Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:32

Халқаро хабарлар

Бағдодда содир этилган портлашда камида 23 киши ҳалок бўлди ва 25 киши жароҳатланди.

Портлашларнинг бири кафеда худкуш шахс томонидан амалга оширилган. Иккинчисида эса, ресторан олдига қўйиб кетилган машина портлаган.
Ироққа оид яна бир хабарга кўра, Ал-Жазира телеканали ўғирлаб кетилган америкалик журналист туширилган тасвирларни эфирга узатган.

Телеканалга кўра, бу видеотасмани ўзини “Қасос бригадаси” деб атаган жанггари гуруҳи юборган. Америкалик журналист Жилл Кэрролни ўғирлаб кетганлар Америкадан қамоқдаги ироқлик аёлларни озод этишни талаб қилиб, акс ҳолда журналистни қатл қилиш билан таҳдид қилган.
Кэррол 7 январ куни Бағдодда ўғирлаб кетилган эди.
Айни пайтда, Ироқ адлия вазирлигининг маълум қилишича, АҚШ қўшинлари олти нафар ироқлик аёлни озод қилиш ниятидалигини, бироқ бунинг журналистнинг ўғирлаб кетилишига алоқаси йўқлигини айтган.
Бошқа хабарларга кўра, Бағдод яқинида жанггарилар 35 нафар полициячини ўғирлаб кетган. Ҳозир АҚШ ва Ироқ кучлари ўғирлаб кетилганларни қидирмоқда.
Самарра полиция бошлиғи Генерал Малик ал-Ҳизрожий йўқолган полициячилар Самаррадан пойтахт Бағдодга юборилган 229 полициячи гуруҳида бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда Италия мудофаа вазири шу йилнинг охиригача италян қўшинлари Ироқдан олиб чиқилишини маълум қилди.
Италия Мудофаа вазири Антонио Мартино бу баёнотни бугун парламентда қилган чиқишида берди. Вазир Италия қўшинлари 2006 йилнинг охиригача Ироқдаги вазифаларини тугатиши аниқ деди.

Тел Авивда худкуш шахс содир этган портлашда бир киши ҳалок бўлди ва камида 10 киши жароҳатланди.

Портлаш автобус бекатида амалга оширилди. Полиция дастлаб 20 киши жароҳатланганини маълум қилган эди, кейинчалик яраланганлар сони 10 нафар экани айтилди.
Исроил ҳукумати матбуот вакили мазкур портлаш Фаластин маъмуриятининг Исроилга қарши террорчилик ҳаркаталарининг олдини олишга хоҳиши йўқлигининг мисоли бўлишини айтди.
Портлаш учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ.
Лекин Фаластиндаги Ислом Жиҳоди жанггари гуруҳининг етакчиларидан бири портлашни Исроилнинг жангчилар ва бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишига қилинган жавоб дея олқишлади.

Покистон шимол-шарқидаги Пешовар шаҳрида “Америкага ўлим” ва “Жиҳод, Жиҳод” шиорларини кўтарган мингга яқин одам норозилик намойиши ўтказди.

Намойишчилар ўтган ҳафта Покистон чегараси яқинида АҚШ ҳарбийларининг 18 кишининг ўлишига сабаб бўлган ҳаво ҳужумига қарши норозилик билдирди.
Покистон разведкаси мазкур ҳужумда ўлдирилгани айтилаётган Ал-Қайданинг тўрт аъзосидан уч нафарининг шахсини аниқлади.
Ўтган якшанба куни ҳам Покистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Карочи шаҳрида 10 минг киши иштирокида бу ҳужумларга қарши норозилик намойиши ўтказилган эди. Аксиламерика қарашларидаги диний гуруҳлар келаси жума куни Пешовар ва Лаҳор шаҳарларида яна иккита намойиш ўтказилишини билдирди.

Ҳелсинки инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Ўзбекистонда фуқаровий жамият фаолиятини чеклаш кучаяётганидан хавотир билдирди.

Ўзбекистон адлия вазири Бўритош Мустафоевга ёзилган очиқ ҳатда Венада жойлшаган Ҳелсинки федерацияси АҚШ ҳукумати ҳомийлигидаги ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилганидан чуқур ташвиш билдирди.
Ўтган ҳафта суд қарорига кўра, Фридом Хаус ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти олти ойга тўхтатилди.
Очиқ ҳатда шунингдек 2006 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикасининг жиноий кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгаришлар ҳам танқид қилинади.
Ҳелсинки федерациясига кўра бу ўзгаришлар мамлакатдаги юритаётган нодавлат ташкилотларининг чекланишига олиб келади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эрон ядровий бўҳронига эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирди.

Франция ташқи ишлар вазири Филип Дуст Блази билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин берган баёнотида Лавров халқаро ҳамжамиятни Теҳрон билан мунозараларда ўта кескин ёндашувда бўлмасликка чақирди.
“Бу масала қачон БМТга оширилади ёки Хавфсизлик кенгаши қачон қарор қабул қилади қабилидаги шов-шувларни ахтармаслик муҳимлигини яна айтиш лозим. Ядровий қуролларни тарқатмаслик режимини сақлаб қолиш учун ҳамма чораларни кўриш муҳимдир”, - деди Россия ташқи ишлар вазири.
Лавров мазкур бўҳронда Россия Халқаро атом энергияси агентлиги 2-3 февралда бўлиб ўтадиган ташкилот мажлисида Эрон ядровий дастурига берган баҳосига кўра, йўл тутишини маълум қилди.
Франция ташқи ишлар вазири Дуст Длази халқаро ҳамжамият биргаликда Эронни ядровий тадқиқотларни тўхтатишга кўндириши лозимлигини таъкидлади.
Айни пайтда Хитой, Эрон ядровий дастури атрофида вужудга келган бўхронда “совуққон ва сабр-тоқатли” бўлишга чақирди. Пекинга кўра, бўхрон музокаралар ва дипломатия воситасида ҳал этилиши лозим.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Конг Қуан Пекин бўҳронни ҳал этишда дипломатик уринишларни давом эттиришини айтди.
Шунингдек Пекин расмийсига кўра, Хитой ташқи ишлар вазири Ли Жаосинг бу масалани Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Моттакий билан муҳокама қилган.

Бугун Россия ва Швеция ҳарбийларининг қўшма машғулотлари бошланди.

Икки давлат тарихда биринчи марта ҳарбий машқлар ўтказмоқда.
Машқлар Швециянинг Боден шаҳрида бўлиб ўтмоқда ва 25 январгача давом этади.
Машғулотларда Россия 138 мотор-ўқчи бригадасининг 40 нафар аскар ва зобитлари иштирок этмоқда.
Чечен сепаратчилари етакчилари ва инсон ҳуқуқлари Ҳелсинки қўмитасининг Швециядаги ваколатхонаси бу бригада аскарлари Чеченистонда инсон ҳуқуқларини бузганлигини айтиб, уларнинг қўшма машғулотларда иштирок этишига норозилик билдирди.
Россия расмийларининг таъкидлашича, машғулотга жангларда қатнашмаган ҳарбийларгина жалб қилинган.

Россияда қаттиқ совуқ давом этмоқда.

Бир неча кундан бери давом этаётган совуқда уйларни иситиш ва завод фабрикаларнинг ишлаб туришини таъмилашда қийинчиликлар туғиляпти.
Ёқилғи ва энергетика вазири Виктор Христенко ҳукумат мамлакатнинг стратегик ёқилғи заҳираларидан ишлатиш имкониятларини ҳам кўриб чиқаётганини маълум қилди.
“Заҳираларимиздан иложи борича газ оляпмиз ва газ конларидан аввалгидан кўра кўпроқ газ қазиб оляпмиз. Бу вазиятда таъминотда узилишлар бўлмаслиги учун, ёқилғининг мазут ва кўмир каби турларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам кўриб чиқиляпти. Заҳирадаги ёқилғининг бир қисмини ишлатиш ҳақида қарор тайёрлаб қўйилган”, - деди Христенко.
Москвада ҳаво кечаси минус 31 даражага тушиб кетди.
Ўтган душанба куни Россияда бошланган совуқлар натижасида мамлакатнинг Европа қисмида камида 31 киши музлаб нобуд бўлди.

Беларус расмийлари 16 мартда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига халқаро кузатувчилар таклиф қилинганини билдирди.

Беларус ташқи ишлар вазирлиги интернет саҳифасида тарқатилган хабарда айтилишича, сайловларни кузатгани таклифномалар қатор халқаро тизимлар, жумладан МДҲ, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасига юборилган.
Хабарномада айтилишича, Беларус ҳукумати халқаро кузатувчиларга ўз вазифаларини адо этишда ёрдам беришга тайёр ва ўз навбатида “кузатувчиларнинг Беларус конституциясига амал қилишлари ва сайлов жараёнига ҳар қандай шаклда бўлсин, аралашишдан тийилишларига” умид қилади.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев маъмурияти мамлакат мудофаа, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ўз лавозимида қолишларини маълум қилди.

Чоршанба куни Қозоғистон парламенти Назарбоевнинг Даниел Ахметовни мамлакат бош вазири этиб қолдириш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Ахметов 2003 йилдан бери ҳукуматга раҳбарлик қилиб келади.
Президент маъмурияти тарқатган баёнотда айтилишича, чоршанба куни Назарбоев 16 вазирдан 12тасини қайта тайинлаш ҳақида фармонларни имзолаган.
Мудофаа вазири Мухтор Олтинбоев, Ички ишлар вазири Баужан Муҳамеджанов ва Ташқи ишлар вазири Қосимжормат Тўқаев ўз лавозимларини сақлаб қолган.
Назарбоевнинг асосий тарафдорларидан бири Карим Масимов бош вазир ўринбосари этиб тайинланган.
Ўтган йил 4 декабр кунги президентлик сайловларида Назарбоев 91 фоиз овоз билан қайтадан президент этиб сайланди. Ғарблик кузатувчилар ва мухолифат сайлов натижалари қалбакилаштирганини таъкидлашди.

Тожикистон расмийлари таъқиқланган Ҳизб ут-Таҳрир гуруҳи мамлакатдаги фаолиятини кучайтираётгани ва маҳаллий ташкилотлар билан алоқа ўрнатишга уринаётганини маълум қилди.

Ички ишлар вазири Хомиддин Шарифовга кўра, сўнгги пайтларда Ҳизб ут-Таҳрир тарафдорлари сони кўпаймоқда.
Шунингдек Ички ишлар вазирининг маълум қилишича, ташкилот бошқа партиялар ва ҳаракатлар билан ҳам алоқа ўрнатишга уринмоқда.
Шарифов ҳибсга олинган ташкилот аъзоларидан бирининг Ислом тикланиш партиясидан эканлиги аниқланганини алоҳида қайд этди.
Тожикистон расмийлари ўтган йили 99 нафар Ҳизб ут-Таҳрир аъзоси ҳибсга олинганини маълум қилди.
Ҳизб ут-Таҳрир ёки Озодлик партияси халифалик ўрнатиш ғоясини илгари суради. Марказий Осиёнинг барча республикаларида бу ташкилот фаолияти таъқиқланган.

Қозоғистон ўз худуди орқали газ транзити нархларини оширмоқчи.

Қозоғистоннинг газ транзити билан шуғулланувчи "КазТрансГаз" ширкати бош директори Серик Султангалиевнинг айтишича, ушбу масалани Россиянинг "Газпром" ширкати билан мухокама этиш учун махсус делегация Москвага жўнаб кетяпти. Ўтган йил давомида Қозоғистон газ транзити нархини икки барабар оширган. 1000 куба метр газ транзити нархи Қозоғистонда ҳар 100 километрга бир доллар 10 центни ташки этади. Россиянинг "Газпром" ширкати жорий йилда 26 миллион куба метр ҳажмда Марказий Осиё газини сотиб олишини билдирган.

Бугун Пекинда ўтган халқаро анжуманда парранда гриппи касаллиги тарқалиши олдини олиш учун 1 миллиард 900 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди.

"Пекин халқаро анжумани якуни ўлароқ халқаро ҳамжамият парранда гриппига қарши 1 миллиард 900 миллион доллар ваъда қилганини мамнуниятла эълон қиламан", - деди Европа Иттифоқининг Соғлиқни сақлаш бўйича комиссари Маркос Киприано.
Ваъда қилинаётган маблағнинг 334 миллионини Қўшма Штатлар, 250 миллионини Европа Иттифоқи берадиган бўлди. Жаҳон банки эса 500 миллион доллар кредит ажратишини маълум қилди.
"Парранда гриппи жаҳон миқёсидаги эпидемияга айланмайди, деб ҳеч ким айтолмайди. Шундай экан касаллик тарқалиши олдини олиш керак ва бунинг учун маблағ ажратдик", - деди Жаҳон Банки раиси Пол Вулфовиц.
Ҳозирда ваъда берилган пул парранда гриппи вирусининг инсондан инсонга ўта оладиган вирусга айланишининг олдини олиш учун асосан соғлиқни сақлаш ва ветеренария соҳаларига сарфланади. Анжуманга раислик қилаётган Хитой бош вазири Вен Жибаонинг айтишича, вируснинг инсонлар орасида тарқашининг олдини олиш учун жаҳоннинг бой мамлакатлари саховат кўрсатишлари лозим бўлади.
БМТ бош котиби Кофи Аннан парранда гриппи инсониятга етказиши мумкин бўлган оқибатлардан кўра унинг олдини олиш учун маблағ сарфлашни мақсадга мувофиқ дея хисоблашини айтди. Агар дунё ҳамжамияти қуш тумовига қарши ҳозирда курашни бошламаса ва бунинг учун зарурий маблағни ажратмаса касаллик пандемияга айланиши ва зарар кўлами яна ошиши мумукин, деди Аннан.
Мутахассисларнинг айтишларича, парранда гриппи вируси инсондан инсонга ўта бошлаб, пандемия рўй берса, у жаҳон бўйлаб 2 миллиондан 50 миллионга қадар инсоннинг ёстиғини қуритиши мумкин. 2003 йилдан бери бу касаллик Осиё давлатларида 75 одам ёстиғини қуритди. Яқинда эса Туркияда тўрт нафар бола парранда гриппига чалиниб оламдан ўтди.

Россияда мисли кўрилмаган изғирин.

Москва кўчаларида йўллар сирпанчиқ бўлгани боис автомобиллар ҳаракатланиши қийинлашган.
Ханти-Мансийск, Ямало-Ненецк ўлкаларида хаво харорати –50 даражагача тушиши кутилмоқда. Челябинскда эса ҳаво –30 даража совуқ. Москва ва бошқа катта шаҳарларда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига уйсиз-жойсиз одамлар билан иложи бор қадар хушмуомила бўлиш, иложи бўлса ёрдам кўрсатиш топширилган. Борис исмли уйсиз фуқаро гапиради.
"Ахволимиз оғир албатта, лекин нима қилайлик. Иссиқ жой топиш илинжида у жойдан бу жойга дайдиб юрибмиз. Миллиция биз билан мулойим. Музалаб қолмасак бўлгани", - дейди Борис.
Аҳолидан эса электр энергияси ва газдан тежамли фойдаланиш талаб этилмоқда. Айни пайтда мамлакат ичкарисида хаво харорати кескин пасайгани ва газга талаб ошгани боис Россиянинг Газпром ширкати Европа давлатларига газ узатишни вақтинчалик 20 фоизга камайтирган.

Ироқда америкалик журналист қизни олиб қочган гуруҳ мамлакатдаги барча аёл махбуслар уч кун ичида қамоқдан озод этилмаса журналистни ўлдирамиз, дея тахдид солмоқда.

Кеча Қатарнинг "Ал-Жазира" телеканали "Крисчен Сайнс Монитор" газетаси мухбири Жилл Керолл видео тасвирларини намойиш этган эди. Ироқдаги "Қасоскорлар бригадаси" деб аталувчи гуруҳ журналистни олиб қочишга жавобгарликни зиммасига олган. Қўшма Штатлар Жилл Керолни озод этишга бор имкониятини сафарбар қилишини маълум қилган.
Бугун Бағдодда қуролли гуруҳ ҳужуми оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди. Улардан икки нафари хориж фуқаролари бўлган. Мисрнинг уяли телефон ширкати ходимлари минган автомашиналар карвони кетаётган пайтда пистирмага дуч келганлар.

Европа Парламенти АҚШ Марказий Разведка ҳизмати Шарқий Европада махфий қамоқхоналар тармоғига эга бўлгани ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқувчи махсус комиссия тузиш учун овоз берди.

Қўмита 46 аъзосига эга бўлади ва уларнинг рўйхати пайшанба куни эълон қилиниши кутилмоқда. Европа Иттифоқи таркибига кирувчи айрим давлатлар эса, холатни алоҳида ўрганмоқда. АҚШ Марказий Разведка ҳизмати Шарқий Европа давлатларида махфий қамоқхоналар тизимига эгалиги ва террорчиликда гумон этилаётган шахслар у ерда хуфёна сўроқ қилингани ҳақидаги дастлабки маълумотлар ўтган йил ноябр ойида пайдо бўлган эди.

Қозоғистон парламенти бугун Даниял Ахметовнинг бош вазир лавозимида қолиши учун овоз берди.

Декабр ойги сайловларда яна етти йилга президент этиб сайланган Нурсултон Назарбоев парламентга Ахметовни қайта бош вазир этиб тайинлашни тавсия этган эди. Қозоғистонда бош вазирликка номзодни президент тавсия этади ва парламент эса тасдиқлайди. Даниел Ахметов Қозоғистон бош вазири сифатида 2003 йилдан буён ишлаб келмоқда. Бугунги парламент мажлисида президент Назарбоев бош вазир фаолиятида жиддий нуқсонлар бўлмаганини ва жорий ҳукумат ишини давом эттириши кераклигини таъкидлади.

Шимолий Корея раҳбари Ким Йонг Ир Хитойга сафар қилгани ҳақидаги хабарни Пхенян тасдиқлади.

Расмий Пекин бу маълумотни журналистлардан сир тутиб келаётган эди. Шимолий Корея расмий ахборот агентлигининг маълум қилишича, Ким Йонг Ир Хитойга Президент Ху Жинтао таклифига кўра норасмий ташриф билан борган.












Исроил Бош вазири Ариэл Шароннинг нафас олиш найчасини алмаштириш жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган.

Врачларга кўра, Шарон ахволи оғир. У 4 январда бери ўсал холатда ётибди.











Россия ҳукумат кучлари Чечнистонда исёнчи гуруҳларга қарши олиб борган амалиётлар чоғи икки қуролли жангчи отиб ўлдирилганини маълум қилди.

Чеченистон Ички ишлар расмийларига кўра, отишмалар кеча Грозний шаҳридан 60 километр жанубдаги Нозхай-Юрт қишлағида рўй берган. Чечинстон ҳукумати бошлиғи лавозимини бажараётган Рамазон Қодиров 250 қуролли жангчи Чеченистонда ҳукумат кучларига қарши фаолият олиб бораётгани ҳақида гапирган.

Киев маҳкамаси Украина парламенти раиси Володимир Литвин даъвосини ҳақли деб топди.

Литвин давлат хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Николай Мелниченко ор-номусимни топтади дея судга шикоят қилган эди. Мелниченкога кўра¸ парламент раиси Литвин журналист Гонгадзе ўлимига алоқадор. Литвин Гонгадзени маиший сабабларга кўра ўлдирган бўлиши мумкин, деган эди Мелниченко.
Маҳкама бу айбловни асоссиз ва ҳақиқатдан узоқ деб топди. Маҳкама қарорига кўра¸ Мелниченко Литвиндан узр сўраши ва товон тўлаши лозим.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра¸ Эронга нисбатан ҳалқаро жазо тадбирларини қўллаш - ядровий дастур билан боғлиқ вазиятдан чиқишнинг мақбул ечими эмас.

Россия Эроннинг ЕИ билан олиб борган музокораларининг қайтадан тикланиш тарафдоридир¸ бунинг учун расмий Теҳрон ўз ядровий дастурини музлатиб қўйиши керак¸ деди Лавров.
Британия ва Франция Халқаро атом энергияси агентлигининг 2 феврал кунги мажлисида Эрон ядровий дастури масаласини БМТ ҳавфсизлик кенгаши муҳокамасига тақдим қилишни режалади. Британия ва Франция Эронга қарши жазо чоралари қўллаш тарафдоридир.

Қирғизистон Манас аэропортидаги АҚШ ҳарбий базаси учун ижара ҳақини оширишни режаламоқда.

Ижара ҳақи йилига 50 миллион долларгача ошиши мумкин.
Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевга кўра¸ ижара ҳақи аэропорт жойлашган тумандаги атроф муҳит тозалигини сақлаш мақсадида оширилган.
АҚШ ҳарбийлари Манас аэропорти ижараси учун бугунгача қанч тўлаб келаëтгани номаълум.

Хитой пойтахти Пекинда парранда гриппига бағишланган халқаро анжуман ўтмоқда.

Анжуман мақсадларидан бири парранда гриппига қарши самарали чоралар учун маблағ тўплашдан иборат.
Хитойлик анжуман иштирокчиси гапиради:
"Биз мураккаб масала устида бош қотирмоқдамиз. Вируснинг тарқалмаслиги ва касаллик курраи заминни қопламаслиги учун¸ уни назорат қилишни ўрганишимиз лозим. Бу тадбирга на фақат парранда гриппи тарқалган мамлакатлар балки бутун дунë давлатлари бош қўшиши керак. Бугунги таҳликали кунларда дунë ҳамжамиятининг биргаликдаги мужодаласи парранда гриппи оқибатларига чек қўйиши мумкин”¸ - деди хитойлик анжуман иштирокчиси.

Туркияда 12 яшар Фотима Ўзжон ҳам парранда гриппининг навбатдаги қурбони бўлди.
Шу билан Туркияда мазкур касалликдан ўлганлар сони тўрттага етди. Туркияда камида 18 киши H5N1 вирусига чалинган бўлиб, ҳозирча улардан 4 нафари тузалиб чиққан, 4 нафари эса вафот этди.
Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, уларнинг барчаси бевосита касалланган паррандалар орқали касалликни юқтирганлар
Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти Туркия қўшниларини парранда гриппига қарши кескин чоралар қўллашга чақирмоқда.

“Москва ва Киев ўртасида юзага келган маëқ жанжали икки давлат ўртасидаги музокаралар воситасидагина ечимини топиши мумкин”, - деди Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов.

Ивановга кўра¸ Қримда жойлашган Россия Қора денгиз флоти маëқлари масаласини муҳокама қилиш учун бир гуруҳ мулозимлар феврал ойида Киевга боради. Бу делегацияга Россия Ташқи ишлар вазири муовини Карасиновнинг раҳбарлик қилиши айтилмоқда.

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида халқаро Олтин глобус киномукофотининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Хитой киночиси Энг Линг суратга олган "Букри тоғ" кино асари 2005 йилнинг энг яхши филми деб топилди.
Фаластинлик кинорежисер Ҳон Абу Ассад яратган "Кўз олдимиздаги жаннат" филми 2005 йилдаги энг яхши режиссерлик иши дея баҳоланди.
Кино оламида Олтин глобус мукофоти Оскар мукофотидан сўнг иккинчи ўринда туради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG