Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 12:15

Халқаро янгиликлар

Россия ва Украина ўртасидаги газ жанжали давом этмоқда.

1 январдан бошлаб Россиянинг Газпром ширкати Украинага узатилаëтган газ ҳажмини кескин камайтирди. Бунинг оқибатида¸ Марказий Европа давлатларига Украина орқали экспорт қилинаëтган Россия гази босимининг пасайиб кетгани айтилмоқда. Россия томони Украинани Европа истеъмолчиларига мўлжаллаган газни ўғирлаëтганликда айбламоқда. Расмий Киев бундай айбловни инкор этди. Украина ëнилғи вазири Иван Плачковнинг айтишича¸ Украина заҳирадаги газ запасларини ишлатмоқда¸ бунинг устига Туркманистон келишилган миқдорда газ етказиб бермоқда.
“Россия транзит газини ноқонуний ўзлаштириш бўлгани йўқ. Яна такрорлаб айтаман¸ Украина ер остидаги ўз газ заҳираларини ишлатмоқда. Қолаверса¸ имзоланган келишувда кўзда тутилган миқдорда туркман гази етиб келмоқда”¸ - деди Плачков.
Бундан аввал Газпром расмийлари¸ Россия орқали Украинага туркман гази етказиб бериш ҳам тўхтатилганини эълон қилган эди.
Расмий Киевга кўра¸ 2 январдан бошлаб Туркманистондан олинадиган газ ҳажми кўпайган ва кунига 120 миллион кубометрга етган.
Хабарларга кўра¸ Украина давлат газ ширкати раҳбари Алексей Ивченко¸ фавқулодда музокаралар учун бугун Ашхободга келган.
Ҳозирга қадар Украинага ҳар минг кубометр газни 50 доллардан сотиб келган Россия¸ 1 январдан бошлаб¸ минг кубометр газ учун 230 доллар талаб қилмоқда.

Ироқ ҳукуматининг билдиришича¸ мамлакат нефтини экспорт қилиш ҳажми 2003 йилги Америка ишғолидан кейинги энг паст даражага етган.

Нефт вазирлиги расмийси Асем Жиҳадга кўра¸ декабр ойида Ироқ кунига бир миллион 100 минг баррел нефт экспорт қилган. 2003 йилги урушдан кейин Ироқ кунига ўртача бир миллион 600 минг баррел нефт сотаëтган эди.
Асем Жиҳаднинг айтишича¸ экспорт ҳажмининг камайишига Форс кўрфазидаги об-ҳавонинг ëмон келиши ва электр қуввати етишмаслиги сабаб бўлган.
Айни пайтда¸ исëнчилар ҳужумларининг фаоллашуви оқибатида Туркия орқали нефт экспорт қилиш жараëнига жиддий талофат етгани ҳам¸ сабаблардан бири қилиб кўрсатилмоқда.
Ироқ ялпи миллий даромадининг 97 фоизига қадар¸ нефт савдосидан келади.

Айни пайтда¸ Ироқдаги зўравонликлар давом этмоқда.

Бугун Бағдод шимолида ҳудкуш бомбачи полицияга янги ëлланганлар ўтирган автобусга ҳужум қилди ва оқибатда етти киши нобуд бўлди.
Бугун шунингдек¸ Туркиянинг Ироқдаги элчиси кортежига ҳужум қилинди. Туркия ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича¸ элчига талофат етмаган.
Бошқа бир ҳужумдан беш ëлланма ишчи нобуд бўлган.
Ҳужумлар баробарида бугун Ироқдаги шиа ва курд гуруҳлари ўртасидаги музокаралар ҳам давом этди. Ўтган ой бўлиб ўтган парламент сайловлари натижасида кўпчилик ўринларни эгаллаган шиа ва курд гуруҳлари янги ҳукумат ташкил қилиш борасида сўзлашув олиб бормоқдалар.
Музокаралар доирасида бирлашган шиалар иттифоқи етакчиси¸ бош вазир Иброҳим ал-Жаъфарий бугун Сулаймонияда курдлар етакчиси¸ президент Жалол Талабоний билан учрашди.

Бугун Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳарчасида 200 га яқин полициячи ҳукумат биноларини ишғол қилди.

Полициячилар шу йўл билан Фаластин мухториятининг Ғазода кучайиб кетган қонунсизликни тўхтатиш борасида ҳеч иш қилмаëтганига қарши ўз норозиликларини ифодаладилар.
Мазкур норозилик тадбирига эса¸ пайшанба куни полиция офицерининг Рафаҳдаги жиноятчи тўда томонидан ўлдирилиши баҳона бўлди.
25 январга белгиланган парламет сайловлари арафасида Ғазода тартибсизликларнинг кучайиб бораëтгани қайд этилмоқда.
Айни пайтда¸ бугун Исроил ҳарбийлари Ғазо жанубига ҳаводан ҳужум уюштирдилар.
Айтилишича¸ Исроил учқичлари Хон Юнусдаги президент Маҳмуд Аббос мансуб бўлган Фатаҳ ҳаракати аъзолари тўпланадиган бинони нишонга олишган. Исроил ҳарбийлари эса¸ ҳужумларда ал-Ақса шаҳидлари бригадаси фойдаланадиган бино нишонга олинганини таъкидламоқда.

Эрон курдлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини тинч йўл орқали талаб қилиш мақсадида носиëсий ҳаракат ташкил қилинганини билдиришди.

Бирлашган курд жабҳаси раҳбари Баҳайиддин Адабнинг мухбирларга айтишича¸ ҳозирча мазкур ҳаракатга 3000 га яқин эронлик курдлар аъзо бўлган.
Адабнинг айтишича¸ ҳаракатнинг бош мақсади курдларни ўз ҳақ-ҳуқуқларидан хабардор қилиш¸ маҳаллий ҳокимият идоралари ва парламентга ўз вакилларини сайлашда ëрдам беришдан иборат.
Эрон ғарбида беш миллиондан ошиқ курд истиқомат қилади.

Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйга уюштирилган суиқасд бўйича мустақил текширув ўтказаëтган БМТ гуруҳи¸ Сурия президенти Ҳафиз ал-Асадни текширув доирасида суҳбатга таклиф қилди.

БМТ гуруҳи айни пайтда бошқа юқори даражали Дамашқ расмийлари қатори Сурия ташқи ишлар вазири Фаруқ ал-Шара билан учрашиш истагида эканини билдирди.
Айни пайтда¸ бугун расмий Дамашқ мамлакат собиқ вице-президенти Абдел-Ҳалим Каддамга қарши давлатга хиëнат ва порахўрлик айблари бўйича жиноий иш очилганини билдирди.
Ҳозирда Парижда яшаëтган Каддам¸ Дамашқ ҳукуматини Ҳаририй ўлимига алоқадорликда айблаган ва БМТ гуруҳини айнан президент Асад ва ташқи ишлар вазирини сўроқ қилишга чақирган эди.
Июн ойида истеъфога чиққан собиқ вице-президент шахсан президент Ҳафиз ал-Асаднинг Ҳаририйни ўлдириш билан пўписа қилганини айтмоқда.
Расмий Дамашқ ўзининг Ҳаририй ўлдирилишида қўли борлиги ҳақидаги барча айбларни инкор қилиб келмоқда.

Туркия парранда фермаларидан бирида ишлаган ўспириннинг парранда грипидан нобуд бўлгани эҳтимоли H5N1 вирусининг Туркия аҳолиси ўртасида ҳам тарқалгани хусусидаги хавотирларга сабаб бўлаëтган эди.

Аммо Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги жанубдаги Ван шаҳрида кеча нобуд бўлган 14 яшар боладан парранда грипи вируси топилмаганини билдирди. Айни пайтда¸ бошқа тўрт боланинг ҳам парранда грипи бўйича текширувдан ўтказилгани ва икки текширув жавобининг салбий чиққани¸ яна иккитасининг тез орада аниқ бўлиши билдирилди.
Туркия¸ Руминия¸ Россия ва Хорватияда нобуд бўлаëтган паррандалардан H5N1 вируси топилди¸ аммо ҳозирча вируснинг одамларга юққани қайд этилмади.
2003 йили шарқий Осиëда парранда грипи илк бор қайд этилганидан бери ҳозирга қадар 70 дан ошиқ одам ушбу грипдан нобуд бўлди.

АҚШ президенти Жорж Буш айрим Америка фуқароларининг халқаро телефон суҳбатларини яширинча эшитиш ва улар электрон ëзишмаларини махфий ўқиш ҳақидаги буйруғини яна бир бор ҳимоя қилишга уринди.

Бушга кўра¸ бундай буйруқдан мақсад Америкага қарши қилинадиган янги террор ҳужумлари олдини олишдан иборат.
“Менимча¸ аксарият америкаликлар душман нима ҳақида ўйлаëтганини билишимиз зарурлигини яхши англайдилар. Биз айни шу ишни қилаяпмиз. Биз бир тўда совуққон қотиллар билан урушдамиз ва улар исталган пайт янги қотилликлар уюштириши мумкин. Мен қонун доирасида ҳаракат қилишга маъсул эканимни биламан ва айнан қонун доирасида иш қилаяпман”¸ - деди президент Буш.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Киевни Украина орқали Европага оқиб ўтадиган табиий газни қайтармасликдан огоҳлантирди.

Ушбу огоҳлантирув бугун Россия давлат тасарруфидаги Газпром ширкати Украинага газ оқими ҳажмини камайтира бошлаганидан кейин тарқатилди. Россия билан Украина ўртасида газ нархи устида бир ойдан буëн давм этиб келаëтган тортишувлар натижасида Газпром 1 январдан бошлаб Украинага газ босими даражасини пасайтиришга қарор қилди.
Газпром матбуот вакили Сегей Куприяновга кўра¸ Газпромнинг Украинага газ оқимини тўхтатиши Россиянинг Украина орқали Ғарбий Европага қиладиган газ експортига таъсир қилмайди. Россия Европага сотадиган табиий газнинг 80 фоизидан кўпроғи Украина қувурлари орқали оқиб ўтади.

Испанияда янги йил бошланиши билан жамоат жойларида чекишни тақиқловчи қонунлар кучга кирди.

Ўтказилган текширувларга кўра¸ Европада испанияликлар энг кўп чекувчилар ҳисобланади. Чекишни тақиқлаш ҳақидаги янги қонун ўтган ойда Испания парламенти томонидан тасдиқланган эди. Янги қонунда идоралар¸ савдо марказлари ва бошқа ëпиқ жойларда чекиш тақиқланади ва чекиш учун махсус жойлар ташкил этиш тавсия этилади.
Испания ҳукуматниниг билдиришича¸ испанияликларнинг 30 фоизи тамаки маҳсулотларини истеъмол қилади ва йилига 50 минг одам тамакига алоқадор касалликлардан вафот этади.

Янги йил бошланиши билан Австрия зиммасига Европа Иттифоқининг президентлик вазифаси¸ Белгия зиммасига эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини бошқариш масъулияти юкланди.

Ўтган 6 ой давомида Европа Иттифоқига президентлик қилган Британиядан бу вазифа Австрияга ўтар экан¸ мамлакат канцлери Уолфганг Шуссел Европа Иттифоқига аъзо 25 давлат ўртасида янада кенгроқ ҳамкорлик ўрнатиш Австриянинг келаси 6 ой ичидаги бош вазифаси бўлишини таъкидлади.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бошқарувини Словениядан қабул қилиб олган Белгия келаси бир йил мобайнида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида узоқ давом этиб келаëтган Тоғли-қорабоғ можароси¸ Молдовадаги низолар¸ Абхазия ва Жанубий Осетиядаги тўқнашувларни ҳал этиш тўғрисида фаолият олиб боришни таъкидлади.

Биринчи январдан бошлаб Россия келаси бир йил давомида саккизлик гуруҳи - G8га раҳбарлик қилади.

Ўтган йил бу вазифани Британия бажарган эди. Саноати тараққий этган давлатлар гуруҳини биринчи бор бошқарадиган бўлган Россия бу гуруҳга 1997 йилда тўлиқ аъзо бўлиб қўшилган эди. Саноати тараққий этган давлатлар гуруҳи сирасига АҚШ¸ Британия¸ Канада¸ Франция¸ Германия¸ Италия¸ Япония ва Россия давлатлари киради.

Суданнинг Бағдоддаги элчихонаси ходимларидан ўғирлаб кетилган олти киши шанба куни қўйиб юборилди.

Бу тўғрида бугун Судан элчихонаси масъули Муҳаммад Аҳмад Халил хабар берди.
Жума куни Хартум Ал-Қайдага алоқадорлиги айтилаëтган гаровга олувчилар талабига биноан Бағдоддаги элчихонисини ëпиши мумкинлигини билдирган эди.
Бугун шунингдек¸ бундан тўрт ой олдин Ироқда гаровга олинган қибрислик шахс яқинларининг айтишича¸ гаровга олувчиларга 200 минг доллар пул тўланганидан кейин гаровдаги шахс кеча озод этилган.
У АҚШ кучларига озиқ-овқат ва спиртли ичимликлар етказиб берувчи Қибрисдаги ширкат ходими бўлган.

Шимолий Корея ҳукумати ўз ҳарбий кучларига йўллаган янги йил мурожаатида¸ уларни АҚШнинг эҳтимолий ҳужумларига қарши “ўқ ва бомбалар”га айланишга чақирди.

Шимолий Корея шунингдек¸ Жанубий кореяликларни АҚШнинг Корея ярим оролида яна бир уруш уюштиришга интилиши олдини олиш учун ўзаро бирлашишга чақирди.
Дунëда энг кўп ажратиб қўйилган давлатлардан бири Шимолий Корея Вашингтонни Жанубий Корея билан тил бириктириб Шимолий Кореяни тор-мор этишга интилаëтганликда айблаб келмоқда.

Ироқ расмийларининг айтишича¸ исëнчилар янги йилни Бағдодда камида саккизта портлаш содир этиш билан қарши олдилар.

Ҳужумлар оқибатида камида 11 одам жароҳатланган. Ироқ Мудофаа вазирлиги расмийсига кўра¸ портлашлардан олтитаси мина ўрнатилган машинада содир этилган¸ еттинчи портлашда худкуш кимса ўзини портлатган.

Фаластин Ички ишлар вазирлиги бугун Ғазо минтақасининг Хон Юунис туманида гаровга олинган италияликнинг озод этилганини билдирди.

Вазирлик бу борада атрофлича маълумот бермади. Мазкур италиялик саëҳатчи бошқа тўққиз нафар чет эллик саëҳатчилар билан бирга микроавтобусда кетаëтганида жанггарилар томонидан гаровга олингани айтилмоқда.

Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлигининг билдиришича¸ дунëнинг турли ўлкаларидан ҳозирча бир миллиондан кўпроқ мусулмон Ҳаж зиëратини адо этиш учун бу мамлакатга келган.

Саудия ҳукуматининг айтишича¸ бу йилги Ҳаж мавсуми 8 январда бошланади. Шу куни ҳожилар Арафот тоғига чиқадилар.

Яман расмийларининг билдиришича¸ бугун мамлакат шарқидаги вилоят Марибда беш нафар италиялик саëҳатчи гаровга олинган.

Номини ошкор этмаган хавфсизлик хизмати расмийларига кўра¸ гаровга олувчилар полиция томонидан қамоққа олинган қабила аъзоларини озод этишни талаб қилмоқда.
Римда Италия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу воқеани атрофлича ўрганиш учун барча имкониятларни ишга солганини маълум қилди.
Бугун эрталаб Яман президенти Али Абдуллаҳ Салеҳ мамлакатда чет элликларни гаровга олишга қарши курашишини билдирди.
“Бундай гаровга олиш ҳоллари Яманнинг обрўси ва иқтисодига путур етказади. Биз террорчиларни тор-мор қилганимиздек¸ гаровга олувчиларни ҳам бартараф этамиз”¸ - дейди Яман президенти.

Ироқда бугун амалга оширилган портлашлардан камида 7 киши нобуд бўлди.

Ироқ полициясининг хабар қилишига қараганда, Бағдоддан шимолда жойлашган Холис шаҳрида 5 киши ҳалок бўлди. Улар кетаётган автомобиль суннийлар партиясининг маҳаллий ваколатхонаси олдига қўйилган минага учраган.
Бағдоднинг ўзида амалга оширилган икки портлашдан икки полиция ходими нобуд бўлди.
Тикрит шаҳри яқинида бугун эрталаб 3 киши ўғирлаб кетилди. Улардан бири - полиция ходими.

Россия президенти Владимир Путин, агар Украина 2006 йилнинг апрелидан газ ҳақини бозор нархларида тўлашга рози бўлса, янги йилнинг биринчи чорагида бу мамлакатга газни аввалги нархларда етказиб бериш тўғрисида фармойиш берди.

Акс ҳолда 1 январь тонгида Россия Украинага газ беришни тўхтатиб қўйиши мумкин.
"Газпром" раҳбари Алексей Миллернинг айтишича, агар Москва билан Киев ўртасида шартнома имзоланмаса, 1 январь куни Москва вақти билан эрталаб соат 10да Украинага табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.
Россия янги йилдан бошлаб ҳар минг куб метр гази учун Украинадан 230 доллар талаб қилаяпти.
Украина расмийлари фикрича, талаб қилинаётган нарх иқтисодий жиҳатдан асоссиздир.
Президент Виктор Юшченкога кўра, Киев Россия газининг ҳар минг куб метри учун кўпи билан 80 доллардан тўлаши мумкин.
- Украина нима 230 доллардан тўлаши керак экан? Болтиқбўйи мамлакатлари 120 доллардан, Белоруссия 46 доллару 68 цент, Туркия 100, Кавказорти республикалари 100-110 доллардан тўлаяпти. Украина бу мамлакатларга қараганда Россия чегарасига энг яқин жойлашган давлат. Демак, газни етказиб беришга кўп ҳаражат талаб қилинмайди. Хўш, нима учун биз 230 доллар тўлашимиз керак, - деди Виктор Юшченко.

Россия Бош прокуратураси Атом саноати вазирлигининг собиқ раҳбари Евгений Адамовга расмий айблов эълон қилди.

Собиқ вазир фирибгарлик билан катта миқдордаги маблағни ўзлаштирганликда ҳамда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда.
Пайшанба куни, Швейцария суди Атом саноати вазирлиги собиқ раҳбарини Россия маъмурларига топшириш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг, уни Швейцариядан Москвага олиб келиб, "Матросская тишина" тергов ҳибсхонасига қамагандилар.

Янги йилни биринчи бўлиб Австралия ва Янги Зеландия аҳолиси кутиб олди.

Минглаб сиднейликлар шаҳар марказида мушакбозлик уюштирди, концерт томоша қилди.

Сурия мамлакатнинг собиқ бош вазири ва етакчи "Баас" партияси аъзоси Абдулхалим Хаддамнинг баёнотига кескин акс садо берди.

Хаддам, жума куни қилган баёнотида, Сурия президенти Башар Асад Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйга унинг ўлимидан бир неча ой илгари таҳдид қилган эди, деган эди.
Сурия парламенти аъзоларидан бири Хаддамни хоинликда айблади ва уни судга тортишни таклиф қилди.
БМТнинг Ливан собиқ бош вазири ўлдирилиши юзасидан текширув ўтказган махсус комиссияси бу жиноятга Суриянинг алоқаси борлиги тўғрисида аввалроқ баёнот берган эди.

АҚШ президенти Жорж Буш маҳбусларга зулм ўтказиш ва уларга нисбатан ҳақоратомуз муомалада бўлишни тақиқловчи қонунни имзолади.

АҚШ Конгресси аъзоларининг ҳам республикачилар, ҳам демократлардан иборат кўпчилиги маҳбусларни қийноққа солишнинг ҳар қандай кўринишини тақиқловчи қонун лойиҳасини яқинда маъқуллаган эди.
Террорчиликда гумон қилиб қамоққа олинганларни АҚШ ҳарбийлари қийнаганлиги тўғрисида жаҳон оммавий ахборот воситаларида кўплаб материаллар чоп этилган.

Жорж Буш ва Тони Блэрнинг Янги йил мурожаатномаларида Ироқ ва Афғонистоннинг тинчлик ва демократия сари қилаётган ҳаракатларига бундан буён ҳам кўмак кўрсатажаклари таъкидланади.

АҚШ президенти ўз мурожаатида Ироқ ва Афғонистонда бу йил ўтказилган сайловларнинг аҳамиятини алоҳида белгилади.
Буюк Британия бош вазири Тони Блэр, ўз мурожаатида, 7 июль куни Лондонда амалга оширилган террористик ҳуружни эсга олиб, Британия террорчиликка қарши кураш йўлидаги ҳаракатларини сусайтирмайди, деди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG