Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:33

Халқаро хабарлар

28 декабр куни Бағдод шаҳридаги кучайтирилган тартибдаги қамоқхонада содир бўган отишма оқибатида 8 киши ўлдирилди.

АҚШ мудофаа кучлари томонидан эълон қилинган хабарда айтилишича, 16 нафар маҳбус қурол сақланган жойга бостириб бориб, бир неча дона қуролни қўлга киритган. Хабарларга кўра, юзага келган отишма натижасида камида 4 нафар ироқлик қамоқхона қўриқчиси ва 4 нафар маҳбус ўлдирилган. АҚШ кучларининг айтишича, ҳодиса қамоқхонадан қочиш мақсадида уюштирилганига қарамасдан, бирор бир маҳбус қочишга муваффақ бўлмаган.

Россия терговчилари ўтган йилги Бесландаги мактабнинг гаровга олиш ҳодисаси масъулиятини қисман Шимолий Осетия милициясига юклади.

Уларга кўра, агар милиция берилган йуриқномалар асосида иш юритганда, болаларнинг гаровга олинишининг олдини олиш мумкин эди. Парламент тергов гуруҳи раҳбари Александр Торшиннинг 28 декабр куни айтишича, болалар гаровга олинган пайтда юзага келган таранг вазиятни ҳал этиш борасида жуда кўп хато ва камчиликларга йул қўйилган.
Парламент аъзолари олдида сўзга чиққан Александр Торшин, Россия ички ишлар вазирлиги 1 сентябр куни хавфсизликни кучайтириш буйруғини берганига қарамай, Шимолий Осетия милицияси бу борада чора кўрмаганини айтди.
“Гаровга олинганларнинг тахминий сони 1 сентябр кунининг биринчи яримидаёқ маълум бўлди. Бироқ мансабдорлар матбуот вакилларига 354 нафар одам гаровга олингани ҳақида маълумот бериб турдилар. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ҳамкорлик жуда суст бўлганди. Мактаб атрофини ўраб олган кучлар маҳаллий аҳолининг бинога яқинлашиб, ўзича болаларини қутқаришга ҳаракат қилишига йул қўйган ва мактабга қараб ўт очишган. Хато ва камчиликлар рўйхатини яна узоқ давом эттиришим мумкин”, - деб айтди Александр Торшин.
Эслатиб ўтамиз, 2004 йил биринчи сентябр куни Чечен бўлгинчиларига алоқаси бор деб айтилган жангарилар гуруҳи Бесландаги мактабни гаровга олишган эди. Уч кун давом этган қуршов оқибатида 330 нафар одам нобуд бўлди. Уларнинг аксарияти ёш болалар.

Ўзбекистон Олий суди 13 май куни Андижондаги воқеаларига алоқадорликда айбланган милиция ходимлари, ҳарбийлар ҳамда шифокорлардан иборат яна 11 кишини 18 ойдан 11 йилгача бўлган турли қамоқ жазоларига ҳукм этди.

Милиция ходимлари ҳамда ҳарбийлар ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарашда айбландилар. Икки нафар тиббиёт ходими эса, Андижондаги ғалаёнларга бош бўлгани айтилаётган қамоқдаги Акром Йўлдошевга уяли телефон киритиб беришгани учун жазога тортилди.

Америка Қўшма Штатлари Польша ҳукуматининг яна бир йил давомида ўз қўшинларини Ироқда қолдириш қарорини ҳуш қаршилади.

АҚШ давлат департаменти воизи Адам Ирели, Польшанинг Ироқда ўзоқ қолиши яхши деб айтган.
Польша ҳукумати 2006 охирига қадар ўз қўшинларини олиб чиқмасликка қарор қилган. Аммо ҳарбийларнинг сони бир оз қисқартирилиши режалаштирилмоқда. Польшанинг собиқ ҳукумати эса, бир неча ҳафта ичида қуролли кучларини Ироқдан олиб чиқиши ҳақида баёнот берган эди.

5 нафар полициячини ўлдирган саудиялик Муҳаммад Абдураҳмон Ас-Сувайлми ўз жароҳатларидан вафот этди.

Саудия Арабистони ички ишлар вазирлигига кўра, Муҳаммад Абдураҳмон Ал-Қоидага алоқаси бўлган, 36 нафар жангарилар рўйҳатидан жой олганди.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, полиция кучлари 27 декабр куни Шимолий Қосим вилоятида содир этилган отишмадан қочган яна бир жангарини ўлдирган.
Аввалроқ мазкур қуролланган одамлар полиция назорат ўтказиш нуқтасига мошина билан бостириб бориб, 3 нафар полициячини ўлдирдилар. Сўнг қўшни Бураида шаҳарчасида ҳам икки нафар полициячини отиб ўлдиришганди.

Украина Бош вазири Юрий Ехануровнинг айтишича, Россия томони Украина учун белгилаётган янги газ нархлари номақбул ва бу Украина иқтисодиётига босимдир.

Ехануров газ борасида Россия ва Украина ўртасида кечаётган мунозара, бориб-бориб халқаро маҳкамада якун топиши мумкинлигини айтмоқда. Айни пайтда Москвага келган Украинанинг Ёнилғи ва энергетика вазири Иван Плачков, Россиянинг раҳбарлари билан газ нархлари борасида музокараларни давом эттиради.
2006 йилдан бошлаб, Россия Украина учун газ нархларини 4 баробарга қимматроққа сотиш ниятида. Бу эса газнинг жаҳон бозоридаги баҳосидир. Украина ҳукуматига кўра эса, улар газни жаҳон нархларида сотиб олишга таёр, аммо газ баҳоси бир неча йил давомида босқичма – босқич кўтарилиши лозим.
Ўзбекистон раҳбарияти билан газ экспортига оид шартнома имзолаган Россия бутун Марказий Осиё гази экспорти устидан назоратни қўлга киритди. Бу эса тахлилчиларга кўра, бугунги кунда Россияга газ борасида Украинага босим ўтказишга имкон беряпти.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси 14 минг маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги амнистия лойиҳасини қабул қилган.

Амнистия парламентнинг юқори палатаси ҳамда президент Назарбоевнинг тасдиқидан ўтгандан сўнг, енгил жиноятларни содир этганлар, маҳбус аёллар ҳамда ёши катталар озод этилади.

АҚШ ҳарбий манбалари 28 декабр куни Афғонистоннинг шимоли-жанубида содир бўлган бомба портлаши оқибатида бир нафар америкалик ҳамда Афғон ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Яна икки нафар америкалик аскарнинг яралангани айтиляпти.
Жорий йил давоми Афғонистонда 50 нафар АҚШ ҳарбийси ҳалоқ бўлган. Жорий ойда расмий Пентагон Афғонистондаги аскарларнинг сонини жиддий қисқартириш режасини ошкор этганди.

Исроил ҳарбий вертолётлари Ғазо Секторидаги объектларга зарба берди.

Исроил ҳарбийларига кўра, Фаластиндаги “ал-Ақса” жанггари гуруҳи аъзолари Исроилга қарши ракета ҳужуми уюштиришининг олдини олиш учун шундай чора кўрилган. Исроил ҳарбийлари ҳужуми оқибатида талафот йўқлиги айтилмоқда. Душанба куни Исроил ҳукумати фаластинлик жанггарилар ҳужумини тўхтатиш мақсадида Ғазо сектори шимолида хавфсизлик зонаси ташкил этилишини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Андрей Илларионов истефога чиққанини эълон қилди.

Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Илларионов Россияда иқтисодий эркинлик йўқлигини айтди. Униниг фикрича, сиёсий режим ўзгаргани боис бундан буён Россия эркин ва демократик давлат эмас. Илларионов президент Путиннинг иқтисодий соҳада олиб бораётган сиёсатига ўз норозилигини билдириб келаётган эди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Украина ҳукуматини Россия ҳарбий флоти фойдаланаётган Қрим ярим оролидаги Севастопол порти ижара ҳақини оширмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

“Совет Иттифоқининг Қора денгиз флотини бўлиб олиш тўғрисидаги келишув Россия-Украина ўртасида эришилган катта шартноманинг ажралмас қисмидир. Икки давлатнинг бир-бири чегараларини тан олиши эса келишувнинг иккинчи қисмини ташкил этади. Шу боис, бу келишувни қайта кўриб чиқишга уриниш менимча, ўлим билан тенг,” – деди Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов.

Қирғизистон Бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев собиқ президент Асқар Ақаевнинг ўғли Айдар жиноий айблов бўйича Қирғизистонга экстрадиция қилиниши кераклигини Россия расмийларидан сўраганини маълум қилди.

Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қўнғантиев Айдар Ақаевнинг Россияда экани ва у қўлга олиниши кераклигини айтди. Айдар март ойида рўй берган исён пайтида ўз оила аъзолари билан Қирғизистонни тарк этган. Қирғизистон ҳукумати уни товламачилик ва ноқонуний йўллар билан топилган пулларини қонунийлаштирганликда айбламоқда. Айдар ва унинг оила аъзолари бу айбловларни рад этмоқда. Айдар Ақаев парламент аъзоси. Бироқ Қирғизистон ҳукумати унинг депутатлик дахлсизлигини бекор қилиб, унинг устидан жиноий иш қўзғатишга йўл очди.
Шунингдек, Қирғизистон Бош прокурори Қамбарали Қўнғантиев собиқ Мудофаа вазири Эсен Топоев ҳам коррупцияда айбланиб қидирилаётганини билдирди.

Толибон ҳаракатининг юқори лавозимли расмийси Афғонистонда яна янги ҳудкуш ҳужумлар уюштирилишидан огоҳлантирди.

Мулла Дадуллоҳнинг Ассосиэйтед пресс ахборот агентлигига билдиришича, ҳозирда 200дан ортиқ толиблар кўнгилли равишда АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши худкуш ҳужум уюштириш истагини билдирган. Мулла Дадуллоҳ АҚШ қўллаб-қувватлаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳукумати билан ярашиш таклифини рад қилиб келмоқда.
Айни пайтда, Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот вакили генерал Муҳаммад Зоҳир Азимий Дадуллоҳнинг иддаосини ташвиқот дея бахолаб, Афғонистон хавфсизлик кучлари жанггариларни йўқ қилиш қудратига эга эканини билдирди.

Индонезиянинг Аче вилоятида қарийб 30 йил давомида қуролли кураш олиб борган партизанлар ўз фаолиятини тўхтатди.

Сешанба куни партизан гуруҳлари вакиллари Индонезия президенти Сусило Бамбанг Юдхойоно билан учрашди. Музокаралардан сўнг: “Мен Ачеда узоқ муддатли тинчлик ҳукм суришига умид қиламан. Чунки барқарорлик - қайта қуриш ишлари ва муваффақиятга эришишда энг муҳим омилдир”, – деди Индонезия президенти.
Ўтган йил 26 декабрда Ҳинд океанида денгиз тўфони – цунами рўй берганидан кейин Аче вилояти партизанлари қуролли курашни тўхтатиш эвазига вилоятга автономия берилиши тўғрисида Жакарта расмийлари билан келишувга эришган эди.

Ироқда содир этилган портлашлар оқибатида яна уч ироқлик нобуд бўлди.

Шунингдек, бугун Бағдодда бир неча минг фуқаро миллий бирлик ҳукумати ҳамда 15 декабр кунги парламент сайлови натижаларини қўллаб намойиш ўтказди.
Айни пайтда, бугун Полша пойтахти Варшавада мамлакат янги ҳукумати Ироқдаги бир ярим минг аскардан иборат Полша ҳарбий контингенти муддатини яна бир йилга, яъни 2006 йил охиригача узайтиришни сўраб президент Лех Касдзинскийга мурожаат қилди.
Сешанба куни Болгария Мудофаа вазири Весселин Близнаков АҚШ етакчилигидаги кучлар таркибидан бўлган Болгариянинг охирги 130 ҳарбийси бугун Ироқни тарк этганини билдирди.

Кувайт суди “ал-Қайда”га алоқадор гуруҳнинг олти аъзосини ўлимга ҳукм қилди.

Улар январ ойида полиция билан содир бўлган қуролли тўқнашувда иштирок этганликда айбланди. Олий жазога ҳукм қилинганларнинг уч нафари Кувайт фуқаролари, уч нафари эса фуқаролиги бўлмаган шахслардир. Ҳакамлар қора курсида ўтирган еттинчи шахсни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилдилар.

Чили суди собиқ диктатор Августо Пиночетнинг жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарди.

Бу қарор 70-йилларда Чилини бошқарган Пиночет ўша пайтда бедарак йўқолган ўз сиёсий рақиблари юзасидан суд олдида жавоб беришига йўл очади.
Душанба куни Чили Олий суди Пиночетнинг амалдаги уй қамоғини бекор қилиш тўғрисидаги иккинчи аризасига рад жавоби берди.

АҚШ ўз космонавтларининг Россияга қарашли ракетада халқаро фазо станциясига парвоз қилиши ва қайтиши учун Росияга пул тўлайдиган бўлди.

Шу ҳақдаги янги шартнома сешанба куни Россиянинг “Роскосмос” ширкати ва АҚШнинг Фазо тадқиқотлари маркази – НАСА вакиллари ўртасида имзоланди.
АҚШ ва Россия ўртасида эришилган аввалги келишувга кўра, Америка космонавтлари ҳозирга қадар фазо станциясига текинга парвоз қилаётган эди. Мазкур келишув муддати 2005 йил охирида тугайди.

Саудия Арабистонида ўта хавфли жанггари қўлга олди.

Муҳаммад бин Абдулрахмон ал-Сувелми Саудия хавфсизлик кучлари томонидан қидирилаётган ал-Қайдага алоқадор 36 нафар жанггари рўйхатида еттинчи ўринда турган. Хавфсизлик кучларига кўра, ал-Сувелми Риёд шаҳридан 300 км шимолда жойлашган Бурайда аҳоли пункти яқинида автомобилда кетаётиб икки полиция ходимини отиб ўлдирган.

Ироқда жанггарилар амалга оширган ҳужумларда 10 нафар ироқлик аскар ҳалок бўлди.

Эрталаб Буҳриз шаҳри яқинидаги текширув пунктига уюштирилган ҳужумда бир полициячи ҳалок бўлди ва уч нафари яраланди.
Полицияга кўра, бу воқеада жанггариларнинг олти нафари ўлдирилган.
Бағдоддан 100 километр узоқликда жойлашган Дҳабаб қишлоғида беш аскар жанггарилар қўлидан ҳалок бўлди.
Кеча амалга оширилган зўравонликларда камида олти киши, жумладан америкалик бир аскар ўлдирилган эди.

2004 йилнинг 26 декабрида рўй берган цунамидан азият чеккан мамлакатлар фалокатнинг бир йиллигини нишонламоқда.

Ўтган йилнинг охирида Жанубий Осиёнинг бир неча мамлакатига хамла қилган тўфон 200 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди.
Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдҳоёно эрталабки соат 8:16да фалокат қурбонлари хотирасига сирена чалди. Айнан шу вақтда тўфоннинг биринчи улкан тўлқинлари мамлакат соҳилларига келиб урилган эди.
Цунамидан энг катта зарар кўрган Ачех вилоятида ўтказилган маросимда сўзга чиққан Индонезия президенти офат пайтида халқаро ҳамжамият мисли кўрилмаган даражада бирдамлигини намойиш этганини айтди.
“Менимча, цунамининг энг эътиборли оқибатларидан бири жаҳон халқларини бирлаштирганидадир. Ҳеч қачон табий офат бунчалик ҳамдардлик, яхши ният ва саҳийликка сабаб бўлмаган”, - деди президент Сусило Бамбанг Юдҳоёно.
Офатнинг бир йиллигига бағишланган маросимлар Тайланд, Малдив Ороллари, Шри Ланка ва Ҳиндистонда ҳам ўтказилди.
Цунамига Суматра ороли яқинида, денгиз тубида рўй берган қаттиқ зилзила сабаб бўлган эди.
Тўфонда икки ярим мингга яқин ҳорижлик, жумладан кўплаб европалик саёҳлар ҳалок бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати “БМТнинг Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судларнинг адолатсиз эканлиги борасидаги хавотирлари асоссиз”, деб баёнот берди.

Ўзбекистон бош прокуратурасининг баёнотида мазкур судловлар “Ўзбекистоннинг халқаро меъёрларга риоя қилиш борасидаги мажбуриятларига мос равишда” ўтказилаётгани таъкидланади.
“Андижонда террорчилик ҳаракати амалга оширилганига шубҳа йўқ. Шу билан биргаликда Ўзбекистон бош прокуратураси Андижонда амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа жиддий жиноятларни тергов қилишда барча ҳуқуқий меъёрларга амал қилинганига жаҳон ҳамжамияти диққатини тортишни лозим топди. Одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган жиноятларни тергов қилиш жиноят кодекси талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилди”, - дейди бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова.
Ҳозиргача ўтказилган маҳкамаларда Андижон воқеаларини уюштирганликда айбланган 150дан ортиқ одам 20 йилгача бўлган муддатларга қамоққа ҳукм этилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбур хоним ўтган жума куни Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётган маҳкамаларда “адолатсиз ва асоссиз ҳукмлар чиқарилиши, айни пайтда эса асл жиноятчилар жазосиз қолиб кетиши мумкинлигидан” хавотир билдирган эди.
Бош прокрутура расмийси Ортиқованинг таъкидлашича эса, Андижон воқеалари юзасидан ўтказилаётган судловлар ёпиқ эшиклар ортида эмас, балки очиқ тарзда ўтказилмоқда.
Бироқ жаҳон матбуотида бир неча ҳафтадан бери тарқатилган хабарларда Андижон воқеаларида айбланганлар устидан ўтказилган биринчи маҳкамадан кейинги барча судловлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилаётгани айтиб келинмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда, БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонда қийноқлар бўйича вазият аянчлилигича қолмоқда, деган айбловлари “мутлақо асоссиз” экани таъкидланади.

Чеченистон сепаратчилари вакили республикада рўй берган оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидани халқаро текширув ўтказишга чақирди.

Лондонда мухожирликда яшаётган чеченистон айирмачилари ҳукуматининг вакили Аҳмад Закаев кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот бош директори Роҳелио Пфайтерга йўллаган мактубида воқеа юзасидан “дарҳол халқаро тергов ўтказилишини” илтимос қилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан 10 кун олдин Чеченистоннинг бир неча шаҳрида 80 киши, жумладан 58 бола заҳарланган эди.
Закаев таъкидлашича, одамлар ҳукумат расмийлари айтганидек, руҳий сабабларга кўра оммавий касал бўлган эмас, балки кимёвий моддалардан заҳарланган бўлиши мумкин.
Чеченистон расмийларининг баъзилари беморлардаги баъзи аломатлар уларнинг фалаж қилувчи газдан заҳарланганига ишора қилишини айтган эди. Бироқ Чеченистонга Москвадан юборилган махсус комиссия бу тахминларни инкор этиб, оммавий касалланишга руҳий факторлар сабаб бўлганини хулоса қилган эди.

Россия расмийлари Санкт-Петербургдаги дўконлардан бирида рўй берган газ ҳужуми террорчиликка алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Расмийларга кўра, 70дан ортиқ одамнинг заҳарланишига олиб келган газни жиноий гуруҳлар сочган бўлиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котибига кўра, заҳарланганларнинг ҳаммаси хўжалик буюмларини сотадиган “Максидом” савдо тармоғига тегишли дўконлардан бирида бўлган.
Мазкур тармоққа тегишли яна икки дўконда ҳам шубҳали канистралар топилган. Дўконлардан ҳаридорлар эвакуация қилинган.
Маълум бўлишича, “Максидром” савдо тармоғи таҳдид хатларини олган.
Федерал хавфсизлик хизмати вакилининг маълум қилишича, сочилган газ метил меркаптан бўлган. Бу газ кўз, тери ва юқори нафас олиш йўлларидаги шиллиқ қаватларга таъсир қилади.
78 киши тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, уларнинг 66 нафари касалхонага ётқизилган. Заҳарланганларнинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилмоқда.

Эрон ва Афғонистон ўзаро консуллик алоқалари ўрнатиш ҳақида меморандумни имзолади.

Мазкур ҳужжат Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Моттакий Кобулга бир кунлик сафари чоғида имзолади.
Расмий хабарларга кўра, Моттакий Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай, ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашув чоғида икки томонлама муносабатларни яхшилаш, ҳамда Эронда яшаётган минглаб афғонистонлик қочқиyлар масалаларини муҳокама қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG