Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:26

Халқаро хабарлар

Швейцарияда маҳкамага тортилган Россиянинг собиқ Атом энергияси вазири Евгений Адамов Россияга экстрадиция қилинади.

АҚШ Адлия департаменти май ойида Швейцарияда ҳибсга олинган Евгений Адамовни Россиянинг атом ҳавфсизлигини оширишга берилган 9 миллион доллар маблағни ўзлаштиришда айбланган ва унинг АҚШга экстрадиция қилиниши сўраган эди. Швейцариянинг Олий суди чиқарган ҳукм АҚШнинг ушбу сўровини бекор қилади. Маҳкама ҳукмига кўра, Адамов Россия фуқароси бўлгани ҳамда унинг жиноятлари Россия ҳудудида содир этилгани сабабли, у Москвага қайтарилиши лозим.
Индонезия тинчлик битимининг асосий шартини бажариб, Ачеҳ вилоятидан сўнги қўшинларини олиб чиқди.

Исроил Ғарбий соҳилидаги назорат нуқтаси ёнида ўз ўзини портлатган фаластинлик ҳудкуш бомба ҳужумчиси исроил аскари ҳамда яна икки нафар фаластинликни ўлдирган.

Ушбу ҳужум жанубий Тулкарем шаҳри ёнида содир бўлди.
Портлаш оқибатида яна бир неча фаластинлик ва исроиллик фуқаролар яраланган.
Исроил радиосининг хабар беришича, Исломий жиҳод гуруҳи сўнги ҳужумга ўз масъуллигини эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин газ нархи борасида Украина билан кечаётган мунозаралар ҳақиқий инқирозга айланди деб айтди.

Бу ҳақда Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги хабар тарқатди. Хабарга кўра, музокаралар давомида президент Путин Россиядан сотиб олинадиган гази учун, Украинага уч ярим миллиард доллар пулни қарзга беришни таклиф қилди.
Айни пайтда Россия ва Украина ўртасида газ баҳосига оид мунозарали вазиятни ҳал этишга қаратилган музокаралар давом этмоқда.
2006 йилдан бошлаб, Россия Украина учун газ нархларини 4 баробарга қимматроққа сотиш ниятида. Бу эса газнинг жаҳон бозоридаги баҳосидир. Украина ҳукуматига кўра, улар газни жаҳон нархларида сотиб олишга таёр, аммо газ баҳоси бир неча йил давомида босқичма – босқич кўтарилиши лозим.
Украина президенти Виктор Юшенко Россия томони газ учун сўраётган нарҳ номақбуллигини айтар экан, айни пайтда украиналиклар газсиз қолмасликлари учун барча чораларни кўришга ваъда берди.
Давлатлар ўртасида газ масаласида келишувга эришилмаса, шу ҳафта охирида Россия Украинага газ таъминотини тўхтатиб қўйиши мумкин.

Президент Каримов ГУУАМ ташкилоти доирасида имзоланган бир неча ҳужжатларни бекор қилди.

21 декабр куни ўз қарори билан Президент Ялта Хартияси, Савдо-сотиқ ва транспорт алоқаларини рағбатлантириш тўғрисидаги меморандум ҳамда ГУУАМ ташкилотига аъзо давлатлар уртасидаги ўзаро ёрдам ва божхона масалаларида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни бекор қилди. Бу ҳақда 29 декабр куни маълум бўлди.
Ўзбекистон ГУУАМ ташкилоти доирасида олган халқаро мажбуриятларини бажаришдан бош тортади дейилади қарорда.
Расмий Тошкент 1999 йилда ГУУАМ ташкилотининг аъзо бўлиб кирган. 2002 йилда эса, ташкилот доирасидаги аъзолигини вақтинча тўхтатган эди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ўшанда ўз қарорини, ташкилот ҳаддан зиёд сиёсийлашаётгани ва ГУУАМ аъзолари томонидан қўйилган вазифаларни бажармай келаётгани билан изоҳлаганди.
2005 йил апрел ойида ГУУАМ ташкилоти Қора денгиздан Болтиқ денгизигача демократия учун курашиши ҳақида эълон қилганидан сўнг Ўзбекистон томони ушбу ташкилотда қолмаслигини.

Бағдод ички ишлар вазирлиги ёнида содир бўлган ҳудкуш бомба ҳужуми оқибатида 4 нафар Ироқ полициячиси ҳалок бўлди.

Бағдоддаги Ал-Кинди касалхонаси ходимига кўра, яна беш нафар полициячи жароҳатланган.

Озод Ачеҳ харакати исёнчилари ўзларининг ҳарбий қанотини тарқатиб юборганидан сўнг, 29 декабр куни Индонезия ўзининг минтақада қолган 2500 нафар аскарини олиб чиқиш ваъдасининг устидан чиқди.

Аскарлар Ачеҳ вилоятини тарк этар экан, қуроллари ва кийимларини елкасига осиб, қўшиқлар билан кемаларга жойлашдилар.
Ушбу тинчлик битими ҳукумат кучлари ҳамда исёнчилик ҳаракати ўртасида 30 йилдан буён давом этиб келган курашга нуқта қўяди.
Ачеҳ вилоятига тўла муҳторият берувчи ушбу битим асосида у ердан 25 минг Индонезия аскарлари олиб чиқилди.

Иккинчи Жаҳон урушида нацистларнинг концентрацион лагерида қўриқчи сифатида хизмат қилганликда айбланган, 85 ёшли асли украиналик Жон Демянюк АҚШ федерал судьяси ҳукмига кўра, ватанига депортация қилинади.

Демянюк 35 йилдан буён ўзининг депортациясига қарши курашиб келди. Унга кўра, концентрацион лагерда у қўриқчи эмас, балки ҳамма қатори маҳбус бўлган. Аммо ўтган муддат давомида Демянюк “Даҳшатли Иван” лақабли энг беаёв қўриқчи бўлганликда айблаб келинган.

Россияда бир одам бугун ўз ўзини масжид ёнида портлатиб юборди.

Портлаш Доғистон пойтахти Махачкала шаҳрида рўй берди. Маҳаллий полицияга кўра, бу одам белбоғ билан портловчи моддаларни танасига боғлаган, портлаш эса тасодифан содир бўлган бўлиши мумкин.
Ушбу ҳодиса Доғистон ички ишлар вазири ўринбосарининг отиб ўлдирилган ўғлига жаноза айтилаётган жой яқинида содир бўлди.

Жанубий кореялик олим Хванг Ву-Сук фаолиятини текширган гуруҳ Жаноб Хванг ва унинг илмий гуруҳи сунъий инсон эмбриони ҳужайрасини яратганликлари тўғрисида далил мавжуд эмас деган хулосага келган.

Хванг ўз ватанида ва олимлар жамоаси орасида илк бор клонлаштирилган ҳужайра яратган қаҳрамон сифатида олқишланган эди. 2005 йилда доктор Хванг томонидан бунинг эълон қилиниши инсон аъзоларини яратишга ёрдам бериши мумкин булган тиббиёт оламидаги жиддий ривожланиш деб қаралганди. 25 декабр куни эса, Сеул Миллий университети томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Хвангнинг ушбу ютуғини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Текширув гуруҳининг ҳулосасидан сунг, кореялик олим жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Хорватия маҳкамаси 1990 йилда уруш жиноятларини содир этганликда айблаб, Слободан Давидовични 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Слободан Давидович 1995 йилда Боснияда 6 нафар Серебреница мусулмонини қатл этишда, ҳамда 1991 йилдаги серб-хорват урушида хорватиялик маҳбусларни қийноққа солиш амалиётида иштирок этгани учун жазоланди.
Босния серблари қўшинлари 1995 йилда Серебреницани эгаллаган пайтда 7 мингдан зиёд мусулмон эркак ва болаларни ўлдирган эди.

28 декабр куни Бағдод шаҳридаги кучайтирилган тартибдаги қамоқхонада содир бўган отишма оқибатида 8 киши ўлдирилди.

АҚШ мудофаа кучлари томонидан эълон қилинган хабарда айтилишича, 16 нафар маҳбус қурол сақланган жойга бостириб бориб, бир неча дона қуролни қўлга киритган. Хабарларга кўра, юзага келган отишма натижасида камида 4 нафар ироқлик қамоқхона қўриқчиси ва 4 нафар маҳбус ўлдирилган. АҚШ кучларининг айтишича, ҳодиса қамоқхонадан қочиш мақсадида уюштирилганига қарамасдан, бирор бир маҳбус қочишга муваффақ бўлмаган.

Россия терговчилари ўтган йилги Бесландаги мактабнинг гаровга олиш ҳодисаси масъулиятини қисман Шимолий Осетия милициясига юклади.

Уларга кўра, агар милиция берилган йуриқномалар асосида иш юритганда, болаларнинг гаровга олинишининг олдини олиш мумкин эди. Парламент тергов гуруҳи раҳбари Александр Торшиннинг 28 декабр куни айтишича, болалар гаровга олинган пайтда юзага келган таранг вазиятни ҳал этиш борасида жуда кўп хато ва камчиликларга йул қўйилган.
Парламент аъзолари олдида сўзга чиққан Александр Торшин, Россия ички ишлар вазирлиги 1 сентябр куни хавфсизликни кучайтириш буйруғини берганига қарамай, Шимолий Осетия милицияси бу борада чора кўрмаганини айтди.
“Гаровга олинганларнинг тахминий сони 1 сентябр кунининг биринчи яримидаёқ маълум бўлди. Бироқ мансабдорлар матбуот вакилларига 354 нафар одам гаровга олингани ҳақида маълумот бериб турдилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ҳамкорлик жуда суст бўлганди. Мактаб атрофини ўраб олган кучлар маҳаллий аҳолининг бинога яқинлашиб, ўзича болаларини қутқаришга ҳаракат қилишига йул қўйган ва мактабга қараб ўт очишган. Хато ва камчиликлар рўйхатини яна узоқ давом эттиришим мумкин”, - деб айтди Александр Торшин.
Эслатиб ўтамиз, 2004 йил биринчи сентябр куни Чечен бўлгинчиларига алоқаси бор деб айтилган жангарилар гуруҳи Бесландаги мактабни гаровга олишган эди. Уч кун давом этган қуршов оқибатида 330 нафар одам нобуд бўлди. Уларнинг аксарияти ёш болалар.

Ўзбекистон Олий суди 13 май куни Андижондаги воқеаларига алоқадорликда айбланган милиция ходимлари, ҳарбийлар ҳамда шифокорлардан иборат яна 11 кишини 18 ойдан 11 йилгача бўлган турли қамоқ жазоларига ҳукм этди.

Милиция ходимлари ҳамда ҳарбийлар ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарашда айбландилар. Икки нафар тиббиёт ходими эса, Андижондаги ғалаёнларга бош бўлгани айтилаётган қамоқдаги Акром Йўлдошевга уяли телефон киритиб беришгани учун жазога тортилди.

Америка Қўшма Штатлари Польша ҳукуматининг яна бир йил давомида ўз қўшинларини Ироқда қолдириш қарорини ҳуш қаршилади.

АҚШ давлат департаменти воизи Адам Ирели, Польшанинг Ироқда ўзоқ қолиши яхши деб айтган.
Польша ҳукумати 2006 охирига қадар ўз қўшинларини олиб чиқмасликка қарор қилган. Аммо ҳарбийларнинг сони бир оз қисқартирилиши режалаштирилмоқда. Польшанинг собиқ ҳукумати эса, бир неча ҳафта ичида қуролли кучларини Ироқдан олиб чиқиши ҳақида баёнот берган эди.

5 нафар полициячини ўлдирган саудиялик Муҳаммад Абдураҳмон Ас-Сувайлми ўз жароҳатларидан вафот этди.

Саудия Арабистони ички ишлар вазирлигига кўра, Муҳаммад Абдураҳмон Ал-Қоидага алоқаси бўлган, 36 нафар жангарилар рўйҳатидан жой олганди.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, полиция кучлари 27 декабр куни Шимолий Қосим вилоятида содир этилган отишмадан қочган яна бир жангарини ўлдирган.
Аввалроқ мазкур қуролланган одамлар полиция назорат ўтказиш нуқтасига мошина билан бостириб бориб, 3 нафар полициячини ўлдирдилар. Сўнг қўшни Бураида шаҳарчасида ҳам икки нафар полициячини отиб ўлдиришганди.

Украина Бош вазири Юрий Ехануровнинг айтишича, Россия томони Украина учун белгилаётган янги газ нархлари номақбул ва бу Украина иқтисодиётига босимдир.

Ехануров газ борасида Россия ва Украина ўртасида кечаётган мунозара, бориб-бориб халқаро маҳкамада якун топиши мумкинлигини айтмоқда. Айни пайтда Москвага келган Украинанинг Ёнилғи ва энергетика вазири Иван Плачков, Россиянинг раҳбарлари билан газ нархлари борасида музокараларни давом эттиради.
2006 йилдан бошлаб, Россия Украина учун газ нархларини 4 баробарга қимматроққа сотиш ниятида. Бу эса газнинг жаҳон бозоридаги баҳосидир. Украина ҳукуматига кўра эса, улар газни жаҳон нархларида сотиб олишга таёр, аммо газ баҳоси бир неча йил давомида босқичма – босқич кўтарилиши лозим.
Ўзбекистон раҳбарияти билан газ экспортига оид шартнома имзолаган Россия бутун Марказий Осиё гази экспорти устидан назоратни қўлга киритди. Бу эса тахлилчиларга кўра, бугунги кунда Россияга газ борасида Украинага босим ўтказишга имкон беряпти.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси 14 минг маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги амнистия лойиҳасини қабул қилган.

Амнистия парламентнинг юқори палатаси ҳамда президент Назарбоевнинг тасдиқидан ўтгандан сўнг, енгил жиноятларни содир этганлар, маҳбус аёллар ҳамда ёши катталар озод этилади.

АҚШ ҳарбий манбалари 28 декабр куни Афғонистоннинг шимоли-жанубида содир бўлган бомба портлаши оқибатида бир нафар америкалик ҳамда Афғон ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Яна икки нафар америкалик аскарнинг яралангани айтиляпти.
Жорий йил давоми Афғонистонда 50 нафар АҚШ ҳарбийси ҳалоқ бўлган. Жорий ойда расмий Пентагон Афғонистондаги аскарларнинг сонини жиддий қисқартириш режасини ошкор этганди.

Исроил ҳарбий вертолётлари Ғазо Секторидаги объектларга зарба берди.

Исроил ҳарбийларига кўра, Фаластиндаги “ал-Ақса” жанггари гуруҳи аъзолари Исроилга қарши ракета ҳужуми уюштиришининг олдини олиш учун шундай чора кўрилган. Исроил ҳарбийлари ҳужуми оқибатида талафот йўқлиги айтилмоқда. Душанба куни Исроил ҳукумати фаластинлик жанггарилар ҳужумини тўхтатиш мақсадида Ғазо сектори шимолида хавфсизлик зонаси ташкил этилишини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов истефога чиққанини эълон қилди.

Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Илларионов Россияда иқтисодий эркинлик йўқлигини айтди. Униниг фикрича, сиёсий режим ўзгаргани боис бундан буён Россия эркин ва демократик давлат эмас. Илларионов президент Путиннинг иқтисодий соҳада олиб бораётган сиёсатига ўз норозилигини билдириб келаётган эди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Украина ҳукуматини Россия ҳарбий флоти фойдаланаётган Қрим ярим оролидаги Севастопол порти ижара ҳақини оширмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

“Совет Иттифоқининг Қора денгиз флотини бўлиб олиш тўғрисидаги келишув Россия-Украина ўртасида эришилган катта шартноманинг ажралмас қисмидир. Икки давлатнинг бир-бири чегараларини тан олиши эса келишувнинг иккинчи қисмини ташкил этади. Шу боис, бу келишувни қайта кўриб чиқишга уриниш менимча, ўлим билан тенг,” – деди Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов.

Қирғизистон Бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев собиқ президент Асқар Ақаевнинг ўғли Айдар жиноий айблов бўйича Қирғизистонга экстрадиция қилиниши кераклигини Россия расмийларидан сўраганини маълум қилди.

Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қўнғантиев Айдар Ақаевнинг Россияда экани ва у қўлга олиниши кераклигини айтди. Айдар март ойида рўй берган исён пайтида ўз оила аъзолари билан Қирғизистонни тарк этган. Қирғизистон ҳукумати уни товламачилик ва ноқонуний йўллар билан топилган пулларини қонунийлаштирганликда айбламоқда. Айдар ва унинг оила аъзолари бу айбловларни рад этмоқда. Айдар Ақаев парламент аъзоси. Бироқ Қирғизистон ҳукумати унинг депутатлик дахлсизлигини бекор қилиб, унинг устидан жиноий иш қўзғатишга йўл очди.
Шунингдек, Қирғизистон Бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев собиқ Мудофаа вазири Эсен Топоев ҳам коррупцияда айбланиб қидирилаётганини билдирди.

Толибон ҳаракатининг юқори лавозимли расмийси Афғонистонда яна янги ҳудкуш ҳужумлар уюштирилишидан огоҳлантирди.

Мулла Дадуллоҳнинг Ассосиэйтед пресс ахборот агентлигига билдиришича, ҳозирда 200дан ортиқ толиблар кўнгилли равишда АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши худкуш ҳужум уюштириш истагини билдирган. Мулла Дадуллоҳ АҚШ қўллаб-қувватлаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳукумати билан ярашиш таклифини рад қилиб келмоқда.
Айни пайтда, Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот вакили генерал Муҳаммад Зоҳир Азимий Дадуллоҳнинг иддаосини ташвиқот дея бахолаб, Афғонистон хавфсизлик кучлари жанггариларни йўқ қилиш қудратига эга эканини билдирди.

Индонезиянинг Аче вилоятида қарийб 30 йил давомида қуролли кураш олиб борган партизанлар ўз фаолиятини тўхтатди.

Сешанба куни партизан гуруҳлари вакиллари Индонезия президенти Сусило Бамбанг Юдхойоно билан учрашди. Музокаралардан сўнг: “Мен Ачеда узоқ муддатли тинчлик ҳукм суришига умид қиламан. Чунки барқарорлик - қайта қуриш ишлари ва муваффақиятга эришишда энг муҳим омилдир”, – деди Индонезия президенти.
Ўтган йил 26 декабрда Ҳинд океанида денгиз тўфони – цунами рўй берганидан кейин Аче вилояти партизанлари қуролли курашни тўхтатиш эвазига вилоятга автономия берилиши тўғрисида Жакарта расмийлари билан келишувга эришган эди.

Ироқда содир этилган портлашлар оқибатида яна уч ироқлик нобуд бўлди.

Шунингдек, бугун Бағдодда бир неча минг фуқаро миллий бирлик ҳукумати ҳамда 15 декабр кунги парламент сайлови натижаларини қўллаб намойиш ўтказди.
Айни пайтда, бугун Полша пойтахти Варшавада мамлакат янги ҳукумати Ироқдаги бир ярим минг аскардан иборат Полша ҳарбий контингенти муддатини яна бир йилга, яъни 2006 йил охиригача узайтиришни сўраб президент Лех Касдзинскийга мурожаат қилди.
Сешанба куни Болгария Мудофаа вазири Весселин Близнаков АҚШ етакчилигидаги кучлар таркибидан бўлган Болгариянинг охирги 130 ҳарбийси бугун Ироқни тарк этганини билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG