Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 13:11

Халқаро янгиликлар

Косоводан Словакияга парвоз қилаётган “Ан-24” русумидаги ҳарбий самолёт Венгрия шимолида халокатга учради.

Оқибатда халқаро тинчликпарвар кучлар таркибидаги 42 нафар словак ҳарбийси нобуд бўлди, бир нафари тирик қолди.
Бахтли тасодиф туфайли омон қолган лейтенант Словакиянинг Кошице шаҳридаги касалхонага ётқизилди. Маълумотларга кўра, у хотини билан телефон орқали гаплашган. Шифокорлар унинг аҳволини яхши, дея бахоламоқда. Ҳозирда самолёт ҳалокати сабаблари ўрганилмоқда.

Ироқда 15 декабрда ўтказилган парламент сайловининг якуний натижалари эълон қилинди.

Уни Ироқ Мустақил сайлов комиссияси вакили Сафват Рашид Бағдодда эълон қилди: “Бирлашган Ироқ иттифоқи беш миллион 21 минг 137 овоз. Бошқарув органларидаги 109, парламентдаги 19 ўрин, жаъми 128 ўринни эгаллади ”.
Кутилганидек шиаларнинг Бирлашган Ироқ иттифоқи партияси номзодлари парламентдаги 275 ўриннинг аксариятини, аниқроғи 128 ўринни эгаллади. Ироқлик суннийларнинг икки йирик партияси парламентдаги 55, курдлар вакиллари эса 53 ўринни эгаллади.

Қозоғистондаги нашриёт мухолифатнинг етти газетаси чоп этилишини тўхтатди.

Шу боис Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қозоғистон ҳукуматини танқид қилди. Жума куни чиқарилган баёнотда ташкилот президент Назарбоевни газета чоп этиш бўйича имзолаган шартномани бажариши учун “Давр” нашриётига босим ўтказишга чақирган. Маълумотларга кўра, бу нашриёт президентнинг қайинсинглиси Светлана Назарбоевага тегишли.

Грузия парламенти раиси Нино Буржанадзе Остонага сафар қилмоқда.

Буржанадзе ўз мамлакати Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига 2009 йилда Қозоғистон раис бўлиши ҳақидаги таклифни қўллаб қувватлашини билдирди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқаев билан бўлган музокарадан сўнг Буржанадзе журналистларга Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти эътиборини собиқ совет республикаларига қаратишда Қозоғистон катта ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

Хюман райтс уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов тақдирига ойдинлик киритишга чақирди.

Жума куни эълон қилинган баёнотда Андижон воқеаларидан кейин қўлга олинган Зайнобиддинов саккиз ойдан буён ҳибсда сақланаётгани ва икки ҳафта олдин судлангани тахмин қилинаётгани билдирилган.

Эрон Марказий банки раиси Иброҳим Шайбоний Эрон хорижий банклардаги пулларни чиқариб олаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Шайбоний ҳозирга қадар қанча миқдорда пул қайтариб олинганини айтмади. Шу ҳафта бошида у журналистларга агар лозим бўлса, Эрон хориж банкларидаги ҳамма пулларни чиқариб олишини айтган эди.
Агар Эроннинг ядровий дастури масаласи БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилса, Эронга нисбатан иқтисодий жазо чоралари кўрилиши мумкин.

Бугун Покистоннинг Пешавор шаҳрида АҚШга қарши намойиш бўлиб ўтди.

Унинг қатнашчилари тинч аҳоли вакилларидан 13 одам ва Ал-Қайда аъзоларининг ўлдирилишига олиб келган ҳаво ҳужумидан норозилик билдирдилар. Тахминан саккиз минг мусулмон жума намозидан кейин шаҳар маркази томон юриш қилди. Улар “Америкага ўлим”, “Жиҳод”, дея бақирдилар.
Пайшанба куни Покистон Ахборот вазири Шайх Рашид Аҳмад:
“Бажур минтақасига қилинган ҳаво ҳужуми натижасида Ал-Қайда гуруҳининг бир неча хорижлик террорчилари ўлдирилгани тўғрисида маълумотга эгамиз ”, – дея баёнот берган эди.
Маълумотларга кўра, асосий нишон - Ал-Қайда раҳбари ўринбосари Айман Аз-Завоҳирий ҳужум уюштирилган жойда бўлмаган.

Қирғистон жанубидаги Жалолобод вилоятининг лавозимдан бўшатилган ҳокими Жусупбек Жеенбеков ва унинг тарафдорлари норозилик намойиши ўтказди.

Намойишчилар ҳокимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор қайта кўриб чиқилишини талаб қилмоқдалар. Жеенбековга кўра, Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев ҳеч ким билан маслаҳатлашмай қарор қабул қилган.
Депутат Азимбек Бекназаровга кўра, Бакиевнинг Жеенбековни лавозимидан бўшатиш ҳақидаги қарори омма фикрига зиддир. Президент маъмурияти бошлиғи Усен Сидиқовнинг билдиришича, президент Жеенбеков ишидан қониқиш ҳосил қилган. Аммо у лавозимларни ўзгартириш жараёнида бошқа ишга ўтказилади.

Жумага ўтар кечаси Москвада ҳаво ҳарорати рекорд даражада, яъни 30 даражадан паст бўлди.

Оқибатда беш одам совуқдан нобуд бўлди. Россиянинг ғарбий минтақаларида охирги 24 соат ичида 22 одам соқувдан нобуд бўлгани билдирилди. РИА-Новости ахборот агентлиги хабарига кўра, тунда минус 38 даража қайд этилган Новгород вилоятида саккиз одам нобуд бўлган. Москванинг бир неча туманларида иссиқ сув қувурлари ва қозонлар ёрилиб кетди. Санкт Петербург шаҳрида электр таъминотида 41 марта узилиш бўлди.
Совуқ ҳаво оқими Европа давлатларига ҳам кириб келмоқда. Жумага ўтар кечаси Ригада охирги 100 йил ичида энг совуқ ҳаво кузатилди. Шу кеча ҳаво харорати минус 27 даража бўлди.

Қуддус шаҳридаги касалхона шифокорлари Исроил Бош вазири Ариел Шароннинг аҳволи ўзгармаганини маълум қилдилар.

Миясига қон қуйилганидан кейин бир неча бор жарроҳлик операцияси ўтказилган 77 ёшли Шарон 16 кундан бери ухлаб ётибди. Касалхона матбуот вакили Рон Крумер Шароннинг аҳволи оғир аммо барқарор эканини айтди.




Эрон Россиянинг уранини бойитиш тўғрисидаги таклифига катта қизиқиш билдирди.

Россия атом энергияси агентлиги раҳбари Сергей Кириенко Кремлда президент Путинга шу ҳақда маълум қилди. Кириенкога кўра, Эрон раҳбарлари Россия билан бу масалада музокара бошлашга тайёр ва Теҳрон расмийлари яқин кунлар ичида Москвага келади.
Айни пайтда, АҚШ давлат котиби ўринбосари Николас Бернс Деҳлида Эронни минтақа ва глобал хавфсизликка тахдид, дея атади.

Лондон марказидан оқиб ўтадиган Темза дарёсида одамлар кит сузиб кетаётганини кўришди.

Вестминистр кўприги олдида турган сайёҳлар ва кемаларда кетаётган одамлар узунлиги тахминан олти метр бўлган кит дарёда сузиб кетаётганини кўришди. Мутахассислар фикрича, ўз йўлини йўқотган кит Темза дарёсига адашиб кириб қолган.

Туркия ҳукумати 1981 йилда Рим папаси Иоан Павел Иккинчи жонига суиқасд қилган Меҳмет Али Ағжани ҳибсга олди.

Италияда 19 йил қамоқ жазосини ўтаган Ағжа саккиз кун олдин қамоқдан озод қилинган эди. Туркия суди Ағжа 1979 йилда бир журналистни ўлдирганлик ва бошқа жиноятлар учун қамоқ жазосини ўташи кераклиги тўғрисида қарор чиқарганидан кейин у яна ҳибсга олинган.

Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида йўловчи автобус халокатга учрагани оқибатида камида 50 одам нобуд бўлди.

Маҳаллий полиция вакили Ж.Сингхнинг айтишича, 70 йўловчини олиб кетаётган автобус Саинганжи шаҳри яқинида 120 чуқурликдаги жарга қулаган. Сингхга кўра, халокатда тирик қолган 15 одам оғир аҳволда ётибди.

Бағдодда содир этилган портлашда камида 23 киши ҳалок бўлди ва 25 киши жароҳатланди.

Портлашларнинг бири кафеда худкуш шахс томонидан амалга оширилган. Иккинчисида эса, ресторан олдига қўйиб кетилган машина портлаган.
Ироққа оид яна бир хабарга кўра, Ал-Жазира телеканали ўғирлаб кетилган америкалик журналист туширилган тасвирларни эфирга узатган.

Телеканалга кўра, бу видеотасмани ўзини “Қасос бригадаси” деб атаган жанггари гуруҳи юборган. Америкалик журналист Жилл Кэрролни ўғирлаб кетганлар Америкадан қамоқдаги ироқлик аёлларни озод этишни талаб қилиб, акс ҳолда журналистни қатл қилиш билан таҳдид қилган.
Кэррол 7 январ куни Бағдодда ўғирлаб кетилган эди.
Айни пайтда, Ироқ адлия вазирлигининг маълум қилишича, АҚШ қўшинлари олти нафар ироқлик аёлни озод қилиш ниятидалигини, бироқ бунинг журналистнинг ўғирлаб кетилишига алоқаси йўқлигини айтган.
Бошқа хабарларга кўра, Бағдод яқинида жанггарилар 35 нафар полициячини ўғирлаб кетган. Ҳозир АҚШ ва Ироқ кучлари ўғирлаб кетилганларни қидирмоқда.
Самарра полиция бошлиғи Генерал Малик ал-Ҳизрожий йўқолган полициячилар Самаррадан пойтахт Бағдодга юборилган 229 полициячи гуруҳида бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда Италия мудофаа вазири шу йилнинг охиригача италян қўшинлари Ироқдан олиб чиқилишини маълум қилди.
Италия Мудофаа вазири Антонио Мартино бу баёнотни бугун парламентда қилган чиқишида берди. Вазир Италия қўшинлари 2006 йилнинг охиригача Ироқдаги вазифаларини тугатиши аниқ деди.

Тел Авивда худкуш шахс содир этган портлашда бир киши ҳалок бўлди ва камида 10 киши жароҳатланди.

Портлаш автобус бекатида амалга оширилди. Полиция дастлаб 20 киши жароҳатланганини маълум қилган эди, кейинчалик яраланганлар сони 10 нафар экани айтилди.
Исроил ҳукумати матбуот вакили мазкур портлаш Фаластин маъмуриятининг Исроилга қарши террорчилик ҳаркаталарининг олдини олишга хоҳиши йўқлигининг мисоли бўлишини айтди.
Портлаш учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.
Лекин Фаластиндаги Ислом Жиҳоди жанггари гуруҳининг етакчиларидан бири портлашни Исроилнинг жангчилар ва бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишига қилинган жавоб дея олқишлади.

Покистон шимол-шарқидаги Пешовар шаҳрида “Америкага ўлим” ва “Жиҳод, Жиҳод” шиорларини кўтарган мингга яқин одам норозилик намойиши ўтказди.

Намойишчилар ўтган ҳафта Покистон чегараси яқинида АҚШ ҳарбийларининг 18 кишининг ўлишига сабаб бўлган ҳаво ҳужумига қарши норозилик билдирди.
Покистон разведкаси мазкур ҳужумда ўлдирилгани айтилаётган Ал-Қайданинг тўрт аъзосидан уч нафарининг шахсини аниқлади.
Ўтган якшанба куни ҳам Покистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Карочи шаҳрида 10 минг киши иштирокида бу ҳужумларга қарши норозилик намойиши ўтказилган эди. Аксиламерика қарашларидаги диний гуруҳлар келаси жума куни Пешовар ва Лаҳор шаҳарларида яна иккита намойиш ўтказилишини билдирди.

Ҳелсинки инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Ўзбекистонда фуқаровий жамият фаолиятини чеклаш кучаяётганидан хавотир билдирди.

Ўзбекистон адлия вазири Бўритош Мустафоевга ёзилган очиқ ҳатда Венада жойлшаган Ҳелсинки федерацияси АҚШ ҳукумати ҳомийлигидаги ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилганидан чуқур ташвиш билдирди.
Ўтган ҳафта суд қарорига кўра, Фридом Хаус ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти олти ойга тўхтатилди.
Очиқ ҳатда шунингдек 2006 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикасининг жиноий кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгаришлар ҳам танқид қилинади.
Ҳелсинки федерациясига кўра бу ўзгаришлар мамлакатдаги юритаётган нодавлат ташкилотларининг чекланишига олиб келади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эрон ядровий бўҳронига эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирди.

Франция ташқи ишлар вазири Филип Дуст Блази билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин берган баёнотида Лавров халқаро ҳамжамиятни Теҳрон билан мунозараларда ўта кескин ёндашувда бўлмасликка чақирди.
“Бу масала қачон БМТга оширилади ёки Хавфсизлик кенгаши қачон қарор қабул қилади қабилидаги шов-шувларни ахтармаслик муҳимлигини яна айтиш лозим. Ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини сақлаб қолиш учун ҳамма чораларни кўриш муҳимдир”, - деди Россия ташқи ишлар вазири.
Лавров мазкур бўҳронда Россия Халқаро атом энергияси агентлиги 2-3 февралда бўлиб ўтадиган ташкилот мажлисида Эрон ядровий дастурига берган баҳосига кўра, йўл тутишини маълум қилди.
Франция ташқи ишлар вазири Дуст Длази халқаро ҳамжамият биргаликда Эронни ядровий тадқиқотларни тўхтатишга кўндириши лозимлигини таъкидлади.
Айни пайтда Хитой, Эрон ядровий дастури атрофида вужудга келган бўхронда “совуққон ва сабр-тоқатли” бўлишга чақирди. Пекинга кўра, бўхрон музокаралар ва дипломатия воситасида ҳал этилиши лозим.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Конг Қуан Пекин бўҳронни ҳал этишда дипломатик уринишларни давом эттиришини айтди.
Шунингдек Пекин расмийсига кўра, Хитой ташқи ишлар вазири Ли Жаосинг бу масалани Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Моттакий билан муҳокама қилган.

Бугун Россия ва Швеция ҳарбийларининг қўшма машғулотлари бошланди.

Икки давлат тарихда биринчи марта ҳарбий машқлар ўтказмоқда.
Машқлар Швециянинг Боден шаҳрида бўлиб ўтмоқда ва 25 январгача давом этади.
Машғулотларда Россия 138 мотор-ўқчи бригадасининг 40 нафар аскар ва зобитлари иштирок этмоқда.
Чечен сепаратчилари етакчилари ва инсон ҳуқуқлари Ҳелсинки қўмитасининг Швециядаги ваколатхонаси бу бригада аскарлари Чеченистонда инсон ҳуқуқларини бузганлигини айтиб, уларнинг қўшма машғулотларда иштирок этишига норозилик билдирди.
Россия расмийларининг таъкидлашича, машғулотга жангларда қатнашмаган ҳарбийларгина жалб қилинган.

Россияда қаттиқ совуқ давом этмоқда.

Бир неча кундан бери давом этаётган совуқда уйларни иситиш ва завод фабрикаларнинг ишлаб туришини таъмилашда қийинчиликлар туғиляпти.
Ёқилғи ва энергетика вазири Виктор Христенко ҳукумат мамлакатнинг стратегик ёқилғи заҳираларидан ишлатиш имкониятларини ҳам кўриб чиқаётганини маълум қилди.
“Заҳираларимиздан иложи борича газ оляпмиз ва газ конларидан аввалгидан кўра кўпроқ газ қазиб оляпмиз. Бу вазиятда таъминотда узилишлар бўлмаслиги учун, ёқилғининг мазут ва кўмир каби турларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам кўриб чиқиляпти. Заҳирадаги ёқилғининг бир қисмини ишлатиш ҳақида қарор тайёрлаб қўйилган”, - деди Христенко.
Москвада ҳаво кечаси минус 31 даражага тушиб кетди.
Ўтган душанба куни Россияда бошланган совуқлар натижасида мамлакатнинг Европа қисмида камида 31 киши музлаб нобуд бўлди.

Беларус расмийлари 16 мартда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига халқаро кузатувчилар таклиф қилинганини билдирди.

Беларус ташқи ишлар вазирлиги интернет саҳифасида тарқатилган хабарда айтилишича, сайловларни кузатгани таклифномалар қатор халқаро тизимлар, жумладан МДҲ, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасига юборилган.
Хабарномада айтилишича, Беларус ҳукумати халқаро кузатувчиларга ўз вазифаларини адо этишда ёрдам беришга тайёр ва ўз навбатида “кузатувчиларнинг Беларус конституциясига амал қилишлари ва сайлов жараёнига ҳар қандай шаклда бўлсин, аралашишдан тийилишларига” умид қилади.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев маъмурияти мамлакат мудофаа, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ўз лавозимида қолишларини маълум қилди.

Чоршанба куни Қозоғистон парламенти Назарбоевнинг Даниел Ахметовни мамлакат бош вазири этиб қолдириш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Ахметов 2003 йилдан бери ҳукуматга раҳбарлик қилиб келади.
Президент маъмурияти тарқатган баёнотда айтилишича, чоршанба куни Назарбоев 16 вазирдан 12тасини қайта тайинлаш ҳақида фармонларни имзолаган.
Мудофаа вазири Мухтор Олтинбоев, Ички ишлар вазири Баужан Муҳамеджанов ва Ташқи ишлар вазири Қосимжормат Тўқаев ўз лавозимларини сақлаб қолган.
Назарбоевнинг асосий тарафдорларидан бири Карим Масимов бош вазир ўринбосари этиб тайинланган.
Ўтган йил 4 декабр кунги президентлик сайловларида Назарбоев 91 фоиз овоз билан қайтадан президент этиб сайланди. Ғарблик кузатувчилар ва мухолифат сайлов натижалари қалбакилаштирганини таъкидлашди.

Тожикистон расмийлари таъқиқланган Ҳизб ут-Таҳрир гуруҳи мамлакатдаги фаолиятини кучайтираётгани ва маҳаллий ташкилотлар билан алоқа ўрнатишга уринаётганини маълум қилди.

Ички ишлар вазири Хомиддин Шарифовга кўра, сўнгги пайтларда Ҳизб ут-Таҳрир тарафдорлари сони кўпаймоқда.
Шунингдек Ички ишлар вазирининг маълум қилишича, ташкилот бошқа партиялар ва ҳаракатлар билан ҳам алоқа ўрнатишга уринмоқда.
Шарифов ҳибсга олинган ташкилот аъзоларидан бирининг Ислом тикланиш партиясидан эканлиги аниқланганини алоҳида қайд этди.
Тожикистон расмийлари ўтган йили 99 нафар Ҳизб ут-Таҳрир аъзоси ҳибсга олинганини маълум қилди.
Ҳизб ут-Таҳрир ёки Озодлик партияси халифалик ўрнатиш ғоясини илгари суради. Марказий Осиёнинг барча республикаларида бу ташкилот фаолияти таъқиқланган.

Қозоғистон ўз худуди орқали газ транзити нархларини оширмоқчи.

Қозоғистоннинг газ транзити билан шуғулланувчи "КазТрансГаз" ширкати бош директори Серик Султангалиевнинг айтишича, ушбу масалани Россиянинг "Газпром" ширкати билан мухокама этиш учун махсус делегация Москвага жўнаб кетяпти. Ўтган йил давомида Қозоғистон газ транзити нархини икки барабар оширган. 1000 куба метр газ транзити нархи Қозоғистонда ҳар 100 километрга бир доллар 10 центни ташки этади. Россиянинг "Газпром" ширкати жорий йилда 26 миллион куба метр ҳажмда Марказий Осиё газини сотиб олишини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG