Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:05

Халқаро хабарлар

Исроил Бош вазири Ариэл Шаронни даволаётган жарроҳлар ўтказилган операциялардан кейин унинг ҳолатини “ўта оғир” аммо барқарор дея баҳоламоқда.

Шароннинг миясига яна қон қуйилганидан сўнг, жума куни шифокорлар уни қайта операция қилишди. Қуддус шаҳридаги Хадасса касалхонаси раҳбари Шломо Мор-Йосеф Шароннинг аҳволи кечагидан яхши эканини айтди:
“Бош вазир ҳозир реанимация бўлимига ўтказиляпти. Мен шуни маълум қилмоқчиманки, миянинг компютерлашган томографик текширув натижаси унинг мияси ҳолати кечагидан яхши эканини кўрсатди”.
Шифокорлар Шарон камида яна икки кун кома холатида бўлишини айтмоқдалар. Ундан олдин шифокорлар Бош вазир ўз вазифасини давом эттира олмаслиги мумкин, деган фикр билдирган эди.

Озарбайжон расмийлари мамлакат жанубидаги Масали минтақасида минглаб парранда ёппасига ўлишига парранда гриппи сабаб бўлмаганини билдирди.

Қишлоқ хўжалик вазирлигининг ветеринария бўлими вакили Эмин Шахбозов минглаб парранда ўлимига парранда гриппи эмас бошқа юқумли касаллик сабаб бўлган, деди.

Туркия шарқида жойлашган Ван шаҳридаги бир оиланинг учинчи фарзанди парранда гриппидан вафот этди.

2 январ куни унинг укаси, 5 январ куни синглиси шу хасталикдан касалхонада оламдан ўтган эди. Ван шаҳар касалхонаси шифокори Ҳусайн Авни Сахин бошқа одамлар ҳам шу касалликка чалингани тахмин қилинаётганини айтди:
“31 декабрдан буён касалхонамизга қирққа яқин одам мурожаат қилди. Улар парранда гриппи билан хасталангани тахминан қилинмоқда. Улардан 26 нафари касалхонага ётқизилиб, тиббий хизмат кўрсатилди. Касаллардан уч нафари оламдан ўтди. Касалхонада яна 15 бемор даволанмоқда. Улардан уч нафарининг аҳволи оғир”, – деди шифокор Сахин.
Оламдан ўтган уч ўспирин Туркиянинг Арманистон билан чегарадош туманида яшаган. БМТ қошидаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари бу касаллик одамдан одамга юқиш-юқмаслигини текширмоқда.

Россия президенти Владимир Путин Сибирга сафар қилмоқда.

Путин жума куни Сибирдан Тинч океанигача газ қувури ётқизилишини маълум қилди:
“Лойиҳани амалга тадбиқ этиш учун анча вақт керак бўлади. Ҳозирча барча келишувлар имзолангани йўқ. Ваъда қилганимиздек, апрел ойида келишувлар имзоланади ва ёз фаслида лойиҳани амалга ошириш ишларини бошлаймиз ”.
Сибирдан Тинч океани қирғоғигача ётқизиладиган тўрт минг 200 километр узунликдаги қувур лойиҳаси қиймати 15 миллиард доллар экани айтилмоқда. У Россия газини Хитой, Япония, Жанубий Корея, Индонезия ва Австралияга сотиш имкониятини яратади.

Ироқ пойтахти Бағдодда минглаб шиалар норозилик намойиши ўтказди.

Беш мингга яқин намойишчи Ироқдаги АҚШ элчиси Залмай Халилзод ва қаттиққўллик сиёсати тарафдори бўлган айрим сунний раҳбарларига қарши шиорлар билан чиқдилар. Чоршанба ва пайшанба кунлари Ироқда амалга оширилган худкуш ҳужумлар оқибатида 200га яқин одам, асосан шиалар нобуд бўлган эди.

Пайшанба куни Макка шаҳридаги кўп қаватли меҳмонхонада ёнғин чиққанидан кейин бино қулади.

Саудия расмийларига кўра, фалокат оқибатида камида 53 одам нобуд бўлган, 60дан ошиғи яраланган. Ҳозирда бино қолдиқларини тозалаш ишлари давом этмоқда. Ўлганлар сони ортиши мумкин.
Фожиа содир бўлган меҳмонхона Масжидул Ҳарамга яқин бўлган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат мадҳияси мусиқаси ва шеъри ўзгартирилишини маълум қилди.

Давлат мадҳияси ўзгартирилишини Назарбоев унда қозоқ халқи ўз мустақиллиги учун асрлар давомида олиб борган қаҳрамонона кураши акс этган бўлиши керак, дея изоҳлади. Қозоғистоннинг ҳозирги мадҳияси 50-йилларда ёзилган «Менинг Қозоғистоним» қўшиғи билан алмаштирилади. Президент Назарбоев бу қўшиққа бир неча сўз қўшган. Шу орқали Назарбоев янги мадҳия ҳаммуаллифи бўлган. Қозоғистон раҳбари ҳозиргача ватанпарварлик руҳидаги иккита қўшиқ муаллифидир. Улардан бири «Менинг мамлакатим» дея номланган. Қозоғистон парламенти жума куни давлат мадҳиясини ўзгартириш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини тасдиқлади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 2006 йил тўртинчи чорагида мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича референдум ўтказиш тўҳрисидаги фармонни имзолади.

Бакиев президентлик сайлов кампанияси давомида конституция масаласида референдум ўтказишга ваъда берган эди. Ҳозирда Қирғизистон ҳукумати мамлакатни президент бошқариши тарафдори. Аммо аксарият депутатлар ва мухолифат вакиллари Қирғизистон парламент бошқарувидаги мамлакат бўлишини хоҳлайди.

Американинг “Боинг” самолётсозлик компанияси 2005 йилда ширкат тарихида рекорд даражада кўп буюртма қабул қилди.

Ўтган йил ширкатга 1 минг иккита самолёт учун буюртма берилди. Авиация соҳасидаги мазкур улкан ширкат тарихида охирги марта энг кўп буюртма 1988 йилда тушган бўлиб, ўшанда харидорлар 877та самолёт қуриб беришни сўраган.
2005 йилги буюртмачилар асосан ўрта масофага учадиган “Боинг-737”, “Боинг-235”, шунингдек янги русумдаги “Dreamliner-787” самолётлари қуриб беришни сўраган. Хитой, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ давлатлари Боинг ширкатининг ўтган йилги асосий харидори бўлди.

Бразилия дипломатлари Германия ҳамда Ҳиндистон вакиллари билан бирга БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сонини кўпайтириш ҳақидаги янги резолюцияни Бош Ассамблеяга тақдим этди.

Ўтган йил Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япония тақдим этган айни таклиф БМТ Бош Ассамблеясида етарли овоз олмаган эди. Янги резолюция қабул қилиниши учун уни Бош Ассамблея аъзоларининг камида учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари АҚШ ва Хитой ўтган йилги таклифга қарши овоз берган.

Якшанба куни Ямандаги қабила вакиллари томонидан ўғирлаб кетилган беш италиялик қўйиб юборилди.

Қабила раҳбарлари Санаа расмийларидан қамоқдаги қариндошлари озод этилишини талаб қилди. Қабила вакиллари эса агар Яман хавфсизлик кучлари гаровдаги италияликларни озод қилишга уринса, улар қатл этилиши тўғрисида огоҳлантирган эди. Аммо гаровдаги уч аёл ва икки эркак италиялик нима сабабдан қўйиб юборилгани ҳозирча номаълум.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Пекинда Хитой расмийлари билан норасмий сўзлашув олиб боради.

Душанба куни бўлажак музокара чоғида бир неча тортишувли масалалар туфайли совуқлашган Япония-Хитой алоқалари муҳокама қилинади. Сўзлашув чоғида Хитой денгизининг шарқий қисмида жойлашган мунозарали ҳудуддаги энергия ресурсларини ўзлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.

Шифокорлар Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ҳолатини “ўта оғир” дея баҳоламоқда.

Шарон мияга қон қуйилиш, яъни инсульт ташхиси билан чоршанба куни кечқурун касалхонага ётқизилган эди. Шифокорлар 77 ёшли Шароннинг миясидан қон оқишни тўхтатиш учун уни пайшанба куни эрталаб бир неча соат давомида операция қилдилар.
“Бош вазир Ариэл Шарон нейрохирургия бўлимининг реанимация хонасига ётқизилди. Ҳозирда унинг аҳволи оғир, аммо барқарор. Унинг ҳолатидаги энг муҳим кўрсаткичлар инсульт туфайли ўтказиладиган узоқ муддатли операциядан кейин кузатиладиган ҳолатга мос келади”, – деди касалхона раҳбари Шломо Мор-Йосиф.
Исроил Бош вазири вазифасини вақтинча Шароннинг ўринбосаи Эхуд Олмарт бажармоқда.
Исроил Бош вазири аҳволи хусусида унинг дўстлари ташвиш билдирмоқда.


АҚШ президенти Жорж Буш, Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу, Европанинг бошқа раҳбарлари ҳамда Фаластин раҳбари Аҳмад Қурай Шароннинг тезроқ соғайиб кетиши истагини билдиришди.
Аммо фаластинлик Ҳамас гуруҳи жанггарилари Шарондан қутулиш бутун Яқин Шарқ минтақаси учун яхши бўлишини айтди.

Баҳодир Матлюбов Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланди.

У аввал Ички ишлар вазирлиги ва мамлакат Божхона қўмитасида юқори лавозимларда ишлаган. Матлюбов саломатлиги сабабли ўтган ой истеъфога чиққан Зокир Алматов ўрнини эгаллади. Алматов ўтган йил май ойида 187 одам нобуд бўлган Андижон воқеаларига норозилик сифатида Европа Иттифоқи виза чеклови жорий этган ўзбекистонлик 12 расмийдан бири эди.

Ироқда содир этилган зўравонликлар оқибатида яна юзга яқин одам нобуд бўлди.

Худкуш ҳужумчининг Карбало шаҳридаги шиалар учун муқаддас Имом Ҳусайн зиёратгоҳи яқинида ўзини портлатгани оқибатида камида 50 одам ўлди, 50дан зиёд одам яраланди.
Орадан кўп ўтмай бошқа бир худкуш Рамади шаҳридаги полицияси идораси яқинида ўзини портлатгани оқибатида ишга жойлашиш учун навбатда турганлардан камида 50 нафари нобуд бўлди. Айни пайтда, пойтахт Бағдодда ҳам учта портлаш содир этилди.

Макка шаҳридаги кўп қаватли меҳмонхонада ёнғин чиққанидан кейин бино қулади.

Оқибатида камида 15 одам нобуд бўлди, 40дан ошиғи яраланди. Саудия телевидениеси хабарига кўра, жабрларганлар муқаддас Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага келган ҳожилар бўлган. Ҳозирда қутқарувчилар бино деворлари остида қолган одамларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Фожиа содир бўлган меҳмонхона Масжидул Ҳарамга яқин бўлган.

Қозоғистон жорий йилда Ўзбекистондан 1,6 миллиард куб метр газнинг ҳар минг куб метрини 55 доллардан сотиб олади.

Бу ҳақдаги келишув КазТрансГаз ва Узтрансгаз ўртасида 29 декабр куни имзоланган. Қозоғистон ўтган йил Ўзбекистоннинг ҳар минг куб метр табиий газини 42 доллардан сотиб олган эди.
Қозоғистонда газ заҳиралари етарли бўлишига қарамай, газдан фойдаланувчилар ва саноат корхоналари газ конларидан узоқда жойлашган. Шу боис мамлакат газни четдан импорт қилади.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов 22 – 23 январ кунлари Москвага сафар қилади.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирилиги эълон қилган баёнотга кўра, газ таъминоти масаласининг Ниёзов ва Путин ўртасидаги музокаралар бош мавзуи бўлиши кутилмоқда.

Афғонистоннинг Ўрузгон вилояти маркази Тирин Кот шаҳрида содир этилган портлаш оқибатида 10дан ортиқ одам нобуд бўлди, 50дан ортиғи яраланди.

Расмийларга кўра, худкуш ҳужумчи портловчи моддалар жойланган машинани полиция ходимлари олдида портлатган. Қурбонлардан қанчасининг Ички ишлар ходими, қанчасининг тинч аҳоли вакиллари бўлгани ҳозирча маълум қилинмади. Ҳужум вилоят ҳокими уйидан бир ярим километр нарида уюштирилган. Портлаш пайтида АҚШ элчиси Роналд Нюман ҳокимнинг уйида меҳмонда бўлган. Ҳужум оқибатида элчига зиён етмаган. Ҳоким эса Макка шаҳрига Ҳаж зиёрати амалларини бажариш учун жўнаб кетган.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг Туркияга сафари чоғида ҳамкорлик ҳақидаги шартнома имзоланди.

Пайшанба куни Карзай Туркия президенти Аҳмад Неждет Сезер билан учрашди. Анқарада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сезер Афғонистонни қайта қуриш ишларида Туркия томонидан кўрсатилаётган ёрдам давом этишини айтди.
Ўз навбатида, ёрдам учун Туркия ҳукуматига миннатдорлик билдирган Ҳамид Карзай, турк тадбиркорларини Афғонистонга кўпроқ маблағ ётқизишга чақирди.
Ҳамид Карзай Туркия Бош вазири Ражап Таййип Эрдўғон билан ҳам учрашди.
У шунингдек, Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул ҳамда турк ҳарбий қўмондонлари билан ҳам учрашади.

Туркия шарқидаги Ван шаҳрида 15 ёшли Фотима исмли қиз парранда гриппи касаллигидан вафот этди.

Тўрт кун олдин унинг 14 ёшли укаси Мехмет ҳам шу касалликдан нобуд бўлган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийларига кўра, ўтказилган текширув дастлабки натижалари туркиялик икки ўсмир Осиё давлатларида 70дан зиёд одам ҳаётига зомин бўлган H5N1 вирусининг бир кўринишидан ўлганини кўрсатган.
“Ўтказилган қатор текширувдан сўнг парранда гриппи борлиги аниқланди”, – дея баёнот берди Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Ражап Актад.
Туркия бир қитъадан бошқасига учадиган мигрант қушлар йўлида жойлашган мамлакат. Шу боис мутахассислар парранда гриппи вирусини қушлар тарқатяпти, деган фикрда.

Россия хавфсизлик кучлари мамлакат жанубидаги Доғистон республикасида қуролланган жанггари гуруҳга қарши ўтказган уч кунлик операцияни якунлади.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, Унтсукул туманидан рўй берган қуролли тўқнашув давомида беш жанггари ўлдирилган. Вертолёт ва оғир тўплар иштирокидаги отишма пайтида бир ҳарбий халок бўлган.

Дубай амирлиги чоршанба куни Австралияга сафари чоғида вафот этган собиқ ҳоким шайх Мактум бин Рашид ал-Мактум билан видолашди.

Ёши олтмишдан ошган ал-Мактум шаҳар қабристонига дафн этилди.
Дубай шаҳридаги масжидларда Қуръони Карим тиловат қилинмоқда. Мактумнинг ўрнини укаси шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум эгаллайди.

Эрон ва БМТ расмийлари ўртасида режалаштирилган учрашув кечиктирилди.

Шу ҳафтада Теҳрон расмийларининг икки йилдан бери тўхтатиб қўйилган ядровий тадқиқотлар давом эттирилишини эълон қилгани, ана шу учрашув ўтказилишига туртки бўлган эди.

Хитой ҳукумати техник носозлик ва хавфсизлик сабабларига кўра мамлакатдаги беш мингдан ортиқ кўмир кони фаолиятини тўхтатди.

Бу мамлакатдаги кўмир конининг тахминан олтидан бири деганидир.
Техник носозликлар туфайли Хитойнинг кўмир конларида ҳар йили беш мингдан кўп кончи нобуд бўлади. Шу боис Пекин расмийлари техник носозлик ва хавфсизлик қоидалари талабига жавоб бермайдиган конлар ишини тўхтатаяпти.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG