Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:38

Халқаро янгиликлар

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажод Эрон халқаро ҳамжамият норозилигига қарамай, уранни бойитиш ишларини давом эттиришини билдирди.

Аҳмадинажод Эрон чет давлатлар таҳдидидан қўрқмаслиги ва мамлакатда уран энергиясини ишлаб чиқариш йўлидаги уринишлар давом этишини таъкидлади.
Оқ Уй матбуот вакили Скот Мак Клеллан фақат БМТ Хавфсизлик Кенгашигина Эронни ядровий қурол яратишдан тўхтата олишини айтди.
Айни пайтда, Теҳрондаги масжидлардан бирида жума намозини ўқиш учун йиғилган одамлар олдида чиқиш қилган таниқли уламо Аҳмад Ҳотамий Эрон ташқи таҳдидлардан қўрқмаслигини айтди:
“Европаликлар таҳдид сўзлари Эрондек буюк давлатга мутлақ таъсир этмаслигини тушунишлари керак”.

Германия Канцлери Анжела Меркел Оқ Уйда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашди.

Музокара чоғида қатор масалалар, жумладан Ироқ ва Эронга нисбатан сиёсат масалалари ҳам муҳокама этилди. Меркел музокара чоғида АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонаси масаласини кўтаришини аллақачон маълум қилган.
Германия Канцлери билан музокарадан кейин АҚШ президенти Жорж Буш Эроннинг ядровий дастури хусусида юзага келган бўҳрон дипломатик йўл орқали хал этилишини хоҳлашини айтди.

Ўзбекистон суди Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган “Freedom House” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.

Суд ҳукмига кўра, ваколатхона олти ойга барча фаолиятини тўхтатиши керак. “Freedom House” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бранка Шеста суд қарори юзасидан юқори органларга шикоят аризаси билан мурожаат қилишини ва вакилатхона ўз фаолиятини давом эттириши учун бор имкониятни ишга солишини билдирди.




Саудия Арабистони расмийлари ва зиёратчилар пайшанба кунги фожиа учун бир-бирларини айбламоқда.

Хаж ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига борган мусулмонлардан 362 нафари 12 январ - Хажнинг сўнгги кунида шайтонга тош отиш амалини бажариш пайтида рўй берган тиқилинчда нобуд бўлган эди.
Саудиянинг етакчи уламоси Шайх Абдулазиз аш-Шайх зиёратчиларни белгиланган тартибга риоя қилмаганликда айблади. Аммо зиёратчилар Саудия расмийларини Хаж амалларини бажариш пайтида тартиб ўрната олмаганликда айблади.

Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов ўз мамлакати Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини замонавийлаштиришга ёрдам беришини маълум қилди.

Ивановга кўра, Теҳрон расмийларининг ядровий дастури хусусида бўҳрон юзага келганига қарамай, декабр ойи бошида имзоланган қиймати 700 миллион долларлик шартномага мувофиқ Россия келаси ойлар ичида Эронга 30та ер-ҳаво русумидаги “Тор-М1” ракеталарини етказиб беради.

Япония Мудофаа вазири Фукуширо Нукага 13 январ куни Москвага борди. Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов ва Нукага ўртасидаги музокара чоғида икки давлат ҳарбий ҳамкорлиги, минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан Шимолий Корея ҳамда Эроннинг ядровий қурол яратиш йўлидаги уринишлари муҳокама этилди.

Япония Мудофаа вазири Хитойнинг ўз армиясини замонавийлаштириш йўлидаги уринишлари хусусида ташвиш билдирди. Нукага Москва расмийлари Хитой билан ҳарбий шартномалар имзолашда минтақадаги хавфсизлик мувозанатини назарга олишига умид билдирди.

Европа Иттифоқи парранда гриппи тарқалишининг олдини олиш ишларига 100 миллион доллар ажратди.

Келаси ҳафта Хитойда донор давлатларнинг парранда гриппига бағишланган анжумани бўлиб ўтади. Анжуман арафасида Европа Иттифоқи қарорни Брюсселда Иттифоқнинг Ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Бенита Ферреро-Валднер хоним эълон қилди:
“Анжуманда комиссия 100 миллион доллар ҳажмида маблағ ажратгани эълон қилинади. Бу 80 миллион еврони ташкил этади”.
Ҳозирга қадар дунё бўйича парранда гриппидан салкам 80 одам нобуд бўлди. Қурбонлар асосан Осиё давлатларида бўлди.

Исроил Бош вазири вазифасини вақтинча бажараётган Эхуд Элмерт АҚШнинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича вакили билан учрашди.

Қуддус шаҳридаги сўзлашувда яқинлашиб келаётган Фаластин парламентига сайловлар масаласи муҳокама этилди. Фаластинда сайловлар 25 январ куни ўтказилиши режалаштирилган.


Исроил Бош вазири Ариел Шарон ҳозиргача хушига келгани йўқ.

Шифокорлар тўққиз кун олдин миясига қон қуйилган Шароннинг аҳволини оғир, дея баҳоламоқда. Номи ошкор этилмаган манъбага асосланиб Исроилдаги ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, Шаронни уйғотиш йўлидаги уринишлар натижа бермагани шифокорларни ташвишга солмоқда.
Айни пайтда, жума куни Исроил Ташқи ишлар вазири Силван Шалом март ойида ўтказиладиган сайловга тайёргарлик доирасида истеъфога чиқди. Ундан олдин Ликуд партияси аъзоси бўлган уч вазир истеъфога чиққан эди.

Ироқнинг Мосул шаҳри яқинида АҚШ ҳарбий вертолёти ерга қулади.

Оқибатида икки ҳарбий учувчи нобуд бўлди. АҚШ ҳарбийларига кўра, нобуд бўлганлар жасадлари топилган.
АҚШ армияси генерали Жон Вайнес вертолёт исёнчилар томонидан уриб туширилгани тахмин қилинаётганини билдирди. 7 январ куни Ироқда АҚШ вертолёти ерга қулагани оқибатида 12 ҳарбий нобуд бўлган эди.

Россия жанубидаги Краснодар ўлкасида йўловчи автобус билан электр поезд тўқнашиб кетди.

Оқибатда 22 одам нобуд бўлди, 5 нафари яраланди. Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги вакили Виктор Белцовга кўра, автобус завод ишчиларини олиб кетаётган бўлган. Аммо Россия ахборот агентликлари тарқатган дастлабки хабарларда нобуд бўлганларнинг аксарияти болалар экани билдирилган.

Покистон расмийлари Афғонистон чегарасига яқин Бажур қишлоғига жумага ўтар кечаси ракета ҳужуми уюштирилганини билдирди.

Маълумотларга кўра, ҳужум оқибатда 17 одам нобуд бўлган. Қишлоққа ким ҳужум уюштиргани ҳозирча номаълум. Расмийлар ракеталар Афғонистон томонидан отилганини айтмоқда. Баъзилар эса ҳужум учун АҚШ ҳарбийларини айбламоқда. АҚШ ҳарбийлари эса ҳужумдан бехабар эканликларини ва минтақада америкаликлар операциялар ўтказмаётганини билдирдилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи икки нуфузли халқаро ташкилот Қирғизистон ҳукуматидан тўрт ўзбек қочқинини экстрадиция қилмасликни сўради.

Лондондаги Халқаро Амнистия ташкилоти ўз баёнотида Ўзбекистонда қийноқлар одатий хол экани ва қочқинларни бундай ҳукумат ихтиёрига топшириш халқаро меъёрларга зид келишини айтган. Аввалроқ Ню Йоркдаги Хьюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам бу борада Қирғизистон раҳбариятига мактуб йўллаган ва тўрт ўзбек қочқинини адолатли суд инкор этиладиган Ўзбекистонга топширмасликни сўраган. здаги маълумотлар Ўзбекистонда адолатли судлов имконлари йўқлигини кўрсатмоқда ва қочқинларнинг бундай давлатга топширилиши халқаро қонунчиликка зиддир",- дея билдирган Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг қочқинлар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бўлими раҳбари Билл Флерок. Айтилаётган тўрт ўзбек қочқини ўтган йил май ойида Андижонда зўравонликлар рўй берган пайтда қўшни Қирғизистонга қочиб ўтишган ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар идораси уларга қочқин мақомини берган. Ўзбекистон томони уларни экстрадиция қилишни сўраб Бишкек ҳукуматига мурожаат этган. Гарчи Тошкент расмийлари улар қийноққа солинмасликларини билдирган эса-да, Халқаро Амнистия вакиллари бу кифоя эмаслигини айтмоқда.

Россия президенти Владимир Путин бугун Остонада қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Иккала президент ёнилғи ресурслари ҳамда давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқ масалаларини мухокама қилганлар.
"Учрашув якунида Нурсултон Набишевич билан Россия ва Қозоғистон давлат чегаралари тўғрисидаги ратификация ёрлиқлари билан алмашдик. Бу давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда тарихий воқеадир", - деди Россия президенти Владимир Путин.
Россия раҳбари Остонага Нурсултон Назарбоевнинг инаугурация маросимида қатнашиш учун келган ва Қозоғистонни энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга чақирган эди. Назарбоев Путин билан бўлган музокаралардан қониқиш хосил қилганини ва ўзининг навбатдаги президентлик муддатида қилажак илк хориж сафарини Россиядан бошлашини билдирди.

Бишкек шаҳар прокурори Учқун Каримов айрим журналист ва сиёсатчиларни Қирғизистон президенти шаъни ва обрўсини асоссиз камситганликда айблади ва бу тоқат қилиб бўлмас хол эканини айтди.

"Кубанч Апас газетага мамлакат депутатлари Жиргалбек Сурабалдиев ҳамда Усен Кудайбергеновларни ўлдришни Бакиев уюштирган, деб ёзибди. бу маълумотлар асоссиз", - деди Бишкек прокурори Учқун Каримов.
Агар, журналстлар бундай асосиз маълумотларни яна тарқатадиган бўлсалар, суд олдида жавоб берадилар, деб огоҳлантирди Учқун Каримов.
Қирғизистонлик журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Бишкек шаҳар прокурорини бундай баёноти учун танқид қилиб чиқдилар. Қирғизистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Акун прокурорнинг бу баёноти Аскар Акаев даврини эслатди деб айтди.

Украина президенти Виктор Юшченко мамлакат парламентидан жорий ҳукуматни тарқатиб юбориш қарорини бекор қилишни сўради.

"Бугун мен парламент номига ноконституциявий қарорини бекор қилиш сўралган шикоят аризасини имзоладим", - деди Юшченко.
Пайшанба куни Украина Олий Радаси Бош вазир Юрий Ехануров бошлиқ ҳукуматни Россия билан юзага келган газ можароси сабаб тарқатиб юбориш учун овоз берган эди. Украина президентига кўра, депутатларнинг бундай талаб билан чиқиши мамлакат конституциясига зиддир ва парламент зудликда бу қарорни бекор қилиши керак.

Бугун Маккада шайтонга тош отиш рамзий маросими пайти тиқилинчда ҳалок бўлган мусулмонлар сони 345га етди.

Бу ҳақда Саудия арабистони Соғлиқни сақлаш вазири маълум қилди. Шунингдек юзлаб одамнинг жароҳат олгани хабар қилинмоқда. Аммо ҳалок бўлганлар улар қайси давлат фуқаролари экани борасида ҳозирча аниқ маълумот айтилмаяпти. Шайтонга тош отиш Ҳаж ибодатининг энг хавфли амали ҳисобланади. 2004 йилда 250 мусулмон шайтонга тош отиш пайти ҳалок бўлган эди.

Беслан мактабида болалар гаровга олиниши билан боғлиқ воқеалардан кейин қўлга олинган ягона айбланувчи устидан маҳкама бугун Шимолий Осетияда қайтадан бошланди.

Айбланувчи Нурпаши Қулаевга одам ўлдириш ҳамда террорчилик билан боғлиқ тўққизта айб қўйилмоқда. Келиб чиқиши этник чечен бўлган 24 яшар Қулаевнинг ўзи 2004 йилнинг сентябрида болаларни гаровга олишда қатнашганига иқрор бўлгани айтилади. Унинг устидан маҳкама ўтган йил май ойида бошланган.

Бундан 25 йил аввал Рим Папаси Иоан Павел Иккинчини ўлдирмоқчи бўлган турк фуқароси Меҳмет Ағжи бугун Истамбулда озодликка чиқарилди.

Ағжи умрининг 19 йил Италия қамоқхонасида, 6 йил Истамбул қамоқхонасида жазо муддатини ўтади. У 1981 йилда Рим шаҳрида Рим Папасига қарата ўқ узган ва уни ярадор қилган эди. 2000 йилда Италия ҳукумати Меҳмет Ағжини авф этди. Рим папаси Иоан Павел Иккинчи Ағжини кечириш учун қамоқхонага шахсан бориб уни зиёрат қилганди.

Британия, Франция ва Германия Эрон ўзининг ядровий сиёсатини ушбу масала БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширилмасидан олдин ўзгартириши кераклигини билдирди.

Бундай баёнот Европанинг ушбу уч давлати ташқи ишлар вазирлари ҳамда ЕИ расмийлари бугун Берлинда учрашиб, Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалани мухокама қилаётган пайтда айтилди. Учрашув олдидан Британия Бош вазири Тони Блэр ядровий тадқиқотларини қайта бошлаган Теҳронга нисбатан эҳтимолий санкциялар қўллаш борасида БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат этиш таклифини илгари сурган. Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро бунинг "эхтимоли жуда юқори" эканини айтди.
"Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқишнинг эхтимоли жуда катта. Лекин, Атом Энергияси бўйича халқаро агентлик бошқарув кенгашида фавқулодда учрашув ўтказилиши учун уни Франция, Германия, Британия, қолаверса, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича масъули Хавьер Солананинг аралашуви талаб этилади", - деди Жэк Стро.
Россия бундай таклифга қаршилик кўрсатмасилиги айтилмоқда. АҚШда чиқадаган "Вашингтон пост" газетасининг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги ишончли манбаага таяниб ёзишича Сергей Лавров бу борада АҚШлик ҳамкасби Кондолизза Райсга кафиллик берган.
Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Лавров Россия, АҚШ, Хитой ҳамда Европа Иттифоқи расмийлари келаси хафта Лондонда Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ масалани мухокама этиш учун "фавқулодда маслаҳатлашув"га тўпланишини билдирди. Россиянинг "Эхо Москви" радиоси мухбири билан суҳбатда Лавров, шунингдек, Эроннинг Натанздаги уранни бойитиш заводини ишга тушириши халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эмас деб айтган. Аввалроқ, Россиянинг бошқа бир мартабали расмийси Эроннинг ядровий тадқиқотларни қайта тиклаганидан хавотир изҳор этган.
Эроннинг ядровий дастури бундан икки йил илгари расмий Теҳроннинг ўз ихтиёри билан тўхтатиб қўйилганди. Эрон халқаро норозиликка қарамасдан Натанздаги уранни бойитиш заводи эшикларини очган. "Қайта тикланган ишлар фақат тадқиқот мақсадларини кўзлайди", - деган Эрон вакили Муҳаммад Саидий. Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи Эрон ядровий тадқиқотларни қайта бошлаганини қоралаб чиққан.
"Бундан икки ярим йилча олдин Эрон ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага хилоф тарзда ўз ядровий дастури устида ишларни бошлаганида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Теҳрон ишини Хавфсизлик Кенгашига ошириши мумкин эди. Лекин биз Эрон ядровий тадқиқотларини тўхтатар деган, умидда биз бу ишнинг БМТ даражасига кўтарилишини хоҳламагандик. Эрон шартноманинг асосий қисмини бузмоқда", - деди Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро.
АҚШ ҳукумати ҳам Эрон ядровий тадқиқотларни қайта бошлаши ортидан "халқаро ҳамжамиятнинг Теҳронга нисбатан эҳтимолий санкциялар қўллашни сўраб БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат этишидан бошқа иложи қолмади", деб айтган.

Осиё давлатлари парранда гриппи тарқалиши олдини олиш учун чораларни янада кучайтириши керак.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бугун Токиода ўтган фавқулодда йиғинида шундай талаб айтилди. Осиёнинг 20 давлати соғлиқни сақлаш расмийлари бу учрашувда қатнашган. 2003 йилда камида 78 одам парранда гриппидан нобуд бўлган эди. Яқинда эса ушбу касалликнинг Туркияда қайд этилиши бу борада янги ховотирларни уйғотди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг минтақавий раҳбари Шигеру Оми парранда гриппи Туркияда уч киши ёстиғини қуритганига қарамай Осиё минтақаси ушбу хавфли касаллик ўчоғи бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Остона шаҳрида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Қасамёдга келтириш маросимида сўзлаган нутқида Қозоғистон президенти жумладан бундай деди:
- Келаси 10 йиллик давомида Қозоғистонни дунёдаги энг рақобатбардош 50 давлат сафига қўшиш анчадан бери ўйлаб юрган мақсадимдир. Мамлакатнинг тараққий этганлиги нафақат иқтисодиёт, нафақат жон бошига тўғри келадиган даромаднинг миқдори билан ўлчанади. Мен мамлакат ривожланиши бўйича тўрт ўлчовни назарда тутаяпман. Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ўлчовлардир улар. Биз бу соҳалар бўйича муштарак дастур ишлаб чиқишимиз зарур. Бундай дастур ўз ичига жиддий иқтисодий, маъмурий, сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотларни қамраб олади.
Назарбоев 4 декабрь куни мамлакат президентлигига қайта сайланган эди.

Маросимдан сўнг унда иштирок этган давлат раҳбарларининг учрашувлари, хусусан, Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Виктор Юшченколарнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ҳар иккала раҳбар Россия ва Украина ўртасида газ бўйича имзоланган шартномани ўзаро фойдали келишув, деб тан олди.

Халқаро ҳамжамият Эроннинг ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қароридан чуқур ташвиш билдирмоқда.

Оқ уй вакили Скот МакКлеллан Вашингтонда бундай баёнот берди:
- Агар Эрон шу йўлдан бораверадиган бўлса ва биз музокаралардан энди фойда йўқ, деган қарорга келсак, халқаро ҳамжамият навбатдаги қадамни ташлашга тайёр.
Европа Иттифоқи эса Эроннинг ҳаракатларини "жиддий хато", деб баҳолади.
Россия Теҳронни бойитилган уран ишлаб чиқаришга нисбатан жорий қилинган мораторийни қайта тиклашга ва музокаралар даврасига қайтишга чақирди.
Буюк Британия Бош вазири Тони Блэр Эрон масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши кун тартибига чиқариш юзасидан бошқа давлатлар лидерлари билан биргаликда ҳаракат қилажагини билдирди.
- Эрон ядровий дастур бўйича ўз фаолиятини қайта тиклаш тўғрисидаги қароридан Ғарбнинг кескин танқидига қарамай ортга чекинмайди.
Эроннинг бундай баёнот билан чиқиш қилган собиқ президенти Али Рафсанжоний Ғарбни "кейин пушаймон қилиб қолмаслик учун, Эронга босим ўтказишда ҳаддан ошиб кетмаслик керак", деб огоҳлантирди.
(суратда Натанздаги уранни бойитиш заводи)

Исроил Бош вазири Ариэль Шароннинг ҳаётига бевосита хавф йўқолди, деб ҳисобламоқда докторлар.

Бош вазирни наркоз билан таъминлаш батамом тўхтатилди ва у секин-аста сунъий кома ҳолатидан чиқмоқда. Шарон танасининг ўнг томони ҳам, чап томони ҳам ишлаяпти. У ўғилларининг овозини танияпти.
Бироқ Шароннинг организмига бир ҳафта аввал юз берган инсульт қандай таъсир кўрсатганлиги бир неча кундан кейингина аниқланиши мумкин.

БМТ парранда гриппининг Туркияга қўшни давлатларга тарқалишидан огоҳлантирди.

Туркиянинг бир неча минтақасида уй паррандаларининг ёппасига касалга чалингани аниқланди.
Парранда гриппига одамлар ҳам чалиниб, уч нафар ёш бола нобуд бўлди.
Бироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили бундай баёнот берди:
- Ваҳимадан фойда чиқмайди, аксинча у фақат зарар келтиради. Мен Туркияга сафар қилаётганлар учун ҳеч қандай хавф йўқлигини ўзимнинг мисолимда одамларга кўрсатиб қўймоқчиман.
Айни пайтда Туркияга қўшни давлатлар парранда гриппи тарқалишининг олдини олиш учун ошиғич чоралар кўрмоқда.
Европа комиссияси тиббий анализ лабораторияси ташкил қилиш учун икки миллион евро ажратмоқда.
Франция ва Италияда эпидемия хавфига қарши кураш режаси ишлаб чиқилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG