Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 20:23

Халқаро янгиликлар

Шифокорлар Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ҳолатини “ўта оғир” дея баҳоламоқда.

Шарон мияга қон қуйилиш, яъни инсульт ташхиси билан чоршанба куни кечқурун касалхонага ётқизилган эди. Шифокорлар 77 ёшли Шароннинг миясидан қон оқишни тўхтатиш учун уни пайшанба куни эрталаб бир неча соат давомида операция қилдилар.
“Бош вазир Ариэл Шарон нейрохирургия бўлимининг реанимация хонасига ётқизилди. Ҳозирда унинг аҳволи оғир, аммо барқарор. Унинг ҳолатидаги энг муҳим кўрсаткичлар инсульт туфайли ўтказиладиган узоқ муддатли операциядан кейин кузатиладиган ҳолатга мос келади”, – деди касалхона раҳбари Шломо Мор-Йосиф.
Исроил Бош вазири вазифасини вақтинча Шароннинг ўринбосаи Эхуд Олмарт бажармоқда.
Исроил Бош вазири аҳволи хусусида унинг дўстлари ташвиш билдирмоқда.


АҚШ президенти Жорж Буш, Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу, Европанинг бошқа раҳбарлари ҳамда Фаластин раҳбари Аҳмад Қурай Шароннинг тезроқ соғайиб кетиши истагини билдиришди.
Аммо фаластинлик Ҳамас гуруҳи жанггарилари Шарондан қутулиш бутун Яқин Шарқ минтақаси учун яхши бўлишини айтди.

Баҳодир Матлюбов Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланди.

У аввал Ички ишлар вазирлиги ва мамлакат Божхона қўмитасида юқори лавозимларда ишлаган. Матлюбов саломатлиги сабабли ўтган ой истеъфога чиққан Зокир Алматов ўрнини эгаллади. Алматов ўтган йил май ойида 187 одам нобуд бўлган Андижон воқеаларига норозилик сифатида Европа Иттифоқи виза чеклови жорий этган ўзбекистонлик 12 расмийдан бири эди.

Ироқда содир этилган зўравонликлар оқибатида яна юзга яқин одам нобуд бўлди.

Худкуш ҳужумчининг Карбало шаҳридаги шиалар учун муқаддас Имом Ҳусайн зиёратгоҳи яқинида ўзини портлатгани оқибатида камида 50 одам ўлди, 50дан зиёд одам яраланди.
Орадан кўп ўтмай бошқа бир худкуш Рамади шаҳридаги полицияси идораси яқинида ўзини портлатгани оқибатида ишга жойлашиш учун навбатда турганлардан камида 50 нафари нобуд бўлди. Айни пайтда, пойтахт Бағдодда ҳам учта портлаш содир этилди.

Макка шаҳридаги кўп қаватли меҳмонхонада ёнғин чиққанидан кейин бино қулади.

Оқибатида камида 15 одам нобуд бўлди, 40дан ошиғи яраланди. Саудия телевидениеси хабарига кўра, жабрларганлар муқаддас Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага келган ҳожилар бўлган. Ҳозирда қутқарувчилар бино деворлари остида қолган одамларни қидириш ишларини давом эттирмоқда. Фожиа содир бўлган меҳмонхона Масжидул Ҳарамга яқин бўлган.

Қозоғистон жорий йилда Ўзбекистондан 1,6 миллиард куб метр газнинг ҳар минг куб метрини 55 доллардан сотиб олади.

Бу ҳақдаги келишув КазТрансГаз ва Узтрансгаз ўртасида 29 декабр куни имзоланган. Қозоғистон ўтган йил Ўзбекистоннинг ҳар минг куб метр табиий газини 42 доллардан сотиб олган эди.
Қозоғистонда газ заҳиралари етарли бўлишига қарамай, газдан фойдаланувчилар ва саноат корхоналари газ конларидан узоқда жойлашган. Шу боис мамлакат газни четдан импорт қилади.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов 22 – 23 январ кунлари Москвага сафар қилади.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирилиги эълон қилган баёнотга кўра, газ таъминоти масаласининг Ниёзов ва Путин ўртасидаги музокаралар бош мавзуи бўлиши кутилмоқда.

Афғонистоннинг Ўрузгон вилояти маркази Тирин Кот шаҳрида содир этилган портлаш оқибатида 10дан ортиқ одам нобуд бўлди, 50дан ортиғи яраланди.

Расмийларга кўра, худкуш ҳужумчи портловчи моддалар жойланган машинани полиция ходимлари олдида портлатган. Қурбонлардан қанчасининг Ички ишлар ходими, қанчасининг тинч аҳоли вакиллари бўлгани ҳозирча маълум қилинмади. Ҳужум вилоят ҳокими уйидан бир ярим километр нарида уюштирилган. Портлаш пайтида АҚШ элчиси Роналд Нюман ҳокимнинг уйида меҳмонда бўлган. Ҳужум оқибатида элчига зиён етмаган. Ҳоким эса Макка шаҳрига Ҳаж зиёрати амалларини бажариш учун жўнаб кетган.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг Туркияга сафари чоғида ҳамкорлик ҳақидаги шартнома имзоланди.

Пайшанба куни Карзай Туркия президенти Аҳмад Неждет Сезер билан учрашди. Анқарада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сезер Афғонистонни қайта қуриш ишларида Туркия томонидан кўрсатилаётган ёрдам давом этишини айтди.
Ўз навбатида, ёрдам учун Туркия ҳукуматига миннатдорлик билдирган Ҳамид Карзай, турк тадбиркорларини Афғонистонга кўпроқ маблағ ётқизишга чақирди.
Ҳамид Карзай Туркия Бош вазири Ражап Таййип Эрдўғон билан ҳам учрашди.
У шунингдек, Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул ҳамда турк ҳарбий қўмондонлари билан ҳам учрашади.

Туркия шарқидаги Ван шаҳрида 15 ёшли Фотима исмли қиз парранда гриппи касаллигидан вафот этди.

Тўрт кун олдин унинг 14 ёшли укаси Мехмет ҳам шу касалликдан нобуд бўлган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийларига кўра, ўтказилган текширув дастлабки натижалари туркиялик икки ўсмир Осиё давлатларида 70дан зиёд одам ҳаётига зомин бўлган H5N1 вирусининг бир кўринишидан ўлганини кўрсатган.
“Ўтказилган қатор текширувдан сўнг парранда гриппи борлиги аниқланди”, – дея баёнот берди Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Ражап Актад.
Туркия бир қитъадан бошқасига учадиган мигрант қушлар йўлида жойлашган мамлакат. Шу боис мутахассислар парранда гриппи вирусини қушлар тарқатяпти, деган фикрда.

Россия хавфсизлик кучлари мамлакат жанубидаги Доғистон республикасида қуролланган жанггари гуруҳга қарши ўтказган уч кунлик операцияни якунлади.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, Унтсукул туманидан рўй берган қуролли тўқнашув давомида беш жанггари ўлдирилган. Вертолёт ва оғир тўплар иштирокидаги отишма пайтида бир ҳарбий халок бўлган.

Дубай амирлиги чоршанба куни Австралияга сафари чоғида вафот этган собиқ ҳоким шайх Мактум бин Рашид ал-Мактум билан видолашди.

Ёши олтмишдан ошган ал-Мактум шаҳар қабристонига дафн этилди.
Дубай шаҳридаги масжидларда Қуръони Карим тиловат қилинмоқда. Мактумнинг ўрнини укаси шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум эгаллайди.

Эрон ва БМТ расмийлари ўртасида режалаштирилган учрашув кечиктирилди.

Шу ҳафтада Теҳрон расмийларининг икки йилдан бери тўхтатиб қўйилган ядровий тадқиқотлар давом эттирилишини эълон қилгани, ана шу учрашув ўтказилишига туртки бўлган эди.

Хитой ҳукумати техник носозлик ва хавфсизлик сабабларига кўра мамлакатдаги беш мингдан ортиқ кўмир кони фаолиятини тўхтатди.

Бу мамлакатдаги кўмир конининг тахминан олтидан бири деганидир.
Техник носозликлар туфайли Хитойнинг кўмир конларида ҳар йили беш мингдан кўп кончи нобуд бўлади. Шу боис Пекин расмийлари техник носозлик ва хавфсизлик қоидалари талабига жавоб бермайдиган конлар ишини тўхтатаяпти.

Хитой назоратидаги Шинжон Уйғур автоном вилоятида қалин қор ёққани 97 минг одамни ўз уйини ташлаб бошқа жойга кўчишга мажбур қилди.

Маҳаллий расмийларга кўра, қор оғирлигидан уй томлари босиб қола бошлаганидан кейин одамлар хавфсиз жойлардан паноҳ топишга мажбур бўлган.
Қор ёғишда давом этаётгани учун вазиятнинг тез орада яхшиланиши кутилмаяпти.

Чеченистон парламенти раиси ўринбосари Султон Белимхонов вафот этди.

Икки ҳафта олдин у автоҳалокатга учраб, оғир жароҳатланган эди. Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, Белимхонов 2 январ куни оламдан ўтган ва Чеченистонда дафн этилган.

Россия ва Украина газ нархи борасида келишувга эришди.

Беш йилга мўлжалланган шартномага кўра, Россиянинг давлатга қарашли Газпром ширкати Россия газининг ҳар минг куб метрини РосУкрЭнерго ширкатига 230 доллардан сотади. Бу ширкат Марказий Осиёдан келаётган арзон газни Россия газига қўшиб унинг ҳар минг куб метрини Украинага 95 доллардан сотади.
Икки томон шартномадан қониқиш ҳосил қилганини айтмоқда. Аммо Украина Бош вазири Юрий Ехануров бу Украина учун катта сабоқ бўлганини айтди: “Бу биз учун жиддий сабоқ бўлди. Менимча, Россиянинг бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш тўғрисидаги талаби асосли. Украина томони бу талабни қабул қилди. Менимча, газ бозорини Европа хартиясига мувофиқ либераллаштириш Украина учун муҳим сабоқ бўлади. Биз газдан фойдаланишни камайтириш учун бор имкониятни ишга соламиз”.
Айни пайтда, томонлар Россия газининг Украина ҳудудлари орқали транзит ўтиши учун белгиланган нархни ҳам қайта кўриб чиқишга келишиб олди.

Дубай ҳокими, Бирлашган Араб Амирликлари вице президенти шайх Мактум бин Рашид ал-Мактум Австралияга сафари чоғида бугун оламдан ўтди.

Конституцияга кўра, унинг ўрнини укаси шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум эгаллайди. Ҳоким вафоти муносабати билан Дубайда 40 кунлик расмий мотам эълон қилинди. Бугундан бошлаб ҳукумат идоралари етти кунга ёпилди. Ёши 60дан ошган шайх Мактум ўлими сабаби ҳозирча оммага ошкор қилинмади.

Саудия Арабистони бу йилги Хаж амалларини бажариш учун мамлакатга хожилар келиши муддатини чеклади.

Риёд расмийларига кўра, чоршанба куни ярим тунда хожиларни қабул қилиш ишлари тўхтатилади. Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси эълон қилган баёнотга кўра, белгиланган муддатдан кейин Саудияга хожилар олиб келган ҳар қандай самолётга 200 минг риёл, яъни 53 минг АҚШ доллари ҳажмида жарима солинади. Тартибни бузган самолёт жарима пули тўланмагунича ушлаб турилади. Хожиларнинг денгиз орқали Саудияга келишлари сешанба куни ярим тунда тугади. Хожилар 8 январ куни муқаддас Хаж амалларини бажаришга киришади.

Европа Иттифоқи газ нархи борасида Россия ва Украина ўртасида эришилган келишувни олқишлади.

Энергетика масалалари бўйича Европа Иттифоқи мутасаддиси Андрис Пиебалгис:
“Европа энергия таъминоти хавфсизлиги борасида аниқ, ошкора ва муштарак сиёсат олиб бориши лозим. Энерия хавфсизлиги масаласи бугунги кунда фақат Европа Иттифоқига аъзо давлатлар даражасидагина кўрилмоқда. Биз бу масалага Европа миқёсида ёндошмоғимиз керак”, – деди Европа Иттифоқи мутасаддиси.

АҚШдаги Херитаж жамғармаси дунё мамлакатларидаги иқтисодий эркинликка оид навбатдаги ҳисоботини чиқарди.

“Иқтисодий эркинлик кўрсаткичлари” деб номланган навбатдаги ҳисоботда Гонгконг ва Сингапур яна бир карра дунёдаги иқтисоди энг эркин мамлакат сифатида қайд этилади. 160 давлат киритилган рўйхатдаги ўринлар ҳар бир мамлакатда шахсий мулк ҳимояси, солиқлар даражаси ва ҳукуматларнинг иқтисодиёт ишларига аралашуви даражасига қараб тақсимланган.
Собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан Қирғизистон, Грузия ва Арманистон иқтисодиёти “асосан эркин”, Украина, Россия, Озарбайжон ва Марказий Осиё республикалари иқтисодиёти “эркин бўлмаган” давлатлар қаторидан ўрин олган.

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ ва Афғонистондаги кучлар жорий йилда бир неча мингга қисқартирилиши тўғрисидаги режани тасдиқлади.

Президент Бушга кўра, Ироқ хавфсизлик кучлари масъулиятни ўз зиммасига олаётгани боис Ироққа жойлаштирилган 138 минг ҳарбийлар сони бир неча мингга камайтирилади.
Бушга кўра, 2006 йилда АҚШ Афғонистондаги 19 минг ҳарбийлари сонини 16 ярим минга қисқартиради. НАТО эса бу йил Афғонистондаги ўз қўшинлари сонини тўққиз мингдан 15 мингга кўпайтиришни режалаган.

Ироқнинг Мукдадия шаҳрида дафн маросими пайтида портлаш содир этилди.

Худкуш ҳужумчи дафн маросимида қатнашаётган 100га яқин шиалар орасида ўзини портлатгани оқибатда 30дан ортиқ одам нобуд бўлди кўплаб одам яраланди.
Бағдоддаги полиция идораси яқинида содир этилган портлаш натижасида тўрт одам нобуд бўлди, бир неча одам яраланди.
Айни пайтда, номаълум қуролланган шахслар Ироқ нефт вазирлиги расмийси ва унинг ўғли кетаётган машинани ўққа тутиши оқибатида нобуд бўлди. Шунингдек, номаълум қуролли шахслар Ироқ армияси собиқ зобитини ҳам отиб ўлдирди.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўзининг йиллик хисоботини чиқарди.

Унда ўтган йил дунё бўйича 63 журналист нобуд бўлгани, бу охирги 10 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич экани билдирилади. Ташкилот эълон қилган ҳисоботда дунёдаги журналистлар учун энг хавфли давлатлар рўйхати келтирилади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бугун Туркияга сафарини бошлайди.

Карзайнинг Туркия президенти Аҳмад Неждет Сезер, Бош вазир Ражап Таййип Эрдўғон ва Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул билан учрашиши кутилмоқда. Пайшанба куни ўтказилиши режалаштирилган асосий музокаралар чоғида икки томонлама алоқалар ҳамда Афғонистонни қайта қуриш ишлари муҳокама этилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Туркия ширкатлари Афғонистонга 130 миллион АҚШ доллари ҳажмида сармоя ётқизган. Бу 1957 йилдан бери Афғонистон раҳбарининг Туркияга биринчи ташрифидир. Карзай 2002 йилда Бош вазир сифатида Туркияга қисқа муддатли сафар қилган.

Афғонистоннинг Зобул вилоятидаги мактаб раҳбари ўлдириб кетилди.

Вилоят ҳокимияти матбуот вакили Али Хаилга кўра, Малим Абдул Хабиб вилоят маркази Қалот шаҳридаги ўз уйида ўлдирилган. Расмийлар толиблар жанггариларини мазкур қотилликни содир этганликда гумон қилмоқда.
Вилоят маориф бўлими бошлиғига кўра, фақат толибларгина қизларнинг мактабда ўқишларига қаршилик қилиб келган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG