Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:33

Халқаро янгиликлар

Европа Комиссияси Туркияда парранда ёппасига ўлишига одам ҳаёти учун хавфли H5N1 вируси сабаб бўлаётганини билдирди.

Бу Британияда ўтказилган лаборатория текшируви натижаси аниқланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари парранда гриппидан одам нобуд бўлган Туркиянинг шарқий қисмига об-ҳаво шароити ёмонлиги сабабли бора олмадилар. Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Ражап Акдаг мутахассислар гуруҳи Ван шаҳрига якшанба куни боришни режалаганликларини билдирди.

Исроил Бош вазири Ариел Шаронни даволаётган шифокорлар унинг аҳволи бироз яхшиланганини билдирди.

Шанба куни ўтказилган томографик текширув натижасида Шароннинг миясида қон оқиши тўхтагани аниқланди. Шундай бўлса-да, шифокорлар унинг аҳволини ўта оғир, дея бахоламоқда.
Чоршанба куни Шароннинг миясига қон қуйилганидан кейин у касалхонага ётқизилган. Унинг миясида қон оқиши давом этаётгани маълум бўлганидан сўнг, икки кун ичида уч марта операция қилинди.
Шифокорлар якшанба куни эрталаб Шаронни уйқудан уйғотганларидан кейин унинг аҳволи ҳақидаги кенгроқ маълумот берилиши кутилмоқда.

Ироқдаги америкалик журналист аёл ўғирлаб кетилди.

Полиция ва гувоҳларга кўра, журналист суннийлар раҳбари билан учрашувга кетаётган пайтда Бағдоднинг Одил туманида қуролли шахслар унинг машинасини тўхтатган. Жиноятчилар таржимон ва ҳайдовчини ўлдириб, журналистни машинада номаълум томонга олиб кетган. Ўғирланган журналистнинг исми ва у қайси ташкилот учун ишлаётгани полицияга маълум эмас.
Шунингдек, Бағдодда Ироқ ҳарбий патрули яқинида машинага ўрнатилган бомба портлатилгани оқибатида Ироқ армиясининг тўрт ҳарбийси ва кўчада кетаётган икки фуқаро яраланди.
Шунингдек, Фаллужа шаҳрида АҚШ ҳарбийлари ва партизанлар ўртасида тўқнашув бўлди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, отишмада бир америкалик ҳарбий ўлган уч нафари яраланган.

Теҳронда Россия ва Эрон расмийлари ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Томонлар Эроннинг уранини Россия ҳудудида бойитиш тўғрисидаги Москва расмийлари таклифни муҳокама қилдилар.
Россия делегацияси таркибида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кисляк, Россия Атом энергияси агентлиги ва бошқа расмийлар ҳам бор.
Россия таклифини АҚШ ва Европа Иттифоқи қўллаб қувватлаган.

Сурия президенти Башар ал-Асад Ливан собиқ Бош вазири Рафиқ Ҳаририйга таҳдид қилгани тўғрисидаги маълумотни рад этди.

Шу ой бошида Сурия собиқ вице президенти Абдул Халим Хаддам президент Асадни Ҳаририй ҳаётига қилинган суиқасдга алоқадорликда айблаган эди.
Айни пайтда, Сурияда фаолияти тақиқланган сургундаги “Мусулмон биродарлиги” гуруҳи Сурияда ўзгартириш қилиш учун Хаддам билан бирга ишлашга тайёрлигини билдирди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги террор ҳужуми таҳдиди сабабли Иорданиядаги Британия элчихонаси номаълум муддатга ёпилганини билдирди.

Айни пайтда, вазирлик биртанияликларни Иорданияга боришдан тийилишга чақириб, террорчилар Иорданиядаги ғарбликлар энг кўп йиғиладиган объектларга ҳужум уюштиришга тайёргарликни якунига етказаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Украина ва Грузия президентлари 11 январ куни Остонада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни қасамёдга келтириш маросимида қатнашади.

2005 йил декабр ойида ўтказилган сайловда Назарбоев етти йилга қайта президент этиб сайланган эди. Тантанали маросимда Россия президенти Владимир Путин ҳам қатнашиши кутилмоқда. Украина президенти Виктор Юшенкога кўра, Остонада у Россия президенти Владимир Путин билан ҳам сўзлашув олиб боради. Бу газ нархи борасида келишмовчилик чиққанидан кейинги Украина ва Россия раҳбарлари ўртасидаги биринчи учрашув бўлади.
Грузия президенти Михаил Саакашвилига кўра, унинг президент Назарбоев билан сўзлашуви чоғида Қозоғистон сармоясини Грузияга ётқизиш масаласи муҳокама қилинади.

12 – 13 январ кунлари Японияда Осиё давлатларининг соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари учрашуви бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йиғилишда жануби-шарқий Осиё давлатларида 70дан зиёд одам ҳаётига зомин бўлган парранда гриппи тарқалишига қарши чоралар кўриш масаласи муҳокама этилади.

Германия Канцлери Анжела Меркел АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини танқид қилди.

Ноябр ойида Канцлер этиб сайланганидан бери АҚШга қилажак биринчи сафари олдидан “Шпигел” журналида чоп этилган суҳбатда Меркел бундай қамоқхонанинг узоқ муддат фаолият юритишига рухсат берилмаслиги кераклигини айтган. Гуантанамо қамоқхонасида террорчиликда гумон қилинган маҳбуслар сақланади. Дунё ҳукуматлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш гуруҳлари анча вақтдан бери шундай қамоқхона борлигидан норозилик билдириб келмоқда.

Эронлик аёл ўлимга ҳукм этилди.

Эроннинг “Эътимод” газетасига кўра, 18 ёшли Нозанин исмли аёл осиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Аёл иддаосига кўра, у номусини ҳимоя қилиб, уни зўрлашга уринган бир эркакни ўлдирган. Воқеа рўй берган пайтда Нозанин 17 ёшда бўлган. Эрон қонунларига кўра, мамлакатда ўғил болалар 15 ёшдан, қиз болалар тўққиз ёшдан ўлимга ҳукм қилиниши мумкин. 2005 йилда Эронда 81 одам ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Исроил Бош вазири Ариэл Шаронни даволаётган жарроҳлар ўтказилган операциялардан кейин унинг ҳолатини “ўта оғир” аммо барқарор дея баҳоламоқда.

Шароннинг миясига яна қон қуйилганидан сўнг, жума куни шифокорлар уни қайта операция қилишди. Қуддус шаҳридаги Хадасса касалхонаси раҳбари Шломо Мор-Йосеф Шароннинг аҳволи кечагидан яхши эканини айтди:
“Бош вазир ҳозир реанимация бўлимига ўтказиляпти. Мен шуни маълум қилмоқчиманки, миянинг компютерлашган томографик текширув натижаси унинг мияси ҳолати кечагидан яхши эканини кўрсатди”.
Шифокорлар Шарон камида яна икки кун кома холатида бўлишини айтмоқдалар. Ундан олдин шифокорлар Бош вазир ўз вазифасини давом эттира олмаслиги мумкин, деган фикр билдирган эди.

Озарбайжон расмийлари мамлакат жанубидаги Масали минтақасида минглаб парранда ёппасига ўлишига парранда гриппи сабаб бўлмаганини билдирди.

Қишлоқ хўжалик вазирлигининг ветеринария бўлими вакили Эмин Шахбозов минглаб парранда ўлимига парранда гриппи эмас бошқа юқумли касаллик сабаб бўлган, деди.

Туркия шарқида жойлашган Ван шаҳридаги бир оиланинг учинчи фарзанди парранда гриппидан вафот этди.

2 январ куни унинг укаси, 5 январ куни синглиси шу хасталикдан касалхонада оламдан ўтган эди. Ван шаҳар касалхонаси шифокори Ҳусайн Авни Сахин бошқа одамлар ҳам шу касалликка чалингани тахмин қилинаётганини айтди:
“31 декабрдан буён касалхонамизга қирққа яқин одам мурожаат қилди. Улар парранда гриппи билан хасталангани тахминан қилинмоқда. Улардан 26 нафари касалхонага ётқизилиб, тиббий хизмат кўрсатилди. Касаллардан уч нафари оламдан ўтди. Касалхонада яна 15 бемор даволанмоқда. Улардан уч нафарининг аҳволи оғир”, – деди шифокор Сахин.
Оламдан ўтган уч ўспирин Туркиянинг Арманистон билан чегарадош туманида яшаган. БМТ қошидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари бу касаллик одамдан одамга юқиш-юқмаслигини текширмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Сибирга сафар қилмоқда.

Путин жума куни Сибирдан Тинч океанигача газ қувури ётқизилишини маълум қилди:
“Лойиҳани амалга тадбиқ этиш учун анча вақт керак бўлади. Ҳозирча барча келишувлар имзолангани йўқ. Ваъда қилганимиздек, апрел ойида келишувлар имзоланади ва ёз фаслида лойиҳани амалга ошириш ишларини бошлаймиз ”.
Сибирдан Тинч океани қирғоғигача ётқизиладиган тўрт минг 200 километр узунликдаги қувур лойиҳаси қиймати 15 миллиард доллар экани айтилмоқда. У Россия газини Хитой, Япония, Жанубий Корея, Индонезия ва Австралияга сотиш имкониятини яратади.

Ироқ пойтахти Бағдодда минглаб шиалар норозилик намойиши ўтказди.

Беш мингга яқин намойишчи Ироқдаги АҚШ элчиси Залмай Халилзод ва қаттиққўллик сиёсати тарафдори бўлган айрим сунний раҳбарларига қарши шиорлар билан чиқдилар. Чоршанба ва пайшанба кунлари Ироқда амалга оширилган худкуш ҳужумлар оқибатида 200га яқин одам, асосан шиалар нобуд бўлган эди.

Пайшанба куни Макка шаҳридаги кўп қаватли меҳмонхонада ёнғин чиққанидан кейин бино қулади.

Саудия расмийларига кўра, фалокат оқибатида камида 53 одам нобуд бўлган, 60дан ошиғи яраланган. Ҳозирда бино қолдиқларини тозалаш ишлари давом этмоқда. Ўлганлар сони ортиши мумкин.
Фожиа содир бўлган меҳмонхона Масжидул Ҳарамга яқин бўлган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат мадҳияси мусиқаси ва шеъри ўзгартирилишини маълум қилди.

Давлат мадҳияси ўзгартирилишини Назарбоев унда қозоқ халқи ўз мустақиллиги учун асрлар давомида олиб борган қаҳрамонона кураши акс этган бўлиши керак, дея изоҳлади. Қозоғистоннинг ҳозирги мадҳияси 50-йилларда ёзилган «Менинг Қозоғистоним» қўшиғи билан алмаштирилади. Президент Назарбоев бу қўшиққа бир неча сўз қўшган. Шу орқали Назарбоев янги мадҳия ҳаммуаллифи бўлган. Қозоғистон раҳбари ҳозиргача ватанпарварлик руҳидаги иккита қўшиқ муаллифидир. Улардан бири «Менинг мамлакатим» дея номланган. Қозоғистон парламенти жума куни давлат мадҳиясини ўзгартириш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини тасдиқлади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 2006 йил тўртинчи чорагида мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказиш тўҳрисидаги фармонни имзолади.

Бакиев президентлик сайлов кампанияси давомида конституция масаласида референдум ўтказишга ваъда берган эди. Ҳозирда Қирғизистон ҳукумати мамлакатни президент бошқариши тарафдори. Аммо аксарият депутатлар ва мухолифат вакиллари Қирғизистон парламент бошқарувидаги мамлакат бўлишини хоҳлайди.

Американинг “Боинг” самолётсозлик компанияси 2005 йилда ширкат тарихида рекорд даражада кўп буюртма қабул қилди.

Ўтган йил ширкатга 1 минг иккита самолёт учун буюртма берилди. Авиация соҳасидаги мазкур улкан ширкат тарихида охирги марта энг кўп буюртма 1988 йилда тушган бўлиб, ўшанда харидорлар 877та самолёт қуриб беришни сўраган.
2005 йилги буюртмачилар асосан ўрта масофага учадиган “Боинг-737”, “Боинг-235”, шунингдек янги русумдаги “Dreamliner-787” самолётлари қуриб беришни сўраган. Хитой, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ давлатлари Боинг ширкатининг ўтган йилги асосий харидори бўлди.

Бразилия дипломатлари Германия ҳамда Ҳиндистон вакиллари билан бирга БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сонини кўпайтириш ҳақидаги янги резолюцияни Бош Ассамблеяга тақдим этди.

Ўтган йил Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япония тақдим этган айни таклиф БМТ Бош Ассамблеясида етарли овоз олмаган эди. Янги резолюция қабул қилиниши учун уни Бош Ассамблея аъзоларининг камида учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари АҚШ ва Хитой ўтган йилги таклифга қарши овоз берган.

Якшанба куни Ямандаги қабила вакиллари томонидан ўғирлаб кетилган беш италиялик қўйиб юборилди.

Қабила раҳбарлари Санаа расмийларидан қамоқдаги қариндошлари озод этилишини талаб қилди. Қабила вакиллари эса агар Яман хавфсизлик кучлари гаровдаги италияликларни озод қилишга уринса, улар қатл этилиши тўғрисида огоҳлантирган эди. Аммо гаровдаги уч аёл ва икки эркак италиялик нима сабабдан қўйиб юборилгани ҳозирча номаълум.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Пекинда Хитой расмийлари билан норасмий сўзлашув олиб боради.

Душанба куни бўлажак музокара чоғида бир неча тортишувли масалалар туфайли совуқлашган Япония-Хитой алоқалари муҳокама қилинади. Сўзлашув чоғида Хитой денгизининг шарқий қисмида жойлашган мунозарали ҳудуддаги энергия ресурсларини ўзлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Шифокорлар Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ҳолатини “ўта оғир” дея баҳоламоқда.

Шарон мияга қон қуйилиш, яъни инсульт ташхиси билан чоршанба куни кечқурун касалхонага ётқизилган эди. Шифокорлар 77 ёшли Шароннинг миясидан қон оқишни тўхтатиш учун уни пайшанба куни эрталаб бир неча соат давомида операция қилдилар.
“Бош вазир Ариэл Шарон нейрохирургия бўлимининг реанимация хонасига ётқизилди. Ҳозирда унинг аҳволи оғир, аммо барқарор. Унинг ҳолатидаги энг муҳим кўрсаткичлар инсульт туфайли ўтказиладиган узоқ муддатли операциядан кейин кузатиладиган ҳолатга мос келади”, – деди касалхона раҳбари Шломо Мор-Йосиф.
Исроил Бош вазири вазифасини вақтинча Шароннинг ўринбосаи Эхуд Олмарт бажармоқда.
Исроил Бош вазири аҳволи хусусида унинг дўстлари ташвиш билдирмоқда.


АҚШ президенти Жорж Буш, Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу, Европанинг бошқа раҳбарлари ҳамда Фаластин раҳбари Аҳмад Қурай Шароннинг тезроқ соғайиб кетиши истагини билдиришди.
Аммо фаластинлик Ҳамас гуруҳи жанггарилари Шарондан қутулиш бутун Яқин Шарқ минтақаси учун яхши бўлишини айтди.

Баҳодир Матлюбов Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланди.

У аввал Ички ишлар вазирлиги ва мамлакат Божхона қўмитасида юқори лавозимларда ишлаган. Матлюбов саломатлиги сабабли ўтган ой истеъфога чиққан Зокир Алматов ўрнини эгаллади. Алматов ўтган йил май ойида 187 одам нобуд бўлган Андижон воқеаларига норозилик сифатида Европа Иттифоқи виза чеклови жорий этган ўзбекистонлик 12 расмийдан бири эди.

Ироқда содир этилган зўравонликлар оқибатида яна юзга яқин одам нобуд бўлди.

Худкуш ҳужумчининг Карбало шаҳридаги шиалар учун муқаддас Имом Ҳусайн зиёратгоҳи яқинида ўзини портлатгани оқибатида камида 50 одам ўлди, 50дан зиёд одам яраланди.
Орадан кўп ўтмай бошқа бир худкуш Рамади шаҳридаги полицияси идораси яқинида ўзини портлатгани оқибатида ишга жойлашиш учун навбатда турганлардан камида 50 нафари нобуд бўлди. Айни пайтда, пойтахт Бағдодда ҳам учта портлаш содир этилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG