Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:20

Халқаро хабарлар

Ўзбекистон парламентининг Қуйи палатаси Россия билан имзоланган “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартномани бир овоздан тасдиқлади.

Мазкур шартнома икки давлат президентлари томонидан 2005 йил 14 ноябрда Москвада имзоланган эди. ИТАР ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, шартномадан кўзланган мақсад, эҳтимолий ҳарбий агрессияга қарши биргаликда жавоб қайтаришдан иборат.

Исроил ҳукумати Фаластинда 25 январ куни ўтказилган сайловда ғалабага эришган жанггари Хамас гуруҳи билан музокара олиб борилмаслигини яна бир карра қайтарди.

Исроил Бош вазири Ариел Шароннинг юқори лавозимли маслаҳатчиси Раанан Гиссин Исроил халқаро миқёсда тан олинган террорчи гуруҳ билан музокара олиб бормаслигини билдирди:
“Исроил тан олинган ҳар қандай террорчи гуруҳ билан сўзлашув олиб бормайди. Хамас дунёнинг барча давлати томонидан террорчи гуруҳ сифатида тан олинган. Бу Фаластин мухторияти бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олган Осло келишуви, тинчлик йўл ҳаритасига ҳам зиддир”.
Жума куни Хамаснинг юқори лавозимли раҳбари Маҳмуд Аз-Заҳар Хамас ўз позициясини ўзгартирмаслиги ва Исроил давлатини тан олмаслигини билдирди.
Айни пайтда, Исроил жанггари гуруҳлари қуролсизлантирилиши тўғрисида сайлов арафасида берилган ваъда бажарилиши юзасидан Фаластин мухториятига босим ўтказмоқда.

Икки нафар қуролли шахс қирғиз чегарачиларини ўққа тутиб Ўзбекистон ҳудудида яширинди.

Қирғизистон чегара хизмати маълумотига кўра, 26 январ куни қирғиз чегарачилари икки шахс Ўзбекистон томонидан чегарани бузиб Қирғизистон ҳудудига ўтишга уринаётганини пайқаган. Чегарачилар уларни ҳибсга олишга уринган пайтда, улар сарҳадчиларга қарата ўқ узган. Қирғизистон чегарачилари огоҳлантирувчи ўт очганидан сўнг улар Ўзбекистон ҳудудида яширинишга муваффақ бўлган.
Қирғизистон чегара хизматининг яна маълум қилишича, кейинроқ чегарачилар қурол олиб кетаётган олти шахсга дуч келган. Улар ҳам чегарачилар огоҳлантиришига бўйсунмай Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган. Икки воқеада ҳам талафот кўрилмаган.

Тожикистон шимолида номаълум қуролли шахслар қамоқхона бошлиғини ўлдириб, Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинган маҳбусни қамоқдан озод қилди.

Тожикистоннинг Суғд вилояти прокурори Абдуғаффор Қаландаровга кўра, воқеа 25 январ куни Қайроққум туманида содир бўлган. Қамоқхона бошлиғи Бобожон Гадибоев озод этилган маҳбус билан бирга қочиб кетган қуролли шахслар томонидан ўлдирилган.
Қаландаровга кўра, 2005 йил 13 майда Андижонда рўй берган қонли воқеалардан кейин Тожикистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати анча фаоллашган. Прокурор фикрича, бу ташкилот Хизбут-Тахрирга қараганда анча хавфли.

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Нобел мукофотига номзод Мўътабар Тожибоева устидан маҳкама жараёни 30 январ куни бошланади.

Хюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига асосланиб Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабар қилишича, Тожибоева Ўзбекистон республикаси жиноят кодексининг ўн етти моддаси бўйича, жумладан шантажчилик ва пулларни совурганлик, тухматчилик қилганликда айбланмоқда.
Мўътабар Тожибоева ўтган йил октябр ойида Ирландияда инсон ҳуқуқларига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилган анжуманга кетаётган пайтда ҳибсга олинган.

Афғонистоннинг Хилманд вилоятидаги катта йўлда полицияга қарашли автомашина минага учраб портлади.

Афғонистон полицияси маълумотига кўра, портлаш оқибатида икки полициячи нобуд бўлган, икки нафари яраланган. Туман полиция идораси бошлиғи Хожи Замон ҳужум учун жанггари толибларни айблади.
Айни пайтда, Афғонистон полицияси, 25 январ куни Қандаҳор вилоятидаги полиция идорасига ҳужум уюштирилганини маълум қилди. Отишма пайтида толибларнинг етти жанггариси ўлдирилган, беш полиция ходими яраланган.

Россиянинг “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер Бишкекда Қирғизистон Бош вазири Феликс Қулов билан учрашди.

Музокарадан сўнг Миллер Қирғизистонда энергия заҳираларини излаш ишларига “Газпром” юзлаб миллион доллар ётқизишини маълум қилди.




Душанбедаги ҳарбий институт ректори генерал Ҳокимшо Хафизов ўз уйи олдида ўлдириб кетилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Худойназар Ассаев Хафизов 27 январ маҳаллий вақт билан эрталаб, тахминан саккиз яримда ўз уйи олдида ўлдириб кетилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Жума куни Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев фавқулодда йиғилиш ўтказиб, қотиллик юзасидан текширув бошлаш тўғрисида буйруқ берди.
Президент Имомали Раҳмонов Мудофаа вазирига қўнғироқ қилиб қотиллик ҳақида маълумот беришни сўраган.

Германиялик икки инженер 25 январ куни Ироқда ўғирлаб кетилган эди.

Араб тилидаги “Ал-Жазира” телеканали орқали жума куни кўрсатилган видеолавҳада немис инженерлари Германия ҳукуматига мурожаат қилиб, ўзларини озод қилиш учун бор имкониятни ишга солишни сўрадилар.
Германия Канцлери Анжела Меркел германиялик мутахассисларни қўйиб юборишга чақириб, ўз ҳукумати одам ўғирланишини қаттиқ қоралашини билдирди.

Швейцариянинг Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодий форуми давом этмоқда.

Йиғилишда “Microsoft” компанияси раҳбари Билл Гейтс ҳам қатнашмоқда. Жума куни Билл Гейтс ўзининг хусусий хайрия жамғармаси сил касаллигига қарши кураш ишларига ажратаётган 300 миллион доллар маблағ 2015 йилга қадар уч баробарга, яъни, 900 миллион долларга кўпайтирилишини билдирди. Маълумотларига кўра, 2005 йилда сил касаллигидан 1 миллион 600 минг одам нобуд бўлган.

Россия янги радар станцияси қуриш орқали ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш системасини кучайтиришни режалаштирмоқда.

Озарбайжондан қайтган Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов мазкур режа тафсилоти ҳақида маълумот бермади. Озарбайжонда Иванов Габала радар станциясини бориб кўрди. Совет ҳарбийлари томонидан қурилган мазкур станция жанубий ярим шардаги қанотли ракеталар ҳаракатини кузатишга мўлжалланган. Россия ва Озарбайжон ўртасида эришилган шартномага кўра, Россия ҳарбийлари Габала станциясидан 2012 йилгача фойдаланади.

Европа Кенгаши парламент ассамблеяси Беларусдаги Александр Лукашенка режимига қарши чораларни кучайтириш ва Беларус мухолифатини қўллаб қувватлаш чақириғи билан чиқди.

Бу юзадан қабул қилинган резолюцияда Лукашенко ва унга яқин ҳукумат амалдорларига виза ва банк чекловларини кучайтириш лозимлиги айтилган. Европа Кенгаши парламент ассамблеяси йиғинида сўз олган Беларус мухолифати лидери Александр Милинкевич Беларусда бўлажак президентлик сайловлари арафасида инсон ҳуқуқлари вазияти ёнмонлашгани ва демократиядан асар ҳам қолмаганини айтди.
"Ҳукуматни танқид қилиш давлатга хиёнат деб тушуниладиган мамлакатда сайлов қандай қилиб эркин бўлиши мумкин? Январ ойидан эса ҳукуматни танқид қилиш Беларусда жиноят даражасига кўтарилди. Мустақил радио ва телевидение бўлмаган давлатда қандай эркин сайловлар ҳақида гапириш мумкин?", - деди Беларус мухолифати лидери.
Айни пайтда Беларусга теле-кўрсатувлар бериб борувчи мустақил телеканал эгаси маълум бўлган. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича комиссари Бенита-Ферреро Уалднер: "Беларусга мўлжалланган икки миллион евролик медиа лойиҳа бўйича сўнгги қарор берилганини мамнуниятла айтмоқчиман. Германия ширкати, Полша, Литва, Европа Иттифоқи, Беларус ва Россиядаги ҳамкорлари билан бу лойиҳани келаси ойдан амалга оширади. Яъни Беларусда бўлажак сайловлар олдидан кўрсатувларни узатишни бошлайди", - деди.

Фаластинда ўтган сайловларда "Хамас" исломий жанггари гуруҳи ғолиб чиққан.

Бош вазир Аҳмад Қурай (суратда) эса ушбу воқеалар ортидан истеъфо берган. Сайловларни кузатган АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер овоз бериш эркин ва адолатли ўтганини маълум қилди. Сайловчиларнинг фаоллиги юқори даражада бўлган. Овоз беришда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 70 фоизидан кўпи қатнашган. Фаластиндаги Инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Ражи Суроний сайловларни тарихий воқеа деб атади. Исроил ва АҚШ "Хамас"ни террорчи ташкилот, деб билади. Исроил таркибида "Хамас" бўлган Фаластин ҳукумати билан мулоқот қилмаслигини эълон қилган. АҚШ Президенти Жорж Буш вашингтоннинг "Хамас"га нисбатан муносабати ўзгармай қолишини билдирди. Бироқ Европа Иттифоқи тинч йўллар билан фаолият юритадиган ҳар қандай Фаластин ҳукумати билан ҳамкорлик қилажагини маълум қилган.

Қирғизистон парламенти депутатлари Миллий хавфсизлик ҳизмати бошлиғи Тоштемир Аитбоевни истеъфога чиқариш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб овоз берди.

Кеча Қирғизистон Бош вазири Феликс Кулов ҳукуматнинг махсус мажлисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда суд органларини уюшган жиноятга қарши курашга масъулиятсизлик билан ёндошаётганликда айбларкан, бу борада Қирғизистон Миллий хавфсизлик ҳизмати раиси Тоштемир Айтбаев номини алоҳида тилга олиб ўтган эди. МХХ уюшган жиноятга қарши кураш бўлими бошлиғининг қурол ва гиёҳванд моддалар билан қўлга олингани, бунга мисол бўла олади деган Қирғизистон Бош вазири ўз баёнотида. Ўз навбатида Қирғизистон Миллий хавфсизлик ҳизмати раиси Тоштемир Айтбаев Бош вазир баёнотини хокимиятни эгаллаш уриниши, деб таърифлаган.

Туркманистон президенти Сапармурат Ниязов бир қатор давлат амалдорини ишдан олди.

Улар орасида Дошховуз хокими Какамурод Аннагулиев ҳам бор. Ниёзовга кўра, Аннагулиев Дошховуз хокими бўлиб ишлаган пайтда қўли остидаги амалдорлардан пора олган ва ҳукумат хазнасидан 2 миллион доллар ўғирлаган. Ҳукумат мажлисида Туркманбоши Дошхвуз хокимининг тўрт хотини ва 20 автомашинаси бўлганини ҳам айтди.
Шунингдек Туркманбоши мамлакат қишлоқ хўжадиги вазири Бегенч Атамурадовни ҳам ишдан олди. "Қишлоқ хўжалиги вазири, Бегенч, неча йилдан бери ишлаяпсан. Мен сени зам.пред лавозимига кўтардим. Ишингни уддалай олмадинг. Мен сени вазирликдан бўшатаман", - деди Сапармурат Туркманбоши.

Эроннинг Фуқаролик авиацияси ташкилоти 26 йиллик узулишдан сўнг Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини қайта йўлга қўйиш таклифи билан чиққан.

Ташкилот бу ҳақда таклиф битилган мактубни кеча АҚШнинг Фуқаролик авиацияси идорасига жўнатган. Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида ҳаво қатнови 1979 йилда, АҚШ элчихонаси радикал эронлик талабалар тарафидан ишғол этилгани воқеасидан сўнг тўхтаган эди.

Эрон уранни бойитиш ишларини Россияда олиб бориши мумкинлиги айтилган Москва таклифини Хитой ёқлаб чиққан.

"Бизнингча Россиянинг бу таклифи боши берк кўчадан чиқишнинг яхши йўлидир ва бу борада барча томон ҳаракати зарур бўлади. Биз Эрон масаласининг тинч хал этилиши тарафдоримиз ва бу борадаги ҳар қандай дипломатик ҳаракатни қўллаб қувватлаймиз", - деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Конг Куан.
Хитойнинг бу ҳақдаги баёноти Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний Пекин расмийлари билан учрашганидан сўнг айтилди. АҚШ ва Европа давлатлари Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқиши Техронни жиддий хавотирга солмоқда. Хитой Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Теҳронни жазоловчи ҳар қандай резолюцияни вето қилиш ҳуқуқига эга. Аввалроқ Али Ларижоний Хавфсизлик Кенгашининг яна бир доимий аъзоси бўлган Россия расмийлари билан Москвада музокара олиб борган ва ўша музокаралар чоғи Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси Игор Иванов Эрон уранни бойитиш ишларини Россияда олиб бориши борасида ижобий қарашда эканини билдирган эди.

Ироқдаги АҚШ ҳарбий рахбарияти 420 ироқлик махбус қамоқдан озод этилишини билдирди.

Улар орасида беш нафар аёл махбус ҳам бор. Аввалроқ америкалик журналист Жилл Кэрролни олиб қочган гуруҳ Ироқдаги барча аёл махбуслар озод этилишини талаб этган ва уларнинг бу талаби бажарилсагина гаровга олинган журналист қўйиб юборилишини айтган эди. Аммо, ироқлик махбусларнинг озод этилиши гаровга олувчиларнинг бу талаби билан боғлиқ экани борасидаги иддаоларни АҚШ рад этди.
Айни пайтда Ироқда бир Америка ҳарбийси кечаги портлашдан ҳалок бўлгани ҳақида бугун маълум қилинди.

Бугун Косово пойтахти Приштинада шанба куни саратон касалидан оламдан ўтган мамлакат президенти Иброҳим Руговани дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда қатор давлат расмийлари, жумладан Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича масъули Хавьер Солана ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Косовадаги вакили Сорен Йессен-Петерсон ҳамда БМТнинг махсус вакили Марти Ахтисарилар қатнашди. Иброҳим Ругова Приштинадаги "Шахидлар қабристони"га дафн этилди.

Украинада қаттиқ совуқдан сўнгги беш кун ичида 181 одам ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Вазирликка кўра, яна 2300 одам қаттиқ совуқ оқибатида касалхонага ётқизилган. Уларнинг кўпчилиги уй-жойсиз ҳамда алкогол ичимликларга муккасидан берилган одамлар. Сўнгги кунларда Украинада хаво харорати – 25 даражагача тушиб кетган эди. Бугун ҳаво бироз кўтарилган ва хафта оҳиригача яна кўтарилиши айтилмоқда.

Бугун Эроннинг Ахвоз шаҳрида минглаб одам Британияга қарши шиорларни кўтариб, шаҳар кўчалар бўйлаб юриш қилди.

Техрон ҳукумати Эронда 8 киши ўлимига сабаб бўлган сешанба кунги портлашда Британияни айблаб чиққан эди. Лондон ҳукумати эса бу айбловни рад этган. Эронлик араблар мустақиллигини талаб этаётган гуруҳ ҳужумга жавогарликни зиммасига олган.

Бугун Непал ғарбида полиция Қирол Гянендрага қарши чиққан намоишчиларга қарата ўт очган.

Оқибатда бир кишининг ярлалангани хабар қилинмоқда. Айни пайтда мамлакат пойтахти Катмандуда мухолифатнинг юзлаб аъзоси демократия талаби билан намоишларни давом эттирмоқда.

Фаластинда 25 январ куни парламент сайловлари бўлиб ўтди.

Фаластин рахбари Маҳмуд Аббос парламент сайловларининг тинч ва осуда ўтгани ҳақида айтди.
Рамаллоҳ шахрида овоз берар экан, Маҳмуд Аббос унинг таъбирича, муқаддас сайлаш ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш йулида турли ғов-тўсиқладан ўтганликлари учун ўз халқини кўкларга кўтарди.
Шарқий Қуддусда овоз берар экан, Фаластиннинг Бош вазири Аҳмад Қуреи ушбу сайловларни Фаластин халқи учун тарихий сана бўлиб қолишини айтди.
Айни пайтда Ғазо шахрида Ҳамас гуруҳининг етакчи номзоди Исмоил Ҳаниянинг айтишича, агарда мазкур исломий харакат парламент таркибига кирса, Ҳамас мутлақо қўролдан воз кечади.
Фаластинда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, сайловлардаги асосий рақобат ҳокимиятдаги Фатаҳ партияси ҳамда сайловларда илк бор иштирок этаётган Ҳамас гуруҳи номзодлари ўртасида бормоқда.

Украина Бош вазири Россия билан газ борасидаги келишувни имзолаш яна кечиктирилаётгани ҳақида айтди.

Украина Бош вазири Юрий Ехануров (суратда) Россия билан газ борасидаги расмий келишувга имзо қўйиш яна кечиктириляпти, деб айтди.
Киевда Вазирлар маҳкамаси олдида сўзга чиққан жаноб Ехануров газ борасидаги келишув аввал режалаштирилгандек, бугун ҳал бўлмайди.
Ехануровга кўра, айни пайтда икки давлат мутахассислари келишувнинг алоҳида шартлари борасида мулоқот ўтказмоқда. Россиянинг Газпром раҳбарияти билан музокаралар бугун ҳам давом этди.
Россия – Украина газ шартномаси даставвал 21 январда имзоланиши керак эди.
Ушбу келишув борасида Украинада танқидлар ошиб боряпти. Парламент эса, 10 январ куни Украина раҳбариятининг газ муаммосини ҳал этиш усулидан норозилик сифатида бутун ҳукуматнинг истеъфоси талаб этилган қарор учун овоз беришди.
Президент Виктор Юшченко Россия гази учун аввалги нархдан икки баробар кўп тулашни назарда тутувчи мазкур келишувни қўллаб қувватлаган эди.

Эроннинг юқори лавозимли вакили Россиянинг уранни ўз ҳудудида бойитиш таклифини ижобий баҳолади.

Москвада журналистлар билан учрашган Али Лорижоний ушбу таклиф Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Игор Иванов билан муҳокама этилганини маълум қилди.
Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги Лорижонига таяниб хабар беришича, Лорижоний “Россия таклифи яхши, аммо уни ўрганиб чиқиш керак”, - деб айтди.
Россия таклифи Эрон ядровий қуролни қўлга киритишга интилаётган бўлиши мумкинлиги борасидаги Ғарб ҳавотирларини юмшатишга қаратилган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Эроннинг ядровий дастури масаласини Ҳалқаро атом энергияси агентлиги ёрдами билан Бирлашган миллатлар ташкилоти хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйиб, Эронга нисбатан жазо санкцияларини қўллаш эҳтимоли борлигидан огоҳлантирмоқда.
Лорижоний эса, агар Ҳавфсизлик кенгаши Эроннинг ядровий дастури масаласини муҳокама қилишни бошласа, Эрон кенг миқиёсда уранни бойитиш ишларини бошлаб юбориши, ва ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасининг қўшимча баённомасига риоя қилишни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG