Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 12:29

Халқаро янгиликлар

Киев маҳкамаси Украина парламенти раиси Володимир Литвин даъвосини ҳақли деб топди.

Литвин давлат хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Николай Мелниченко ор-номусимни топтади дея судга шикоят қилган эди. Мелниченкога кўра¸ парламент раиси Литвин журналист Гонгадзе ўлимига алоқадор. Литвин Гонгадзени маиший сабабларга кўра ўлдирган бўлиши мумкин, деган эди Мелниченко.
Маҳкама бу айбловни асоссиз ва ҳақиқатдан узоқ деб топди. Маҳкама қарорига кўра¸ Мелниченко Литвиндан узр сўраши ва товон тўлаши лозим.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра¸ Эронга нисбатан ҳалқаро жазо тадбирларини қўллаш - ядровий дастур билан боғлиқ вазиятдан чиқишнинг мақбул ечими эмас.

Россия Эроннинг ЕИ билан олиб борган музокораларининг қайтадан тикланиш тарафдоридир¸ бунинг учун расмий Теҳрон ўз ядровий дастурини музлатиб қўйиши керак¸ деди Лавров.
Британия ва Франция Халқаро атом энергияси агентлигининг 2 феврал кунги мажлисида Эрон ядровий дастури масаласини БМТ ҳавфсизлик кенгаши муҳокамасига тақдим қилишни режалади. Британия ва Франция Эронга қарши жазо чоралари қўллаш тарафдоридир.

Қирғизистон Манас аэропортидаги АҚШ ҳарбий базаси учун ижара ҳақини оширишни режаламоқда.

Ижара ҳақи йилига 50 миллион долларгача ошиши мумкин.
Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевга кўра¸ ижара ҳақи аэропорт жойлашган тумандаги атроф муҳит тозалигини сақлаш мақсадида оширилган.
АҚШ ҳарбийлари Манас аэропорти ижараси учун бугунгача қанч тўлаб келаëтгани номаълум.

Хитой пойтахти Пекинда парранда гриппига бағишланган халқаро анжуман ўтмоқда.

Анжуман мақсадларидан бири парранда гриппига қарши самарали чоралар учун маблағ тўплашдан иборат.
Хитойлик анжуман иштирокчиси гапиради:
"Биз мураккаб масала устида бош қотирмоқдамиз. Вируснинг тарқалмаслиги ва касаллик курраи заминни қопламаслиги учун¸ уни назорат қилишни ўрганишимиз лозим. Бу тадбирга на фақат парранда гриппи тарқалган мамлакатлар балки бутун дунë давлатлари бош қўшиши керак. Бугунги таҳликали кунларда дунë ҳамжамиятининг биргаликдаги мужодаласи парранда гриппи оқибатларига чек қўйиши мумкин”¸ - деди хитойлик анжуман иштирокчиси.

Туркияда 12 яшар Фотима Ўзжон ҳам парранда гриппининг навбатдаги қурбони бўлди.
Шу билан Туркияда мазкур касалликдан ўлганлар сони тўрттага етди. Туркияда камида 18 киши H5N1 вирусига чалинган бўлиб, ҳозирча улардан 4 нафари тузалиб чиққан, 4 нафари эса вафот этди.
Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, уларнинг барчаси бевосита касалланган паррандалар орқали касалликни юқтирганлар
Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти Туркия қўшниларини парранда гриппига қарши кескин чоралар қўллашга чақирмоқда.

“Москва ва Киев ўртасида юзага келган маëқ жанжали икки давлат ўртасидаги музокаралар воситасидагина ечимини топиши мумкин”, - деди Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов.

Ивановга кўра¸ Қримда жойлашган Россия Қора денгиз флоти маëқлари масаласини муҳокама қилиш учун бир гуруҳ мулозимлар феврал ойида Киевга боради. Бу делегацияга Россия Ташқи ишлар вазири муовини Карасиновнинг раҳбарлик қилиши айтилмоқда.

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида халқаро Олтин глобус киномукофотининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Хитой киночиси Энг Линг суратга олган "Букри тоғ" кино асари 2005 йилнинг энг яхши филми деб топилди.
Фаластинлик кинорежисер Ҳон Абу Ассад яратган "Кўз олдимиздаги жаннат" филми 2005 йилдаги энг яхши режиссерлик иши дея баҳоланди.
Кино оламида Олтин глобус мукофоти Оскар мукофотидан сўнг иккинчи ўринда туради.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай кеча Қандаҳорда рўй берган портлаш юзасидан тергов ўтказилсин деб фармойиш берди.

Спинболдак шаҳрида мопед миниб олган ҳудкуш бомбачи оломон ичида ўзини портлатиб юборган эди.
БМТ бош котиби Кофи Аннан Афғонистондаги тажовузлар тўлқинини қоралади.
Аннан Афғонистондаги қарама-қарши тарафларни муросага ва миллий бирликка чақирди.
Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида душанба куни юз берган зўравонликлар оқибатида 24 киши нобуд бўлди. Тажовузлар юзасидан маъсулиятни Толиблар ўз зиммасига олишди.

Саудия Арабистонида беш киши қўлга олинди.

Улар террор амалиëтларини тайëрлашда гумонланмоқда.
Маълумотларга кўра қўлга олинганларнинг тўрт нафари саудиялик бир нафари эса чет эллик.
Матбуот ҳабарларига кўра Риëд шаҳрида катта миқдорда портловчи модда топилган.

Бугун Ҳиндистон пойтахти Деҳлида Хиндистон-Покистон муаммоларига бағишланган музокараларнинг учинчи мажлиси иш бошлади.

Кашмир муаммоси мажлис кун таркибидаги бош масала бўлиб қолмоқда.
Бундан икки йил олдин бошланган тинчлик жараëни доирасида¸ хозиргача бир қанча эътиборга лойиқ тадбирлар амалга оширилди. Икки давлат ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилиши ва икки давлат спортчилари орасида ўтказилган мусобақалар ана шулар жумласидандир.
Айни пайтда ядро қуролига эга бу икки давлат муносабатлари таранг ҳолатда қолмоқда.

Иордан дарëсининг ғарбий соҳилида Ҳамас гуруҳига оидлиги айтилаëтган жангари ўлдирилди. Бу жангари Исроил ҳавфсизлик ҳизмати тарафидан қидирилаëтган эди.

Маълумотларга кўра Тулкармдаги ўз уйига кириб бораëтган пайтда Ҳамас аъзоси куршовга олиниб отиб ташланган. Исроил ҳарбийлари маълумотига кўра Ҳамас аъзоси таслим бўлиш таклифини рад қилган. Отишма чоғида бир Исроил аскарининг яралангани айтилмоқда.

Тбилисида 20 дан ортиқ газета ва журнал ходимлари ва "Самшобло" нашриëти ишчилари норозилик намойишига чиқдилар.

Газета-журналлар ва нашриëт жойлашган кўп қаватли матбуот уйининг сотиб юборилиши журналистлар норозилигига сабаб бўлди.

БМТ ўзининг Покистондаги ваколатхонасини вақтинча ëпишга қарор қилди.

БМТ ходимлари хавфсизлигини ўйлаб шундай қарорга келингани айтилмоқда.
БМТ расмийларига кўра¸ваколатхонага икки марта ал-Қаеда аъзолари номидан таҳдидли телефон қўнғироғи бўлган.
Ана шундан кейин БМТнинг Покистондаги қароргоҳи вақтинча ëпилди.

Ироқда яна бир АҚШ ҳарбий вертолëти ҳалокатга учради.

Ройтер мухбирига кўра¸ гувоҳлар вертолëтнинг Мишанда шаҳарчаси яқинида ракета билан уриб туширилганини билдиришган.
Ироқдаги кичик исëнчи гуруҳлардан бири вертолëт уриб туширилиши ўз иши эканини даъво қилмоқда. Ҳозирча Америка ҳарбийлари ҳалокат сабаблари ўрганилаëтганини билдирдилар. Вертолëтдаги икки учувчи тақдирига оид маълумот йўқ.
Ироққа оид яна бир хабарга кўра¸ мамлакат Марказий сайлов комиссияси 15 декабр кунги парламент сайловларининг якуний расмий натижаси жума куни эълон қилинишини билдирган.
Ройтер хабарида айтилишича¸ якуний натижаларга кўра¸ шиалар иттифоқи парламентдаги бешдан уч қисм ўринни¸ курд ва сунний партиялари эса¸ бешдан бир қисм ўринни қўлга киритади.

Тожикистон прокуратураси тарқатган маълумотга кўра¸ 2005 йил давомида мамлакат фуқароларидан 99таси фаолияти таъқиқланган Ҳизб-ут-таҳрир ташкилотига аъзоликда гумон қилиниб¸ қамоққа олинган.

Республика бош прокурори ўринбосари Абдусами Дадобоевнинг мухбирларга айтишича¸ қамалганлардан 38таси экстремистик фаолиятда айбланиб¸ узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Прокуратура расмийсига кўра¸ Ҳизб-ут-Таҳрирга аъзолик¸ хусусан¸ Тожикистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ҳудудларида кенг авж олган.

Германия канцлери сифатида Москвага қилган биринчи сафари доирасида Анжела Меркел бугун Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Учрашувда Кремл раҳбари¸ Берлин ҳукуматида юз берган катта ўзгаришларга қарамай¸ икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзгаришсиз қолганини таъкидлади.
“Ўзаро савдо ва иқтисодий алоқаларда биз янги босқичга чиқдик¸ 2005 йили савдо ҳажми рекорд 32 миллиард долларга етди. Яқин келажакка мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликнинг конкрет режаларини ишлаб чиқиш учун Сибирнинг Томск шаҳрида йирик ҳукуматлараро учрашув ўтказишга ҳозирлик кўраяпмиз”¸ - деди Путин.
Россия ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича¸ Путин-Меркел учрашувида асосан Россия табиий газини тўғридан-тўғри Германияга етказиши кутилаëтган Болтиқ денгизи остидан ўтувчи қувур қурилиши¸ шунингдек Эрон ядровий дастури муҳокама қилинган.
Берлин расмийларига кўра¸ Меркел Россиядаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳам тилга олган.
Берлинга қайтиб кетишдан олдин Германия канцлери Россия парламенти депутатлари¸ ноҳукумат ташкилоти вакиллари ва маданият арбоблари билан ҳам учрашди.

Ҳозирча Карзайнинг Теҳронга қачон бориши маълум қилинмади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ижроия котиби Жанг Дегуанга кўра¸ Марказий Осиëдаги беқарорлик даври ўтиб бўлган.
Дегуаннинг айтишича¸ минтақадаги иқтисодий-сиëсий ривожланиш барқарорликка олиб келган¸ айни пайтда минтақа ҳукуматлари коррупция ва ишсизлик муаммосини ҳал қилишлари лозим.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти расмийсига кўра¸ мазкур гуруҳ 2050 йилга бориб¸ жаҳондаги энг нуфузли ташкилотга айланади. Ташкилот котибиятининг икки йиллик санасини нишонлаш маросимида Хитой расмийси шунингдек¸ Шанхай гуруҳининг ҳеч қачон ҳарбий блокка айланмаслигини қўшиб ўтди.
2001 йили Шанхайда тузилган мазкур ташкилотга Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай халқаро ҳамжамиятни Афғонистондан чиқиб кетмасликка чақирди.

Акс ҳолда¸ Кобул раҳбари Афғонистон Европа ва АҚШ га қарши террор ҳужумлари уюштириш марказига айланишидан огоҳлантирди.
Айни шу баëнот билан бир кунда¸ Афғонистон-Покистон чегарасида жойлашган Спинболдак шаҳарчасида юз берган ҳудкуш ҳужум оқибатида камида 20 одам нобуд бўлди¸ 20 дан ошиғи жароҳат олди.
Маҳаллий губернаторлик хабарига кўра¸ мотоциклда ўтирган ҳудкуш ҳужумчи кураш беллашувини томоша қилиб турган оломон ичида ўзини портлатиб юборган.
Кобулдан олинган яна бир хабарга кўра¸ Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Эрон сафарини бекор қилган. Эртага Теҳронда Эрон¸ Афғонистон ва Тожикистон президентларининг учрашиб¸ ўзаро иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилиши белгиланган эди.
“Об-ҳавонинг ëмонлашгани ва айрим техник мураккабликлар туфайли¸ президент Карзайнинг Эронга сафари кечиктирилди”¸ - деди ташқи ишлар вазирлиги вакили Навед Аҳмад Моис.

Ҳукуматни тарқатиш ҳақидаги парламент қарорини қайта кўриб чиқиш талаб этилган резолюция лойиҳаси бугун Украина парламентига тақдим этилди.

Қарор конституция ва парламент ваколатларини бузувчи ҳаракат сифатида талқин этилган мазкур резолюцияни президентга тарафдор Бизнинг Украина партияси ҳозирлади. Парламент раиси Володимир Литвин дарҳол ҳукумат таркибида ўзгариш бўлмагунича¸ парламент ўз қарорини қайта кўриб чиқмаслигини билдирди.
10 январ куни Россия билан тузилган газ келишувини Украина миллий манфаатларига зид деб топган парламентдаги Юшченко мухолифлари¸ Ехануров ҳукуматини истеъфога чиқариш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Бугун Либерия пойтахти Монровияда Элен Жонсон-Сирлеаф мамлакат 23 президенти сифатида қасамëд қилди ва шу тарзда Африка тарихидаги биринчи аëл президентга айланди.

Қасамëд маросимида Африканинг беш президенти¸ шунингдек АҚШ президенти рафиқаси Лора Буш¸ Давлат котиби Кондолиза Райс ва БМТ бош котиби ўринбосари Луиз Фрешетлар иштирок этди.
Айни пайтда кеча чилиликлар Мишел Башелетни мамлакатнинг биринчи аëл президенти этиб сайладилар.
“Бундан 10¸ 20 ҳатто беш йил аввал ким Чилида аëл кишининг президент этиб сайланишини ўз хаëлига келтирган эди”¸ - деди қайта сайловларда ғолиб чиққан Башелет.
Собиқ мудофаа ва соғлиқни сақлаш вазири бўлмиш Мишел Башелет¸ 1973-90 йиллардаги генерал Пиночет диктатураси даврида қамоққа ташланган¸ қийноқларга солинган¸ кейинроқ эса¸ сиëсий муҳожиратга чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

Лаборотория текшируви натижалари¸ якшанба куни оламдан ўтган 12 яшар Фатма Озжаннинг ҳам парранда грипидан нобуд бўлганини тасдиқлади.

Шу билан Туркияда мазкур касалликдан ўлганлар осни тўрттага етди. Яна 16 одамнинг¸ улар орасида Фатманинг 5 яшар укаси ҳам бор¸ парранда грипига чалингани аниқланди.
Жаҳон банки бугун дунë бўйлаб парранда грипи тарқалишини тўхтатиш учун ажратилган маблағнинг 1 миллиард 200 миллион долларга еткизилишини билдирди.
Бугун қуддусликлардан бирининг парранда гриппига чалинганига оид тахминни ўрганиш учун шошилинч текширув ўтказилмоқда.
Индонезияда эса¸ 13 яшар қизнинг айни шу касалдан нобуд бўлгани тасдиқланди.
Айни пайтда бугун Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти Туркия қўшниларини парранда гриппига қарши кескин чоралар қўллашга чақирди.
“Бу халқаро касаллик¸ у чегаралардан ўтмоқда. Шу боис Эрон¸ Арманистон ва Грузия билан чегара ҳудудларида жойлашган Туркия шарқида қайд этилган вируснинг чегаранинг нариги тарафига ўтмагани ҳақида ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунга яраша ҳаракатларимиз ҳам Туркия сарҳадларидан ташқарига чиқиши керак”¸ - деди ташкилот расмийси Самуэл Ютзи.

Японияданинг кейинги 20 йиллик тарихида кузатилаëтган қалин қор ҳозирга қадар 100 одам ҳаëтига зомин бўлди.

Мамлакатнинг қарийб 4 метрлик қор остида қолган айрим минтақалари икки ҳафтадан бери ташқи дунëдан узилиб қолган.
Япон телевидениеси хабарига кўра¸ ҳозирга қадар 2000 дан ошиқ одамга қор билан боғлиқ жароҳатлари туфайли тиббий ëрдам кўрсатилган.

Агарда Эроннинг ядровий дастурлари масаласи БМТ ҳавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилса, эрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторларини мамлакатга киритмаслик билан таҳдид солади.

Эрон парламенти 15 январь куни айнан шу мазмундаги қарорни тасдиқлади.
Эрон парламенти спикери Ғоламали Ҳадад Абдел кўра, Эронни ядровий технологиялардан маҳрум этишни кўзлайдиган ҳар қандай музокаралар – музокаралар сифатида талқин этилмайди ва рад этилади.
Айни пайтда Эрон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Ҳамид Ризо Осифи пайдо бўлган зиддиятдан чиқишнинг ягона йули мулоқот эканини баён қилган. Унинг изофа қилишича, Теҳрон Ҳавфсизлик кенгаши муҳокамасидан қўрқмайди.

Узоқ касалликдан сўнг 15 январ куни Қувайт амири Шайх Жабр Ал-Аҳмад 78 ёшда вафот этди.

Конституция бўйича амирнинг жияни 77 ёшли шаҳзода Шайх Саад Абдуллоҳ амир тахтига ўтириши керак.
Айрим таҳлилчилар кўра, Қувайтнинг бош вазири Шайх Сабаҳ ал-Аҳмад ал-Сабаҳ ўз лавозимида қолади.
Марҳум Шайх Жабр 1977 йилда тахтга ўтирган эди. Унинг 29 йиллик ҳокимияти даврида Қувайт 1988 йилда якунланган Эрон Ироқ урушидан азият кўрди, 1990 йилда эса Ироқнинг Қувайтга бостириб кириши ва 6 ой давомида қамал остида қолиши каби воқеаларни бошдан кечирди.
2003 йилда Қувайт ўз ҳудудидан АҚШ бошчилигидаги кучларга Саддам тузумига қарши ҳарбий амалиётларни бошлашга розилик берди.
1985 йилда Шайх Жабр ҳаётига суйқасд уринишидан омон қолган эди.

Исроил ҳукумати Қуддуснинг араблар яшайдиган шарқий қисмида 25 январ куни фаластин парламент сайловларининг ўтказилишига розилик берди.

Аммо Исроил вазирлар маҳкамаси шарқий Қуддусда қуролли Ҳамас исломий гуруҳи номзодларининг сайлов олди ташвиқотига чекловларни жорий этди. Ҳамас гуруҳи аъзолари илк бор сайловларда иштирок этишади.
Фаластин расмийлари Исроил шарқий Қуддус арабларига сайловларда иштирок этишига монеъликлар қилган тақдирда сайловларни кечиктиришни ваъда қилган эди.
Исроил ҳукумати шарқий Қуддус арабларига 1996 йилдаги парламент сайловларида ҳам, ўтган йили президент сайловларида ҳам қатнашишга имкон бергани маълум.
Бироқ навбатдаги сайловлар олдидан, Исроил давлатини йуқ қилиш ғоялари билан чиқаётган Ҳамас гуруҳининг номзодлари сайловларда иштирок этаётганидан ҳавотир сифатида, Исроил томони Қуддус шарқида сайловларнинг ўтказилишига қаршилик қилган эди.

15 январ куни Туркияда парранда гриппи билан касаллангани гумон қилинган яна бир қизча вафот этди.

Туркия шарқидаги Ван шаҳри доктори Аҳмад Фаик Онер вафот этган Фотима Ўзжаннинг 5 ёшли укаси ҳам айни пайтда оғир аҳволда.
Хабарларга кўра, Истамбул шаҳрида ҳам 5 ёшли бола парранда тумови гумони билан касалхонага ётқизилган. Агар хабар тасдиқланса ушбу воқеа вирус илк бор Туркиянинг узоқ ғарбига етиб келганини англатади.
Туркияда камида 18 киши H5 N1 вирусига чалинган бўлиб, хозирча улардан 4 нафари тузалиб чиққан, 3 нафари эса вафот этди.
Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, уларнинг барчаси бевосита касалланган паррандалар орқали касалликни юқтирганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG