Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 20:42

Халқаро янгиликлар

Россия ва Украина газ нархи борасида келишувга эришди.

Беш йилга мўлжалланган шартномага кўра, Россиянинг давлатга қарашли Газпром ширкати Россия газининг ҳар минг куб метрини РосУкрЭнерго ширкатига 230 доллардан сотади. Бу ширкат Марказий Осиёдан келаётган арзон газни Россия газига қўшиб унинг ҳар минг куб метрини Украинага 95 доллардан сотади.
Икки томон шартномадан қониқиш ҳосил қилганини айтмоқда. Аммо Украина Бош вазири Юрий Ехануров бу Украина учун катта сабоқ бўлганини айтди: “Бу биз учун жиддий сабоқ бўлди. Менимча, Россиянинг бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш тўғрисидаги талаби асосли. Украина томони бу талабни қабул қилди. Менимча, газ бозорини Европа хартиясига мувофиқ либераллаштириш Украина учун муҳим сабоқ бўлади. Биз газдан фойдаланишни камайтириш учун бор имкониятни ишга соламиз”.
Айни пайтда, томонлар Россия газининг Украина ҳудудлари орқали транзит ўтиши учун белгиланган нархни ҳам қайта кўриб чиқишга келишиб олди.

Дубай ҳокими, Бирлашган Араб Амирликлари вице президенти шайх Мактум бин Рашид ал-Мактум Австралияга сафари чоғида бугун оламдан ўтди.

Конституцияга кўра, унинг ўрнини укаси шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум эгаллайди. Ҳоким вафоти муносабати билан Дубайда 40 кунлик расмий мотам эълон қилинди. Бугундан бошлаб ҳукумат идоралари етти кунга ёпилди. Ёши 60дан ошган шайх Мактум ўлими сабаби ҳозирча оммага ошкор қилинмади.

Саудия Арабистони бу йилги Хаж амалларини бажариш учун мамлакатга хожилар келиши муддатини чеклади.

Риёд расмийларига кўра, чоршанба куни ярим тунда хожиларни қабул қилиш ишлари тўхтатилади. Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси эълон қилган баёнотга кўра, белгиланган муддатдан кейин Саудияга хожилар олиб келган ҳар қандай самолётга 200 минг риёл, яъни 53 минг АҚШ доллари ҳажмида жарима солинади. Тартибни бузган самолёт жарима пули тўланмагунича ушлаб турилади. Хожиларнинг денгиз орқали Саудияга келишлари сешанба куни ярим тунда тугади. Хожилар 8 январ куни муқаддас Хаж амалларини бажаришга киришади.

Европа Иттифоқи газ нархи борасида Россия ва Украина ўртасида эришилган келишувни олқишлади.

Энергетика масалалари бўйича Европа Иттифоқи мутасаддиси Андрис Пиебалгис:
“Европа энергия таъминоти хавфсизлиги борасида аниқ, ошкора ва муштарак сиёсат олиб бориши лозим. Энерия хавфсизлиги масаласи бугунги кунда фақат Европа Иттифоқига аъзо давлатлар даражасидагина кўрилмоқда. Биз бу масалага Европа миқёсида ёндошмоғимиз керак”, – деди Европа Иттифоқи мутасаддиси.

АҚШдаги Херитаж жамғармаси дунё мамлакатларидаги иқтисодий эркинликка оид навбатдаги ҳисоботини чиқарди.

“Иқтисодий эркинлик кўрсаткичлари” деб номланган навбатдаги ҳисоботда Гонгконг ва Сингапур яна бир карра дунёдаги иқтисоди энг эркин мамлакат сифатида қайд этилади. 160 давлат киритилган рўйхатдаги ўринлар ҳар бир мамлакатда шахсий мулк ҳимояси, солиқлар даражаси ва ҳукуматларнинг иқтисодиёт ишларига аралашуви даражасига қараб тақсимланган.
Собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан Қирғизистон, Грузия ва Арманистон иқтисодиёти “асосан эркин”, Украина, Россия, Озарбайжон ва Марказий Осиё республикалари иқтисодиёти “эркин бўлмаган” давлатлар қаторидан ўрин олган.

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ ва Афғонистондаги кучлар жорий йилда бир неча мингга қисқартирилиши тўғрисидаги режани тасдиқлади.

Президент Бушга кўра, Ироқ хавфсизлик кучлари масъулиятни ўз зиммасига олаётгани боис Ироққа жойлаштирилган 138 минг ҳарбийлар сони бир неча мингга камайтирилади.
Бушга кўра, 2006 йилда АҚШ Афғонистондаги 19 минг ҳарбийлари сонини 16 ярим минга қисқартиради. НАТО эса бу йил Афғонистондаги ўз қўшинлари сонини тўққиз мингдан 15 мингга кўпайтиришни режалаган.

Ироқнинг Мукдадия шаҳрида дафн маросими пайтида портлаш содир этилди.

Худкуш ҳужумчи дафн маросимида қатнашаётган 100га яқин шиалар орасида ўзини портлатгани оқибатда 30дан ортиқ одам нобуд бўлди кўплаб одам яраланди.
Бағдоддаги полиция идораси яқинида содир этилган портлаш натижасида тўрт одам нобуд бўлди, бир неча одам яраланди.
Айни пайтда, номаълум қуролланган шахслар Ироқ нефт вазирлиги расмийси ва унинг ўғли кетаётган машинани ўққа тутиши оқибатида нобуд бўлди. Шунингдек, номаълум қуролли шахслар Ироқ армияси собиқ зобитини ҳам отиб ўлдирди.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўзининг йиллик хисоботини чиқарди.

Унда ўтган йил дунё бўйича 63 журналист нобуд бўлгани, бу охирги 10 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич экани билдирилади. Ташкилот эълон қилган ҳисоботда дунёдаги журналистлар учун энг хавфли давлатлар рўйхати келтирилади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай бугун Туркияга сафарини бошлайди.

Карзайнинг Туркия президенти Аҳмад Неждет Сезер, Бош вазир Ражап Таййип Эрдўғон ва Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул билан учрашиши кутилмоқда. Пайшанба куни ўтказилиши режалаштирилган асосий музокаралар чоғида икки томонлама алоқалар ҳамда Афғонистонни қайта қуриш ишлари муҳокама этилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Туркия ширкатлари Афғонистонга 130 миллион АҚШ доллари ҳажмида сармоя ётқизган. Бу 1957 йилдан бери Афғонистон раҳбарининг Туркияга биринчи ташрифидир. Карзай 2002 йилда Бош вазир сифатида Туркияга қисқа муддатли сафар қилган.

Афғонистоннинг Зобул вилоятидаги мактаб раҳбари ўлдириб кетилди.

Вилоят ҳокимияти матбуот вакили Али Хаилга кўра, Малим Абдул Хабиб вилоят маркази Қалот шаҳридаги ўз уйида ўлдирилган. Расмийлар толиблар жанггариларини мазкур қотилликни содир этганликда гумон қилмоқда.
Вилоят маориф бўлими бошлиғига кўра, фақат толибларгина қизларнинг мактабда ўқишларига қаршилик қилиб келган.

Тўққиз нафар Эрон ҳарбийсини гаровга олган жанггари гуруҳ Теҳрон расмийларидан қамоқдан шериклари озод этилишини талаб қилмоқда.

Ал-Арабия телевидениеси намойиш қилган видеолавхада жанггарилар агар улар озод этилмаса, ҳарбийларни қатл этиши тўғрисида огоҳлантирган.
Маълумотларга кўра, ҳарбийлар шанба куни Покистон чегараси яқинида ўғирлаб кетилган. Эрон расмийлари тўққиз ҳарбий бедарак йўқолгани тўғрисидаги маълумот тўғрилигини душанба куни тасдиқлаган.

Индонезиянинг Ява оролида кучли ёғингарчилик натижасида сув тошқинлари ва ер кўчиши рўй берди.

Оқибатда камида 10 одам нобуд бўлди, кўплаб одам лой ва турли чиқиндилар орасида сиқилиб қолди. Шу ҳафта бошида кучли ёмғирдан сўнг ҳосил бўлган сув тошқинлари оқибатида камида 60 одам ҳаётдан кўз юмган эди.

Қримнинг гўшт етиштиштирувчи учта фабрикасида паррандалар ёппасига қирилди.

Улар қандай касалликдан ўлгани текширилмоқда. Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, янги йил арафасида жанубий Қримда 32 мингдан зиёд парранда касаллик оқибатида ўлган ва йўқ қилинган. Қримда ўтган йил ноябр ойида биринчи марта парранда гриппи аниқланганидан кейин касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида 40 минг парранда йўқ қилинган эди.

Германия жанубида жойлашган Бад-Рейхенхал шаҳридаги коньки стадиони қолдиқлари остидан бир аёл жасади топилди.

Шу билан қурбонлар сони 14тага етди. Мазкур курорт шаҳри ҳокими Волфганг Хайтмайер журналистларга рўй берган фалокат айбдорлари келаси ҳафталар ичида аниқланишини айтди.
“Менимча, ҳозирги вазиятда ҳамма фалокат айбдорини қидираётганини тушунса бўлади. Аммо бундай экстремал ҳолатда биз барча саволларга жавоб бера олмаймиз”, – деди шаҳар ҳокими.
Коньки стадионининг томи душанба куни қор оғирлигидан босиб қолган эди

Ўзбек газининг Тожикистон учун нархи ошди.

Расмий Тошкент Тожикистонга етказиб берилаëтган табиий газ нархи оширилганни билдирди.
1 январдан бошлаб 1000 куб метр газ учун Тожикистон 55 доллар тўлайдиган бўлди. Бундан олдин Тожикистон бу миқдордаги газ учун 42 доллар тўлаëтган эди. Тожикистонда истеъмол қилинаëтган газнинг 95 фоизи Ўзбекистондан олинади.
Айни пайтда¸ Ўзбекистон Қирғизистон ва Қозоғистонга етказилаëтган газ нархи ҳам оширилишни маълум қилди.

Россия ва Украина ўртасидаги газ жанжали давом этмоқда.

Москвада Россиядан Украинага етказилаëтган табиий газ нархи борасидаги музокаралар қайтадан бошланди.
Газпром ширкати билан олиб борилаëтган музокара учун Украина нефт-газ ширкати вакиллари зудлик билан Киевдан етиб келишди.
1 январдан бошлаб Россиянинг Газпром ширкати Украинага узатилаëтган газ ҳажмини кескин камайтирди. Бунинг оқибатида¸ Марказий Европа давлатларига Украина орқали экспорт қилинаëтган Россия гази босимининг пасайиб кетгани айтилмоқда. Россия томони Украинани Европа истеъмолчиларига мўлжаллаган газни ўғирлаëтганликда айбламоқда.
Газпром вакили Сергей Куприяновга кўра 1 январдан бери Украина тарафи 220 миллион кубометр газни ўмарган.Расмий Киев бундай айбловни инкор этди. Украина ëнилғи вазири Иван Плачковнинг айтишича¸ Украина заҳирадаги газ запасларини ишлатмоқда¸ бунинг устига Туркманистон келишилган миқдорда газ етказиб бермоқда.
Бундан аввал Газпром расмийлари¸ Россия орқали Украинага туркман гази етказиб бериш ҳам тўхтатилганини эълон қилган эди.
Расмий Киевга кўра¸ 2 январдан бошлаб Туркманистондан олинадиган газ ҳажми кўпайган ва кунига 120 миллион кубометрга етган.
Ҳозирга қадар Украинага ҳар минг кубометр газни 50 доллардан сотиб келган Россия¸ 1 январдан бошлаб¸ минг кубометр газ учун 230 доллар талаб қилмоқда.
Айни пайтда¸ Россия Европа мамлакатларига газ етказиб бериш жараëнини қайта тиклади. Бу жараëнга Москва ва Киев ўртасидаги газ жанжали пайтида путур етган эди.
Австрия ва Венгрия Россиядан тўла миқдорда газ олаëтганлигини билдирди.

Қора увилдириқ экспорти чекланди.

Сешанба куни қора увилдириқ ва бакра балиғи экспортига қўйилган ҳалқаро чеклов кучга кирди.
Чеклов¸йўқолиб кетиш арафасида бўлган мавжудотлар савдоси устидан назорат қилувчи БМТ идораси томонидан ўрнатилди.
Ушбу идора мулозими Ҳуан Карлос Васкес бу чекловнинг Каспий ва Қора денгиздаги ëввойи бакра балиқларига ҳам жорий қилинишини билдирди.
"Бу борада БМТ резолюцияси бор. Бу ҳужжатда бакра балиқ ва қора увилдириқни экспорт қилиш меъëрлари белгиланган.
Бакра балиғи овлаш билан шуғулланадиган мамлакатлар бу меъëрларга риоя қилишлари шарт."

Эрон ядровиий дастурини қайта тиклаш режасини очиқлади.

Расмий Теҳрон яқин кунларда ядровий тадқиқотларнинг қайта тикланишини билдирди.
Эрон атом вазирлиги раҳбари Муҳаммад Саид сешанба куни бу маълумот халқаро атом энергияси агентлигигига жўнатилганини билдирди.
Бундан олдин уранни Россия ҳудудида бойитиш ҳақида Кремлдан таклиф тушган эди.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги мулозими Ҳамид Ризо бу юзадан расмий Теҳрон позициясини изоҳлади:
"Бизга уранни фақат Россия ҳудудида бойитиш таклифи келиб тушди. Бу таклифнинг бизга тўғри келмаслигини ҳам билдирдик.
Агар бу таклиф ҳаракат режасининг муқобил ижроси сифатида айтилаëтган бўлса¸бу энди мухокамани талаб қиладиган масаладир."

Эрон 2003 йилда ЕИ билан келишув доирасида ўз ядровий дастурини вақтинча тўхтатган эди.

Туркман гази Молдовага етказилади.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов туркман газининг Молдовага етказилиши бўйича музокараларга тайëр эканлигини билдирди.
Бу ҳақда сешанба куни Молдова президенти Владимир Воронинга жўнатилган телеграммада таъкидланди.
Ниëзовга кўра¸ Туркманистонда Молдова ¸Украина ва бошқа талабгорлар эҳтиëжларини қондиришга қодир табиий газ заҳиралари мавжуд.

Германия жанубида жойлашган Бад-Рейҳенҳал шаҳридаги музда учиш залининг томи босиб қолди.

Оромгоҳ шаҳар Бад-Рейҳенҳал шаҳридаги музда учишга мўлжаланган улкан бинонинг томи босиб қолди.
Воқеа жойида қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Вайроналар остидан 11 кишининг жасади чиқариб олинди. Улар орасида 6 нафар гўдак ҳам бор. Ўнлаб кишилар жароҳат олди.
Полицияга кўра босиб қолган том остида яна тўрт кишининг жасади бўлиши мумкин. Қутқарувчилардан бири гапиради.
"Биз қутқарувчилар ўта қийин шароитда ишламоқдамиз. Биз қутқарувчи итлар кўмагида вайроналар остида тирик қолган кишиларни қутқаришга умид қилмоқдамиз.Оҳирги кишини қутқармагунча ишни тўҳтатмаймиз."
Фалокат пайтида бино ичида 50 киши бўлган.
1970 йилда қурилган бино томининг эскирганлиги фалокат сабаби дея кўрилмоқда.
Кейинги 30 йил давомида кузатилмаган қор ëғиши оқибатида бино томини қалин қор қоплаган.
Оғирликни кўтара олмаган том ўпирилиб тушган.
Воқеа юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Айни пайтда Ироқда зўравонликлар давом этмоқда.

Ироқ расмийларига кўра мамлакат шимолидаги Байжи шаҳрида АҚШ ҳарбий учқичларидан ташланган бомба зарбалари оқибатида тинч аҳоли қурбон бўлган.
Қурбонлар ҳақида турли маълумотлар бор. Баъзи маълумотларда 5¸бошқа маълумотларда эса 14 кишининг ҳалок бўлгани айтилмоқда.
АҚШ қўмондонлигига кўра зарба йўл четига бомба қўйишга уринганлар қочиб кирган учта бинога қаратилган.
Шаҳар ҳокими Салоҳаддин юз берган воқеа юзасидан расмий тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.

Саддам ўқни дордан афзал кўрмоқда.

Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн¸ агар мени ўлимга ҳукм қилишса дорга осилишдан кўра отиб ўлдирилганим тузук¸ деб маълум қилди.
Саддам Ҳусайн бу фикрни ўз адвокати Ҳусайнга декаб ойидаги маҳкама жараëнида айтганлиги маълум бўлди.
Инсониятга қарши жиноятларда айбланаëтган собиқ президент Саддам Ҳусайн устидан маҳкама 24 январ куни қайта давом этади.

Оқтўбада поезд ҳалокатга учради.

Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида қарама қарши келаëтган икки юк поезди бир-бири билан тўқнашди.
Тўқнашув оқибатида 40 вагонни тортиб келаëтган тепловоз темир излардан чиқиб кетиб атрофга қулади.
Машинист ëрдамчиси ва поезд қўриқчиси касалхонага етказилган.
Айни пайтда мазкур ҳудудда поезд қатнови тўҳтатилган.

Россия ва Украина ўртасидаги газ жанжали давом этмоқда.

1 январдан бошлаб Россиянинг Газпром ширкати Украинага узатилаëтган газ ҳажмини кескин камайтирди. Бунинг оқибатида¸ Марказий Европа давлатларига Украина орқали экспорт қилинаëтган Россия гази босимининг пасайиб кетгани айтилмоқда. Россия томони Украинани Европа истеъмолчиларига мўлжаллаган газни ўғирлаëтганликда айбламоқда. Расмий Киев бундай айбловни инкор этди. Украина ëнилғи вазири Иван Плачковнинг айтишича¸ Украина заҳирадаги газ запасларини ишлатмоқда¸ бунинг устига Туркманистон келишилган миқдорда газ етказиб бермоқда.
“Россия транзит газини ноқонуний ўзлаштириш бўлгани йўқ. Яна такрорлаб айтаман¸ Украина ер остидаги ўз газ заҳираларини ишлатмоқда. Қолаверса¸ имзоланган келишувда кўзда тутилган миқдорда туркман гази етиб келмоқда”¸ - деди Плачков.
Бундан аввал Газпром расмийлари¸ Россия орқали Украинага туркман гази етказиб бериш ҳам тўхтатилганини эълон қилган эди.
Расмий Киевга кўра¸ 2 январдан бошлаб Туркманистондан олинадиган газ ҳажми кўпайган ва кунига 120 миллион кубометрга етган.
Хабарларга кўра¸ Украина давлат газ ширкати раҳбари Алексей Ивченко¸ фавқулодда музокаралар учун бугун Ашхободга келган.
Ҳозирга қадар Украинага ҳар минг кубометр газни 50 доллардан сотиб келган Россия¸ 1 январдан бошлаб¸ минг кубометр газ учун 230 доллар талаб қилмоқда.

Ироқ ҳукуматининг билдиришича¸ мамлакат нефтини экспорт қилиш ҳажми 2003 йилги Америка ишғолидан кейинги энг паст даражага етган.

Нефт вазирлиги расмийси Асем Жиҳадга кўра¸ декабр ойида Ироқ кунига бир миллион 100 минг баррел нефт экспорт қилган. 2003 йилги урушдан кейин Ироқ кунига ўртача бир миллион 600 минг баррел нефт сотаëтган эди.
Асем Жиҳаднинг айтишича¸ экспорт ҳажмининг камайишига Форс кўрфазидаги об-ҳавонинг ëмон келиши ва электр қуввати етишмаслиги сабаб бўлган.
Айни пайтда¸ исëнчилар ҳужумларининг фаоллашуви оқибатида Туркия орқали нефт экспорт қилиш жараëнига жиддий талофат етгани ҳам¸ сабаблардан бири қилиб кўрсатилмоқда.
Ироқ ялпи миллий даромадининг 97 фоизига қадар¸ нефт савдосидан келади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG