Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:29

Халқаро хабарлар

Ироқда бугун амалга оширилган портлашлардан камида 7 киши нобуд бўлди.

Ироқ полициясининг хабар қилишига қараганда, Бағдоддан шимолда жойлашган Холис шаҳрида 5 киши ҳалок бўлди. Улар кетаётган автомобиль суннийлар партиясининг маҳаллий ваколатхонаси олдига қўйилган минага учраган.
Бағдоднинг ўзида амалга оширилган икки портлашдан икки полиция ходими нобуд бўлди.
Тикрит шаҳри яқинида бугун эрталаб 3 киши ўғирлаб кетилди. Улардан бири - полиция ходими.

Россия президенти Владимир Путин, агар Украина 2006 йилнинг апрелидан газ ҳақини бозор нархларида тўлашга рози бўлса, янги йилнинг биринчи чорагида бу мамлакатга газни аввалги нархларда етказиб бериш тўғрисида фармойиш берди.

Акс ҳолда 1 январь тонгида Россия Украинага газ беришни тўхтатиб қўйиши мумкин.
"Газпром" раҳбари Алексей Миллернинг айтишича, агар Москва билан Киев ўртасида шартнома имзоланмаса, 1 январь куни Москва вақти билан эрталаб соат 10да Украинага табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.
Россия янги йилдан бошлаб ҳар минг куб метр гази учун Украинадан 230 доллар талаб қилаяпти.
Украина расмийлари фикрича, талаб қилинаётган нарх иқтисодий жиҳатдан асоссиздир.
Президент Виктор Юшченкога кўра, Киев Россия газининг ҳар минг куб метри учун кўпи билан 80 доллардан тўлаши мумкин.
- Украина нима 230 доллардан тўлаши керак экан? Болтиқбўйи мамлакатлари 120 доллардан, Белоруссия 46 доллару 68 цент, Туркия 100, Кавказорти республикалари 100-110 доллардан тўлаяпти. Украина бу мамлакатларга қараганда Россия чегарасига энг яқин жойлашган давлат. Демак, газни етказиб беришга кўп ҳаражат талаб қилинмайди. Хўш, нима учун биз 230 доллар тўлашимиз керак, - деди Виктор Юшченко.

Россия Бош прокуратураси Атом саноати вазирлигининг собиқ раҳбари Евгений Адамовга расмий айблов эълон қилди.

Собиқ вазир фирибгарлик билан катта миқдордаги маблағни ўзлаштирганликда ҳамда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда.
Пайшанба куни, Швейцария суди Атом саноати вазирлиги собиқ раҳбарини Россия маъмурларига топшириш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг, уни Швейцариядан Москвага олиб келиб, "Матросская тишина" тергов ҳибсхонасига қамагандилар.

Янги йилни биринчи бўлиб Австралия ва Янги Зеландия аҳолиси кутиб олди.

Минглаб сиднейликлар шаҳар марказида мушакбозлик уюштирди, концерт томоша қилди.

Сурия мамлакатнинг собиқ бош вазири ва етакчи "Баас" партияси аъзоси Абдулхалим Хаддамнинг баёнотига кескин акс садо берди.

Хаддам, жума куни қилган баёнотида, Сурия президенти Башар Асад Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйга унинг ўлимидан бир неча ой илгари таҳдид қилган эди, деган эди.
Сурия парламенти аъзоларидан бири Хаддамни хоинликда айблади ва уни судга тортишни таклиф қилди.
БМТнинг Ливан собиқ бош вазири ўлдирилиши юзасидан текширув ўтказган махсус комиссияси бу жиноятга Суриянинг алоқаси борлиги тўғрисида аввалроқ баёнот берган эди.

АҚШ президенти Жорж Буш маҳбусларга зулм ўтказиш ва уларга нисбатан ҳақоратомуз муомалада бўлишни тақиқловчи қонунни имзолади.

АҚШ Конгресси аъзоларининг ҳам республикачилар, ҳам демократлардан иборат кўпчилиги маҳбусларни қийноққа солишнинг ҳар қандай кўринишини тақиқловчи қонун лойиҳасини яқинда маъқуллаган эди.
Террорчиликда гумон қилиб қамоққа олинганларни АҚШ ҳарбийлари қийнаганлиги тўғрисида жаҳон оммавий ахборот воситаларида кўплаб материаллар чоп этилган.

Жорж Буш ва Тони Блэрнинг Янги йил мурожаатномаларида Ироқ ва Афғонистоннинг тинчлик ва демократия сари қилаётган ҳаракатларига бундан буён ҳам кўмак кўрсатажаклари таъкидланади.

АҚШ президенти ўз мурожаатида Ироқ ва Афғонистонда бу йил ўтказилган сайловларнинг аҳамиятини алоҳида белгилади.
Буюк Британия бош вазири Тони Блэр, ўз мурожаатида, 7 июль куни Лондонда амалга оширилган террористик ҳуружни эсга олиб, Британия террорчиликка қарши кураш йўлидаги ҳаракатларини сусайтирмайди, деди.

"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти Белоруссия прокуратурасининг журналист Вероника Черкасованинг ўлдирилиши юзасидан олиб борилаётган терговни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорини қоралади.

Касаба уюшмаларининг нашри, "Солидарность" мустақил ҳафталиги ходимаси Вероника Черкасова 2004 йил октябрида Минск шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилган эди.
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти баёнотида журналистнинг ўлдирилиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган тахминни тергов текшириб кўришга ҳатто ҳаракат ҳам қилмади, дейилади.
Баёнотда таъкидланишича, Черкасова ўлими юзасидан тергов охирига етмаган белоруссиялик биринчи журналист эмас.

Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевни Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган беш нафар ўзбекистонликни ўз ватанига экстрадиция қилмасликка чақирди.

Хюман Райтс Уотч президент Бакиевга йўллаган мактубда БМТ улардан тўрт нафарига қочқин мақоми бергани билдирилади. Бешинчи қочқин эса Қирғизистондан сиёсий бошпана сўраган.
Мактубда Хюман Райтс Уотч ташкилоти раҳбари Холли Картнер президент Бакиевни ўз мамлакатининг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятини бажаришга ҳамда Қирғизистондан бошпана топган ўзбек қочқинларини ҳимоя қилишга чақирди.

Газ нархи масаласида Россия ва Украина ўртасида бўҳрон юзага келганидан сўнг Европа Иттифоқи 4 январ куни Иттифоққа аъзо давлатлар энергетика вазирликлари расмийлари учрашувини ўтказишга қарор қилди.

Брюссел шаҳрида бўладиган йиғилишга Европа Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича мутасаддиси Андрис Пайбалгс раислик қилади.
Аксарият Европа давлатлари Россия газини Украина ҳудуди орқали ўтган қувурлар орқали олади.

Украина билан газ нархи масаласида юзага келган бўҳрон давом этар экан Россия харидор давлатларни газ таъминотида узилиш бўлмаслигига ишонтирди.

Россиянинг Газпром ширкати агар Украина ҳудуди орқали ўтган қувурдан газ ноқонуний тарзда олиб қолинса, унга жавобан кескин ва қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Газпром раиси Алексей Миллиер шундай баёнот берди: “Агар янги йилгача қолган соатлар ичида Украина газ сотиб олиш тўғрисидаги шартномани имзоламаса, 1 январ куни Москва вақти билан соат эрталаб 10да Россия Федерацияси ҳудудидан Украинадаги истеъмолчиларга газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилади ”, – деди Газпром вакили.
Ҳозирга қадар Украина Россиядан ҳар бир минг куб метр газни 50 доллардан сотиб олаётган эди. Газпром 1 январдан бошлаб газ нархини 220 долларга оширишини билдирди.
Икки мамлакат расмийлари ўртасидаги сўзлашувлар 30 декабр куни ҳам Москвада давом этди.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев мамлакатда ўлим жазосига жорий этилган мораторий муддатини узайтирди.

Президент матбуот хизматининг 30 декабр куни маълум қилишича, Бакиев икки ой ичида ўлим жазосини умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини ҳукумат зиммасига юклаган. Қирғизистон 1998 йилда ўлим жазосига мораторий эълон қилган ва ўшандан бери унинг муддати узайтириб келинаётган эди.

Россия Атом энергияси агентлиги раҳбари Сергей Кириенко феврал ойида Эронга боради.

У Бешеҳр шаҳрида Россия ёрдамида қурилаётган атом станциясини бориб кўради. Кириенко Эрон расмийлари билан атом станция учун уранни бойитиш тўғрисидаги Россия таклифини муҳокама қилади.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия таклифини қўллаб-қувватлаган. Теҳрон расмийлари мазкур таклифни ўрганилаётганини билдирди.

Миср ва Ғазо Сектори ўртасидаги чегара текширув пункти 30 декабр куни қайта очилди.

Мазкур текширув пункти юзга яқин фаластинлик полиция ходими Рафақ шаҳрига олиб борувчи асосий йўлни тўсиб қўйганидан кейин ёпилган эди. Полициячилар Жанубий Ғазодаги жиноятчи гуруҳ бир полиция ходимини ўлдирилганига ўз норозилигини билдирган.

Ироқ Бош вазири ўринбосари Аҳмад Чалобий вақтинчалик мамлакат нефт вазири этиб тайинланди.

Чалобий мамлакатда ёнилғи нархи уч марта оширилишига қарши бўлган Иброҳим Баҳор ал-Улом ўрнини эгаллади.
Айни пайтда, бугун Бағдодга миномёт ҳужуми уюштирилгани оқибатида беш одам нобуд бўлди, 20 одам яраланди. Расмийларга кўра, портлаш автобус бекати яқинида содир бўлган.

Чеченистонда Россия Ички ишлар вазирлигига қарашли қўшинлар талафоти 2005 йилда аввалги йилдагига қараганда тахминан 40 фоизга камайди.

30 декабр куни Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Чеченистондаги Россия Ички ишлар қўшинлари қўмондони генерал Николай Рогожкин шуни журналистларга маълум қилди.
Россия генералига кўра, ҳозирда Чеченистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг 24 минг 600 нафар аскар ва зобити ҳарбий хизматни ўтамоқда.

1 январдан бошлаб Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига Белгия раислик қилади.

Белгия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотга кўра, Белгия ҳукумати ташкилотга раислиги давомида эътиборни Арманистон ва Озарбайдон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ ҳамда Молдованинг Днестр ўлкаларидаги кўп йиллардан бери хал этилмай келаётган можароларни ҳал этиш масаласига қаратиши билдирилган.

Тожикистон шимолида жойлашган Шаҳристон туманида содир бўлган қор кўчкиси оқибатида олти одам нобуд бўлди.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маълумотига кўра, қор ёғаётгани боис пайшанба кунига қадар қутқарувчи гуруҳ нобуд бўлганлар жасадларини қидиришга кириша олмаган.
Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маҳаллий аҳоли ва туристларни 5 январгача мамлакат шимолида жойлашган тоғли минтақага бормаслик ҳақида огоҳлантирди.

Малайзия пойтахти Куала Лумпур шаҳридаги АҚШ элчихонаси хавфсизлик сабабларига кўра 30 декабр куни ёпиб қўйилди.

Элчихонага қандай тахдид бўлгани ҳақида маълумот тарқатилгани йўқ.
Малайзия полициясига асосланиб, Ассошиэйтед пресс ахборот агентлигининг хабар беришича, Куала Лумпурдаги бошқа давлатларга қарашли элчихоналар ёпилмаган.

АҚШ ҳарбийларига кўра, террорчиликда гумон қилиниб Американинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган маҳбуслардан 84 нафари 25 декабрдан бери очлик эълон қилган.

Айрим маҳбуслар адвокатларига кўра, улар қамоқхонадаги шароит ёмонлиги ҳамда маҳбуслар ҳуқуқлари таъминланмаётганидан норозилик тариқасида очлик эълон қилган.
АҚШ расмийларига кўра, ҳозирда Гуантанамо қамоқхонасида 500 нафар маҳбус бор. Уларнинг аксарияти 2001 йил охирида Афғонистонда асирга олинган.

Покистон шимоли-ғарбида жойлашган Кўхистон тоғли минтақасида камида 24 одам кўчкидан нобуд бўлди.

Полиция маълумотига кўра, воқеа юз берган пайтда улар қимматбахо тошлар қидираётган бўлган. Нобуд бўлганлар жасадини қидириб топишда маҳаллий аҳоли ёрдам бермоқда.

Швейцарияда маҳкамага тортилган Россиянинг собиқ Атом энергияси вазири Евгений Адамов Россияга экстрадиция қилинади.

АҚШ Адлия департаменти май ойида Швейцарияда ҳибсга олинган Евгений Адамовни Россиянинг атом ҳавфсизлигини оширишга берилган 9 миллион доллар маблағни ўзлаштиришда айбланган ва унинг АҚШга экстрадиция қилиниши сўраган эди. Швейцариянинг Олий суди чиқарган ҳукм АҚШнинг ушбу сўровини бекор қилади. Маҳкама ҳукмига кўра, Адамов Россия фуқароси бўлгани ҳамда унинг жиноятлари Россия ҳудудида содир этилгани сабабли, у Москвага қайтарилиши лозим.
Индонезия тинчлик битимининг асосий шартини бажариб, Ачеҳ вилоятидан сўнги қўшинларини олиб чиқди.

Исроил Ғарбий соҳилидаги назорат нуқтаси ёнида ўз ўзини портлатган фаластинлик ҳудкуш бомба ҳужумчиси исроил аскари ҳамда яна икки нафар фаластинликни ўлдирган.

Ушбу ҳужум жанубий Тулкарем шаҳри ёнида содир бўлди.
Портлаш оқибатида яна бир неча фаластинлик ва исроиллик фуқаролар яраланган.
Исроил радиосининг хабар беришича, Исломий жиҳод гуруҳи сўнги ҳужумга ўз масъуллигини эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин газ нархи борасида Украина билан кечаётган мунозаралар ҳақиқий инқирозга айланди деб айтди.

Бу ҳақда Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги хабар тарқатди. Хабарга кўра, музокаралар давомида президент Путин Россиядан сотиб олинадиган гази учун, Украинага уч ярим миллиард доллар пулни қарзга беришни таклиф қилди.
Айни пайтда Россия ва Украина ўртасида газ баҳосига оид мунозарали вазиятни ҳал этишга қаратилган музокаралар давом этмоқда.
2006 йилдан бошлаб, Россия Украина учун газ нархларини 4 баробарга қимматроққа сотиш ниятида. Бу эса газнинг жаҳон бозоридаги баҳосидир. Украина ҳукуматига кўра, улар газни жаҳон нархларида сотиб олишга таёр, аммо газ баҳоси бир неча йил давомида босқичма – босқич кўтарилиши лозим.
Украина президенти Виктор Юшенко Россия томони газ учун сўраётган нарҳ номақбуллигини айтар экан, айни пайтда украиналиклар газсиз қолмасликлари учун барча чораларни кўришга ваъда берди.
Давлатлар ўртасида газ масаласида келишувга эришилмаса, шу ҳафта охирида Россия Украинага газ таъминотини тўхтатиб қўйиши мумкин.

Президент Каримов ГУУАМ ташкилоти доирасида имзоланган бир неча ҳужжатларни бекор қилди.

21 декабр куни ўз қарори билан Президент Ялта Хартияси, Савдо-сотиқ ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш тўғрисидаги меморандум ҳамда ГУУАМ ташкилотига аъзо давлатлар уртасидаги ўзаро ёрдам ва божхона масалаларида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни бекор қилди. Бу ҳақда 29 декабр куни маълум бўлди.
Ўзбекистон ГУУАМ ташкилоти доирасида олган халқаро мажбуриятларини бажаришдан бош тортади дейилади қарорда.
Расмий Тошкент 1999 йилда ГУУАМ ташкилотининг аъзо бўлиб кирган. 2002 йилда эса, ташкилот доирасидаги аъзолигини вақтинча тўхтатган эди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ўшанда ўз қарорини, ташкилот ҳаддан зиёд сиёсийлашаётгани ва ГУУАМ аъзолари томонидан қўйилган вазифаларни бажармай келаётгани билан изоҳлаганди.
2005 йил апрел ойида ГУУАМ ташкилоти Қора денгиздан Болтиқ денгизигача демократия учун курашиши ҳақида эълон қилганидан сўнг Ўзбекистон томони ушбу ташкилотда қолмаслигини.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG