Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 12:08

Халқаро янгиликлар

Европа Кенгаши парламент ассамблеяси Беларусдаги Александр Лукашенка режимига қарши чораларни кучайтириш ва Беларус мухолифатини қўллаб қувватлаш чақириғи билан чиқди.

Бу юзадан қабул қилинган резолюцияда Лукашенко ва унга яқин ҳукумат амалдорларига виза ва банк чекловларини кучайтириш лозимлиги айтилган. Европа Кенгаши парламент ассамблеяси йиғинида сўз олган Беларус мухолифати лидери Александр Милинкевич Беларусда бўлажак президентлик сайловлари арафасида инсон ҳуқуқлари вазияти ёнмонлашгани ва демократиядан асар ҳам қолмаганини айтди.
"Ҳукуматни танқид қилиш давлатга хиёнат деб тушуниладиган мамлакатда сайлов қандай қилиб эркин бўлиши мумкин? Январ ойидан эса ҳукуматни танқид қилиш Беларусда жиноят даражасига кўтарилди. Мустақил радио ва телевидение бўлмаган давлатда қандай эркин сайловлар ҳақида гапириш мумкин?", - деди Беларус мухолифати лидери.
Айни пайтда Беларусга теле-кўрсатувлар бериб борувчи мустақил телеканал эгаси маълум бўлган. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича комиссари Бенита-Ферреро Уалднер: "Беларусга мўлжалланган икки миллион евролик медиа лойиҳа бўйича сўнгги қарор берилганини мамнуниятла айтмоқчиман. Германия ширкати, Полша, Литва, Европа Иттифоқи, Беларус ва Россиядаги ҳамкорлари билан бу лойиҳани келаси ойдан амалга оширади. Яъни Беларусда бўлажак сайловлар олдидан кўрсатувларни узатишни бошлайди", - деди.

Фаластинда ўтган сайловларда "Хамас" исломий жанггари гуруҳи ғолиб чиққан.

Бош вазир Аҳмад Қурай (суратда) эса ушбу воқеалар ортидан истеъфо берган. Сайловларни кузатган АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер овоз бериш эркин ва адолатли ўтганини маълум қилди. Сайловчиларнинг фаоллиги юқори даражада бўлган. Овоз беришда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 70 фоизидан кўпи қатнашган. Фаластиндаги Инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Ражи Суроний сайловларни тарихий воқеа деб атади. Исроил ва АҚШ "Хамас"ни террорчи ташкилот, деб билади. Исроил таркибида "Хамас" бўлган Фаластин ҳукумати билан мулоқот қилмаслигини эълон қилган. АҚШ Президенти Жорж Буш вашингтоннинг "Хамас"га нисбатан муносабати ўзгармай қолишини билдирди. Бироқ Европа Иттифоқи тинч йўллар билан фаолият юритадиган ҳар қандай Фаластин ҳукумати билан ҳамкорлик қилажагини маълум қилган.

Қирғизистон парламенти депутатлари Миллий хавфсизлик ҳизмати бошлиғи Тоштемир Аитбоевни истеъфога чиқариш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб овоз берди.

Кеча Қирғизистон Бош вазири Феликс Кулов ҳукуматнинг махсус мажлисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда суд органларини уюшган жиноятга қарши курашга масъулиятсизлик билан ёндошаётганликда айбларкан, бу борада Қирғизистон Миллий хавфсизлик ҳизмати раиси Тоштемир Айтбаев номини алоҳида тилга олиб ўтган эди. МХХ уюшган жиноятга қарши кураш бўлими бошлиғининг қурол ва гиёҳванд моддалар билан қўлга олингани, бунга мисол бўла олади деган Қирғизистон Бош вазири ўз баёнотида. Ўз навбатида Қирғизистон Миллий хавфсизлик ҳизмати раиси Тоштемир Айтбаев Бош вазир баёнотини хокимиятни эгаллаш уриниши, деб таърифлаган.

Туркманистон президенти Сапармурат Ниязов бир қатор давлат амалдорини ишдан олди.

Улар орасида Дошховуз хокими Какамурод Аннагулиев ҳам бор. Ниёзовга кўра, Аннагулиев Дошховуз хокими бўлиб ишлаган пайтда қўли остидаги амалдорлардан пора олган ва ҳукумат хазнасидан 2 миллион доллар ўғирлаган. Ҳукумат мажлисида Туркманбоши Дошхвуз хокимининг тўрт хотини ва 20 автомашинаси бўлганини ҳам айтди.
Шунингдек Туркманбоши мамлакат қишлоқ хўжадиги вазири Бегенч Атамурадовни ҳам ишдан олди. "Қишлоқ хўжалиги вазири, Бегенч, неча йилдан бери ишлаяпсан. Мен сени зам.пред лавозимига кўтардим. Ишингни уддалай олмадинг. Мен сени вазирликдан бўшатаман", - деди Сапармурат Туркманбоши.

Эроннинг Фуқаролик авиацияси ташкилоти 26 йиллик узулишдан сўнг Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини қайта йўлга қўйиш таклифи билан чиққан.

Ташкилот бу ҳақда таклиф битилган мактубни кеча АҚШнинг Фуқаролик авиацияси идорасига жўнатган. Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида ҳаво қатнови 1979 йилда, АҚШ элчихонаси радикал эронлик талабалар тарафидан ишғол этилгани воқеасидан сўнг тўхтаган эди.

Эрон уранни бойитиш ишларини Россияда олиб бориши мумкинлиги айтилган Москва таклифини Хитой ёқлаб чиққан.

"Бизнингча Россиянинг бу таклифи боши берк кўчадан чиқишнинг яхши йўлидир ва бу борада барча томон ҳаракати зарур бўлади. Биз Эрон масаласининг тинч хал этилиши тарафдоримиз ва бу борадаги ҳар қандай дипломатик ҳаракатни қўллаб қувватлаймиз", - деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Конг Куан.
Хитойнинг бу ҳақдаги баёноти Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний Пекин расмийлари билан учрашганидан сўнг айтилди. АҚШ ва Европа давлатлари Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқиши Техронни жиддий хавотирга солмоқда. Хитой Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Теҳронни жазоловчи ҳар қандай резолюцияни вето қилиш ҳуқуқига эга. Аввалроқ Али Ларижоний Хавфсизлик Кенгашининг яна бир доимий аъзоси бўлган Россия расмийлари билан Москвада музокара олиб борган ва ўша музокаралар чоғи Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси Игор Иванов Эрон уранни бойитиш ишларини Россияда олиб бориши борасида ижобий қарашда эканини билдирган эди.

Ироқдаги АҚШ ҳарбий рахбарияти 420 ироқлик махбус қамоқдан озод этилишини билдирди.

Улар орасида беш нафар аёл махбус ҳам бор. Аввалроқ америкалик журналист Жилл Кэрролни олиб қочган гуруҳ Ироқдаги барча аёл махбуслар озод этилишини талаб этган ва уларнинг бу талаби бажарилсагина гаровга олинган журналист қўйиб юборилишини айтган эди. Аммо, ироқлик махбусларнинг озод этилиши гаровга олувчиларнинг бу талаби билан боғлиқ экани борасидаги иддаоларни АҚШ рад этди.
Айни пайтда Ироқда бир Америка ҳарбийси кечаги портлашдан ҳалок бўлгани ҳақида бугун маълум қилинди.

Бугун Косово пойтахти Приштинада шанба куни саратон касалидан оламдан ўтган мамлакат президенти Иброҳим Руговани дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда қатор давлат расмийлари, жумладан Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича масъули Хавьер Солана ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Косовадаги вакили Сорен Йессен-Петерсон ҳамда БМТнинг махсус вакили Марти Ахтисарилар қатнашди. Иброҳим Ругова Приштинадаги "Шахидлар қабристони"га дафн этилди.

Украинада қаттиқ совуқдан сўнгги беш кун ичида 181 одам ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Вазирликка кўра, яна 2300 одам қаттиқ совуқ оқибатида касалхонага ётқизилган. Уларнинг кўпчилиги уй-жойсиз ҳамда алкогол ичимликларга муккасидан берилган одамлар. Сўнгги кунларда Украинада хаво харорати – 25 даражагача тушиб кетган эди. Бугун ҳаво бироз кўтарилган ва хафта оҳиригача яна кўтарилиши айтилмоқда.

Бугун Эроннинг Ахвоз шаҳрида минглаб одам Британияга қарши шиорларни кўтариб, шаҳар кўчалар бўйлаб юриш қилди.

Техрон ҳукумати Эронда 8 киши ўлимига сабаб бўлган сешанба кунги портлашда Британияни айблаб чиққан эди. Лондон ҳукумати эса бу айбловни рад этган. Эронлик араблар мустақиллигини талаб этаётган гуруҳ ҳужумга жавогарликни зиммасига олган.

Бугун Непал ғарбида полиция Қирол Гянендрага қарши чиққан намоишчиларга қарата ўт очган.

Оқибатда бир кишининг ярлалангани хабар қилинмоқда. Айни пайтда мамлакат пойтахти Катмандуда мухолифатнинг юзлаб аъзоси демократия талаби билан намоишларни давом эттирмоқда.

Фаластинда 25 январ куни парламент сайловлари бўлиб ўтди.

Фаластин рахбари Маҳмуд Аббос парламент сайловларининг тинч ва осуда ўтгани ҳақида айтди.
Рамаллоҳ шахрида овоз берар экан, Маҳмуд Аббос унинг таъбирича, муқаддас сайлаш ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш йулида турли ғов-тўсиқладан ўтганликлари учун ўз халқини кўкларга кўтарди.
Шарқий Қуддусда овоз берар экан, Фаластиннинг Бош вазири Аҳмад Қуреи ушбу сайловларни Фаластин халқи учун тарихий сана бўлиб қолишини айтди.
Айни пайтда Ғазо шахрида Ҳамас гуруҳининг етакчи номзоди Исмоил Ҳаниянинг айтишича, агарда мазкур исломий харакат парламент таркибига кирса, Ҳамас мутлақо қўролдан воз кечади.
Фаластинда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, сайловлардаги асосий рақобат ҳокимиятдаги Фатаҳ партияси ҳамда сайловларда илк бор иштирок этаётган Ҳамас гуруҳи номзодлари ўртасида бормоқда.

Украина Бош вазири Россия билан газ борасидаги келишувни имзолаш яна кечиктирилаётгани ҳақида айтди.

Украина Бош вазири Юрий Ехануров (суратда) Россия билан газ борасидаги расмий келишувга имзо қўйиш яна кечиктириляпти, деб айтди.
Киевда Вазирлар маҳкамаси олдида сўзга чиққан жаноб Ехануров газ борасидаги келишув аввал режалаштирилгандек, бугун ҳал бўлмайди.
Ехануровга кўра, айни пайтда икки давлат мутахассислари келишувнинг алоҳида шартлари борасида мулоқот ўтказмоқда. Россиянинг Газпром раҳбарияти билан музокаралар бугун ҳам давом этди.
Россия – Украина газ шартномаси даставвал 21 январда имзоланиши керак эди.
Ушбу келишув борасида Украинада танқидлар ошиб боряпти. Парламент эса, 10 январ куни Украина раҳбариятининг газ муаммосини ҳал этиш усулидан норозилик сифатида бутун ҳукуматнинг истеъфоси талаб этилган қарор учун овоз беришди.
Президент Виктор Юшченко Россия гази учун аввалги нархдан икки баробар кўп тулашни назарда тутувчи мазкур келишувни қўллаб қувватлаган эди.

Эроннинг юқори лавозимли вакили Россиянинг уранни ўз ҳудудида бойитиш таклифини ижобий баҳолади.

Москвада журналистлар билан учрашган Али Лорижоний ушбу таклиф Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Игор Иванов билан муҳокама этилганини маълум қилди.
Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги Лорижонига таяниб хабар беришича, Лорижоний “Россия таклифи яхши, аммо уни ўрганиб чиқиш керак”, - деб айтди.
Россия таклифи Эрон ядровий қуролни қўлга киритишга интилаётган бўлиши мумкинлиги борасидаги Ғарб ҳавотирларини юмшатишга қаратилган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Эроннинг ядровий дастури масаласини Ҳалқаро атом энергияси агентлиги ёрдами билан Бирлашган миллатлар ташкилоти хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйиб, Эронга нисбатан жазо санкцияларини қўллаш эҳтимоли борлигидан огоҳлантирмоқда.
Лорижоний эса, агар Ҳавфсизлик кенгаши Эроннинг ядровий дастури масаласини муҳокама қилишни бошласа, Эрон кенг миқиёсда уранни бойитиш ишларини бошлаб юбориши, ва ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасининг қўшимча баённомасига риоя қилишни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди.

“Россия газидан узилиб қолган Арманистонда ҳам аҳоли орасида норозилик кайфияти ошиб боряпти”, - деб айтди Арманистон президентининг матбуот котиби Виктор Согомонян.

Унга кўра, мамлакатда газ нархининг ортиши аҳоли уртасида аксил-рус кайфиятининг ўсишига сабаб бўлиши мумкин.
Айни пайтда Россия ва Арманистон ўртасида газ нархлари борасида тортишувлар давом этяпти. Арманистон жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Россия газини минг кубометр учун аввалги 56 доллар нархдан икки баробарга қиммат 110 доллардан сотиб олишга мажбур бўлади.

Эрон Грузиядаги газ тақчиллиги муаммосини енгиллаштириш учун мамлакатга газ етказиб беришни таклиф қилди.

Грузия ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, Россия газ етказиб беришни қайта йулга қўймагунга қадар, Эрон Грузияга тўлалигича газ етказиб беришни таклиф қилди.
Баёнотга кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттакий Грузия ташқи ишлар вазири билан ўтказган телефон мулоқоти давомида ушбу таклифни қилган.
Якшанба куни Моздок – Тбилиси газ қувурида юз берган икки кучли портлаш Россиядан Грузия ва Арманистонга келадиган газнинг узилишига сабаб бўлди.
Грузия ушбу портлаш учун масъулиятини Россия томонига юклади. Россия эса бундай айбловни рад этмоқда.
Президент Михаил Саакашвили 25 январ куни ишдан чиққан қувирда тузатиш ишлари кечиктирилаётганидан сабр косаси тўлиб кетаётганини айтди.
Тбилисида журналистлар билан учрашувда Саакашвили Россия томонини Грузия мутахассисларга ҳам тузатиш ишларида қатнашиш имконини беришга чақирди.
Саакашвили: “Россияга келадиган бўлсак, улар қувур эртага ишга тушади деб айтишган эди. Ҳозир эса тузатиш ишлари кўпроқ вақт талаб этишини айтишяпти. Лекин айни бир пайтда бизнинг мутахассисларимиз тезроқ бўлади деб, ёрдам бермоқчи бўлганида уларга руҳсат беришмади.”
Президент Михаил Саакашвили Грузия Россиянинг газига ҳаддан зиёд боғлиқ эканини айтар экан, 2009 йилга бориб Грузия газ борасида Россиядан мутлақо мустақил бўлиши лозимлигини билдирди.
Айни пайтда Грузия қушни Озарбайжон, Қозоғистон ва Эронни ўзининг муқобил газ таъминотчилари сифатида қўрмоқда.

Давосда Жаҳон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади.

Жаҳон сиёсатчилари, дунё бизнесменлари элитаси Жаҳон иқтисодий форумига йиғилиб, бутун ақлий имкониятларини дунё олдидаги асосий муаммоларни қандай қилиб ҳал этиш мумкинлигига қаратмоқда.
Швейцариянинг баланд тоғларида жойлашган Давос оромгоҳида 4 кун давом этадиган ушбу анжуманнинг бош мавзуси янги иқтисодий куч сифатида дунёга танилаётган Хитой ва Ҳиндистон бўлиши кутиляпти.
Эроннинг ядровий дустурлари, дунё бўйлаб нефтнинг қимматлаб кетаётгани анжуманда мубоҳаса этиладиган марказий мавзулардан бўлади.
Россия расмийлари Давос анжуманида Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш масаласини ўртага қуйишади.
Анжуманда кўплаб давлат раҳбарлари ҳамда сиёсий арбобларнинг иштироки кутиляпти. Афғонистон президенти Ҳомид Карзай, Ироқ бош вазири Иброҳим Жаафари, Олмония канцлери Ангела Меркел, Покистон президенти Парвез Мушарраф ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Кофи Аннанлар шулар жумласидандир.

Қирғизистон ўз ҳудудида жойлашган АҚШ ҳаво базаси учун қўшимча маблағ сўраяпти.

Қирғизистон ҳаво базадан фойдаланиш бўйича Америка учун янги шартларни қўйди.
Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Нуржигит Қадирбеков 25 январ куни ҳаво базасидан фойдаланиш бўйича янги шартлар Бишкекдаги АҚШ элчисига топширилганини билдирди.
"24 январ куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳарбий кучларнинг келажакда мамлакатда қолиш шартлари қайд этилган расмий ҳужжатни АҚШ элчиси Мари Явновичга топширди. Янги шартлар авиабазадан фойдаланиш учун ижара ҳақининг, экология тўловларининг оширилиши, ҳамда ҳар бир самолётнинг кўтарилиши учун олинадиган ҳақнинг оширилишини назарда тутган."
АҚШ томонига топширилган хужжатда Қирғизистоннинг миллий манфаатлари акс эттирилган бандлар ҳам бор.
Ўтган ҳафта Қирғизистон парламенти раиси Омурбек Текебаев: “Қирғизистон томони Ганси ҳаво базаси учун АҚШдан олинадиган ижара пули йилига 50 миллион долларгача кўтарилишини хохлайди”, - деб айтган эди.
Айни пайтда АҚШ Бишкекдаги Манас аэропортидан фойдаланаётгани учун қанча тўлаётгани ошкор этилмаётир.
Президент Курманбек Бакиев аввалроқ, Вашингтон аэропортдан фойдаланаётгани учун ўн баробар кўпроқ тўлаши зарур деб айтган эди.
АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни қўллаб-қувватлаш учун мазкур базадан 2001 йил охиридан буён фойдаланиб келади.

Ўзбекистон Евро Осиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб кирди.

25 январ куни Ст. Перетербургда бўлиб ўтган саммитда Узбекистон Эвро Осиё иқтисодий ҳамжамиятининг олтинчи аъзоси сифатида кирди.
Шу вақтгача ЭврАзЭС таркибида Россия, Қозоғистон, Беларусия, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари бор эди. Ўзбекистон раҳбари эса узоқ вақт давомида ташкилотни кургазма ташкилоти дея танқид остига олиб унга аъзо бўлиш масаласини кун тартибига қўймай келди.
Мазкур олий мақом учашуви доирасида ЭврАзЭС ташкилоти ҳамда Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотини бир бирига қўшиш масаласи ҳам мухокама этилди.

Санкт Петербургдаги саммитда сўзга чиққан Президент Каримов ушбу икки ташкилотнинг қўшилиши минтақавий интеграцияни рағбатлантиради деб айтди.

Эроннинг юқори мартабали вакили «Росатом» Россия атом энергияси агентлиги рахбари билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мубоҳаса этди.

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Меҳди Сафари ҳамда Сергей Кириенко ўртасидаги музокалар 3 соатдан ошиқ вақт давом этди. Сафари Бушер атом электростанциясининг шу йили ишга тушуши борасида умид билдирди.
Айни пайтда ядровий дастурлари боис Эрон масаласи Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ҳавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилиши мумкин. Ҳавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоларидан бири саналган Хитой, айни пайтда ушбу таклифни ўрганиб чиқаётгани ҳақида билдирди.
Аммо Пекин ушбу зиддиятни ҳал этиш учун кўпрок музокалар ўтказилишининг тарафдоридир.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Конг Куан томонларни яна музокалар курсисига қайтишга чақирди.
Британия, Германия ва Франция Эрон масаласини Ҳавфсизлик кенгашига ошириш лойиҳасини тақдим этишмоқчи. Мазкур лойиҳа 2 феврал куни кўриб чиқилиши режалаштирилган. Агар тасдиқлангудек бўлса, Эронга иқтисодий чеклов чоралари кўрилиши мумкин.

Европада АҚШ Марказий разведка бошқармасига қарашли махфий қамоқхоналарнинг мавжудлигини тасдиқловчи далиллар топилмади.

Бу борадаги иддаоларни 3 ой давомида текширган махсус Европа Комиссияси айнан шундай хулосага келди. Комиссия рахбари Швейцария сенатори Дик Марти 24 январ куни Стратсбургда бўлиб ўтган Европа кенгаши мажлисида тергов натижаларини эълон қилди.

Дик Марти: “Қонуний аснода тергов изоляторлярининг мавжудлигини тасдиқловчи ёки бундай жойларнинг мавжудлиги борасида маҳаллий ҳокимият вакилларига маълум бўлганини тасдиқловчи далиллар йуқ. Бироқ айтишим керак-ки, кўплаб иддаолар бу йўнилишга ишора қилаётгани бизнинг тергов ишимизни давом эттиришни тақозо этади”.
Ўтган йили ноябр ойида АҚШ терговчилари Ал-Қаида ташкилотига аъзоликда гумон қилинаётганларни Шарқий Европадаги махфий қамоқхоналарда сўроқ қилаётгани борасида хабарлар пайдо бўлгандан сўнг, Европа кенгаши бу борада тергов бошлаб юборган эди.
Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган “Хюман Райтс Уотч” ташкилоти АҚШ махфий тергов изоляторлари Румыния ва Польшага жойлашганини тахмин қилди. Аммо иккала давлат ҳам буни рад этди.
Бундай тергов марказларининг борлиги тасдиқланса, бу - Европада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган келишувларнинг пой мол бўлганини англатади.

Грузия Энергетика вазири Ника Гилаури Россиядан келтириладиган газ миқдорининг пасайгани боис, мамлакат қўшни Озарбайжондан қўшимча газ сотиб олиши мумкинлигини айтди.

Гилаури Тбилисидан Бокуга қайтар экан, журналистлар билан учрашувда бугуннинг ўзида Озарбайжон Грузияга ёрдам тариқасида 3 миллион куб метр газ етказиб берганини айтди.
Унга кўра, Озарбайжон кунига 2 миллион куб метр газни мамлакатга етказиб бериши мумкин. Россиянинг “Газпром” компанияси Озарбайжонга газ экспортини кўпайтириши ҳақида маълум қилар экан, қўшимча газ миқдорининг Грузияга қайта экспорт қилинишини билидирди.
Айни пайтда Грузия ва Арманистон Моздок – Тбилиси қувирида содир бўлган портлаш туфайли Россиядан газ олишни тўхтатган.
Грузия томони эса, Россияни ушбу портлашни уюштирганликда айблаб чиққан.
Грузия Энергетика вазири Ника Гилаури: “Улар газ конденсатининг сизиб чиқиши портлашга сабаб бўлган деб айтишяпти. Ҳозир эса, тузатиш ишлари қачон тугашини ҳам айтишмаяпти. Бизнинг мутаҳассисларимиз газ сизиб чиққанлигини инкор қилишяпти. Чунки икки кун аввал қувир бенуқсон, яхши ишлаб турганди”.
Россия расмийлари қувр Россия томонидан атайин портлатилганлиги борасидаги иддаоларни рад этмоқда.

Эрон расмий манбаларига кўра, мамлакатнинг жануби-шарқидаги Аҳвоз шаҳрида содир этилган икки бомба ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, камида 40 киши жароҳатланди.

Бомбалардан бири, шахар банкининг қаршисида, иккинчиси эса, давлатга қарашли табиий захиралар идораси ёнида портлади. Мазкур ҳужумлар учун масъулиятини ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.
Эрон полицияси зобити, полковник Солеҳий мамлакат телевидениеси орқали қилган чиқишида, портлаш тафсилотлари ҳақида гапирди.
Солеҳий: “Афсуски, бизга маълум қилинишича, ҳозирга қадар Аҳвозда содир бўлган ноҳуш ҳодиса оқибатида Самоний банки ёнида 6 киши ҳалок бўлди ва15 киши жароҳатланди. Гулистон кўчасидаги иккинчи портлаш оқибатида яна 9 киши жароҳатланди.”
Эрон миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, президент Маҳмуд Аҳмадинажод Аҳвозга бориш режасини об-ҳаво шароити боис бекор қилди.
Мазкур минтақада араб озчиликлари истиқомат қилади Аҳвозда эса гоҳ-гоҳида тартибсизликлар вужудга келади.

Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн устидан кечаётган маҳкама жараёни 29 январ куни давом эттирилади.

Маҳкама матбуот котиби бунинг боисини айрим гувоҳларнинг ҳорижда эканлиги билан изоҳлаган.
Саддам Ҳусайн устидан кечаётган маҳкама жараёнига вақтинча раислик қилаётган судья Рауф Абдел Раҳмон Ироқ суди раислигига номзодлардан биридир. Шу вақтгача Саддам устидан кечаётган маҳкамада раислик қилган судья Ризқ Муҳаммад Амин, унга ёғилган танқидлар ортидан шу ой бошида истеъфога чиққан эди.
Саддам Ҳусайн ва унинг 7 нафар шериги Дужайлда 1982 йилда Саддам ҳаётига суиқасд уринишидан сўнг, 140 нафар Шия мусулмонларини ўлдирганликда айбланмоқдалар.

Афғонистон расмийларига кўра, 22 январ куни мамлакатнинг асосий қамоқхонасидан 7 нафар маҳбус қочиб кетишга муваффақ булди.

Мазкур маҳбусларнинг собиқ Толибон ҳаракати аъзолари экани айтиляпти.
Улар қочган қамоқхона Кобул шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, айни пайтда қамоқхона бошлиғининг маълум қилишича, қамоқхонанинг 10 нафар қўриқчиси маҳбусларнинг қочишига ёрдам берганликда гумон қилиниб, сўроқ қилинмоқда. Ўтган йили июл ойида АҚШнинг асосий ҳарбий қамоқхонасдан ҳам 4 нафар маҳбус қочишга муваффақ бўлган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG