли меҳмонхоналардан бирида ёнғин чиқиши натижасида бино қулаб тушди. Воқеада етмиш олти киши ҳалок бўлди.

Хитойнинг Синжон Уйғур автоном вилоятида кучли қор ёғиши оқибатида 220 мингга яқин одам ташқи дунёдан узилиб қолди.

Воқеа жойидан 100 минг киши кўчирилгани хабар қилинмоқда.
Синхуа ахборот агентлигининг хабар қилишича, кучли қордан асосан мўғул ва қозоқлар яшайдиган ҳудудлар зарар кўрган.
Айни пайтда, Японияда ҳам кучли қор ёғиши натижасида йўл ҳаракати фалаж аҳволга тушиб қолган.
Киодо ахборот агентлигига кўра, табий офатда кейинги икки ҳафта ичида 60дан ортиқ одам нобуд бўлган.
Ҳиндистонда ҳам, охирги 70 йил ичида биринчи марта ҳавонинг ўта совуқлашиши оқибатида, 126 киши, асосан уйсиз одамлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Эрон ва Россия миллий хавфсизлик тизимларининг вакиллари Россия ҳудудида уранни бойитиш бўйича консорциум тузиш борасида музокараларни давом эттирди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳамид Ризо Осифийнинг маълум қилишича, Теҳронда олиб борилаётган музкоаралардан ижобий натижалар кутилмоқда. Осифий икки томон Эроннинг ядровий технологияларни ишаб чиқиш ҳуқуқини тан олган ҳолда, келишувга эришишига умид билдирди.
Москва ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг биринчи босиқичи шанба куни бўлиб ўтган ва натижасиз якунланган эди.
Эрон миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жавад Воҳидий Теҳрон Москванинг уранни бойитишга оид таклифини қабул қилмаган тақдирда, Россия Бушердаги атом электро-станциясини қуришда ҳамкорликни тўхтатиши ҳақидаги хабарларни инкор этди.
Воҳидий шунингдек, Европа Иттифоқининг ядровий тадқиқотларни қайта бошламаслик огоҳлантирувларини рад этди.

Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари кейинги икки кун ичида Американинг тўққиз аскари ҳалок бўлганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, Америка ҳарбийларига тегишли вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида, экипажнинг тўрттала аъзоси ҳалок бўлган. Вертолётдаги саккиз йўловчи Америка ҳарбийлари бўлганми йўқми аниқ эмас.
Ҳалокат сабаблари тергов қилимоқда, деди АҚШ ҳарбийлари вакили.
Айни пайтда, Фаллужа шаҳрида америкалик уч аскар отиб ўлдирлгани айтилмоқда.
Кеча АҚШнинг икки аскари йўл четида ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган эди.

Ироққа оид яна бир хабарга кўра, ўтган ойда ўғирлаб кетилган франциялик инженер озод этилган.
Франция Президенти Жак Ширак маъмурияти тарқатган баёнотда, мамлакат раҳбари ўтган ойда ўғирлаб кетилган Бернар Планшенинг озод этилишидан мамнун экани айтилади.
Планшени ўғирлаб кетган жанггарилар гуруҳи Франция Ироқдаги можарога аралашишни бас қилмаса, уни ўлдириш билан таҳдид қилган эди.
Франциялик инженернинг Бағдод яқинидаги текширув пункти олдига ташлаб кетилган машинада топилгани айтилмоқда.

Греция ҳамда Ўрта Ер денгизининг шарқий соҳилларида кучли зилзила рўй берди.

Ер силкиниши Рихтер шкаласи бўйича 6,9 баллни ташкил қилган.
Афина геодинамик институтининг маълум қилишича, зилзила эпицентри пойтахт Афинадан 200 километр жанубида бўлган.
Зилзила тахминан 7 сония давом этган ва Хорватия, Италия жанубидаги Неаполь вилояти ҳамда Ўрта Ер денгизининг шарқий соҳиллари бўйлаб, Қибрис, Миср ва Иорданияда сезилган.
Ер қимирлашининг кучли бўлишига қарамасдан, жиддий талофотлар рўй бермагани хабар қилинмоқда.

Сурия бош вазири Башар ал-Ассад бугун Саудия Арабистони қироли Абдулоҳ билан учрашди.

Музокараларда Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилишидан сўнг вужудга келган бўхрон масаласи муҳокама этилди.
Ҳаририйнинг ўлдирилишида Суриянинг қўли борлиги айтилмоқда.
Халқаро ҳамжамият ўтган йил февралда Ҳаририйнинг ўлдирилишидан кейин Ассад ҳукуматига босимни кучайтирмоқда. БМТ ўтказган текширувга кўра, собиқ бош вазирнинг ўлимида Сурия махсус хизмати қўли бўлган.
Ҳозирда Парижда мухожирликда яшаётган Суриянинг собиқ вице-президенти Абдул Халим Хаддам Ҳаририй ўлдирилишидан бир неча ой олдин, Ассад унга шахсан таҳдид қилганини айтди. Ассад бу айбловларни инкор этди.

Варшавада автомашинани маст ҳолда бошқаргани учун Польша парламенти депутати ҳибсга олинди.

Польша ҳукумати халқ ноибларининг бундай ҳатти ҳаракатларига қарши кураш эълон қилганидан бери, парламент вакили биринчи марта ҳибсга олинди.
Варшава полициясининг маълум қилишича, парламент депутати Януш Войцик кечаси ҳибсга олинган ва қон текиширувидан ўтишга рози бўлган. Текширув натижаси халқ вакилининг қонида алкоголь борлигини кўрсатган.
Ўтган ойга қадар, парламент депутатлари, судьялар ва прокурорлар ўзларининг даҳлсиз экани важи билан, полициянинг қон текшируви ўтказиш илтимосини рад этиши мумкин эди.
Польша ҳукумати ўтган ойда бундай даҳлсизликни бекор қилди.

Европа Комиссияси Туркияда парранда ёппасига ўлишига одам ҳаёти учун хавфли H5N1 вируси сабаб бўлаётганини билдирди.

Бу Британияда ўтказилган лаборатория текшируви натижаси аниқланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари парранда гриппидан одам нобуд бўлган Туркиянинг шарқий қисмига об-ҳаво шароити ёмонлиги сабабли бора олмадилар. Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Ражап Акдаг мутахассислар гуруҳи Ван шаҳрига якшанба куни боришни режалаганликларини билдирди.

Исроил Бош вазири Ариел Шаронни даволаётган шифокорлар унинг аҳволи бироз яхшиланганини билдирди.

Шанба куни ўтказилган томографик текширув натижасида Шароннинг миясида қон оқиши тўхтагани аниқланди. Шундай бўлса-да, шифокорлар унинг аҳволини ўта оғир, дея бахоламоқда.
Чоршанба куни Шароннинг миясига қон қуйилганидан кейин у касалхонага ётқизилган. Унинг миясида қон оқиши давом этаётгани маълум бўлганидан сўнг, икки кун ичида уч марта операция қилинди.
Шифокорлар якшанба куни эрталаб Шаронни уйқудан уйғотганларидан кейин унинг аҳволи ҳақидаги кенгроқ маълумот берилиши кутилмоқда.

Ироқдаги америкалик журналист аёл ўғирлаб кетилди.

Полиция ва гувоҳларга кўра, журналист суннийлар раҳбари билан учрашувга кетаётган пайтда Бағдоднинг Одил туманида қуролли шахслар унинг машинасини тўхтатган. Жиноятчилар таржимон ва ҳайдовчини ўлдириб, журналистни машинада номаълум томонга олиб кетган. Ўғирланган журналистнинг исми ва у қайси ташкилот учун ишлаётгани полицияга маълум эмас.
Шунингдек, Бағдодда Ироқ ҳарбий патрули яқинида машинага ўрнатилган бомба портлатилгани оқибатида Ироқ армиясининг тўрт ҳарбийси ва кўчада кетаётган икки фуқаро яраланди.
Шунингдек, Фаллужа шаҳрида АҚШ ҳарбийлари ва партизанлар ўртасида тўқнашув бўлди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, отишмада бир америкалик ҳарбий ўлган уч нафари яраланган.

Теҳронда Россия ва Эрон расмийлари ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Томонлар Эроннинг уранини Россия ҳудудида бойитиш тўғрисидаги Москва расмийлари таклифни муҳокама қилдилар.
Россия делегацияси таркибида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кисляк, Россия Атом энергияси агентлиги ва бошқа расмийлар ҳам бор.
Россия таклифини АҚШ ва Европа Иттифоқи қўллаб қувватлаган.

Сурия президенти Башар ал-Асад Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Ҳаририйга таҳдид қилгани тўғрисидаги маълумотни рад этди.

Шу ой бошида Сурия собиқ вице президенти Абдул Халим Хаддам президент Асадни Ҳаририй ҳаётига қилинган суиқасдга алоқадорликда айблаган эди.
Айни пайтда, Сурияда фаолияти тақиқланган сургундаги “Мусулмон биродарлиги” гуруҳи Сурияда ўзгартириш қилиш учун Хаддам билан бирга ишлашга тайёрлигини билдирди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги террор ҳужуми таҳдиди сабабли Иорданиядаги Британия элчихонаси номаълум муддатга ёпилганини билдирди.

Айни пайтда, вазирлик биртанияликларни Иорданияга боришдан тийилишга чақириб, террорчилар Иорданиядаги ғарбликлар энг кўп йиғиладиган объектларга ҳужум уюштиришга тайёргарликни якунига етказаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG